Бемористон ҳаёти Принтер учун
18.07.2008 й.
Бемористон ҳаёти
***

...Орадан тўққиз аср, яъни тўққиз юз йил ўткач Францияда биринчи касалхонага асос солинади. Касалхона хизмати жуда паст даражада бўлган. Оёғи синган эркак билан ҳомиласидан шикоят қилиб келган аёл бир хонага ётқизиларди...

[Агар бетоб бўлсам, Унинг Ўзи менга шифо берур] Шуаро 80-оят.

Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом огоҳлантириб дедилар :"Ўзимдан кейин сизларга хавфсираган нар саларим – қоринларингиз, авратларингиз ва йўлдан оздиргувчи нафси ҳаволар". Имом Аҳмад ривояти.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу минбарга чиқиб: "Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом биринчи йили ушбу мақомимда туриб...", деб йиғлаб юбордилар, бир оздан сўнг сўзларида давом этиб: – Аллоҳдан офият сўранглар. Инсонга иймон ва офиятдан кўра афзал неъмат берилмаган...", – дедилар. Имом Аҳмад ва Термизий ривояти.

"Табобат илми шариат илмларидан кейинги энг шарафли илмдир". Имом Шофиий.

بسم الله الرحمن الرحيم

Бемористон ҳаёти

Ҳаёт деб аталмиш илоҳий неъматнинг ширин таъмини татиган Одам фарзанди борки, у бу ҳаётдан янада кўпроқ баҳраманд бўлишни истайди. Ҳаёт инсон учун энг катта ғоя ва асосий мақсаддир. Ҳаётни яхшилаш, такомиллаштириш, имкон қадар узайтириш, ҳар жиҳатдан тўла-тўкис – фаровон қилиш инсон миясини бутунлай банд этган муаммодир.
Ҳатто дунё юзини кўрганига атиги икки-уч йил бўлган гўдакда ҳам ана шу ҳисни топасиз. Болани ёлғондакамига қўрқитиб "сени баланд жойдан ташлаб юбораман" дейилса, бола буни рост билиб, чинакамига йиғлаб беради.
Нега йиғлайди?
Ҳаётдан жудо бўлиш хавфидан чўчибми? Ерга тушса танасига жароҳат етади, жисмоний зарарланади. Бу эса оғриқни пайдо қилади, оғриқ ҳаёт мазасини кеткизиб қўяди, деган хатарни сезиб йиғлайдими? Уч яшар бола ҳаётнинг қанча мазасини татиб кўрди-ки, бунчалар хавотирланса?!
Ёшини яшаб, ошини ошаб, мункайиб қолган, кекса чол- кампирда ҳам худди шу ҳирсни кузатасиз. Етмишни уриб қўйган қария йигирма яшар йигитдек бўлмайди, албатта. Лекин ҳаётга нисбатан муҳаббат бу йигитникидан қолишмайди. Ҳаётга янги қадам қўяётган инсон билан ҳаётдаги сўнги қадамларни босаётган инсоннинг ҳаётга бўлган муҳаббати ўртасида унчалар тафовут йўқ.
Одамларнинг эътиқоди ва шу эътиқоддан келиб чиққан дунё қараши турли-туман бўлганидек, уларнинг ҳаёт ҳақидаги ва ҳаётни яхшилаш, уни сақлаб қолиш борасидаги тушунчалари ҳам турличадир. Биров жирканган ҳаётни биров ҳавас қилади, бошқа бир кимса интилган ҳаётдан кимдир қочади.
Лекин ҳамма "яхши ҳаёт"га интилади. "Саодатли ҳаёт" ҳамманинг олий матлаби.
Ўтган аср бошида "эски ҳаёт"дан тўйганлар "янги ҳаёт" жарчиларининг ноғорасига ўйнаб "янги ҳаёт" биносини қуришди. "Янги ҳаёт" қуриш учун эса "эскисини" бутунлай бузиш керак экан.
Шундай ҳам қилишди.
Ҳаял ўтмай ўтган кунларни эслаб мижгонда ёш билан "эски ҳаётни" қумсаб қолишди .
Саодатли ҳаёт мафҳумини шўроларча тушунган аёл кўзидан уйқу аримай далага отланиб:

Армоним йўқ, озод Шарқнинг қизиман,
Ой деса – ой, кўкдаги юлдузиман.

деб севинган эди.
Адирда ўтлаб юрган пода оқшомда уйга қайтаётганда далани тарк этиб уйидаги юмушларга – ўтин ёриб овқат пишириш, болаларнинг кирини ювиш, эр, қайнона-қайнота хизматини адо қилиш каби вазифаларига шошаётган аёл ўз ҳаётидан мамнун эди. Телевизор ва радиода тинмай "Ислом дини аёлларни тутқинликда сақлайди. Шўролар аёлни бу исканжадан озод қилди..." деб такрорланадиган усти ялтироқ гапларни ҳар қачон эшитганда ўз ҳаётидан янада мамнунлиги ошарди.
Худди шу пайтда давлат раҳбари Хрушчёв Америкага бориб сафардан ҳанг-манг бўлиб қайтганди. "Улар аллақачон коммунизмни қуриб қўйишипти-ку!" – деди у Микоянга. Микоян эса ўзининг баҳайбат мулкида коммунизмни қуриб қўйганман деб ўйларди, шунинг учун унга ҳайрон қолмади. Фақат шахсан АҚШга бориб келганидан кейин амин бўлдики, ўртача бир Америка фермери даражасида яшар экан. Бу юракни ёмон ғаш қилди. Энди яна шоша-пиша валюта топиш йўлларини қидириш керак эди..."
"Армони йўқ Шарқ қизи" ҳам буни англаб етиб Ғарб хонимларидек бўлишни истаб қолди. Чунки "ҳақиқий саодатли ҳаёт" ғарблик оқбилакойимлар ҳаёти экан. Бунинг учун эса пул керак.
Франциялик қўмондон Наполеон "ғалабани уч нарса таъминлайди:
Биринчиси: Пул!
Иккинчиси: Пул!
Учинчиси: Пул!" – деган эди.
Наполеонча тендецион хулоса бугунги кунда оммавий- лашиб кетди. "Саодатли ҳаётни уч нарса таъминлайди:
Биринчиси: Пул!
Иккинчиси: Пул!
Учинчиси: Пул!" – деб бир овоздан қабул қилинди.
Битилмаган бу қонунга деярли ҳамма таслим бўлган. Эътироз билдириш, қаршилик кўрсатиш бефойда. Бир оғиз гапиришга мажол йўқ.
Саноқли ҳаёт кунларининг янги саҳифаси очилиши билан, яъни тонг отиб, қуёш чиқмасдан илгари эркагу аёл "саодатли ҳаёт" манбаи бўлмиш пул илинжида тўрт томонга тарқайди. Бозорга, ишхонага, далага.... "Даромадга қараб буромад" деганларидек, топиш-тутишга қараб "Ҳаёт гашти" сурилади. Эплаган хорижга чиқиб, эпламаган шу ерда ҳам ҳаёт нашъу намосини тотаверади. Кимдир денгиз соҳилларида ҳордиқ чиқарса, яна кимдир оромижон табиат қўйнида кайф-сафо суради. Ресторан, чойхоналар 24 соат давомида айш-ишрат аҳлининг хизматида. Хуллас, одамларнинг топган-тутгани еб-ичиш, ўйин-кулги, зеб-зийнат, шаҳвоний ҳирс талаблари йўлида сарф этилияпти. "Кўрпангга қараб оёқ узат" деганлари қулоққа ёқмас бекорчи гапга айланган. Орзуси ушалган- ларнинг бири кўпчилик ичида мамнуният билан "ҳаётдан армоним йўқ" деганди. Шунда ҳамма унга гув этиб қараганди. Ҳамманинг хаёлида ҳар-хил фикр. Кимдир чет элнинг энг сўнги моделидаги машинасини миндимикин деб ўйлаб, дарҳол фикридан қайтди. Чунки бу одам чет эл машинасини бугун кўргани йўқ. Депутат бўлдимикин, деса сиёсатга ҳеч яқин юрмайди. Ҳажга бордимикин деб ўйласа, башарасидан ҳажга бориб суюнадиган кишига ўхшамайди.
Беармон шахс ушалган орзусини айтгунга қадар ҳамманинг хаёлидан турлича ўй ўтди. Охири: "Армоним йўқ, бу йил Калифорния штатидаги казинода ўйнадим" деб қолди. Ана холос...
Кўзлари киртайган, нимжон гиёҳванд эса дунё кезиб ҳузур-ҳаловат, нашъу намо истаган "нодон"лар устидан кулгандай ярашиқсиз илжайиб: "ҳаётнинг ҳамма мазаси мана бунда" деб "гирри"сига ишора қилади.
Хуллас ҳар ким топиш-тутиши ҳамда иймон эътиқодига қараб ҳаёт гаштини суряпти.
Майли, ҳозирча биз у соғ одамларни ўз ҳолига қўйиб саёҳатимиздан ўрин олган "Бемористон" ― Касалхоналар томон йўл олайлик.
Саёҳат давомида беморларни зиёрат қиламиз. Улар учун Аллоҳдан шифо сўраб ҳақларига дуо қиламиз. Шу баҳонада улардан "ҳаёт гашти" "ҳаёт нашъу намоси", "лаззат", "ҳаловат" ва умуман ҳаёт ҳақида сўраб оламиз. Менимча "ҳаётнинг гашти" ҳақидаги энг тўғри ва холисона жавоб беморларда бўлса керак. Ажаб эмас касалхона ўриндиқ- ларининг бирида Калифорнияга борган беармон қиморбоз, чойхонадаги половхўр, "ҳаётнинг ҳамма мазасини гиёҳвандликда топган" йигит билан учрашиб қолсак. Ҳаёт гашти ҳақидаги фикрлари ўша-ўшамикин ё ўзгарганмикин, буни ҳам сўраб оламиз.
Саёҳатимиз қуйидаги йўналиш бўйлаб ўтади.

1-Ўтмишдаги исломий касалхона ва кутубхоналарга қисқа назар
2 - Саҳиҳ Бухорий "Беморлар китоби" билан танишув
3 - Касал кўриш фазилати ва одоби
4 - Замонамиз касалхоналарига зиёрат
5 - Унутилган сабаблар

1-Ўтмишдаги исломий касалхона ва кутубхоналарга қисқа назар

Қадимда касалхоналар икки турли бўлган : "Кўчма касалхоналар" ва шаҳарларда жойлашган "кўчмас касалхоналар". Кўчма касалхоналар марказдан узоқда яшовчи аҳолининг соғлигини назорат қилиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш вазифалари билан шуғулланган. Вазир Исо ибн Али Бағдод касалхоналарининг нозири ва табиблар раиси (бош врач) Синон ибн Собитга йўллаган мактубида деган эди:
"Овлоқда яшовчи, табиби бўлмаган беморлар ҳақида ўйлаб қолдим. У жойларга марказдан мутахассис табиблар жўнатиш зарур. Сиз зудлик билан шу ишга киришинг. Табибларни етарли дори-дармон ва зарур тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланг. Табиблар бир қишлоқда талаб қондирилгунга қадар туриб беморларни муолажа қилишсин, сўнгра иккинчи қишлоққа ўтишсин".
Кўчма касалхоналар бир туядан қирқ туягача етиб борган. Султон Маҳмуд Салжуқий даврида кўчма касалхоналар ривожланиб, дори-дармонлар (медикомент) ва тиббий асбоб-анжомлар қирқта туяга юкланадиган бўлди.
Кўчмас касалхоналар эса пойтахтда ва ҳар бир катта-кичик шаҳарларда кўплаб топилган. Қуртуба шаҳрининг ўзида 50 та йирик касалхона беморларга хизмат кўрсатган . Бу касалхоналар малакали ва ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалардир.
Кўчмас касалхоналар уч турли бўлган: Ҳарбийларга хосланган касалхона (госпитал), маҳбуслар учун мўлжалланган шифохона ва оммага хизмат қиладиган касалхоналар. Ҳар бир касалхонада мутахассис табиблар фаолият олиб борган. Юқоридаги мактубнинг давомида вазир деган эди: "Қамоқдаги бандилар ҳолидан ҳар куни хабар оладиган алоҳида табиб зарур деб ўйлайман. Қамоқхоналарга алоҳида табиб тайинланг ва уларни керакли дори-дармонлар билан таъминланг".
Бу касалхоналардан ташқари Жоме масжидлари ва омма халқ йиғладиган жойларда кичик тиббиёт пунктлари жойлашган. Ҳатто ибн Тулун Миср шаҳрида ўзининг машҳур жоме масжидини бино қилганда, масжидга қўшиб таҳоратхона қуриш зарур бўлганидек, масжид орқасига дорихона ҳам қурдирган эди. У дорихоналар "خزانة الشراب" деб аталган. Дорихонада зарур дори-дармонлар бўлган. Бир неча доригарлар хизмат қилишган. Одам гавжум бўладиган жума кунида мутахассис табиблардан бири намозхонларга тиббий хизмат кўрсатган.
Оммавий касалхоналар икки қисмга бўлинган эди. Эркаклар қисми, аёллар қисми. Бу ерда беморлар ётиб даволанишлари мумкин. Улар учун керакли бўлган ҳамма малакали мутахассислар, мутахассис бўлимлари, керакли тиббиёт асбоб-ускуналари ва муолажа хоналари мавжуд эди.
Касалхоналар бир неча бўлимлардан иборат бўлган: Терапия бўлими, Кардиология, Ревматология, Невралогия, Офталмология, Қулоқ, томоқ, бурун касалликлари бўлими, Хирургия . Ҳар бир қисмда юқори малакали мутахассис табиблар хизмат кўрсатишган. Ва ҳар бир қисмга алоҳида раис – бош врач раҳбарлик қилган. Уларни "Соур" деб аташган. Эркаклар қисмида ўрта тиббиёт маълумотига эга эркак ходимлар, аёллар қисмида эса тиббий ҳамширалар хизмат кўрсатишган. Эркаклар қисмида эркак фаррош, аёллар қисмида аёл фаррош тозалаш, супур-сидир ишлари билан машғул бўлган. Шифохона ходимларига етарли маош тайинланган. خزانة الشراب – дорихоналарда дорилар билан биргаликда атирлар ҳам мавжуд эди.
Касалхоналарда катта "айвон" бўлиб, унда юқори малакали мутахассис табиблар ёш табибларга ва талабаларга тиббиёт фанидан дарс беришган. Бу "айвон" ҳозирги кундаги тиббиёт факултети вазифасини бажарган .
Нуриддин Зинкий Дамашқда асос солган Бемористонда тиббиёт фанидан таълим олган Ибн Аби Усайба айвонда ўтказилган илмий ишларни эслаб шундай деган эди: "Ҳаким Муҳаззабиддин ва ҳаким Имрон Бемористонда ётиб даволанаётган касалларни кўриб чиқишгандан кейин мен улар билан бирга шайх Розиддин Раҳабий ҳузурларига кириб ўтирар эдик. Бу ҳакимнинг тажрибалари ва даволаш услубларидан фойдаланар эдик".
Давлат табиблари имтиҳонидан ўтган табибгина касалларни муолажа қилиши мумкин эди. Имтиҳондан ўтмаганларга рухсат берилмасди. 319 –ҳ – 931-мелодий санада табиб хатоси билан бир бемор ҳаётдан кўз юмади. Халифа Муқтадир: "Бағдоддаги жамийки табиблар қайта имтиҳон қилинсин" деб фармон чиқаради. Синон ибн Собитнинг ўзи ҳар бир табибни қайтадан имтиҳон қилиб чиқади. Имтиҳон қилинган табиблар сони саккиз юз олтмишдан ўтиб кетади. Машҳур ҳакимлар ва султон, амирлар табиби бунга кирмайди.
Бемористонда даволаш бепул бўлган.
Касалхонага мурожаат қилиб келган бемор қабулхонага учрайди. Қабулхона табиблари беморга ташхис (диагноз) қўйиб беморни тегишли бўлимларга жойлаштирадилар. Исмлари қайд қилингандан кейин ювинтирилиб касалхона кийимлари берилади. Даволаниш бепул бўлганидек, дори-дармон ва овқатлар ҳам бепул эди. Қўй гўшти, мол гўшти, товуқ ва бошқа паррандалар гўштидан табиб назорати остида овқат тайёрланади. Даволаниш муддати тугаб, шифо топган беморларга касалхонадан чиқиш пайтида янги кийим ва иш-амалга яроқли бўлиб олгунга қадар етарли пул ҳам берилади.
Касалхонадаги хоналар шинам, ёруғ, озода бўлган.
Касалхонага учраган беморнинг касали енгил бўлса, шу ернинг ўзида унга даво ёзиб касалхонадаги доридан бериб жўнатиларди.
Ислом оламидаги барча касалхоналардаги низом деярли бир хил эди. Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Қуддус, Макка, Мадина, Мағриб ва Андалусдаги шифохоналар низоми бир-биридан фарқ қилмасди.
Доктор Роғиб Сиржонийнинг айтишича "Ислом оламидаги биринчи касалхона халифа Валид ибн Абдулмалик даврида қурилган. Бу касалхона моховларга ихтисослашган эди. Валид 86-96-ҳижрий йилларда ҳукмронлик қилган. Бу тери касаллиги юқумли бўлгани учун уларга шаҳар ташқарисига шифохона қурдиради. Табиблар ва шифохона ходимларига маош тайинлайди. Орадан тўққиз аср, яъни тўққиз юз йил ўткач Францияда биринчи касалхонага асос солинади. Касалхона хизмати жуда паст даражада бўлган. Оёғи синган эркак билан ҳомиласидан шикоят қилиб келган аёл бир хонага ётқизиларди".
"САЛОМАТЛИК энциклопедия"сида шундай дейилади: "Ўрта асрларда Ғарбий Европада медицина илмий томондан деярли тараққий этмади". 253- саҳифа.
Қуйида ўтмиш асрларда ном чиқарган машҳур тўртта касалхона билан қисқача танишиб ўтамиз.

Биринчиси: Бағдоддаги Азудий касалхонаси.

Бу касалхонани 371- ҳ санада Азудад Давла ибн Бувайҳ қурдирган.
Касалхона қуриладиган жойни машҳур табиб Розий танлаган Розий янги сўйилган гўштдан тўрт бўлак олиб Бағдод шаҳрининг тўрт томонига илиб чиқади. Эртаси гўштларни текшириб, энг яхши сақланган гўшт турган жойга касалхона қурила бошлайди. 449-ҳ санада халифа Қоим Биамриллоҳ касалхонани янгитдан таъмирлайди. Турли хил дорилар, топилиши қийин, ўт-ўландан тайёрланган дориворлар билан таъминлайди. Хоналарга янги гилам тўшалади, касалларга юмшоқ чойшаб, кўрпа-тўшаклар солинади. Касалхонага хос ҳаммом қурилади. Касалхона ичида катта боғ барпо қилади. Боғда ҳамма тур мева дарахтлари, шифобахш гиёҳлар, ўт-ўлан, кўкатлар ўстирилган. Табиблар 24 соат давомида навбатчилик қилишган. Касалхонада икки дарвозабон бўлган.
Розий ҳақида "САЛОМАТЛИК энциклопедия" шундай дейди: "Шарқнинг машҳур табиби, энциклопедист олими Абу Бакр ар-Розий (865-925) нинг табобат соҳасидаги асарлари умуман жаҳон медицинасининг ривожланиши ва бойишида ғоятда улкан аҳамият касб этди. Олимнинг табобат энциклопедияси ҳисобланган 25 жилдли "Ал-Ҳовий номи билан танилганг катта тўплам" ("Ал-Жомиъ ал-Кабир ва қод урифа би-л Ҳовий") китоби ҳозиргача Ғарб ва Шарқ медицинасида машҳурдир". 253-с.

Иккинчиси: Дамашқдаги Нурий касалхонаси.

Бу касалхонага одил султон Нуриддин Зинкий 549-ҳ – 1154-м йилда асос солганлар .
Касалхона ўша даврнинг энг кўркам ва юксак шифо масканларидан бўлган. Бундан юқори даражали касалхона йўқ эди. Бошқа касалхоналар барча аҳоли учун очиқ бўлиб, бой-камбағал, ишчи, деҳқон, аскар, савдогар, зиёли, олим, оми ва аҳолининг ҳамма табақаси касалхона хизматидан бир хилда фойдаланар эди. Аммо бу ҳашаматли янги касалхона фақат муҳтож, мискин, камбағалларга хосланди. Бойлар дори олишга мажбур бўлиб қолгандагина, дорихонадан дори олишига изн бериларди.
570-ҳижрий йили сайёҳ Ибн Жубайр бу касалхонани зиёрат қилиб ҳайратланган эди. Табибларнинг беморларга диққат – эътибори, меҳрибонлик, ҳар бир касалга алоҳида эътибор, лутф, иноятни ҳамда касалларга бериладиган дори-дармону озиқ-овқатларгача бирма-бир ифтихор билан эслаган эди.
Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Зеро султон Нуриддин Зинкий камбағалпарвар, зоҳид ҳоким эдилар. Ҳатто тарихчилар васфласича, султон Нуриддиннинг моддий турмуш даражаси мамлакатдаги энг камбағал кишиникидан кўра қуйи бўлган. Шаҳардаги энг фақир кишининг дастурхони султон дастурхонидан тўкин эди. Хотинлари (амирнинг қизи бўлган) ўз ҳолидан шикоятланиб давлат хазинасидаги ҳисобсиз молларга ишора қилганида "Мен бу молларга посбонман холос" деб айтгандилар.
Довриғи кетган Нурий шифохонасидаги моҳир табибларнинг билим савиясини синаб кўриш учун 831-ҳ-да шифохонани ўқимишли, фозил кишилардан бири зиёрат қилади. У ўзини касалликка солиб оҳ-нола билан қабулхонага учрайди. Табиблардан бири унинг томирини ушлаб кўрибоқ касал эмаслигини аниқлайди. Шундай бўлсада бош табиб тавсияси билан у касалхонага ётқизилади. Ажнабий "беморга" уч кунгача соғлар ейдиган кучли, ширин таомлар, турли хил мевалар, ширинликлар, шарбатлар олиб кирилади. Уч кун давомида унга ҳеч қандай дори берилмайди. Учинчи кун табиб кичик қоғозни ажнабий "беморга" узатади. Қандай дори ёзди экан деб хатни ўқийди. Хатда "Бизда меҳмондорчилик уч кун, марҳамат қилиб жойни бўшатиб қўйсангиз" деб ёзилган эди.
Султон Нуриддин асос солган шифохона 9 аср халққа юқори даражали хизмат кўрсатади. 1318-ҳижрий йили касалхона фаолияти тўхтайди.

Учинчиси: Мансурий номли катта касалхона.

Бу касалхона Қаловун Бемористони деб танилган. Аслида у амирлардан бирининг уйи эди. Султон Мансур Сайфиддин Қаловун 683-ҳижрий йилда у уйни сотиб олиб касалхонага айлантиради. Касалхона учун йиллик бюджет ажратади. Касалхона ёнига масжид, мадраса ва етимлар учун кутубхона бино қилади.
Мансур Сайфиддинда амирлик пайтида касалхона қуриш нияти пайдо бўлди. Бунга сабаб Румларга қарши ғазотга қўмондон бўлиб кетаётган Мансур йўлда касалликка чалинади. Табиблар Нурий касалхонасидан дори-дармон олиб келиб амирни даволашади. Бир неча кундан кейин у соғайиб оёққа туради. Амир Нурий касалхонаси билан қизиқиб қолиб зиёратга келади. Бу зиёрат амирда катта таассурот қолдиради. Агар мамлакатга султон бўлса шу тарзда касалхона қуришни ният қилади. Салтанатга келгач, ниятини амалга оширади. Шаҳардаги ҳашаматли бинони сотиб олиб касалхонага айлантиради. Тез кунда касалхона довруғи оламга тарқалади. Қаловун Бемористони ўша даврда дунё мўъжизалари сафига қўшилади.
Касалхона эшиги ҳамма учун очиқ эди. Шикоят қилиб келган беморга "кимсан, қаердансан?" деб сўралмасди. Касалхонадан тузалиб чиққан кишига янги кийимбош ва ишга яроқли бўлиб кетгунча етарли маблағ берилади.
Касалхонага юқори малакали мутахассис табиблар олиб келинди. Хизматчилар, ҳамширалар, фаррошлар сони кўпай- тирилди. Ҳатто ҳар бир касалга икки киши хизмат кўрсатадиган бўлди. Касалхонада ётмай уйида даволанув- чилар учун касалхонадан дори-дармон етказиб берилди. Табиблардан бирининг айтишича, касалхонада ётиб ва ташқаридан келиб даволанадиганлар сони бир кунда тўрт минг кишига етган!!
Касалхона Франция қўшинлари Мисрга бостириб кирган 1798-йилгача фаолият олиб борган. Ўшанда францияликлар касалхона билан танишиб ҳайрати ошган эди. Бу касалхонани кўрган зиёлилардан бири: "инсонийлик мана бу ерда экан-ку"деган эди.

Тўртинчиси: Марокашдаги касалхона.

Бу касалхонага Муваҳҳидлар давлатининг амири Мансур Абу Юсуф асос солган. Касалхона биноси учун Марокаш- даги энг баҳаво, кенг жой танланади. Меъморларга амирнинг шахсан ўзи буйруқ бериб: "Касалхона жуда кўркам, қулай ва ҳашаматли бўлсин," – дейди.
Жума намози ўқилиб бўлгач амир сарой аъёнлари, давлат арбоблари билан биргаликда беморлар зиёратига келар эди. Касалхонадаги беморлар ҳолидан хабар олиб, табиблар ва касалхона ходимларининг беморларга муносаба- ти ҳақида беморларнинг ўзидан сўрар эди. Вақтинча меҳнат қобилиятига яроқсиз бўлиб қолган кишиларга нафақа тайинлади.
Олмонялик шарқшунос Мокс Майрх ўша даврдаги исломий касалхоналар ва давлатнинг аҳоли соғлиғини сақлашга диққат-эътибори, ғамхўрлик, Оврупанинг эса аксинча анча қолоқлигини эслаб деган эди: "Араб касалхоналари ва исломий давлатлардаги соғликликни сақлаш низоми бизларга катта сабоқ берди. Ўша даврдаги исломий касалхоналар ва Овруподаги касалхоналар аҳволини солиштирилса бу ҳақиқат аён бўлади".
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мусулмонлар касалхонасида ихтисослашган қисмлар, муолажа хоналари, дам олиш хоналари, дорихона, масжид, ҳаммом, сайлгоҳ, кенг боғлар бўлиши билан биргаликда кутубхоналар ҳам мавжуд бўлган. Бунда ғолибо тиббиётга оид китоблар, беморларга тегишли фиқҳий китоблар бўлган. Айтишларича Қоҳирадаги ибн Тулун кутубхонасида юз минг жилд китоб бўлган.
Шунинг учун ўтмишдаги кутубхоналарга ҳам қисқа назар солиб кетишни фойдали деб топдик.
Кутубхоналар икки турли бўлган: хусусий ва оммавий кутубхона. Хусусий кутубхоналар ҳар кимнинг ўз уйидаги кутубхонасидир. Қадимда мусулмонлар уйи меъморчилик жиҳатидан бошқа миллатлар уйидан тамоман ажраб турганидек, уй тутиш, безаш, жиҳозлаш жиҳатидан ҳам ўзига яраша ажралиб турадиган хусусиятларга эга эди. Дарвоза ёки эшикдан кираверишга қабулхона сифатидаги кичик меҳмонхона қурилган. Бу меҳмонхона рав келиб, рав кетадиган эркак кишиларга мўлжалланган. Аёллар учун ичкари ҳовлида хоналар бўлган. Ҳар бир хонадонда ошхона, ётоқхона, меҳмонхона қаторида кутубхона ҳам ўрин олган. Кутубхонаси бўлмаган фақирлар меҳмонхона деворига ўйиб ишланган токчаларга китоб териб чиқишган.
Олимлар кутубхонаси омманикига нисбатан анча катта ва бой бўлган. Абу Фазл ибн Амид ўз шаҳридан бошқа шаҳарга кўчаётганда китоблари юзта туяга юкланган. Америкалик тарихчи Люрд Жоринд Соҳиб ибн Аббод кутубхонаси ҳақида шундай дейди: "Соҳиб ибн Аббоднинг хусусий кутубхона- сидаги китоблари Оврупа шаҳарларидаги ҳамма кутубхона- лар китобидан кўп бўлган".
Оммавий кутубхоналар давлат раҳбарлари, олимлар ва бойлар томонидан омма халқ фойдаланиши учун ҳар-хил фанлардаги китоблар йиғилган катта илмий муассасадир. Бу кутубхоналарнинг баъзиси масжид ёки мадраса ичида қурилса, баъзиси алоҳида қуриларди. Яҳё ибн Мунажжим- нинг Бағдодга яқин жойда катта қасри бўлган эди. Қаср ичида خزانة الحكمة номли улкан кутубхона очилган. Кутубхонага бошқа шаҳарлардан олимлар, толиб илмлар ҳамда турли ёш ва табақадаги китобхонлар келиб туришган. Келувчилар орасида нафақат китоб мутолаа қилувчилар, балки турли хил фанлардан таълим олиш ниятидаги толиблар ҳам бўлган. Шунинг учун кутубхона ичида мусофир толиблар учун ётоқхона ҳам бўлган. Ётоқхонадагилар озиқ-овқат бепул эди.
Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳамадон Мувсилда барпо қилган кутубхона баъзи бир жиҳатлардан Али ибн Яҳё кутубхонасидан ўтиб кетди. Бу ерга китоб ўқиш, таълим олиш учун келганлар орасида иқтисодий аҳволи танг кишиларга нафақа тайинланган.
Кутубхоналар бир неча қисмдан иборат бўлган. Ҳар-бир фан учун алоҳида қисм. Ўқиш зали, дарсхона, насххона, яъни китоб нусха олинадиган махсус хона ва шунинг билан бирга дам олиш учун истироҳатгоҳ ва мусофирлар учун хобгоҳ (ётоқхона)лар бўлган. Китоблар қисми қирқ хонагача етган. Китоблар жуда кўп эди. Улар ичидан кераклигини осон топиш учун кўрсатгичлар (каталог) қўйилган.
Мусулмонлар кутубхонаси бутун дунёда бир неча йиллар эмас, балки бир неча асрлар давомида биринчиликни қўлдан бермай, энг олдинги ўриндаги илғор кутубхона бўлиб келди. Мисол қилиб олганда Бағдоддаги "Байтул Ҳикма" кутубхонаси беш аср - беш юз йил жаҳон айвонида энг биринчи кутубхона ҳисобланган. Бу кутубхонага Ҳорун Ар-Рашид асос солган. Маъмун даврида энг юқори чўққига чиққан. Доктор Роғиб Сиржонийнинг айтишича Маъмун таржима қилинган китобларни тарозуга қўйиб, таржимонга унинг оғирлигича тилло берар эди. Мустафо Сибоий дейди: "Маъмун Румлар билан ўтган жангда ғалаба қозонади. Рум қироли сулҳ тузишга мажбур бўлади. Ҳар икки томон сулҳ шартларини қўяди. Маъмун қўйган шартлардан бири, Рум қироли ўз кутубхонасидаги китобларни мусулмон олимлари томонидан таржима қилишга рухсат бериши эди.
Муғул татарлар Бағдодни босиб олганда Дажла дарёсининг у қирғоғига ўтиш учун кутубхонадаги китобларни дарёга ташлайди. Китоблардан кўприк қурулади. Ҳисобсиз қўшин шу кўприк устидан нариги қирғоққа ўтиб олади.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, мусулмонлар мамлакатига бостириб кирган босқинчиларнинг биринчи қиладиган иши кутубхоналарни ёқиш, китобларни дарёга оқизиш бўлган. Қуртуба шаҳри босиб олинган пайтда бир архиепископ (насроний динидаги епископдан қуйи унвонга эга руҳоний)нинг ўзи бир кунда саксон минг китобни ёқиб юборади.
Таробулс ҳужумида биринчи бўлиб кутубхона ишғол қилинган ва уч миллиён китоб ёқиб юборилган.
Шўроларнинг қадимий китобларга, боболаримиз қолдирган бой илмий меросга нисбатан қилган жинояти ва китобга эга бўлган кишиларни вахшийларча жазолаш сизларга махфий эмас.
Касалхона зиёратига кутубхоналар тарихини қўшишимиз ҳикматини бир оз пайқагандирсиз. 19-20- асрлардаги илмий тараққиётда мусулмонлар иштирок этолмаслигининг айрим сирларидан воқиф бўлгандирсиз. Салкам бир ярим асрдан бери агресса қурбони бўлиб келаётган мусулмонлар барча куч-қувватини илмий тараққиётга эмас, балки ўз жонини ҳимоясига, иймон-эътиқодини сақлашга сарфлади...

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz