Ҳажжожи золим ким бўлган? Принтер учун
05.10.2009 й.
www.islom.uz

Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий. Отаснинг исми Юсуф ибн Абу Ақийл Сақафий. Онаси Ҳумом ибн Урва ибн Масъуд Сақафий. Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий 41 ҳижрий санада, Тоифда дунёга келди. Болаларга таълим бериш ила шуғулланди. Кейин халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг вазири Руҳ ибн Зинбоъ Жизомий билан танишиб миршаблик ишига кирди. Бу ишда ўзини кўрсатгани учун обрўси ортди.
Бир куни халифа Абдулмалик Руҳ ибн Зинбоъга аскарнинг бўйсинмаслигидан шикоят қилди. У Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийни аскарбоши қилишни маслаҳат берди.
Аскарлар ичида Руҳ ибн Зинбоънинг одамлари кеч қолди. Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий уларни қамчи билан савалади, аскар ичида сазои қилиб айлантирди ва чодирларни куйдириб юборди. Бундан кейин унинг обрўси тўхтамай ўсиб борди.
У ўзининг шафқатсизлиги ва золимлиги билан донг таратди. Ислом оламида Ҳажжожи золим номи билан танилди. Биз унинг ишларидан фақат биргина мисолни қисқача келтириш билан кифояланамиз.
Машҳур саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу умавийлар давлатига қарши чиқиб Маккаи Мукаррамада ўз ҳукмини эълон қилдилар. Шунда Ҳажжожи золим халифа Абдулмаликка «Эй мўминларнинг амири! Уни менга қўйиб беринг! Тушимда уни терисини шилганимни кўрдим» деди.
Ҳажжожи золим аскари билан келиб Каъбаи Маъззамага яқин Абу Қубайс тоғига манжанийқ ўрнатди ва Каъбаи Маъззамага тош отишга амр қилди. Одамлари қўрқиб буюруқни бажараолмай турганларида ўзи қўли билан манжанийққа тош қўйиб отди. Фақат ҳаж мавсумида бир неча кун Каъбаи Маъззамага тош отишни тўхтатиб турди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу оғир аҳволда қолганларидан кейин Каъбаи Маъззамадан чиқиб ҳамла қилишга мажбур бўлдилар. Ҳажжожи золимнинг одамлари у кишининг қаршиларига чиқишдан қўрқдилар. Бу ҳолни кўрган Ҳажжожи золим ўзи олдинга тушиб одамларни урушга мажбур қилди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қатл этилдилар. Ҳажжожи золим у кишининг мурдаларини осиб қўйди.
Ҳажжожи золим кейин Мадийнаи Мунавварга юриш қилиб кўпгина саҳобаи киромларни азоблади.
Имом Термизий Ҳажжожи золим ўлгунча қамаб қўйган одамларнинг сони бир йигирма минг эканини таъкидлаганлар.
Албатта, бундай золим одамларнинг оқибати яхшилик билан тугаши мумкин эмас. Ҳажжожи золимнинг оқибати ҳам ёмон бўлди.
У машҳур тобеъий Саъйид ибн Жубайрни қатл қилгандан кейин ўзи ақлдан озиб қолди. Ҳажжожи золимнинг тушига Саъийд ибн Жубайр кириб «Аллоҳнинг душмани! Мени нима учун қатл қилдинг?!» дея тинчлик бермас эди.
Ҳажжожи золимнинг қорнига қурт тушган эди. У ўзини кўрсатгани табиб чақиртирди. Табиб бир парча гўштни ипга боғлаб унинг оғзидан томоғига солиб бир муддат турди. Гўштни қайтариб олганда унга чирмашиб олган миж-миж қуртларни кўрдилар.
Аллоҳ таоло Ҳажжожи золимга қаттиқ совқотиш хасталигини берди. Унинг атрофига бир неча оловдонларни ёқиб танасига тегадиган даражада яқинлаштирилса ҳам сезмас эди.
Ҳажжожи золим ўз ҳолидан машҳур тобеъийн Ҳасан Басрийга шикоят қилди. У киши унга:
«Мен сени солиҳ кишиларга ёмонлик қилишдан қайтарган эдим. Кўнмадинг!» дедилар.
«Эй Ҳасан. Мен сендан Аллоҳ менга кушойиш беришини сўраб дуо қилишингни сўраётганим йўқ. Жонимни олишини ва азобимни чўзмаслигини сўра!» деди.
Шунда Ҳасан Басрий:
«Аллоҳим! Бунинг ўзини ҳам ўлдиргин, қилиғини ҳам ўлдиргин!» дея дуо қилдилар.
Ҳажжожи золим мазкур ҳолатда ўн беш кун ётиб ўлди. Бу ҳодиса Восит шаҳрида, тўқсон бешинчи ҳижрий санада рўй берди. Ўшанда Ҳажжожи золимнинг ёши эллик тўртда эди.
Ҳажжожи золимга Рамазонда намозга ўтиб юрган қори Ашъас ал-Ҳаддонийдан ривоят қилинади:
«Уни тушимда жуда ёмон ҳолатда кўрдим. У менга «кимни қандай қилиб қатл қилган бўлсам, ўзим ҳам худди шундай тарзда қатл қилиндим. Кейин мени дўзахга киришим ҳақида ҳукм бўлди» деди».

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz