Оламларга раҳмат пайғамбар
24.03.2007 й.

...Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, Пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигида заррача ҳам шубҳа йўқ. Шунингдек ушбу муборак ҳаётни, Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган ҳаётни бирор лаҳзаси ҳам қолмай ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганида ҳам заррача шубҳа йўқ....Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса шунча яхши....

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва бизга: «Батаҳқиқ, сизлар учун-Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларини ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.
Тунларни кунларга улаб омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётий йўлллари-сийратлари ҳақида сиз билан бизларга тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, Пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигида заррача ҳам шубҳа йўқ. Шунингдек ушбу муборак ҳаётни, Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган ҳаётни бирор лаҳзаси ҳам қолмай ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганида ҳам заррача шубҳа йўқ....Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса шунча яхши...

Чунки бу ҳаёт Одам отанинг сулбидагилигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.
Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмонла ерни-Роббил оламийн билан оламларни бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўла қонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаси бўлган, хусусан, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, унга эргашиб яшаган кишиларни жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳйи ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт шу билан бирга ер воқеълигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан бир оз ҳам четламаган оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.
Чунки бу ҳаёт дунёдаги барча фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разилатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаётидир.
Чунки бу ҳаёт унинг шарафига дунёдаги барча мақтовлар ҳам озлик қиладиган, Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг ошиқлари ишқида куйиб-ёнган, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.
Ана шундоқ васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишида бу муборак ҳаётнинг ҳамасрлари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракоту саканот саҳобаи киромларнинг диққат эътиборларида бўлган.
Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди табаъа тобеъинларга ўргатганлар.
Аста-секин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганадиган илм ва бу илмнинг кўзга кўринган уламолари юзага чиқа бошладилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишланган илмга ас-Сийра ан-Набавийя, бу илмда мутахассис бўлган олимларга Сийрат уламолари номи берилди.
«Сийрат» сўзини арабчадан таржима қиладиган бўлсак, «таржимаи ҳол» иборасига тўғри келади.
Бинобарин, истилоҳда, «Сийрат»-Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳоллари дея оламиз.
Бу борада юз юритар эканмиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари бу дунёда ўтган барча пайғамбар алаҳиссаломларнинг энг тўғриси, энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти илоҳий китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. У зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик ҳеч бир пайғамбар ҳақида ровятлар келмаган. Бошқа пайғамбарларнинг сийратларида аниқланмаган, узилиб қолган ҳалқалар кўп.
Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эҳтимом билан ўрганиб авлоддан авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламоларимиз бу ривоятларни ўта аниқ илмий йўл билан тадқиқ қилиб китобларга битдилар.

Энг аввалгилардан бўлиб сийрат илмида номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади;
1. Урва ибн Зубайр (93- ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳунинг ўғли.
Бу зот кўп илмларни чуқур эгаллаган аксар ғазотларда иштирок этган эди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг сийрат борасидаги китоблари бизгача етиб келмаган.
2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (105- ҳижрий санада вафот этган). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғли.
Бу киши ҳам кўзга кўринган олимлардан бўлган. Ўзига етиб келган хабарлардан сийрат китоби битган. Аммо Абон розияллоҳу анҳунинг китоблари ҳам бизгача етиб келмаган.
3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (114 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу киши тарихчи ва ўтганларнинг хабарларини пухта биладиган зот эдилар. Тадқиқотчилар Ваҳб ибн Мунаббиҳ исроилиёт қиссаларни кўп ривоят қилганлигини эслатадилар.
4. Шурҳабийл Ибн Саъд ал-Хутомий ал-Маданий (123 – ҳижрий санада вафот этган). Бу киши ғазовотларни яхши биладиган олимлардан ва бадрийлардан эдилар.

Мазкурлардан кейин умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси зоҳир бўлди. Бу даврда набавий сийрат бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор бўлганлар;
1. Осим ибн Умар ибн Қатода (120 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу киши илмли, ғазовот ва сийратни ривоят қиладиган зот эди. Халифа Умар ибн Абдулазизнинг амрига биноан Дамашқ масжидида одамларга ғазавот ва саҳобаларнинг маноқибларидан дарс айтар эди. Ибн Исҳоқ ва ал-Воқидийлар Осим ибн Умар ибн Қатоданинг китобларидан фойдаланган.
2. Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий ( 124 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу киши катта олим ва муҳаддис бўлган. Айниқса ғазовот ва сийрат илмида ўткир бўлган. Биринчи бўлиб ҳадис китоби тасниф қилган. Баъзи уламолар сийрат борасида тўлақонли китобни биринчи бўлиб ёзган олим ҳам Ибн Шиҳоб Зуҳрий бўлган дейдилар. У кишининг сийрат китоби энг афзал ва ишончли китоб ҳисобланади. Ибн Исҳоқ ўз китобида асосан Ибн Шиҳобнинг китобидан фойдаланган.
3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм Ансорий (125 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу киши олим ва муҳаддис эди. Ундан жуда кўп ривоятлар қилинган. Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд ва Табарийлар унинг ривоятларидан кенг фойдаланганлар.

Сўнгра аббосий халифалар даврининг сийратчилари етишиб чиқдилар. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар;
1. Мусо ибн Уқба (141 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу киши ғазавот китоби ёзган.
2. Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Матлабий (151 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан «ал-Мағозий» китобини ёзган. Унда Одам отадан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этган. Халифа уни мухтасар қилишни амр қилган. Ибн Исҳоқнинг китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир.
3. Маъмар ибн Рошид (150 – ҳижрий санада вафот этган).
Бу кишининг китоби бизгача етиб келмаган.
4. Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий (207 – ҳижрий санада вафот этган).
Ал-Воқидийнинг ал-Мағозий китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.
Сўнгра сийрат уламоларининг янги бир авлоди зоҳир бўлди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганларидан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (218 – ҳижрий санада вафот этган).
Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўп шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта, Ибн Ҳишомга йўлиқади.
Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳиларнинг номлари тилга олинади.
Кейин келган сийрат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар десак муболаға қилмаган бўламиз.
Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига тегишли маълумотларни уларни кўрган, эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.
Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.
Кейинчалик, ривоятларнинг қуввати ва ҳоли маълум бўлиб бўлгандан сўнг, ўқувчиларга осон бўлсин учун ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилишдан четланилди. Ровийлар силсиласидаги саҳобийни зикр қилиш билан кифояланадиган бўлди.
Вақт ўтиши билан баъзи кишиларнинг машғулотлари кўпайиб муфассал китобларни ўқиб ўрганиш имконлари камайганини ҳисобга олиб, мухтасар сийратлар-мавлид деб аталган асарлар пайдо бўлди. Аксари ҳолда мавлидлар назм йўли ила ёзилар эди. Мақсад қандоқ қилиб бўлса ҳам мўмин-мусулмонларга уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумот бериш эди.
Ҳар асрда, ҳар бир мусулмон ўлкада ўзининг сийратчилари ва Набавий сийрат ҳақидаги асарлари бўлиб келди. Ҳозирда ҳам сийрат борасида янгидан янги асарлар битилмоқда. Бир неча бор сийрат ҳақидаги энг яхши асарлар кўриги ҳам ўтказилди.
Бу борада қувонч билан таъкидлайдиган нарсалардан бири ҳамаср уламоларимиз Набавий сийрат бобида «Фиқҳус сийра» номи остида янги йўналишга асос солдилар. Бундоқ асарларда сийратга тегишли маълумотларни чуқур таҳлил қилиш, улардан келиб чиқадиган ҳукмлар ва ҳикматларга алоҳида эътибор бериш йўлга қўйилди.
Мусулмонларнинг сийрат илми борасидаги пок ва ихлосли ва соф илмий изланишлари билан бир қаторда душманларнинг ғаразли ва нопок фаолиятлари ҳам мавжуд.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётдалик даврларида мушрик, кофир ва мунофиқлар у зотнинг гап-сўзлари, ишлари ва шахсларидан заррача бўлса ҳам нуқсон топишга ҳаракат қилганлари ҳаммага маълум. Охири чидамасдан у зотга нисбатан бўҳтон ва иғволар уюштирганлари ҳам, бу нопок тасарруфлари оқибатида шарманда бўлганлари ҳам очиқ ҳақиқат.
Кейинчалик ҳам турли тоифалар, шахслар, муассасалар ва бошқалар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига футур етказиш учун қанчадан қанча ғаразгўй ҳаракатлар бўлгани, уларнинг барчаси мағлуб бўлгани ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.
Шунингдек, душманлар ичидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўргана бориб Исломга келган, у зотнинг сийратларини инсоф ила тўғри ёритган ва ниҳоят у зотнинг инсоният тарихидаги энг кўп манфаат келтирган шахс деб таъкидлаганлари борлиги ҳам ойдин ҳақиқат.
Исломий илмлар кони бўлмиш бизнинг юртимиз Мовароуннаҳрнинг илмий тарихига назар соладиган бўлсак, негадир сийрат бобида алоҳида салмоқли асарларни илғай олмаймиз.
Имоми Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг машҳур «Шамоили Набавия» асарлари сийратнинг бир бўлагига бағишланган. Мирхонд ва Хондамирларнинг «Равзатус Сафо» ва «Ҳабибус Сияр» асарларида сийратга оид маълумотлар бўлса ҳам улар умумий тарих китобларига киради. Шу билан бирга бу китоблардан замоннинг зайли ила кишилар фойдаланишлари мумкин бўлмай келмоқда.
Камина ходимингизнинг сийрат илмига бўлган алоқаси ҳақида икки оғиз сўз. Бошқа илмлар қатори сийрат илмининг дастлабки сабоқларини падари бузурукворимиз-қиблагоҳимиз-дан олдим. У киши менга «Нурул яқийн» китобидан дарс бердилар. Бухорои шарифдаги «Мир-араб» мадрасасида ҳам айни шу китобдан дарс олдим.
Чет элдаги дорул фунунда ўқиш даври сийрат ила яқиндан ва ҳақиқий танишиш, изланиш йиллари бўлди. Сийрат ҳақида кўплаб китоблар, жумладан, Ибн Ҳишомнинг «ас-Сийра ан-Набавия»лари, Шайх Муҳаммад Ғазолий ва Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Фиқҳус сийра»лари, Ибн Қайюм ал-Жавзиянинг «Зодул маъод»лари, Қози Иёзнинг «Шифо»лари, имом Термизийнинг «Шамоил»ларига мулла Али Қори ёзган шарҳ ва бошқа кўпгина асарларни ўқиб чиқдим.
Агар ўша китобларнинг баҳс этган мавзулари, ҳаттоки сарлавҳалари ҳам бир хил бўлса ҳам ҳар ўқиганда янгидан янги маълумотлар, фикрлар ва хулосалар пайдо бўлар эди. Чунки бундоқ ўқишлар сийрати набавий уммонидан баъзи бир хўп-ламлар эди.
Кейинчалик ҳам бу соҳага оид ҳар бир мақола ёки китобни ўқиб фойда олишга ҳаракат қилиб юрдим. Уламоларнинг «ас-Сийра ан-Набавия»га катта эътибор беришлари, барча жойларда мусулмонларга бу илмни етказиш ҳақидаги тавсиялари тасирида бизда ҳам бу соҳада алоҳида китоб бўлиши лозим деган фикр доимо эсда турар эди.
Худди шу фикр замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абул Ҳасан ан-Надавий раҳматуллоҳи алайҳи билан бўлган учрашувларимда яна бир бор янгиланар эди. У зот бу соҳада кўзга кўринган ва эътироф этилган аллома эдилар. «ас-Сийра ан-Набавия» номли китоблари учун халқаро мукофот олган эдилар. Устоз аллома суҳбатларимизнинг бирида, «менинг китобларимнинг барчаси сенга мулк, хоҳласанг таржима қил, хоҳласанг чоп қил», дедилар. Шогирдларим таржима қилган ва чоп этилган «Сийрати хотимин набиййин» номли китобларини олиб бориб ўзларига тақдим этганимда аллома Абул Ҳасан ан-Надавий раҳматуллоҳи алайҳи ўринларидан туриб ўтириб, «шу менинг китобимми? Имоми Бухорийнинг юртдошларининг тилидами?» дедиларда мухлис шогидлари Аббос Надавийдан қалам олиб керакли маълумотларни китобга ёзиб қўйдилар. Ана ўшанда ҳам менинг сийрат бобида китоб ёзиш истагим яна бир карра янгиланди.
Ҳарамайни шарифайнида истиқомат қилган пайтимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшаган, юрган жойларини бориб кўрар, китоб ёзадиган бўлсам бу ерларни қандай васф қилиш ҳақида ўйлар эдим.
Ҳар сафар Ҳарами Шарифнинг шарқий тарафидаги халқ ичида «мавлидиннабий» номли минтақадан ўтар эканман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни нур бўлиб дунёга келишлари, кейин боболари Абдулмуттолиб у зотни ичига солиб Каъбаи Муъаазама тарафга шошилиши кўз ўнгимдан ўтар эди.
Маккаи Мукарраманинг оз қолган тор кўчаларидан юрар эканман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалик чоғлари ёдимга керлар эди.
Маккаи Мукарраманинг ташқарисидаги кенг сайҳонларни кўрганда у зотнинг қўй боқиб юрганлари кўз олдимдан ўтарди.
Ғори ҳиро.
Мана шу ғорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳаннус ибодатини қилганлар. Мана шу ғор оғзида Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўлган.
Ғори савр.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Макка мушрикларидан беркиниб шу ғорда ётибдилар.
Ҳижрат йўли.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва йўл бошловчи ила куннинг иссиғида шу йўлларни босиб ўтиб ҳижрат қилмоқдалар.
Қубо.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага киришдан олдин шу ерда тўхтадилар. Тақвога асосланган биринчи масжидга асос солдилар.
Мадина.
Шаҳар аҳли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шодонлик ила кутиб олмоқдалар.
Уҳуд.
Мушриклар ила мусулмонлар орасида ҳаёт-мамот жанги кетмоқда.
Арафот.
Расули Акрам видолашув ҳажини қилмоқдалар. Ана У зот туяларини миниб Жабали Раҳмат томон бормоқдалар.
Ҳарами Набавий.
Саҳобалар кўзларида ёш, қалбларида чексиз дард ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн қилмоқдалар.
Хаёллар… Хаёллар… Фикрлар… Фикрлар…
«Тафсири Ҳилол»ни ёзиш жараёнида ҳам сийратга оид оятларни тафсир қилиш пайтида «бу маълумотлар иншааллоҳ сийрат китобида керак бўлади» деган фикр ўтарди.
«Ҳадис ва ҳаёт»нинг олдинги йигирма жузини ёзиш жараёнида ҳам сийратга ҳадисларни шарҳ қилиш пайтида «бу маълумотлар иншааллоҳ сийрат китобида керак бўлади» деган фикр ўтарди.
«Ҳадис ва ҳаёт»нинг «Нубувват ва рисолат китоби» яқинлашганда ушбу китобдаги маълумотларга сийратни ҳам қўшиб яхлит бир китоб қилиш истаги туғилди. Бунда муҳаддислар билан сийратчилар услубини жамланган бўлинарди. Бу жамланишдан ўзига хос бир асар чиқар деган фикр туғилди. Ҳамда Аллоҳ таоло ёрдам сўраган ҳолда ушбу фикрни юзага чиқариш учун ҳаракат бошланди.
«Нубувват ва рисолат китоби»да келган оят ва ҳадисларни «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг олдинги бобларига ўхшатиб арабча матнидан сўнг таржима ва шарҳ қилиб бориш давом этди ва ўрни келганда сийрат ҳақидаги маълумотлар бериб борилди.
Иложи борича аниқ ва кўпчилик сийратчилар иттифоқ қилган маълумотларга суянилди. Одатдагидек, ўқувчининг эътиборини чалғитмаслик учун иқтибосларга алоҳида белги билан ишора қилинмади.
«Нубувват ва рисолат китоби»га сийрат ҳам қўшилганини эътиборга олиб, «Нубувват, рисолат ва сийрат китоби» деган ном ихтиёр қилинди.
Муҳтарам китобхон! Камина ходимингиз учун ушбу сатрларни қоғозга тушириш даври буюк саодат даври бўлди. Чунки ушбу маълумотлар Аллоҳнинг энг афзал халқи бўлмиш, бу дунёда ҳидоятчимиз, у дунёда шафоатчимиз бўлмиш зотга тегишлидир. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги ҳар бир маълумот эса, бошқа маълумотлардан у зотнинг ўзлари бошқа кишилардан қанчалик устун турсалар шунчалик устун туради.
Бинобарин, сиз муҳтарам ҳам ушбу сатрларини ўқир экансиз нима қилаётганингизнинг қадрига етинг. Сиз одатдаги оддий ўқиш билан машғул эмассиз. Сиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини ўқимоқдасиз. Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини ўқувчиси ўқиганини уқмоғи, уққанидан ибрат олмоғи ва унга амал қилмоғи лозимлигини зинҳор унитманг.
Аллоҳ таолонинг Ўзидан ушбу камтарона хизматни фойдали қилишини сўраб дуолар қиламан. Камчиликлари учун узрлар сўрайман.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф