Хитоб Принтер учун
03.10.2008 й.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рамазон ойи улуғ бир неъматдир. Бу ойда Аллоҳнинг рахмат, мағфирати янада зиёда ҳолда бандаларига тақдим этилади. Росулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Агар рамазон ойи кирса, жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади. Шайтонлар кишанланади. Ва мунодий нидо қилади: “Эй яхшилик талабидаги, келгин! Эй ёмонлик истовчи, тўхтагин!””(Термизий, Ҳоким ривоятлари). Росулуллоҳ с.а.в. бизга етказаётган хабарларининг ҳар бир сатрига эътибор қаратилса, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Жаннат неъматларининг қай даражада мафтункор ва битмас-туганмаслигини айтиб тугатиб бўлмайди. Кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган нозу неъматлар, кўшку қасрлар, ҳуру ғилмонлар ва ҳатто биз тасаввуримизга сиғдиролмайдиган бетакрор неъматлар у ерда мавжуддир. Ана шу неъматлар маконининг эшиклари рамазон ойида очилади. Ким яхши амаллар қилса, ана ўша мукофотларга етишади. Бу ойда қилинган хайрли амалга бошқа ойда қилинганидан бир неча юз баробар кўпроқ ажр берилади.
Эй яхшилик талабидаги биродар, сенга бунча ажр-мукофот керак эмасми? Аллоҳ ваъда қилган абадий неъматлар, ўтмишда қилинган гуноҳларингнинг мағфирати, Роббингнинг розилиги, Унинг васли керак эмасми? Наҳот бу дунёнинг чириб йўқ бўлиб кетадиган, пашшанинг қанотичалик қадрга эга бўлмаган ўткинчи ҳою ҳавасларию қалбингни ҳақни кўришдан тўсадиган залолатга элтувчи овунчоқлари ва эрмаклари сени қизиқтирса?!
Дўзах эшиклари ёпилдику. Энди ҳам дўзахга элтувчи амалларингдан, сени ўзингни англашдан қайтарувчи бекорчи ишларингдан тийилмайсанми?! Шайтонлар кишанланди. Шайтон йўлдан урди мени, деган баҳоналарни қай юз билан айта оласан, Роббинг ҳузурида? Шайтон кишанланган ойда ҳам жирканч ишларингдан қайтмаганингни қандай тушунтирасан ҳамма нарсани кўриб, билиб, эшитиб турувчи Холиқ ҳузурида? Нафсингни тани, асл юзингни, ўзлигингни бил, англа! Зеро, бу ойда ҳам гуноҳдан тўхтамадингми, Роббинг кимлигини тафаккур қилмадингми, йўлбошчингни изламадингми, демак сен ва фақат сенинг ўзинг, нафсинг айбдордир бунга. На шайтон ва на бирон дўст ёки танишингнинг бу ерда хизмати сеникичалик улканмасдир. Ўзинг жарликни, дўзах оловини, тош тушса етмиш йилда қарига етиб-етмайдиган абадий оташни ихтиёр қилдинг. Расул с.а.в. кимликларини, нимага чақирганликларини, яшашингдан мақсад нима эканлигини билишга ҳаракат қилмаганинг учун эртага қабрда пушаймон бўлганингдан не наф? Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Сен ҳам ўласан, кафанга ўраласан, уйинг-жойинг, қариндош-уруғларинг, бола-чақанг, ҳамма-ҳаммаси бу дунёда қолади. Сен ва амалларинг, фақат иккингиз Акбар бўлган Холиқ ҳузурида жавоб беришга турасизлар. Қара, қандай амаллар олиб кетяпсан у ерга! Улар тарозида оғир босадими? Гуноҳ палласидами ёки савоб палласида?! Бўлди, етар, ёмонлик исташдан тўхта! Яхшилик талабига ўт. Ахир сени кичик бўлса ҳам, Тарбияткунанданг, Розиқинг, Холиқинг юзи учун қилинган бир хайрли амални Унинг ҳузурига олиб боришлик ҳурсанд қилмайдими? Бу ой сенинг ойинг, сенинг имкониятинг; шунча раҳмат, мағфират, шафоат, дуоларинг ижобати сенга берилаётганида наҳот фойдаланиб қолишдан ғофил бўлсанг. Гуноҳ филган банда тавба қилса, унданда махбуброқ ҳеч ким йўқ Роббинг учун – шуни ҳеч қачон унутма. Майли бир хафта ёки бир кун ёки бир соат ёки бир сония қолгандир сенга берилган имкониятдан, сен айнан шу қолган зарра имкониятдан фойдалан, токи шундан ҳам маҳрум бўлиб қолмагин.
Пайғамбаримиз с.а.в. “Кўз қовоғим очилиб ёпилгунича ҳаётманми-йўқми билмайман”, деганлар. Сен ҳайтингнинг нечасонияси қолганини биласанми?!
“...Ва мунодий нидо қилади: “Эй яхшилик талабидаги, келгин! Эй ёмонлик истовчи, тўхтагин!””.

Бу e-mail спам-ботлардан ҳимоя қилинган. Уни жудаям кўрмо#1179;чи бўлсангиз JavaScript очилган бўлиши лозим

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz