Од қавмига тегишли шаҳар қолдиқлари Принтер учун
03.11.2008 й.

Қуръони карим тарихда ўтган бир неча қавмлар ҳақида хабар беради: "Уларга ўзларидан илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян аҳолисининг (яъни, Шуайб қавмининг) ҳамда зеру забар бўлган қишлоқларнинг (яъни, Лут қавми қишлоқларининг) ҳоли-хабари келмадими?! Уларга пайғамбарлари очиқ далил-ҳужжатлар келтирган эдилар (шунда улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, бу қавмлар устига Аллоҳнинг балолари ёғилган эди). Бас, Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки улар ўзларига зулм қилган эдилар" (Тавба, 70).

Ушбу қавмларнинг аянчли оқибати қазилмалар жараёнида топилаётган ашёвий далиллар билан исботланяпти.
Қуръоннинг кўпгина сураларида Од қавми зикр қилинади. Од Нуҳнинг (алайҳиссалом) эвараси Авснинг ўғли бўлган. Авснинг отаси Ирам, унинг отаси Сом, унинг отаси Ҳазрати Нуҳдир.
Қуръони карим баён этилишича, Од қавми муҳташам саройларга ("Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулгу учун бир белги — баланд бино қураверасизларми?!" (Шуаро, 128—129); мол-давлат, чорва ҳайвонлари ва тенгсиз боғларга ("У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!" (Шуаро, 133—134) эга эди. Шу сабабли ғурур ва кибрга берилиб, бутларга сиғинишди. Аллоҳ таоло Ҳазрати Ҳудни (алайҳиссалом) бу қавмга пайғамбар қилиб юборди. У қавмини огоҳлантириб, Аллоҳнинг уларга берган неъматларини эслатиб, имон келтиришга чақирганида, исён ва инкор қилдилар. Бу қилмишларининг жазоси ўлароқ, Аллоҳ таоло ёмғирларни тўхтатиб қўйди. Натижада уларнинг машҳур Ирам боғлари қуриди. Сўнг улар устига бўронли қақшатқич шамол юборилди. "Бас, қачонки улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: "Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир", дедилар. "Йўқ, бу ўзларинингиз шоштирган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир. У Парвардигорнинг амри билан барча нарсани вайрон (ҳалок) қилур. Бас, тонг отганида фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи, осий қавмни мана шундай жазолаймиз" (Аҳқоф, 24—25). Саккиз кун давом этган бу шамол Од қавмини, Қуръони каримда таърифланганидек, чириб, ичи бўшаб қолган хурмо дарахтлари каби ердан суғуриб, улоқтирди:
"Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни чириб, ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз?" (Ал-Ҳааққа, 6—8).
Бир қанча тарихчи ва муфассирлар фикрича, Од қавми яшаган жойлар ҳозирги Ямандадир. Бу қавм Уммон ва Ҳазрамавт оралиғидаги минтақада яшаган.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бир қатор машҳур газеталар "Ҳашаматли араб шаҳри топилди", "Қумлар Атлантидаси — Убор" каби сарлавҳалар остида мақолалар эълон қилишди. Ўшанда топилмалар номининг Қуръони каримда зикр этилгани уларни ҳайратлантирган эди. Чунки кўпчилик Од қавми ҳақидаги хабарни афсона деб биларди.
1932 йили инглиз тадқиқотчиси Бертрам Томас "Arabia Felix" номли китоб ёзди. Римликлар Араб яриморолининг жанубида жойлашган Яман ва Уммон ерларини Arabia Felix деб аташарди. Бу ерларда яшаган қабилалар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар келтирган Томас қадим шаҳарнинг қолдиқларини топганини даъво қилиб чиқди.
Араб минтақаларида изланишлар олиб бораётганида Бертрам Томас эски бир йўлга дуч келади. Бадавий араблар бу йўл қадимий Убор шаҳрига тегишли эканини айтишади. Мавзуга қизиқиб қолган олим тадқиқотни охирига етказолмай вафот этади. 90-йилларга келибгина ҳаваскор археолог Николас Клэпп қадим шаҳар вайроналарини топишга муваффақ бўлди. Убор шаҳри борлигини исботлаш учун Клэпп иккита йўлни танлади. Аввал бадавий араблар айтган эски йўл изларини топди. HACAга мурожаат қилиб, сунъий йўлдош ёрдамида шу минтақанинг расмини олиб беришларини сўради. Кейинчалик Калифорниядаги Хантингтон кутубхонасида сақланаётган қадимий қўлёзма ва хариталарни ўрганиб чиқди. Изланишлар натижасида юнон жўғрофия олими Птолемей (Батлимус) милоддан аввалги 200 йилда чизган харитани топди. Харитада бу минтақада жойлашган қадимий шаҳар ўрни ва унга олиб борадиган йўллар кўрсатилган эди.
Бу орада HACAдан расмлар олингани ҳақида хабар келди. Сунъий йўлдошлар ёрдамида фазодан олинган бу суратларда оддий кўз билан кўриш мумкин бўлмаган йўллар тасвири бор эди. Птолемей чизган харита билан сунъий йўлдош орқали олинган суратларни солиштирган Клэпп иккаласи ҳам бир-бирига уйғун эканини пайқаб қолди.
Шундан сўнг қазиш ишлари бошланди ва қисқа фурсат ичида бадавий арабларнинг ҳикояларида айтилган афсонавий шаҳар ўрни топилди. Унга "Қумлар Атлантидаси — Убор" деб ном берилди. Шу ўринда бир савол туғилади. Топилган бу қадимий шаҳарни Қуръони каримда номи зикр этилган Од қавмига тегишли дейиш учун қандай асос бор?
Аввало, топилган шаҳар қолдиқлари ичида Қуръони каримда алоҳида таъкидланган баланд устунлар бор эди: "(Эй Муҳаммад,) Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?" (Вал-фажр, 6—8). Қазилма ишларига бошчилик қилаётган доктор Заринс ҳам бу шаҳар бошқа жойларда учрамайдиган баланд устунлари билан ажралиб туришини, шу боис бу устунларни Од қавми яшаган Ирам шаҳрига тегишли дейиш тўғри бўлишини айтади.
Ирам шаҳри ва Од қавми тарихи кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлган мавзу. Чунки тарихий манбаларда бундай юксак маданиятга эга халқ ва улар қурган шаҳар ҳақида маълумот учрамайди. Бундай халқ номининг манбаларда учрамаслигини олимлар ғалати ҳол дейишади.
Аслида бу ҳолнинг сабабини Од қавмининг Яқин Шарқ ва Месопотамия минтақасидаги бошқа халқлардан узоқда — Арабистон яриморолининг жанубий соҳилларида яшагани ва бошқа давлатлар билан ўзаро алоқалари ҳам чекли бўлганида кўриш мумкин. Яна бир асосий сабаб ўша даврларда бу давлатда ёзув-чизувнинг оммалашмагани билан боғлиқдир.

Од қавмининг боғлари ва булоқлари

Жанубий Арабистонга саёҳат қилсангиз, биринчи навбатда ястаниб ётган кенг чўл эътиборингизни тортади. Ободонлаштириш мақсадида кейинчалик экилган дарахтларни ҳисобга олмаса, бу ерлар минг йиллардан бери буткул қумга кўмилиб ётибди. Қуръони каримда Ҳазрати Ҳуднинг (алайҳиссалом) қавмини огоҳлантириб, уларга берилган булоқлар ва боғлар ҳақида айтилади. "Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан қўллаган-сийлаган Зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!" (Шуаро, 132 —134).
Ҳолбуки, бугунги кунда биз Од қавми яшаган жой деб тахмин қилаётган Убор шаҳри бутунлай қум билан кўмилган. У ҳолда Ҳазрати Ҳуд (алайҳиссалом) тилидан итоатсиз қавмни огоҳлантиришда нега «боғлар ва булоқлар» муборак жумласи қўлланган?
Ҳамма гап даврлар ўтиши билан юз берган иқлим ўзгаришларидадир. Тарихий манбаларда бугун чўлга айланган минтақалар бир пайтлар жуда унумдор ерлар бўлгани қайд этилади. Жанубий Арабистонда, Од қавми яшаган ерларда саволимизга аниқроқ жавоб топамиз. Изланишлар шуни кўрсатдики, бу ерларда яшаган халқлар деҳқончиликда жуда пухта ишлаб чиқилган суғориш тизимидан фойдаланишган. Фазодан олинган суратларда ҳам Рамлат ат-Сабъатайн деган жойлардаги турли суғориш каналлари ва тўғонларнинг қолдиқлари акс этган. Бу иншоотларнинг шакли ва тузилиши икки юз минг кишининг сувга эҳтиёжини қондира оладиган даражада катта бўлганини кўрсатади. Тадқиқотларда қатнашган археолог Доэнинг айтишича, Маъриб атрофидаги ерлар жуда унумдор бўлгани сабабли бир пайтлар Маъриб ва Хазрамавт ўртасидаги ҳудудларда деҳқончилик анча ривожланган.
Қадимги юнон ёзувчиси Плиний қўлёзмаларида унумдор тупроқлар, дарахтларга бурканган чексиз ўрмонлар ҳақида тўхталиб ўтган. Хазрамийларнинг маркази бўлган Сабвоҳ яқинидан чиққан ибтидоий даврга тегишли топилмалардаги ёзувларда бу ерларда қадимдан ҳайвонлар овлангани қайд этилади.
Смитсониан институти Покистонда олиб борган изланишлари натижасида ўрта асрларда серунум бўлган ерлар 6 метрлик қум остида қолиб кетгани аниқланган. Миср эҳромлари ҳам бир пайтлар қумлар орасидан қазиб олинган эди. Демак, Од қавмига тегишли боғ ва булоқлар қумтепалар остида қолиб кетган деб тахмин қилиш мантиқан тўғри.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, тарихий ва археологик топилмалар Қуръони каримда зикр этилган Од қавми ва Ирам шаҳрининг ушбу минтақада бўлганини, оятларда таъкидланганидек ҳалок этилганини исботлайди.

Энг сўнгги топилма

Шу йил апрел ойида Саудия Арабистони чегарасига яқин жойда жуда йирик гавдали инсоннинг қабри, суяклари топилди. Газ заҳираларини излаш мақсадида қазиш ишлари олиб бораётган муҳандислар тасодифан бу суякларга дуч келиб қолишди. Қадимшунос олимлар таъкидлашича, бу суяклар Қуръони каримда айтилган йирик гавдали ва бақувват Од қавми одамларига тегишлидир. Ҳозирги кунда қазиш ишлари давом эттириляпти.

 
« Олдинги   Кейинги »