Мунажжимлар ҳамиша алдашган
30.12.2016 й.

 Image

Мунажжимлар ҳамиша алдашган

 

Осмон жисмлари ва уларнинг жойлашув буржларига қараб кишилар тақдирини аниқлаш даъвосида юрган мунажжимларнинг қилмишлари ҳақида сўз кетганида, кўпчилик Ислом дини ижозат берган фалакиёт, илми нужум (астрономия) билан Ислом дини шуғулланишни ҳаром санаган мунажжимликни (астрология) адаштириб юради. Булар тамоман бошқа-бошқа нарсалардир. Бу ҳақда сал қуйироқда батафсил сўз юритамиз.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّقَالَ: «مَنِ اقْتَبَسَ عِلْمًا مِنَ النُّجُومِ اقْتَبَسَ شُعْبَةً مِنَ السِّحْرِ، زَادَ مَا زَادَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрдан бир шўъба иқтибос қилган бўлади. Зиёда бўлгани зиёда бўлаверади», деганлар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ушбу ривоятда юлдузларга қараб ғайб илмини, бировларнинг тақдирини, келажакда бўладиган ишларни билишни даъво қиладиган мунажжимлар ҳақида сўз кетмоқда. Фол очишнинг бу тури ҳам борлиги ҳаммага маълум. Бу каби фолбинларга кўпчилик қатори, бемор кишилар ҳам мурожаат қилишлари ҳам маълум.

«Ким юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрдан бир шўъба иқтибос қилган бўлади».

Сеҳр Ислом шариатида ҳаром қилинган нарса. Бинобарин, мунажжимлик ҳам ҳаром бўлади. Мусулмон одам бу ишни қилиши, ўша ишни қилувчига ишониши мутлақо мумкин эмас.

«Зиёда бўлгани зиёда бўлаверади».

Яъни мунажжимлик зиёда бўлса, сеҳр ҳам зиёда бўлади, гуноҳ ҳам зиёда бўлади. Шу ерда илми фалак – астрономия ва мунажжимлик – астрология мутлақо бошқа-бошқа нарса эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Ислом илми фалакни, осмонни ва унда бор нарсаларнинг барчасини яхшилаб ўрганишга чақирган ва мусулмонлар ичидан бу соҳада Мирзо Улуғбекка ўхшаш буюк алломалар етишиб чиққан. Шу билан бир вақтда Ислом мунажжимликдан қаттиқ қайтарган ва бу ишнинг ҳаромлигини эълон қилган.

Айни мана шу ҳаром қилинган нарса ҳозирги кунда ниҳоятда авж олган. Газеталар кундалик, ҳафтаномалар ҳафталик, ойномалар ойлик, ундан каттароқлари йиллик тақдирларни, келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси билан ҳаммани алдамоқда. Бу нарсалар кишиларда турли бўлмағур ҳис-туй­ғулар, шумланишлар, иккиланишлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Мусулмон кишиларнинг бундай ишлар билан шуғулланишлари мутлақо мумкин эмас.

Мунажжимликнинг на динга, на илмга, на тараққиётга алоқаси бор. Бу ишларнинг ғирт бемаънилигини турли соҳа олимлари ҳам, дин уламолари ҳам қайта-қайта таъкидлашларига қарамай, «мунажжим башоратлари»нинг мухлислари камайиш ўрнига тобора ортиб бормоқда.

Шариатимиз қоралаган ва мусулмонларни четланишга буюрган юлдузларга қараб фол очиш ва буни инсонлар тақдирига боғлашдаги «башорат»лар ғирт ёлғон ва уйдирма эканини ҳозирги замоннинг етакчи олимлари ва мутахассислари ҳам исботлаб беришяпти.

Россия об-ҳавони ўрганиш марказининг сайёралар ҳаракати ва гелиогеофизик текширувлар лабораторияси мудири Николай Сидоренко бундай дейди: «Маълумки, қуёш кузда осмон экваторини кесиб ўтади ва бу нуқта «куз тенгкунлиги» деб аталади. Астрологлар (мунажжимлар) эса буни буржлар белгисига кўра «Тарози» деб аташган. Лекин гап шундаки, тенгкунлик белгиси, қуёшнинг туриши ва бурж белгилари бундан икки минг бир юз йил муқаддам астрология гуллаб-яшнаган Вавилон (Бобил) ва қадимги Юнонистонда амалга киритилган эди. Қуёшнинг бурж юлдузларига нисбатан ўрни алмашиб тургани учун бу йил қуёш Тарози юлдузлар туркумига «одатдагидан» бир ой кеч кирди. У асл ўрнига қайтиб бориши учун яна 25700 йил керак бўлади. Эски мунажжимлар айнан мана шу «кечикиш»дан бехабар бўлишган. Ҳозиргилари буни билсалар-да, ҳамон эскича «ҳисоб-китоб» қилган мунажжимлар «башорати»дан фойдаланишади...»

Энди яна бир атоқли олим – россиялик назариётчи физик, Нобель мукофоти соҳиби академик Виталий Гинзбургнинг бу ҳақдаги фикри билан танишинг. У «Аргументы и Факты» ҳафтаномаси мухбири билан суҳбатида шундай дейди: «Менга: «Нима учун астрология билан олишиб қолдинг, бунга сал енгилроқ қарайвер, башоратларни чоп этишса нима бўпти, ахир булар шунчаки ҳазил-ку!» – дейишади. Лекин инсон ана шу ҳазил уйдирмага ишониб, унинг тахминлари билан яшаса, бутун ҳаётини барбод қилади-ку! Бошқаси унинг ана шу ожизлиги орқасидан жарақ-жарақ пул ишлайди. Шу ҳам ҳазил бўлдими? «Эҳтиёж бор бўлгач, башоратлар босилаверади-да», деб менга тасалли бермай қўяқолинг! Бордию ўқувчилар фаҳш ишларни ёритишни хоҳлашса-чи?! Одамлар ҳақида қайғуриш, уларни ёмонликка, ёвузликка бошламай, яхши ишларга чорлаш керак. Астрология ғирт бемаънилик, фанни шунчаки инкор этишнинг ўзгинасидир. У нимани ташвиқ қилади? Гўёки одамнинг туғилиш пайтида юлдузлар ва сайёралар унинг келажакдаги бутун тақдирини белгилар эмиш. Ўтмиш аждодларимизнинг астрология билан шуғулланганларини тушунса бўлади. Илгари одамлар сайёралар ҳаракатини билишмас эди. Тўрт юз йил муқаддам улуғ фалакиётчи Иоҳанн Кеплер гороскоп тузиб, шундан пул ишлаган. Лекин ўшандан буён илм-фан олдинга улкан қадамлар ташлаб ривожланди. Сайёра ва юлдузлар тақдирга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаслиги аллақачон исботланган».

Академикнинг бу гапларига қўшимча қилишнинг зарурати бўлмаса керак.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати китобидан)