Иймонлашиш умиди

Тоҳир Маликнинг мазкур китоби «Меҳмон туйғулар» китобининг тузатилган, тўлдирилган иккинчи нашридир. Мазкур китоб орқали ёзувчининг фикрий оламига меҳмон бўласиз, деган умиддамиз. Ўзгага жаҳаннам «гуллари» насиб бўлишини истаётган одам бунинг ўрнига ўзи учун жаннат роҳатини тилагани афзал эмасмикин? Ўзганинг жаҳаннам ўтида куймоғи унинг дуоси билан бўлмаганидек, ўзининг жаннат боғларида сайр қилиши яхши ният ва амаллари билан эканлигини билиши ҳам бир бахтдир.

МУАЛЛИФДАН

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ниҳоятда шафқатли ва меҳрибон Аллоҳниг номи билан бошлаяпман.
Бизларга тўғри йўлни аниқ кўрсатиб берган, кўзларимиздан эсанкираш пардасини олиб ташлаган йа роббимиз Аллоҳ, ёлғиз сенигина мадҳ этамиз. Башоратчи, огоҳлантирувчи, буйруғингга биноан динингга даъват этувчи ва ёруғ нурдек йўлимизни ёритувчи расулингга дуо ва саломлар йўллаймиз. Сенинг розилигинг учун Ислом динини қувватлантириш йўлида хизмат қилган муҳтарам саҳобаларга, уларга бошпана берган ансорларга ҳам дуо ва саломлар бўлсин.
Ассалому алайкум, ардоқли китобхон!
Аллоҳ насиб этса, мазкур битик баҳонасида сиз билан суҳбат қуриб, иймонлашишдан умидворман. Аввалги яхши-ёмон даражада ёзганларим баҳонасида мен сиз — азизларнинг уйларингизга меҳмон сифатида кириб борган эдим. Бу сафар камина мезбон бўлиш тараддудида. Сиз, меҳрибонлар эса, меҳмонимсиз. Меҳмон иззати учун ёзилажак Ғойибона дастурхонга кўп йиллар мобайнида ён дафтарчага ёзиб юрилган ҳикматларни қўймоқчиман. Шу ўринда камчилигимни ҳам тан олиб, айбимни айтиб ўтишим керак: мазкур ҳикматларни бирон китобда ўқиганман ёки бирон одамдан эшитган бўлишим мумкин. Аммо манбаъни — яъни, қайси китобдан олинган, ким айтган ёки ёзган, фикр қай даврда баён қилинган — буларни ёзиб қўймаган эканман. Айрим фикрлар эса каминанинг хаёли маҳсулидир. Бироқ, булар айнан менга тегишли, деган даъводан йироқман. Хаёлимга келиб, қоғозга тушган фикрларнинг асосида барибир улуғлар ҳикмати ётади. Муҳими шуки, улуғларнинг фикрлари айнан олинмай, бугунги кун муаммоларини ечишга мос ҳолда баён этилган. Шу сабабларга кўра битикдаги ҳикматлар ким томонидан айтилгани кўрсатилмади. Назаримда сиз билан бизнинг ақлимизни бойитиш учун айтилган фикрнинг ўзи зарурроқдир. Онгимизни қувватлантирувчи ҳикматларни айтиб ўтган доно устозларимизни эса дуолар қиламиз.
Албатта каминанинг бу ишлари камчиликлардан холи эмас. Хато-камчиликлар учун аввало Яратган, тарбия этаётган роббимиз Аллоҳ ҳузурида тавбалар қиламан. Шунинг баробарида сиз, азизлардан ҳам узр сўрайман. Қусурларимни афу этиб, ҳаққимга Аллоҳдан мағфират тиламоғингизни рижо қиламан.
Умид шуки, баён этадиганларим амри маъруф, наҳий мункар вазифасини ўташ ишига зарра қадар бўлса-да, ҳисса қўшса, инша Оллоҳ!
Тангри барчаларимизнинг ишларимизни хайрли айласин. Сиз — талабчан китобхонларнинг хонадонларига қут-баракотлар бериб, кулли бало ва офатлардан Ўзи асрасин.
Омийн йа Роббил оламийн.

Китобнинг иккинчи нашрига
мухтасар изоҳимиз:

Аллоҳга шукрларким, мазкур китоб сиз азизларнинг қўлларингизга етиб боргач, ниятга етишгандек бўлдик. Ўқиган биродарларимиздан таҳсин ҳам эшитдик, баъзан танқиддан ҳам баҳраманд бўлдикким, китобнинг мазкур иккинчи нашрида бу эътирозларни инобатга олишга, камчиликларга барҳам беришга интилдик. Шунинг натижаси ўлароқ, китобнинг номини ҳам ўзгартиришни маъқул топдик ва «Шудринг томчилари» деб номлаган учликларни бу китобга киритмадик. Бунинг ўрнини кейинги икки йил мобайнида эшитган ҳикматларимиз, хаёлимизни ёритган айрим фикрлар билан тўлдирдик.

Бир куни шаҳар сайрига чиққан подшоҳ рўбарўсида гадо пайдо бўлиб тиланибди. Подшоҳ унга битта олтин танга бериб, ўзининг сахийлигидан ўзи мамнун ҳолда жилмайибди. Гадо эса, норози оҳангда:
— Эй подшоҳим, ҳисобсиз хазинанг бўлгани ҳолда ўз укангга биттагина танга беришдан уялмадингми? — дебди.
Бу гапдан подшоҳ ажабланибди:
— Ие, қачондан бери сен менинг укам бўлиб қолдинг?
— Нечун ҳайрону лолсан подшоҳим, ахир сенинг насабинг Одам Ато билан Момо Ҳавводан бошланмайдими? — дебди гадо.
— Ори-ори, сўзларинг рост, — дебди подшоҳ.
— Менинг насабим ҳам шундай: икковимизнинг ота-онамиз Одам Ато билан Момо Ҳавво бўлгач, оға-ини ҳисобланмаймизми?
Баён қилганим тиланчининг гапи латифанамо ривоятга ўхшагани билан исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир. Буни илм тилида «аксиома» дейдилар.
Ҳазрат Билол розиёллоҳу анҳудан «Сенинг отанг ким?» деб сўрашганида у зот «Менинг отамга малоикалар сажда қилишган», деб жавоб қайтарган эканлар.
Алқисса, дунёда яшаб турган одам болалари ватанлари, миллатлари, ирқларидан қатъи назар, оға-инидурлар. Бу ҳақиқатни барча идрок қилар, деб ўйлайман. Мени ажаблантирган нарса: асли насаблари бир эканини билганлари ҳолда одамлар ўзаро ёвлашадилар. Катта-кичик урушларни бошлашдан чарчамайдилар. Ажабланарлиси шуки, жанг майдонининг у томонидагиси ҳам, бу томонидагиси ҳам Худога бир хилда муножот этади: ўзига омонлик, рўпарасидагиларга эса ўлим тилайди. У душман деб ҳисоблаб, ўлим тилаётган одамининг ким эканлигини билмайди. Унинг ҳам оиласи, фарзанди тақдирини ўйлаб, руҳан азоб чекаётгани ҳам номаълум. Уруш қайси бир томон учун Ғалаба билан якун топади, аммо жонини гаровга тиккан, муҳораба азобларини тотган жангчи учун ҳеч қандай манфаат йўқ. У қиёмат жанглардан омон чиққанига шукр қилади, халос.
Аллоҳ «урушманглар, бир-бирларингга зулм қилманглар», деб буюргани билан урушаверадилар, уруша туриб Яратгандан паноҳ сўрайдилар, қирадилар, қириладилар.
Маккаи мукаррамада, Байтуллоҳда, ҳажарул-асвад қаршисида икки ҳожи ёнма-ён ибодат қилишарди. Уларнинг бирлари эронлик, иккинчиси Ироқдан эди. Бир дин, ҳатто бир мазҳабдаги бу икки одам неча йил аввал ўз мамлакатлари манфаатлари учун қўлга қурол олган эдилар. Жанг майдонининг икки томонидан туриб олиб бир-бирларини ўлдирмоқ қасдида ўқ узган эдилар. Улуғ марҳаматли Аллоҳ уларнинг жонини сақлаб қолиб, бу муқаддас уйда уларни учраштирди. Ибодатдан сўнг улар бир-бирларига салом бериб, туғишган биродарлар каби қучоқлашиб кўришдилар.
Одам болалари ҳамиша шундай яшасалар бўлмасми экан?
Донишмандлардан бири «биз бу дунёга бир парча кафанлик ишлаб топиш учун келганмиз», деган экан. Топганимиз, оқибат бизга насиб этувчи шу нарса экан, талашмоқдан, зулм қилмоқдан, зулм кўрмоқдан қандай наф бор?
Демоқчиманки, тарихга ёки қиёмат кунидаги вақт ўлчовига нисбат қилиб олганда бир неча сонияга тенг келадиган умримизда меҳр-муҳаббат билан яшамоқлиқ саодатига етишмоқлик барчамизга насиб этсин. Қиёматда, ҳисоб-китоб кунида бир-биримизга кўрсатган шу меҳр-оқибат ўзимизга шафоат бўлар, инша Аллоҳ!

* * *

Дерларким, Инсон учун энг улуғ дунёвий неъмат — унинг озод ва ҳурлигидир. Агар озодлик неъмат экан, озод инсоннинг бахтсиз бўлмоғи мумкин эмасдир. Агар бахтсиз инсонга дуч келсангиз, қайғу-ҳасратда ёнаётганига гувоҳ бўлсангиз билингким, у озод эмасдир. У шубҳасиз ким ёки нима томонидан эзилгандир.
Агар озодлик неъмат экан, озод инсон аблаҳ бўла олмайди. Агар бир одамнинг бошқалар олдида паст кетаётганини, лаганбардорлик қилаётганини кўрсангиз, билингким, у озод эмасдир. У бир қулдир. У бўйнини қуллик сиртмоғига тутиб, бунинг эвазига бир товоқ овқат ёки бирон мансаб, ёки шунга ўхшаш бир нима ундирмоқ истайди. Ким озроқ манфаатга эришибди, демак, озроқ хушомад қилибди. Зўрроқ хушомад билан эса каттароқ бойликка эришилади.
Озод одам ҳеч бир тўсиқсиз эгалик қилиш мумкин бўлган нарсага эгадир. Ҳеч бир тўсиқсиз нимага эгалик қилиш мумкин? Фақат ЎЗ-ЎЗИГА! Агар сиз одамнинг ўз-ўзига эгалик қилмай, бошқаларга ҳам ҳукм ўтказмоққа жазм этганини кўрсангиз, билингким, у озод эмасдир. У бошқаларга ҳокимлик қилишни истадими, демак, у ўз истаги — нафси қулидир.

* * *

Нафсимиз бизларни ёмон нарсаларга буюради. Биз унга қулоқ солдикми, тамом, нафсимиз қулига айландик. Ҳақнинг қули эмас, нафсимизнинг қули бўлдик. Аллоҳ барчамизни шу қулликдан асрасин.

* * *

Муҳаббатсиз қалб — тош қалбдир. Тангрим тош қалбларга зинҳор назар солмас. Шунга кўра қалбимиз уйини Аллоҳга бўлган ишқимиз билан тузатмоғимиз жоиз. Инсон вайрона қалбини фақат муҳаббат билангина обод этмоғи мумкин.

* * *

Қуръони Карим оятларини, шарафли ҳадисларни ўқиш қанчалар манфаатли бўлса, уларни англамоқ, қалбга муҳрламоқ - кишининг ҳаётда адашмай юрмоғи учун янада манфаатлироқдир. Шукрларким, улуғ муфассирлар ва муҳаддисларнинг, беназир уламоларнинг тафсиру шарҳлари бизга қадар етиб келди. Шулардан бири Жалолиддин Румий ҳазратларининг меросларидир. Бир ҳадисни мавлоно шундай тафсир қилган эканлар:
«Пайғамбар саллолоҳу алайҳи васаллам буюрадиларким: «Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир».
Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган. Яъни бир олим ёмон олим бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: Олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келгандир. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.
Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Аллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек, у ҳам бундан ўзгани қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса - АҚЛдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоҚлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш ва эрмаги - баҚишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.
Арабнинг «Биз бермоқни ўргандик, олмоқни ўргана олмадик» мақолидаги сингари олим ҳам беради-ю, бировдан олмайди. Ниҳоят, бундай олимлар ҳақиқатда зиёрат этилган, амирлар эса зиёрат этган бўладилар.»

* * *

Бахт ҳақида кўп сўрайдилар. Ҳар ким бахтни ўз кўзи билан кўради. Ўз қаричи билан ўлчайди. Менинг бахтим бошқа одам учун шунчаки арзимас бир нарса бўлиб туюлар. Қоғоз-қалам билан ўтган тунларим мен учун бахтли лаҳзалар, менга куюнгувчи дўстларим эса, «тирикчилик важҳидан ухламайди, бечора», дейишади. Мен эсам, бошқаларга ачинаман. Менга бир нарса аниқ: бахт бевафо нарса — келаверади, кетаверади... «Бахт қуши» деган таъбирнинг мавжудлиги бежиз эмас. Қуш ҳеч маҳал бир ерда узоқ қўниб ўтирмайди. Бахт ҳам шу — кишига ҳамиша йўлдош бўлавермайди. Бахтиёрлик кўп ҳолларда кишини худбинликка, манманликка етаклаши мумкин. Ана шунда жар ёқасига келтирадию ўзи ғойиб бўлади. Киши «бахтим, қайдасан?» деб чапак чалиб қолаверади. Ҳаётдан маълумким, жарга қулаганлар ҳам учрайди. Эси бутун одамлар эса ўзини асраб қола олади. «Бахтингни қўлдан берма», деган гапни мен «манманликка берилма, худбин бўлма», деган маънода тушунаман.
Бахт зарралардан ташкил топади. Масалан: эрталаб дастурхонимда нон туриши — бахт. Уни емай, исроф қилишлик эса худбинлик. Ҳар тонг аҳли оиламни, қўни-қўшнимни, қариндошу дўстларни соғ-омон кўрмоқлик — бахт. Улардан бирининг кўнглини оғритиш эса — худбинлик... Заргар тилла зарраларини тўплаб, бир ажиб узук ясасаю уни бир онда йўқотиб қўйса... Одам бахтини ана шундай машаққат билан топади, осонлик билан йўқотади. Бунга фақат ўзигина айбор.

* * *

Кўпчилик телевизор орқали фарзандларини туғилган кунлари билан табрикламоқни одат қилди. Майли, бу ҳам кераксиз одатларнинг, бекорчи харажатларнинг бир кўриниши дейлик. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Тўғри, ҳамма боласига бахт, узоқ умр тилайди. Биз бу тилакни инкор этмаймиз. Биз учун ажабки, ҳеч ким фарзанду аржумандига Аллоҳдан иймон, инсоф, виждон, ақл-идрок сўрамайди. Бола учун буларнинг зарурати йўқмикин? Ёки... иймонсиз одам бахтли бўла олармикин?

* * *

Шоирлар аёллар ҳақида кўп гапиришади. «Аёл — баҳор», «Аёл — севги» каби гапларни кўп эшитамиз. Лекин нима учундир ҳеч ким «Аёл — ИНСОН» демайди. Нима, аёл — инсон эмасми? Ёки бу таъбир қофияга яхши тушмасмикин?

* * *

Байрам тамошаларида қизлар беқасам чопонни чапаничасига кийиб олиб, рақсга тушишади. Биз бу манзарани тез-тез кўриб, кўникиб қолганмиз. Лекин хорижликлар бу тамошаларни кўриб, «Ўзбекларнинг чопон кийишга лаёқатли, белида белбоғи бор йигитлари қолмабди-да, а?» дейишмасмикин?

* * *

Бир одам Оврупога тақлид қилишни жуда яхши кўрарди. Таом ейишдан олдин бақбақасини кўтариб турган ёқасига сочиқ қистиради — немисларда шундай одат бор экан. Зиёфатларга борганда биринчи қиладиган иши — қўлини ароқ билан ювади — французлар микробга қарши шундай курашар эканлар. Ўйнаши билан ўпишишдан аввал оғзига атир пуркайди — италияликлар бекорга шундай қилишмас. Ҳаммомга тушса, отасидан хафа бўлиб кетади — отаси бечора овруполикларнинг суннат қилинмасликларини билмай шу бемазагарчиликни қилиб қўйган-да бир вақтлар. Унинг энг зўр одати — зиёфатларга голландияликлар каби керилиб келиб, инглизчасига индамай, бошқаларга сездирмай чиқиб кетарди. Инглизлар еб-ичиб, тўйишгач, ҳеч ким билан хайрлашмай, раҳмат ҳам демай, индамай жўнаб қолишаркан. Кетган одамни биров билиб, биров билмай қоларкан.
Тақдирнинг ёзуғини қарангки, бу одамнинг оламни тарк этиши ҳам инглизчасига бўлди: оиласи билан рози-ризолик ҳам тилаша олмади, ўлиб, кўмилганини биров билди, биров билмай ҳам қолди.
Ўзбекчасига яшаб, ўзбекчасига ўлиш ҳам бир бахт экан-да, а?


* * *

Буткул замину осмон уйқуга чўмган дамда, бўронлар тиниб, тўфонлар тўхтаган пайтда ҳам вақт зийрак туради. У ҳамиша уйғоқ.

* * *

Дунёда уч жумбоқ бор эмиш: бири — ўлим, иккинчиси осмон сирлари Ечмоққа одам зотининг тиши ўтмайдиган, тишни синдирадиган учинчи жумбоқ эса, аёл муҳаббати экан.

* * *

Ақл билан юрак бир хил иш билан машғул бўлса, вақт ўтгани билинмайди, иссиқ, оч-наҳорлик, ташналик таъсир қилмайди.

* * *

Абадийлик надир? Бир, ўн, минг йилми ёки минг карра минг йилми? Ёки чексизликми?
Донишманддан «айтинг, абадият нимадир?» деб сўрашибди. У зоти бобаракот шундай жавоб қилган эканлар: «Мен мангуликни билмайман, аммо бир онини тасаввур қила оламан. Агар сиз ҳам тасаввур этмоқни истасангиз, ана, Ойни кўряпсизми, турган ерингиздан то ўша Ойга қадар бир олмос устун бунёд этинг. Сўнг тасаввур этингким, бир қуш ҳар куни учиб келиб тумшуғини шу олмос устунга артяпти. Шу артиши билан устунни у билинар билинмас бўлса-да, емиради. Шундай тарзда қушнинг олмос устунни емириб битиришига кетган вақт абадиятнинг бир лаҳзаси бўлади».

* * *

Агар биз учун иш биринчи даражали, иш ҳақи эса иккинчи даражали бўлса, у ҳолда бизнинг жанобимиз меҳнат ва бу меҳнатни яратувчиси — Худодир. Агарчи иш биз учун иккинчи даражали, иш ҳақи эса ундан муҳимроқ бўлса, у ҳолда биз иш ҳақи қулидирмиз. Иш ҳақининг яратувчиси эса Худо эмас, шайтон алайҳилаънадир. Шайтонларнинг ҳам энг тубанидир.

* * *

Донишманд дебдики: ҳар қандай яхши қонуннинг муқаддимаси, шунингдек, хотимаси ҳам шундан иборатким, ҳар бир инсон бир бурда нонини яхши меҳнати билан топа олсин ва айни чоқда меҳнатига лойиқ яхши нон ола олсин.

* * *

Кўп билмоқлик ва билимини кўз-кўз қилиб кибрланмаслик — маънавий юксакликдир. Кам билмоқлик ва ўзни билимдон қилиб кўрсатмоқлик — хасталикдир. Бу хасталикни англасаккина ундан қутула олмоғимиз мумкин.

* * *

Масъудликка кўникмайлик ва маҳлиё бўлмайлик, чунки у ўткинчидир, боқий эмасдир. «Ким масъуддир — ундан ажралмоқликни ўргансин, ким бахтлидир — қайғурмоқликни ўргансин», деган эканлар.

* * *

Бир киши маърузасида донолик билан дебди:
— Агар хасталансангиз албатта табибга боринг, чунки табибнинг ҳам тирикчилиги бор. Табиб сизга дори буюради, сиз бу дорини албатта сотиб олинг, чунки дорифурушнинг ҳам тирикчилиги бор. Аммо сотиб олган бу дорингизни зинҳор ича кўрманг, чунки ўзингизнинг ҳам тирикчилигингиз бор.
Иттифоқо, шу мажлисда гўрков ҳам ўтирган экан, воизнинг кейинги гаплари унга ёқмай шарт ўрнидан туриб дебди:
— Ўша табиб ёзиб берган, дорифурушдан сотиб олган дорингизни албатта ичинг, чунки менинг ҳам тирикчилигим бор.
Алқисса, бу дунёда ҳамманинг тирикчилиги бор. Тирикчилик деб ўзимизни ҳар томонга урамиз, тегирмон тошлари орасидан ўтишдан ҳам тоймаймиз. Кўп ҳолатларда унутамизким, биз таъбир қилувчи тирикчилик ризқ ўлчови билан белгилаб қўйилган. Бу белги чегарасидан ўтиш ҳали ҳеч кимга насиб этмаган. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинадиким: «Эй Одам фарзанди, агар сенга ажратиб қўйилган ризққа қаноат қилсанг, ризқинг ўзи келади ва мендан ҳам мақтов оласан. Бордию бу тақсимга қаноат қилмасанг, дунёни сенинг устингга султон ва сени унга хизматкор қилиб қўяман. Дунё учун чўлдаги ваҳший ҳайвонлар каби югурасан, аммо сенга тақсимлаб қўйган ризқимдан ортиғи келмайди ва ўзинг ҳам менинг олдимда хижолат бўлиб қоласан».
Дунёда хижолат бўлиб қолаётганларни кўриб турибмиз.
Аслида одамзотнинг яшамоғи учун жуда оз нарса керак.
Хорун ар-Рашиддан сўрабдиларким: «Эй подшоҳим, тасаввур қилғилким, саҳрода ёлғиз қолиб ташналикдан азоб чекяпсан. Сенга бир қултум сув инъом этдилар, эвазига нима берар эдинг?» Хорун ар-Рашил жавоб қилдики: «Хазинамнинг ярмисини берардим.» Яна сўрадиларким: «Эй подшоҳим, ичга кирган бу бир қултум сувнинг чиқиб кетмоғи ҳам бор. Чиқиб кетмоғи учун нимани бағишлар эдинг?» Хорун ар-Рашид жавоб қилдиким: «Хазинамнинг қолган ярмини бахш этгум.» Шунда донолар дедиларким: «У ҳолда барча бойлигингнинг қиммати бир қултум сувча экан». Ўйлаб кўрилса, бу оддий ривоят ва фалсафа эмас. Менга айтиб беришган эди: бир киши оғир хасталикка чалинибди. Яқинларини чақириб темир жавонидаги пулларни, тиллаларни олиб ўртага тўкибди-ю, «нима қилсаларинг ҳам мени олиб қолларинг», дебди.
Кишининг ризқи адо бўлгач, тиллалар ёрдам бера олар эканми?
Биз пул топиб, бойиётганимиздан қувонамиз. Билмаймизки, бу бойлик ўзимизга насиб қиларми экан? Муборак Қудсий ҳадисда зикр қилинурким: «Эй Одам фарзанди, билгилки, бу дунёда тўплаган бойлигинг меросхўрларга қолади. Ундан емоқ ва ҳузурини кўрмоқ кўпинча бошқаларга насиб бошқаларга насиб бўлур. Унинг ҳисоб-китоби ва надомати эса сенинг бўйнингга тушгай. Қабрда сенга фақат ҳаётлик вақтингда қилган яхши амалларинггина ёрдам бергай.»
Шу ўринда икки ривоятни эсламоқ ҳожати сезилди:
Ривоятнинг биринчиси: Хасис бой кам еб, кам ичиб, ҳатто оиласи ризқини ҳам қирқиб катта хазина тўплабди. Ўзининг мўлжалича бойлиги етарли миқдорга етгач «Ана энди кайфу сафо қилиб яшайман», деб хазиналаридан бирининг эшигини очмоқчи бўлибди — очолмабди. Иккинчиси, учинчисининг эшиги ҳам очилмабди. Шунда у ғғазабланиб, сўкинаётганда биринчи хазинадан овоз келибди.
— Сен нега эшикни очмоқчи бўляпсан, нега ғазабланяпсан?
— Бу менинг хазинам, очиб, кўнглим истаганча фойдаланмоқчиман, — дебди бой.
— Агар бу бойликлар сеники бўлса не учун шу пайтга қадар фойдаланмадинг? Оилангни ҳам муҳтожликда сақладинг? Энди бу бойликлар сенга тегишли эмас, булар бағдодлик дурадгор Назарга аталган. Истасанг, синаб кўр, — деган овоз билан эшиклар очилибди.
Бой «Агар менга насиб қилмаса бошқа ҳеч кимга буюрмайди», деган қарор билан йўғон-йўғон ходалар харид қилиб, уларнинг ичини ғовак тарзда тешдириб, бойликларини жойлабди-да, дарёга ташлаттирибди. Ўзи эса «нима бўларкин?» деган фикрда дарёда оқиб бораётган ходаларга эргашибди. Бу дарё Бағдод шаҳридан оқиб ўтаркан. Бу шаҳарда чиндан ҳам Назар деган дурадгор бор экан. У ҳар тонг дарё лабига чиқиб оқиб келаётган ёғочларни тутиб, четга чиқараркан. Ўша тонг қараса бир қанча ходалар оқиб келяпти-ю, аммо эгаси йўқ эмиш. У сузувчилар кўмагида ходаларни соҳилга чиқариб олгач, бой келиб:
— Сен кимсан? — деб сўрабди.
— Мен Назар дурадгорман.
— У ҳолда, — дебди бой, — ходаларни уйингга олиб бор-да, орасини ёр.
Дурадгор унинг айтганини қилиб ҳангу-манг бўлиб турганида бой унга дебдиким:
— Маълуминг бўлсинким, бу ходаларнинг барчаси шу ҳолда жавоҳиру олтинлар билан тўлдирилган ва булар бу онга қадар менга тегишли эди. Аммо Худо буларни мендан олиб сенга беришни ихтиёр қилди.
Шунда дурадгор:
— Гуноҳингиз бўлса тавба қилинг, Аллоҳ раҳм қилғувчидир. Бойликларингизни қайтариб олинг, — дебди.
Бой эса «Мен Аллоҳнинг измига қарши бормайман», деб кўнмабди. Ярмини, ҳатто бир мисқолини ҳам олишни истамабди. Ялинишлари зое кетган дурадгор: «Ҳеч бўлмаса учтагина нон олинг, йўлингизга ҳамроҳ бўлсин», дегач, бой рози бўлибди. Дурадгорнинг хотини хамир қориб учта катта-катта нон ясабди-да, орасига жавҳарлардан солибди.
Бой жавҳарли нонларни олиб йўлга тушибди. Шаҳардан бир оз узоқлашгач, чўл ўртасида харобгина чайлани кўрибди. Бориб билсаки, бир чўпоннинг аҳли аёли дунёга келган боласини бағрига босиб ўтирибди. Чўпон ночор. Қавми-қариндошлари чўлнинг бошқа ерларига кўчиб кетишган. Унинг еярга нони, чақалоғини ўрашга бир парча матоси йўқ. Буни кўрган бой унга ҳалиги учта нонни берибди:
— Сен шу нонларни Назар дурадгорга олиб борсанг, мендан салом етказганингни билади ва сенга керакли нарсаларни беради, — дебди бой.
Шундай қилиб нон орасига жойланган жавоҳир ҳам бойга насиб этмабди, яна дурадгорнинг ўзига қайтиб борибди.
Мазкур ривоятга бирон гап қўшмак ёки таҳлил этмак ортиқча юмуш бўлса-да, бир кичик ривоятни илова қилишни истадик:
Дарё соҳилида ўтирган бир одам қўлидаги ғалвирни сувга ботирар эканда:
— Худо берса шундай беради, — деркан. Сўнг ғалвирни сувдан кўтариб айтарканким: «Худо олса шундай олади».
Бирданига бойиб ўзини билмай қолаётган, сўнг тижоратдами ёки бошқи ишдами «синиб» хонавайрон бўлиб, уйни, бор бисотини сотиб маҳзун юрганлар шу ривоятни балки эшитмагандирлар?
Энди иккинчи ривоятни эслаш фурсати етди:
Басралик савдогар Чин мамлакати томон сафарга тайёргарлик кўраётганида бир мўйсафид унинг кемасига яқинлашиб илтимос қилди: «Эй, хожа, мен ҳузурингга ҳожатталиб бўлиб келдим. Мана бу қопдаги қалайини денгиз ўртасига етганингда сувга ташлаб юборсанг, зора назирим қабул этилса». Савдогар мўйсафиднинг кимлигини суриштириб билгач, молни олиб қолди. Аммо кемаси денгиз ўртасига етганида тўфон кўтарилиб, мўйсафиднинг илтимосини унутди. Чинга бориб савдо қилаётганда унга бир йигит яқинлашиб «Басрада сифатли қалайи бўларди, олиб келмадингизми?» деб сўради. Шунда савдогар мўйсафидни, унинг омонатини эслаб «Энди буни сотиб пулига мол олиб эгасига топширганим маъқул кўринадир», деган қарорда қалайи тўла қопни йигитга сотди.
Басрага қайтгач, мўйсафид яшаган маҳаллага бориб билса-ки, у вафот этибди. Унга яна бир нарса маълум бўлибдики: мўйсафиднинг жияни бор экан. Мўйсафид укасидан ёдгорлик бўлмиш бу йигитни чиқиштирмас экан. «Сен менинг ўлимимни кутиб юрибсан», деб ранжитавергани сабабли йигит шаҳардан бош олиб кетган экан.
Савдогар бирор ворис чиқиб қолар, деган ниятда Чиндан олиб келган молни етти юз динорга сотиб, пулини асраб қўйди. Орадан кўп ўтмай Чин мамлакатида ундан қалайи сотиб олган йигит келиб дедики: «Мен қалайини уйга олиб бориб синдириб кўрсам, орасидан олтин чиқди. Мен сиздан олтин эмас, қалайи сотиб олган эдим, бу олтинлар мен учун ҳаромдир, деб изма-из етиб келдим, токи олтинларни ўзингизга топширгайман».
Шунда савдогар қалайи воқеасини гапириб берган экан, йигит кулиб дебдики: «У мўйсафид менинг ягона амаким эдилар. Бойликни сувга ғарқ қилишдан мақсад — мени меросдан маҳрум қилиш эди. Аммо Аллоҳ, мазкур бойликни менга насиб қилган экан, турли восита ва василалар билан менга етказди».
Йигитнинг чиндан ҳам мўйсафидга жиян экани тасдиқлангач, савдогар унга етти юз динорни ҳам бериб: «Сен ҳаромдан парҳез қилдинг, Аллоҳ сенга ҳалол бойликни ато қилди», деган экан.
Кишининг ризқи, ризқнинг ҳар бир кишининг ўзига насиб этмоғи хусусида яна икки балки икки юз, балки икки минг ривоят бордир валлоҳи аълам. Фикр юритиб турмоқ учун ҳозирча шу иккиси ҳам кифоядир.

* * *

Тарихга доир дарсликларда, матбуотда тинмай мақтанар эдилар: «Ўзбекистон капитализмни четлаб ўтиб, феодализмдан тўғридан тўғри социализмга ўтди». Социализм деб аталмиш иморат туз каби эриб кетди, сароб каби йўқолди. Нима учун? Сабаби, биз капитализмни эмас, иймонни, эътиқод, виждон, меҳр-оқибатни четлаб ўтиб, муаззам сарой қурмоқчи бўлган эканмиз. Иймонсиз жамият — саробдир. Балки капитализмни четлаб ўтиб, социализмга етиш мумкиндир. Лекин иймон, эътиқод... ларни четлаб ўтиб фақат жарга қулаш мумкин. Бизларни Худо асрабди. Ўзига шукр.

* * *

Бир кекса киши иккинчисига афсус билан дебди:
— Биз-ку, қариб қолдик, коммунизмни кўролмаслигимиз аниқ, аммо набираларимга ачинаман, улар етиб боришса-я!

* * *

Шоирлар коммунизмга мадҳия ёзиб, «ана, уфқда кўринаётир», деб ҳайқиришарди. Умуман шоирлар тўғри ёзишган. Чунки... уфқда кўринган нарсага етиб бўлмайди. Сиз уфққа қараб бораверасиз, уфқ эса сиздан қочиб, чекинаверади. Ер юзини эллик минг марта айланиб чиқсангиз ҳам уфққа етолмайсиз. Коммунизм эса айнан ўша ерда экан.

* * *

Колхоздаги умуммажлисга иккита масала қўйилган экан:
биринчиси: янги молхона қуриш,
иккинчиси: коммунизм қуришни тезлаштириш.
Тахта топиш мумкин бўлмаётгани сабабли биринчи масаланинг муҳокамаси кейинга қолдирилиб, иккинчи масалага ўтилди.

* * *

Йиғилишдаги воиз:
— Ҳозир бир оёғимиз социализмда, иккинчиси коммунизмда турибди, — деди. Шунда бир қария сўради:
— Бўталоғим, бу туришда чотинг йирилиб кетмайдими?

* * *

Саксонинчи йилларда бир киши иккинчисидан сўради:
— Айтинг-чи, коммунизм деганлари шуми ёки бундан ҳам баттар бўладими?

* * *

Шошқалоқлик — инсон зотининг ёвуз душманларидан бири. Айниқса, ўтмиш ҳақида фикр юритиб, ўзича ҳукм чиқариб, сўнг элга овоза қилғувчи одам шошқалоқ бўлса, ундан одиллик кутмак хўроздан тухум умид қилмак ила баробардир. Баъзан ён-атрофимизда ана шу каби шошқалоқларни учратиб қоламиз. Бундайлар ўзларини ғоят билағон кўрсатиб, маълум даврларга, шахсларга ёки айрим воқеаларга нисбатан тездагина ҳукм чиқариб қўя қолишади. Ана энди бир мулоҳаза қилайлик: Искандар Зулқарнайн, Амир Темур, Наполеон... шахси ва даври ҳақида ҳали узил-кесил хулосалар йўқ. Булар ва бу каби шахслар ҳақида дунё олимлари орасида бир-бирига зид фикрлар оқими ҳали ҳам мавжуд. Закийлар тарихда ном қолдирган шахслар ҳақида неча юз йиллардан бери ўзаро баҳс юритадилар. Бу табиийдир. Буюкларнинг аъло, савоб ишлари ҳам, шу ўринда камчиликлари ҳам ўзларига яраша буюк бўлади. Тарозининг қай палласи босишини биз — ожиз бандалар белгилаб бера олармиканмиз? Шундай экан, совет даври, хусусан ўттизинчи йиллар ҳақида узил-кесил ҳукм чиқаришга вақт бор. Биз бу билан индамай, мум тишлаб ўтириш керак, демоқчи эмасмиз. Ҳозир ўрганиш, таҳлил қилиш даври. Одил хулоса учун эса, «вақт» деган ҳакам ҳам талаб этилади.
Мисол учун айтсак, «Ҳаммасига Сталин айбдор», деб ҳукм ўқиш осон. Лекин Сталин «Ўтган кунлар»ни ўқиганмикин? Ўки «Бузилган ўлкага»дан хабари бўлганмикин? Абдулла Қодирий ёки Чўлпоннинг отилишидан у манфаатдор эдими?
Ёки: «Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чеккан, қотил шу!» деб хулоса чиқариб қўйиш ҳам қийин эмас. Баъзан шундай шошқалоқ фикрнинг гувоҳи ҳам бўляпмиз. Шунга ўхшаш айбловлар айтилганда мен айсбергни — шимолий уммоннинг гердайган муз ҳокимини кўз олдимга келтираман. Айсбергнинг озгина қисмигина сув юзасида кўринади. Кемаларни парчаловчи асосий қисми кўзга кўринмайди — сув остида бўлади. Ўттизинчи йилларнинг қирғини ҳақида фикр юритганда ҳам шу нарса унутилмаса дуруст бўларди. Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чекмаганида ўша Фалончи омон қолармиди? Йўқ. Айбномага мамнуният билан имзо чекиб берувчи иккинчи Пистончи топиларди, албатта. Иккинчиси бўлмаса, учинчиси ёки тўртинчиси топиларди. Дунёда ҲАСАД деган нарса бор экан, бундайин пистончиларга муҳтож бўлинмайди. Тарихдан аёнким, ҳукмронлар айнан ана шундай ҳасадчилар хизматидан беминнат фойдаланганлар. Мен савдо ходимлари ёки ҳунармандлар орасида ҳасадчилар борлигидан ажабланмайман. Лекин халққа адаб беришга масъул зиёлилар орасида ҳасад мавжудлигига чидашим қийин. Зиёли ҳасадгўй бўлса — дунёдаги энг эси паст махлуқдан ҳам тубанроқ бўлади. Ҳасадгўй зиёли (балки ёзувчидир?) ўзидан истеъдодлироқ ҳамкасбига тош отади, уни йўқотишга тиришади, бу билан ўзига шон-шуҳрат йўлини очишга тиришади. Хўш, кейин нима бўлади? Шу билан шуҳрати ортадими? Йўқ; халқ унинг ўзини эртами-кечми супуриб ташлайди. Буни тарихнинг кейинги ярим асри исботлаб берди.
Энди ўттизинчи йилларни яна қайтармаслик учун айбни фақат Сталиндан эмас, ўзимиздан, одамлар орасидан қидирайлик. Шу билан бирга қатъий, узил-кесил ҳукм чиқаришга шошилмайлик. Бир одамнинг номини тиклаб, бошқасини ахлатга қориштирмайлик. Шошқалоқлик билан нотўғри хулоса чиқариб қўйсак, келажак авлод бизларни кечирмайди.
Биз қоралаётган одам нима учун ёлғон гувоҳлик берган ёки ёлғон айбномага имзо чеккан?
1. Хусуматдан. У ҳолда унинг номи абадул абад қора билан ёзилиши керак.
2. Қўрқоқликдан. Кўзига ўз жони, бола-чақаси кўринган. Бу ҳам лаънатга лойиқ. Лекин ўзида истеъдод чўғи бўлиб, адабиётга хизмат қила олган бўлса, унинг асарларидан воз кечмайлик. Тоғам — Мирзакалон Исмоилий ўзларини қаматишга сабабчи бўлган одамлар ҳақида ҳеч гапирмаган эдилар. Фақат бир марта хасталик пайтларида, йўқлаб кирган шоир қўшнилари чиқиб кетгач, «Бу жуда бечора одам-да», дедилар. «Нимаси бечора?» деб сўрадим. «Бечоралиги — қўрқоқлигидан, — дедилар тоғам, — қўрқоқ бўлгани учун ҳам қамалганимда рўпарамга ўтириб олиб, кўзларини мўлтиллатиб ёлғон гувоҳлик берган». Эшитганим шу. Ўша шоир ўртоқлари тоғам билан Сталинграддан то Берлинга қадар бирга жанг майдонларини кечиб боришган. Мени ажаблантирган нарса — тоғам қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам ўша шоир ва бошқа ёлғончи гувоҳлар билан дўстликларини давом эттирганлар. Аразлаб, юзкўрмас бўлиб кетмаганлар. Исломдаги одамнинг кечиримли бўлиши фазилатини мен шунда кўрганман.
3. Биз қоралаётган одам ўттизинчи йиллар коммунист мутаассиблигига берилиб, айбланувчини чиндан «халқ душмани» деб билса, орадан фурсат ўтиб, кўз олдидаги мутаассиблик қора пардаси йиртилиб, ҳақиқат нурини кўргач, тавба қилган бўлса, уни қисман кечириш мумкин. Беайб — парвардигор. Шайтон йўлига кириб топилган гуноҳ бўйинга олиниб, астойдил тавба қилинса, Аллоҳ ҳам кечиради, дейдилар. Лекин... ҳақиқатга ета олмай, ўша мутаассиблиги билан ўтиб кетган одамлар-чи? Бунга биз бир нима дея олмаймиз. Дийдор қиёматга қолган бўлса не ажаб?

* * *

Бир ўрмонда болта пайдо бўлиб дарахтларни кеса бошлабди. Ўрмон аҳли унга чора тополмай донишманд Эман ҳузурига борибдилар.
— Болта деганларинг нимадан ишланган? — деб сўрабди Эман воқеадан огоҳ бўлгач.
— Болта деганимиз темирдан ишланган, — деб жавоб қилишибди.
— Дастаси-чи, дастаси ҳам темирми? — деб сўрабди Эман.
— Йўқ, дастаси темир эмас, ёғочдан.
— Эҳ, аттанг, дастаси ўзимиздан экан, энди болтани тўхтатишнинг ҳеч қандай иложи йўқ, — деган экан донишманд Эман.

* * *

Луқмони Ҳаким йўлда бораётсалар бир уйдан нола эшитилибди. Кирсалар оғриқларга чидай олмаётган хаста одам дод дер эмиш. Табиблар келиб, «муолажадан наф йўқ, бир-икки кун ичида узилади», дейишибди экан. Луқмони Ҳаким беморнинг билак томирини ушлаб кўриб дебдиларким;
— Дардингга даво бор. Илон заҳри сенга шифо бергай.
— Илон заҳрини мен қайдан топай? Бир бедаво бўлсам... Мени шу аҳволда ташлаб кетаверасизми? Аллоҳ менинг зоримни эшитиб, Луқмони Ҳакимга рўбарў қилганида эди, у муҳтарам зот мени ташламас эдилар, — дебди хаста.
Луқмони Ҳаким бу нолани эшитгач «Зинҳор ташламасман», дебдилару илонзорга бориб ёшроқ бир илонни бўғзидан бўғиб тутибдилар. Шунда илон иттифоқо тилга кириб дебдики:
— Эй Инсон фарзанди, сен нечун мени бўғаётирсан? Аллоҳнинг менга берган жабрлари камми эди?
— Аллоҳ сенга қандай жабрлар қилди? — деб сўрабдилар Луқмони Ҳаким.
— Мени кўримсиз қилиб яратди, одамлар кўрсалар мендан қочадилар. Мени ертубан қилиб қўйди, судралиб юришга маҳкум этди. Энди сен мени бўғиб жонимни оларсанми? — дебди илон.
Луқмони Ҳаким дебдиларким:
— Шундай қилмасам, бир одам ҳаётдан кўз юмар.
— Ажаб! Бир одамни сақлаб қолмоқ учун мени ўлдирасанми? — дебди илон. — Ахир у ҳам Аллоҳнинг бир махлуқи, мен ҳам. Бир жонни сақлаб қолмоқ учун иккинчисини маҳв этмоқ шартми? Эй Инсон боласи, сен айт: мен бировни чақсам, менинг заҳримни даф эта олармисан?
— Ҳа, — дебдилар Луқмони Ҳаким, — даф эта оларман.
— Унда менинг заҳрим кучли эмас экан, — дебди илон. — Дунёда шундай кучли заҳар борки, сен уни зинҳор даф эта олмассан.
— Қандай заҳар? Қора қуртникими? — деб сўрабдилар Луқмони Ҳаким.
— Э, йўқ, — дебди илон, — дунёда энг кучли заҳар — ОДАМНИНГ заҳри. Бунга даво йўқтур. Одам одамни чақса — албатта ўлим ҳақдир! Аллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — Одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Сен жонини сақлаб қолмоқчи бўлаётган хастага менинг заҳрим даво эмас, янглишма. Уни ўзининг ишонган дўсти чаққан. Унинг заҳрига даво топа олмассан. Бунга ҳатто Луқмон ҳам даво топмагай. Қўй, ўлаверсин, азобларидан қутула қолсин...
Ўшанда ҳазрат Луқмони Ҳаким чорасиз қолган эканлар...

* * *

Якан деган ўсимлик бўлади. Нима учундир санъаткорлар, аниқроғи отарчилар пулни «якан» дейишади. Аслида эса якан — қамишзорда ўсувчи ўсимлик. Яканни ўриб олиб, қуритиб узум осадилар ёки сават қалпоқ тўқийдилар. Маълумки, қамиш узун, якан эса, аксинча, пастак ўсимлик. Шундай бўлибдики, бир куни якан қамишга қараб:
— Ў, биродар, ҳадеб ғўдаяверма, салгина эгил. Аллоҳнинг қуёши нуридан биз ҳам баҳраманд бўлайлик, — дебди.
Қамиш унга қарагиси ҳам келмабди, жавоб ҳам бермай бурнини жийириб қўя қолибди. Вақти-соати келиб аввал қамишни, сўнг яканни ўрибдилар. Тасодифни қарангки, ўша қамишдан ясалган бўйрани бир уйга тўшабдилар. Тасодифни қарангки, шу уй тўсинларига узумларни осибдилар, якандан тўқилган сават қалпоқларни эса девордаги қозиқларга илибдилар. Орадан кунлар ўтаверибди. Қамиш пастда, оёқ остида, якан эса тепада экан. Оёқости бўлавериб хорланган қамиш охири яканга қараб зорланибди:
— Мени ўриб олиб қуритдилар, тепкилаб, қовурғаларимни синдирдилар, сўнг сувга бўкдилар. Сўнг, қайириб, букиб мана шу бўйра ҳолига келтирдилар. Энди эса тинимсиз, ҳар куни тепкилайдилар. Бу ҳам етмагандай сал қайириб, остимга носларини тупурадилар.
Бу зорланишни эшитиб якан дебдиким:
— Сиз бекорга ғўдайдингиз. ғўдайиб ўсавердингиз. Ичингиз Қовак эканини эса унутдингиз. ғовак бўлганингиз учун ҳам тепкилашдан бўлак нарсага ярамадингиз. Ҳали ҳам кеч эмас, сиз ўсган ерда илдизингиз қолган. Сиз ўсажак қамишларга етказинг, сизнинг ҳолингизга тушмасинлар.
Қамишни баъзан томга ҳам тўшайдилар. Лекин барибир унинг башарасига лой чапланади...

* * *

Инсон зоти ҳаётда ёлғиз яшай олмайди. Ҳар он, ҳар қадамда дўстга муҳтож бўлади. Умри давомида садоқатли дўст бўла оладиган одамни топиш эса ғоят мушкул вазифа. Камбағал одамнинг бу масалани ечиши осонроқ: унинг атрофида сохта дўстлар деярли бўлмайди. Бадавлат ёки мансабдор одам атрофидаги «манфаат дўстлари»нинг садоқатини аниқлаб олгунича кўп азият чекиши мумкин. Яқинда бир нохуш воқеани сўзлаб бердилар. Икки дўст икки машинада кетаётган эканлар. Иттифоқо биринчисининг автомашинаси ҳалокатга учрабди-ю, ўзи жароҳатланибди. Унинг изидан келаётган дўсти «Мерседес» автомашинасини тўхтатиб, дўстига ёрдам бериш учун йўловчи машина тўхтатибди. «Акахон, оғайним яраланиб қолди, машинангизда касалхонага олиб бориб қўйинг, мен орқангиздан етиб бораман», дебди. Бундан ажабланган йўловчи машина эгаси «Машинангиз бўлса ўзингиз олиб боравермайсизми?»- деб сўраса у «дўст» «Қон оқиб ётибди, машинани қон қилади», дебди. Бу йигитнинг қанақа дўст эканини фарқлаш ўзингизга ҳавола. Ўрни келгани учун шу мавзудаги икки ривоят билан танишсак:
Бир сичқон ўрмон четида яшарди. Қурбақа макони эса кўлмак эди.У гоҳ-гоҳ кўлмак четига чиқиб, ҳаво олиб ўтирар ва ўзини булбул фаҳмлаб ёқимсиз бир овоз билан сайраб, хушовоз қушларнинг Қашини келтирарди.
Бир куни сичқон қурбақанинг бу носоз овозини эшитиб ажабланди, хонандани кўрмоқ учун инидан ташқарига чиқди ва унинг хунук башараси-ю, бемаъни ашуласидан таажжубланиб, қўлларини бир-бирига урганча бошини афсус билан сарак-сарак қила бошлади. Қурбақа унинг бу ҳаракатини кўриб «Сичқон ашуламдан ҳузурланиб, мен олқишлаётир», деб ўйлади ва у билан дўстлашишни истади. Хуллас, орзуси ушалиб, сичқон билан дўстлашди.
Бир куни сичқон қурбақага деди:
-Неча вақтдан бери сен билан суҳбатлашиш ниятида қирғоққа келсам, сен сув остида бўласан, чақирсам эшитмайсан.
Унга жавобан қурбақа деди:
-Тўғри айтасан, мен ҳам кўпдан бери сен билан суҳбатлашиш орзумандиман. Аммо сени тополмайман. Қирғоққа чиқсам, сен бошқа тешикка кириб кетган бўласан. Мен анчагина мунтазир бўлиб тураман. Энди тадбир ўйлаб топиб, бу муаммони ҳал қилгин.
-Энг яхши тадбир шуки,-деди сичқон,-мен бир узун ип топаман. Унинг бир учини сенинг оёғингга, иккинчи учини ўзимникига боғлайман. Сув қирғоғига келиб, ипни тортсам, чиқиб келаверасан. Мен керак бўлиб қолсам, ипни сен тортасан.
Икковига бу тадбир маъқул келди. Бир куни сичқон сув лабига келиб дўстини чақираман, деб турганида тепадан бир қарға бало-қазодай ёпирилди-ю, уни кўтариб учди. Оёғидан боғланган қурбақа ҳам уларга қўшилиб учди. Сичқон қарға тумшуғида, қурбақа эса сал пастроқда учиб борардилар. Бу ҳолни кўрган одамлар ажабланиб: «Қарғага нима бўлди, одатига хилоф равишда қурбақани олиб кетяпти. Ахир ҳеч маҳал қурбақа қарғага ов эмас эди-ку?» дейишибди. Сичқон билан дўстлигинг касофатидан қурбақа бу балога гирифтор бўлди
Кимки ножинсга қўшилса, жазоси шундай бўлади, дейдилар донолар.
Иккинчи ривоят:
«Кўр ушлаганнини қўймас» деган мақолнинг тули шарҳлари мавжуд. Бу ривоят шуларнинг бири:
Бир кўр билан кўзи очиқ киши ҳамроҳ бўлиб, сафарга чиқдилар. Кўрнинг қўлидаги қамчиси тушиб кетди. У отидан тушиб, ерни пайпаслаб қамчисини қидира кетди. Бир захарли илон тун совуғи таъсирида карахт бўлиб, Мусо алайҳиссаломнинг хассалари каби қотиб ётарди. Кўр уни қамчи деб ўйлаб, қўлига олди ва отига минди. Кўзи очиқ киши унинг бу ишини кўрди-да, ташвишланиб: «Дўстим, қамчи хаёл қилиб олганинг захарли илон-ку! Ташла!»-деб қичқирди.
Кўзи ожиз дастаси тоза чармдан бўлган қамчинга етишдим, деб ўйлаб: «Дўстим, Аллоҳ менга эски қамчи ўрнига янгисини берди. Шунга ҳасад қилиб тортиб олмоқчимисан?»-деди.
-Эй азиз дўстим, сендан қамчи таъма қилаётганим йўқ.-деди кўзи очиқ киши.- Аммо ҳамроҳликнинг шартларидан бири - йўлдоши хатарда бўлса, уни хабардор қилишдир.
У ҳар қанча гапирмасин, қизғанчиқ кўрга тушунтира олмади. Бир оздан кейин ҳаво қизиди, илон жонланиб, кўрнинг қўлини чақди ва уни ҳалок қилди.
Бу ривоятлар махсус шарҳга муҳтож бўлмаса-да, кўрнинг жисмонан эмас балки қалбан ожиз эканига эътиборни қаратмоқчимиз. Дунё молидан кўзи ожиз одам билан дўстлашишдан эҳтиёт бўлмоқ лозим экан.

* * *

Соғлик ва хасталик хусусида ягона бир фикр йўқ. Ҳиндларда бир фикр, хитойларда бошқа, тибетликларда ўзгача...
Хасталик бирданига бошланмайди. У ҳам маълум гуноҳлар учун ажрдир. Хасталикка шифо истасак, касалликка қадар бўлган ҳаётимизни бир-бир эслашимиз, Аллоҳга бўлган муносабатимизни, меҳримизни, ишқимизни, тақвоимизни чамалаб кўрмоғимиз лозим. Чунки одамнинг жисми касалликка чалингунича руҳи шикастланган бўлади. Руҳ даво топмай туриб, хасталик тўла даво тополмайди, озгинагина чекинади холос.

* * *

Биосфера, атмосфера, стратосфера... бундан ташқари Ерни ўраб турган яна бир қатлам бор. Буни ахборот оқимлари қатлами дейиш мумкин. Кимки шу қатламнинг маълум қисми билан боғланибди, шунга яраша илмга эга бўлибди. Ньютонга қадар неча минг одамниг бошига олма тушгандир, лекин уларнинг ҳеч бири Ернинг тортиш кучини ихтиро қилмаган. Архимедга қадар ҳам неча минг одам ваннада чўмилган, лекин сувга тушгани ҳамон Гиерон тожидаги тилла ва кумуш миқдорини аниқлашга доир илмий масалани ҳал қила олмаган. Архимеддан кейин ҳам неча миллиардлаб одам ваннада чўмиляпти, аммо, эрамиздан аввалги икки юзинчи йилдан буёғига ҳали ҳеч ким «Эврика!» («Топдим!») деб яланғоч ҳолида уйига югургани йўқ. Демак, олма ва ванна воқеаси дақиқасида бу олимлар биз айтаётган ахборот қатламига кирганлар.
Авлиёлар ҳам шундай бўлса керак...

* * *

Абу ад-Дардо розиёллоҳу анҳу шундай ривоят қилган эканлар:
— Расулиллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедиларким: «Агар менинг билганимни билсайдингиз, оз кулар, кўп йиғлар эдингиз. Ҳавойи нафс орзуларига берилиб яшалган бу дунё ҳаёти сизларга тубан кўринарди. Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришни устун қўйган бўлардингиз.»
Абу ад-Дардо пайғамбаримиздан бу ҳадисни нақл этганларидан сўнг, йиғилган жамоатга қараб шундай хитоб қилган эканлар:
— Менинг билганларимни билсайдингиз, тоғларга чиқиб Аллоҳга ёлборардингиз ва шунинг баробаринда ўз ҳолингизга йиғлардингиз. Бутун борлиғингиз билан йиғлаган бўлардингиз. Мол-мулкингизни ташлаб, улар ҲЕЧ НАРСА эмаслигига ишонардингиз. Афсуски, узун амал сизларнинг калбингиздан охират тушунчасини сидириб ташлаган. Дунё ҳаёти бирдан-бир амалингиз бўлиб қолган. Шу туфайли тўғриликдан юз ўгиргансиз. Баъзиларингиз қилган иши оқибатидаги фалокатни ўйламагани учун ҳавойи истакларини тарк этолмаган ҳайвонлардан ҳам ёмонроқсиз. Сизларга нима бўлган ўзи, бир-бирингизни севмайсиз, бир-бирингизни тўғри йўлга солмайсиз. Аҳвол шундайки, сўзда бир-бирингизнинг диний биродарисиз. Ичингизниг ёмонлиги сизларни бир-бирингиздан айирган, бир-бирингизни йиқитасиз. Агар тўғри йўлда бўлсайдингиз, бир-бирингизни севардингиз. Сизларга нима бўлган ўзи? Дунёвий ишларда бир-бирингизга йўл кўрсатасиз-у, охират масаласида худди шу ишни қилмайсизлар? Ҳеч бирингиз, дунёвий масалаларда севган ва ёрдам берган кишингизга, охиратга оид хусусларда сира насиҳат қилмайсиз. Бу ҳол сизларнинг қалбингиздаги имоннинг сустлиги туфайли юз беради. Агар дунё ҳаётини билганингиздай охират ҳаётини ҳам яқиндан билсайдингиз, унга ишонсайдингиз, у дунё учун ҳам бирор иш қилар, Аллоҳ ўртага қўйган имону ахлоқ асосларига мослашар эдингиз. Чунки охират ҳаёти сиз учун абадийдир. Йўқ, «дунё ҳаётига бўлган севгимиз ажойиброқ!» деёлмайсиз. Чунки, дунё ҳаётида ҳам баъзан келажакда қўлга киритишингиз мумкин бўлган нарса учун қўлингиздаги бор-йўқ нарсаларингизни фидо қиласиз. (Масалан, бир йил кейин эришишингиз мумкин бўлган ҳосил учун ҳозир қўлингизда тайёр турган уруғни сочасиз). Кутган нарсангиз бўлмай қолиш эҳтимолини билатуриб ҳам заҳмату машаққатларга кўмилиб, нақд нарсангизни қўлдан чиқарасиз. Комил имон соҳибларига хос аломатлардан маҳрум қандай ёмон инсонларсиз?! Айтинг, Аллоҳнинг расули ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.) тақдим этган ҳақиқатлардан шубҳангиз борми? Агар шундай бўлса, бу шубҳаларингизни баён этинг. Мен эса сизларга ҳақиқатни далиллари билан кўрсатай. Қалбларингизни қаноатлантирувчи нур билан ёритай. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, сизлар ақли ноқис кишилардан эмассизки, маъзур кўрсам. Чунки дунёвий ишларингизда тўғри ва фойдали нарсаларни фарқлай оласизлар. Қорнингизга ярайдиган нарсаларни қўлга киритишни яхши биласизлар. Уларга эга бўласизлар. Сизларга нима бўлган ўзи?! Оз бир дунёликни қўлга киритсангиз, севиниб сакрайсиз. Лекин озгина бу дунёликни йўқотсангиз қайғурасиз?! Шундайин қайғурасизки, бу нарса юзингиздан ўқилиб туради. Тилингиз уялмай шундан гап очаверади ва шу арзимас йўқотишни мусибатдай таърифлайсиз ва билмайсизки, бу хусусда гуноҳга ботасиз. Кўпларингиз дин асосларининг аксарини тарк этгансиз. Шундай бўлатуриб, юзларингизда заррача ўзгариш, қайғу аломатлари йўқ. Ҳолбуки заррача бу дунёликни йўқотсангиз юзларингизда қайғу аломатлари кўриниб қолади. Мен ҳозирча сизлардан Аллоҳ юз ўгирган, деб ўйламайман. Баъзингиз баъзингиз билан севиниб суҳбатлашасиз. Ҳар бирингиз бошқа бирингизни қабул қилганда уни ранжитмасликка тиришасиз, аммо буни фақатгина «у ҳам мени қабул қилганда хуш муомалада бўлсин», деб шундай қиласиз. Қалбларингизда эса бир-бирингизга нисбатан гинаю адоват ва душманлик бўлади. Бутун ҳаётингиз узун амалдан иборат. Ажални унутиш борасида бир-бирингизни ортда қолдираб кетгансиз. Истайманки, Аллоҳ сизларнинг бу ҳолларингиздан мени қутқарсин. Тинчлик, хотиржамлик берсин ва мени Аллоҳнинг расулига етиштирсин. Агар у зот ҳаёт бўлсайдилар, сизларнинг бу хатти-ҳаракатингизга чидай олмасдилар. Сизларда зако бўлса, мана сизларга ҳақиқатларни эшиттирдим. Аллоҳнинг наздидаги нарсаларни изласангиз, осонлик билан топасиз. Мен ўз нафсим учун ва сизлар учун ёлғиз Аллоҳдан ёрдам талаб қиламан.

* * *

Салкам бир ярим минг йил аввал тилдан кўчган бу ҳикматли гаплар бизгача етиб келди. Агар кераксиз, ёлғон аралашган, киши хулқини бузадиган сўзлар бўлганида ўша дамдаёқ чангга буланиб, унутилган бўларди. Бизгача етиб келдими, демак, ақлни бойитувчи маъноларни ўзимизга сингдиришимиз керак. Камина Абу ад-Дардонинг ҳикматларини ўқигач, ақлим етган даражада бир нималар ёзиб қўйган эканман:
Агар эртага эрталаб 100 доллар ишлаш имконияти бўлса, бу имкониятни қўлдан чиқармаслик учун тун бўйи ухламай ҳаракат қилиб чиқамиз. Минг доллар ишлаш учун ҳафта давомида ҳам ухламаслигимиз мумкин.
Дунёни шундай севамиз.
Ажаб! Нима учун ўша долларлардан азизроқ ва қимматлироқ бўлган жаннатни бу қадар севмаймиз? Жаннат ишқида бир тун уйқумизни ҳаром қилиб ибодат қилмаймиз? Ахир доллар топиш заҳмати оғирроқ, жаннатга етишмоқ эса осонроқ-ку?
Баъзан одам бойлик учун энг яқин дўстидан ҳам кечади, туғишган биродарларидан узоқлашади, кимнидир ғийбат балчиғига булайди, кимгадир туҳмат қилади ва ҳатто кимнидир ўлдиради.
Жаннатга етмоқ учун булардан йироқ бўлса кифоя, бошқа одамларга эмас, ўз нафсига зулм қила олса кифоя. Жаннатга етмоқ учун дўстидан юз ўгирмайди — оқибатда то сўнгги нафасига қадар яхшилар, меҳр-оқибатлилар қучоғидир яшайди. Туғишган биродарларидан узоқлашмайди — оқибатда ўзидан кейин қоладиган фарзандлари тақдиридан кўнгли тўқ бўлади. Бировни ғийбат қилмайди, бошқага туҳмат тоши отмайди — оқибатда бўлажак шармандаликдан қутулади. Бировни ўлдирмайди — оқибатда ўз авлодини хун тўлаш азобидан қутқаради. (Тўғри, ҳозир моддий хун тўланмайди, аммо руҳий хун деган тушунча ҳам бор-ку?)
Одам боласи бир айб иш қилиб қўйса, қамалиб қолишдан қўрқади. Чунки қамоқда ҳам маънавий, ҳам жисмоний азоб бор. Одам шу азоблардан қутулиб қолиш йўлларини излайди. Милисанинг, прокурор, судьянинг кўнглини овлаш пайига тушади.
Ажаб! Қамоқдан неча минг марта даҳшатлироқ ва азоблироқ бўлган дўзахдан нечун қўрқмайди? Нечун дўзахга тушмаслик чораларини изламайди?

* * *

Битта суякни талашаётган икки итнинг мақсадини тушуниш мумкин. Лекин емоқ-ичмоғи, киймоғи етарли, ҳатто мўл бўлган одамлар бир-бирларига зулм қилишса, уларнинг мақсадларини тушуна олмайман.

* * *

Деҳқон қишда яхоб бериб, ернинг шўрини ювади. Эътиқодсиз одамнинг пешонаси шўрини ким ва қандай ювади?

* * *

Ажаб манзара бу, ажаб манзара:
Атрофдан хуфтон азони эшитиладир. Хонадонларда эса кўзлар телевизорларга қадалган. Одамлар диққати мексикаликларнинг тутуруқсиз ва беҳаё кинофильмлари билан банд.
Фожиа бу, фожиа...

* * *

Донишманд ўзига нисбатан қаттиққўл бўлади-ю, бошқалардан ҳеч нима талаб қилмайди. У ўзининг тақдиридан ҳамиша рози. Ҳеч маҳал нолимайди, ўзининг қисмати учун бошқаларни айбламайди. Шу боис тақдирга тан бериб, хокисор бўлиб яшайди.
Нодон эса дунё неъматларига берилиб, жонини хатарга қўяди. Агар ўқ нишонга тегмаса мерган бошқани эмас, ўзини айблайди. Донишманд ҳам айнан шундай.

* * *

Бирон бир аёл эришган жавоҳири туфайли яхшироқ бўлиб қолган, деб ўйлайсизми? Ҳолбуки, қанчадан-қанча аёл жавҳарга етмоқ йўлида бузилди экан, бахтсиз бўлиб қолди экан? Қайси бир эркак тилло тўла сандиққа эга чиқиб, яхшироқ бўлибди? Бу сандиқларни тўлатиш йўлида қилинган зулм миқдорини ким ўлчабди экан?

* * *

Бойлик эгаларининг Аллоҳ салтанатига кирмоғи бениҳоя даражада мушкул дейишади. Камбағал сабр ва шукронаси бўйича ҳисоб берса, бой тўплаган хазинасига ҳаром аралашганми ё йўқми, уни нимага сарф этган, закотни тўғри берганми... хуллас шунга ўхшаш кўп бурчлари бўйича ҳисоб берар экан қиёматда. Насронийларнинг илоҳий китоби «Инжил»да айтилишича, бойнинг Аллоҳ салтанатига, яъни жаннатга кирмоғидан кўра туянинг игна тешигидан ўтмоғи осонроқ эмиш.
Ровийлар дерларким, бир подшоҳ «ҳаётни ўрганиб кел», деб ўғлини дунё сафарига юборибди. Орадан ойлар ўтиб, шаҳзода саройга қайтиб, бир кафтида тупроқ, яна бирида тош билан отасига рўпара бўлибди.
— Дунё кезиб топганинг шу бўлдими? — деб ранжибди подшоҳ. — Хўш, буларингдан қандай маъно уқмоғим керак?
— Подшоҳ қанчалар улуғ, қанчалар қудратли бўлмасин, у тупроқдан яралган ва оқибат яна тупроққа айлангуси. Шундай экан, то аслига қайтгунига қадар Аллоҳга мақбул ишларни қилиши, яъни раиятга меҳр-муҳаббатда бўлмоғи шарт экан. Тошнинг маъноси эса: хазинадан яхшилик йўлида фойдаланилмас экан, ундаги олтину жавоҳирнинг қадри билан бу тошнинг қиймати бир хилдир, — деб, шаҳзода бир ривоят айтибди:
— Зиқна бой далага чиқиб, хуржун тўла олтинини кўмиб қўйибди-да, хазина кўмилган ерни ҳар куни зиёрат қилаверибди. Қўшниси битта жойга узоқ тикилиб турувчи бойнинг бу қилиғидан ажабланиб, ўша ерни кавлабди-да, олтинларни олиб, ўрнига тош тўлдириб қўйибди. Зиқна бой кунларнинг бирида олтинларининг юзини силаб, бағрига босиб роҳатланиш мақсадида ерни кавласаки, хазина йўқ! Аламдан дод солиб турганида қўшниси яқинлашиб, не ҳол юз берганини сўрабди.
— Олтинларимни сарф қилмай шу ерга кўмиб қўйган эдим, кимдир ўғирлаб, ўрнига тош ташлаб кетибди, — деб жавоб берибди бой.
— Бекорга йиғлаяпсан, — дебди қўшниси. — Сен куйинмагин-да, тошни жойига кўмиб, ҳар куни зиёратингни қилавер. Сарф қилмаганингдан кейин бу чуқурчага тош кўмилганми ё олтинми, сен учун нима фарқи бор?
Ўғлидан бу ривоятни эшитган подшоҳ аччиқланибди-да:
— Демак, сенингча бойлик тўплаб, сақлаш шарт эмас экан-да? — дебди.
— Бойликка эга бўлмаслик ёмон, бойликка эга бўла туриб, ундан оқиллик билан фойдалана олмаслик ундан-да ёмонроқ, — деб жавоб берган экан доно шаҳзода.

* * *

Сабр гадони подшоҳ даражасига кўтариши мумкин. Сабрсизлик подшоҳни гадолик ботқоғига ботиради. Юсуф алайҳиссалом сабр қилган эдилар, юқори мартабага етдилар. Зулайҳо нафсига банди бўлиб сабрсизлик қилган эди, унга хорлик ва шармандалик насиб этди.

* * *

Бир маҳаллага ўт кетиб, деярли барча уйлар ёнибди. Бу хабарни эшитган одам хавотирланиб, югуриб келаётган экан, қўшниси пешвоз чиқиб:
— Ташвишланманг, бутун маҳалла ёнди, аммо сизнинг уйингизга ҳам, дўконингизга ҳам ўт етмади, — деб суюнчилабди.
Бу хушхабарни эшитган одам беихтиёр равишда:
— Йа Аллоҳим, менинг мулкимни омон сақлабсан, ўзингга шукр, — деб қувонибди. Аммо уч-тўрт қадам юргач, қандай гуноҳга ботганини англаб, йиғлаб юборибди-ю, саждага бош қўйиб истиғфор айта бошлабди.
Аллоҳ унинг мол-мулкини асрагани учун ҳамд айтган эди. Энди нечун тавба қиляпти?
Гап шундаки, унинг шукронаси замирида худбинлик мавжуд. Яъни, маҳалланинг куйиб кул бўлгани уни ташвишга солмаган, биродарларига ачинмаган, у ўзининг уйи омон қолгани учунгина хурсанд эди. Аввалига билмадики, Аллоҳ уни синаш учун мулкини омон сақлади. Эртами индин янада азоблироқ синов юбориши мумкин. Яъни, бутун маҳаллани омон сақлаб, унинг мулкини кулга айлантирмоғи ҳам эҳтимол. У киши шу ҳақиқатни англаган, мулкини жабрдийдаларга улашиб, сўнгги нафасига қадар тавба қилган экан.
У киши-ку гуноҳини англабди.
Англамаганлар қанча? «Отилган ўқ тўнкага санчиладими ёки қўшнимнинг кўксигами — мен учун фарқи йўқ, менга тегмаса бас», дейдиганлар озми?
Бундайларга деймизки, «Нодонлик қилманг, биродар, қўшнингизга ўқ узган тўппонча тепкиси яна бир марта босилиши мумкин, балки иккинчиси тўнкага ҳам эмас, қўшнингизга ҳам эмас, айнан сизнинг кўксингизга аталгандир? Сиз Аллоҳдан «Қўшнимни паноҳингда асра!» деб сўранг. Йиғлаб-йиғлаб юракдан сўранг. Шунда Аллоҳ сизни ҳам асрайди. «Қўшнимнинг ризқига барака бер», деб сўранг. Аллоҳ сизнинг ризқингизга ҳам барака беради.
Бир кишининг уйида сичқонлар кўпайиб кетибди. Дўсти мушук сотиб олинг, деб маслаҳат берибди. «Йўқ, биродар, мушук олсам, сичқонлар қўшнимникига қочиб чиқиб, уларни безовта қилади», дебди у одам. Яна бир одам қўшнисининг камчиқим бўлиб қолганини сезса, уйида уч-тўрт кун қозон осдирмас экан. «Биздаги таомнинг ҳиди уларнинг димоғига урилиб, қийнамасин», дер экан.
Сиз балки «Ундан кўра қўшнисига пул берса ёки таом чиқарса бўлмайдими?» дерсиз? Гап шундаки, жоҳил қўшни ҳадя, эҳсонни рад этиб, «мен сизга гадоманми?» деб ўжарлик қилар экан. Бунақа ҳолларда «Мен бердиму сен ноз қилдингми, баттар бўл», деб маишатини қилаверадиганлар ҳам бор. Булар Аллоҳнинг синовини англамаган гуноҳкор бандалардир. Йа Аллоҳ, бундайларга ўзинг ҳидоят бер!

* * *

Бир одам иккинчисига ҳамдардлик билдиряпти. Зоҳиран шундай. Аслида эса бу дарддан тезроқ узоқлашишга ҳаракат қиляпти. Бировнинг дардига кимнинг тоқати бор? «Дардингизга шерикман», дейиш фақат тилда. Агар одамлар ўзганинг дардига чин дилдан «шерик» бўлганларида эди, бу оламдаги дардлар парча-парча бўлиб кетармиди?
Бир япон йигит хўжайинига рўбарў бўлиб, жилмайибди-да, уйга бориб келиш учун уч кунга рухсат сўрабди.
— Уч кун уйингда нима қиласан? — деб сўрабди хўжайин.
— Отам ўлибдилар, кўмиб келаман, — дебди йигит.
— Отанг ўлган бўлсалар нега жилмайиб туриб рухсат сўраяпсан? — деб ажабланибди хўжайин.
— Отамнинг ўлими — менинг дардим. ғамнок қиёфага кириб сизни дардимга шерик қилишни истамадим, — дебди йигит.

* * *

Турналар учиб келса, қалблар шодланади. Турналар учиб кетар маҳалда қалблар етим каби маъюсланади. Қарғалар учиб келганида биров қувонмайди, учиб кетса биров ғашланмайди. Йа, Роббим, кишининг қарғамижоз бўлиб қолишидан ўзинг асра!

* * *

Деворнинг тарихини, вазифасини биласизми? Деворни ким, қачон ва нима учун кашф қилган? Дастлабки девор — тўсиқлар шох-шаббалардан иборат бўлиб, экинзор ёки боғни жониворлардан иҳота қилгандир. Бундай тўсиқлар ҳозир ҳам қишлоқларда мавжуд. Тош, пахса, Қишт деворнинг дастлабки вазифаси эҳтимол хонадонни ёвдан, ўғри, қароқчилардан ҳимоя қилиш бўлгандир. Ҳозир эса бундай баланд деворларнинг яна бир аянчли вазифаси бор — ака-укалар бир-бирларининг юзларини кўрмаслик, овозларини эшитмаслик учун ҳовли ўртасидан тўсадилар. Бир қоринга сиққан оға-инилар энди бир ҳовлига сиғишмайди. «Кенгга кенг дунё, торга тор дунё», деганлар. Тор қалблар отадан мерос ҳовли ўртасига девор урмоқни ихтиёр этади. Бу — иймон ожизлигининг зоҳирдаги кўриниши. Бу — Аллоҳнинг бир-бирларингизга меҳр-муҳаббатли бўлинглар, деган амрига итоат этмаслик. Девор — Аллоҳ амрига бўйсунмаганлик учун охиратда жазо олинажагига бир белги.
Ровийлар дерларки, бир ака худойи қилмоқ ниятида қўй етаклаб қассобга бораётган экан. Шу онда унинг қулоғига илоҳий бир овоз келиб дебди-ки: «Эй Одам фарзанди, сен укангни ранжитгансан, аввал бориб ундан узр сўра, розилигини ол. Ораларингиздаги хафаликни қув. Ана ундан кейингина қўйингни сўй. Шундагина садақанг қабул бўлажак...»
Ҳозир эса... ака тўй қилса, ука чорланмайди, ука эҳсон қилса, бир коса таомни акага илинмайди. Чунки ўртада девор бор. Бу ғишт деворни йиқиш чораси мавжуд. Аммо қалблардаги деворнинг қандай чораси бор экан? Қалблардаги девор мавжуд экан, бу хонадонларда файз-барака бўлмайди. Файз-барака меҳр-муҳаббатли хонадонларга аталган.
Бир маҳаллада ака-укаларнинг узоққа чўзилган можароси ўртага девор олиш билан якунланди. Жонга теккан можаронинг охирлаганидан, кўнгли тинчиганидан хурсанд бўлган ака қўй сўйиб, худойи қилди, маҳалла аҳлини сийлади. Бундан ажабланмай бўларканми? Аллоҳнинг хоҳишига зид борган ҳолда яна «худойи» қилишда қандай маъно бор? Бу худойи ошини еб, қоринни силаб, тишни кавлаб чиқувчилар гуноҳга шерик бўлмадилармикин, валлоҳи аълам?
Бировлар яқинларининг меҳр-муҳаббатига ташна. Болалик чоқларида қандайдир сабаб билан йўқолиб қолган жигарларини акалар ёки опалар, укалар ёки сингиллар умид билан излайдилар. Ҳа, бировлар бир-бирларига интилиб яшайдилар, бировлар эса... Ака-ука битта масжидда намоз ўқийди. Масжид остонасидан ҳатлагач эса юзкўрмас бўлиб юраверади. Уларнинг бу ҳолатларидаги ибодатлари қандай ибодат бўлди экан? Улар силаи раҳм хусусиндаги оятлар ва ҳадисларни билишармикин? Албатта масжид имомларининг маърузаларида эшитишгандир. Аммо Аллоҳнинг буйруғига итоат этишлари шарт эканлигини ўйлаб кўришмагандир. Шундай бемеҳрларга эслатма сифатида бу ривоят баёнини тақдим этишни лозим кўрдик.
Абу Лайс Самарқандий ҳазратлари Яҳё ибн Салимдан ривоят қилган эканлар:
«Маккаи мукаррамада биз билан бирга Хуросон аҳлидан бўлган бир киши бор эди. У солиҳ киши эди. Одамлар унга ўз омонатларини қўяр эдилар. Бир киши келиб, ўн минг дирҳам қолдирди-да, ўзи узоқ сафарга кетди. Қайтганида хуросонлик киши вафот этган эди. У киши ўша куни Маккада йиғилган олимлардан бу масалани сўради: «Фалончига ўн минг дирҳам ташлаб кетган эдим. У киши ўлибди. Хотини ва ўғлидан сўрасам, билишмас экан. Менга энди нимани буюрасизлар?»
Айтдилар: «Бизлар хуросонликни жаннат аҳлидан, деб умид қиламиз. Кечанинг учдан бири ёки иккинчиси ўтса, замзам қудуғи олдига келгин ва мана бу сўз билан хабар бергин:«Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!»
Ҳалиги одам келиб уч марта айтди, бироқ, ҳеч ким жавоб бермади. Сўнгра олимларнинг олдига келиб, уларга бу хабарни етказди, айтдилар: «Албатта биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтажакмиз! Бизлар сенинг дўстинг дўзах аҳлидан бўлмоғидан қўрқаяпмиз. Энди Яманга боргин, у ерда бир водий борким, уни Бархут дерлар. У ерда бир қудуқни кўрасан. Унга яқинлашгинда кечанинг учдан бири ёки учдан иккиси ўтганда: «Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!»-деб бақиргин». У айтилган ерга бориб овоз берди. Биринчи чақирувдаёқ жавоб эшитилди. Омонат эгаси ачиниб дедики: «Шўринг қурсин, сени бу ерга нима туширди? Сен яхшиликлар эгаси эдинг-ку?!» Жавоб келдики: «Менинг Хуросонда аҳли байтим, қариндошларим бор эди. Улар билан узилиб яшадим. Аллоҳ таоло менинг шу гуноҳим учун бу азоб билан ушлаб шу манзилга ташлади. Аммо, сен ташвишланма, молинг ўз ўрнида турибди, мен ўғлимга билдириб қўйишга улгуролмай жон талсим қилгандим. Молингни уйимнинг фалон ерига кўмганман, борсанг, топасан».
Шу ривоятнинг ўзи барчага ибрат эмасми? Мана буниси-чи:
Ровийлар дерларким, ота вафот этиб, бир қопгина буғдой мерос бўлиб қолибди. Ака-ука буғдойни тенг иккига бўлиб олишибди. Тунда уканинг кўзидан уйқу қочиб, ўзига ўзи дебдики: «Эй нодон, нима қилиб қўйдинг? Сен шу буғдойга муҳтожмисан? Сўққабош бўлсанг, биттагина қорнингни тўйдиролмайсанми? Акангнинг болалари бор, уларга нон топиш осонми?» Шу хаёл билан ука ўрнидан туриб, омборхонага чиқибди-ю, ўзига тегишли буғдойдан акасининг хумига солиб қўйибди. Иттифоқо шу дамда аканинг кўзидан ҳам уйқу қочибди, у ўзига ўзи дебдики: «Эй нодон, сен нима иш қилиб қўйдинг? Отанг сени уйлантириб, укангнинг тўйини кўрмай ўтди. Уканг энди қорин ташвишидан ташқари уйланиш ташвишини ҳам қилиши керак. Унга инсоф қил». Ака ўрнидан туриб омборхонага чиқибди-ю, ўзига тегишли буғдойдан укасининг хумига солиб қўйибди.
Бу ҳаракат ҳар тун такрорланаверибди.
Ой ўтибди, йил ўтибди, аканинг ярим хум буғдойи ҳам, уканики ҳам ҳеч тугамасмиш. Улар бу сирдан ажабланиб, донишмандга боришибди. Донишманднинг талаби билан тундаги қилмишларини айтиб беришибди. «Инсоф сари барака», деган ҳикматни донишманд ўшанда айтган экан.
Ҳовлиларни бўлиб олаётган, юзкўрмас бўлиб юрган ака-укалар! Ўзингиз тиклаган девор атрофида ота-оналарингизнинг руҳлари азоб чекиб, чирқираб юрган бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

* * *

Фикрнинг ғоят доно ва қадрли эканлиги фикр эгасининг ўлимидан анча кейин маълум бўлиб қолади.

* * *

Донишмандлар дейдиларким: Ҳақиқатга кўрсатиладиган энг катта лутфу карам — унга амал қилмоқлик экан. Аммо дунёда ҳеч нимага ҳақиқатчалик машаққат билан эришилмайди. Ҳақиқатни излаш, унга етиш учун ойлар, баъзан йиллар зарур бўлар. ҳаёт шундайки, бунда ҳақиқатдан кўра хатони топиш осонроқ. Хато кўриниб туради, уни дарров пайқаймиз, ҳақиқат эса пинҳона яширинган бўлади ва уни ҳар ким ҳам топавермайди. Ҳақиқатга етишмоқликнинг энг асосий шарти — ҳақиқатни севмоқликдир. Зотан, фақат ҳақиқатгина чинакам гўзалдир, фақат угина меҳр-муҳаббатга лойиқдир. Ҳақиқатни шунчаки севиш ва гапиришнинг ўзи кифоя эмас, ҳақиқатни бирон-бир улуғ мақсадни кўзлаган ҳолда севиш ва гапириш керак бўлади. Бир одам бирор фойдали ҳақиқатни очгунича, юзларча одам омадсиз изланишлар ва аянчли янглишишлар билан ўз умрини хазон қилмоғи ҳам мумкин. Ҳақиқат излаш вақтичоғлик билан эмас, ҳаяжон ва ташвишлар билан ўтади. Аммо шунда ҳам барибир уни изламоқ лозим, акс ҳолда, ҳақиқат топмасак, уни севмасак, ҳалок бўлмоғимиз тайин. Ҳақиқатни ўргана туриб, уч мақсадни кўзда тутиш зарур: уни излаб топишимиз, топгандан сўнг, албатта, исботлашимиз, ниҳоят, ҳақиқатни изоҳлаб, исботлаётганда уни сохталикдан ажрата билмоғимиз шарт.

* * *

Кимки интилмаса, у ҳеч нарсага эришмайди, кимки шижоат кўрсатмаса, у ҳеч нарсалик бўлмайди, кимки ўзининг маънавий қувватидан фойдаланмаса, бу қувват уни тарк этади.

* * *

Бир одам машинасида кетатуриб, йўл ўртасида ётган итнинг ўлигини кўрди. У ўзининг итини таниди, машинасини секинлатди, аммо тўхтатмади. Ёнидаги ҳамроҳига қараб:
— Қаранг, олапарнинг куни ҳам битибди. Эрталаб кўринмаган эди-я, — деди.
Ит умри бўйи унга садоқат билан хизмат қилган эди. Ўлимига ҳам шу садоқати сабаб бўлди — хожасининг ошхонасидан гўшт ўғирлаётган мушукни қувиб бораётган эди...
Итнинг садоқатига хожаси хиёнат билан жавоб берди. Агар дунё айланиб, бу одамнинг бошига шундай кун тушса, ит хожасининг жасадини ташлаб кетмаган бўларди...

* * *

Машинанинг орқа ўриндиғида уч аёл ўтирибди. Учовининг ёши олтмишдан ошган. Улардан бирининг қайнонаси яқинда оламдан ўтган. Аёллар ўша қайнонадан қолган матохлар, латта-лутталарнинг меросхўрлар орасида нотўғри тақсимланганини муҳокама қилиб боришяпти. Уларнинг ҳар бирлари ўзларича донодирлар, ўзларича ҳалолдирлар, ўзларича адолат эгасидирлар. Гўё яратган Ҳақ барча ақлни уларгагина берган-у, бошқалар бу неъматдан бенасиб қолганлар.
Ақлнинг ўлчови йўқ. Ҳар ҳолда ўзини доно сановчи ҳар бир инсонда озми-кўпми Худо берган ақл мавжуд. Лекин гап бу ерда ақлдан қандай фойдаланишда. Одам боласи ёнидаги юз сўм пулга битта нон олиб еб қорнини тўйғазиши ёки шу пулга сақич харид қилиб, чайнаб-кавш қайтариб, пуфак чиқариб юриши ҳам мумкин.
Машинадаги уч аёлнинг занглаган ақллари демайдики: «Эй инсон, сен нималарни ўйлаб бош қотиряпсан? Латта-луттага куйиниб жавраётган маҳалингда ёнингга яқин келиб қолган ўлим сендан куляпти. Ахир олтмиш йилдан зиёд умр кўрдинг. Бу ёғи қанча қолди? Ўша латта-лутталар эгаси бўлмиш кампир салкам тўқсон йил яшади. Оқибат, топганларини, йиққанларини ташлаб кетди. Шу ҳолнинг ўзи сенга ибрат бўлмайдими? Сен шу матоҳларсиз олтмиш йил яшадинг. Шу латта-лутталарсиз яна 10—15 йил яшай олмайсанми? Бойликсиз, латта-луттасиз яшаш мумкин. У дунёда «қайнонангнинг матохларидан нега кўпроқ улуш ололмадинг?» деб сўралмайди. Имонсиз яшамоқ мумкин эмас. Шу боис у дунёда «нима учун имонсиз яшадинг?» деб сўралса керак...»
Автомобилнинг ғилдираклари шитоб билан айланади. Умримиз ғилдиракларининг ҳам шу каби, балки унданда тез айланишини идрок қилмаймиз. Хотинларнинг ғийбати, иғвоси авжга чиққан маҳалда биргина туртки ёки йўлдаги муштдеккина тош сабаб бўлиб ҳалокат юз бериши, уларнинг жонлари шу онда, ғийбатни охирига етказа олмасларидан узилиши мумкин. Тил ғийбат билан банд бўлганда шаҳодат калимасига ўрин йўқ. Роббим, бандаларингни шундан асрагин!

* * *

Айрим жойларда киши вафот этгач, айрим кийимлари кўзга кўринарли жойга қатор қилиб илиб қўйилади. Бу одатни баъзилар шарҳлай олмайдилар, айримлар бу кийимлар ғассолга бериб юборилади, дейишади. Бизнингча мазкур одатнинг маъноси бундай: кийимларни осиб қўйиш билан дейилмоқчики: «Ана, кўриб қўйинглар, бу инсон ўлиб, ўзи билан ҳеч нарса олиб кетмади. Ҳатто кийимлари ҳам қолди. Кўринглар, шунга қараб фикр қилинглар ва мол-дунёга берилишдан тийилинглар!»

* * *

Бир одам фарзандларининг бемеҳрлигидан шикоят қилиб: «Мен отам ўлганида йиғламадим, онам ўлганида йиғламадим, ич-ичимдан эзилдим. Энди шу ёшга кириб, болаларимдан меҳр кўрмай йиғлаяпман», деди. Балки ота-онаси билан видолашаётганда йиғлаганида — ҳозир ўз қадрига йиғламасмиди...
Фарзандларидан нолийдиган одамлар оз эмас. Отанинг фарзанддан нолишига ҳаққи борми? Йўқ. Боғбон шафтоли данагини экиб ниҳол ундирса, сўнг бошқа нав шафтолининг новдасини олиб келиб, пайванд қилса, сўнг парваришласа-ю, у дарахт ширин эмас, аччиқ ёки нордон мева тугса. Бунга дарахт айбли бўладими ёки ўша мевами? Боғбон қандай данак эккан эди, аниқ билармиди? Қандай новда улади, сувдан вақтида хабар олиб турдими, кераксиз новдачаларни кесиб қўйдими, дарахт барглари офтоб нуридан етарли баҳра олдими?
Фарзанд отанинг пушти-камаридан дунёга келган бўлса, уни отанинг ўзи тарбия қилгани ҳолда яна нолиса? Илмий жиҳатдан, ирсият қонунлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ота-онанинг феъли, табиати фарзандига ўтади. Меҳрибон одамдан бемеҳр бола туғилмайди. Тўғри, кейинчалик атроф-муҳит бола онгига, хулқига таъсир қилади. Лекин ота-она ана шу таъсирни ҳам бошқаришлари шарт. Агар ота бўлмиш ўзининг ота-онасига, ака-укалари, опа-сингилларига меҳрибон бўлса, ширинсўз бўлса, уларнинг қадрига етса ва буни боласи кўриб, билиб турса бу фарзандга ортиқча гапнинг ҳожати йўқ.
Биз фарзандимиздан нолишдан олдин «ўзимиз фарзанд бўлиб ота-онамизга қандай ҳунарлар кўрсатган эдик?» деб ўйлаб кўрайлик. Балки ота-онамизга қилган қилиғимиз энди фарзандимиз воситаси билан ўзимизга қайтаётгандир? Балки орадан йиллар ўтиб ҳаёт кўзгусида ўзимизни ўзимиз кўраётгандирмиз?

* * *

Одамзот танасида олти аъзо борким, уларнинг учтаси ўзига бўйинсунмайди, учтаси эса ўзининг ҳукмида. Кўз, қулоқ, бурун одамга бўйинсунмайди. Кўргиси келмаган нарсасини кўришга, эшитгиси келмаган гаплар ёки товушларни тинглашга, хуш ёқмайдиган исларни ҳидлашга мажбур бўлади. Оёқ, қўл, тил эса одамнинг ҳукмида. Тил билан илоҳий каломларни, ширин сўзларни айтиши ёки аксинча бунинг ўрнига тилини ғийбат, иғво, ярамас гаплар билан банд этмоғи мумкин. Қўллари билан гўзал буюмлар яратиши ёки гўзаллик обидаларини қўпориши ёинки шу қўл билан эҳсон, ҳадя бериши, ёки ўзгалар мулкини ўзлаштириб олиши ўз ихтиёрида. Оёқлари эса, истаса — уни ибодатга, истамаса — фоҳишахонага олиб бормоғи мумкин.

* * *

«Аллоҳдан қўрқинглар!» деб кўп огоҳлантиришади. Бу хусусда ояти карималар ҳам мавжуд. Мен мазкур иборанинг талқини хусусида кўп ўйлайман. Ўйларимни баён этмоққа журъат қиламан, йа Роббим, мени адаштирма.
«Аллоҳдан қўрқмоқлик»ни тўғридан тўғри, айнан тушунмаслик керак. Чунки Аллоҳ — раҳмли, шафқатли, тавбаларни қабул этиб, гуноҳларни кечиргувчидир. Дўзах азобларидан қутқарувчи, жаннат боғларини инъом этувчи меҳрибондир. Демак, Аллоҳнинг ўзидан эмас, унинг ғазабидан, айбларимиз учун Аллоҳ белгилаб қўйган жазоларга, азобларга мубтало бўлиб қолишдан қўрқмоғимиз ва гуноҳ ишлардан тийилмоғимиз шарт.
Ривоят қилурларким, Расулиллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ҳамроҳлигида бир ерга кетаётганларида саҳобалар ўзаро ҳазил-мутойибалар қилишиб, кулишиб бораётган эдилар. Шунда Расулиллоҳ алайҳиссалом дедиларким:
-Эй асҳоб, қиёматда сизнинг боражак ерингиз дўзах оташидир. Нега кўп куласизлар?
Бу гапни айтишлари билан Жаброил алайҳиссалом тушиб келдилар ва дедиларким:
-Йа Расулиллоҳ! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилдики, нимага менинг бандаларимни қўрқитасан, уларнинг гуноҳини мағфират этувчи ғафуру Роҳиймдурман.
Аллоҳ бандасини дабдурустдан, бекордан бекорга жазоламайди. Сиз билан биз, ҳатто неча-неча аждодларимиз ҳали дунёга келмаёқ Аллоҳ бандаларини огоҳлантириб, гуноҳлар учун аниқ жазоларни тайин этиб қўйган. Демак, биз энг аввало ўзимизнинг нафсимиздан қўрқишимиз, нафснинг хожаси шайтон алайҳилаънадан ва унинг оёқларимиз остига ташланган сиртмоқларидан қўрқишимиз керак. Айни тушунчани ҳам тўғри англамоғимиз жоиз. Чунки қўрқиш — қочиш ёки писиб ўтириш демакдир. Нафс ва шайтондан қўрқиш — улар етовида юриб, оқибатда дучор бўлинажак қиёмат азобларидан қўрқмоқликдир. Ана шу қиёматдаги жазодан қўрқиш бандани нафс ва унинг хожаси шайтонга қарши жиҳодга отлантирмоғи лозим. Албатта, биз шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳга юкинибгина паноҳ топамиз. Бироқ, бу паноҳга етмоқ учун ҳам курашмоқ зарур.
Хулосамиз шуки, Роббимиз, яъни тарбиячимиз бўлган Аллоҳ таборак ва таолони бутун қалбимиз билан, бутун жонимиз билан ва бутун онгимиз билан севмоғимиз шарт. Шунинг баробаринда ўзгаларни ҳам ўз-ўзимизни севганимиз даражасида севмоғимиз лозимдир. Чунки Аллоҳ бандаларини, яъни ўз биродарларини севмай туриб «Аллоҳни севаман», дегувчиларнинг гапларига инонмоқ мушкул.

* * *

Балиқ, каламуш ва бўриларнинг имтиёзлари шундан иборатким, улар талаб ва эҳтиёж қонунига биноан кун кўрадилар. Инсон ҳаётининг қонуни эса адолатдир.

* * *

Инсонлар ёлғони ва адолатсизлигига дуч келинган дамларда ҳам мўъмин бўлмоқликдан чарчамаган ҳолда ҳақиқатни ҳимоя қилмоқ ва адолат билан иш юритмоқ — ҳаётдаги энг бебаҳо нарсадир.

* * *

Кўп гапирган одам кам ҳолларда айтган сўзларини амалга оширади. Доно эса, айтаётганларининг амалидан ошиб кетишидан қўрқади.


* * *

Зулмнинг ота-онаси - нафсдир. Нафс - гўё валади зинодир. Унинг оқибати - ҳалокатдир. Зулм - ўзганинг зулмни чақиради, нафс - ўзганинг нафсини ўзига чорлайди.
Бир сичқон жаҳду жадал билан дарахт томирини кемира бошлади. Дарахт тилга кириб дедики:
-Эй ситамкор, нима учун жоним ришталарини қирқяпсан?
Сичқон унинг нолаю зорларига эътибор бермай ўз ишини давом эттираверди. Ногоҳ илон пайдо бўлди-ю, сичқонга ҳамла қилди ва бир дамда ютиб юборди. Шу онда типратикон келиб илоннинг думидан тишлади. Илон жон аччиғида ўзини ура бошлади, оқибатда типратиконнинг тиканларида ҳамма ёғи пора-пора бўлди. Типратикон уни еди. Бу онда тулки пайдо бўлди. Типратикон бошини тиконлари орасига яширди. Тулки ҳийла ишлатди: уни ётқизиб, устига ёзилди. Типратикон «ёмғир ёғяптимикин?» деб бошини чиқарган эди, тулки шарт тишлаб бу бошни узди, сўнг қорнини ёриб еди. Нафси қониқмай туриб ёввойи ит келди-ю, уни поралаб ташлади. Ит унинг гўштлари еб тугатмай, ўзи қоплонга ем бўлди. Қоплон гўшт лаззатидан роҳатланиб турганида овчининг ўқига учради. Овчи унинг терисини шилиб олиб кетаётган эди, йўлда бир одамга дуч келди. У одам терига ишқибоз бўлиб овчи билан урушди ва уни ҳалок қилди. Ўлжасидан қувониб кетаётган эди, оти қоқилди-ю, ўзи йиқилиб тил тортмай жон берди...
Жониворларни эҳтимол айблаб бўлмас. Уларнинг тирикчилиги шу. Одамлар-чи?


* * *

Инсон тили ширин сўз айтиб, ўликни тирилтириши ёки заҳарли сўз айтиб, тирикни ўлдириши мумкин.
Бир одам айиқ билан дўстлашиб қолиб, уни меҳмон қилибди. Зиёфат охирлаб, айиқ кетишга изн сўраганида у одамнинг меҳри жўшиб, айиқни ўпиб хайрлашибди-да, хотинига ҳам шундай қилишни буюрибди. Хотин айиққа яқинлашгач, жонивордан таралаётган ҳидга чидолмай, четга қараб тупурибди-да:
— Сассиқ меҳмонларга тоб-тоқатим йўқ, — дебди.
Айиқ индамай чиқиб кетибди. Орадан кунлар ўтиб одам дўстини кўргиси келиб йўлга отланибди. «Қайтишда ўтин кесиб келарман», деб болтасини олволибди. Айиқ уни қувонч билан қаршилаб, меҳмон қилибди. Сўнг «Шу болтанг билан бошимга бир уриб ёр», деб илтимос қилаверибди. Айиқ ялинавергач одам унинг бошини ёрибди. Оғриқдан ўкирган айиқ ўрмонга кириб ғойиб бўлибди. Одам эса таажжуб ва афсус билан уйига қайтибди. Орадан бир ой ўтиб, айиқ одамникига келиб дебдики:
— Бошимни уриб ёрган эдинг, қара, ярам битди. Аммо хотинингнинг тили билан тилинган қалбим яраси ҳалигача битмади.
Тилга, аниқроқ айтилса, тилдан учувчи сўз қадри ҳақида айтилган мақоллар, ҳикматлару ривоятларнинг ҳисоби йўқ. Барчасини бир-бир санашга бизда имкон йўқ, аммо айримларини айтмоққа эҳтиёжимиз бор:
Сўзнинг ханжар бўлиб, киши қалбига санчилиб, ҳалок этмоғи мумкинлигини ёинки тириклик суви бўлиб ўликни тирилтира олувини ҳазрат Навоий байтларида баён этганлар. Яна донишмандлар айтишганки: «Айтган сўзим хожам, айтмаганим қулим». Яна ҳазрат Умар дебдиларким: «Жаннатга олиб борувчи ҳам, дўзахга етакловчи ҳам шу тилдир»...
Ривоят қилурларким, бир болакай катталарда ҳам тез-тез учровчи оғир хасталикка мубтало экан. Бу хасталикнинг номи бирон бир тиббий китобда қайд этилмагани сабабли халқ бундай беморларга «Эзма-чурук» ёки «Шақ-шақ», ёки эркалатиброқ «маҳмадона» деб ташхис қўяр экан. Бизнинг болакайимизга илашган хасталикка айнан «маҳмадона» демоқлик дуруст бўлар.
Кунларнинг бирида шу болакайнинг тишлари нола қилиб дейишибдики:
— Бу тил бизнинг бошимизга битган бало бўлди-ку, сира ҳам тинчлик йўғ-а, озгина тийила қолса-чи?
Бу ноладан ғаши келган тил сурбетлик билан жавоб қайтарибди:
— Мен билан нима ишларинг бор? Менинг назоратимдан ўтган нарсаларни чайнангу, бошқа нарса билан ишингиз бўлмасин. Сизлар кимсизлару мен кимман! Сизлар бирин-сирин жойингизни бўшатиб, тушиб кетасиз. Мен эса ўз жойимда ҳукмрон бўлиб қолавераман. Шунинг учун менинг ишимга аралашишга ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Айниқса, сизларнинг аҳмоқона насиҳатларингизга сира тоқат қила олмайман.
Бу танбеҳдан сўнг тишлар жим қолишибди-ку, болакай тушмагур ўрними-ўрнимасми, дуч келган ерда маҳмаданалик қилаверибди. Қулоқлар етказган айрим ҳикматларни баъзан мағзини чақмай, баъзан бузган ҳолда катта-кичик давраларда сайраб айтаверибди.
Маҳмаданалиги шу даражага етибдики, болакай бир даврада гапира-гапира кулгига қолибди-да, шармандаликдан қутулиб қолмоқ учун ёлғон гапларни айта бошлабди. Ана шунда тишларнинг сабр косалари тўлиб, ёлғончи тилни гапиртирмаслик қасдида шарт тишлашибди.
Тил аввал қизарибди, кейин қонаб кетибди. Болакай эса, оғриқданми ёки уятданми йиғлаб юборибди.
Ўшандан бери тил беҳуда тиш ҳатламас эмиш, болакай ҳам бир гап айтмоқдан аввал етти марта ўйлаб кўрармиш...
Болакай-ку, эсини тўплаб олибди. «Ёшлигингда одат қилсанг қаригунингча кўникасан, қариликда одат қилсанг — кўниккунингча кўмиласан», деб бекорга айтмаганлар.
Бир мамлакатда беҳуда, ёлғон гаплари билан бемаза ном чиқарган одам бор экан. Унинг ёлғон гап тополмай қийналган чоғидагина рост гапириши мумкинлиги ҳатто подшоҳга ҳам аён экан. Подшоҳ беш йилга мўлжалланган сафарга отланибди-ю, заҳар тилли одамни чақириб:
— Беш йил ичида ҳеч бўлмаса биттагина тўғри ва яхши гап айтгин, бу хизматинг учун мен сенга бошдан-оёқ сарупо қилай, — дебди.
Заҳар тилли одам бу гапни эшитиб, бош чайқабди:
— Агар сафардан тирик қайтмасангиз менга ким сарупо беради? Бекорга хизмат қилиб қолавераманми?
Подшоҳ ғижинибди-ю, сафар олдидан уни жазолагиси келмабди.
Орадан икки йил ўтиб, заҳар тилли одам зерикибдию подшоҳни соғиниб, уни излаб йўлга чиқибди. Охири топибди ҳам. Унинг шоҳона чодирга яқинлашаётганини кўрган подшоҳ вазирига:
— Ана, совуқ нафас келяпти. У барибир ёлғон гапириб таъбимизни хира қилади. Шунинг учун сен ундан ҳеч нимани сўраб-суриштирма. Фақат итимнинг аҳволини сўрасанг бас, — дебди.
Заҳар тилли одам кириб подшоҳнинг оёқларини ўпибди. Шунда вазир:
— Аъло ҳазратнинг итлари қай аҳволда? — деб сўрабди.
— Ит бечора ўлиб қолди, — дебди заҳар тилли одам. Вазир бу гапдан ажабланиб, подшоҳнинг огоҳлантиришини унутиб, сўрашни давом этибди:
— Ит нега ўлди? Илон чақдими?
— Йўқ. Подшоҳи оламнинг севган оқ туялари ўлган эди. Ит ана шунинг гўштини еб, бўкиб ўлибди.
— Ие, оқ туя нимадан ўлди?
— Подшоҳи оламнинг қиблагоҳлари, улуғ маликамиз вафот этган эдилар. Тобутни шу туяга орта қолган эдик, йўлда чидолмади, жонивор.
Бу хабардан кейин подшоҳнинг юраги ёниб, заҳар тилли одамни сўроқ қила бошлаганини ўзи ҳам сезмай қолди:
— Онам қандай хасталикдан ўтдилар, табиблар яхши қарашмадими?
— Волидаи муҳтарамангиз хасталикка чалинмадилар. Рафиқангизнинг вафотидан куя-куя ўлдилар.
— Рафиқам қандай хасталикка чалинибди?
— Рафиқангиз ҳам соғ эдилар. Аммо ўғилларингиз, қизларингиз бирин-сирин чечакдан ўлдилару рафиқангиз бу айрилиққа дош беролмадилар. Юраклари ёрилиб ўлдилар, деб тахмин қиламан.
— Э воҳ! — деб нола қилибди подшоҳ — демак, хонадонимдан ҳеч ким қолмабди-да?
Заҳар тилли одам бу саволга дарров жавоб бермабди. Аввал чуқур «уф» тортибди, сўнг кўзига ёш олиб:
— Бунисини аниқ билмайман, подшоҳим, мен чиқиб келаётганимда сарой аҳлининг ярмидан кўпроғи ўлатдан ўлиб бўлган эди. Ҳозир қанчаси тирик — ёлғиз Худога маълум, — дебди.
Подшоҳ сафарини охирлатмай изига қайтибди-ю, аҳли байтни соғ-омон кўргач, заҳар тилли одамни даволашни буюрибди.
Заҳар тилнинг жазоси — ўткир пичоқ экан.
Яхшики, бу бир ривоят, афсона. Йўқса, ўткир пичоқнинг иши кўпайиб кетармиди...

* * *

Телемухбир йўловчиларни тўхтатиб, савол беряпти:
— Сиз нимани йўқотишдан қўрқасиз?
Бу саволга одамлар турлича жавоб беришяпти. Бири «Ота-онамни йўқотишдан қўрқаман», дейди. Билмайдики, қўрқса-қўрқмаса, ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган энг азиз кишиларини эртами-кечми барибир йўқотади. Бошқа бир одам «Тинчликни», яна бири «Оила бахтини...» деди.
Ҳамма жавоблар тўғри.
Лекин...
Бирон бир киши «Виждонни йўқотишдан қўрқаман», демади, «Иймонимни йўқотишдан қўрқаман», демади. «Эътиқодни, диёнатни, Ватанга садоқатни йўқотишдан қўрқаман», демади-я!
Мантиқан олиб қаралса, ота-онани йўқотишдан хоҳ қўрқинг, хоҳ қўрқманг, бир кунмас бир кун улар фоний дунёни ташлаб кетишгач, армон билан бўлса-да, яшайверади киши. Худо кўрсатмасин-у, аммо тинчликни йўқотиб урушга дуч келса ҳам, азоб билан бўлса-да, яшайверади инсон. Оила бахтини ҳеч ким йўқотмасин, аммо бу ҳол юз берса янги бахт умиди билан ҳаёт кечираверади одам.
Аммо...
Иймонни йўқотса...
Виждонни йўқотса...
Йўқотса эътиқод, диёнатни ҳам
Ватанга садоқатдан айрилиб қолса...
Иймонсиз, виждонсиз, эътиқод-диёнатсиз, садоқатсиз ҳам яшаяпман, дегувчи одам ёлғон сўзлабди. У ўзини тирик деб ўйлайди, аслида у тирик мурдадир.
Яна ҳақиқат шуки, бировлар ота-оналарини жисман эмас, руҳан йўқотадилар. Булар ҳам тинчликни, оила бахтини йўқотганлар ҳам билмоқлари жоизки, улар ҳаммадан аввал виждон билан диёнатни йўқотган бўладилар. Қолганлари кейин ўзи келаверади...

* * *

«Илгари намоз ҳам ўқиб турардим, энди йиғиштирдим. Сабаби...»
Шунга ўхшаган гапларни баъзан эшитамиз, афсус...
Ўн йилча олдин бир танишимдан эшитиб эдим: «Одамлар мени депутатликка сайлашармикин, деб ҳатто масжидга ҳам кириб, чоллар билан намоз ҳам ўқидим. Лекин барибир мени сайлашмади. Бошқа одам депутат бўлди. Энди намозга бало борми?»
Кейин яна эшитдим: мерос талашиб муддаога етолмаган, қўшма корхонаси ривож тополмай «синган» одамлар намоздан юз ўгирганларини айтишди...
Ажаб, ажаб... Умидли дунё деймиз, синовли дунё деймиз, ҳатто «ҳисобли дунё» дейилгани ҳам қулоққа чалинади. Ҳисобли дунё дегани нима? «Эй Худо, мен сенга ибодат қилдим, энди менга мана буни бер!» демакликми? Намоздан юз ўгирганлар дунёни, Аллоҳдан кутилажак ажр-мукофотни шундай тушунадилар. Ҳисоб-китобни маҳкам ушлайдилар. Бироқ дунёда синов, имтиҳон мавжудлигини унутадилар. Уларнинг назарларида Ер юзи имтиҳон эмас, тижорат майдонидир. Бандаларнинг Тангридан уялмаганлари истаган ишларини қилаверадилар. Майли, улар Ер юзини тижорат майдони, деб ҳисоблайверсинлар, лекин банданинг қалбини нима дер эканлар? Ахир қалб — баққолнинг дўкони эмас-ку!
Тилимизда «умр савдоси» дегани ибора ҳам бор. Хўш, умримизнинг савдоси қандай бўляпти? ғафлат ва жаҳолат уйқусида ўтяптими? Эртага яна ҳам бойиш, яна ҳам баландроқ мартабага эришиш... орзулари билан ўтаётгандир балки? Ўқ изига қайтмаганидай, кун ҳам қайтмасдир. Умр савдосида ибодатсиз кунлар ва тунлар кепак баҳосида, жуда арзон кетмаяптими? Донишманд дебдики: «Менинг сармоям умримдан иборатдир. Чиққан ҳар бир нафасимнинг қайтиб келиши мумкин эмас. Нафаслар саноқлидир. Камайиб бормоқдадир. Шундай экан, кунни фақат тирикчилик қайғуси билан ўтказишдан ҳам катта зарар борми?»
Афсус шуки, бу зарарни фаҳм этмаймиз. Чунки ақлимизни моддий бойлик орзуси буткул асир этган. Яна афсус шуки, буни ўзимиз ҳам биламиз ва деймизки: «Майли, аввал шу бойликка етишиб олай, кейин тавба қиларман. Аллоҳ раҳмли, кечиргувчидир». Тўғри, Аллоҳ — Раҳмондур, Раҳимдур. Бироқ, донишманд дерки: «Эртага тавба қиламан, солиҳ амаллар қилишни бошлайман», десанг дегин-у, бироқ ўлимнинг бир оз аввалроқ келиб қолиши мумкинлигини ҳам унутма. Бугун, ҳатто шу онда эмас, «эртага тавба қилишим осонроқ», деб ўйласанг — хато йўлдасан».
Намозни ташлаганларнинг қалбларида ишқ йўқ экан. Асл ниятлари покланиш бўлмаган. Ҳисоб-китоб қилиш банданинг эмас, Холиқнинг иши эканини унутиб қўйишган. Балки улар Аллоҳнинг «Аъло» сурасида баён этилган «Дарҳақиқат, куфру исёндан пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб, намоз ўқиган киши нажот топгайдир», деган ояти — калимасидан хабарлари бордир ва тезликда нажот топишни истагандирлар? «Бир оз намоз ўқисам, суд отамнинг меросини менга хат қилиб беради», деб фикр қилгандир? Балки жоҳиллиги туфайлимикин, қиёматдаги нажотдан умид қилмас. Ўзининг мўлжалидаги меросга етолмагач, намозни ташлаши исён эмасмикин, валлоҳи аълам?
Ҳаж сурасидаги «Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир», ояти-калимаси балки ўшандай одамлар ҳақидадир?
Донишманд дерки: «Бир кишининг тижорати охират тижоратига монелик қилса, бундай киши бадбахт кишидир. Бечорадир. Бу бир тандир учун бир кўза олтин берган кабидир...»
Бозорда қаллоб сотувчига дуч келсак, беш-ўн сўмга зарар кўрармиз, орадан фурсат ўтгач, бу зарарнинг ўрни тўлар. Умр савдосини тўғри англамасак, шайтон бойлик жилоси билан ақлимизни олса, бунинг ўрнини тўлдириш осон бўлмайди. Бу ютқизиқ учун жаннатдаги ҳузур-ҳаловат билан ҳақ тўлашимиз мумкин. Унга қадар эса, бу дунёдаги хорлик ҳам бор...
Аллоҳ барчани — ўзимизни, фарзандларимизни, то қиёматга қадар зурриёдларимизни бу азоблардан ўзи асраб, ўзи нусрат берсин. Омийн...

* * *

Осмон ва замин абадийдир. Бунинг сабаби: замин ҳам осмон ҳам ўз манфаати учун яшамайди.
Авлиё ҳам шу кабидир. Улар ўзлари учун ҳеч нима изламайдилар. Шу боис ҳам амалга оширмоқлари фарз этилган барча ишларни бажара оладилар.
Буларнинг зидди ўлароқ яна бир тоифа бор:
Инсонга хос номаъқул хулқлардан бири — унинг ўз-ўзига муҳаббат қўйиши, ўзини бағоят даражада иззат қилиши, ўзига ва фақат ўзига яхшиликлар тилашидир. Унинг бадбахтлик саройи айнан шу хунук хулқ пойдеворига қурилади: яъни у буюк бўлмоқликни истайди, бироқ кўрадики, у зиғирдан кичикроқ мартабада экан; у бахтиёрлик денгизида сузмоқликни ихтиёр этади, лекин ўзини бадбахтлик кўлмагида кўради; у ўзини комиллик чўққисида тасаввур этади, ҳақиқат кўзгуси эса уни тубанликда кўрсатади; у ўзини бениҳоя даражада ҳурмат қилувчи одамлар даврасида кўрмоқни хоҳлайди, бироқ, ёмон хулқи туфайли одамларнинг нафратига етишади. Нурли орзулари амалга ошмаган бу инсон оқибатда жиноят йўлини танлайди: у ўз хоҳишига хилоф ҳисоблаган ҳар қандай ҳақиқатни инкор эта бошлайди. Бу ҳам камлик қилиб, бора-бора нафратланади. Мазкур ҳақиқатни маҳв этмоқ истайди. Истагини амалга оширмоққа қурби етмагач, қалбидаги макрини яшириб, бошқаларнинг кўзлари олдида бу ҳақиқатни бузиб кўрсатиш ҳаракатига тушади. Бунинг учун ҳеч нарсадан тап тортмайди, фақат шу йўл билан у ўзининг камчиликларини ҳам ўз-ўзидан, ҳам бошқалардан яширгандек бўлиб, гўё кўнгли таскин топади.
Қалблари нақадар ожиздир бундай кимсаларнинг...

* * *

Биродарим, мўъминлигингиз учун одамларнинг нафратига учрамоқликдан чўчийсизми? Чўчиманг асло! Инсофли ва виждонли одамлар сиздан зинҳор нафратланмаслар. Ўзгаларга эса эътибор берманг. Улар ўзларининг бузуқлик даражаларига мос равишда фикр юритадиларким, бу фикр сизга гард юқтира олмас.
Сиз ёвузларнинг тажовузидан ҳам қўрқманг. Ахир покиза қалбга ким даф қила олади? Нималардан ҳижолатдасиз, биродар?
Донишманд айтган экан: «Менга зарар етказмоқни ўйлаётган одамлардан куламан. Улар менинг яхшилик ва ёвузликка бўлган муносабатимдан огоҳ эмаслар. Улар менга ҳаёт бераётган кучни тасаввур этолмайдилар, қалбимдаги покиза руҳларни маҳв этиш у ёқда турсин, ҳатто чертиб кўрмоққа ҳам ожиз эканликларини билмайдилар».
ғофил бандалардир, булар... Аммо уларнинг уйғонмоқларига умид қилмоқ лозим... Қиёматдагина уйғонишдан ўзи асрасин...

* * *

Русларда бир мақол бор, таржимаси бундай: ҳарким ўз имкониятига яраша ақлдан озади. Бу кунларда айрим эркагу аёлларнинг кийинишларига разм солиб уларнинг ақлдан озиш даражаларини белгилашга уриниб кўрайликчи: эркакларнинг кўчаларда ҳам калта иштон (уни «шорт» деб аташар экан) кийиб, қийшиқ ва жун босган оёқларини кўз-кўз қилиб юришларини ақлдан озишнинг юқори даражаси деб белгиласак, қиз-жувонларнинг тор шим кийиб, киндикларини очиб юришларини унданда юқори даража демоғимиз ўринли. Ана шу беҳаё либосдаги қизларнинг оталари ёки эрлари ёки акалари ёки укалари белдаги белбоғларини ечиб, лозим кийсалар ярашиқли ҳол бўлар, деб ўйлаймиз Ана шунда бу оилада тенглик ҳукм сурармикин...

* * *

Ёнғоқ дарахти савлат тўкиб, меваларини кўз-кўз қилиб, керилиб яшарди. Унинг энг яхши кўрган юмуши — улуғворлигини кўз-кўз қилиш эди. Ёнғоқ дарахти бир куни қарасаки ёнида қайрағоч ниҳоли пайдо бўлиб аста-аста ўсиб келаётганмиш.
— Менинг ёнимда илдиз отишга, менга ҳалал беришга, меваларимнинг етилишига халақит қилишга сенга ким ҳуқуқ берди? — деб ўшқирибди ёнғоқ дарахти. — Жавоб бер, сен кимсан ўзинг?
— Мен қайрағочман, — дебди ниҳол бир оз довдираган ҳолда.
— Ҳа, «қайрағоч-қайрағоч, куну тун қорни оч-оч», деб масхара қилибди ёнғоқ дарахти, — Сен қанақасан ўзинг, меваларинг қани? Мевасиз яшашга уялмайсанми? Бирор нафинг бўлмаган ҳолда бошқаларга ҳалал бериб ўсишингни қара-я! Билиб қўй: яқинда менинг меваларим пишиб етиладилар, ерга тўкилиб, нам тупроқда ўсиб чиқадиларда сени ўраб олиб, йўқ қилиб ташлайдилар. Шунда бу атрофларда фақат менинг зурриёдим яшайди!
— Мен бу ердан ўз хоҳишим билан ўсиб чиқмадим. Тақдир экан, на қилай? Ҳеч фойдаси йўқ, деб камситманг, кимларгадир менинг ҳам фойдам тегади. Фойдам бўлмаса бу дунёга келмас эдим.
Бироқ, ёнғоқ дарахти Қайрағочнинг гапларига қулоқ осмай ҳар куни уни таҳқирлайверибди.
Куз бошланиб, ёнғоқ дарахти кутган онлар келибди — мевалари обдон етилибди. Айни шу кунларда, айни шу жойдан бир гуруҳ аскарлар ўтиб қолишибди. Улар ёнғоқ меваларини кўриб, қоқишни бошлашибди. Ёнғоқ дарахти таёқлар зарбидан зир-зир титрабди. Оҳу-нола чекибди, бироқ унинг фарёдларини биров эшитмабди. Оқибатда унинг мевалари битта қолмай қоқилиб, йиғиштирилиб, қопчиқларга жойланибди. Меваларидан жудо бўлган ёнғоқ дарахти таёқ еб синган, заха бўлган шохларининг азобларидан инграбди.
Шунда ёнидаги қўшниси Қайрағоч унга қараб, ачинибди-да дебди:
— Бечора қўшним! Сен менинг ўлимимни тилаган эдинг, ундан кўра ўзингга осойишталик сўраганинг маъқул эмасмиди? Ўзингнинг бошингга тушажак офатдан бехабар экансан-да? Сенга икки томонлама ачиняпман: ҳам меваларингдан ажралдинг, ҳам бошингга таёқ единг.
Ёнғоқ дарахти бу ҳақиқат олдида тили калимага келолмай, азоб билан тўлғонибди, захаланган шохларини даволагунча анча фурсат ўтибди.
Бировга ёмонлик тиламаган, бировга ҳасад қилмаган қайрағоч эса томир отиб, барг ёйиб эркин равишда ўсаверибди...

* * *

Ўзгага жаҳаннам гуллари насиб бўлишини истаган одам ўзига жаннат роҳатини тилагани афзал эмасмикин? Ўзганинг жаҳаннам ўтида куймоғи унинг дуоси билан бўлмаганидек, ўзининг жаннат боғларида сайр қилиши яхши ният ва амаллари билан эканлигини билиш ҳам бир бахтдир.

* * *

Бир уйки, ҳавас қиласиз. Биллур қандиллар кўзни оламан, деб ёниб турибди. Бойлигини кўз-кўз қилаётган кимса қалбида эса имон қандили ёнмайди, қалб — зим-зиё тун...

* * *

«Аллоҳ!» деймиз. Унга интиламиз. Аллоҳнинг ҳузурига бошловчи ягона йўл эса — ўлимдир. Биз бундан қўрқамиз, қочмоқчи бўламиз...

* * *

Муҳтарама аёлларимизни таҳқирловчи «сўзлар йиғиндиси» мавжуд. Мен атайин «мақол эмас», «сўзлар йиғиндиси» деяпман. «Хотинларнинг сочи узун, ақли калта», деган сўзлар йиғиндисини қайси тил билан «мақол» демоқ мумкин? Мақол — ҳикмат демак. Ким юқорида зикр этилганни «мақол» деб таърифлабди, ҳикматдан узоқ кимса экан. Баъзан жиддий, баъзан ҳазил аралаш юқоридаги сўзларни айтамиз. Ким айтибди, демак, ўша кимсанинг онаси, опаси, синглиси ва ниҳоят қизи ақлан заиф экан, деган маъно келиб чиқади. Шундай эмасми?
Биз бемаъни сўзлар йиғиндисининг фақат биттасини мисол тариқасида баён қилдик.
Лекин шунга ўхшаш иборалар ҳам борки, уни тўғридан тўғри, очиқ тарзда тушунмоқ маъқул эмас. Иборанинг моҳиятини англаш, бошқача айтсак, мағзини чақиб кўриш керакмикин?
Масалан, «Хотинга сир айтма», деган иборани таҳлил этиб кўрайлик: юзаки қаралса, бунда ҳам аёллар таҳқирланаётгандай туюлади. Яъни: хотинларга сир айтсанг, панд ейсан, каби. Асли моҳиятини олсак, бунда аёлларни эҳтиёт қилишга уриниш бор. Яъни: аёлларга ҳамма сирни айтавериб, унинг ташвишини орттирма, деган маънони ўқисак ҳам бўлади. Баъзи эркаклар хотинларини ягона сирдош деб билиб, барча ташвишларини унинг қаршисида дастурхон қилиб ёзадилар. Қарабсизки, у ўз ташвишидан бир алам тортса, бир «уфф», деса, аҳли аёли ўн карра кўп дард чекади, юрагига ўн карра кўп зардоб йиғилади ва оқибатда бир касалга мубтало бўлади.
Аёлларга касалликни раво кўрмай, мақолга амал қилиб, сир айтмай қўя қолган маъқулмикин?

* * *

Дунё баргга қўниб, титраб турган шудринг томчисига ўхшайди. Дунё жар ёқалаб кетаётган, йўқ, аниқроғи — қил кўприкдан ўтаётган кимсага ўхшайди. Сал тойдими — тамом! Балки қиёмат қойим шу биргина тойишдан бошланар? Ҳар ҳолда инсон боласи эсини таниган онидан бошлаб кучлар курашига гувоҳ бўлади. Гувоҳлик билан чекланса, кошки эди. Шу курашларнинг қурбони бўлади.
Замон ўзгараверади, кучлар кураши эса турли кўринишларда қайтарилаверади. Кучлар курашини ҳал этмоқ ғоят мураккабдай туюлади. Ҳозир бу масалани ҳал этмоқ учун неча ўн минглаб сиёсатдонлар бош қотиришади. Дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига учишади ва оқибатда... деярли ҳеч нарсани ҳал этиша олишмайди. Бу масала наҳот шу даражада муракаб бўлса?
Ровийлар дерларки, Искандар Зулқарнайн дунёни забт этмоқ қасдида жанг сафарига чиқиб, неча юртларни эгаллаб, Чин мамлакатига етди. Жанг олдидан чодир тикиб ўтирган экан, Чин подшоси элчи юборганини билдиришди. Элчи кириб гапини ёлғиз Искандарга айтажагини маълум қилди. Унинг истаги вожиб бўлиб, ҳоли қолишгач, деди:
— Мен элчи эмас, Чин мамлакатининг подшосиман. Беҳуда қон тўкмай изингизга қайтмоғингиз учун нима қилмоғимиз мумкин?
— Уч йиллик хирожни тўласанглар мақсадга мувофиқ бўлади, — деди Искандар Зулқарнайн. Сўнг сўради: — Чоғинглар келадими бунга?
— Уч йиллик ҳирожни тўлай оламиз, — деди Чин подшоси, — аммо шу даражада қашшоқлашамизки, кичкина қабила ҳам бизларни забт этиб, эгалик қилмоғи мумкин.
— Икки йиллигини тўласаларинг-чи?
— Аҳвол ўзгармайди.
— Бир йиллик-чи?
— Хазинамда ҳеч вақо қолмаслиги мумкин, аммо чидаб яшаса бўлар.
— У ҳолда ярим йиллик ҳирожни тўплаб бер-да, мен изимга қайтай.
— Марҳаматли султонимизга жонимиз фидо бўлсин. Эрта ёки индин биз — фақирлар кулбасини ташрифингиз билан обод қилсангиз. Меҳмондорчилик адоғида биз ҳирожни ҳам жамлаб қўяжакмиз.
Искандар Зулқарнайнга бу таклиф маъқул келиб, икки кундан сўнг Чин мамлакати сарҳадидан ўтди. Шу ондан бошлаб атрофда минг-минглаб аскарлар пайдо бўлиб, атрофни ўрай бошлади. Бундан хавотирга тушган Искандар дедики:
— Сен ҳийла билан мени олмоқчи бўлдингми?
— Йўқ, — деди Чин подшоси, — ҳийла — ожизлар иши. Сиз кўриб турган лашкарлар қўшиннинг бир улуши халос. Асосий кучлар тоғ ортида турибди.
— Шунча қудратинг бор экан, нечун менга таслим бўляпсан, нечун ҳирож тўламоққа розилик беряпсан?—деб ҳайратланибди Искандар.
— Мен инсонлар қонининг беҳуда тўкилмоғини истамадим. Ундан ташқари сизга Осмон назар қилган. Назаркарда султонларни ҳеч қандай куч билан енгиб бўлмас.
Бу жавоб Искандарга маъқул келиб, саройга кирди-ю, товоқлар, лаганларда товланиб турган тилла-ю, жавҳарларни кўриб янада ажабланди. Чин подшоси «дастурхонга марҳамат, тановул қилинг», дегач, таажжубини яширмай сўради:
— Бу безаклар одам учун таом бўлолмайди-ку?
— У ҳолда сиз нима ейсиз, улуғ султон?
— Мен ҳамма каби нон ейман.
— Шундайми? Воажаб! Румда нон топишингиз шунчалар мушкулмиди? Шунча машаққатлар чекиб бу ерга қадар лашкар тортиб келибсиз?
Бу гапни эшитиб, Искандар унинг донолигига таҳсин ўқибди. «Мен бу ердан бир дона жавҳар ҳам олмайман, сенинг ҳикматли пандинг барча талабларимни қондирди», деб орқасига қайтган экан.
Неча юз йилларни оралаб бизга қадар етиб келган бу ривоятни ўқигач, йигирма йилча аввал бўлиб ўтган бир воқеани эсладим. Етмишинчи йилларнинг охирида Америка билан Совет Иттифоқининг орасидаги муносабат чигаллашиб, росмана урушнинг шарпаси сезилиб қолган эди. Бир издиҳомда қариялар шу масалада куюниб гапиришди. Уларнинг аксари уруш кўрган, урушнинг касофати қандай бўлишини билувчи одамлар эди. Давра тўрида ўтирган бир қария суҳбатга аралашиб:
— Агар менга қўйиб беришса Американинг подшоси билан бизникини ярим соатда яраштириб қўярдим, — деди. Атрофдагилар бу гапни ҳазилга йўйишди. Қария эса жиддий туриб, фикрини исбот этишга киришди:
— Агар менга қўйиб беришса, иккаласини шу ерга чақираман. Келишгач, иккаласига биттадан нон бераман.
— Нонни нима қиламиз? — деб ҳайрон бўлишади.
— Енглар, — дейман.
— Емаймиз, қорнимиз тўқ, — дейишади.
— Қоринларинг тўқ бўлса нега урушмоқчисизлар? Нимани талашасизлар? Сизларга нима етишмаяпти, айтинглар мен топиб берайин, — дейман. Агар ақли бўлса иккаласи ўйланиб қолади. Кейин «гапингиз тўғри экан» оқсоқол, деб ярашиб олишади...
Дунёнинг мураккаб савдолари бу каби содда тарзда ҳал қилинса эди, замин инсон қонларидан тўйиб кетмасди. Отахоннинг гапи кўпчиликка ғалати туюлар. Уч-тўрт йил муқаддам қўшни жумҳурият билан чегара бир қишлоққа бордим. Дунё дунё бўлганидан бери аҳил қўшни, аҳил қариндош бўлиб яшаб келган икки қишлоқ замона зайли билан энди икки мамлакатнинг ери сифатида бўлинган эди. Қишлоқдан ажиб бир сой оқиб ўтарди. Мен борганимда, айни ёз чилласида сой суви қурибди. Сой қўшни қишлоқдан (энди қўшни жумҳуриятга тобе) оқиб ўтарди. Билсам, туман бошлиғи нимадандир норози бўлиб сой сувини буриб юборишга фармон берибди. Бизнинг ҳоким илтимосини инобатга олмабди. Шунда ҳоким донолик қилиб, қишлоқ оқсоқолларининг вакилларини ўша қўшни қишлоққа юборди. Бир соатдан сўнг сойдан шарқираб сув кела бошлади...
Умар Ҳайём ҳазратларининг бир рубойиларида икки киши ер талашиб, бири «шу парча ер меники», деркан, бошқаси «йўқ, меники» деркан. Шунда Ер тилга кириб, талашмаларинг, икковинг ҳам меникисан», деган экан. Бу фалсафанинг маъносига барча тушуниб этса эди...

* * *

Ҳамиша ўқимоқ тараққий этмоқ харакатида бўлмоқдан зиёдроқ қувонч борми? Узоқдаги дўстнинг ташрифидан ҳам ёқимлироқ яна нима бор? Одамлар орасида машҳур эмасман, деб нолимайдиган инсон доно эмасми?


* * *

Донишманд дер эканки: мен кунда уч марта ўзимни ўзим тергайман: одамлар учун ҳалол ва холис хизмат қиляпманми, дўстлар билан суҳбатда риё йўқми менда, муносабатим самимийми, устозлар таълимини такрорлаб турибманми?

* * *

Доно устозлардан бирлари дебдиларким: агар бирон бир киши одамларга яхшилик билан хизматда бўлишни ўзига байроқ қилиб олса, сўнгги қуввати қолгунича ота-онасини парвариш этса, Ватанига жон фидо қилмоққа ҳар он тайёр турса, ўзгалар билан фақат ва фақат ҳақиқат тилида гаплашса, унинг етарли даражада илми бўлмаса-да, мен уни УЛУҒ ОЛИМ, деб иззат қилардим.

* * *

Жамият, наинки жамиятга, ҳатто динга зарар келтирувчи одатлар бор. Биз уларни умумий тарзда «Бидъат ва хурофот» деб юритамиз. Энди сўз шу ҳақда. Бу ўринда баёнимиз бир оз чўзилса айбситманг. Келинг, биргалашиб фикр қилайлик:
Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб, дебди-ки:
— Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топширяпман. Ақл билан иш юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат хазинасидан ташқари ўзимнинг бойлигимни ҳам қўлингга топшираман. То менинг жоним бор экан, сен унинг бир мисқолига ҳам тегмагин. Оллоҳнинг раҳматига жўнаганимдан сўнг бу хазинани очасан-да, мискин-камбағалларга улашиб чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.
Не бахтким, ўғил ҳам отаси каби доно экан. Мамлакатни яхши идора этиб, юртни янада обод қилиб, раият дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли тушунаркан. Бирон бир кишининг «Эй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз косирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг», демоққа юраги бетламас экан. Вақтики келиб, кекса подшоҳ собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини сўраганда улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган подшоҳ дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатининг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига, одобига риоя қилган ҳолда дебдики:
— Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилган эдингиз. Рости, мен бу амрни бажармоққа бурчли ва мажбур бўлганим туфайли сиз зоти олийларига эътироз билдирмоққа журъат этмадим. Бироқ, ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ — қора тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан йўловчига не фойда? Олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?
Ота ўғлининг бу доно тадбиридан қувониб, бойлигини ўзи камбағалларга улашиб берган экан...
Ҳар сафар «йигирма» ёки «йил оши» деб аталмиш маъракага таклиф этилганимда шу ривоятни эслайман.
Биров ўн кило, бошқаси юз (ёки унданда кўп) гуруч дамлаб, ТЎҚларни ош билан сийлайди («тўқ» сўзига алоҳида урғу беришим боисини кейинроқ тушунтираман) ва муҳим бир бурчини адо этгандай кўнгли таскин топади. Афсусли ери шуки, одамлар дин томонидан белгиланган, бажарилмоғи сўзсиз шарт бўлган вазифани қойилмақом қилиб уддаладик, деб ўйлайдилар. Бу одатларнинг динга мутлақо алоқасиз эканини эса кўпчилик билмаслиги мумкин. Бу илмни омма орасига сингдиришга масъул айрим биродарларимиз эса мазкур бурчларига совуққон равишда қарайдилар. Тўғри, улар вақти-вақти билан бидъат ва хурофот хусусида ваъз айтадилар. Аммо...
Жумъа намозидаги маъизасида «йигирма», «йил оши» бидъат эканини айтишиб, орадан ярим соат ўтмай, намоздан сўнг «Аҳли жамоа, тарқалиб кетманг, фалончиникида йил оши», деб эълон қилиб, ўзи йўл бошлайдиганлар ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам қадрли имомларимизнинг ваъзлари қуруқ гап бўлиб қоляпти. Ҳатто «домланинг айтганини қил, қилганини қилма», дейилгувчи мақол даражасига ҳам етмаяпти. Яъни, домланинг қилганини қилмаслик бир масала, айтганини қилмаслик эса яна бир масала бўлиб қоляпти.
Бидъат ва хурофот хусусида фикрларни муҳокама тарзида кўпнинг эътиборига ҳавола этиш нияти анчадан бери мавжуд эди.
Даставвал «бидъат», «хурофот» сўзларининг луғавий маъноси хусусида: «Бидъат» — сўзи айнан таржима қилинса «янгидан ўйлаб чиқилган одат» деган маънони беради. Ҳазрат Алишер Навоий асарларида бу сўзни «ёқимсиз» деган маънода ҳам қўллаганлар. Яна «бидъати саййиа» ҳам дерларким, бу «ёмон одат» демакдир. Таъбир жоиз бўлса — динга ёт, ёқимсиз бўлган одатларни «бидъат» деб белгилаймиз. Тўғри, «бидъати хайрия»- яъни «яхши одат» деган тушунча ҳам бор.Аммо тилимизда кўпроқ ёмон одат маъносини ифодалаб келгани учун «бидаъти саййиа» деб ўтирмай, қисқагина қилиб «бидъат» атамаси билан фикр билдиришга кўникиб қолганмиз. «Хурофот» эса «асоссиз» демак. Яъни, динда асоси йўқ, беҳуда ишлар, одатлардир.
Ҳозирги кунда сиз билан биз қаттиқ амал қилаётган кўпгина одатларни дин ҳам, жамият ҳам рад этади. Диний томондан буюрилган фарз-суннат амаллар билан бидъат ва хурофотни айириб олиш аслида унча мушкул вазифа эмас. Масалан, фарз ва суннат амаллар бизда ҳам, араб мамлакатлари ёки Малайзияда ҳам айнан бир хилдир. Яъни, намоз барча ерда беш маҳал ўқилади, бомдод азони Бухорода субҳи содиқда Қоҳирада кун ёйилганда чақирилмайди. Қуёшнинг ҳаракатига қараб ибодат вақтлари ҳамма ерда бир пайтга белгиланган. Ёки, ҳамма жойда инсоннинг инсонга зулми ҳаром, ҳамма ерда муслим ва муслималарнинг илм олмоқлари бир хилда фарздир.
Тошкентда бир киши вафотидан сўнг ўн етти ёки ўн тўққиз кундан сўнг «йигирма оши» берилади. Водийда бу одат сал кечроқ бўлиб, «қирқ оши» деб номланади. Бошқа мамлакатларда бу каби ошхўрлик умуман йўқ. Тошкентда икки ҳайит байрамида марҳумнинг яқинлари уч кундан бел боғлаб туришади. Водийда эса уч ҳайит, аммо эркаклар арафа куни фотиҳада юрадилар. Тошкентда ўлик чиқарилган хонадонда уч кунгача ўчоққа ўт қаланмайди. Сирдарёда эса то жанозага қадар жонлиқ сўйилиб, таом тортилади. Кўриниб турибдики, булар маҳаллий шароитга мосланган одатлардир. Уларнинг айримлари, масалан, арафа куни қабр тепасига, ошхона бурчакларига шамчироқ ёқиб қўйиш ёки арвоҳларни меҳмон қилиш каби одатлар исломдан аввал ҳам мавжуд бўлган. Демак, улардан бемалол воз кечиш ёки камтарлик ва холислик билан суғорилган фойдали одатга айлантиришга ҳаракат қилиш мумкин. Воз кеча қолсак янада тўғрироқ бўлади. Чунки бугун соддалаштирилган одат эртага барибир мураккаблашиб бораверади.
Бу каби одатлар бирданига юзага келмаган. Бир сабаб билан бошланиб, сўнг «ким ўзар» мусобақа, яъни манманлик, риё югуриши бошланган.
Ҳар қандай одатнинг ё очиқ ёки рамзий маънолари бўлади. Қадим замонларда эр вафот этса, хотини ҳам тириклайин қўшиб кўмилган экан. Шубҳа йўқки, буни Худонинг хоҳиши деб белгилашган. Бу одат билан фақатгина хотиннинг марҳум эрга садоқати, фидойилиги намоён этилмаган, балки ўликнинг у дунёда қайта тирилиб, маишатини давом эттиришига ишонишган. Кейинроқ бу одат ислоҳ этилиб, қабрдаги хотин ўрнини чўри эгаллаган. Қабрга маишат учун зарур таомлар, ашёларни ҳам қўйганлар. Жоҳилият давридаги араблар эри вафот этган тул хотинга хароб кийимларни кийдириб, хароб ҳужрада бир йил яшашга мажбур қилган эканлар. Бу билан у гўё эрининг вафотидан ғоят қайғуда экани, дунё чиройидан завқланишини ўзига ҳаром этганини намойиш қилган. Шу зайлда бир йил аза тутгач, унинг ҳузурига бирон совлиқ ёки қуш олиб кириб беришаркан. Бева бирон нима билан жонликни таталаб-таталаб терисини шилиб, ўлдиргач, ҳужрадан ташқарига чиқарган. Шунда унинг қўлига тезак тутқизишар, бева эса «бир йил давомида кўрган куним шу тезакдан баттар эди», деган маънода уни отиб юбораркан. Аза шу тарзда барҳам топаркан. Ислом дини нозил бўлгач, бу каби маънисиз одатларга барҳам берилди. Ҳатто аза муддати қисқартирилиб, тўрт ойу ўн кун деб белгиланди. (Бу фақат эри ўлган хотин учун). Уламоларимизнинг фикрларига кўра, бу муддат фақат қайғу рамзи эмас, балки беванинг ҳомиладорлигини аниқлаш учун ҳам лозим бўлган. Шунингдек, аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳам назарда тутилган. Сир эмаски, бир киши вафот этса, уй-жой, мерос талашишлар бошланади. Баъзан қариндошлар «меросда хотиннинг ҳаққи йўқ», деб ўзларига мос равишда фатво чиқариб, бевани уйдан ҳайдашдан ҳам тойишмайди. Белгиланган идда — 130 кун бевани шундай ҳужумдан ҳам сақлайди. Аммо бу муддатни уй қамоғи шаклида кўрмоқлик дуруст эмас. Агар бева истаса идда муддатини бошқа уйда ҳам ўтказиши мумкин экан. Бу масала ҳам мерос ҳақидаги оятлар нозил бўлганида ҳал этиб берилган. Идда даврида бева ясан-тусан қилмоқликдан, бошқа кишига турмушга чиқмоқликдан, ўйин-кулгудан сақланади. Бу — фарз, бажарилиши шарт бўлган одат. Лекин уни турлича талқин қилувчилар ҳам топилади. Бу масалага алоҳида тўхталишимизнинг сабаби: кекса бир онахон бева қолганларида «доно» отинчалар «эрингизнинг жони узилган уйда тўрт ой ўн кун жилмай ўтирасиз», деб «фатво» берибдилар. Кампир бечорага бошқа фарзандлари уйига боролмаслик камлик қилиб, шифохонада ётиб даволаниш ҳам мумкин бўлмай қолибди.
Бу ўринда биз фарз амалининг мағзини чақиб кўрмай, уни бузиб талқин қилиниши оқибатида юзага келган бидъатга гувоҳ бўляпмиз. Фарғона водийсининг айрим тоғли қишлоқларида эри ўлган хотин қирқ кун яланг оёқ юришга мажбур экан. «Нега шундай?» деб қизиқсак, «Худо шундай буюрган», деб ишонч билан айтишди. Во ажаб, Худо фақат шу қишлоқларнинг хотинларига яланг оёқ юрмоқликни буюрибди-да, а? Шубҳа йўқ-ки, бу одат исломдан аввалги даврлардан ўтиб келган. Худди араб бевасининг жонлиқни тимдалаб ўлдириб, сўнг тезак отишига ўхшайди.
Водийнинг айрим қишлоқларида яна бир одат сақланиб қолган: жанозадан сўнг (кўпинча масжид имоми раҳбарлигида) марҳумнинг яқинлари бир уйга тўпланишади-да, унинг гуноҳларини ҳисоб-китоб қилишади. Марҳум етмиш (ёки ундан кўп) йил умр кўрган. Шундан, айтайлик, ўттиз йилини бенамоз, берўза ўтказган. Демак, бенамоз ўтган ҳар куни учун фидя бериши шарт. Яъни, кунда бир фақирнинг қорнини тўйғазиши керак. Бир фақирнинг қорнини тўйғазиш (мисол учун) 500 сўмни ташкил этади. Шундай қилиб, беш юзни уч юз олтмиш олтига, ҳосил бўлган рақамни эса 30 (йил)га кўпайтирилади. Шундай қилиб, марҳумнинг салкам беш ярим миллион сўмлик «гуноҳи» борлиги аниқланади. Унга рўза фидяси қўшилади. Бу ҳам салкам ярим миллион сўмни ташкил этади. Демак, хонадон эгаси шу пулга арзийдиган бирон нимани: автомашинаними, бир-икки буқаними, ҳовлига олиб кириб боғлайди-да, арқоннинг бир учини давра қурилган ўйга узатади. Шунда марҳумнинг яқинлари (кўпинча имом бошчилигида) арқонни ушлаб, «мен марҳумнинг мана бунча сўмлик гуноҳини сотиб олдим», дейди-да, кейин «Оллоҳнинг розилиги учун мен бу пулдан воз кечдим», деб тантилик қилиб қўяди. Гўё бу билан марҳумнинг маълум миқдордаги гуноҳлари шу одамга ўтади. Гуноҳлар шу тарзда бўлиб олингач, марҳум у дунёга гўё фариштадек жўнайди. Бунга ўхшаган одатлар қозоқ овулларида ҳам учрайди. Фақат у жойларда бунақа томоша кўрсатилмай, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилинади. Уламоларнинг айтишларича, Тошкентда, бошқа вилоятларда ҳам бир пайтлар бу бидъат ҳукмронлик қилган экан. Муфтий Зиёвуддин Бобохон ҳазратларининг фатволари билан кўп жойларда бу бидъат барҳам топган. Ажабки, Қўқон атрофидаги айрим қишлоқлар ҳали ҳам ўликларнинг гуноҳларини сотиб олиш билан бандлар. Қишлоқ имомларининг бу бидъатга бош бўлганлари ачинарли ҳол, фидянинг хасталиги ёки бошқа узрли сабаб билан рўза тутолмаганлар учунгина берилган имтиёз экани, бенамозларга бундай имтиёз йўғлигини билмасликлари ёки билиб туриб шундай бемаъни одатга бош бўлишлари янада афсуслидир. Бир жанозада ўзимиз ҳам шундай одатга гувоҳ бўлдик. Қишлоқ имоми «гуноҳ сотиб олиш» маросимини бошлаш учун уйга кирганида марҳумнинг шогирдларидан бири «тақсир, марҳум устозимиз намоз ва рўза фарз бўлган ёшдан бошлаб бехато равишда бу амалларни бажарганлар, сизнинг ҳисоб-китоб қилмоғингизга ўрин йўқ, ҳисоб-китоб қилиш қиёматда Оллоҳ томонидан бажарилади», деб балоларга қолаёзди. У бидъатга эмас, нақ Оллоҳнинг буйруғига қарши одамдай, ҳатто «Оллоҳга қарши исён қилувчи»дай уйдан чиқарилди.
Қадимги Хитойда ота ёки она вафот қилса уч йил мотам тутилар экан. Бу пайтда хатто мактабга бормоқ, илм олмоқ ҳам, мазали таомлар истеъмол қилмоқ ҳам ман этилган экан. Ривоят қилишларича, файласуф Конфуцийнинг шогирдларидан бири Цзай Во бу одатга қарши чиқиб, мотам учун бир йил кифоя, деган фикрини билдирганида устоз «Ноинсоф ўғил. Ахир сени ота-онанг уч ёшинггача қўлдан қўймай катта қилишган-ку? Уч йил мотам тутмоқликни Осмон буюрган», деб норозилигини баён қилган экан. Кўриниб турибди-ки, улар мотам кунини белгилашда ота-онанинг гўдакка қилган хизматларини назарда тутганлар. Ислом дини эса бу одатни рад этади, аза уч кун деб белгиланади. Лекин бу уч кундан сўнг вафот этганларни унутиш мумкин, деган гап эмас. Инсон тирик экан, ўтганларини ҳар куни энг камида беш маҳал эслашга, дуо қилишга буюрилган. Инсон ҳар куни Яратганга муножот қилиб, марҳумларни мағфират этишини сўрайди. Зеро, «дуо»нинг луғавий маъноси — «илтижо»дир. Бизни ташлаб, Оллоҳнинг раҳматига йўналганлар биз дамлаган ошга эмас, дуоларимизга муҳтождирлар. Оилада бир киши вафот этгани билан бу хонадонда ҳаёт тўхтаб қолмайди. Бир-бир ярим йил қайғу белгиси сифатида кўк кийиб, кўз ёши тўкишимиз билан марҳумнинг руҳи ором топмайди. Марҳумларнинг руҳи яхши ишларимизнинг савоблари, поклигимизда қилган холис дуоларимиздан баҳраманд бўладилар.
Тошкентда уч кун таом пиширилмаслигидан «шундай қайғудамизки, томоғимиздан овқат ҳам ўтмайди», деган рамзий маънони уқиш мумкин. Лекин нима учундир жанозадан фотиҳа ўқиш учун қайтганларга атаб ноз-неъматли дастурхонни безаб қўйишади. Бу дастурхон уч кун давомида ёзиғлиқ туради. (Ҳайит байрами кунлари ҳам шундай). Яхши томони шундаки, ҳозирги кунда кўп хонадонларда бунинг бидъат эканини тушуниб, дастурхон безашмаяпти. Қўшниларнинг, қариндошларнинг таом пишириб келишлари яхши одат, уларнинг меҳр-оқибатларидан дарак беради. Лекин бошқа ердан овқат келишини кутиб туриш ҳам дуруст эмас. Динда «аза уч кун», деб белгиланган, «уч кун овқат пиширмай, емай, оч ўтирилсин», дейилмаган.
Сирдарё томонларда жонлик сўйилиб, дошқозонда таом пишириш, жанозага келганларга пул тарқатиш бидъатига эса бугунги кунда мутлақо ҳожат йўқ. Келинг, бир оз мозийга қайтайлик. Мирзачўл томонларда одамлар зич яшашмаган. Бир қишлоқдан иккинчисига етиб келгунча от-аравада узоқ йўл босишган. То жанозага етиб келгунларича очиқишган, чанқашган, хоришган. Уларга дам бериш, тўйдириш учун овқат пишириб қўйишган. Қайтиб кетишларига асқотар деб озгина пул ҳам беришгандир. Энди эса бунга зарурат йўғлигини ҳамма билади. Ҳозир қишлоқлар ораси унча узоқ эмас, автомашина деган беминнат дастёримиз ҳам бор. Жанозага келганларнинг шу ернинг ўзида овқатланишига, айниқса бериладиган беш-ўн сўм пулга муҳтожликлари йўқ. Шунга қарамай, бидъатдан қутулишнинг ҳаракати кўринмай турибди. Пулдор одамлар жаноза баҳонасида бойликларини кўз-кўз қилиб олишга уринадилар. Жанозани тўйдан афзалроқ тарзда ўтказадилар. Қўл учида кун кўрувчилар эса «мен ҳам шундай қилишга мажбурман», деган фикрда қарз олишга мажбур бўладилар. Яқин одамидан ажралган хонадон учун бу азоб устига азоб эмасми? Дин эса одамларнинг беҳуда азобда қолишини мутлақо инкор этади. Ҳар ҳолда марҳум ота (ёки она руҳи «ўғлим менинг обрўйимни ўйлаб, қарз олиб бўлса ҳам мол сўйди», деб шод бўлмаса керак.
Жанозадан кейинги барча бидъатларни таҳлил этсак, марҳумга, унинг руҳига фойдасиз эканини кўрамиз. Аксинча, бу одатлар одамларнинг ўз руҳларини тинчитиш учун, кўнглигини ҳотиржам қилиш учун хизмат этади. Аёлларнинг «кирювди»сида энг яқин қариндошлар йиғилишса хонадон эгасига озгина далда бўлади, қайғуси сал енгиллашади. Етти маҳалла ёки қишлоқ хотинларининг тугун кўтариб келишлари, уларга уч-тўрт хил таом тортилиши шарт эмас. Қор ёққан маҳалда (ёки лайлак учиб келганида) «марҳум тирик бўлганида Оллоҳнинг бу неъматидан шодланарди, қовун (ёки қовоқ) пишганида бу ризқдан баҳраманд бўларди», деган маънода кичик даврада эсланиши, дуо қилинишининг зарари йўқ. Аммо шу номларда яна катта-катта зиёфат бериш — бидъатдир. Айниқса хотинларнинг тугуни бугунги кунда ортиқча машмаша эканини тушунтириш қийин бўляпти. Меҳмонга ҳадя билан бориш яхши одат, бироқ, мажбурий эмас. Тугунни бировлар ҳадянинг бир тури, деб баҳолашлари мумкин. Бизнингча эса ундай эмас. «Ол товоғим, бер товоғим, ўртада синди товоғим», деганларидай, бундай ҳадянинг изидан чиқадиган нохуш гап-сўзлар ҳам бор. Ҳадя қилувчи меҳрибонлиги эвазига бундан аълороқ нарса олиш нияти билан бормайди. Тугуннинг тарихи ҳадя билан эмас, оғир, қаҳатчилик кунлари билан боғлиқ бўлса керак. Маъракага отланган аёл уй эгасининг дастурхонига қўйишга нони борми, йўқми, деган истиҳолада кўтариб борган бўлиши мумкин. Кейин бошқалар ундан ибрат олишиб, доруломон кунларда ҳам давом эттираверганлар.
Ривоят қилишларича, бадавлат одамнинг бир неча хотинидан анчагина фарзандлари бор экан. У киши турли онадан бўлган фарзандларининг тарқалиб, юзкўрмас бўлиб кетишларини олдини олиш, улар орасига меҳр-муҳаббат уруғини экиш мақсадида ўлимидан сўнг ҳар пайшанбада, сўнг йигирма кунда, сўнг қирқ кунда, кейин бир йилда йиғилиб туришларини васият қилган экан. Ўгай ака-ука, опа-сингиллар васиятга амал қилишиб, биринчи пайшанбада ўзлари тўпланишибди, кейингисида «дадамизнинг қадрдонларидан фалончини йўқлайлик», деб уларни ҳам таклиф қилишибди. Оқибат, бу давра кенгая бориб, бундан қариндошлар андоза олишиб, такрорлашиб бир бидъатни юзага келтиришган ва унга дин либосини кийдиришган. Бу одатни кўпхотинли бадавлат ота эмас, худди Худо буюргандай қабул қиладиган бўлиб қолишган.
«Йигирма», «йил оши»да қуръон тиловат қилинади. Ўқиш — суннат, соме ҳолда тинглашнинг фарзлигини кўпчилик билади. «Соме» дегани хаёлни фақат Аллоҳнинг каломига бериб, жимгина ўтиришдир. Қуръон тиловат қилинаётган дамда ҳатто нафл намози ўқимоқ мумкин эмас, дейилади. Биз эсак қуръон ўқилаётганда ош ошалаймиз, хўриллатиб чойни ҳам ичаверамиз, туриб юраверамиз ҳам. Энди қарайлик: маъракага бориб, қуръон ўқисак ёки эшитсак, савоб ҳосил бўлади ва биз бу савобдан марҳумнинг руҳини баҳраманд этишини сўраб, дуо қиламиз. Тиловатни соме ҳолатида эшитмаслик гуноҳ бўлса, марҳумнинг руҳи нимадан баҳра олади?
Айрим уламо, имом-домларимиз бунинг ҳам фатвосини топдилар. Ҳамонки «йигирма», «йил оши» бидъат, хурофот экан, бу маърракани йигирма беш ёки эллик кундами «эҳсон», бошқача айтганда «амри маъруф ва наҳйи мункар» тарзида ўтказиш йўлга қўйилди ҳисоб. Пули борларга унисининг ҳам бунисининг ҳам фарқи йўқ — сочаверадилар. Тўғрироғи, «амри маъруф» тарзидаги маърака уларга маъқулроқ. Чунки бундай йиғинда маърузачи микрофон орқали маърака эгасини келиштириб мақтайди, унинг ҳаққига ажойиб дуолар қилади. Аммо маъраканинг бу тури кўпчиликни қийнаб қўяди: энди улар маъруза қилувчи домлага, микрофончига ҳам пул беришлари шарт. Домла-имомларимиз янги одатга «эҳсон» деб чиройли ном қўйиб бердилар. Ўзлари эса ашулачиларга ўхшаб дафтарча тутиб олганлар. Ашулачилардан фарқли ўлароқ, улар баъзи кунда тўрт-беш «эҳсон»ни гуллатиб берадилар. Дастурхонга, зиёфат охирида туғулажак тугуннинг ҳажми, айниқса чўнтакка солинувчи «мулла жиринг»нинг чўғини чамалаб, дуони қуюқ қилаверадилар. Машҳурроқ домлаларимиз бадавлатларникидан қолмайдилар, мундайроқларникига эса шогирдларини юборадилар. Ачинарлиси шуки, бундай дабдаба маросимларини рағбатлантиришга уринадилар. Шайҳонтоҳур туманидаги масжидлардан бирининг имоми «Ақиқа» деб аталувчи маросимда «пайғамбаримиз қарз олиб бўлса ҳам ақиқа қилишни буюрганлар», деганини эшитиб, «бу киши адашиб айтиб юбордилар», деб ўйлагандик. Кейин яна бир неча марта бу асоссиз гапни эшитиб, афсусландик. Исломда қарз олиб эҳсон ёки худойи қилиш мумумкинмаслигини бу тақсирим ё билмайдилар ё билиб турсалар-да, ўз жиғилдонлари манфаати юзасидан фатво тўқийдилар, мўъминларни чалғитадилар.
Ислом кўрсатмаси бўйича, одам энг аввало ўз оиласини таъминлаши керак. Эҳсони ҳам, ҳадяси ҳам биринчи галда ўз фарзандлари ёки ота-оналарига бўлиши шарт. Ота-онасини яхши парвариш қилиш, фарзандларини яхши кийинтириб, едириб, яхши ўқитиб... ундан орттирса бошқаларни сийлаши мумкин. Фарзандлари ризқини қийиб, ўзгаларни тўйдиришини дин буюрмайди. Эҳсон ёки худойи дегани албатта қўй сўйиб, зиёфат қилиш, имомни чорлаш эмас. Агар қўй сўйишга, дастурхон тузаб меҳмон чорлашга имконингиз етса, ихтиёр ўзингизда. Бироқ, чорлашнинг ҳам чегараси бор. Сўйилган қўйнинг гўшти уч қисмга бўлинади, бир қисми билан қанча одамни таомлантириш мумкин бўлса, шунча меҳмон айтилади. Уламоларимизнинг айтишларича, «худойи» деб сўйилган қўйнинг барча гўшти мискинларга тарқатилиши шарт экан.
Дўстингиз ёки қариндошингиз сиздан қарз дейлик. Қарз тўлашга қурби етмай, руҳан қийналиб юрибди. Шу қарздан Оллоҳ розилиги учун кечсангиз, энг улуғ савобга етган бўласиз. Агар биров сизни ножўя хафа қилган бўлса-ю, сиз унинг бу гуноҳидан ўтсангиз, кечирсангиз бу ҳам ўзига хос бир «худойи» дейиш мумкин.
Эҳсон-худойи агар билиб амалга оширилса, исломнинг энг яхши одатларидан бири. Қўшниси, қариндоши ёки биродари муҳтож бўлгани ҳолда кишининг сочиб, тўкиб, исроф қилиш даражасида ҳаёт кечириши дуруст эмас. Шу боис ҳам закот фарз қилинган. Ҳар бир дин одам болаларининг тенг яшамоқликларини даъват этади. Исломда бу масала янада мукаммалроқ даражададир. Ҳаёт шундайки, биров тадбирда илғор бўлгани сабабли бойиб кетади, бошқаси илм-ҳунарда заифлигидан ёки хасталиги туфайлими муҳтожроқ бўлиб қолади. Ҳайр-эҳсонлар ана шунда керак. Тўкин-сочин дастурхонлар атрофида биз бу неъматларга муҳтож бўлмаган ўзига ТЎҚ одамларни кўрамиз. Зориққан одамлар эса чорланмайди. Бирон киши эскироқ кийимда яқинлашса, «сен шошмай тур, меҳмонларни кузатиб олай, сўнг сенга овқат бераман», дейди. Хасталиги ёки бошқа узрли сабаб билан зориқиб яшаётганларнинг аксари иззатда бўлмасликларини билиб, бундай «худойи»ларга яқин ҳам келишмайди. Маърака эгаси агар инсоф қилса, унинг уйига қолган ошдан бир лаган чиқаради, бўлмаса йўқ.
Динда эҳсон-худойиларнинг аниқ муддатлари белгиланмаган. Бу маъракаларни ўтказиш учун бировнинг ўлимини ёки бошга ташвиш тушишини кутиш шартмас. Кимнинг қачон имкони бўлса, исроф қилмаган, барча одамларни тенг кўрган ҳолда ўтказавериши мумкин.
Андижонлик дўстим ачиниб айтиб қолди: бадавлат қўшниси маърака қилмоқчи экан. Дўстим бунинг бидъат эканини тушунтириб, муҳтож қўшнига ёрдам бериш афзалроқ эканини айтибди. Бироқ, бадавлат одам икки кундан кейин маъракага айтиб чиқиб, тўрт етим билан бева қолган хонадонга минг сўм садақа берганини ҳам фахр билан билдирибди. Ана энди у одам оладиган савобнинг миқдорини ўзингиз чамалаб кўраверинг. Унинг жоҳиллиги ёки кибр-манманлиги катта савоб йўлини тўсди.
Бадавлатларнинг маърака ошларини ейишга чидаш мумкиндир. Бироқ, балоғатга етмаган, норасида етим болалар қолган хонадонга қайси бет, қайси фаросат ва қандай мақсадда борилади? Ўша тортилган ошда етимнинг ҳақи борлигини наҳот фаҳм этмаймиз? Аждодларимиздан қолган ибрат бор: етимларнинг уйида уларнинг пиёласидан ҳам фойдаланиш мумкинмас. Наҳот бу ибратлар унутилди?
Бир дўстимнинг укаси қазо қилиб, вояга етмаган беш боласи етим қолди. Жаноза олдидан муҳтарам домла-имомга вазиятни тушунтирган эдим, у киши бу хонадонда маърака ошлари қилмаслик ҳақида яхши гапирдилар. Етим ҳақи нима эканини тушунтирдилар. «Йигирмасини мен қилиб бераман», деган мард топилганда ҳам бу маъракани қилмай, унга кетадиган ҳаражат пулини шу оилага топшириш савоброқ эканини таъкидладилар. Дафн маросимидан сўнг хонадонга келиб, фотиҳа ўқигач, бу масалага қайтиб, янада ойдинроқ тушунтирдилар.
Эртасига келсам, дўстим тоғалари, амакилари, маҳалла раиси билан бирга «йигирма оши»ни қаерда, қачон, қандай ўтказишни маслаҳатлашиб ўтирибди.
— Кеча домланинг гапларини эшитмадиларингми?— деб ажабландим.
— Домла гапираверади, нима, биз кетмон даста кўмибмизми?
— Етим ҳақи-чи?
— Маъракани ана, акаси ўтказиб беради.
Акаси — менинг дўстим. Бир неча ой аввал тўнғич ўғлидан айрилган, бошқа болалари ҳали ёш, ўзи маошга қараб кун кўради. «Йигирма оши» қилса, қулоғигача қарзга ботиши аниқ.
— Бунинг ҳам вояга етмаган болалари бор. Ўзидан ортмайди топгани, — деб эътироз билдирдим.
— Ке, қўй, дўстим, шу «йигирма»ни қилмасам маломатга қоламан. Маҳалла нима дейди?
— «Маҳалла нима дейди?» деб яшаган дурустми ё «Худо нима деркин?» деган аълороқми?
Хуллас, ўша куни мен енггандай бўлиб эдим. Бир ҳафта ўтгач, дўстим қўнғироқ қилди:
— Якшанбада «йигирма». Келмаслигингни билсам ҳам айтиб қўйяпман...
Афсуски, бундай воқеаларни тез-тез эшитамиз. Ёки учратамиз. Яхши амалларимиз билан савоб топиш ўрнига бидъат ва хурофот қулига айланиб қоламиз. Бу билан ўзимиз ҳам, бошқаларни ҳам қийнаймиз. Айтганларимизга қараб, бидъат ва хурофотдан қутулиш мумкин эмас эканда, деб бадбин хулосага келмаслик керак. Бугун жамиятимизда бидъат ва хурофот одатларимиздан воз кечаётган, бошқаларга тушунтираётган, бу тушунтиришни амалда исбот этаётган биродарларимиз кўп. Бидъат ва хурофотдан қутулиш қийин эмас. Бу масалани яхши ечиб берувчи уламоларимиз, илмига амал қилғувчи домла-имомларимизнинг сўзларини яхши фаҳм этсак кифоя.

* * *

Ўқиганингиз бу сатрлар мулоҳаза сифатида баён этилиб, фикрлашиш мақсадида матбуотда эълон қилинган эди. Каминада билимни кўз-кўз қилиш ёки ўзни илмлилар сафида кўрсатишга уриниш мақсади зинҳор бўлмаган. Мен олим эмасман, олимларнинг мухлисиман. Кўп қатори уларнинг илмларидан баҳраманд бўламан. Бу уламолар билан замондош қилгани, уларнинг суҳбатларини насиб этгани учун ҳамиша Яратганга шукр қилиб юраман. Ажабки, бидъат ва хурофот хусусидаги фикрларим АЙРИМ биродарларимизда ғалат таассурот уйғотибдиким, ғайри фикрларини жамоат орасида ҳам айтиб, бир озгина ғийбат гулобидан ҳам симирибдилар. Бундан кўнглимга озор етди. Йўқ, бу озор уларнинг номаъқул муомалаларидан эмас, балки ғийбат гуноҳидан татиб қўйишларидандир. Динимизга хизмат қилиб келаётган ул биродарларимизнинг бундай гуноҳлардан эҳтиёт бўлишларини истар эдим. Аллоҳ уларни кечирсин. Катта жамоатларда айтилмиш ғайри фикрлар унчалик тўғри бўлмагани учун баёнимизга кичик илова лозимдай кўриниб, яна қўлга қалам олдик, маъзур тутгайсизлар.
Биринчи иловамиз будир:
«Тўғри гап туққанингга ёқмас», деган мақолни «Тўғри гап жоҳил имомларга ёқмас», деб ўзгартирсак ҳам бўлар экан. Муборак динимизнинг қудратига салбий таъсир этувчи бидъат ва хурофотлар хусусида фикр юритиб, бу ярамас одатларга йўл беришда АЙРИМ имомларнинг хизмати ҳақида бир-икки аччиқ сўз айтиб эдик. Ният холис эди, кимнидир айблаб, шармсор қилмоқ фикридан узоқ эдик. Аммо баён этилмиш ҳақиқат айрим тақсирларимга ёқмабди. Бу бир жиҳатдан яхши, гап эгасини топибди. Ёмон томони -уларнинг бидъат ва хурофот ботқоғидан чиқмоқликдан уринмасликларида. «Динимиз учун офат ҳисобланувчи бидъат ва хурофотлардан қутулайлик», демоқлик ўрнига «бу одам нега ақл ўргатмоқчи бўлади, нечта ҳадисни билади ўзи?» деб маломат қилибдилар. Биз бунга жавобан кишининг динга қилган хизмати нечта ҳадис ёдламоқ билан эмас, билганларига тўғри амал қилмоқлик билан қадрланади, демоғимиз ҳам мумкин. Чунки қиёматда айнан амал асқатмоғини тақсирларим менданда кўра яхшироқ билишар. Яна улар ҳадиси қудсийдаги Аллоҳнинг марҳаматлари баёнидаги (мазмуни): «Бандаларимнинг ибодатлари ичида менга суюмлироғи - менинг йўлимда яхши амалларга тарғиб ҳамда холис насиҳат қилишдир», дейилмиш ҳақиқатга қандай муносабатда эканлар, бизга қоронғу. «Нечта ҳадис билади?» дегувчига «Тақсирим, камина қанча ҳадисни ўргангани, фикр қилганини санаган эмас, сиз ўзингизникини санабсиз, дуруст. Бироқ, сиз ҳам, камина ҳам имом Бухорий ҳазратлари билганчалик билмасмиз?» деб жавоб қайтармоғимиз ҳам мумкин эди. Лекин биз бундай тийилиб, у муҳтарам тақсиримга шарафли ҳадислардан бири билан жавоб қайтармоқликни лозим кўрдик:
Абу ат-Туфайл Омир ибн Восила (розиёллоҳу анҳу) айтдилар: ҳазрат Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан сўралганда, ҳазрат Али: «Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи васаллам) ўзимизга ҳос айтган гаплари фақат мана шу қиличимнинг қинидагилардир»,- дедилар-да, ундан бир саҳифа қоғоз чиқардилар. Бу саҳифада: «Аллоҳ таолодан бўлак нарсалар номига атаб бирон жонлиқни сўйган кишига, ота-онасига лаънат ўқиган кишига ва шариатда бўлмаган нарсаларни дин номидан пайдо қилганларга йўл берган (имконият туғдирган) кишига ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин», деган ҳадиси шариф ёзилган экан.
Мазкурни шарҳлашдан ожиз банда ожиздир.

* * *

Бидъат ва хурофот дейилганда биз асосан динга доир маросимларни назарда тутамиз. Ҳолбуки, хурсандчилик тўйларимизга доир ярамас одатларимиз ҳам борки, бу ҳақда ҳам бир оз мунозара қилсак фойдадан ҳоли бўлмас. Тўйлар ҳақидаги гаплар меъдангизга теккан бўлса, мазкур баённи ўқимай юлдузчадан сўнг келадиган фикрларга ўтаверинг.
«Аллоҳ ҳаммани тўйга етказсин...» «Топганингиз яхши тўйларга буюрсин...» - шундай деб бизларни дуо қиладилар. Биз ҳам бошқаларга шу саодатни тилаймиз.
Оилада гўдак дунёга келгани ҳамон ота-она қалбида умид ҳам туғилади. Бу умид фарзанд билан бирга улғаяди. Яратганга илтижо қилинган дамларда шу умидга етказиш сўралади. Фарзанднинг яхши, файзли, номусли оилалардан бирига куёв (ёки келин) бўлмоғи орзуси билан тўй қилинади. Бу тўйга узоқ йиллар ҳам моддий ҳам руҳий томондан тайёргарлик кўрилиши барчага маълум. «Қизингни бешикка бела, молини сандиққа ташла», деган мақол бежиз айтилмагандир. Ўғил туғилганида йигирма туп терак экиш одати ҳам ана шу тўйга тайёргарликнинг бир кўриниши. Ўғил улғайгунига қадар тераклар ўсиб, иморатбоп бўлади. Бўлажак ёш оилага атаб уй солинади. Сўнг қарабсизки, тўй-да...
Тўй туфайли хонадонимизга ташриф буюражак шодлик ва бахт умрининг нечоҚли узун бўлмоғи ўзимизнинг фаҳму фаросатимизга боғлиқ. «Қарз қутилар, хотин ёнга қолар», мақолига амал қилган бўлсак, шодлигимиз тўй тугаши билан тугаб, ташвишимиз бошланади. Агар «Кўрпангга қараб оёқ узат», ҳикматидан юз ўгирмасак, қарз ташвиши бизларни азобга солмайди.
Биз кўпгина ташвишларга ўзимиз харидор бўламиз-да, сўнг «бизни шунча қийноқларга соласанми», деб Худога даъво ҳам қилиб қўямиз. «Топганингиз яхши тўйларга буюрсин», дейилмиш дуони «Топган-тутганингнинг барчасини битта тўйга совуриб юбор, етмаганига қарз ол», деган маънода тушунмаслик керак. Кўнгил хоҳиши билан ҳаёт ҳақиқатининг муросага келмоғи мушкуллиги унутилмаса дуруст. Тўйдан кейин бошланажак ҳаёт, турмуш ташвишлари назардан четда қолмаса янада яхши. «Ортиқча кучаниш белни синдирар», деган мақолни ёдда тутиш эса доноликдир. Сиз билан биз ҳар қанча данғиллама тўй қилмайлик, унинг шуҳрати енгил шабада ҳам учириб кета олувчи хазон кабидир. Одамлар тўйингизни ойлаб-йиллаб эслаб, мадҳ этиб юрмайдилар. Яқинларимиз кўришганда «Қалай тўйларнинг чарчоғи чиқдими?» деб қўйишлари билан ҳаммаси тугайди. Тўй ҳар қанча дабдабали бўлмасин, кишининг обрўсига обрў қўшмайди. Бугунги куёв ва келиннинг эртанги тотув ҳаёти, саодат йўлидаги интилиши, ота-оналари, қариндош-уруғлари, қўни-қўшниларига бўлган меҳр-оқибати, ҳаё ва одоби хонадонга ҳурмат ва эътибор келтиради. Билмоғимиз жоизки, манманлик ва мақтанчоқликнинг энг хунук кўриниши - тўй-маросимларда қилинаётган сохта сахийликдир. Тўй баҳонасида манманликларини кўз-кўз қилмоқчи бўлган қудалар ҳавойи полвонларга ўхшашади. Куч ҳам йўқ, усул ҳам бўлмаса-да, гиламга тушган полвоннинг бели синганидек, қудаларнинг нодонлиги туфайли оиланинг бели синади.
Тўй қилиш бўйича аниқ тавсиялар йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Аввал айтганимиздай, тўй - кўнгил иши. Кўнгилни эса ақл бошқаради. Яна бир гап: кўнгил талаб қилувчи дабдабани чўнтак кўтаролмаслиги мумкин. Ҳар бир шаҳар-қишлоқнинг тўйга ҳос ўз одатлари, удумлари бор. Афсус шундаки, асосий эътиборни дастурхон безашга қаратиб, яхши урф-одатларимизни унутилишга маҳкум этяпмиз. Барча жой учун бир ҳилда бўлган ярамас одатимиз - «ким ўзар» мусобақаси. Бу мусобақанинг шиори «Агар сендан ортда қолсам - қулоғимни кесаман!» Ҳа, бизга айнан шу шиор маъқул бўлиб қолди. Ақлни ишлатиб демаймизки: «Биров томдан ташласа мен ҳам ташлашим керакми?»
Тўйга доир муаммолар ҳақида оқил устозларимиз кўп ва хўб ёзганлар, гапирганлар. Йил йўқки, матбуотда бу масала кўтарилмаса. Тўй қилувчилар бу ҳикматларни ўқимайдиларми, ҳар ҳолда ўз билгиларидан қолмайдилар. Демоғингиз мумкинки: «Тўй қилувчи Фалончи, қийналса ўзига жабр, сизга нима?» Сиртдан қараганда шундай. Аммо «жамият, унинг тараққий этмоғи», деган тушунчаларимиз ҳам бор-ку? Бугун оила қурадиганларнинг маънавий-руҳий оламлари, маданий даражаларини жамиятдан айри ҳолда кўролмаймиз-ку? Тўйлардаги исрофгарчилик жамият тараққиётига салбий таъсир ўтказмайдими? Тангри - таолонинг «енглар-ичинглар, аммо исроф қилманглар», деган амрини бажармаслигимиз жазосиз қолармикин? Ўтмиш донолари хазинасига разм ташласак, исрофга доир кўплаб бебаҳо фикрларни учратамиз. Айни дамда шулардан бирини эсламоқни лозим топдик:
«Исроф энг ҳурматли оилаларни ҳам бузади, энг бой хонадонларни оқибат вайрон қилади. Энг юқори мансаблардан тубан туширади. Энг шуҳратли ному насабга эга бўлганларни хор-зор қилади. Шунга кўра исрофдан сақланмоқ, ҳар бир ишда тежам, иқтисодга риоя қилмоқ шартдир. Тадбир билан сарф қилинган мол-дунё озаймайди, балки ортади. Бахил, хасис одам пулини хатто ўзига ҳам сарф қилишга кўзи қиймай, очлик ҳолида яшайди. Исрофчи эса охир оқибат бир тийинга зор бўлиб қолади.»
Йиллар оша гаплар гапирилаверилди, оқибат махсус қарор ҳам қабул қилинди, бироқ, аввалги мақолада(«Бидъат нима, хурофот нима?») таъкид этганимиздай, бир оз фурсат ўтиб, бу зарур қарорни унута бошладик. Замон яна шу масалага қайтишни талаб қиляпти. Биз устозлардан ўқиганимиз, доно отахонлардан эшитганимиз асосида бир-икки фикрни баён қилишга эҳтиёж сездик.
Улуғимиз Абдулла Қодирийнинг дастлабки саҳна асарлари «Бахтсиз куяв» деб номланган. Асарнинг маъносини сарлавҳаданоқ англагандирсиз? Фақат «ўтмищда уйланажак қаллиғини никоҳдан аввал кўришмаган, бир йигитга қари қиз дуч келган бўлса, унинг бахтсизлиги шу-да», деб фикр қилманг. Асардаги куёв боланинг бахтсизлиги - тўй туфайлидир. «Тўй» ва «касофат» тушунчалари бир-бирини инкор этса-да, мазкур воқеадаги куёвнинг бахтсизлиги айнан шу тўйнинг касофатидандир. Бўлажак куёв - етим. Амаки ота ўрнида ота бўлиб, жиянни уйлантириш ҳаракатига тушади. Яхши хонадоннинг қизига совчи бўладилар. Қизнинг отаси «тўй-тўйдек бўлсин», деган орзуда оламжаҳон нарсаларни талаб қилади. «Бўлажак оилани қийнамаслик керак, дабдабали тўйнинг ҳожати йўқ», деган насиҳатларга қулоқ солмайди. Куёв боланинг амакиси уятга қолмаслик учун бу талабларга кўнади. Оқибат отадан қолган ҳовли-жой гаровга қўйилиб, кўп миқдорда қарз олинади. Куёв қарзни вақтида беролмайди. Судхўр ҳовли-жойни тортиб олажагини билдирганда, куёв «бу кунимдан ўлганим яхши», деб жонига қасд қилади. Буни кўрган келинчак кўзига дунё тор кўриниб, у ҳам ўзини ўзи ўлдиради.
Таъсирли тарзда, насиҳат йўсинида битилган бу асарда баён этилган воқеа юз йилнинг нари-берисида бўлиб ўтган. Ажабким, тўйда исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида унда айтилган гаплар бугунга ҳамоҳанг бўлиб турибди. Тўй эгасига қилинган насиҳатларнинг шамолга қарши қичқириш каби самарасиз кетиши ҳам юз йилни оралаб бизнинг кунимизгача етиб келибди. Тўғри, ҳозир кўп жойларда «қалин» деган тушунча йўқ. Аммо унинг ўрнига ёзилмаган, аммо бажарилиши шарт бўлган турли-туман қоидалар мавжуд. Бу қоидалар бадавлат оилалар томонидан тез-тез ўзгартирилиб турилади. Агар келин томонга тўй юборилганда аввал битта қўй берилган бўлса, серҳиммат биродарларимиздан бири жуфт қила қолди. Сўнг унинг ёнига бузоқ қўшилди. Агар илгари битта сандиғу битта жавон билан оила қуриш мумкин бўлган бўлса ҳозир «мебел» дегани пайдо бўлди. Аввал фақат ётоқ учун олинган бўлса, энди унинг ёнига меҳмонхона, ошхона мебеллари ҳам қўшилди. «Фарзандимнинг кўнгли чўкмасин», деб ота-она жонини жабборга беришга мажбур. «Мебел» отлиқ ҳашамни Тошкентда келин томон қилади. Бошқа ерларда куёв олиши керак. Бир хонадонда тўйга тайёргарлик бошланган эди. Қиз томон «мебел»ни олиб келиб ўрнатмоқчи бўлганида, куёв томон «ие, мебел чет элники эмас экан-ку?» дебди. Шу гап туфайли тўй бузилди, десак, ишонмассиз. Сиз ишонинг бу бўлган воқеа. Ана энди ўзимизга савол берайлик: йигит «мебел»га уйланадими, ё қиз «мебел»га турмушга чиқадими? Шу матохни деб тўйни орқага суришлар ҳам мавжуд-ку? Бунга нима деймиз? Қўполроқ бўлса ҳам жавобимиз шу: бу - ақлсизликнинг ўзгинасидир!
Ўрни келганда айтиб ўтайлик: ота-она тўй ҳаракатини бошлаганида аввало ўз имкониятини чамалаб кўриши ва шунга қараб маросимнинг даражасини, ўтказиш тартибини белгилаб олиши лозим. Ундан сўнг фарзанднинг тарбиясида шу масалага ҳам жой берилиши шарт. Яъни, дабдабадан, демакким, кибрдан қочишнинг савоблиги, бировларга қараб кўнгилнинг чўкиши яхши эмаслиги, оила қурмоқлик фақат дабдабали тўйдан иборат бўлмаслиги, оила саодатини тўйнинг шуҳрати эмас, тўйдан кейинги тотув ҳаёт белгилаши ҳақидаги ҳақиқатларни фарзанднинг онгига сингдиришга уринищ керак. Айбситмасангиз мисолни ўз оиламдаги воқеадан келтирсам: агар кузатсангиз «ЗАГС» деб аталмиш маросимда келинникига келувчи автомашиналарнинг русуми, саноғи болаларни қизиқтиради. Каминанинг ўғли ҳам бир-икки «фалончиникига учта «Мерседес», ўнта «Волга» келди», деган хабарларни айтарди. Бир куни шундай хабардан сўнг «уч-тўрт йилдан сўнг Худо хоҳласа сени уйлантирамиз. Сен ҳам шундай машина карвони билан келинникига борасанми?» деб сўрадим. Ўғлим ва у каби ўсмирлар учун автомашиналар карвони мажбурий қоида каби кўриниши табиий. Чунки ҳамма шундай қиляпти. «Фалончининг қизига «Лимузин» келибди...» деган шов-шувлар шамолдай учиб юради. Ўсмир ота-онасидан шундай марҳамат кутади ёки орзу қилади. Шуни билган ҳолда камина ўғилга «Худо тўйга етказсин, аммо биз бундай қилмаймиз. Никоҳни рўйҳатдан ўтказиш учун турнақатор бўлиб борилмайди, вакилни тўйхонага таклиф этамиз», дедим. Бу гапимдан ўғлимнинг ажабланишини, ранжишини билардим. Турнақатор автомашиналар эгаларига тўлаш учун ортиқча маблағим йўқ, десам эҳтимол тушунарди. Лекин бунга моддий имконият бўла туриб рад этилиши ўсмирни лол қолдирди. Шундан сўнг бу каби одатлар манманлик экани, манманлик эса гуноҳлигини тушунтиргандай бўлдим. Бу суҳбатдан сўнг ўғлим автомашиналар карвони ҳақида гапирмай қўйди. Аммо ич-ичида армон мавжудлигини билардим ва шунинг учун вақт-бемаҳал кўчада кўрганим карвонлар ҳақида ўзим гап очардим ва бу одатнинг яхши эмаслигини таъкидлардим. Шунинг баробаринда санъаткорлардан яқинларим кўп бўлса-да, фақат битта ёки иккитасини таклиф этиш ниятимни ҳам билдириб турардим. Шу зайлда орадан бир неча йил ўтиб Худо бизни ҳам тўйга етказди. Совчилар келин бўлмишнинг уйларига бордилар. Орага воситачи одам қўймай тўй тартиби ҳақида ўзимиз гаплашайлик, деган таклифимиз қуда томонга маъқул тушиб, маҳалламизнинг оқсоқоли билан бордик. Камина орзу қилинаётган тўйнинг тартибини баён этдим. Никоҳ рўйхатидан ўтишга бормаслик, «чарлар», сўнг эса «куёв чақирди», «қуда чақирди», деб аталмиш маросимларни ўтказмаслик ҳақидаги таклифимиз уларни бир оз ўйлантирди, бамаслаҳат жавоб қилажакларини билдиришди. Шукрки, қудаларимиз ҳам, келинимиз ҳам буни тўғри тушундилар. Орзу қилган тўйимиз бир кунда чиройли тарзда ўтди, исрофдан қочганимиз учунми, Оллоҳ ёшларимизнинг бахтини берди.
Энди бугунги тўйларимиз хусусида бир-икки сўз айтсак: бизларда ё у томонга ёки бу томонга кескин оғиш одатимиз бор. Бугунги кунда «Исломий тўй» деган тушунча пайдо бўлди ва бунинг тарафдорлари тўйдаги ўйин-кулгуни мутлақо рад этадилар. Келинг, шу тарздаги тўйларнинг тарихига бир назар ташлайлик: тўйдан мақсад - фақат хурсандчилик эмас, балки шаръий, қонуний никоҳдан атрофдагиларни бохабар қилиб қўйишдир. Саҳобалардан бири шаръий тарзда уйланганларини хабар қилганларида пайғамбаримиз алайҳиссалом «Бир таом тайёрланг-да, қўни-қўшниларингизни чорлаб, никоҳдан огоҳ этиб қўйинг», деган эканлар. (Албатта, исломдан аввал ҳам ҳар жойнинг ва диннинг ўзига ҳос тўй маросими бўлган.) Мақсад шуки, одамлар буларни кўрсалар «фалончининг ўғли билан пистончининг қизи номақбул юришибди», деган ножўя хаёлга бормасинлар. Уламолар етказган ҳадисга кўра, пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ерга кириб бораётганларида қўшиқ айтаётган аёл, ашулани узиб салавотга ўтганида, жанобимиз «аввалги қўшиғингни айтавер», деган эканлар. Шунга кўра мусулмон мамлакатлардаги тўйларда қўшиқдан воз кечмаганлар. Аммо бу масалада бизда сал қуюшқондан чиқилиши афсусли ҳолдир.
Масталастлик билан беҳаё ашулаларни айтишлик, беҳаё қилиқлар билан рақсга тушишлик, ўртада шодланиб ўйнаётган қиз-жувонларга кайф аралаш ҳирс билан тикилишлик каби иллатларни маъқуллай олмаймиз. Ахир ўйлаб кўрайлик: тўйдан шодланиб рақсга тушаётган қиз ёки жувон кимнингдир суюкли фарзанди, кимнингдир жуфти-ҳалоли. Бу тикилишнинг ёки маст ҳолда ёнига тушиб ўйнашнинг ёмон оқибатларини кўриб турамиз-ку?!
Тўйлардаги ичкилик ичиш алоҳида бир масала. Бир танишим тўй қилиб, ўғлини уйлантирди. Бу билан зиммасидаги бурчини адо этгандек бўлди. «Этгандек бўлди», деб кесатишимга асос бор. Айтмоқчиманки, бурчни бажариш икки ҳил бўлади: биринчиси - атрофидаги одамларнинг розилиги, хурсандлиги учун. Яъни, бир тўда еб-ичиб, маишат қилиб кетса бас. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига борилмайди. Савоб-гуноҳнинг нима эканига ҳам эътибор берилмайди. Бунинг оқибати маълум: бугун фарзандининг оиласидаги нотинчликдан беҳаловат бўлаётган ота-оналар бу ташвишнинг илдизини топмоқ учун тўйни қандай ўтказганлари, бурчларини қандай адо этганларини ўйлаб кўрсалармикин? Иккинчи бурч Яратганнинг розилиги учун адо этилади. Яъни ҳаромдан («ҳаром»нинг маъноси - таъқиқлаш, ман этишдир), гуноҳдан эҳтиёт бўлинади. Янги оилани муаззам бир уй деб тасаввур этсак, унинг пойдеворида ҳалоллик ётсагина бақувват бўлади. Туз бетонни еб адо этганидек, аввал бошда аралашган ҳаром аста-секин умр саройи пойдеворини кемиради.
Бу гаплар шунчаки хаёл маҳсули эмас, балки ҳаётдаги воқеалар юзага чиқарган ҳақиқатдир. Баён қилаётган танишимиз бадавлат эмас, дабдабали тўй қилишга қурби етмайди. Аксинча, қарз-ҳаволадан умид қилувчи одам. Камина унга қарз кўтармасдан осонгина тўй қилишнинг йўлини айтдим. Аслида бу йўлни мен ўйлаб топмаганман. Олтмишинчи йилларга қадар барча шу ҳилда тўй қилган. Кейин «комсомол тўйи» деб номланмиш касофат - бемаъни базм кашф қилиниб, ҳаражатлар кўпайгандан кўпайди. Бугунги келиб «комсомол» деган нарса йўқолди. Бироқ, унинг номи билан юзага келган тўй шакли сақланиб қолди. Асл ўзбек тўйидаги ёр-ёр, тортишмачоқ каби ажойиб одатлар ўрнини маст-аласт қийқириқлар эгаллади. Уруш-жанжал, баъзан қотиллик ҳам шу янги тўйнинг мевалари экани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, буларни билиб турсак-да, билмагандек ҳотиржам юраверамиз.
Хуллас, танишим ароқсиз тўй қилишдан уялди. Маҳалла аҳлидан уялди. Уларнинг «тўйига ароқ қўймабди», деган маломатидан қўрқди. Ароқни ман этган Зотдан қўрқмади, уялмади. Лекин ўз фикрича, савоб ишга ҳам қўл урди: тўй арафасида «худойи» деб аталмиш эҳсон қилди. Энди «худойи» дастурхони билан базм дастурхонини бир-бирига солиштирсангиз савобнинг миқдорини чамалай оларсиз. Оллоҳ бандасининг дастурхонига муҳтож эмас. Аксинча банда Яратганнинг марҳаматига муҳтож. Ўша базмда сўзловчилар ёшларга бахт тилашади. Кимдан? Бахтни ким беради? Бахт берувчи «ичма» деган нарсани ичсагу яна ундан тилак тиласак берармикин? Бу томонини ўйламаймизми?
Иккинчи бир танишимизда ўзгача аҳвол юз берди. Куёв бўлмиш йигит дастурхонга ароқ қўйилмаслигини талаб қилибди. Ота-бола орасида шу хусусда келишмовчилик чиқибди. Ота ўғлидан нолиб: «Ароқ қўймасам шарманда бўламан-ку, мен ҳам тўйларга бориб ичганман-ку», деб эзилди. Биз дедик-ки: «Биродар, ўғлингизнинг ақлига тасанно айтмоқ лозим. Сиз тўйларга борганингизда қарзга ёки насияга олиб ичмагансиз-ку? Ё барчаларига «тўйимда қайтарам ичган ичгилимни», деб ваъда қилганмисиз?» Ота-бола баҳсида ўғил енгиб, у айтгандай тўй бўлди. Санъаткорлар ичкиликсиз ҳам тўйни ширин тарзда ўтказиб беришди. Мезбонлар ўйнаб-кулиб роҳатландилар. Шу маҳаллада, икки кўча наридаги тўй эса фожиа билан якунланди. Маст йигитларнинг жанжали ҳали чимилдиқ кўрмаган дўстларининг ўлимига сабаб бўлди. Мана сизга бир вақтда бўлиб ўтган икки тўйнинг якуни. «Бадмаст улфат - даврага кулфат», деб бежиз айтмаганлар машойихлар. Биз айтаётган масала бошқа миллатларда ҳам мавжуд. Агар эсласангиз, саксонинчи йилларда украиналикларнинг «Тўй айбланади», деб номланган кинофильми бўларди. Фильм ўзбек тилига таржима қилинган, ҳозир ҳам телевидение орқали намойиш этиб турилади. Унда ёш футбол юлдузининг ўлимига сабаб бўлган ресторандаги тўй, исрофгарчилик, маст-аласт йигитларнинг қилиқлари кўрсатилади. Эътибор берайлик: Европа учун ресторандаги тўй, ичкилик одатий нарса. Шунда ҳам улар бу одатга қарши чиқяптилар. Биз эса Европадан маданиятни эмас, уларнинг ўзлари ҳам рад этаётган ёмон одатларни оляпмиз.
Европадаги миллионер оилалар ҳам тўйларида биз каби сочиб, исроф қилмайдилар. Улардаги никоҳ ўқитиш маросимининг ўзи тўй. Энг яқин одамларини таклиф этишади. Бир неча соат ичида тўй ўтади. Биз улардан мана шу никоҳ ўқитиш (яъни - ЗАГС) маросимини олдик-да, ўзимизникига қўшдик. Ана энди тўй маросимларимизни санаб ўтайлик: совчилар ишни пиширсалар қиз билан йигитнинг кўчада кўришув маросими бўлади. Қиз билан йигит аввалдан бир-бирларини билсалар-да, совчиларнинг аралашувисиз аҳду паймон қилиб қўйган бўлсалар-да, бу маросимга келадилар. Йигит қизга қимматбаҳо совға беради. Совғанинг қабул қилиниши - ризолик аломати экан. Ана ундан кейин яна совчилар борадилар ва «оқ ўраш ёки патир синдириш» маросими бўлади. Кейин эса фотиҳа тўйи, бошқача айтилса қўни-қўшнилар, яқинларга маълум қилиш мақсадида бўлажак келиннинг уйига тоғоралар карвони жўнатилади. Агар тўйга қадар орада хайит байрами бўлса «йўқлов» деб аталмиш янги карвон йўлга чиқади. Булар - тўйнинг дебочалари. Баъзи жойларда «маслаҳат оши» дегани ҳам бор. Номидан маълумки, яқинлар тўйни ўтказиш тартибини белгилаш учун чақирилади. Ошдан сўнг маслаҳатлар берилади ва... тўй эгаси маслаҳатларга қулоқ ҳам солмайди, ўз билганидан қолмайди. Орада дастурхон сарсон... Ниҳоят тўй. (Еткизганига шукур!) Бир кун тўй юборилади (тўй олинади). Бир кун куёв (ёки келин)нинг отаси ишхонасидагиларни зиёфат қилади, яна бир кун онаси ҳамкасбларига дастурхон ёзади. Бир кун келинникида «Қиз базми». Ҳозир бу маросимга куёв жўралари ҳамда отаси ва унинг яқинлари билан келадиган бўлган. Бундан олдин ёки кейин ҳар икки хонадонда «худойи». Сўнг «сабзи тўғрар» деб номланмиш зиёфатча. Эртасига эрталаб (ёки пешинда) ош. Кейин «ЗАГС» деб аталувчи маросим. Никоҳдан ўтилгач, ёшлар учун бирон ерда кичкина зиёфатча. Ниҳоят, ҳовлида ёки бирон ресторанда никоҳ базми! Эрталаб келинсалом ва аёлларнинг қаймоқхўрлик зиёфати. Тўй эгалари нафас ростлашга улгурмай, эртага кутилаётган «чарлари» маросимига тайёрланишни бошлайдилар. Куёв тўра эса ўртоқларига яна бир зиёфат берадиким, бунинг номини «куёв оши» дерлар. Чарларида авваллари келин отасиникига тўйдан уч кун ўтиб келарди. Ҳозир тезлашув замоними, тўйнинг эртасигаёқ келади. Камида 60 аёл билан келган қуда хотинлар камида 6-7 хил таом билан сийланадилар. Аёллар кетишгач, энди куёв бўлмиш жўралари билан келади. (Худди қайнотасига «бу ёғини қойиллатиб қўйдим», дегандай ҳисоб бергани келганга ўхшайди, шундай эмасми?) Изма-из куёвнинг отаси, бошқар қариндошлари билан келишиб «чарлари» давом этади. Тўйлар шу зайлда ниҳоясига етгач, «тоғаникида келинсалом», «Амма-холаникида келинсалом»... каби маросимлар бошланади. Бу орада Худо фарзанд берса «ақиқа» ёки «бешик тўйи»... Хуллас, сўзни мухтасар қилсак, тўй-тўйга уланади. Донолар таъбири билан айтсак, «йўғонни чўзадиган, ингичкани узадиган» маънисиз ва кераксиз одатлар, расм-русумлар оқими... Кези келганда хайит байрамидаги келинсалом маросимларини эсламасак бўлмас. Бу маросимга келин томон беҳисоб тоғоралар карвонини жўнатади. Уч кун давомида келиннинг уйи, ясатиғлиқ дастурхон атрофи гавжум бўлади. Меҳмонлар орасида қариндошлар ҳам етти ёт бегоналар ҳам бор. Бу маросимни фитна уйғотувчи тадбир десак, янглишмасмиз. Чунки бунга келганлар фақат еб-ичмайдилар, балки уйнинг ҳашами, дастурхон тўкинлиги, келмиш тоғораларнинг сон-саноғи билан қизиқадилар ва муҳокама қиладилар. Бундай муҳокамаларнинг кераксиз гапларга ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши бир масала, яна бир масала телевидениеда бадавлат хонадонларнинг уйлари кўрсатилиб, бу ҳол энг азиз қадриятлар сифатида обдон тарҚиб қилинди. Ҳайриятки, бунинг асл мазмунига тушунилибдими, энди такрорланмаяпти.
Биз Тошкент тўйларини баён этдик. Бошқа ерларда буларданда баттар кераксиз одатлар борким, ўзингиз яхши биласиз. Одат ёқимсиз ва заруратсиз эканини билсангиз-да, уни бажаришга мажбур бўласиз. Нима учун? Наҳот «маҳалла-кўй нима дейди?» деган истиҳолани енгиб ўтиш шунчалик қийин бўлса? «Тўй қиламан, деб бели синибди, бечоранинг», деган маломат қайда-ю, «Тўйни ихчамгина ўтказди, барака топсин», деган шараф қайда! Тўғри, орамизда оғзига кучи етмаган «оғзи бедарвоза»лар ҳам бор. Аммо уларнинг гаплари кўпчиликнинг фикрини ифода этмайди. Бунақа тузсиз гапларга сал қўполроқ бўлса-да: «Ит ҳурар, карвон ўтар», деб қўя қолган маъқулмикин...
Бизларни шодлантирадиган нарса: бугунга келиб «суннат тўйи» («хатна тўйи) деб аталмиш зиёфатлар анча камайди. Бунақа тўйлар бутунлай қилинмаса янада яхши. Чунки мазкур тўй номининг ўзиёқ ножоиз. Суннат - пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилган ишлари, одатлари демак. У зот ҳаётлик чоқларида бунақа тўй қилмаганлар ва шундай қилинглар, деб айтмаганлар. Мусулмон мамлакатларида туғруқхонада туғилган ўғил бола шу ернинг ўзидаёқ хатна қилинар экан. У томонларда «суннат тўйи» деган тушунчанинг ўзи йўқ. Бу одатни бизда бирон бойвачча манманлик йўсинида бошлагану кейин ўзгаларга мажбуриятга айланиб қолган бўлса эҳтимол.
Кейинги пайтларда никоҳ тўйларида куёв томоннинг ош бериши ҳам камайяпти. Афсус шуки, бели бақувват биродарларимиз бу заруратсиз одатни ҳамон давом эттиришяпти. Мен бир нарсага тушуна олмайман: эркак қудалар фақат тўй ошида бир-бирлари билан кўришадилар. Унгача худди бир-бирларидан уялгандай кўришмоқликдан сақланадилар. Ахир тўйдан олдин учрашсалар, тўй тартибини ўзаро маслаҳат қилиб олсалар ёмонми? Икки томонда ош бермай, биргалашиб бир ерда қилинса бўлади-ку, бу маросим. Бунақа яхши одат кам бўлса-да, учраб турибди ва биз буни қуда бўлмишларнинг донолиги деб ҳисоблаб, уларни шарафлаймиз.
Тўй қилиш жараёнида энг мураккаби хотинларнинг талабларини ва инжиқликларини енгиб ўтиш. Муҳтарама аёлларимиз, ҳақ гапимиздан ранжиманглар, мавжуд кераксиз одатларнинг ихтирочилари ҳам, садоқатли ва ўжар ижрочилари айнан сизларсизлар. Тўй учун топган-тутганларни елга совуриш бўйича сиз жаҳоннинг мутлақ чемпионларисиз, десак, бу мартабани қабул қиларсиз. Совуриб бўлгач, тўйдан кейин нолишларни бошловчилар ҳам ўзингиз. Кераксиз одатлардан воз кечиш ҳақида гапиравериб тоғларни эритиб юбориш мумкин, аммо сиздаги жоҳилликни енгиш мумкин бўлмаяпти. Сиз узоқ ташвиқотдан сўнг бирон масалада чекинишга мажбур бўласиз-у, ўша заҳоти янги бир кераксиз, баъзан зарарли одатни ихтиро қиласиз. Масалан: тугун ва тоғоралар муаммоси. Кўп аёллар гўё тугундан воз кечдилар. Бунинг ўрнига эса битта тугун учун сарфланажак маблағ чамаланиб, тўй эгаси аёлнинг қўлига пул қистириш одати расм бўлди. Бойроқ аёлларимиз долларни ошкора равишда узатишга уринадилар: одамлар кўриб қўйишсин-да! Камроқ пул узатувчилар эса ийманадилар. Бу одат тўй эгаси учун ортиқча даҳмаза эшигини очди. Энди у пул берганларга жавоб тариқасида тугун ўрнига қоғоз халталарни шайлаб қўяди. Аввал тугунлардаги нарсаларни ўзаро алмаштириб қўйган бўлса, янди ҳар бирига алоҳида нарса солиши керак. Агар минг кишилик ошда 500 нон ишлатилса, юз кишилик аёллар маросимига мингдан ортиқ нон олинади.
Келин-куёвни кийинтириш бобида ҳам аёлларга бир сўз айтмоқлик мушкул. Куёв тўра зар чопон кийиб, салла ўрайдилар. Буни тушуниш мумкин: гўё қадриятларимизга қайтаётган эканмиз. Келинпошшани европача кийинтириб, бошларига шляпа кийдириб қўйишлари-чи? Бир ерда «келиннинг эгнига атлас куйлак-лозим, беқасам нимча, бошига ироқи дўппи кийгизиб оқ рўмол ташланса бўлмайдими?» деган эдик, «нима, бизнинг келинимиз жувонми?» деган танбеҳни эшитдик ва ажабландик: атлас кийим жувонлик белгиси эканми? Унда келин ҳали қизлик оламини тарк этмай туриб, тўй базми эртасига келин саломга атлас кийим-бошда чиқади-ку? Истиқлолдан аввал, ҳориждаги ўзбеклар билан борди-келди қийин бўлган маҳалларда эшитган эдим: ватандошлар атлас мато топилмагунча қизларининг тўйларини бошламас эканлар. Гап бу ерда бизнинг европача кийимга нисбатан инжиқлигимизда эмас. Тўғри, оқ либос ҳам қизларимизга ярашади, оқликда покизалик рамзи ҳам мавжуд. Лекин бу куйлак (куёвнинг зар чопони ҳам) ўзлариники эмас-ку? Бировдан ижарага олинади-ку? Наҳот покиза қизимизни неча-неча одам кийган, охори тўкилган кўйлакда узатиб боришдан истиҳола қилмаймиз. Эртасига бу кийимларни тахлаб изига қайтаришдан уялмаймиз?
Катта ёшдаги мўътабар одамлардан эшитган эдим: уруш ва ундан кейинги азобли йилларда ҳам замонга мос равишда тўйлар бўлиб турган. Дастурхонга бир неча туршак, жийда қўйиб ҳам тўйни ўтказишган. Жамоа хўжалигининг ёки қишлоқ кенгаши раисининг хонасида ямоқ тушмаган битта тўн билан бир атлас кўйлак сақланаркан. Тўй куни келин-куёвга шу либослар ижарага бериб туриларкан. У замонда умумнинг кийими ноиложликдан олиб кийилган. Ҳозир-чи?
Ўтмишдаги тўйлар ҳақида гапирганимизда маросимларимиз албатта ўшандай бўлиши шарт, деб даъво қилмоқчи эмасмиз. Тўйлар замонга яраша бўлиши керак. Шунинг баробаринда, замонавий тўй маданияти ҳақида ўйлаб кўришга ҳам мажбурмиз. Айрим биродарларимиз ҳориждан келган меҳмонларни тўй ошига ёки базмига олиб боришни хуш кўришади. Камина эса бундан ҳижолатдаман. Қаранг, тўй учун кўп минглаб пул сарф қиламизу маданиятни белгиловчи арзимас нарсаларга эътибор бермаймиз. Ҳатто ресторанлардаги тўйларда ҳам аҳвол шу. Ҳориждаги зиёфатларга эътибор берайлик: хизматчилар меҳмондан доимо хабар олиб турадилар, бўшаган идишлар дарров алмаштирилади. Ҳатто тўкилган ушоқлар ҳам кичик чангютар ёрдамида тозалаб турилади. Сочиқлар алмаштирилади. Хуллас хизмат маданияти юксак даражада. Бизнинг тўйларимизда-чи? Айниқса тўй ошларида қўл ювадиган жой йўқ. Баъзан ёшлар сув тутиб туришади, раҳмат, аммо сочиққа қўл артилаверилганидан уни сиқиб қайтариб беришдан ўзга чорангиз қолмайди. Ичкарига кирсангиз дастурхон усти йиғиштирилмаган. Ёғли қошиқлар оппоқ дастурхон устини доғ қилиб турибди. Бурда нонлар бетартиб сочилган. Ярим ейилган узум бошлари маъюс. Пиёлалардаги қолдиқ чойлар ҳам тўкилмаган. Сочиқни сиқсангиз бир камбағалнинг ошига етгулик ёғ сизиб чиқади... Биз бунақа манзарага кўникиб кетганмиз. Аммо хорижлик меҳмон буларни кўриб бизнинг тантилигимизга тасаннолар айтиб кетармикин? Йигирмата ароқни камроқ олиб бунинг маблағини покизалик хизматига, тўйчилик маданиятини оширишга сарф этиш наҳот мушкул бўлса?
Тўй маданияти ҳақида гапирганда санъаткорларнинг ўзларини тутишлари, пул қистириш, пулни бошдан сочиш каби ярамас одатни айтмай иложимиз йўқ. Бу ҳолат ва раққосаларнинг беҳаё қилиқлар қилиш эвазига пул тўплашлари бизнинг маънавий оламимиз пастлигидан далолат бермайдими? Бир тўйда ҳайратга тушганим ёдимда. Қўқон атрофидаги тўйлардан бирида раққосага тўхтовсиз пул қистираётган киши диққатимизни тортди. Ўша одам бир кун аввал биз билан суҳбатлаша туриб, иқтисодий қийинчиликдан нолиб, «болаларимга қишлик кийим ҳам олиб берганимча йўқ», деган эди. Эртасига у одам билан яна кўришганимизда «пул қистириш ўрнига болаларингизга кийим олиб берсангиз бўлмайдими?» десак, «тўй эгаси - тоғам бўладилар, ҳамма қистирганда мен қараб турсам уят эмасми?» дейди. Қаранг, боласи юпун юрса уят эмас, ҳаёсиз раққосанинг даҳанига пул қистирмаса айб экан. Бунисига нима деймиз?
Сирдарёдаги бир тўйни гапириб беришди. Тўй эгаси икки минг доллар сарф қилиб бир ашулачини олиб келибди. Ўша куни ёмғир ёғиб йўлларнинг аталаси чиқиб кетганидан кўпчилик тўйга келишга қийналиб, охири «ўша икки мингни йўлни тузатишга сарфласа савоби мўлроқ бўларди», деб кетишибди. Бу гапда ҳам жон бор.
Тўйларни батартиб, чиройли равишда ўтказишда маҳалланинг бурчи ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, очиғини айтиш керак, бугунги кунимизда тўй қилувчилар маҳалланинг фикри билан деярли ҳисоблашмайдилар. Аввал тўй куни маҳалла билан бамаслаҳат белгиланарди. «Сиз айтган куни фалончи ҳам белгилаб қўйган, сиз тўйингизни бошқа кунга кўчиринг», дейиларди ва бу маслаҳатга амал қилинарди. Ҳозир эса битта маҳаллада баъзан бир пайтнинг ўзида тўрт-беш тўй бўлиб ўтяпти. Одамлар қайси тўйга боришга ҳайрон. Биринчи жойда ош еб чиқилгач, иккинчи тўйдаги лаган тўла ошга қўл ҳам урилмайди. Қарабсизки, яна исроф. Тўйга келолмаганлар ҳижолатда, тўй эгалари эса гина-кудуратда. Илгарилари идиш-товоқ маҳалладан олингани туфайли маҳалла раисининг тўй эгасига сўзи ўтарди. Энди эса гап гаплигича қолиб кетади. Бироқ, дабдабали тўйга қурби етадиган биродарларга «тўйингизнинг дабдабасини сал камайтириб, тежалишдан ҳосил бўлгувчи маблағни фалончи хонадонга берсангиз савоб бўларди. Улар ҳам тўйларини вақтида кўнгилдагидек ўтказишиб олишарди», деган маслаҳатга юрадиганлар ҳам топиляпти-ки, бу яхшиликлари эвазига топилган савоблар туфайли уларнинг тўйлари файзли ўтиб, фарзандлари тотувлик ва бахтга эришяптилар.
Тўйни тартибли ўтказишда маҳалла кўп ишлар қилиши мумкин. Авваллари тўй базмларида бадмастлик авжга чиқса, жанжал кўтарилса, маҳалла қариялари бу хонадонда тортилажак ошга чиқмасдилар. Бу ўзига хос танбеҳ, ўзига ҳос жазо тури бўлиб, тўйчиларга таъсири сезиларди. Маҳалланинг таъсири ё маслаҳат ва насиҳат йўсинида ёки қатъий чора тарзида ҳам бўлиши мумкин. Андижон атрофидаги хўжаликлардан бирининг раиси қўллаган чорани ибрат сифатида келтирсак: у киши тўйга аёллар келадиган пайтда ҳовлида ўтириб олибдилар-да, тугун кўтариб келаётган аёлни тўхтатиб «тугунингни анави четга қўй», деб буюрибдилар. Аёллар раиснинг ихтиёрига қарши чиқишармиди. Хуллас, барча тугунлар бир ерга тўпланади. Очиб ҳам кўрилмайди. Раис аёлларнинг маросими тугагунча тўйхонадан кетмайди. Кетса нима бўлиши маълум: тугунлар одатдагидай очилади... Тўй тугагач, раис аёлларга тугунларингни ола кетинглар ва бундан кейин тугун қилманглар, деб тайинлайди. Аёллар нима кўтариб келишган бўлса, уни қайтариб олиб кетадилар. Бу ҳол ўн-ўн беш маротаба қайтарилгач, масала ҳал этилади. Бу ҳаракат айримларга эриш туюлиши ҳам мумкин. У ҳолда бошқа чорани тавсия этиб кўринг.
Кераксиз одатларнинг пайдо бўлуви ва изсиз йўқолуви сиз билан бизнинг онгимизга, виждонимизга боғлиқдир. Кибр ва манманликдан озгина чекинсак, олам-олам савобга эришамиз ва хонадонимизнинг чексиз саодатга етмоғини таъминлаймиз. Суҳбатимиздан мақсад сизларга ақл ўргатиш эмас, фикрлашга таклиф этмоқликдир. Сўзларимизни ҳадиси қудсийда келтирилган Аллоҳнинг хитоби билан якунлашни маъқул кўрдикким, бу ҳақиқат юмуқлик кўзларни очар:
«Эй Одам фарзанди, агар мендан уялмасанг, ҳарна хоҳласанг қил!..»

* * *

Баҳорда бодом гуллади, кўзларни қувонтирди.
Кузда эса...
Бодом мевалари ҳали етилмай туриб, «бошқалар териб кетишмасин», деган хавотирда қоқа бошладилар. Бечора дарахт инсон боласига мева тугиб бергани учун таёқ ея бошлади. Сўнгсиз, ҳисобсиз урдилар. Дарахт барглари кўз ёши мисол тўкилди. Лекин инсон болалари бунга эътибор бермадилар. Ҳали тирик баргларни топтадилар. «Дарахтнинг таёқ еган шохлари, навдалари ҳам азобланар, озор чекар-ку», деган фикр ҳеч кимнинг хаёлига келмади.
Бу-ку, дарахт, тилсиз, бизнинг назаримизда жонсиз бир нарса. Дарахтларни савалаш билан кифоялансак кошки эди.
Ҳаётда...
Ўз биродарларимизни заҳарли сўз таёқлари билан савалаймиз. Юраклари қон қақшаб кетса ҳам савалайверамиз. Унли йиғисига ҳам, унсиз фарёдига ҳам аҳамият бермаймиз. Савалай-савалай роҳатланамиз.
Дарахтларни савалашдан мақсад — меваларни териб олиш.
Ўз биродарларимизни савалаб нималарни териб оламиз? Гуноҳлар ортилаётган қопларни тўлдирмаймизми?
Бодом тўла қопни орқалаб бозорга шошамиз.
Гуноҳлар тўла қопларни ортмоқлаб қайга борамиз?

***

Эркинлик йўқ жойда масъулият ҳам бўлмайди. Ахир тутқун одамда қандай масъулият бўлсин? Агар идора раҳбари мулозимларига эркинлик бермаса-ю, улардан масъулият талаб қилса, кулгили эмасми?

***

Яҳудийлар билан насронийларнинг келишмовчиликлари Ийсо алайҳиссалом туғилганларида бошланган. Бу зиддият сиёсий эмас, диний асосларга эга. Мазкур қарама қаршилик Ийсо Масихнинг Ерга қайтиш онларида барҳам топса не ажаб?

* * *

Ўтмиш, хусусан Сталин замонидаги зулм учун ким айбдор? Бу ҳақда аввалроқ ҳам фикр билдирилиб эди. Энди мазкур саволга бошқачароқ жавоб қайтарсак-чи? Яъни, бугунги авлодни айблаш мумкинми? Масалан: «Сенинг отанг фалончининг устидан ёзган», деб. Албатта йўқ. Бироқ, у дамларни унутмаслик керак. Чунки зулм дарахти ҳеч бир замонда, ҳеч бир жамиятда қуримайди. Қуёшнинг ҳаракатига қараб соя ташлайдиган жой ўзгариб тураверади. Қайси бир авлоднинг эртами кечми яна шу сояга дуч келиши эҳтимоли бор. Ҳозир бирор идора раҳбарига ёки ундан каттароғига бошқа ходимни ёмонлайдиган, иғво балчиғини чаплаб роҳатланадиганлар йўқми? Ана ўшаларнинг шу хизмати зулм дарахтини суғоради ва қуриб қолишига йўл қўймайди.

* * *

Телевизорда ёзувчи биродаримиз ғалати бир гап айтди: яъниким, илм-фан — бош, ақл учун, адабиёт эса юрак учун экан. Бу гапда мантиқ кўрмадим. Назаримда биродаримиз фикрларини тўғри баён қилиб беролмадилар шекилли. Балки у киши бундай демоқчи бўлгандирлар: «илм-фанга доир ишлар, кашфиётлар асосан ақл маҳсули. Аниқ фан билан шуғулланиш учун юракдаги туйғулар, ҳис-ҳаяжонлар шарт эмас. Айтайлик, қуёш физикаси билан шуғулланувчи олимдан офтобнинг эрталабки латофатига маст бўлиш талаб этилмайди. Унинг учун қуёш нурларининг уфқда товланиши муҳим эмас, балки улуғ ёритгичнинг хусусиятларини ўрганиш зарурроқ. Бадиий асар эса аввал юракда туғилиб, сўнг ақл воситасида бойитилиб, қоғозга туширилади». Аниқ фанлар билан бадиий адабиётни айри-айри кўриш қалам соҳиблари учун янгилик эмас. Бу хато фикрни тез-тез эшитиб турамиз. Бундай биродарларимиз фақатгина ўз тумшуқлари остидаги нарсаларни кўрадилар. Орқага қарамайдилар, рўпарада нималар борлиги билан қизиқмайдилар. Мозийга қарасалар эди, алломаларимизнинг бадиий адабиёт билан шуғулланганларини билар эдилар. Яна сир эмаски, фандаги кўп кашфиётларга бадиий адабиётда акс эттирилган илмий тахминлар асос бўлган. Лазер нури бунга мисол.
Шу телекўрсатувда биродаримиз китобларни компьютерлаштириш, яъни китоб саҳифасини компьютер экранига чиқариш масаласига салбий муносабат билдирдилар. «Китобни мазза қилиб ўқиш керак», дедилар. Улар бир нарсага тушунмадилар шекилли: компьютерда фақат тамоша қилинмайди, унда ҳам ўқилади. Биз истаймизми, ё йўқми, қоғоз масаласи жаҳон миқёсида жиддий муаммо сифатида кун тартибига қўйилгач, матбуот ҳам, китоб нашри ҳам аста-секин компьютерлашади. Ҳозирнинг ўзида айрим илмий адабиётлар, луғатлар, қомусий луғатлар компьютерлаштирилди. Бу жараён ривожланиб бораверади. Лекин шунда бошқа бир муҳимроқ муаммо кўндаланг бўлиши мумкин: компьютердан таралувчи нур оқимининг инсон саломатлигига зарари одамларни ўқишдан чеклаб қўйиш эҳтимоли туғилади...

* * *

— Миллион долларсиз яшамоқ мумкинми?
— Мумкин.
— Юз, ўн, ҳатто бир долларинг бўлмаса-чи?
— Яшамоқ мумкин. Ризқни Тангри беради. Кишининг тирик юриши учун кунда бир кесим нон кифоя. Оғир кунларда одамлар шундай яшашган. Одам нима учун таомланади? Ўлиб қолмаслик, ҳаракатдан тўхтамаслик учун. Бунинг учун катта бойлик шарт эмас.
— Шон-шуҳратсиз яшамоқ мумкинми?
— Одамлар яшашяпти-ку? Нега мумкин эмас экан?
— Юқори мансабсиз-чи?
— Одамларнинг барчаси мансабдор эмас-ку?
— Амалинг бўлмаса, бойлигинг бўлмаса, шон-шуҳратинг бўлмаса, тўй-ҳашамларда сенга пойгакдан жой тегади.
— Демак, улар Одамни эмас, амал ва бойликни тўйга чорлашган экан. Пойгакда ўтиришдан афсус чекмаслик керак. Чунки ўша тўрдагилар ҳадемай пойгакка тушадилар.
— Хўш, бойликсиз, амалсиз, шуҳратсиз яшамоқ мумкин экан. Нимасиз яшамоқ мумкин эмас?
— Иймонсиз. Иймон билан яшаётган киши Аллоҳнинг ҳузурида энг бой, энг шуҳратли кишидир. Тангри ҳузуридаги дастурхон тўри ҳам иймон эгалариники бўлади. Дунёвий бойлик, мансаб, шуҳрат хиёнаткордирлар. Иймон бойлиги эса садоқатлидир. Бу дунёда ташвишли ёки қувончли кунларда ҳам ёлғиз қўймайди. У дунёда эса ўзингга кўшк бўлиб хизмат қилади.

* * *

Олимлар тош асри миллион ёки неча минг йил олдин ўтиб кетган дейишади. Лекин мен айрим одамларнинг тош қалбларига қараб, бу гапга ишонгим келмайди. Тош асри тугамаганга ўхшайди.
Бир киши ўзининг синглиси билан юз кўрмас даражада аразлашган экан. Узоқ йиллар давомида ака-сингил бегоналардай юришган. Вақти келиб, сингил қазо қилганида ака фотиҳага бормоқни ихтиёр этиб, ҳаракатини «ўликнинг ҳурматини қилиб қўйиш керак», деб изоҳлабди.
Ажаб, минг бор ажаб! Дуруст, ўликнинг ҳурмати бор экан. Тирикнинг ҳурмати-чи?

* * *

Ақлимиз ҳамиша биз билан бирга эмас, доимий равишда ҳукм ўтказмайди. Худди чекиш баҳонасида ташқарига чиққан кашанда сингари бизларни тарк этиб туради. Биз буни сезмаймиз ва айни шу дамда аҳмоқлик қилиб қўйиб, сўнг афсусланамиз.

* * *

Одамнинг эл орасидаги ўрни, мартабаси, обрў-эътиборини аввало қилган ишлари, сўнг эса атрофидагиларнинг мақтов ва олқишлари белгилайдими? Балки аксинчадир? Яъни, атрофидагиларнинг ёлғон-яшиқ олқишлари бирламчи, арзимас хизмати — эса иккиламчидир?

* * *

Бир киши билан танишадиган бўлсак, унинг қандай фазилатларга эга эканлиги билан қизиқамиз. Иллатлари ҳам назаримиздан четда қолмайди. Сўнг ақлу фаросатимизни тарозуга айлантириб, янги танишимизнинг фазилату иллатларини «тортиб» кўрамиз. Тарозунинг «фазилат» палласи оғирроқ келса, янги танишимиз билан янада яқинлашишга, дўстлашишга интиламиз. Тарозунинг «иллат» палласи босса, ундан нари қочишга уринамиз. Ўзимизга хос ажиб хусусият шундаки, «фазилат» ва «иллат» тушунчаларини ўз ақлимиз даражасидан чиқолмаган тарзда, ўз қаричимиз билан ўлчаймиз. «Комил инсонга хос фазилат» деган меъёрни эса унутамиз. Шу боис янги танишимизга хос фазилатдай кўринган одат комил инсонга ёт, иймонга зид бўлиб чиқиш эҳтимоли ҳам бор. Бу борада янглишмаслик, янги танишни асл ҳолида танимоқлик учун ўзимизнинг қобиғимиздан чиқишимиз керак бўлади. Каллакесар одам чивинга ҳам озор бермайдиган кишининг бу мўъминлик фазилатини қадрлай олмайди, аксинча, «нодон» деб кулади. Бесабр одам сабрли кишининг қадрига етолмайди. Демак, уни зоҳиран билса-да, ботинан танимоғи мушкул.

* * *

Барча миллат вакиллари, динга ишониш-ишонмасликларидан қатъи назар, «Худога шукур» ёки «Худо хоҳласа» каби калималарни тилдан қўймайдилар. Ҳатто ашаддий худосизлар ҳам баъзан беихтиёр равишда шукрона айтиб юборганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Худони тилдан қўймаслик, албатта, яхши фазилат, аммо банда учун бу кифоя эмас. Одам фарзанди бутун умри давомида Аллоҳни таниш ҳаракатида бўлмоғи жоиз. Роббимиз бўлмиш Аллоҳ бандаларига илм олмоқни фарз қилган. Зеро, Аллоҳни таниш фақат ва фақат ўқимоқ, илм олмоқлик билан бўлур. Илмсиз, жоҳил одам Аллоҳнинг буюклигини, қудратини тўлалигича била олмайди. «Аллоҳу акбар!» — Аллоҳ улуғ, буюк, деб кунда минг марта такрорлагани билан бу буюкликнинг нимадан иборат эканлигини билмаслик — Аллоҳни танимасликдир.

* * *

Аллоҳ таборак ва таоло Одам болаларини бошқа маҳлуқотлардан фарқли ўлароқ, азиз ва мукаррам қилиб яратган. Коинотга сочилган ҳаётсиз қуруқ сайёралар занжиридаги обод сайёрани ҳам ана шу азиз ва мукаррам қилиб яратган бандаларига раво кўрди.
Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек:
Хушдурур боғи коинот гули
Барчадин яхши ҳаёт гули...

Коинот — мўъжиза. Кичик бир заррага боқамизми ё баҳайбат тоғларга қараймизми, барча-барчасида Аллоҳнинг буюк қудрати ва маҳоратини кўрамиз. Бу мўъжизанинг кўламини қай даражада идрок эта олувимиз — Аллоҳни қай даражада танивумизни белгилайди. Қуръони Каримда таъкид этилишича, ҳар бир гиёҳ, оламдаги ҳар бир жараён — Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидир. Ҳамонки, қуръон — мўъминлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат экан, табиатдаги ҳар бир мўъжиза ана шу насиҳатни қувватлантирувчи омилдир.
Биз бир-биримизнинг овозларимизни эшитамиз. Жониворларнинг овозларини ҳам ажрата оламиз. Бироқ, табиатнинг товушини ҳамма ҳам эшитавермайди. Табиатнинг сўзларини қулоқ билан эмас, илм билан қувватланган идрок воситасида тингламоқ мумкин. Киши бу овозларни тинглагани сайин Аллоҳнинг нақадар буюклигини янада аниқроқ ҳис эта боради.
Аллоҳ кузда дарахтларга ўлим уйқусини беради. Гўёки табиат ўлади. Баҳорда эса навдалардаги гуллар кўзларни қувнатади. Бу қиёматда тирилмоққа ишора эмасми?
Ёки саҳро бағрида неча фурсат ўлик каби ётган уруққа ёмғир томчиларининг ҳаёт бахш этиши-чи?
Баъзан ўйлаб қоламан: олов нима учун яратилган экан? Таом пиширмоқ учунми? Хом гўшт еювчи маҳлуқлар ҳам кўп-ку? Уйни иситиш учунми? Музликларда яшовчи маҳлуқлар ҳам бор-ку? Одам боласи дўзах нима эканини хис этмоғи учун ҳам олов ер юзига чиқарилгандир, валлоҳи аълам?
Ёмғир ёғади, қор ёғади. Баъзан шукурлар қиламиз, баъзан «кўпайиб кетди», деб нолиймиз. Бошимиз узра томчилаётган томчилар булут шаклида неча юз ёки минг чақирим йўл босиб келганини тасаввур қила оламизми? Кўзимизга чиройли кўринган ёки чақин чақиб борлиқни гулдуратган булутларнинг неча юз ёки минг тонна сувни ернинг бир ҳудудида тўплаб, иккинчисига олиб келиб тўкишини ўйлаймизми?
Аллоҳнинг замину осмондаги барча мўъжизалари бехато ишлайди ва азизу мукаррам қилиб яратилган инсонга хизмат қилади. Кўзимизга аҳамиятсиз кўринган чивин ёки газанда ҳисобланмиш маҳлуқнинг ҳам табиатда ўз ўрни, ўз хизмати мавжуд. Чивин ҳам мўъжиза, фил ҳам бир мўъжиза ва бу мўъжизаларнинг барчаси занжир халқаси каби бир-бирларига боғланган, уни узмоқ, тўғрироғи узмоққа уриниш инсоният бошига фожиалар ёғдиражаги тарихдан маълум.
Бўриларнинг камайиб кетиши бошқа жониворлар орасида турли касалликнинг кўпайишига сабаб экани энди сир эмас.
Тимсоҳларнинг қириб ташланиши натижасида дарё ўзанларининг беркилиб қолаётгани ҳам маълум.
Хитойликларнинг эса «донни еб ташлаяпти», деб чумчуқларни қириб юбориб, сўнг чет элдан сотиб олишга мажбур бўлганлари кулгили, айни чоқда ачинарли ҳол.
Худосизлар жамиятида «табиатни енгамиз!» деган шиор мавжуд эди. Агар табиат инсон онгининг маҳсули бўлганида уни енгиш балки мумкин бўларди. Буюк қудрат билан илоҳий тарзда яратилмиш табиатни енгиш мумкинмикин?
Энг аввал нозил бўлган суралардан бири «Аъло» («Энг олий зот») сурасининг дастлабки оятларида зикр этилганидек, «Аллази холақо фа савва. Валлази қоддаро фа ҳада. Валлази ахрожал маръаа. Фа жаълаҳу Қусоъ аҳва». Маъно таржимаси: «У (яъни Аллоҳ) барча нарсаларни яратган ва яхшилаб, мутаносиб қилган зотдир. У ҳар бир нарса учун муносиб йўлни белгилаб (яъни барча нарсани ўлчов билан қилиб), ҳидоятга бошлаган зотдир. У ўт-ўланларни ундириб чиқариб, сўнг қорамтир хас-ҳашак қилиб қўйган зотдир». Энди мазкур оятни тафсирчи уламоларимиз, муҳтарам устозлар сўзлари билан англашга уриниб кўрайлик: «Тафсири ҳилол»да баён қилинишича, дунёдаги яралмиш махлуқотнинг ҳар бирига идрок диққати билан назар солинса, Аллоҳнинг қудратига, ҳар бир нарсани дақиқа-сонияларигача илоҳий ҳикмат ила маҳорат билан яратилганига қойил қолмасдан иложи йўқ. Инсон аввало ўз ўзига назар солса, ҳар бир аъзоси энг муносиб ҳажмда, жойда, шаклда эканини билади. Бирортаси озгина ўзгарса, мувозанат бузилади, ўз вазифасини адо этолмай қолади. Бошқа махлуқот ҳам айни шундай. Ҳар бир нарса, ҳатто ақлсиз бўлса ҳам, Аллоҳ берган ҳидоят орқали бу дунёда ўз ўрнини топади, ўз вазифасини бажаради. Ит итлигини, эшак эшаклигини қилади, бири иккинчисининг вазифасини бажара олмайди. Инсон ҳаёти ўсимликлар ҳаётига ҳам ўхшайди: инсон туғилади, ўсиб-улғаяди, қариб-қартаяди ва ниҳоят, қурийди — вафот этади.
Айрим уламолар оятдаги «Қусоъ» сўзини нефт деб таъвил қиладилар. Уларнинг фикрича, сел кўпикларига қоришган чирик япроқ-хазонларининг қуйқасидан нефт ҳосил бўларкан. Бу изоҳларни дунёвий олимлар ҳам эътироф этадилар.
Қуръони Каримнинг асли ёки маъно таржималари билан таниш биродарларимизга маълумки, бир қанча сураларнинг қатор оятларида бу каби мўъжизалар баёни берилганким, мазкур илоҳий мўъжизаларнинг илмий ҳақиқат эканини ХХ аср дунё олимлари тан олдилар. Шулардан бири «Ар-Роҳман» сурасидаги дарё-денгизларнинг бир-бирлари билан учрашадиган қилиб қўйилгани, уларнинг ўрталаридан тўсиқ бўлиб, бу тўсиқдан ошиб ўтолмасликлари баёнидир. «Тафсири ҳилол»да ёзилишича, араб олими доктор Муҳаммад Мутаваллининг таъкидига кўра, Форс кўрфазида денгиз тубидан чучук сувли булоқлар отилиб чиқаркану аммо денгизнинг шўр сувига аралашиб кетмас экан. Ўша булоқлар Кўкбот номи билан машҳур экан. Бошқа илмий маълумотларга қараганда, Адан кўрфази билан Қизил денгиз туташган Боб ал-Мандаб бўғозида ва Атлантик океани (Атлас уммони) билан Ўрта ер денгизи (Оқ денгиз) туташадиган Гибралтар (Жабалил Ториқ) бўғозида икки денгиз суви бир-бирига аралашмаган ҳолда оқар экан. Бу мўъжизанинг бир минг тўрт юз йил илгари Қуръони Каримда баён қилинганидан хабар топган машҳур сайёҳ Кусто беихтиёр калима келтирган, дейишади.
Шундай илоҳий мўъжизалардан таркиб топган табиатни инсон онги енга олармиди? Асло! Аммо табиат овозини эшитмаслик, идрок қила олмаслиги натижасида ўз бошига ўзи балолар орттириб, олиши мумкин. Бугун дунё халқлари тилидан «экологик фожиа» деган ибора тушмай қолди. Бу фожиа табиатни енгмоқ қасдида қилинган саъай-ҳаракатлар учун ажр-мукофотдир. Инсоният ақл-идрокини табиатни енгишдай беҳуда ишга эмас, илоҳий мўъжизаларни ва унинг Яратувчисини танишга қаратмас экан, бугунги фожиалар ҳолва бўлиб қолади.
Коинот гули ҳисобланмиш, «Она Ер» деб эъзозланмиш қурраи замин фақат бизники эмас, унда бугунги гўдакларнинг, яна юз, минг... йиллардан кейин, то қиёматга қадар туғилажак чақалоқларнинг ҳам хақлари бор. Бизларга Ерни еб адо қилмоқлик буюрилмаган, балки авайлаш, эъзозлаш мажбурияти юкланган.
Авлодлар қарғишига қолмайлик десак, табиат овозини идрокимиз ила тинглайлик.

* * *

«Мана шу қаср, шу автомашина, шу жавоҳиру ёқутлар меники», деб ўйлаймиз. Нодонлармиз биз. Ахир жонимиз узилиши билан булардан ажраймиз-ку? Булар бизларга асқотмайди-ку?
«Шу кўз, юрак, жигар... меники», деймиз. Зоҳиран тўғри — ҳаёт эканимизда бизники. Аслида — оқибатда эса, жон чиқиб сўнгги манзилимизга борганимизда эса улар ўз эгаларини топадилар. Бу аъзоларимизнинг асл эгалари — лаҳад қуртларидир.
У ҳолда чин ўзимизники бўлган, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўзимизга садоқат билан ҳамроҳ бўлувчи, бошқаларга насиб этмовчи, фақат ўзимизга хизмат қилувчи бирон нимамиз борми? Бор! Бу — иймон.

* * *

Қўшиқчи «Бургутлар, мени самоларга олиб чиқинг!» деб нола қиляпти. Дуруст, самога-ку, бургут олиб чиқар. Осмонга чиққандан сўнг тушмоқ ҳам бор. Бургут олиб тушармикин? Одамлар айтмайдими: «Нодон, ўзинг учишни билмасанг нима қиласан учишни орзу этиб?»

* * *

Шоир китоб ўқиб ўтирган экан. Бир жоҳил одам унга яқин келиб «нечун ёлғиз ўтирибсан?» деб сўрабди. Шунда шоир унга қараб: «Сен келишинг билан ёлғиз қолдим. Чунки китоб мутолаасидан тўхтадим», деган экан.

* * *

Ривоят қилурларким, ТАҚДИРнинг бениҳоя тенгсиз гўзал, оқила қизи бор экан. Қарангки, бир вақтнинг ўзида АҚЛ, ДАВЛАТ ва УМИД деган йигитлардан совчилар келишибди. ТАҚДИР қизини чақириб «Куёв бўлмишни ўзинг танла, қайси бири сенга маъқул?» деб сўрабди. Доно қиз ўйлаб туриб жавобини бошлабди:
— АҚЛ инсондаги энг олийжаноб фазилатдир. АҚЛ ёрдамида дўстни душмандан, ҳушёрни эса девонадан фарқлаш мумкин. Лекин АҚЛнинг бир айби борки, кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўймоғи ҳам мумкин. «Ақллилик балоси» деб бекорга айтмаслар.
— ДАВЛАТ ҳақида нима дейсан?
— ДАВЛАТ — ишбилармон ва ҳукмдордир. Давлатнинг итоатида кўп нарсалар бор. Бироқ, унда вафо йўқ. Агар ихтиёрни ўзимга берсангиз мен УМИДни танлагум. Чунки УМИД ҳар қандай ҳолатда ҳам инсондан ажралмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам вафолигидан чекинмай, энг яқин дўст бўлиб қолади, — деган экан оқила қиз.

* * *

Бозор — шайтоннинг масжиди экан. Жамиятни шу масжид асосида қуришда эҳтиёт бўлмоқ жоиздир.

* * *

Вақтим йўқ, дегувчилар — вақтнинг қулидирлар. «Вақтим йўқ», дейиш бир баҳона. Бу баҳона билан одам бошқаларни эмас, аввало ўзини алдайди. Худо бизга бир кеча-кундузда йигирма тўрт соат вақт бериб қўйибди. Шу вақтнинг эгаси ўзгалар эмас, ўзимиз. Ана шу йигирма тўрт соатни тақсимлаш учун Яратгувчи томонидан ақл, фаросат, зеҳн... неъматлари ҳам берилган. Одам вақтга қул эмас, хожа бўлмоғи керак. Биз беҳуда ишларга кўп маҳлиё бўламизда, зарур юмушларга келганда «вақтимиз етишмайди», деб нолишни бошлаймиз. Ҳатто эрталабдан кечгача қарта ўйнаб ўтирувчилар ҳам шундай деб ҳасрат қиладилар. Қиёматда вақтимизни беҳуда сарф қилганимиз учун ҳам ҳисоб берсак керак, валлоҳи аълам?

* * *

Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Кўчада қидириб юриб, янада карроқ одамга дуч келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Карроқ одам унга жавобан:
— Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчини бергину олиб кетавер, — дебди.
Кар одам эса яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу ҳолда гап талашиб туришганда эшагига бир жувонни мингаштириб олган оқсоқол кўринибди. Қарангки, оқсоқол уларданда карроқ экан. Йўлни тўсиб, бири ҳўкиз, бири эшак ҳақида тинмай гапираётган одамларга қараб: «Хотинни олиб қўйишмоқчи шекилли», деб ўйлаб:
— Яқинда хотиним ўлди. Бу жувон бегона эмас, хотинимнинг чўриси эди, — дебди.
Хуллас, уччови уч хил гапириб, баҳслашиб, ҳақиқат истаб қозига келибдилар. Худонинг қудратини қарангки, қози улардан баттар кар экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги Ой кўринса, ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак экан. Қози уларнинг тинмай, бир-бирларига гап бермаётганларидан «Ҳа, улар янги Ой чиққанини кўришибди-да», деган қарорга келиб, хизматкорларига буюрибди:
— Ҳой, ноғораларни чалинглар, эртага саҳардан рўза!
Қиссадан ҳисса: бир-биримизнинг гапларимизга тушунишни истамай юрганимизда ўша одамларга ўхшаб қолмаймизми?

* * *

Бўстонлиқда бир чинор кўрдим: одамлар унинг яқинида гулхан ёқавериб, оқибатда дарахтнинг баданини ўйиб юборишибди. Узоқдан қаралса, дарахт тили суғуриб олинган одамга ўхшайди. Бизнинг тарихимиз ҳам шунақа...

* * *

Қайта қуришни ҳам кўрдик... Нимани қайта қурдик? Ҳеч ким билмайди. Бу қайта қуриш деганларидан назаримда биттагина ашула қолди: «Мамлакат бўйлаб қилар юриш — Миша, Рая ва қайта қуриш»...
Шундай эртак бор: кунларнинг бирида хўроз билан ит дўстлашиб, ўзлари учун қишлоқ қурмоқчи бўлибдилар-да, ўрмонга бориб, жой танлабдилар.
— Мен қуришни билмайман, сен-чи? — деб сўрабди ит.
— Мен ҳам билмайман, — дебди хўроз.
— Унда қишлоқни қандай қурамиз? — деб ажабланибди ит.
— Жуда осон: сен вовуллайверасан, мен тупроқ титиб қичқиравераман. У ёғи яна бир гап бўлар, — дебди хўроз.
Бу таклиф итга маъқул келиб, «иш» бошланибди. Бир оздан кейин чарчашгач, ит дам олиб, хўроз пойлоқчилик қилибди. Шу онда тулки хўрозни кўриб қолиб, унга яқинлашибди-да, «нима қиляпсан?» деб сўрабди.
— Биз бу ерда қишлоқ қуряпмиз, — дебди хўроз.
— Мениям ишга олгин, мен жудаям зўр қурувчиман, — деб ялинибди тулки.
— Яхши, — дебди хўроз. — Ҳов анави бутанинг орқасида ишбоши дам оляпти. Бориб учраш, «хўроз айтди», десанг ишга олади.
«Айёр» деб ном олган тулки шу онда нодонлик қилиб, итга таланиб, думдан айрилиб, қочибди. Бир баландликка чиқиб олгач, «қурувчилар»га дебди:
— Мен-ку, лақмалигим туфайли думдан айрилдим, энди иснодга қоламан. Сизларнинг нодонлигингиз оқибатидаги шармандалик бундан кам бўлмасов...

* * *

«Ўзингни ўзинг англаб ет!» дейишади. Хўш, қандай англамоқ мумкин? Бунинг учун киши ўзига қараши, ўзини ўзи идора этмоғи лозимми? Ўз-ўзини англамоқ учун бу кифоя эмас. Бунинг биринчи шарти: одам атрофидагиларни зийраклик билан кузатмоғи шарт: яъни ўз кучини, зеҳнини, идрокини бошқаларники билан таққосласин, манфаатларини ўзгалар манфаатига солиштирсин-да, уларнинг назарида ўзининг қандай кўринишда эканини тасаввур этсин. «Менда бошқаларни қойил қолдирувчи ҳеч афзаллик йўқ», демоққа куч топсагина, ўзини англашни бошлайди.

* * *

Агар сиз бошқалардан бирон нимани илҳақ кутмаётган бўлсангиз, ўзгаларнинг марҳаматига муҳтож бўлмасангиз бир асаларига иккинчиси, бир арғумоққа бошқаси хатарли бўлмаганидек, одамлар ҳам сизга даҳшатли ёки ёвуз бўлиб туюлмайди. Агар сизнинг бахту иқболингиз бошқалар измида бўлса, одамлардан қўрқа бошлайсиз.
Демак, яшамоқнинг қоидасини бу тарзда белгиламоқ афзал: ўзимизники бўлмаган барча нарсалардан воз кечмоғимиз шарт. Токи ўзимизники бўлмаган бу нарсалар ўзимизга хожа бўлиб олишмасин. Аъзойи баданимизнинг хоҳиш-истакларига қулоқ солмайлик, унинг инжиқликлари бузуқлик жари томон етаклаши мумкин; бойликка муҳаббат уйғонишидан сақланайлик, бу муҳаббат ҳалок қилғувчидир; шон-шуҳрат, мансаб, эҳтиромлар эшик қоқса, «хуш келибсиз, мен сизга мунтазир эдим», деб қучоқ очмайлик. Бу ўринда дониш аҳли дерки: фарзандларинг, хотининг, ака-укаларингдан ҳам воз кечгил. Лекин бу талабни сўзма-сўз тушунмоқ дуруст эмас. Яқинлардан воз кечмоқлик — уларни кўчага чиқариб ташламоқлик ёки тўнни елкага ташлаб «ҳайт!» деб чиқиб кетмоқлик эмас. Гап бу ерда яқин кишиларнинг нафс балосига учраб қолишидан қайтариш ҳақида кетяпти. Яқинларингиз нафс ботқоғига бота бошладими, истар-истаманг ўзингиз ҳам улар изидан бораверасиз.
Ўзингиз сақланиб, уларнинг ҳалок бўлишларини кузатиб туришингиз эса важдондан эмас.
Аввалги фикримизни давом эттирсак: ўзимизга тегишли бўлмаган нарсалардан воз кечар эканмиз, одамларнинг зулмини зулм билан қайтармоғимизга ҳожат қолмайди. Дейлик: рўпарамизда қамоқхона турибди. Унинг мавжудлиги руҳингизга қандай зарар етказиши мумкин? Нима учун уни бузишга киришмоғингиз керак? Нима учун ундаги одамларни ўлдира бошлаш лозим? Бу қамоқхона, ундаги кишанлар, ўз хизматига эга. Ўзига тегишли бўлмаган нарсалардан воз кечган инсон агар бу кишанга банди қилинса ҳам, фақат жисми боғланади, руҳи эса озод ҳолда қолаверади. Руҳига ҳеч ким даҳл қила олмайди ва у ўз хоҳишича яшайверади.
У одам бунга қандай эришади? У ўзининг иродасини букиб, Аллоҳнинг иродаси қаршисида тиз чўктирган. Агар Аллоҳ унинг безгакдан титрашини истаса, у одамнинг ўзи ҳам буни истайди. Агар Яратган Тангри бу ишни истаса, у одам ҳам айнан шуни ихтиёр этади. Агар Робби бирор ҳодиса юз бермоғини хоҳласа, у одам ҳам истайди. Тангри истамади, у ҳам хоҳламайди. Агар Қодирул Ҳолиқ унинг азоб чекишини, оқибат ўлим топишини тақдир этдими, у одам ҳам шундай азоб чекмоқни ва жон бермоқни орзу этади. Айнан шу фазилат одамнинг бошқалардан қўрқмай яшамоғига имкон беради.

* * *

Аллоҳ-таоло Мусо алайҳиссаломдан сўради:
— Қўлингдаги нима, эй Мусо?
— Бу ҳассадир, йа Роббим.
— Уни нима қиласан?
— Суяниб юраман.
— Мендан бошқа суянадиган, сиғинадиган нарса йўғлигини билмайсанми? Қўлингдаги нарсани ерга ташла.
Ҳазрат Мусо ҳассани ерга ташлаганларидан кейинги сир кўпчиликка маълум: бир вазиятда у жонивор бўлиб кўринди, бошқа бир вазиятда денгиз иккига бўлиниб, уммат омон-эсон ўтиб олди. Уламоларнинг айримлари Мусо алайҳиссалом суяниб юрувчи ҳассани нафсларига далолат қилинганига ишорат этадилар.
Барча динларда, барча замонларда одамнинг нафс қулига айланмаслиги учун эҳтиёткорликка чақирадилар. Донолардан бири деб эканларким: «Аллоҳ яратган энг ярамас маҳлуқ нафсдир. Чунки нафс фақат ўзига қарши бўлган нарсаларни истайди.»
Ривоят қилишларича, ҳазрати Зулқарнайн сафарлари чоғида нафсни енгишга уринган бир қавмга дуч келади. Бу ердаги инсонларнинг биронтаси бойлик тўплаш билан шуғулланмас экан. Таомлари ҳам асосан сабзавотдан иборат экан. Бу ердагилар ўзларига қабр қазишиб, унинг ёнида ибодат қиларканлар. Зулқарнайн бундан ажабланиб, бу қавмнинг ҳукмдорини ҳузурига чақиртирибди. Ҳукмдор эса «Менинг ҳеч ким билан ишим йўқ. Кимнинг менда иши бўлса, ўзи ёнимга келсин», дебди. Зулқарнайн янада ажабланиб, унинг ёнига келиб: «Сени чақиртирувдим, нега келмадинг?» деб сўрабди. Ҳукмдор, тилёғламалик қилиб ўтирмай:
— Сенга ҳеч бир эҳтиёжим йўқ, агар бўлганида ҳузурингга борар эдим, — дебди. — Сенинг менда эҳтиёжинг бордирки, чорлатибсан.
— Эҳтиёжим — сизлардаги аҳволнинг сиридан воқиф бўлмоқлик, — дебди Зулқарнайн.
— Тўғри фаҳмлабсан, эй ҳукмдор, бизнинг олтин ва кумушларга эҳтиёжимиз ҳам, ишимиз ҳам йўқ. Чунки бир озгина бўлса-да, олтин ёки кумуш топган кишининг янада кўпроқ топиши учун ҳузурини йўқотганини кўрдик. Шунинг учун ҳам дунё сарватидан воз кечганмиз.
— У ҳолда бу қабрлар кимга керак? Нега қабр қазиб, уларнинг ёнида ибодат қилмоқдасизлар?
— Бу ишимиздан мақсад ҳам дунё сарватига майл қўймасликдир. Қабрларни кўргач, бир кунмас бир кун шу ерга тушишимизни ўйлаб, ҳамма нарсадан воз кечамиз.
— Нега сабзавотдан бошқа нарсаларни емайсизлар? Ҳайвонларни боқиб, сути ва гўштини истеъмол қилсаларингиз бўлмайдими?
— Ошқозонларимизнинг жонли ҳайвонларга мозор бўлишини истамадик. Сабзавотлар билан ҳаёт кечирмоқ мумкин экан, бизга шу маъқул. Зеро, томоқдан ўтганидан кейин ҳеч бир нарсанинг таъми қолмайди, — деб жавоб берган экан қавм ҳукмдори.

* * *

Ҳаёт — бешик ва тобут орасидаги тор бир йўл ва йўлчиликдир. Дунё ҳаёти сўнгсизлик ичида бир совун кўпиги кабидир. «Инсонлар идрок қилган ҳаёт нимадан иборатдир?» деган саволга ернинг заҳи ва қабр тошларининг қаттиқлиги энг тўғри жавоб бўлур эди. Шундай экан, нафсоний орзулар ва вужуд йўлида ўтган умрнинг маъноси нима ҳам бўлур эди?

* * *

Ривоят қиладиларким, пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг расули вазифаси берилган чоқда Иблис алайҳилаънанинг ёрдамчилари ҳовлиқиб келиб:
— Бир пайғамбар жўнатилибди ва бир уммат пайдо бўлибди, — деб хавотир билан хабар беришибди. Шунда Иблис сўрабди:
— Ўша уммат нафснинг ҳавойи истакларига берилиб яшашни севармикин?
Ёрдамчилар «ҳа, севаркан», деб жавоб беришганда, Иблис ҳотиржамлик ва мамнунлик билан дебдики:
— Нафснинг ҳавойи истакларига берилиб яшашни севсалар — масала йўқ, биз учун ташвишли ери ҳам йўқ. Бутга топинишлари мутлақо шарт эмас. Мен уларни уч восита билан йўлдан оздираман: Биринчиси — ҳақсиз ва ғайриқонуний фойда топдириш орқали, иккинчиси — топган-тутганларини лойиқ бўлмаган нарсаларга ҳарж қилдириш орқали ва учинчиси — лойиқ бўлган нарсаларга сарфлашдан юз ўгириш орқали. Билингким, бутун ёмонликларнинг манбаи шулардир.

* * *

Баъзан эшитиб қоламиз: «Болаларнинг онгини дин билан заҳарламанг». Англамоқ шартким, боланинг онги дин ҳикматидан бебаҳра бўлган ҳолатдагина заҳарланади.

* * *

Донишманд шайхнинг ҳузурига бир мўйсафид келиб: «Шайх ҳазратлари, энди мен қариб қолдим, кун ўтказишим ҳам машаққатга айланяпти. Менга панд-насиҳат қилинг, шояд Аллоҳ ишларимни яхши йўлга бошласа», — дебди.
Шунда шайх мўйсафидга хитобан дебдики:
— Биродарим, агар сен эсда тутувчи бўлсанг ҳам, хотиранг юқори мақомда бўлса ҳам икки нарсани эсдан чиқаргин: аввали — халқ учун қилган яхшилигингни, кейини — бировнинг сенга қилган ёмонлигини.
— Мардлик ва одамийлик ҳақида ҳам сўз айтинг.
— Миннат юкига бардош бермоқлик — одамийлик нишонасидир. Қўлидан келадиган ишни ўзгадан дариғ тутмаслик эса мардликдир.
— Ҳамиша мўъмин ва мусулмон бўлиб юрмоқлик ҳақида ҳам айтинг, шайхим.
— Кишининг айбини қидирмаслик — мусулмонликдандир. Ёмон сўзларни айтмаслик мўъминликдандир, — деб шайх насиҳатига якун ясаган экан.

* * *

Ақл салоҳияти Қуръони Каримдан олинган бир неъматдир. Салоҳияти ва иқтидори Қуръони Каримдан олинмаган ақл эса ўз эгасини залолат ва аҳмоқлик томон етаклайди. Тарих ўзини ақлли ҳисоблаб, ўз нафсига бутга сиғингандай сиғинган, дунёни охиратдан устун қўйган золим, ва аҳмоқлар билан тўлиб-тошгандир. Шунинг учун ҳам ҳақиқий маънода ақлли бўлиш Аллоҳ берган истеъдодни Қуръон ва суннатга мос равишда ишлатишдир.
Ақл инсониятнинг шарафини муҳофаза қиладиган, инсониятни бошқа маҳлуқотлардан ажратиб турадиган бебаҳо неъматдир. Қалблари уйғоқ бўлган кишилар инсониятга шараф кеклтирганлари каби, ўзларининг оила ва миллатларини ҳам улуғлайдилар.

* * *

Маълумингизким, «ар-Роҳман» сурасида «Фа биаййи алаи роббикума туказзибан» ояти каримаси ўттиз бир марта такрорланган. Маъно таржимаси «Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?» бўлган мазкур ояти карима кимларга қарата хитоб қилинган деган саволга сиз биринчи галда «ўша даврдаги кофир ва мушрикларга», деб жавоб берарсиз. Жавобни инкор этмаймиз. Аммо афсусимиз шуки, Аллоҳнинг ҳақ эканини, унинг илоҳий китоблари, фаришталарини инкор этувчилар, қиёмат кунида бандаларнинг тирилишига ишонмовчилар ҳали ҳам бор. Уларга қарата «фа биаййи алаи роббикума туказзибан» деб ўттиз бир миллион марта айтсангиз ҳам без бўлиб тураверадилар. «Бақара» сурасида «улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар» деб тилга олинган кимсалар шулар эмасмикин? Ёинки «Ёсин»да тилга олинган «...улар иймон келтирмаслар. Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар кўра олмаслар» шулармикин? Жоҳилият замонидагиларни тушуниш мумкиндир. Уларнинг аждодлари мушрик бўлганлар, таъбир жоиз бўлса қонларида мушриклар қони оқарди. Мушриклар дунёсидан исломнинг покиза оламига ўтишлари осон бўлмагандир. Шунинг учун ҳам кўплари кофирлик ҳолида дунёдан ўтганлар. Бизни ажаблантирадиган ҳолат - қонида мусулмон қони оқувчи, яъни аждодлари мусулмон ўтган кимсаларнинг Исломни рад этишларида. Буларни ким деб аташ мумкин? Совет замонасининг йигирманчи-ўттизинчи йилларида улар ўзларини очиқдан очиқ «худосиз» деб атардилар ва бундан ғурурланардилар ҳам. Ҳатто «Худосизлар жамияти» деган идоралари ҳам бор эди. Кейинчалик номларини «маданийлаштириб» ўзларини юнон тилидан олинган, асли «худосиз» маъносини англатувчи «атеист» атамаси билан атай бошладилар. Ўзларича янги «илм» тармоғини кашф этдилару уни «атеизм» деб номладилар. Шу соҳада ҳисобсиз равишда «фалсафа фанлари номзодлари» ва «фалсафа фанлари докторлари» пайдо бўлдилар. Улар гарчи худосизликни касб қилиб олган бўлсалар-да, юзларига қараб: «сиз - худосизсиз!» десангиз хафа бўлардилар. Ранжишлари эса бежиз эмасди. Уларнинг худолари бор эди, фақат Аллоҳ таборак таолони эмас, Карл Маркс деган бир ножинсни худо деб топинардилар. Унинг ёзиб кетганлари улар учун дастурул амал эди. Афсус, афсус... шундайларнинг қанча-қанчаси Ҳақни танимай бу дунёдан ўтиб кетди. Уларнинг ҳисоб-китоби қандай бўларкин...
Улар-ку кетдилар. Замон ўзгариб, «атеизм» дегани ҳам йўқ бўлди, деб юрсак, илдизлари қолган экан. Ҳозиргилар энди ўзларини «атеист» демайди, «диншунос олим» дейди. Мана шунисига доғмизда! Аввалгилари ўз номлари билан аталарди, булар энди дин бўйича олимликка даъвогар бўлиб туришибди. Дин асосларини яъни, Қуръони Каримни, Ҳадиси Қудсийни, Ҳадиси шарифларнинг аслини ўқий олмасдан, мағзини чақа олмасдан туриб қанақасига «диншунос олим» бўлиш мумкин? Нималарга асосланиб «Қуръон - инсон онгининг маҳсули?» дейдилар? Илгариги атеистлар Ислом динини Қуръони Каримнинг рус тилидаги маъно таржимасидан билишарди. Бугунгиларнинг «бахтига» Қуръони Карим маънолари ўзбекчага ҳам таржима бўлди. Шундайлардан бири таржимани ўқигач, «Қуръонни тушуниш учун аввал «Инжил»ни ўқиш керак», дейди. Мана шунга ўхшаган одамларни нима деб аташ мумкин? Биз «кофир» дея олмасмиз, чунки бу ҳукмни Аллоҳ чиқаради. Биз оддий деҳқончасига қилиб «аҳмоқ» деб қўя қолайлик. Юмшоқроқ тарзда «ақлсиз» деб ёзмоқчи ҳам бўлдик. Кейин ўйлаб қарасак, ақлсизга ақл битиши мумкин экан, аҳмоқнинг давоси эса йўқ экан. Усмон Нурий Тўпбош ҳазратлари ўз битикларида бу кабиларни шундай атабдиларким, бизга ҳам шу ном мақбул тушди. Бу кабилар ўзларининг аждодларини маймун деб билганларидан кейин улардан яна қандай ақл кутиш мумкин? Бизга қоронғу бўлиб қоладиган бир муаммо бор халос: улар ўзларини ота томондан маймун деб билармикинлар ё она томонданми? Балки ҳар икки томонламадир?
Энди аҳмоқлик масаласига келсак, Қуръони Каримда икки ҳил аҳмоқликдан сўз юритиларкан. Уларнинг биринчиси кофир ва мушриклар тоифаси бўлиб, Аллоҳ таоло улар ҳақида юқорида зикр этганимиз «Бақара» сурасида марҳамат қилган. Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб, Муғира ибн Валид ва шунга ўхшаш кимсалар ҚАЛБлари муҳрли, кар, кўр ва соқов бўлганлари учун ҳам ҳидоятга эриша олмадилар. Шунинг учун ҳам улар: «Биз сенга ишонсак хотинларимиз олдида масхара бўламиз» ёки «Пайғамбарлик бизга берилиши лозим эди. Чунки бизнинг мол-мулкимиз ва бола-чақамиз янада кўпдир», деган ақлсиз ва мантиқсиз сўзларни сўзладилар. Улар Расулиллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканликларини билганлари ҳолда аҳмоқликлари туфайли инкор этувчи ўжарликларидан қайтмаганлар.
Қуръони Каримда зикр қилинган иккинчи тоифа аҳмоқлар эса ўзларини ғоят ақлли деб биладиган кишилардир. Дунёвий орзулар уларни ғафлатга етаклагани учун кўзлари ҳақиқатни кўрмайдилар. Бундай кишиларнинг фақат айримлари бирон бир фалокатга учраганларида қисман кўзлари очилиши мумкин.
Ҳазрати Жалолиддин Румий аҳмоқлар ҳақида шундай деган эканлар: «Аҳмоқлардан қочингки, Ийсо алайҳиссалом улардан қочгани каби. Аҳмоқлар билан суҳбат қилиш натижасида неча марта қонлар тўкилгандир».
Ўрни келганда Ийсо алайҳиссаломнинг аҳмоқдан қочишлари баёни билан танишсак:
Марямнинг ўғли Ийсо худди арслон қувалаган каби югуриб борар эдилар. Кўчадан ўтаётган одамлардан бири унинг орқасидан югурди ва шундай деди:
-Нима бўлди сизга, ҳуркитилган қуш каби учиб бормоқдасиз?
Ийсо алайҳиссалом шу қадар тез чопар эдиларки, шошилганларидан бу одамнинг саволига жавоб бера олмадилар. Ул зотнинг бул тарзда югуришидан баттар ҳайратга тушган одам, ниҳоят яқинлашди ва яна сўради:
-Эй Руҳуллоҳ! Аллоҳ ризоси учун бир он тўхтанг ва холингиздан бизга хабар беринг? Кимдан ва нима учун қочмоқдасиз? Ахир орқангизда арслон ҳам, душман ҳам, қўрқадиган бошқа бирон нарса ҳам йўқ-ку?
Бунга жавобан Ийсо алайҳиссалом дедилар:
-Аҳмоқдан қочмоқдаман, аҳмоқдан! Мендан узоқроқ турки, ўзимни қутқарай.
Бояги киши сўради:
-Нафаси билан кўрларга ва карларга шифо берувчи Ийсо Сиз эмасми?
-Ҳа, менман,-дедилар Руҳуллоҳ.
-Маънавий сирларнинг тилсимини билган ва шунинг учун ҳам «Руҳуллоҳ» номини олган маънавий зот Сиз эмасми? Ахир сиз дуо ўқиганда ўлганлар ҳам худди овини тутган арслон каби қабрдан сакраб чиқарди-ку?
Бунга жавобан ҳазрати Ийсо дедилар:
-Ҳа, ўликларни тирилтирадиган менман.
-Эй Ийсо! Лойдан қуш ясаб, уларга жон бағишлаган Сиз эмасми?
-Ҳа, менман,- дедилар Ийсои Руҳуллоҳ.
-Эй тоза руҳ! Ўзингиз истаган нарсага қодир бўла туриб, яна кимдан қўрқиб қочмоқдасиз?
Ийсо алайҳиссалом яна жавоб қилдилар:
-Аввало руҳни ва сўнгра вужудни яратган Жаноби Ҳаққа ва унинг сифатларига қасам ичаманки, сен айтган бу дуони, яъни исми Аъзамни кар ва кўрларга ўқиган эдим, улар тузалдилар. Сўнгра бу дуони баланд чўққили тоққа ўқиган эдим, дуонинг кучидан ўртасидан айрилиб кетди. Сўнгра ўлик бир жасаднинг қаршисида ўқиган эдим, ўлик тирилди. Ҳеч бир нарсаси бўлмаган фақирга ўқиган эдим, бой-бадавлат бўлди. Лекин бу дуони аҳмоқ бир қалбга минг дафъа шафқат ва марҳамат ила ўқисам ҳам ҳеч фойда бермади. Бу аҳмоқ тош каби қаттиқ туриб олди ва аҳмоқлигидан воз кечмади. Оҳак тўкилган қум каби ундан бир ўт ҳам ўсиб чиқмади.
Бу сўзларни эшитган у одамнинг қизиқиши янада ортиб ҳазрати Ийсодан сўради:
-Исми Аъзам бу қадар киши ва нарсаларга таъсир қилиб, фойда бергани ҳолда нега аҳмоқликка таъсир қилмади? Ҳолбуки, қолганлар ҳам хаста эдилар. Уларнинг даво топиб, аҳмоқнинг даво топмаслиги сабаби ва ҳикмати недир?
Саволга Руҳуллоҳ шундай жавоб бердилар:
-Аҳмоқлик қаҳри илоҳий бўлган бир хасталикдир. Қолганлари эса кўрлик каби қаҳри илоҳийга дуч келмаган хасталиклардир. Бало ҳам бир хасталикдир, лекин у ҳам мубталосидан шифо топади. Аҳмоқликка келадиган бўлсак, бу ҳам бир хасталикдир, лекин аксарият ҳолларда бу хасталикдан бошқалар зарар кўрадилар. Аҳмоқлик тамғаси Аллоҳнинг бир муҳридир. Унга ҳеч кимса чора топа олмайди.
Бу ҳикматни рамзий маънода тушунмоқ лозиммикин. Яъни: аҳмоқдан жисмонан эмас, руҳан қочмоқлик жоиз. Руҳан қочмоқлик - иймонни унинг салбий таъсиридан эҳтиёт қилиш дегани бўлади. «Қозонга яқин юрсанг - қораси юқади», деганлари бежиз эмас.

* * *

Ҳикмат аҳлидан бири: кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир. Эй инсон, замон, ҳар кун сени ўқлар билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб кечаю кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин? Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, келиб кетган у кунлардан ўтаканг ёрилар, сўнг эса югуриб кетардинг. Тез келиб кетган соатларинг нималарга сарфланганини кўриб, жирканардинг? Лекин Аллоҳнинг тадбири тадбирларнинг аълосидир. Дунё ташвишларидан узоқ бўлинганда ҳаёт тотли кўринади, албатта, лекин аслида сен завқ деб ўйлаган нарсалар, кимёгарнинг ханталдан олган аччиҚидан ҳам аччиқдир. Ҳавойи нафсга берилиб яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шу қадар кўпдирки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар. Аллоҳим, сен бизни тўғри йўлга сол!

* * *

Ҳикмат аҳлининг бири бўлмиш мўътабар донишмандга мурожаат қилиб, дунё ҳаётини тавсифлашни сўрашганида у зот мазкур жавобни берган эканлар:
— Дунё ҳаёти — сен ичида бўлган ОНдан иборатдир. Чунки ўтган ўтмиш бўлиб қолади. Ортиқ ҳеч нарсалик бўлолмайсан. Келажагинг эса қандай бўлишини билмайсан. Вақт шундай нарсаки, тун кундузнинг ўлимидан хабар беради. Туннинг бошланиши у куннинг завол топганини билдирувчи бир ишоратдир. Тинимсиз келиб кетган ҳодисалар инсонларни ўзгартиради, эскитади, қаритади. Вақтнинг вазифаси жамоаларни сочиб ташламоқ, сараламоқ ва неъматларни йўқотмоқдан иборатдир. Амал узун, умр қисқа, ҳар нарса эса ёлғиз Аллоҳга қайтади.

* * *

Агар сиз билимдон бўлсангиз, биродарларингизга ҳам беринг, токи ундан шамчироқларини ёндириб олишсин.

* * *

Илмнинг юзасида сузиб юрувчи одам жаҳолатни теранлик деб, ёввойиликни забардастлик, мавҳумликни ниҳоясизлик, бемаъниликни эса ўта таъсирчанлик деб қабул қилади.

* * *

Одам боласининг энг жиддий эҳтиёжи — ҳақиқатни билиш эҳтиёжидир. Минг хил йўл билан янглишиш мумкин, ҳақиқатга эса фақат битта йўл олиб боради. Ҳақиқатни юрак-юракдан севиш — уни топишнинг асосий шартларидан биридир. Исботланиши қийин ҳақиқатларни кўпчилик овознинг эътироф этмоғи узил-кесил далил бўла олмайди, чунки бундай ҳақиқатларга кўпчиликдан кўра айрим одамларгина дуч келадилар. Тажриба синовига чидаган нарса — ҳақиқат бўла олиши мумкин.

* * *

Фан — қайиққа ҳам, кемага ҳам баб-баравар очиқ денгиз кабидир. Биров унда олтин ёмби ташиса, бошқаси қармоқ ташлаб балиқ овлайди. Фаннинг ибтидоси — ақл, ақлнинг ибтидоси эса сабр-тоқатдир. Улуғ ишлар учун толмас сабот керак. Кишини қобилияти учун эмас, балки ўша қобилиятидан қандай фойдалана олишни билишига қараб қадрлашади. Қобилият ўз-ўзича шуурсиздир, у ишга солинган тақдирдагина жилоланади.

* * *

Баъзилар муҳаббат ёш танламайди, дейишади. Тўғридир бу балки. Аммо Қобус ўғлига мурожаат этиб: «Ёшинг қайтганда севма», деган экан. Яна бир доно одам «одам қирқ ёшга қадар севмадими, ундан кейин ҳам севмай қўя қолгани маъқул», деган экан. Чунки кексаликдаги муҳаббат — фазилат эмас, балки иллатга айланаркан. Кексайган одамнинг ёшлик ўтида ёна олмаслиги ойдек равшан ҳақиқатдир. Шундай экан, «ошиқ қария — табиатдаги энг катта мажруҳликдир», дегувчи мутлақо ҳақдир! Эски саноч шаробга бас келолмагани каби кекса юрак ёшлик туйғуларига бардош беролмайди. Уйланмоқчи бўлган қариянинг бирдан-бир муддаоси — унга энага керак. Ёш хотин орзусидагиларга шайх Саъдийнинг сўзларини эслатмоқ жоиз: «Ёш хотиннинг биқинида чол ётганидан кўра, шу биқинга камон ўқи ботгани афзалроқ...».

* * *

Вазир подшоҳнинг кайфияти синиқ эканини фаҳмлаб, кўнглини кўтариш учун бир ҳазил гап айтибди. Подшоҳ қошларини чимириб қўйибди-ю, индамабди. Бу ҳол учинчи такрорланганида у ғазабланиб:
— Менга бемаъни гапларни айтмоққа қандай журъат этяпсан! Йўқол, кўзларимга кўринма, йўқса бошингни оламан! — деб қувибди.
Вазир доно экан, «кетганим маъқул, соғинса ўзи қидиртириб топади мени», деб уйига ҳам кирмай, узоқ қариндошлариникига бориб, паноҳ топибди. Подшоҳ янги вазир тайин этибди, аммо ундан кўнгли тўлмабди. Вазирлар алмашинаверибди, подшоҳ эса доно вазирини соғингандан соғинаверибди. Уни қидиртирибди, аммо изини ҳам тополмабди. Ўйлай-ўйлай «Кимки бош вазир лавозимини орзу қилса, саройга келаверсин, саволларга мукаммал жавоб берса бу юқори мартабани эгаллайди, жавоб бера олмаса сазойи қилинади», деб жар солдирибди. Бу чақириққа жуда оз одам ишониб келибди. Улар орасида эски кийимда, соқоллари ўсик, чўлоқ ва букри бир одам ҳам бор экан. Аввал тузукроқ кийимдаги, кўринишдагилар имтиҳон қилиниб, жавобларига ажр олибдилар - сазойи қилиниб, шарманда бўлибдилар.
Навбат букрига келганда сўрабдилар:
— Дунёдаги барча денгизлардаги марваридларнинг сони қанча?
Букри истеҳзо билан жавоб берибди:
— Дунёдаги одамларнинг кўзлари қанча бўлса, денгиздаги марваридлар ҳам шунчадир.
Сўрадилар:
— Инсон танаси учун энг зарур нарса нима?
Букри жавоб берди:
— Саломатлик.
Сўрадилар:
— Қайси қурол мўлжалга бехато ура олади?
Букри жавоб берди:
— Ақлли инсон онги, тафаккури.
Сўрадилар:
— Қум билан шакар аралашиб кетган бўлса, уни сувга солмай туриб ажратиш мумкинми?
Букри жавоб қилди:
— Мумкин. Бу аралашмани чумоли уяси ёнига тўксангиз, чумоли шакарни ташийди-ю, қум сизга қолади.
Сўрадилар:
— Сен денгиз сувини ичиб адо қила оласанми?
Букри жавоб қилди:
— Албатта. Сиз аввал денгизга келиб қуюлувчи барча дарё ва ирмоқларни тўхтатиб берасиз, мен эсам денгиз сувини ичиб қуритаман.
Сўрадилар:
— Ўлик гулханда ёнаркан, тирикни нима куйдиради?
Букри жавоб берди:
— Тирикчилик ташвиши.
Сўрадилар:
— Энг тубан юмуш надир?
Букри жавоб берди:
— Тиланчиликдир.
Саволлар адоғига етгач, букри подшоҳга мурожаат этиб: «Вазирларингизга мен ҳам битта савол берсам бўладими?» деб сўрабди. Подшоҳдан ижозат теккач:
— Эшикнинг ғижирлаши нимани англатади? — деб сўрабди.
Вазирлар ўйлаб-ўйлаб тайинли жавоб айтишолмагач, у истеҳзо билан кулиб дебдики:
— Бу савол сиз ўйлаганчалик мушкул эмас: эшикнинг ғижирлаши — унинг очилиб ёпилганидан далолатдир.
Подшоҳ қувониб кетибди, «бу букри бўлса ҳам ғоят доно экан, ҳатто аввалги доно вазиримдан ҳам аълороқ экан», деб вазирлик сарполарини келтиришни амр этибди. Шунда букри:
— Подшоҳим, мен Аллоҳнинг бир ожиз бандасиман. Аввал сизнинг ёнингизда бир доно вазир бўларди, мен унинг ўрнини эгалламоққа лойиқ эмасман, — дебди.
— Ҳа, бор эди, — дебди подшоҳ, — мен нодонлик қилиб уни қувиб юборгандим. Энди у йўқ, излаб изларини ҳам тополмадим.
— Афсусланманг, подшоҳим, чин юракдан қидирган бўлсангиз унинг ўзи ҳузурингизга келади. Мен унинг қаердалигини биламан.
— Қаердалигини айтсанг, тилаган тилагингни бераман, — деб қувонибди подшоҳ.
Шунда букри қаддини тиклабди, ясама соқолини юлиб ташлабди. Подшоҳ ўрнидан туриб доно вазирини бағрига босибди.
Қиссадан ҳисса шуки, тафаккур кишини ҳеч қачон хор ёки зор қилмайди.

* * *

Подшоҳ вазирининг укаси ҳудди акаси каби ҳукмдорга суюмли бўлишни орзу қилибди. «Сен ўз юмушингдан қолма», дебди акаси. Аммо ука акасига ҳасад қилиб, унинг ўрнини эгалламоқ қасдида подшоҳга рўпара келибди-да, ўзини доно билиб:
— Мен осмонда итларнинг ҳуришини эшитдим, — дебди. У нодон «гапимда фалсафий маъно бор», деб ўйлаган экан. Подшоҳ эса «Ҳузуримда бундай бемаъни гап айтмоққа журъат этган бу нодонни зиндонга ташланг», деб ҳукм қилибди. Шунда ака:
— Подшоҳим, бу менинг укамдир, бир озгина гапга нўноқ, мақсадини дуруст баён қила олмайди. У ёлғон сўз айтгани йўқ. Кеча бургут бир кучукчани олиб учган экан. У ўша кучукчанинг ангиллашини эшитган,— деб укасини жазодан қутқариб олибди.
Шундан сўнг ҳам укага ақл битмай, яна подшоҳга рўпара бўлибди-да:
— Мен узган камон ўқи кийикнинг ҳам туёғига ҳам қулоғига тегди, кейин ўз-ўзидан қоврилди. Мен уни мазза қилиб едим, — дебди.
Подшоҳ яна ғазабланиб, яна зиндонга ҳукм қилибди. Шунда ака яна ўртага тушибди:
— Подшоҳим, укамнинг гапга нўноқлигини аввал айтиб эдим. У ҳозир ҳам ёлғон сўз айтмади. Укам ниҳоятда мерган. У ўқ узган дамда кийик туёғи билан қулоғини қашиётган экан. Ўқ туёқ билан қулоқни тешиб ўтиб қайроқ тошга тегибди-ю, учқун чиқиб, ҳашак ўт олибди. Кийик гўштини шу ўтда пишириб ебди.
Қиссадан ҳисса шуким, бўзчи билганини тўқигани маъқул.

* * *

Ажриқдан сўрабдилар:
— Нега қишда ҳам кўкариб чиқмайсан?
— Сўрама, биродар, — дебди ажриқ хўрсиниб, — Кўкламда кўкариб чиқиб қандай ҳурмат кўрибманки, қишда ҳам кўкарсам?

* * *

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалаҳу алайҳи васаллам «Хамр (яъни ақлни олғувчи ҳар бир нарса) ёмонликлар онасидир», деган эканлар. Яна марҳамат қилиб дебдиларким: «Хамрдан сақлан. Унинг дарахти бошқа дарахтлардан ошиб ўтгани каби, гуноҳлари ҳам бошқа гуноҳлардан ошиб тушади». Майхўрликнинг Аллоҳ томонидан ҳаром қилингани (яъни таъқиқлангани)ни, бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар мавжудлигини кўпчилик билади. Яна билишимиз жоизки, ҳатто Тавротнинг саҳифаларида ҳам «Шароб шарманда этади, мускир жанжалкашга айлантиради. Унга мубтало бўлган ақлли эмасдир», дейилган.
Минг афсуслар бўлсинким, асли мусулмонобод бўлган юртимизда, асли мусулмоншева бўлган одамларнинг фарзандлари ўз насабларини унутиб, ёмонликлар онасининг фарзандига айланиб боряптилар. Майхўрликка қарши гапириш, майхўрларни инсофга чақириш — шамолга қарши ҳайқириш каби бесамар кетяпти. Уламоларимиз, имомларимиз гапиргудек бўлишса, «Сен майнинг қадрини қаердан билардинг?» деган маънода афтларини бужмайтирадилар.
Бир куни камина ҳам майхўрликка қарши сўз айтган эдим, «Ҳадеб ароқни ёмонлайверасизми, ўзингиз ҳечам ичмаганмисиз?» деб таъна қилишди. Тўғрисини айтдим. Аллоҳга тавбалар қилганим ҳолда, ўша қилмишларимни лаънатлаганим ҳолда, ичганларимни яширмайман. Мен кўп ичмаганман. Лекин кам ичдинг нимаю, кўп ичдинг нима, фарқсиз — игна ҳам, йўғон қозиқнинг учи ҳам кўзга кирар бўлса, барибир кўр қилади. Менга таъна қилган жамоатга қараб дедимки: «Сиз бутун дунё бўйича бир одамни топинг. Агар у: «илгари касал эдим, шу ароқни ичиб тузалдим, илгари камбағал эдим, шу ароқни ичиб бойиб кетдим, илгари хор эдим, шу ароқни ичганимдан кейин обрў топдим, шарафландим», деса, сизларни ичкилик билан ўзим таъминлаб тураман. Шундай одамни топа олмайсиз. Чунки ароқ (ароқ деганда барча маст қилувчи ичимликларни — шайтоннинг сийдигини назарда тутяпмиз) соғлом одамни касал қилиши, бойни камбағалликка гирифтор этиши, шарафли одамни эса хорлик жарига судрашини ҳамма билади. Аммо нафс олдида мағлуб ҳолда тураверадилар.
Мени бир нарса ажаблантиради: айтайлик, телевизор сотиб олдик. Дарров қўлланмасини ўқиймиз. Телевизорни яратган олимлар, усталар бизларни огоҳлантиришади: 220 волтли токка уланг, иситиш ускунасидан нарироқда турсин... Буни билиб, биз ҳеч қачон телевизоримизни 380 волтли токка уламаймиз, телевизорнинг бузилишига йўл қўймаймиз. Қўлланмага амал қилмасак пулга куямиз. Ҳолбуки, Инсонни яратган Аллоҳ Одам болаларига тўғри яшаш йўлларини ўргатувчи қўлланма — илоҳий китобларни туширди, тўғри йўлга бошловчи элчиларни юборди. «Қўлланма»нинг энг улуғи, шубҳасиз, Қуръони Каримдир. Элчиларнинг энг шарафлиси, шубҳасиз, бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. «Мўъминлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат» бўлмиш Қуръони Карим одамларга қарата: ичма, бу дунёда хор бўласан, у дунёда азобга қоласан, деб турса-ю, биз эшитмагандек, билмагандек ичаверсак. Бу дунё азобига дуч келганимизда, айтайлик, тузалмас хасталикка чалиниб, тўшакка михланганимизда ёки фарзандларимиз ёмон хулқлари билан куйдира бошлаганида «Эй Худо, мен Сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга шунча ғам-алам берасан», деб нолалар қиламиз, кўз ёшлар тўкамиз.
Фиръавннинг имон келтириши каби кечиккан бу ҳасратларимиздан фойда бўлармикин?
Кечагина «Ичманг, биродар», дегани учун кўзимизга ёмон кўринган имомни чақиртириб: «Бир ўқиб қўйинг», деймиз. Мулла қирқ марта «Ёсин» сурасини ўқиса, у дунёга гўё гуноҳлардан холи бўлиб кетиладигандай туюлади. Кошки эди буларнинг фойдасизлигини билсак. Юқори кучланишли токка уланган телевизор куйгани каби охиратимиз куйиб бўлганини англамаймиз. Телевизор куйса, пулимизга ачинамиз. Умримизнинг энг гўзал онлари куйиб адо бўлаётганини эса, фаҳмламаймиз.
Ароқ одамнинг ўзигагина ёмон таъсир қилса, чидаш мумкиндир балки. Ароқнинг зурриёдга таъсири-чи? Мажруҳ туғилаётган болалар, туғилмаёқ ўлаётган болалар-чи?! Бирор кишини беҳос уриб ёки туртиб юбориб, оёғини ёки қўлини майиб қилиб олсангиз, қонун олдида жазоланасиз. Лекин қўл-оёқсиз ёки ақлсиз туғилаётган болаларнинг мажруҳлигига сабабчи ота ёки онани жазоламаймиз. Тўғри, бу дунё қонуни жазоламайди, аммо Аллоҳнинг жазоси тайин-ку, қўрқмаймизми?
Ароқхўрлик ҳақида гапирилса, европаликлар бузди бизларни, деймиз. Бу гапда жон бор. Лекин улар ҳар биримизни ётқизиб олиб, оғзимизга зўрлаб ароқ қуймадилар-ку? Европаликларнинг маданиятга оид дуруст одатларини олмаганимиз ҳолда нима учун фақат бузуқликларини маъқул кўриб қолдик?
Биз ичганда ҳам гўё маданийча ичишга ўрганганмиз. Яъни «тамада» деганни сайлаб оламиз. (Бу сўзни ўзбекчага айнан таржима қила олмадим, рамзий маънода «Шайтоннинг бош ёрдамчиси», десам ранжимасинлар.) Чиройли сўзлар, яъни, «тост» айтамиз. Тилаклар тилаймиз. Соғлиқ, омад, бахт... Кимдан тилаймиз? Албатта Худодан тилаймиз. Ўйламаймизки, яратган Тангри «ичма, бу харомдир», деб қўйибди. Шу ҳаромни ича туриб, Ундан яна бахт сўрасак, берармикан шу бахтни! (Мазкур фикрни аввал ҳам айтиб эдик, такрор этаётганимиз бежиз эмас).
Баъзан ичкилик қўйилган давраларда ўтиришга мажбур бўламиз. Шунда айримлар сал истиҳола қилган бўлиб: «Чарчоқни кўтаради, ижозат берсангиз, озгина-озгина ичсак», дейишади. Шунда: «Рухсатни мендан сўраманг, чунки буни мен ҳаром қилган эмасман», деган мазмунда жавоб бераман. Баъзиларга шу гап таъсир қилади, бошқалар: «Худонинг ўзи кечиради», деб ичаверишади. Худди Худо уларга «Тўйиб ичиб олаверларинг, кейин сенларни кечираман», деб тилхат бергандай ёки вахий юборгандай ишонч билан гапиришади.
Бир неча йил бурун Туркистон шаҳрида, ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараларидан бир чақиримча нарида аянчли бир даврада ўтиришимга тўғри келган эди. Воқеа тўйнинг эртасига содир бўлди. Дастурхон атрофида турли ёшлардаги одамлар ўтирибмиз. Айтишим жоизки, шундай муқаддас ва шарафли шаҳарда яшовчи, ўзини мусулмон деб атовчилар ароқхўрликда «чемпион» эканлар. Хуллас, мендан «тост» айтишимни илтимос қилишди. Дастлаб рад этдим. Талаблар такрорланавергач, дедимки: «Хўп, гапираман, аммо ранжимайсизлар. Ҳозир сизларга, «ичманг», деганим билан ёқмайман. Лекин бир нарсани ўйлаб кўринглар: мана бу йигит ўғлингиз экан, ота билан ўғил нима деган одам бўлдиларинг энди?! Мана бу йигит сизнинг куёвингиз экан, сиз билан ичиб, маст бўлиб, уйга боргач хотинини, яъни қизингизни урса, қизингиз додини кимга айтади? Сўнг эса сиз додингизни кимга айтасиз?»
Бу гапдан кейин ўғил ва куёв чиқиб кетишди. Бир-икки киши гапимни маъқуллаб, ароқ қуйилган пиёлани нари суриб қўйишди. Бошқалар эса «Худо кечиради», деб ичишни давом эттираверишди. Бундай одамларни «эш-шакдай қайсар», дейишади. Йўқ, азизлар, эшакларни ранжитманг, эшиклар уларга ўхшамайди, чунки эшакни тарбия қилса бўлади: «иш-ш» десангиз тўхтайди. Бундай одамлар эса тўхташмайди.
Ароқхўрлик қанча-қанча улуғларни хорлик ботқоғига ботирди. Жуда кўп истеъдод эгалари бу бало оқибатида умрларини ҳам, қобилиятларини ҳам бой бердилар.
Шу ўринда ҳазрат Бобур Мирзонинг бир фармонларини эсга олсак, фойдадан ҳоли бўлмас. Милодий ҳисобда 1525 йили имзоланган мазкур фармонга биноан майқатағон (сухой закон) эълон қилинган эди:
«Башар нафси ёмонликка майл этишдан узоқ эмас, «нафсимни поклай олмадим, чунки нафс ёмонликка амр этувчидир.» Ундан қайтиш бағишловчи Маликнинг лутф-марҳаматидан бошқа мумкин эмас. «Бу Аллоҳнинг эҳсонидир, кимга хоҳласа, бахш этади. Аллоҳ катта эҳсон эгасидир.» — Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат манъ қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружуъ қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, уларни битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» деган парда остига беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри билан юмшатсалар?» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик...»
Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айнан шу фармондан — майқатағондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган. Айни шу ичкилик (уни «чоғир» деб атаганлар) умидли ва суюмли набира Мўъмин Мирзонинг бошини узган.
Баъзи биродарларимиз айтадиларки: «Ароқ бировларники бўлгани учун ҳаром қилинган». Йўқ, азизлар, ароқ, чўчқа гўшти бошқалар истеъмол қилгани учун эмас, одамга зарар бергани учун ҳаром қилинган. Агар у биродарларимиз айтгандай бўлганида эди, бировлар ейдиган мол ёки қўй гўшти ҳам, бошқа неъматлар ҳам ҳаром қилинар эди. Яна ўйлайлик, нима учун айнан ароқ ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди? Нега мураббо ёки қовун-тарвуз ҳаром қилинмади?
Ароққа қарши бутун насоро олами ҳам курашган. Урушдан аввал ҳатто АҚШда ҳам майқатағон эълон қилинган. Болшевиклар замонида ҳам бир-икки уруниш бўлди. Охиргиси эсингиздадир, «қайта қуриш», деб аталган замонда ҳам ичкиликка қарши курашилди. Биз бу курашни жону дилимиз билан қувватлаш ўрнига норози бўлдик, ўзимизча найранглар ўйлаб топдик. «Тўйларда ичкилик қўйилмасин», дейилди. Хўп де- диг-у, баъзиларимиз битта самоворга сув қуйиб қайнатдик, иккинчисини ароқ билан тўлдириб, чойнакда тарқатдик ва бу «ихтиро» билан фахрландик. Бундан ортиқ нодонлик бўлармикин? Ана ўшалар ва ўшалар кабилар ҳазрати Анаснинг (розиёллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллалоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган бу ҳадисларидан хабардормикинлар: «Аллоҳ шаробни, уни ичганни, қуйиб берганни, сотганни ва сотиб олганни, сиқиб тайёрлаганни ва тайёрлатганни, олиб келганни ва олиб келтирганни ҳамда ундан келган даромадни еганни лаънатлайди».
Ароққа берилган одамнинг бу йўлдан қайтиши қийин бўлади. Чунки бу ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан бири. Кимки нафсини жиловлай олса, имтиҳондан ўтади. Аллоҳ кимга марҳамат қилса, нафсни енгади, имтиҳондан ўтади. Аммо одам деган Худонинг марҳаматига эришмоқ учун жон куйдириш ҳам керак. Нафсга қарши уруш очиш учун ўзида куч топа олмаган, иродасига қувват бера олмаган одам бу марҳаматга ета олармикин, валлоҳу аълам?
Иймонни бир муаззам сарой десак, унинг ичига кирмоқ учун юриб бориш керак, балки тиконзорни яланг оёқ кечиб ўтишга тўғри келар. Иймон саройига ҳам сизни биров кўтариб олиб кирмайди. Бобур Мирзо таъкид этганларидек, эшикни астойдил қоққан одамларгина кирадилар. Асалариларнинг қўриқчилари ёмон жойга қўнган асалариларни уяга қўймас эканлар. Шунга кўра, иймон саройига оғзидан ароқ ҳиди гупуриб турганлар қўйилмайдилар. Уларнинг жойлари иймон саройи эмас, шайтон кулбаси бўлиб қолади. Расулуллоҳнинг ҳадисларида айтилишича: «Давомли хамр ичган киши бутга топингувчи кабидир. Ўлса, Аллоҳнинг ҳузурига бутпараст каби боради.» Аллоҳ асрасин! Дуо қилайлик: барча майпарастларни бу йўлдан қайтариб, ҳидоят берсин!
Нафсларимизни тарбиялашнинг энг биринчи шарти — тавбадир. Тавбалар ижобат бўлмоғини Аллоҳ насиб этсин.
Иймон саройига кирмоқ мушкул, аммо ундан чиқиш осон, Худо сақласин! «Ёмонликлар онаси»дан юз ўгириб, ҳидоят онасига фарзанд бўлмоқликни Аллоҳ барчаларимизга насиб этсин. Омийн йа Роб ал-оламийн!

* * *

Калтак еган болага тасалли берибдилар:
— Ранжимагин, болакай, таёқ жаннатдан чиққан, асли яхши нарса.
Болага бу таскин таъсир этмай, йиғлаганича дебдики:
— Ҳечамда! Яхши бўлганида жаннатдан чиқарилармиди?

* * *

Чўкаётган одам нола қилиб, қичқирибди:
— Эй Хўдойим, мени қутқар!
Ёнидаги дўсти дебди-ки;
— Қўлларингни ишга сол, шунда Худо сени қутқаради.

* * *

Надоматлар афсусларим, фоҳишабозлик билан шуғулланувчилар сони кўпайиб боряпти. Туркия сафарида бўлганимизда у ердаги ватандошларга «савдо важҳидан биз томондан келувчи аёлар кўп экан, шу нарса сизларга малол келмаяптими?» деган маъно сўраб эдик, улар «фақат тижорат мақсадида келсалар майлига эди, улар орасида фоҳишаларнинг кўплигидан юзимиз ерга қарамоқда», дедилар афсус билан. Ажабланамиз: шу жувонларнинг ота-оналари бор, ака-опалари, укалари бор, айримларининг ҳатто эрлари ҳам бор! Наҳот улар уялмайдилар? Яна афсус, яна надомат... фоҳишалик билан бирга даюслик ҳам яшаяпти...
Фоҳишаликнинг сабабларини айримлар иқтисодий қийинчиликдан деб белгилашяпти. Бу фикрга қарши юз бора, минг бора «йўқ!» ва яна «йўқ!» деймиз. Агар бу даъво рост бўлса камбағалларнинг ҳаммаси фоҳишаликка кириб кетишлари керак эди (Аллоҳ сақласин!). Бу бузуқликларнинг аввали ҳам охири ҳам иймонсизликда!

* * *

Бир ривоят ўқидимки, уни сиз, азизлар билан баҳам кўрмасам бўлмас:
Чўл ўртасида бир бадавий араб хотини билан чодирда яшар эдилар. Бир куни хотини хасрат қилиб қолди:
-Бутун йўқсуллик ва жафони биз чекяпмиз. Бошқаларнинг умри фаровонлик билан ўтяпти. Фақат бизларгина фақирмиз. Нонимиз йўқ, қатиғимиз оз. Пиёламиз йўқ, сувимиз эса - кўз ёши! Кундузи кўйлагимиз - қуёш, кечаси тўшагимиз - ой. Очлик сабабидан баъзан Ойни нон дея хуружга тушамиз. Бу кетишда ҳолимиз нима бўлади?
Бадавий хотинига бундай жавоб қилди:
-Эй хотин, қачонгача дунё моли учун ҳасрат чекасан? Бу дунёда яна қанча умримиз қолди? Ақлли кишилар оз-кўпга қарамайдилар. Ёшлигингда қаноатли эдинг, қариган сари ҳирсинг ортмоқда. Олтин истайсан, ҳолбуки авваллари ўзинг олтин каби эдинг. Сенга нима бўлди?
Хотин эса бу сўзларга парво қилмай фарёд этишда давом этаверди:
-Эй номус нималигини билмайдиган одам! Сизнинг маъносиз сўзларингиздан тоқатим тоқ бўлди. Ҳолимизни кўриб уялмайсизми? Менга қаноатли бўл, дейсиз. Қачонгача сабр қилай? Сабр қачон жонимизга аро кирган эди? Бу гапларни унутиб тўқлик йўлини изласангиз-чи!
Бу ношукурликдан ғазабланган бадавий деди:
-Сен аёлмисан ёки бошимга келган дардмисан? Мен йўқсиллигим билан ифтихор қиламан. Бошимни оғритма! Мол, мулк ва пул бошдаги кулоҳ кабидир. Кулоҳ эса калларнинг нажотидир. Бойлар - қулоқларига қадар гуноҳга ботган кишилардир. Мол-мулклари эса уларнинг гуноҳларини яшириб туради. Йўқсиллик нималигини сен қаердан билар эдинг? Йўқсилликни хор-зорлик ўрнида кўрма! Аллоҳ кўрсатмасин, менинг бу дунёдан таъмам йўқ. Кўнглимда эса қаноат ва сабр тўла бир олам бор. Эй хотин, жанжални бас қил. Жанжални бас қилмасанг, мени тинч қўй. Мен яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам жанжал қила олмайман. Жанжалга тоқатим йўқ. Жанжал у ёқда турсин, кўнглим тинчликдан ҳам беҳузурдир. Овозингни ўчир, бўлмаса бошим оққан томонга кетвораман...
Аёл эрининг ўз сўзларидан қайтмаслигини кўриб, кўзига ёш олди, гўё пушаймон бўлди. Бадавий ҳам хотинининг кўз ёшларидан таъсирланиб, айтган сўзларидан бир оз пушаймон ҳам бўлди.
Эрининг пушаймонлигини сезган аёл унга шундай маслаҳат берди:
-Кўзада ёмғир суви бор. Бутун мол-мулкимиз шундан иборат. Бу кўзани олиб, ҳоқонлар ҳоқонининг ҳузурига борингда бу совғамизни бера туриб шундай денг: «Бизнинг бундан бўлак ҳеч мол-мулкимиз йўқ, зотан, чўлда бундан яхшироқ совға ҳам топа олмайсиз. Подшоҳимизнинг хазиналари тўла бўлса ҳам унда бу каби сув топилмаса керак. Бундай сувни топиш осон эмас».
Бечора аёл Бағдод шаҳрининг ўртасидан дарё оқиб ўтишини қаердан билсин? Ўзи тўплаган сувни мақтагандан мақтайверди, эри ҳам ниҳоят унинг сўзларини маъқул деб топди:
-Бундай совға тайёрлаш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Бунақа тоза сувни фақат подшолар ичиб ҳузурланишлари мумкин.
Шу қарорга келган бадавий кўзанинг оғзини маҳкамлаб, Бағдод сари йўлга тушди. Кўза синиб қолмасин, суви тўкилмасин, деб уни кўз қорачиғидек асради. Кунлар, ҳафталар йўл босиб, ниҳоят Бағдодга етиб келди. Излаб-излаб ҳалифанинг саройини топди. Сарой посбонлари уни тўхтатиб, мақсадини сўрадилар.
-Эй муҳтарам зотлар, мен бир ғариб бадавийман. Подшоҳимизнинг лутфу марҳаматларидан умидвор бўлиб чўлдан келдим. Бу совғамни подшоҳ ҳазратларига элтинг, подшоҳдан умидвор бўлган кишининг эҳтиёжларига шу йўсинда жавоб беринг. Бу ниҳоятда тотли сувдир. Уни чўлда ёмғир томчиларидан тўплаганмиз. Қаранг, кўзам ҳам яп-янги...
Посбонлар аввалига бадавийдан кулдилар. Кейин унинг софдил ниятларга ўралган совғасини қабул қилиб олдилар. Бадавий эса саройнинг нариги қаноти ортида кўпириб оқаётган дарёдан хабарсиз подшодан хабар кутиб ўтирди.
Бадавийнинг сув тўла кўзасини халифага беришган эди, у ниҳоятда қувонди. Бадавийни ҳузурига чақиртирди. Ундан ҳол-аҳвол сўраб, янги уст-бошлар кийдирди-да, хизматкорларига амр этди:
Кўзасини олтинга тўлдириб, эгасига қайтаринглар. Уйига эса дарё йўли билан кемада олиб бориб қўйинглар. У бу ерга чўл йўлидан келибди. Унга дарё йўли яқиндир.
Бадавий дарёни кўрганда ҳайратдан шошиб қолди ва Аллоҳга шукрлар қилди.
Энди мазкур ривоятнинг шарҳи сифатида мавлоно Жалолиддин Румий «Маснавий»ларининг маъноси билан танишсак:
«Эй ўғил! Сен бутун дунёни оғзига қадар илм ва гўзаллик билан лиқ тўлган бир кўза деб билгинким, кўзада тўлиб турган илм ва гўзаллик Аллоҳнинг ҳикмати бўлган дарёдан бир қатрадир. У яширин бир хазина эди. Тўлиб-тошиб, тупроққа жон бериб, бу тупроқни осмондан ҳам мовийлаштириб юборди. Яширин хазина шу тарзда ошкор бўлиб, тупроқни атласга ўралган ҳолга келтирди. Бу бадавий ҳам Аллоҳнинг дарёсидан бир қатра кўрганда эди, ҳақиқатда денгиз бўлган бу қатранинг қаршисида кўзасини чил-чил синдирган бўлур эди».
Ривоятда «халифа саройи» деб билдирилган жойни «Илоҳий даргоҳ» деб англамоқ лозим. Мусулмон киши нақадар илм, ирфон, мол-мулк ва ибодат соҳиби бўлса ҳам, бу бойликларга ишониб, ўзидан кетмаслиги, уларнинг борлигидан алданмаслиги керак. Бу бойликларини Аллоҳнинг бир лутфи ўрнида кўриб, ўз амаллари эса дарёга нисбатан бир пиёла сув миқдорида эканлигини асло унутмаслиги зарур.
Бадавийнинг чўлда минг машаққат билан йиққан бир кўза суви унинг учун ҳаёт дориси - тириклик суви эди. Ҳолбуки бу «дори» дарёга тўкилгандан кейин бир зумда йўқ бўлиб кетди. Инсониятнинг башарий имконлар билан қўлга киритишга уринган нарсалари ҳам, илоҳий санъатдан тушуниб етган нарсалари ҳам «дарё»нинг бир томчисига арзимайди. Бу ҳолат чумолининг ўз инини, балиқнинг эса ҳовузни ёки аквариумни дунё деб билиши кабидир халос. Инсонлар ҳам ўзларининг нодонликларини унутиб, улкан кўзгунинг ёлғонларига баъзан ишониб қоладиларда худди ўша чумоли ва балиқ ҳолига тушадилар. Аллоҳ бизларни шундан асрасин!
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Аллоҳим, Сенга шукр ва тасбеҳ айтаман. Биз Сени Сенга лойиқ маърифат билан таний олмадик», деган муборак сўзларининг мағзини чақиб ололсак эди...

* * *

Бир золим одам ёмонликдан қайтишни ихтиёр этиб, бир куни саҳарда ибодат қилиб ўтирса, рўпарасида фаришта пайдо бўлиб дебдики:
— Ёмонликларинг учун Аллоҳ сенга жаннатни раво кўрмади. Лекин қилаётган ибодатларинг эвазига жаннатдан бўлак нимани сўрасанг, берилади.
— Агар жаннат менга ҳаром қилинган бўлса, — дебди золим одам, — ибодатларим учун сўраганим ижобат қилинса, сўровим шуки, Аллоҳ мени шу қадар баҳайбат одамга айлантириб қўйсинки, мендан бошқа ҳеч ким дўзахга сиғмасин.

* * *

Подшоҳнинг устози унга «Сен уч кишини ўлимга ҳукм қилишда ҳеч таҳаммул (сабр) қилмағил: биринчиси — мулкингни эгаллашга ҳаракат қилган кишини, иккинчиси — молингни ўғирлаган кишини, учинчиси— сирингни фош қилган кишини», деб қайта-қайта насиҳат қиларди. Бир куни подшоҳ вазирини саройдан четлатиш нияти борлигини айтиб, устози билан маслаҳатлашди. Вазир бу маслаҳатдан огоҳ бўлиб, бир тадбир ишлатди. Подшоҳнинг устозини меҳмонга чорлаб, иззат-икром билан кутиб олди. Устоз ўзини тия олмай, шаробдан кўпроқ ичиб, подшоҳнинг ниятини айтиб қўйди. Вазир эса тонгга қадар мол-мулкини рўйхат қилиб, подшоҳнинг ҳузурига кириб: «Эй подшоҳим, шу рўйхатдаги барча мол-мулк сизникидир, камина бу бойликларингизга фақатгина посбондирман, бу бойликни қабул этинг, олампаноҳ, мени зинҳор душман деб гумон қилманг», дегач, подшоҳ ажабланибди. Устозини чақириб, «Вазир ҳақидаги ниятимни фақат сизга айтувдим, у маккор қайдан огоҳ бўлди экан?» деб сўрабди. Шунда устоз узр билан дебдики:
— Сирни душманга айтганим, ажалим етганидан далолатдир. Гарчи мастликда айтиб юборган бўлсам-да, бу мастлик узр қаторига ўтмайди. Энди панд-насиҳатимга кўра, мени ўлимга ҳукм қилмоғинг шарт. Акс ҳолда, салтанатингдан барака кетади.»
Подшоҳ устозини кечирса ҳам, у ўз сўзида қаттиқ туриб олди ва ўз қилмишига яраша ўлим топди.

* * *

Дунё сармоясини охират сармоясига олиб борувчи восита сифатида кўрмас эканмиз, бу дунёдаги амалларимиз шайтонларга ем бўлишда давом этаверади. Натижа эса ғам-алам ва алданишдан иборатдир. Исроф тентаклиги ва марҳамат йўқсиллиги бу дунёнинг бош балосидир, охиратда эса азоб сармоясидир. Ўтган кунларимизнинг моҳиятини ўзгартириб бўлмайди. Келажагимизнинг моҳияти эса шубҳалидир. Он бу ондир. Бу онимизнинг кўнгил ва пешона терларини ҳаёт тупроғига эка олсак, инша Аллоҳ, охиратимиз ёруғ бўлғувсидир.

* * *

Донишманд дебдики:
— Ҳаққа - садоқат билан, халққа - инсоф билан, куфрга - қаҳр билан, катталарга - хизмат билан, кичикларга - шафқат билан, дўстларга - насиҳат билан, душманга - юмшоқлик билан, олимларга - тавозе билан, жоҳилларга - ҳомушлик билан, дарвешларга - одоб билан муносабатда бўлмоқлик жоиздур.

* * *

Ҳозир исбот этилган нарсалар илгарилари фақат тасаввурда мавжуд бўлган. Бугун ҳақиқат деб эъзозланаётган қанчадан қанча нарсалар то рўёбга чиқарилгунича аввалига бидъатга ўхшаб туюлган. Ҳатто бу ҳақиқатлар аввалига масхараланган. Тарихга қараб туриб, ҳар қандай таълимот уч босқичдан, таъбир жоиз бўлса, уч чигириқдан ўтган, десак ҳам бўлар. Аввалига уни ақлга сиғмайди, деган овоза тарқатиб унга ҳатто хуруж қиладилар. Кейин бу таълимотда озгинагина ҳақиқат борга ўхшайди, деб тан ола бошлайдилар. Ниҳоят унинг ғоят муҳим, оламшумул эканини тан оладилару сўнг «уни мен очдим»!, «Йўқ, сен эмас, бу менинг кашфиётим!» деб талаша бошлайдилар.

* * *

Бир мамлакатда ҳар куни подшо ўзгараркан. Эрталаб тахтга ўтириб, шомда амални топшираркан. Бир одам «агар мен подшо бўлсам бир кун эмас, ўлгунимча тахтда ўтираман», дебди. Дўстлари уни кулги қилибдилар. Иттифоқо ўша одам подшоҳ бўлибди. Тахтга ўтириши билан «Ҳамма саройга биттадан тухум олиб келсин», деб амр қилибди. Амр ижро бўлгач эса, пешин чоғида «Ҳамма ўзи олиб келган тухумини олиб кетсин», деб фармон берибди. Одамлар «мен олиб келган тухум каттароқ эди», деганларича шошилиб, танлаб-танлаб, тортишибдилар оқибат шу бўлибдики, ўзлариникини эмас, бошқаларникини олибдилару луқмаларига ҳаром аралашибди. Тухум талашиб, шом чоғи подшоҳни унутишибди ва у одам айтганидай то ўлгунича қадар тахтдан тушмабди.
Қиссадан ҳисса шуки, фақат ҳалол луқмагина мамлакатни обод қила олади.

* * *

У дунёдаги аросат ҳақида эшитганмиз. Бу ёруғ дунё аросатичи? Ўтмиш шоирларидан бири «на чин мусулмонмиз, на кофир» деган мазмунда байт битган экан. Халқда «мусулмон бўлиб масжиди йўқ, насроний бўлиб черкови йўқ», деган мақол ҳам бор. Аросатда юрганлар оз эмас.
Бир неча йил аввал Русиянинг Тула шаҳрига бориб, дунёнинг буюк адибларидан ҳисобланмиш Лев Толстой яшаган уйни кўрдим. Ёзувчи насронийлар қабристонига эмас, ўзининг боғига дафн этилган. Насроний одатига зид равишда қабри тепасига хоч (крест) қўйилмаган. Ўшанда бу ҳолатга унча эътибор бермаган эдим. Кейинроқ ёзувчининг ислом оламига муносабати, ислом олимлари билан алоқалари ҳақидаги маълумот билан танишгач, хоч қўйилмаганининг сабабини англагандай бўлдим.
Лев Толстой черковни инкор этиш даражасига борган эди. Ленин унинг бу ҳаракатини худосизлар нуқтаи назари билан баҳолаб, ёзувчига «рус революциясининг кўзгуси» деб таъриф бериб, салкам коммунистга айлантириб қўя қолган эди.
Толстой Худодан эмас, черковдан юз ўгирган эди. У Худони исломий қалб билан таний бошлаган эди. Аммо у узил-кесил бу комиллик чўққисига кўтарила олмади. У икки оёғини икки кемага қўйиб олган одам каби ҳалокатга учради. У уйини ташлаб чиқиб кетди. Олимлар унинг бу ҳаракатини изоҳлаб, «Васиятномасига хотини қарши чиққани учун Толстой уйдан чиқиб кетди», дейишади. Йўқ, гап васиятномада эмас эди. Гап Худони танишдаги диний қарашларнинг зиддиятида эди. Толстой уйдан чиқиб кетди — йўлда вафот этди. У бир қарашни, бир динни тарк этди, иккинчисига етиб бора олмади. Худди аросатга ўхшайди бу ҳолат...

* * *

Оғзида биронта тиши йўқ қария билан ўспирин биргаликдан овқатланиб ўтиришарди. Иккови бараварига йиғлаб юборишди.
— Нега йиғлаяпсиз? — деб сўрашди қариядан.
— Оғзимда тишим йўқ, то мен ямлагунча, бу йигитча овқатни паққос тушириб, мен оч қоляпман.
— Сен нега йиғлаяпсан? — деб сўрашди ўспириндан.
— Мен овқатни чайнагунимча бу чол чайнамай ютиб, овқатнинг баракаси учиб кетди, оч қоладиганга ўхшайман, — деган экан ўспирин.

* * *

Саҳрода ов қилиб юрган подшоҳ мулозимларидан ажраб, адашиб қолибди. Ёнидаги содиқ вазири билан юра-юра толиқибди. Шомга яқин чўпоннинг чодирига йўлиқишибди. Чўпоннинг иккитагина қўйи бор экан. Меҳмонларнинг иззати учун биттасини сўйиб, таом пишириб келибди. Подшоҳ таомга қўл ҳам узатмабди. Шунда вазир хожасининг фақат калла гўшт истеъмол қилишини айтибди. Чўпон аввал битта каллани пишириб келтирибди. Сўнг иккинчи қўйини ҳам сўйибди. Кетар маҳалларида вазир:
— Олампаноҳ, кўрдингизки, чўпон бояқиш борини дастурхонга қўйди, сиз учун иккала қўйини сўйди. Агар бирон бой бизни бундан ўн зиёда тўкинлик билан меҳмон қилганида ҳам, уйида бундан юз баробар кўпроқ мулки қоларди. Бу бояқишнинг эса ҳеч нимаси қолмади, — дебди.
Подшоҳ бу гапдан эриб, чўпонга қамчисини узатибди-да, дебди:
— Саройимга бор, бу қамчинни кўрсатсанг ҳеч ким сенинг йўлингни тўсмайди. Мен сенинг бошинг устидан дур сочаман.
Уч-тўрт кун ўтгач, чўпон «бориб кўрай-чи», деб йўлга тушибди. Чиндан ҳам уни сарой эшиги олдида биров йўлини тўсмабди.
Чўпон ичкарига кирганида подшоҳ ибодат қилаётган экан.
— Нима қиляпти у? — деб ажабланибди чўпон. У шу ёшга кириб намоз нималигини билиш у ёқда турсин, Аллоҳнинг номини ҳам эшитмаган экан.
— Илтижо қиляпти, — деб тушунтиришибди унга.
— Нима сўраяпти? — деб сўрабди чўпон.
— Бойлик сўраяпти, — дейишибди.
— Агар ўзи бойлик сўраётган бўлса, менинг ундан бир нима сўрашимга ҳожат йўқ экан. Мен ундан эмас, балки у илтижо қилаётган Зотнинг ўзидан сўрай қоламан, — деб изига қайтибди.
Чўпон подшоҳ қандай ҳаракатлар қилган бўлса, қайтариб «Эй Худо, сенга подшоҳ ҳам илтижо қилиб бойлик сўради, ўша бойликдан менга ҳам бер, кўриб тургандирсан, мен жуда камбағалман», дебди.
Орадан ҳафта ўтиб, чўпон чодирини кўчириш ҳаракатига тушибди. Устунни кўмиш учун чуқур кавлаётган экан, олтин ва кумуш тўла кўза чиқибди. Чўпон кўзани кўтариб, подшоҳга рўпара бўлибди.
— Шу пайтгача нега келмадинг, сени кутдим? — деб сўради подшоҳ.
Чўпон келиб-кетганини, кўрганини айтгач:
— Мен ҳам сиз илтижо қилган зотдан сўраган эдим, шу бойликни берди. Мулозимингизга айтинг, ҳисоблаб, қабул қилиб олсин.
Подшоҳ чўпоннинг марҳаматидан қувониб, олтин-кумушларни санаб олишни буюрибди. Вазир эса бош чайқаб дебди-ки:
— Чўпоннинг иккитагина қўйи бор эди, сиз учун сўйди. Сиз уни мукофотламоқчи эдингиз, у сиздан ҳеч нима сўрамади. Уни Худо тақдирлади. Энди Худонинг инъомини тортиб олмоқчимисиз?
Қиссадан ҳисса: кўз тўймаса шунақаси ҳам бўлиб тураркан.

* * *

Кишининг комил саодатга эришмоғи учун аввало халқ фаровон бўлмоғи даркор. Халқ фаровон бўлмоғи учун оила бахтли бўлмоғи шарт. Оила бахтли бўлмоғи учун кишининг ўзида эзгулик бўлмоғи лозим. Кишида эзгулик бўлмоғи учун унинг қалби тоза бўлмоғи зарур. Чунки кишининг хазинаси айнан ўз қалбидадир. Қалбнинг покизалиги учун тўғри, ақлли, ҳикматли фикрлар даркор. Ақлли фикрлар учун эса юқори даражадаги билим керак. Юқори даражадаги билимга етишмоқ учун киши ўзини ўзи ўқишга ўргатмоғи лозим.
Дунёдаги барча нарсалар ўзининг илдизига ва оқибатга эга, барча ишларнинг ибтидоси ва интиҳоси мавжуддир. Мана шу бошланиш ва якунланиш масофаси оралиғида нималар биринчи даражали муҳим, нималар охирги даражани ташкил этади — буни англаб етиш киши эгаллаган билимнинг мағзини белгилайди. Кишининг комиллик сари қадам қўйиши барча нарсаларнинг ибтидосидир. Агар унинг билим дарахти илдизи бефарқлик ва илтифотсизлик бўлса, меваси ҳам шунга ярашадир. Киши асосий мақсадини аниқ белгилаб олгач, бошқа майда-чуйда ният ва умидларни четга суриб ҳотиржамлик ва саботга етишади. Осойишталик ва саботга етган киши маълум бир нарса хусусида тиниқ фикр юритмоғи мумкин. Маълум бир нарса хусусида тиниқ фикрлай олгач, мақсадга етишмоқ мумкин.
Ўтмиш файласуфларининг фикри шундай экан.

* * *

Сўрадилар:
— Олижаноб киши мардликни, жасурликни қадрлаши керакми?
Жавоб бердилар:
— Олижаноб инсон энг аввало адолатни қадрлайди. Олижаноб киши жасур бўлса-ю, адолатсизлик қилса, фитна ва нотинчликни уйғотади. Адолатдан узоқ, аммо жасур майда одам эса қароқчига айланади.
Сўрадилар:
— Олижаноб киши бирон-бир одамни ёқтирмаслиги мумкинми?
Жавоб бердилар:
— Мумкин. Аввало ғийбатчилардан ҳазар қилади, пастроқ мартаба эгаларининг юқори амалдагилар олдида лаганбардорлик қилишларидан нафратланади, одатларга хилоф иш юритувчи мардлардан, жасур, аммо қайсарлардан ўзини нари тутади.
Сўрадилар:
— Яна кимларни ёқтирмайди?
Жавоб бердилар:
— Бировнинг ақли билан тирикчилик қилувчиларни, бўйсунмасликни жасорат, чақимчиликни ҳақиқатгўйлик деб билувчиларни ёмон кўради.

* * *

Инсон табиати кўп ғалатидир: бойлигини йўқотса, қайғуради, дунё кўзларига қоронғу кўринади. Аммо, ҳаётининг кунлари мангуга йўқолаётгани билан иши йўқ...

* * *

Иттифоқо ҳукмдорнинг кўзи боғбоннинг гўзал хотинига тушибди-ю, шайтон васваса қила бошлабди. У боғбонни бир баҳона билан сафарга жўнатибди-да, гўзалга «барча эшикларни яхшилаб беркит», деб буюрибди. Хотин амрни бажаргач, эҳтиётдан сўрабди:
— Ҳамма эшикларни беркитдингми?
— Йўқ, — дебди аёл, — учта эшикни ҳарчанд уринсам ҳам беркитолмадим.
— Қайси эшиклар экан, ўзим беркитай, — дебди нафсга банди ҳукмдор.
— Уларни сиз беркитолмайсиз. Мен виждон, ҳаё, садоқат эшикларини беркитолмадим.
Ҳукмдорга озгина бўлса-да, инсоф бор экан, аёлнинг гапини эшитиб, ўзининг қилиғидан уялибди.

* * *

Бир тошкесар бор экан. Топган пулини ўзи еркан, ортса гадоларга бераркан, уларданда ортса — итларга ташларкан. Эртаги куни учун ҳеч нарса олиб қўймас экан. Кунларнинг бирида сафардаги тақводор унинг кулбасига қўнибди. Тошкесарнинг қандай яшашини кўриб, дуо қилибдики:
— Йа Раббим, бу қулингни бунчалик камбағалликда ушлама, унга ҳам бойлик бер.
Унинг илтижосига жавобан фаришта дебдики:
— Сен кимни дуо қилаётганингни фаҳмламадинг. Биз унинг феъл-атворини биламиз, бойлик берилса у ўзини эплай олмай қолади.
— Бу одам борига қаноат қилиб яшашга ўрганган, бойлик олдида талвасага тушмайди, — деб яна илтижо қилибди тақводор.
Хуллас, унинг дуоси ижобат бўлиб, тошкесар тоғда бир ғорга дуч келибди. Ичкари кирибди-ю, беҳисоб бойликка эга бўлибди.
У бойликни яширинча уйига ташиб келтирибди. Сўнг бошқа мамлакатга кўчибди. Данғиллама сарой қурдирибди. Эшиклари оғзига посбонлар қўйибди. Хасислик балосига мубтало бўлиб, муҳтожларни ҳам унутибди, ҳатто унга бойлик ато қилган Худони ҳам эсидан чиқарибди. Шунда фаришта тақводорга бу ҳақда хабар берибди. Тақводор тошкесарни инсофга чақирмоқ қасдида йўлга тушиб, унинг саройига рўпара бўлибди. Посбонлар уни ичкарига киритмай, уриб-уриб ҳайдашибди. Шунда фаришта яна пайдо бўлиб дебдики:
— Кимни дуо қилганингни энди фаҳмлаб етдингми?
— Айбдор менман, ҳар қандай жазога тайёрман, — дебди тақводор.
— Бойликни ҳамма ҳам кўтара олмайди. У тошкесарлигини қилгани маъқул,-дебди фаришта.
Ўша кунлари тошкессар мамлакат подшосига қарши фитна тайёрлаётган экан. Подшо бундан хабар топиб, уни таъқиб эта бошлабди. Одамларини зиндонбанд қилибди, саройининг кулини кўкка совурибди. Тошкесар бир амаллаб қочиб қутилибди. Бойлик топган куни тоғда қолдирган чўкичини излаб топибди — аслига қайтибди.
Худди шунга ўхшаган воқеалар ҳозир кўп учраяпти. Бир қаралса — одамнинг тагида қўш машина, саройманд уй қурган. Бир қараса, машиналар ҳам уйлар ҳам сотилган... Кечаги бой бугун қарзга ботган... «Кўрпангга қараб оёқ узатгин», деганлари шудирда, а?

* * *

Ҳотамтойнинг қўрғонида қирқта дарча бор экан. Ҳар куни муҳтожлар шу дарчаларга келишаркан, Ҳотамтойдан садақа-эҳсонларни олиб, дуо қилиб кетишаркан.
Бир куни Ҳотамтойнинг укаси онасига нолиб қолибди;
— Нима учун ҳамма фақат акамни алқайди, дуо қилади. Мен ҳам саҳийман-ку?
Онаси ўғлининг бошини меҳр билан силабди-ю, жавоб бермабди.
Эртасига дарчалардан бирида тиланчи кампир кўринибди. Ҳотамтой уйда йўқ экан, укаси садақа берибди.
Ҳалиги кампир иккинчи дарчадан келиб сўрабди. Ука яна садақа берибди. Учинчи дарчадан ҳам узатибди. Тўртинчига келганда Ҳотамтойнинг укаси:
— Сен қанақа тиланчисан ўзинг, ҳозир уч марта олдинг-ку? — деб аччиқланибди. Шунда кампир бошидаги эски ёпинчиқни олибди. У гадо эмас, Ҳотамтойнинг онаси экан.
— Ана кўрдингми, ўғлим, — дебди она, — мен шу аҳволда қирқта дарчадан сўраганимда ҳам аканг лом-мим демай садақа берган. Сен ўзингни саҳий деб билганинг билан, асли қонингда хасислик бор, болам. Аканг чақалоқлигида битта кўкрагимни эмиб, иккинчисини эммас эди, сенга илинарди. Сен эсанг битта кўкрагимни эмиб туриб, иккинчисини қўлинг билан чангаллаб, беркитиб турардинг... Акангдай бўлолмаслигингни мен ўшанда билганман...
Дунёдан кўп бойлар ўтди. Ҳотамтой эса биттагина эди. Ҳозир ҳам бойлар кўп дунёда. Ҳотамтой эса...

* * *

Бир одамнинг рўпарасидан ожиз одам чиқиб қолди. «Бу кўзи ожиз одамни бир синаб кўрмайми?» дебди у киши ва тўғри бориб унга урилибди.
— Сен қандай безорисан, мендай кўзи ожиз нотавонни туртдинг-а, Худодан қўрқмайсанми? — деб нолибди ожиз.
— Мен ҳам ожиз одамман, сенга беҳос урилдим, кечир мени, — дебди у киши. Узр қабул этилиб, улар ўтирибдилар-да, ширин суҳбатни бошлабдилар.
— Омадим келиб йигирмата кумуш тангага етишдим, — дебди у киши, — лекин бу тангаларнинг қай бири асл, қай бири сохта экан, билмайман.
— Омадингиз келибди, биродар, мен кўзим кўр бўлгунига қадар заргар эдим. Тангаларнинг қай бири сохта, қай бири асл — бармоқларим билан силаб туриб ҳам билиб бераман.
У киши гўё ожизнинг гапига инонган бўлиб, кумуш тангаларни берибди. Ожиз эса тангаларни белбоҚига тугиб, ўтирган еридан сурила-сурила нари кетибди-да, писиб олибди. Назарида беркиниб олгандай бўлибди. Кўзи очиқ киши унинг бу қилиҚидан аччиқланса-да, худди ожизни кўрмаётгандай, илтижо қилибди:
— Қаердасиз, биродар, мен пулларни кўп азоблар билан топган эдим, шўримни қуритиб қўйманг, ўзингиз эса гуноҳга ботманг.
Ожиз жавоб бермай, писиб ўтираверибди. Шунда у киши бир кесак олибди-да:
— Йа Худойим, ўзинг меҳрибонсан, агар у биродорим шайтон йўлига кириб, тангаларимни олиб қўйишни хаёл қилган бўлса, шу кесак унинг оёғига тегсин, — деб кесакни отибди. Ожиз оёғига кесак тегиши билан чўчиб, янада нарироқ сурилибди.
— Йа Роббим, мен биродарим деган одам маккорлик қилиб тангаларимни олиб қўймоқчига ўхшайди. Агар шундай бўлса, бу кесак унинг елкасига тегсин! — Бу сафар ҳам кесак мўлжалга теккач, ожиз яна жойини ўзгартирибди.
— Йа Роббим, ўзинг меҳрибонсан. Агар биродарим чиндан ҳам маккор ўғри бўлса бу тош пешонасига тегиб, миясини ўпириб чиқиб кетсин! — дебди у киши. Бу гапдан ожиз қўрқиб кетибди. «У икки марта кесак отувди айтган жойга тегди, буниси ҳам мўлжалга тегса, ўламан, тангалар кимга қолади?» — деб ўйлаб, жонҳолатда:
— Ҳой, биродарим, мунча ҳовлиқмасанг, мен тангаларингни саралаяпман-ку, ахир, — дебди.
— Худо сени бекорга бу аҳволга солмаган экан. Сен — сўқир, мен басирни алдамоқчи бўлдинг-а! — деган экан у киши.
Ҳаётда шунақаси ҳам учраб туради. Ҳеч ким кўрмаяпти, деб гуноҳларни қилаверамиз. Билолмаймизки, ҳатто тун пардаси ҳам айбларимизни ёпа олмайди. Ҳазрат Аҳмад Яссавий болалик чоғларида муаллимлари буюрибдиларки:
— Болалар, эртага ҳар бирингиз битта хўрозни тутиб, Аллоҳнинг назари тушмайдиган жойда сўйиб келинглар.
Болаларнинг бири хўрозни тунда сўйибди, яна бири кўприк остида... сўйиб келишибди. Аҳмад Яссавий ҳазратлари эса хўрозни тиригича кўтариб келибдилар.
— Сен нима учун айтганимни қилмадинг? — дебди муаллим.
Шунда бўлажак валий жавоб берибдиларким:
— Устоз, мен хўрозни сўймоқлик учун Аллоҳнинг назари тушмайдургон жойни тополмадим. Ер юзасининг ҳар бир нуқтасига, куну тун Аллоҳнинг назари тушиб турибди.
Ҳазрат Аҳмад Яссавий болалик чоғларидаёқ бу ҳақиқатни англаганлар. Агар инсон болалари ҳам бу ҳақиқатни тушуниб етсалар эди, қанча-қанча гуноҳларнинг олди олинарди...

* * *

Нималарни олтин қиммати билан ўлчаб бўлмайди: ота-она дуосини, ота-она меҳрини, ота-она юзидаги нурни. Яна чин дўстни, ёрнинг вофосини, фарзанднинг кулгусини. Бир қоп олтини бор одам булардан бебаҳра бўлса бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам куйган, деяверинг.

* * *

Сурув қайтяпти. Қор-ёмғирларни роса шимиб семирган ерни қоплаган ўтлоқда тўйган қўзилар терисига сиҚмайди. Икки қўзи бир-бирига калла уряпти: улар дунёнинг лаззати шу урушда, «зўрман», деган қўчқорни қочириб, гердайиб юришда деб биладилар. Икки қўчқор қўзи олишаётган дамда учинчиси урҚочига сакраяпти. У дунёнинг лаззатини фақат шунда деб билади...

* * *

Мушуклар итлардан кўп. Улар чаққон. Ҳаракат доираси ҳам кенг. Лекин итлардан қўрқишади. Чунки улар сира бирлаша олишмайди. Беш-ўн ит бирлашиб олиб ҳуриши, одамни қўрқитиши мумкин. Ҳатто талашдан ҳам қайтмайди. Лекин мушуклар бирлашиб туриб, итларга қарши миёвлай олишмайди. Уларнинг фожиаси ҳам шунда.

* * *

Радиомухбир тишга оид хасталиклар шифохонасидан ҳикоя қила туриб, «30-йилларда ҳам Тошкентда тиш докторлари бор экан, демак, медицинанинг бу соҳасида ҳам тарихимиз бор», деб фахрланди. У айтмоқчи бўлган тарих 70—80 йилни ташкил этадими? Нодонлик ҳам шунчалар бўладими? Қадим аждодларимизнинг тишлари бор эдими? Тишлари оғриб ҳам тургандир, даволатишгандир ё олдиришгандир? Ё «қачон XX аср кириб келаркин, қачон совет медицинаси билан стоматология пайдо бўларкин?» деб орзу қилиб, вой-войлаб юраверишганми? Радиомухбир суҳбатлашаётган врач эса «тиш чўткаси Тошкентда пайдо бўлган, Кейин Европага ўтган. Тошкентда дарахт шохини қайнатиб, тишга суртишган», деб изоҳ берди. Ўзбекчани русча талаффуз билан аранг гапираётган бу йигитдан хафа бўлмаслик мумкин: тилни билмаган тарихни билармиди?
Аввало ҳар қандай дарахтнинг шохини тишга суртиш мумкин эмас. Қолаверса, қадимдан тиш мисвак билан тозалангани маълум. Мисвак — шох эмас, илдиз. Асосан араблар юртидан келтирилган. Мисвак билан тиш тозалаш — суннат амали ҳисобланади. Бу — 1400 йиллик тарих. Ундан олдин ҳам тозалаш усуллари бўлгани шубҳасиз. Фақат не иснодки, камина ҳам буни аниқ билмайди. Билганимиз: қадимдан то XX асрнинг биринчи чорагига қадар сартарошлар зиммасида тишни даволаш ҳам бўлган экан. Сартарошларнинг айримлари соч-соқол олишдан ташқари ўғил болаларни суннат қилишган, тишни даволашган ёки суғуришган. Замонавий стоматология ривожланиб, одамлар сартарошхоналарга бормай қўйишди. Ажабки, жарроҳлик (хирургия) ривожланса ҳам, болаларни ҳамон сартарошларга ишонишади. Нега шундай экан? Совет даврида суннат қилган жарроҳ эскилик сарқити билан шуғулланаяпти, деб жазоланган. Балки шу баҳонада жарроҳлар ҳанузгача ғайрат қилмаслар?

* * *

Хушахлоқ, маънавиятнинг комиллигига эришмоқни мақсад қилган кишининг қалби озод бўлмоғи шарт. Кимлардандир ранжийверадиган, нималардандир қўрқаверадиган, хиссиётга берилаверадиган одамнинг қалби озод бўлолмайди. Кимки ўзини қўлга ололмаса, фикрларини фойдали нуқтага қаратолмаса, беҳуда нарсалар билан овора бўлса, кўриниб турган нарсани кўра олмайди, эшитилиб турган ҳақиқатни эшитолмайди. Оқибатда оқу қорани ҳам ажратиш фазилатидан маҳрум бўлади.

* * *

Донолар дебдиларким: энг кам баҳслашувчилар энг оқил муаллимлардир.

* * *

Доно одам тилидан учаётган ҳар бир сўз учун эҳтиёт бўлмоғи шарт. Чунки биттагина сўзи уни маънили одам мартабасига кўтариши ёки жоҳиллик ботқоғига ботириб қўйиши мумкин.

* * *

Агар бировни яхшиликка ўргатиш қўлингиздан келса-ю, ўзингизни четга олсангиз — сиз биродарингизни йўқотибсиз демак.
Агар бир одам насиҳатингизни қулоғига олмаса-ю, сиз тинмай гапираверсангиз — яхши сўзни йўқотибсиз, ҳавога совурибсиз.
Доно одам биродарини ҳам, сўзини ҳам йўқотмайди, дейдилар.

* * *

Ҳар ким ўзи билганича ва ўзи хоҳлаганича дуо қилади, яъни Тангри-таолога илтижо қилиб, ниманидир сўрайди. Баъзилар бир ҳафта ёки ўн кун дуо қилади. Сўрагани берилавермагач, ҳафсаласи пир бўлиб, дуони тўхтатади. Кўпчилик дуони сўрамоқлик, деб ҳисоблайди. Бу фикрни бутунлай инкор этиш ниятимиз йўқ. Бироқ, сўрашда ҳам сўраш бор-да! «Чойнакни узатиб юборинг», «сигарет чектиринг» ҳам сўраш. Аниқроқ айтсак, тил учида сўраш. Дуо эса қалбдан чиқмоғи керак. Яъни, аввал қалбингизни Аллоҳ билан боғламоғингиз, ўзгача таъбир билан айтсак, Аллоҳни танимоғингиз керак. Сўраётган лаҳзангизда тўлалигича Яратганга банди бўлмоғингиз шарт. Тилингиз хонадонингизга барака тиласа-ю, хаёлингиз таниш жувонни ресторанга таклиф этиш муаммоси билан банд бўлса, бу дуо ҳисобланмайди. Дейлик, бир қоп буғдойни кўтара олмайсиз. Сизга ёрдамчи керак. Рўпарадан олти ёшли гўдак билан йигирма яшар йигит келяпти. Сиз ҳеч қачон олти ёшли болага мурожаат этиб, «кўтаришиб юбор», демайсиз. Йигитдан илтимос қиласиз. Айни чоқда сиз йигитнинг кучини танидингиз, унга ишондингиз. Дуо қилинаётган нафасда ҳам Аллоҳнинг буюклиги, ягона қудрат эгаси, меҳрибон ва раҳмдил эканини ҳис қилиб туриш керак бўлади.
Донишмандлар айтишганки: «агар мен сенга Худо ҳақида гапирсам, тилла ёки кумушдан ясалган бир буюм ҳақида гапиряпти, деб ўйламагин. Сенга баён қилаётганим Худо — сенинг қалбингдандир. Ташқаридаги мавҳум нарса эмасдир. Ёмон хулқинг ва бузуқ ишларинг билан сен энг аввало ўз қалбингни ифлослайсан. Қалбингдаги Аллоҳни инкор этган бўласан. Агар тилладан бир бут ясалсаю, «Мана шу Худо бўлади», дейилса, сен унга рўпара келсанг, ёки ёнидан ўтаётганингда озгина бўлса-да, хайиқасан. Шу ҳайкал пойида гуноҳ иш қилишдан тийиласан. Лекин ҳар бир қадамингни кўриб турувчи, ҳар бир нафасингни сезувчи, ҳар бир ниятингнинг моҳиятини англовчи, қалбингдаги Аллоҳдан қўрқмайсан, гуноҳдан қайтмайсан. Бировга зулм қилиш учун режа тузаётганингда ёки пок аёлни бузуқликка чорлаётганингда ақалли уялиб ҳам қўймайсан...
Агар биз Аллоҳ қалбимизда эканини, барча яхши-ёмон ишларимизга ўзи гувоҳлигини ҳамиша ёдда тутганимизда эди, гуноҳлар дафтарини тўлдирмас эдик. Аллоҳ ҳам гуноҳкор қалбларни тарк этмас эди.

* * *

Бир йигит қазо қилди. Бундай ҳолларда «бевақт вафот этди», дейишга кўникканмиз. Билмаймизки, ўлим бевақт келмайди. Аллоҳ тайин этган аниқ нафасда келади. Инсон ризқида белгиланганидан бир луқма ҳам кўп емай, бир луқма кам ҳам емайди. Бир нафасни ортиқча ҳам, кам ҳам олмайди. Юраги битта кўп ҳам, кам ҳам урмайди. Ҳар бир одам ўз вақтида ўлади. Биз буни билмаймизми? Биламиз, фақат «бевақт» деб ўзимизни алдаймиз. Хўп, алдамас эканмиз, «вақтида» келган ўлим қандай бўлади? Қачон ва қай ҳолда келади? Етмиш ёшдами ё саксондами? Балки тўқсон бешдадир. Аниғи шуки, ўлим айни вақтида келади. Биз, ўзимиз уни қаршилашга, Тангри берган омонатни қайтариб беришга, у дунёда кутилажак савол-жавобга вақтида тайёр бўлмаймиз.
Ўқишда имтиҳон куни, соати белгиланган бўлади. Тунни кунга улаб, тайёрланиб борамиз. Тайёргарлигимизга кўра баҳо оламиз. Фоний дунё ҳам имтиҳон экан, тайёргарлигимиз қандай, ўйлаймизми? Муаллимга пора бериб, баҳо олиш мумкин. Охират имтиҳонида эса бунақа гап йўқ. Баъзилар йилда бир ёки икки, ёки унданда кўп марта қўй сўйиб, номи «худойи» деб аталмиш зиёфатлар беришади. Пешоналари эса бирон марта саждага тегмайди, бузуқ йўллардан ҳам қайтмайдилар. Улар ўша «худойи»ларини охиратга тайёргарлик, деб ҳисоблайдилар. Аслида эса улар муаллимга пул бериб имтиҳондан ўтмоқчи бўлаётган билимсиз ва нодон талабага ўхшашади.
Мавзудан чекинмоқни бас қилиб, асосий сўзга қайтайлик: хуллас, «бевақт» вафот этган биродарига ачиндилар. Дўстлардан бири суҳбатга аралашмай ўтирган эди. Кимдир «сиз ачинмайсизми?» деган мазмунда гап ташлади. У бир оз қўпол тарзда бўлса-да, тўғрисини айтди: «Мен биродаримизнинг ўлганига ачинмайман». Ажабланишди, ҳатто кўнгиллари оғриди. Изоҳ берди: «Йиғилиб олиб ачинганимиз билан тирилиб, қайтиб келмайди-ку? Ундан кўра дуолар қилайлик ва сағирларига ёрдам беришни ўйлайлик. Ким, қандай ёрдам бериши мумкин — шуни сўзласин. «Унинг вафотига ачинмайман», дейишимнинг боиси, у бугун бўлмаса эртагами ё ўн йил кейинми бу дунёни барибир ташлаб кетарди. Мен унинг ибодатсиз кетганига ачиняпман. Унинг нариги дунёдаги аҳволи нима бўлади энди? Менинг қайғум шунда. Бу дунёдаги улфатчиликлар, зиёфатлар, қизлар, қадаҳлар... у ёқда ёрдам бермайди, балки қабр азоблари эшикларини очиб беради. Биродаримизни бу азоблар йўлидан қайтара олмаганим учун мен ҳам айблиман. Бу айбим учун балки қиёматда жавоб берарман...»
Дўстлар ҳақида қайғуришни олдинрооқ бошласак нақадар гўзал бўлур эди...

* * *

Бир киши қушбозорига бориб иккинчи кишидан чумчуқни қафаси билан бирга сотиб олиб, уйига олиб келибди. Қушчанинг бошини узиб, шўрвага солиш ниятида қўл чўзган эканки, мўъжиза юз бериб, чумчуқ худди одам каби гапира бошлабди:
— Эй марҳаматли одам, мени еб нима наф топардингиз, яхшиси мени қўйиб юборинг, эвазига учта фойдали гап айтай сизга.
У одам «ҳамонки қушча одам тилида гаплашдими, демак, бунда сир бор. Айтадиган гапи ҳам анов-манов бўлмас», деган тўхтамга келиб, қушчага, «насиҳатларингни айт», дебди.
Чумчуқ:
— Биринчи насиҳатимни қафас ичида айтаман, иккинчисини қўлингизга қўнган ҳолда, сўнггисини эса дарахт шохига қўнгач айтаман,— деб шарт қўйбди. У одам шартта кўнгач, биринчи фойдали гапини айтибди:
— Қўлингиздан кетган нарсага афсусланиб, ранжиманг. Чунки у барибир изига қайтмайди.
У одам «гапида ҳикмат бор, лекин бу асосий насиҳати эмасдир», деган фикрда қафасни очибди-да, қушчани қўлига қўндириб, «иккинчисини айт-чи», дебди.
— Агар биронтадан ақлга сиғмайдиган гап эшитгудай бўлсангиз асло унга ишонмангиз, — дебди чумчуқ, сўнг учиб бориб дарахт шохига қўнибди-да: — нодон одам экансиз, қорнимда йигирма мисқоллик гавҳар бор эди, сезмай мени учириб юбордингиз-а, шунча бойликдан қуруқ қолдингиз-а, — дебди.
Бу гапни эшитган одамнинг эс-ҳуши учиб, бошларига муштлаб, ўзини лаънатлай бошлабди. Чумчуқ унинг аламли ҳолатини бир оз кузатибди-да;
— Эй инсон фарзанди, ҳозиргина сизга икки фойдали гап айтган эдим. Бу гаплар у қулоғингиздан кириб, бунисидан чиқибди-да, а? Аввал айтдимки, қўлингиздан кетган нарсага зинҳор афсусланманг, деб. Мен қўлингиздан учиб кетдим, энди минг надоматлар чекинг, қайтмайман. Шундай экан, ўзингизни лаънатлаб нима қиласиз? Учиб кетиш олдидан айтиган иккинчи фойдали гапим шу эдики, биронтадан ақлга сиғмайдиган гап эшитсангиз, инонманг. Бу насиҳатни ҳам дарров унутибсиз. Қани, бир ўйлаб кўринг-чи, ўзим кичкинагина бўлсам, ўн мисқол ҳам чиқмасам, қорнимга йигирма мисқоллик гавҳар сиғар эканми, а? — дебди.
Бу гапдан у одамнинг эси ўзига келиб, чумчуққа ялиниб;
— Унда учинчи гапингни айт, балки фойдаси тегар, — дебди.
— Менга яхшилик қилдингиз, сўзларимга ишониб, эркинлик бердингиз, — дебди чумчуқ — шунинг эвазига бу дарахтни тагини кавлангда, олтин тўла кўзани олинг.
Умидвор киши чумчуқнинг айтганини қилиб, олтин тўла кўзани қазиб олибди-да:
— Шунчалар ақлли экансан, ҳатто ер остидаги олтин тўла кўзани кўрибсану, ўз оёғинг тагига қўйилган тузоқни кўрмай, оқибатда қафасга тушибсан, — дебди.
Шунда чумчуқ дебдики:
— Эй инсон фарзанди, ғафлат ғалаба қилганида, кўрар кўз ҳам кўрмас бўлиб қоларкан...
Чумчуқнинг ақли етган ҳақиқатга одамлар кўп ҳолларда етиб боролмайдилар. ғафлатдан ўзи асрасин...

* * *

Ҳазрат Алишер Навоий чин сўзни мўътабар, деб шарафлаганлар. ёлғонни барча ёмонлайди, аммо ҳамма ҳам ундан қочмайди. Шундай одамлар борки, ёлғон тополмай қолгандагина рост сўзлайдилар. Инсоф эгалари эса аксинча.
Подшоҳ овда кийикни қувиб юрган экан. Кийик бир инсоф эгасининг ёнгинасидан қочиб ўтиб, бутазорга яширинибди. Орадан кўп ўтмай подшоҳ инсоф эгасига рўпара келиб:
— Шу ердан бир кийик қочиб ўтмадими? — деб сўрабди.
Инсоф эгаси оғир вазиятга тушибди: кўрдим, деса бечора кийик ўлдирилади. Кўрмадим, деса ёлғон гапирган бўлади ва ўзи гуноҳга ботади. Шунда инсоф эгаси донолик билан дебдики;
— Эй подшоҳим, кўзларим кийикни кўрдилар аммо гапиролмайдилар. Тилим гапира олади, аммо у кийикни кўрмади.
Подшоҳ бу доно гапдан сўнг кийикдан воз кечиб, изига қайтган экан.
Ҳаёт қизиқ; ёлғонга ишониб, чин гапга ишонмайдиганлар ҳам бўлар экан.
Ривоят қилишларича, уч ака-уканинг каттаси бева қолиб, сўнг орадан пича фурсат ўтгач, уйланибди. Кичкинагина тўй ҳам қилишибди. Меҳмонлар кетишгандан сўнг қарашса, кўчада, шундай эшиклари ёнида анчагина бойлик ортилган оқ туя турганмиш. Ака-укалар қувониб, бойликни ташиб олишибди-да, биров билмасин, деб туяни сўйишиб, терисини кўмиб қўйишибди.
Эртасига туянинг эгаси қишлоққа келибди. Йўлда катта акани учратиб, оқ туя кўрган-кўрмаганини сўрабди.
— Мен буғдой экмоқчиман, — дебди ака унга жавобан.
— Мен сендан оқ туямни сўраяпман, кўрган бўлсанг айт, эвазига суюнчи бераман.
— Экиб бўлганимдан кейин ёмғир ёғса дуруст бўларди.
— Мен сендан оқ туяни сўраяпман! — деб аччиқланибди туянинг эгаси.
— Тўғри фаҳмлабсан, ошна, манави ҳаром ўлгур ола буқа, ишга ярамай қоляпти, — дебди ака.
Туянинг эгаси «бу одамнинг эси оғиб қолган», деган фикрга келиб, йўлида давом этибди-да, ўртанча ўғилга дуч келибди. Касби тўқувчи бўлган ўртанча ўғил дастгоҳни созлаётган экан.
— Мен оқ туямни йўқотиб қўйиб, излаб юрибман,— дебди туя эгаси.
— Сизга тўғри айтишибди, — дебди ўртанча ўғил,— мен чиндан ҳам тез тўқийман. ғайрат қилсам кунига икки қулочгача олиб бораман.
— Мен сендан туяни сўраяпман!
— Дастгоҳ меники эмас-да, бўлмаса сизга сотардим.
Туянинг эгаси «Мен қанақа юртга келиб қолдим ўзи?!» деб аччиқланиб нари кетибди-да, кенжатойга йўлиқибди. Кенжатойнинг касби тикувчи экан. «Оқ туяни кўрдингми?» деган саволга жавобан:
— Ҳозир ишим жуда кўп, бошқа тикувчига борақолинг, — дебди.
Туянинг эгаси яна аччиқланиб, йўлида давом этибди-да, бу сафар кечагина катта акага турмушга чиққан хотинга дуч келибди. Хотин оқ туяни кўрганини, эри билан қайнилари уни сўйишганини айтибди. Шунда туя эгаси:
— Бу воқеа қачон содир бўлди? — деб сўраганида хотин:
— Аниқ эсимда, мен никоҳланган кечаси бўлувди, биринчи кечада эрим ёнимда бўлмай туя билан ўралашиб қолувди, — дебди.
Туянинг эгаси яна аччиқланибди:
— Бу юртдагилар ҳаммаси тентак экан. Мен кеча йўқолган туямни сўрасам, бу телба хотин эрга теккан кунини эслаб, бошимни қотиряпти.
Туянинг эгасига ҳеч ким ёлғон гапирмаганди: катта ака чиндан ҳам буғдой экаётганди, ола буқаси ростдан ҳам қариб, кучсизланиб қолганди, ўртанчаси ростданам тез тўқирди, кенжатой рости билан банд эди... Рост гапларга ишонмаган туянинг эгаси қуруқ қолди...

* * *

Аҳли донишнинг таъкидига қараганда, сир сақламоқлик — тил остига чўғ олиб туришдан ҳам машаққатлироқ эмиш.

* * *

Баъзи бировларнинг қулоқлари Ҳақ сўзни эшитишга келганда игна тешиги каби торайиб, фосиқ сўзлар учун эса катта дарвоза каби очилиб кетаркан.

* * *

Одамнинг ўзига ўзи ишониши гўзал фазилатдир. Бу фазилат ўз қобилияти даражасини билувчи кишиларга хосдир. Кишининг ўзига бўлган ишончи ўзгаларга бўлган ишончининг асосини ташкил этади. Ҳаёт йўлида учровчи кўпгина муваффақиятсизликнинг асосий сабабларидан бири кишининг ўзига ишонмаслигидан келиб чиқади. Чунки ўз-ўзига ишонч буюк ишларнинг энг биринчи зарур шарти ҳисобланади. Энг даҳшатли ишончсизлик эса — кишининг ўз-ўзига ишонмаслигидир. Шубҳа — хоин, дейдилар ва у одамни уриниб кўришдан, ҳаракат қилишдан қўрқитиб, эришиши мумкин бўлган кўп нарсалардан маҳрум қилади. Ўзига ишониш, ўз қадр-қимматини англаш ақлли одамни янада камтарин, шунинг баробаринда янада саботли қилади. Донолар дерларким, безбетлик ва мақтанчоқлик — жирканчлидир, бироқ ўзига ишонмайдиган, бу фазилатга эришиш учун ҳаракат қилмайдиган киши жирканчликда ундан қолишмайди.

* * *

Шайтон йўриғидаги банданинг шукр қилмоғи анча қийин бўлади. Оллоҳ таборак ва таоло Қудсий ҳадисда марҳамат қилиб, бандаларига танбеҳ берадики; «Эй Одам фарзанди! Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб кетди-ю, лекин менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди». Яна таъкид этиладиким, «Эй Одам фарзанди, ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади».
Биз шундай қиламизми? Дунёнинг қайси бир жойларида бир тишлам нонга зор одамлар борлигини тасаввур этамизми? Биз бойликни орзу қиламиз. Аммо ён-атрофимизда ўзи бой бўлатуриб, бир тишлам нонни чайнаб юта олмаётган кишилар борлигини ўйлаймизми? Йўқ. Кўп ҳолларда ризқимиз бўлмиш бир тишлам нонни ютмай туриб, каттароқ ёки мойлироқ луқмани орзу қиламиз...
Бир мамлакатнинг обод шаҳрида ҳукмдордан одамлар ҳамиша шикоят қилаверар эканлар. Подшоҳ шикоятлардан безиб ҳукмдорни ҳузурига чақирибди-да, ўрнига бошқа одамни тайин этибди. Одамларнинг ношукурликлари эвазига аввалги ҳукмдордан жоҳилроқ, золимроқ одам уларга насиб бўлибди. Янги ҳукмдордан жабр кўравериб толиққан аҳолининг боши қотибди; яна подшоҳга мурожаат қилиб, ҳукмдорни ўзгартириб беринг, дейишга журъатлари етмабди. Шунда бир дононинг маслаҳати билан аҳоли шамчироқларни ёқибди-да, кундузлари кўчаларда изғиб юраверибди. Шаҳар аҳлининг куппа-кундуз куни чироқ ёқиб юришидан хабар топган подшоҳ ажабланиб, сабабини вазиридан сўрабди. Дона вазир жавоб берибди:
— Шаҳар аҳли ношукурлиги учун жазосини олди. Энди чироқ ёқиб аввалги ҳукмдорларини қидириб юришибди...
Қудсий ҳадисдаги бу илоҳий сўзлар балки ана шундай қавмга аталгандир: «Эй Одам фарзанди, албатта сен мени ёд этиб ва неъматларимга шукр қилиб юрсанг, мен эҳсонимни яна зиёда қилавераман. Агар мени ёд этмай, эсдан чиқарсанг ва неъматларимга шукр қилмай, куфр қилсанг, бериб турган инъом ва эҳсонимни ҳам тўсиб қўяман». Шундайлардан бўлишдан Аллоҳ сақласин!

* * *

Жисмга оид аъзоларимизнинг қаерга жойлашганини биламиз: юрак кўкракнинг чап томонида (баъзи одамларнинг ўнг кўкрагида ҳам бўларкан), жигар ўнгда... Аммо нафс қаерда жойлашган экан? Ҳасад-чи? Худбинлик-чи? Бадандаги айрим аъзолар хасталанса, жарроҳ кесиб олиб ташлаши мумкин. Руҳ хасталиклари ҳисобланмиш нафс, ҳасад, худбинликдан қандай қутулиш мумкин? «Менда нафс (ёки ҳасад, ёки худбинлик) йўқ», дегувчилар ёлғончилардир. Бу хасталиклар ҳаммада бор. Фақат миқдор даражалари турлича. Бу миқдор даражасини одамдаги иймон қуввати белгилайди. Иймон қувватини эса ақл таъминлайди. Ақл ва нафс, ақл ва ҳасад, ақл ва худбинлик кун ва тун сингаридир, оҳанграбонинг икки қутби кабидир. Ақл яхшиликка ундайди, нафс (ҳасад, худбинлик) ёмонликка даъват қилади. Инсоннинг руҳий олами ана шу жангдан иборат. Ақл кучли бўлса, иймон қудратли бўлади. Ана шу куч ва қудрат нафсга зулм қила олади, ҳасад ўтини ўчира олади, худбинликни жиловлайди.
Баъзилар «барча балоларга қорин (яъни ошқозон) айбдор», дейдилар. Қорин тўқ бўлса, зулм йўли беркилармиш. Оч бўлса, ҳар балони талаб этаверармиш. Бекор гап! Қорни тўқларнинг зулм қилишлари, очларнинг эса сабр билан кун кўришларига нима деймиз? Кошки эди, қориннинг ихтиёри ўзида бўлса...

* * *

Русларда «юз сўм пулинг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин», деган мақол бор. Тўғри-да, юз сўмни ишлатиб юбориш мумкин. Юзта дўстинг уч сўмдан берса ҳам пулинг уч юз сўм бўлади. Албатта, бу ҳазил. Жиддий гап шуки, юз сўм топаман, деб дўстлардан ажраб қолмаслик керак.
Жаноби Расулиллоҳ, саллалоҳу алайҳи васаллам «Бир-бирларингизни дуо қилинглар», деган эканлар. Бу ҳикматнинг маъносига эътибор беринг-а! Агар мен тўртта одамни дуо қилсам, шубҳасиз, улар ҳам менга ният билдиришади. Демак, мен тўртта дуо олибман. «Ассалому алайкум»ни биз оддий омонлашиш, деб ўйлаймиз. Аслида эса бу ҳам дуодир. Биз бир одамга (ёки жамоатга) Аллоҳдан саломатлик тилаяпмиз. «Ваалайкум ассалом ва роҳматулиллаҳи ва баракотуҳу» деб жавоб қилган жамоат бизга Аллоҳдан ҳам саломатлик, ҳам раҳмат, ҳам барака тилаяпти. Бир иш учун биродаримизга «Раҳмат» деб қўйишимиз ҳам дуодир. Яъни биродаримизнинг холис яхшилиги учун, ёки ширин гапи, нияти учун Аллоҳнинг раҳматини тилаяпмиз...

* * *

Ҳозирги кунда айрим одамларнинг қизиқчилик ёки аскиячиликка ишқибозликлари анча ортди. Бунинг сабаби ҳам иймоннинг сустлигидан келиб чиқади. Қизиқчилик қилаётганлар, уларнинг беҳаё ва аҳмақона гапларига, қилиқларига кулаётганлар Аллоҳ томонидан масхара ҳаром этилганини билармикинлар? Агар ҳазил латиф бўлса, бировнинг ҳамиятига тегмаса, энг муҳими - ҳаё пардаси билан ҳимояланган бўлса, эҳтимол қабул қилиш мумкиндир. Аммо авратни ўртага қўйиб ёки хотиннинг ўйнаш билан ётганини айтиб кулдиришга интилиш - на қадар гуноҳ эканини белгилай олмасмиз-ку, аммо нақ аҳмоқликнинг ўзи эканини дангал айта оламиз.
Илгариги замонларда ҳам аския ва қизиқчилик бўлган. Аммо, биринчидан, бепарда гаплар айтишдан тийилишган, иккинчидан, даврада аёллар, болалар бўлмаган. Ҳозир турли йиғинлар ёки «концертлар»да эркаклардан кўпроқ аёллар ўтиришади. Беҳаё ва бепарда гаплардан мириқиб-мириқиб куладилар. Бу бемаъниликлар тез-тез телевизорда ҳам намойиш қилиб турилади. Телевизор қаршисида ота - қиз ёки қайнота - келин ҳам ўтирганини, бу гаплар уларни номусдан ёндириб юборай деяётганини улар ўйлаб ҳам кўришмайди. Бизни бир нарса ажаблантиради: беҳаёликни касб қилиб олган «қизиқчи» ёки «аскиячи»лар бефаросатмилар ёки уларнинг гапларидан ҳузурланаётганлар, айниқса кулгидан кўзлари ёшланаётган аёллар телбамилар? Эҳтимол шундай тамошаларга фалон сўм пул сарф қилиб аҳли аёли, қизи, келини билан бирга келган оила бошлиқлари аҳмоқдирлар? Бугун бемаъни кулгидан ёшланаётган кўзлари вақти келиб қиёмат кунидаги азоблардан ёшланмаса эди... Унда кеч бўлади...

* * *

Янги йил арафасида телемухбир ихлосмандларини қувонтириш учун айрим «қизиқчи»ларнинг уйига меҳмон сифатида бориб, гурунг қилди. Гарчи телемухбир уларни «эл севган санъаткорлар», деб таърифлаган бўлса-да, биз бу фикрга қўшилмаймиз, яъни уларнинг қилиқларини «санъат» деб баҳолай олмаймиз. Ҳатто том маънодаги «қизиқчи» дея ҳам олмаймизким, шу боис бу атамани қўштирноқ орасига олишга мажбур бўлдик. Бир «қизиқчи»нинг ўз онаси олдида беҳаё, уятсиз латифалар айтишига чидаш мумкиндир. Иккинчи «қизиқчи»никида унданда баттар бўлди. Даврада «қизиқчи»нинг ота-онаси ва қайнотаси ўтирибди. Қишлоқдан келишган ота-онаси гапга унча аралашишмайди. Айниқса онаси бемаъни ҳазиллардан уялиб, қимтиниб ўтирибди. «Қизиқчи»нинг хотини туғруқхонада экан. Ана энди элга таниқли бўлмиш санъаткор - қайнота билан «қизиқчи» куёвнинг бегона эркак билан ётган аёллар ҳақидаги латифаларини эшитсангиз... Камина бу масхарабозлик, нодонликнинг бу кўринишининг нима билан тугашини билиш учун тоқат билан кузатдим. Бир нарсани аниқлай олмадим: нодонликда улоқ қайнотада кетдими ёинки куёв боладами?

* * *

Ровийлар баён қиладиларким, бир йигит Ҳизр алайҳиссаломни кўргиси келиб, шайхдан илтимос қилавериб, ҳоли-жонига қўймабди. Шунда шайх: «Ёнимга ўтиргин-у, кўзингни юм», дебди. Сўнг бир неча дақиқа ўтгач, «энди кўзларингни оч», деган экан, йигит ўзини Каъбатуллоҳда кўрибди.
— Бомдод намозини ўқиганингдан кейин ўнг томонингга қарасанг, Ҳизр алайҳиссаломни кўрасан, унга маҳкам ёпиш, — дебди шайх.
Йигит бомдод намозини ўқиб бўлиб, ўнг томонига қарасаки, оппоқ либосли, юзларидан нур таралаётган хушсурат бир киши ўтирганмиш. Йигит оми экан, шайхнинг руҳий томондан ёпиш, деган маънода айтган гапини моддий жиҳатдан англаб, у кишининг қўлларини маҳкам ушлаб олибди-да;
— Сиз Ҳизрмисиз? — деб сўрабди.
— Аллоҳ оқибатингни хайрли қилсин, қўлимни қўйиб юбор, — дебдилар у зот.
— Йўқ, аввал айтинг, сиз чиндан ҳам Ҳизрмисиз?— деб қайсарлик қилибди йигит.
— Аллоҳ оқибатингни хайрли қилсин, қўйиб юбор.
Йигит сурбетлик билан, сўрайвергач, Ҳизр алайҳиссалом дебдиларки:
— Эй йигит, сени бу ерга каромат билан келтириб қўйган киши сўровларингга тоқат қилолмай, бугун сенинг касофатингдан имонсиз ҳолда кўз юмди. Мен «оқибатинг хайрли бўлсин», деб дуо қиляпман-ку, яна сенга нима керак?
Бу — бир ривоят. Ҳаётда эса...
Баъзилар Ҳизр бувага йўлиқишни, оқибатда бирдан бойиб кетишни ёки бирон мушкуллари осон бўлишини орзу қилишади. Шубҳам йўқки, агар орзулари амалга ошиб, Ҳизр бувага йўлиқсалар бир-икки илтимос билан чекланмайдилар. Ҳизр бувани гангитиб ташлайдиган даражада, бошларини оғритиб юборадиган тарзда бетўхтов вазифалар юклайдилар. Фақат «Энди чой дамланг, қўлингиздан би-ир чой ичайлик» демасалар керак.
Ҳақиқат шуки, Ҳизр бува шу топгача ҳеч кимга йўлиқмаганлар, ҳеч кимни бирдан бой қилмаганлар. Ҳизр бувани кўришни орзу қиламиз халос. У зот ҳаёт водийсида қўлимиздан етаклаб юрувчи сарбон эмаслар. «Ҳамонки шундай экан, ҳаёт водийсида сарсари кезамизми?» деб надомат чекмоқлик ўринсиз. Умримизининг бир қисми водий, бир қисми тоғ, яна бир қисми саҳрога ўхшайди. Дарё бўйидаги боғда роҳатланишимиз баробаринда саҳрода ташналик азобини тортмоғимиз, тоғларни ошиб ўтиш машаққатларини чекмоғимиз бор. Шайтон йўлларига кирмоғимиз бор. Адашмоғимиз бор. Не бахтки, бу йўллардан адаштирмай олиб ўтувчи йўлбошчи — сарбон ҳам бор. Бу — иймондир. Аллоҳнинг каломи ва Расулиллоҳнинг шарафли ҳадислари билан қувватланган иймон бошлаган йўллардан юрсак, саҳро азоблари ҳам, тоғлардаги машаққатлар ҳам биз учун арзимас бир нарса бўлиб қолади. Мен хаёлимиздаги Ҳизр бува балки айнан шу иймонмикин, деб ўйлайман. Фақат иймонгина Ҳизр буванинг дуосига ва умид қилинган неъматларга етиштиради. Балки... Ҳизр бува хаёлимиздаги сароб эмасдирлар. Чиндан бордирлар, фақат кўзларимизга кўринмаслар. Фақат ва фақат иймонли бандаларга ҳамроҳ бўларлар. Турмуш машаққатларини енгиб ўтишда фақат иймонли бандалар ёнида турарлар? Ҳизр бува ҳаром бойлик инъом этмоқликлари мумкин эмас. Ҳаром йўлларга бошламасликлари ҳам аниқ. Иймон ҳам айнан шундай-ку?! Демак, Ҳизр бувага етишмоқни орзу қилган киши аввал иймонга етишмоғи зарур экан. Ўизр буванинг севган гўшалар — иймонли бандаларнинг покиза қалбларидир, валлоҳи аълам?

* * *

Умр яхшиликлар билан бирга дўстлардан айрилиш йиллари ҳамдир. Дўстлар бирин-кетин бизларни ҳам, дунёни ҳам ташлаб кетадилар. Яна қанча дўстни сўнгги манзилга узатар эканмиз? Бизни қайси дўстларимиз кузатар эканлар?
Баъзилар туғилган кунларини тантана билан нишонлайдилар. Шу кунга, шу ёшга етишмоқ ўзига хос байрамдир, бу учун Яратганга шукурлар қиламиз. Аммо туғилган кунга етмоқ — яна бир йилнинг ў л г а н и г а нишонадир. Ўтган ҳар кун, ой, йил умр адоғига яқинлашмоқликдир. Демак, ароқ ичиб чулдирагандан кўра «қандай яшадим, қандай яшамоғим керак?» деган саволга жавоб излаб топишга интилмоқ дурустдир.

* * *

«Қовуннинг яхшисини ит ейди», деган мақол кўпроқ қизларга нисбатан ишлатилади. Яъни «гўзал ва оқила қиз ёмон одамга насиб этди», деган маънода айтадилар. Менингча, бу ўринда мазкур мақол мантиқан эмасдек. Чунки... итда вафо бор.

* * *

Бир қўшиқчи синглимизнинг телемухбир билан қилган суҳбатлари кишини таажжубга солди. Синглимиз санъат чўққисини кўзлаб, шаҳарга келибдилар. Эрлари билан ажралишибдилар. Уч ёшли фарзандлари қишлоқда, оналари тарбиясида экан. «Уйга борсам, болам мени танимайди», деб кулдилар. (Ақлли она бундай ҳолда йиғлаши керакмасми?)Яна дедиларки, устоз қўшиқчи опаларидан «оиламни нима қилай?» деб сўраган эканлар, «сен санъатни ўйла», деган «доно» насиҳатни қулоққа олибдилар.
Ҳеч ким «аввало она бўлинг», демабди.
Ҳозир «уйга борсам болам танимайди», деб куляптилар.
Кейинчи, йиллар ўтиб йиғламайдилармикин?
Икки туяқуш оила қуриб, кўпайиш илинжида тухум қўярканлару, оғирликлари туфайли уни синдириб, кейин фиғон чекарканлар. Охири улар доно туяқушдан маслаҳат олмоқ учун неча куну неча тун йўл босиб, саҳронинг нариги четига борибдиларда:
— Бизга ёрдам беринг, биздан ҳам насл қолсин, — деб ялинишибди.
Уларнинг изтиробларини тинглаган доно туяқуш:
— Насл қолдириш учун фақат истак-хоҳишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу осон иш эмас, машаққатни енгишингиз лозим бўлади, — дебди
— Қандай машаққатлигини айтинг, биз ҳаммасига тайёрмиз, — дейишибди икки туяқуш.
— Ундай бўлса, диққат билан тинглангу, ёдингизга муҳрланг: насл қолдиришнинг энг муҳим шарти — юрак тафтидир. Қўйган тухумингизга фақат юрагингизнинг ҳароратигина жон бера олади. Шунинг учун унга энг қадрли, энг азиз нарсадай муносабатда бўлинг ва эҳтиётланг.
Эр-хотин туяқуш бу маслаҳатга амал қилишибди. Тухум қўйилгач, ҳар қандай роҳатдан воз кечиб, фақат унинг учун парвона бўлишибди. Очлик, сувсизликка ҳам чидашибди. Оқибат улуғ мукофотга эришишибди — тухум ёрилиб, жажжи туяқушнинг бошчаси кўринибди...
Ашулачи синглимизга Худо овоз берибди, фарзанд ҳам берибди-ю, юрагига ҳарорат бермабди-да, аттанг...

* * *

Бир авлод билан иккинчи авлод ҳаёти, дунёни англаши, қизиқишларида жиддий фарқлар бўлади. Буни биз зийраклик билан кузатмаймиз, хулосалар чиқармаймиз. Фақат баъзи-баъзида «бугунги ёшлар бузилиб кетишяпти», деб нолиб қўямиз. Ўттиз -қирқ йил муқаддам катталарнинг биз ҳақимизда ҳам шундай дейишганларини унутиб қўямиз. Шу кунлардаги ёшлар билан ўзимизнинг ёшлигимиз орасида кузатаётган фарқларимиздан бири - бугунгиларда Аллоҳни илм орқали танишга интилиш бор. Бу - барчамиз учун бахтли ҳолат. Аммо мана бундайлар ҳам бор: биз имтиҳонлар яқинлашганда дарс тайёрлашни кучайтирардик, «фалон китобни қаердан топиб ўқисак экан?» деб ташвишланардик. Бугунгилар ҳам ташвишланадилар, тайёрланадилар, фақат саволлари ўзгача: «имтиҳон топшириш учун эллик-олтмиш минг сўмни қаердан топиб, тайёрлаб қўйсам экан?» Бизнинг ёшлигимизда деворлар ёки дарахтларда муҳаббат изҳори сифатида «Сардор қўшув Лола баробар севги» деган ёзувлар бўларди. Энди янгича изҳорлар пайдо бўлибди: «Сардор қўшув Лола баробар секс». Бунисига нима деймиз? Шунчаки ёшлик шўхлиги ёки нодонлигимикин?

* * *

Ўргимчак қулф тирқишига жойлашиб, темир саройга, эга бўлдим, деб қувонибди. Тирқишдан мўралаб, режа туза бошлабди: «зинапоялар орасига тўр ташлаб, пашшаларнинг додини бераман. Анави бурчакка тўрларимни тортиб, семиз-семиз чивинларни тутаман. Остонага тўр ташласам, майда қуртлар ҳам илинади...»
Ўргимчак ўз режасидан маст бўлиб турганда оёқ товушлари эшитилибди. Уй эгаси келиб, қулфга калит солибди-ю, хаёлпарастни эзғилаб ўлдирибди...

* * *

Ўлимтукни талашиб, бир-бирини ейишга ҳам тайёр турган итлар бўрининг яқинлашаётганини кўришди-ю, ҳамжиҳатликда унга қараб вовуллашди. Бўри бу итларни аҳил гумон қилиб чекинди. Бўри кўздан йўқолиши билан итлар яна итликларини бошлашди.

* * *

Барг устида ўрмалаётган ипак қурти бир зумгина тўхтаб, бошини кўтарди-ю, атрофида ҳаёт жўш ураётганини кўрди: кимдир чириллаб қўшиқ айтарди, кимдир сакраб қувнарди, кимдир роҳатланиб учарди... Атрофдаги ҳамма тинимсиз ҳаракатда эди. Фақат у бечорагина учолмасди, қўшиқ ҳам айтолмасди. Ўрмалашдан ўзга юмуш қўлидан келмасди. Бир баргни кемириб адо қилиб, иккинчисига ўтгунча ўз назарида дунёни айланиб чиққандай бўларди. Бироқ, шунга қарамасдан у тақдиридан нолимасди, бошқаларга ҳавас ҳам қилмасди, «ҳар ким ўз иши билан шуғулланмоғи лозим», деб ҳисобларди. Ҳафталар ўтиб, ўзига ипакдан ажойиб уй тўқишга навбат етди. У ошиқча мулоҳаза қилиб ўтирмай, ўзига буюрилган юмушни адо этишга киришди — атрофини ипак толалари билан ўраб чиқди-да:
— Яна нима қилай? — деб сўради.
— Сабр қил, — деган овоз эшитилди, — ҳаммаси ўз навбати билан.
Вақти келиб ипак қурти уйғонди, у энди аранг ўрмаловчи қурт эмас, гўзал капалак бўлиб кўз очди. Ўзининг ипак саройидан чаққонлик билан ёруғ дунёга чиқиб, чиройли қанотларини қоққан ҳолда уча бошлади...

* * *

Кучли ирода — фақат бир нарсани хоҳлаб, унга эришишгина эмас, балки зарур бўлганида нимадандир юз ўгиришга ўзини мажбур қила билиш ҳамдир. Ирода, бу шунчаки истак ва унинг қондирилиши эмас, балки у ҳам истак, ҳам қаноат, айни чоқда воз кечиш ҳамдир. Донолар айтибдиларки: «Қатъий ирода етишмаган одамда ақл ҳам етишмайди». Иродасиз кимсалар қўрқоқдирлар, модомики қўрқоқ экан — демак, у ожиз. Ирода фақатгина арзимас нарсаларга, фақатгина қандайдир маъносиз нарсаларга осилиб оладиган бўлса, у қайсарликка айланиб қолади. Яъни фазилат — иллатга айланади ва бошқалар билан муносабатда тўсқинлик қила бошлайди.

* * *

Подшоҳга Аллоҳ ақлли ва зийрак ўғил ато қилган экан. Подшоҳ шаҳзода одоб ва ахлоқдан сабоқ олсин, деб уни муаллимга топширибди. Шунда шаҳзода муаллимга қараб дебдики:
— Устоз, илмнинг ниҳояси йўқ, бутун умрим бўйи ўқисам ҳам охирига етиб бора олмайман. Менга сиз шундай бир илм ўргатингким, қисқа ва фойдали бўлсин.
Муаллим шаҳзоданинг талабига биноан дебдики:
— Агар икки дунёда ғам-андуҳдан йироқ бўлишни ва тинч яшашни истасангиз, хомушликни ўзингизга ҳамроҳ қилинг, яъни камроқ сўзланг. Зероки, сўзламаслик — қутулмоқликдир.
Шаҳзода муаллимнинг насиҳатига амал қилиб, гапирмай қўйибди. Подшоҳ «ўғлим хасталаниб қолди», деб ўйлаб изтироб чека бошлабди. Табибларни чорлабди, аммо ҳеч ким шаҳзодани гапиртира олмабди. Шунда подшоҳ овга чиқишни ихтиёр этиб, ўғлини ҳам бирга олибди. Йўлда кетишаётганда кутилмаганда каклик сайраб юборибди. Мулозимлар дарров уни тутиб келтирибдилар. Шунда шаҳзода бирданига тилга кирибдию какликка қараб: «Агар сайрамаганингда саломат, озодликда юрардинг», деб юборибди. Подшоҳ ўғлим тузалди, деб ўйлаб қувонибди. Бироқ, шаҳзода яна гапирмай қўйибди. Ўғлининг бу қилиғидан аччиқланган подшоҳ уни калтаклабди. Шунда ўғил ўзича «Устозим «индамаслик — озодлик гарови», деб тўғри айтган эканлар. Индамаганимда отамдан калтак емас эдим», деган экан.
Какликнинг сайраши ҳақида яна бир ривоят бор:
Бир овчининг ови бароридан келмай, уйига ранжиб қайтаётган экан. Каклик уни кўрибди-ю, раҳми келиб, кўнглини кўтармоқ мақсадида сайраб берибди. Қушнинг сайрашини эшитган овчи уни дарров буталар орасидан топиб, бошига калтак билан бир урибди-ю халтасига солибди. Шунда каклик деган эканки: «Сайрагандан сайрамаганим яхшироқ, сайраб эдим, бошимдан едим таёқ».

* * *

Ажиб бир ривоят бу: подшоҳ мармар ҳовуз бунёд эттириб, раиятга амр қилибдики: «ҳар киши борки, эрталаб косада сут олиб келиб ҳовузга тўксин. «Бир одам амрни тинглаб, ўйлабдики: «Шунча одамнинг ичида биргина мен сут ўрнига сув олиб бориб тўксам билинмас. Сутни исроф қилмоқдан не ҳожат, ўзим ичиб роҳатланганим афзал». Шу қарорга келиб, эрталаб косада сув кўтариб борсаки, бошқаларда ҳам аҳвол шунинг ўзи. Ҳар бир одам ўша киши каби ўйлаб, ўша кишининг қарорича бир косада сув кўтариб келган экан. Ажабки, ўшанда ҳовузга бир томчи ҳам сут тушмабди...

* * *

Бир чўпон сурувни серўт ўтлоқда ўтлатиб келиб, совлиқларни соғиб бераркан. Хожаси эса сутга сув аралаштириб сотаркан. Чўпон хожасини огоҳлантирмоқчи бўлса, у «сен менинг ишимга аралашма, қўйларни боқишни бил», деб койиб бераркан. Кунларнинг бирида тоғда жала қуйиб, сел келибди-ю, қўйларни оқизиб кетибди. Кечки пайт чўпоннинг ёлғиз қайтаётганини кўрган хожа «Қўйларим қани?» деб ташвишланиб сўрабди. Чўпон эса хотиржам жавоб берибди:
— Эй хожам, сиз сутга қўшган сувлар тўпланиб, селга айланди-ю, қўйларни катта дарёга оқизиб халок қилди. Ҳаромдан қайтмаганингиз жониворларнинг бошини еди.

* * *

Ҳар бир инсон баъзан онгли равишда, баъзан эса ўзи ҳам билмаган тарзда келажак авлод учун йўл очади. Лекин очаётган йўлининг ҚАНДАЙлигини ва ҚАЁҚҚА етаклаб боришини билмайди. Биз учун ҳам аждодлар қачонлардир йўл ҳозирлаганлар. Кўпларнинг номларини ҳам, очган йўлларини ҳам йиллар шамоли тупроққа кўмиб ташлади. Бизларнинг оқибат тақдирларимиз ҳам бундан ортиқ бўлмас. Шундай экан, керилиш, кибрланиш, мақтаниш кўчаларидан нари юрганимиз маъқул.

* * *

Баъзан одам бойлик учун энг яқин дўстидан ҳам воз кечади, туғишган биродарларидан узоқлашади, кимнидир ғийбат балчиғига булғайди, кимгадир туҳмат қилади ва ҳатто... кимнидир ўлдириши ҳам мумкин.
Жаннатга етмоқ учун булардан йироқ бўлса етарли, бошқаларга эмас, нафсига зулм қила олса кифоя. Жаннатга етмоқ учун дўстидан юз ўгирмайди — оқибатда то сўнгги нафасига қадар яхшилар, меҳр-оқибатлилар қучоғида яшайди. Туғишган жигарларидан узоқлашмайди — оқибатда ўзидан кейин қоладиган фарзандларидан кўнгли тўқ бўлади. Бировни ғийбат қилмайди, бошқага туҳмат тошларини отмайди — оқибатда бўлажак шармандаликдан қутулади. Кимнидир ўлдирмайди — оқибатда ўз зурриёдини хун тўлаш азобидан қутқаради. (Тўғри, ҳозир моддий хун тўламай қўйишган, бироқ, руҳий хун деган тушунча ҳам бор).
Одам боласи бир айб иш қилиб қўйса, қамалишдан қўрқади. Чунки қамоқда ҳам маънавий, ҳам жисмоний азоб бор. Одам шу азобдан қутулиб қолиш йўлларини излайди. Милисанинг, прокурор, судьянинг кўнглини овлаш пайига тушади.
Ажаб! Қамоқдан неча минг марта даҳшатлироқ ва азоблироқ бўлган дўзахдан нечун қўрқмайди? Нечун дўзахга тушмаслик чораларини изламайди?

* * *

Устозларимиздан бири мухбир саволларига жавоб бера туриб, «Мирзо Улуғбекни ўғли Абдулатиф ўлдиртирган», деб таъкидладилар. Бу ҳақда ихтилофли фикрлар кўп. Абдулатиф — падаркуш, деган ҳукм ўша давр шеъриятига ҳам кўчган. Устоз хусусан Алишер Навоий байтларини мисол қилдилар. Ва... «ўғли Абдулатиф билан диндорлар ўлдиришган», деган қатъий хулосаларини баён этдилар. Энди масалага мантиқан қарашга ҳаракат қилиб кўрайлик: Абдулатиф отага қарши чиқиб, тахтни куч билан эгаллагани рост. Аммо Улуғбекнинг ўлими тасодиф бўлиши ҳам мумкин-ку? Абдулатифнинг фармони борми? Йўқ. Тўғри, бунақа ишлар ёзма фармон билан бўлмайди. Аммо мантиқан қаралса, агар Абдулатиф отасининг ўлимини истаса Самарқанддан анча узоқлаштириб, сўнг амалга оширарди. Ёки бошқача йўл билан ўлдиртирарди. Чунки отасини ўлдиришга фармон бергувчи ўғил энг аввало ўзининг пок қолиши, гумондан нари бўлиши чораларини кўради. Ҳозирги ҳуқуқ тили билан айтганда «алиби»ни нақд қилиб қўяди. Хуллас, Абдулатиф учун ҳам бу фожиа кутилмаган бўлиши мумкин. Яна Аллоҳ билади. Энди қотилликдаги диндорларнинг иштироки хусусидаги даъволар эса бемаъниликдир. Бу даъво «дин илмга қарши», деган аҳмақона «ғоя»нинг фарзанди. Ислом дини ҳеч қачон илм-фанга душман бўлмаган. Аксинча, дунёвий илмлар ислом даврида ривожланган. Хоразмий, Беруний, Фарғоний... лар қайси даврда яшашган? Оврупода насаро дини, хусусан «инквизиция» деган оқим ҳукм сурган даврда олимларга жодугар сифатида қаралиб, илмга қарши расво ишлар қилинган. Лекин у бошқа дин, бошқа давр, бошқа макондир. Афсусларким, ўша макон ғояси ўзбек адабиётида ҳам етакчи ўринни эгаллади. Устозларимиз асарларини шу ғоя пойдеворига қурдилар. (Камина ҳам уларга эргашиб, бир нарса ёзган эдим, ҳижолатдаман, афсусдаман. Худо умр берса, инсоф ва зеҳн берса, ўша «асар»ни қайта ёзибми, айбимни ювишга ҳаракат қиларман). Муҳими шуки, диндорлар яширин фатво чиқармайдилар, яширин ўлдирмайдилар. Яна энг муҳими — улуғ ибодатга, Ҳаж зиёратига кетаётган одамни ўлдиришга фатво бермайдилар.
Яна аввалги сўзимизга, Абдулатифга қайтсак, олимлар расадхонани ҳам шу шаҳзода буздирган дейишади. Бу гап ҳам хом. Агар ўша даврда бузилганда эди ҳазрат Алишер Навоий:
Темирхон наслидин султон Улуғбек
Ки олам кўрмади султон анингдек...
...Расадким боғламиш зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир...
деб ёзган ғазалларида «шундай гўзал илм саройини падаркуш ўғил буздирди» қабилида сатрлар битган бўлардилар. ғазалнинг мазмунига қараганда, расадхона ҳазрат Навоий даврларида ҳам бўлган. Расадхона ё зилзила ёки урушлар, хусусан ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмидаги истило даврида бузилиб, ашёлари таланган бўлса эҳтимол.
Тарих ҳақида ёзганимизда бизларни адаштирувчи нарса — динлар тарихини, хусусан, Ислом тарихи, фалсафаси ва ақидасини дуруст билмаслигимиз, фаҳм этмаслигимиздир. Масалан, Мирзо Улуғбек ҳақидаги асарларда Улуғбек билан Хўжа Аҳрор валий орасидаги зиддиятларга урғу бериш одат тусига айланган эди. Ҳолбуки, Мирзо Улуғбек тахтга ўтирган кезлари Хўжа Аҳрор икки-уч ёшларда бўлганлар. Ҳукмдор ўлдирилганларида эса ҳали қирқ ёшга етмаган эдилар... Бу фикрлар фақат маълум бир одамга қаратилмади. Бу барчамиздаги хасталикдир. Шу хасталикдан қутула олсак, ажойиб тарихий асарлар ёза олармиз, инша Аллоҳ.

* * *

Бир қари мушук ўлар олдидан гўё инсофга киргандай бўлибди-ю, рози-ризолик тилаш мақсадида сичқонларга мактуб битиб, тавбаларини изҳор этибди ва яна дебдики: «сизларни бир зиёфат қилиб рози этсамда сўнг жон берсам...» Сичқонлар бу тавба мактубига ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билмай, донишмандларига юзланибдилар. Донишманд дебдики: «Мушукнинг тавбасига зинҳор ишона кўрмангиз. Ўлиб, кўмиб қўйилганидан сўнг гўридан бир дона мўйлави чиқиб турганига кўзингиз тушса ҳам қўрқингу, нариги маҳалладан айланиб ўтаверинг». Сичқонларнинг ёшлари бу кекса донишманднинг насиҳатларини қулоққа илмай мушукка рўпара бўлмоқликни ихтиёр этишибди-да, боришибди.
— Дунёда ҳали ҳеч бир мушук шу онга қадарли тавба қилмаган эди, сен нечук истиғфор айтмоқни истадинг? — деб сўрашибди.
Дўмбоқ-дўмбоқ сичқончаларни кўрган мушукнинг феъли айнибди, тавбасини унутибди, нияти бузилибди.
— Қани, айтларинг-чи, бу дунёда сенлар инсофсизми ёинки менми? Қопнинг оғзи очиқ бўлгани ҳолда нима учун тагини тешасанлар, а? Мен шу саволга жавоб топмоқ учун сенларни чақиртирган эдим, — дебди мушук.
Нодон сичқончалар ўша тонг кекса мушукнинг мазали нонуштасига айланишган экан...

* * *

Ровийлар насиҳат қиладиларким: йўлда қароқчилар мавжудлигини билган тадбирли сайёҳ ёлғиз юрмайди. У сипоҳилар ҳимоясида бирон карвон ўтишини кутади ва унга қўшилиб ўзининг хавфсизлигини таъминлайди.
Ҳаёт йўлида ҳам идрокли одам таваккал қилмайди, бирон ақлли одамни учратиб, унинг изидан юрмоқликни маъқул кўради. У ўзига ўзи айтадики: дунё хавотирга тўла, фалокат оёқ остида. Қайси йўлдан юрмоқ маъқул? Хавф-хатардан ҳоли юрмоқлик учун қандай ҳамроҳни танламоқ жоиз? Бой одамнинг этагидан тутсамми ё эътиборли мансабдорнингми? Чуқурроқ мулоҳаза қилинса, униси ҳам буниси ҳам вақти келганда офатдан қутқариб қололмайди. Чунки уларни ҳам тунайдилар, уларни ҳам ўлдирадилар ёки хорлайдилар. Улар ҳам йиғлайдилар... Балки уларнинг ўзлари ҳаёт йўлининг маълум бир йўналишида ҳужум қилиб қолишар?
— Наҳотки ҳаёт йўлида эргаштириб борувчи ишончли ҳамроҳ йўқ бўлса?
Ақлли одам шундай саволга дуч келганда тўғри жавоб топа олади:
— Ҳаёт йўлида адашмаслик учун Аллоҳ белгилаган йўлдан юрмоқ керак.
— Аллоҳ белгилаган йўлдан юрмоқ надир?
— Бу Аллоҳ хоҳлаган нарсани сен хоҳладинг, истамаганини истамадинг, деган гап.
— Бунга қандай эришмоқ мумкин?
— Илм эгалла. Барча қулфларнинг калити шундадир.

* * *

Ҳаётда хомсемиз одамлар бўлгани сингари фанда, адабиётда, хуллас ҳамма соҳада ҳомаки мутахассислар учрайди. Одамлар бундайларни «чала олим» ёки «чала мулла», деб аташади. Ҳақиқий олимларнинг ишини халқ мақтайди — бу ҳам Аллоҳнинг неъмати. Чала муллалар ўзларини ўзлари мақтайдилар ва мақтовчилар ёллайдилар. Чин олим билан чала мулла орасидаги фарқ шунда. «Аҳмоқ ўзини мақтар», деган мақол бекорга туғилмагандир?..

* * *

Сиз ўтган умрингизга қараб: «Тўғри яшай олдимми?» — деб ўз ўзингизга савол берганмисиз? Агар ишонч билан «ҳа!» деб жавоб қайтара олсангиз, буюк ишлар қилибсиз экан. Кишининг оқилона китоблар битиши шарт эмас, аммо ҳаётда ўзни оқилона тута билиши мутлақо зарур! Зеро, Одам боласининг энг улуғ ижоди — оқиллик билан умр кечирмоқликдир. Қолганлари: мансаб йўлида сарсари кезиш, бойлик орттириш, шоҳона қасрлар қуриш каби ишлар ўз кўнглини тўйдиришга уринишдан бошқа нарса эмас. Қани эди, кўнгил қурғур тўя қолса...

* * *

Донолар демишларким, икки тоифа одам билан муроса қилмоқ оғирдир: бири — хотин, яна бири — ёш бола. Уларни эркаласанг — талтаяди, ўзингга яқин олсанг — ҳаддан ошади. Ўзингдан узоқлаштирсанг — ғазабланишади.

* * *

Қирқ йил умр кўриб, ён-атрофидагилар меҳр-муҳаббатнини қозона олмаганларнинг келажаги йўқдир.

* * *

Шогирд устозидан сўради:
— Донишманд инсон бошқа бир одамни ёмон кўриши, ундан нафратланиши мумкинми?
— Мумкин, — деди устоз. — ғийбатчидан нафратланмоғи мумкин. Яна довюрак бўлатуриб одатларга хилоф иш юритувчини, яна қатъийликни фан қилгани ҳолда ўжарлидан чекинмовчилардан нафратланиш айб эмас. Хўш, ўзинг-чи, қандай одамлардан нафратланасан?
Шогирд жавоб берди:
— Мен ўзгалар ақли билан кун кўрувчини, бўйсунмасликни дадиллик ҳисобловчини, чақимчиликни ҳақиқатгўйлик ҳисобловчини ёқтирмайман.

* * *

Азондан жанозагача...
Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чапига такбир айтилади. Буни изоҳлайдиларки, боланинг қулоғи азон билан очилади. Такбир айтмоқдан, мақсад эса, вақти келиб, шу гўдакнинг умри адоғига етгач, жаноза намозида такбир айтилмайди, чақалоқлигида чап қулоғига айтилмиш такбир шунинг учундир. Бу изоҳни рад этмаган ҳолда, хаёлга келмиш мулоҳазани баён этсак: азон ва такбирда «намозга келинглар», «нажотга келинглар», деган чақирув калималари бор. Такбирда эса «қаддиларингизни кўтариб, намоз ўқишга туринглар», дейилгувчи хитоб мажуд. Дуруст, инсон ҳали гўдак чоғида унинг намозга ва нажотга бормоғига, ва қаддини кўтариб намоз ўқишига имкониятлари мавжуд бўлмайди. Ибодат онгли равишда бўлмоғи афзал. Шу сабабли гўдакларга намоз фарз қилинмаган. Балки оқу-қорани дурустроқ фаҳм этадиган, Аллоҳни онгли равишда таний оладиган ёшда фарздур. Кафанга ўроғлиқ майит ҳузурида жаноза намозига азон ҳам, такбир ҳам айтилмаслигининг боиси: у энди қандай намозга келсин, қандай нажотга келсин, қаддини қандай кўтарсин намозга?
Жанозага келганлар шуни ҳам ўйласалар эди... Нажотга келиш имконияти бўлатуриб, оёқлар Яратганнинг уйига эмас, шайтон қасрига бошласа ким айбдор? Қанча-қанча кафандаги майитлар чақалоқликларида чап қулоқларига айтилган такбирга амал қилмай яшаганлари учун жаноза намози пайтида эҳтимол афсус чекиб ётарлар, валлоҳи аълам?

* * *

Бу ашулачи овозини йўқотиб қўйишдан чўчимайди. У ашула пайтида микрофоннинг бузилиб ёки ўчиб қолишидан қўрқади.

* * *

Эрта-индин гуллайман, деб бўртиб турган куртаклар юзини аввал қор қоплади, сўнг қор эриди-ю, аямажизнинг совуқ нафаси куртакларнинг жонини суғуриб олди. Куртак баҳорнинг илиқ ва тотли шабадасига алданди. Уни нодонликда айблаш инсофдан эмас. У табиат ҳукмига бўйсунади, у табиий жараён қурбони. Ёшликни ҳам куртакка ўхшатишади. «Ёшлик» деб аталмиш куртак ҳам баъзан ҳаётдаги аямажизнинг қурбони бўлади. Бу учун энди табиат айбдор эмас...

* * *

Етимхоналарнинг номларини турлича аташади: аввал «Болалар уйи» дейишарди. Энди эса «Меҳрибонлик уйи» деб аташ расм бўлди. Ажабки, ном ўзгаргани билан моҳият ўзгармайди. Меҳрибонлик уйларида болалар ота-она меҳрига ташна бўлиб яшайдилар. Бир етим бола «адам билан ойим келмайдилар, бобожоним келиб турадилар», дейди. Ота-онаси тирик бўла туриб етим қолган бу боланинг ўкинч тўла юрагида яна қанчалар нафрат бор экан! Унинг ота-онаси эҳтимол ажрашиб кетгандир, сўнг ҳар бири бошқа оила қургандир. Бошқа оиладан фарзандлари бордир. Юракнинг бир парчаси бўлган болани етимхонага ташлаб қўйиб ҳотиржам яшовчиларни одам дейишга тил бормайди. Булар-ку майли, наҳот ўша етимларнинг амакилари ёки тоғалари, аммалари ёки холалари бўлмаса?! Жиянларини бағирларига олиб, ўз фарзандлари қаторида вояга етказиш савобидан нечун улар бебаҳралар?
Бизда илгари етимхоналар йўқ эди. Бизда иймон эгалари кўпроқ эди...

* * *

Қуръони Каримда «Фарзандларимни боқолмайман, деган ҳавотир билан уларни ўлдирманглар, мен уларни ризқи билан бераман», деган маънодаги ояти карима мавжуд. Уламоларнинг тафсирига кўра, жоҳилият замонида араблар «болалармизни боқолмаймиз», деб туғилган ҳамони тириклайин кўмиб ташлашар экан. Ояти карима ана ўшаларни огоҳлантириш учун нозил қилинган. Аммо шу билан вазифасини ўтаб бўлмаган. Бола ўлдириш то ҳануз давом этади. Буни энди «маданий, тиббий» тилда «аборт» деб аташади. Ўзбекча қилиб эса «бола олдириш» дейишади. Бу нотўғри атама. Тўғриси - бола ўлдириш! Она қорнидаги тирик жонни мажбуран олиб ташлашни бундан ўзгача аташ мумкин эмас. Боласини ўлдиришга рози бўлган ота-онани эса «қотил» демоқликдан ўзга ном йўқ. Бу жиноятни, ҳа, айнан жиноятни бутун дунёдаги онгли одамлар қоралайдилар. Барча динларнинг олимлари бу жиноятга қарши курашадилар. Аммо... уни ёқловчилар ҳам бор. Баъзан телевизорда ҳориждаги намойишларни кўриб қоламан. Ҳукуматнинг абортни ман этиш ҳақидаги қонунларидан норози бўлганлар ё ақлдан озган кимсалар, ёки фоҳишалардир.

* * *

Бу дунёда текин нарса йўқ. Ҳамма нарса учун ҳақ тўлаш керак. Хусусан киши ўзининг роҳати ва фароғати бадалига ҳамиша тўлов тўлаб туриши зарур. Шундагина фароғат турмуши боқий бўлади. Бу тўловнинг номи — сабр. Одамлар «фароғатли турмуш» дейилганда дарров бойликни кўз олдиларига келтирадилар. Бойлик — роҳат ҳам, фароғат ҳам эмас. Бойлик кўпайгани сайин ташвиш орта боради, гуноҳлар кўпая боради. Баъзан шундай бўладики, киши бир пиёла совуқ сув ичиб, тинч, ҳотиржам яшашни истаб қолади. Кишининг роҳати учун моддий томондан: қорни тўқ, усти бут, бошпанаси мавжуд бўлиши керак. Руҳий томондан: шайтон васвасаларидан ҳоли бўлмоғи зарур. Шунда атрофини яхши одамлар ўрайди. Кишининг қорни тўқ бўлиши учун бир косагина таом кифоя. Устига ўнта эмас, битта кўйлак кияди. Юз хонали уй қургани билан битта хонасида яшайди.
Ривоят қилурларким, Нуҳ алайҳиссаломнинг битта чайлалари бор экан. Чайла кичиклигидан ётганларида оёқлари ташқарига чиқиб тураркан. Вақтики келиб Азроил алайҳиссалом юзланганларида Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга шундай муножот қилган эканлар:
-Йа Аллоҳим, менга беш юз йил умр бериб эдинг, бу умрнинг бу қадар тез ўтиб кетишини билганимда овора бўлиб шу чайлани қуриб ўтирмасдим...
Бу ҳикматлардан ибрат олиш вақти ўтиб кетяптимикин...

* * *

Аллоҳ ҳар бир бандасига бахтни мўл-мўл беради. Бу худди ёмғир томчиларига ўхшайди. Биров томчиларга кафтини тутади, бошқаси тадбир ишлатиб кўпроқ тўплайди. Худо ёғдираётган бахтга эга бўлиш учун киши Ҳақ талабидаги фазилатларига эга бўлиши керак. Ҳалоллик, поклик, атрофидагиларга меҳр-муҳаббатда бўлиш... каби фазилатларсиз бу бахтга эга чиқиш мушкул.

* * *

Энг ожиз, нотавон фуқаросини ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳимоя қилувчи давлат кучли ва қудратли саналар экан.

* * *

Оппоқ дастурхон — пок. Унинг устидаги неъматлар ҳам покиза. Бироқ дастурхон атрофидагиларнинг ичлари кирланиб кетган. Устиларидаги тоза кийимлар ичларидаги кирларни қачонгача яширар экан?

* * *

Бир санъаткор биродаримиз оғир хасталикка учрагач, яқинлари унга фахрий унвон олиб бериш учун турли идораларга қатнай бошладилар. Ўлим эшик қоқиб тургандаги уларнинг бу ҳаракатини яхшиликка йўйиш ҳам мумкин. Ҳар ҳолда унвон берилса бемор қувонади. Азоблари салгина бўлса-да, ариши мумкин. Лекин... унвону мукофотлар ортда қолади-ку? У дунёда буларнинг қиммати йўқ-ку? Савол-жавобда булар инобатга олинмайди-ку?
Аввалроқ бир танишимиз «Биттагина медал олиб ўлсам армонсиз кетардим», — дер эди. «Медал сизга шунчалик зарурми?» — деб сўраганимизда «Ҳа, ўлгандан кейин духоба ёстиққа тикиб, тобут олдида олиб боришга нимадир керак-ку? Болаларим отамнинг ҳеч нарсаси йўқ экан», деб изза чекишмасин»,— деган эди.
Аллоҳ марҳамат қилади-ки: «Эй Одам фарзанди! Сенга уч нарсани ихтиёр қилдим: яъни оила аҳлингни, молу дунёингни ва молингни. Аммо мол-дунёинг сен ўлиб, оёғинг ердан узилиши билан ортингда қолади. Оёғинг уйдан чиқиши билан оиланг ҳам ажраб қоладилар. Кейин қабрда бўласан. Қиёмат кунида фақат яхши амалинг фойда беради. Амалинг тузук бўлса, сени ҳам тузатиб қўяр. Агар ёмон бўлса, сени ҳалок қилувчи жойга топширар». Шунга кўра, ҳамонки барча нарса ортда қолар экан, хаста биродаримизнинг яқинлари нишон ҳақида эмас, иймон тўғрисида қайҚурсалар дурустроқ бўларми эди. Жон чиқмай туриб, иймон калимасини ўргатсалар қандай яхши эди! Агар фарзандлар доно бўлсалар «отамиз медалсиз ўтди», деб куюнмайдилар, балки «отамиз иймон билан кетдилар», — деб Яратганга шукурлар қиладилар.

* * *

Бир қиз ёмонларга қўшилиб, бузуқ йўлга кирибди. Албатта ота-она уни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилишган. Аммо бемаза ҳаётнинг мазасини тотиб қўйган қизни қуруқ насиҳатлар, ҳатто қамоқ жазоси ҳам ҳидоят сари буролмади. Оқибат ота-она сўнгги чорани қўллашган - қизни «оқ» қилишган. Бу билан улар ўзларини ҳам Аллоҳ олдида, ҳам эл-юрт олдида поклаб олишган. Ота-она бошига тушганни «фалокат» деймизми, «фожиа» деймизми, «қора тун» деймизми, юракларни поралаб ташлаган «бало чақини» деймизми, номи нима бўлса бўлсин, буни ҳатто душманимизга раво кўрмайлик. Ота-она фарзандини оқ қилгани билан унинг қоронғи туни ёриша қолмайди. Оқ қилиш билан ўзига озгина тасалли бергандай бўлади. Иснод ўтида қовжираб, азобланиши эса давом этаверади.
Шу ўринда оқ қилишнинг моҳиятини ўрганишга уриниб кўрсак: бу араб лисонидаги «аъқ(қа)» сўзидан келиб чиққан. Дастлабки маъноси покланишни билдираркан. Яна бир маъноси эса «ажратиш» экан. Демак, оқ қилмоқлик гуноҳкор фарзандни ўзидан ажратиб, покланиш деган маънони англатаркан. Яъни «бу бадкирдор гуноҳлар ботқоғида қолди. Мен унинг гуноҳларига шерик эмасман, масъул ҳам эмасман», дейилмоқчи бўлади.
Юқорида айтганимиздай, бу ҳолат кишининг ўзига тасалли бериши учунгина асқотади. Ота-онанинг фарзанд тақдирига масъуллиги ҳеч қачон озаймайди. Солиҳ фарзанд ота-онага раҳмат, яъни савоб келтиргани каби, ёмонликни касб қилган фарзанд, оқ бўлган тақдирда ҳам ҳар бир гуноҳ иши билан ота-онасига лаънат келтираверади. Шу сабаб эҳтимол ота-она аъмол дафтарига гуноҳлар ёзилаверар, валлоҳи аълам? Агар оқ қилиш билан ота-она гуноҳдан осонгина қутула олса эди, унинг масъулияти, фарзанд тарбиясининг савобларидан олажак ажрлари юқори қилиб қўйилмас эди.
Яна бир аянчли воқеа: бир кишининг фарзанди вафот этиб, қавм жаноза намозига сафланган чоқда масжид ҳовлисига насроний дини вакиллари кириб келишди-да: «Бу йигитга жаноза ўқимоғингиз жоиз эмас, у бизнинг динимизни қабул қилган эди, унга биз ҳақлимиз», дейишди. Бирга кириб келган гувоҳлар бу даъвони тасдиқлашгач, ота ҳушидан кетар даражада ҳолга келиб, ўғлини оқ қилди. Отанинг аҳволига албатта ҳамма ачинади. Аммо оқ қилиш билан масала ҳал бўлдимикин? Бола нима учун ўзга динга кириб кетди? Отанинг номи мусулмон, аммо пешонаси саждага тегиб намоз ўқирдими? Йўқ. Фарзандига динни ўргатганмиди ёки бирон муаллимга топширганмиди? Йўқ. Энди додини кимга айтсин?!
Бу отанинг ноласи кўпгина одамларни қалбларидаги муҳрларни ечмоққа ундармикин?

* * *

Данғиллама уй қуриб, баланд деворлар, темир панжаралар била ихота қилишдан мақсад — бирон ниманинг даф қилишидан сақланишдир. Ўзини бу дунё балосидан эҳтиётлашга ақли етган банда у дунёда кутилажак азоб селларидан ихота қилишни ўйламайдими? Дўзах азоби, дўзах оловидан баланд девору темир панжара ёрдамида сақланиб бўлмайди. Бу девор, бу темир панжарани уй атрофига эмас, ўз нафси қаршисида тикласа, қиёмат азобларидан қутулиб қолган бўларди.

* * *

Баъзилар кўнгилида иймон чироғи ёнмайди. Бунга сабаб: Аллоҳ унга ҳидоятни ирода этмаган, дейишади. Ажаб нотўғри фикрдир бу. Аллоҳ учун барча бандалар бирдир. Фақат ҳар бир банда алоҳида равишда имтиҳон қилинади. Бирининг имтиҳони иккинчисиникига сира ўхшамайди. Агар банда қалбида ҳидоятга майл бўлса, Аллоҳ уни беради. Дейдиларки: «Бола йиғламаса, она кўкрак тутмайди». Ҳидоятга етишмоқ ҳам шу кабидир. Аллоҳ ҳар бандасига ақл, зеҳн, идрок бериб қўйибди. Шу ақл кўзи билан атрофига қараб, ҳидоят йўлини изласа, наҳот Аллоҳ бермасин? Беради! Банда ҳидоятдан бегона экан, Аллоҳ эмас, ўзи айбдор.

* * *

Инсонларнинг тенглигини айнан англамоқ тўғри эмас. Одамлар бир хилда тенг эмаслар. Жисмдаги қувватлари, шаклу шамойиллари, ранглари турлича бўлгани каби ақл даражалари, дунёни англашдаги зеҳн қувватлари, қобилиятлари... ҳам ҳар хилдир. Бандалар фақатгина Роббилари ҳузурида тенгдирлар. Яъни қилмишлари учун олажак ажру жазоларда тенглар. Яъни— бир савоб ишга олимга ўн савоб, деҳқонга икки савоб ёзилмайди. Ўмонлик учун олимнинг олимлиги сийланиб, гуноҳи камайтирилмайди. Бандаларнинг хоҳ шоҳу хоҳ гадо бўлсин, тенглигига ишора — ҳаж ибодатида барчанинг эҳромга кириши, вафот этганида эса бир ҳилда кафанланиб кетмоғидир...

* * *

Бир китобда «Аллоҳ ўз маҳлуқотларидан баъзиларига ҳаёт берган ва баъзиларига бермаган», деган гапни ўқиб ўйга толдим. «Ҳаёт» деганда нима назарда тутиляпти? Жонми ёки ҳаракат қила олиш имконими?
Одамга ҳаёт берилгани шубҳасиз бир ҳақиқатдир. Ҳайвонларга ҳам берилган бу неъмат. Аммо дарахтлар, майсаларга-чи? Улар ҳам туғиладилар, яшайдилар, ўладилар. Барглар, майсалар... ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтадилар... Демак, уларга ҳам ҳаёт, жон берилган. Ҳатто кўзга кўринмас микроблар, бактериялар (балки уларни «инсу-жинс» десак бўлар?) ҳам жонлидир. Инсон аъзоларига кирган бактериялар касал қўзғар экан, демак, унинг ҳам жони бор. У ҳолда ҳаёт (жон) берилмаган, дейилганда тоғу тош, тупроқ назарда тутилар? Бу ҳам кишини ўйлатадиган муаммоли савол. Чунки тоғлардаги вулқон ҳаракатини жонсиз ҳодиса деймизми? Тупроқнинг дарахтларга, ўсимликларга қувват бериши-чи? Қолаверса, Ер сайёрасининг ҳамиша ҳаракатда бўлиши-чи? Шунга кўра, Аллоҳ барча яратган маҳлуқотларига жон бергану биз буларни сезмаймиз, десак жоизмикин? Эҳтимол бунда рамзий маъно яширингандир. «Ҳаёт берилмаган», дейилганда қалблари муҳрланиб қолганлар назарда тутилгандир...

* * *

«Асримизда илм-фан тараққий этди», деган иборани кўп ишлатамиз. Шу ўринда «нисбатан» деган сўзни қўлласак ўринли бўлар. Чунки XX асрдаги илм-техника ривожи 19-асрга нисбатан олинади. Ҳолбуки 19-асрда, ундан авваллари ҳам буюк кашфиётлар қилинган. Ал-Беруний яратган глобус, Ал-Хоразмийнинг «ал жабр»и, Улуғбек кашф этган юлдуз... 21-асрда ҳам Худо хоҳласа, фан-техника ривожланади. Бу ҳодиса ҳам XX асрга нисбатан, деб белгиланиши шубҳасиз.

* * *

Бир ҳамкасб акамиз билан озгина баҳслашиб олдик. У киши асарларида аёлнинг дафн маросимини тасвирлабдилар. Майит дафн этиб бўлингач, бир одам «Фалончихон қандай одам эди?» деб сўрайди. Тўпланганлар «Яхши эди, Худо раҳмат қилсин», дейишади. Камина «аёллар дафн этилганда бундай сўралмайди, «Фалончи қандай одам эди?» — деб фақат эркаклар сўралади, деб эдим, акамиз «Нима, аёллар одам эмасми?» — деб ранжидилар.
Аслида бу сўрашнинг, жавобнинг марҳум учун фойда-зиёни йўқ. Сўровга биноан «яхши одам эди», десак, гўё биз Яратганнинг олдида гувоҳликка ўтган бўламиз. Қабрга қўйилган одам ҳаётда ярамасларнинг ярамаси ҳисобланган бўлса-да, дафн маросимида биров овоз чиқариб: «ёмон эди, энди жазосини олсин», демайди. Сўровга берилувчи жавоб марҳум ёки марҳума яқинларининг кўнглига малҳам бўлиш учун керак. Яна одамларнинг «мен ҳам келганимда сўралади, биродарларим нима деб жавоб қилишар экан?» — деб ўйлашлари учун лозим. Аллоҳ бу дунёдаги умрини яшаб, ҳузурига келувчи бандасининг яхши-ёмон эканини гувоҳларсиз ҳам амалига қараб билади.
Гарчи жаноза намозида ўзига хос илтижолар қилсак ҳам, яъни «Ё Раб, ўлганларимизни иймонлари билан қабул этгин, бу майит эса раҳматингга муҳтож... Башарти гуноҳлари бўлса, ўзинг кечир», деб муножот қилсак-да, бу дуоларнинг қабул қилиниши ё ижобат бўлмаслигини Аллоҳнинг ўзигина билади.
Энди эркак-аёл масаласига келсак, мусулмонларда майитни қабристонга эркаклар олиб борадилар. Эркак майитни яхши билувчилар кўп бўлади. Аёл майитнинг қандайлигини бегона эркаклар қаердан билишсин? Дуруст, аёллар ҳозир эркаклар орасида ишлайдилар, юрадилар. Бироқ, шунда ҳам бегона эркак аёл турмушини яхши билади, дея олмаймиз.
1976 йили Абдулла Авлонийнинг фарзандлари даврасида бўлганимизда ўғиллари Кенжа ака оналарини мадҳ эта туриб, шоирнинг шогирдларидан «Аямиз ҳам ғазал ёзар эдилар, билармидингиз?» — деб сўрадилар. У киши ғоят ҳилм ва лутф билан: «Раҳматли онангизнинг ажойиб пазанда эканликларини билардим», деб жавоб қайтардилар. Жавобдаги мантиққа қойил қолмоқ керак. У киши устозни йўқлаб келганларида, уй бекаси ёнларида ўтирмаган, устоз эса табиийки, «хотиним ғазал ёзади», деб мақтанмаган. Аёл ўз вазифасини бажариб, таом пишириб меҳмонхонага киритган. Бу масаладаги баҳсга «Эрдан — эл, хотиндан — эр рози бўлмоғи керак», деб якун ясасак тўғрироқ бўлар.

* * *

Туяқушнинг ғалати одати бор: бирон хавфни сезса, бошини қумга тиқиб тураверади. Баъзи одамларда ҳам шундай одат мавжуд: ҳақиқатдан қўрқиб, бошларини гўё қум орасига тиқиб яшайдилар. Атрофга қарамайдилар. Келажакни тасаввур қила олмайдилар. Энг ёмони яқинлашаётган хатарни сезмайдилар.

* * *

Халқимизда бир мақол бор: «Айтсам - тилим куяди, айтмасам - дилим». Улуғ шоирларимиздан Атойи ҳазратлари ёзганлар: «Айтсам - ўлдирарлар, айтмасам - ўлам». Фаластинлик шоир Муин Бсису ёзган экан: «Айтсам ҳам ўлдирадилар, айтмасам ҳам ўлдирадилар, айтиб ўлганим яхши».

* * *

«Ўлим — кутилмаган меҳмон», дейдилар. Бу фикрга қўшилмоқ мумкин эмас. Ўлим — кутилган меҳмон. Биз уни кутишга, қаршилашга тадорик кўриш лозимлигини унутиб яшаймиз. Биз унинг ташрифи муқаррарлигини унутмасак, қадамларига пояндоз солиб кутсак — азиз меҳмон каби иззат қилган бўламиз ва ажр ҳам шунга яраша берилажак. Биз солгувчи пояндоз — хайрли амалларимиз, ишларимиз. Тасаввур қилингки, меҳмонга борганимизда пояндоз солиб, очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Сахийлик билан дастурхон тузашди. Бениҳоя лутф кўргазишди. Сиз бу марҳаматлардан эриб, мезбонга жонингизни ҳам бермоққа рози бўлиб кетасиз. Аксинча, уйқули кўзларини очишга эриниб, эснаб, энсаси қотиб қаршиласа, ивирсиқ дастурхон атрофидан жой кўрсатса, худди европаликларга ўхшаб, «биз бугун меҳмон кутмаётган эдик», демаса-да, ҳаракатлари орқали шу маънони англатиб турса, қай аҳволга тушасиз? Бу хонадонга пояндозни эмас, чақиртиканакларни яланғоч равишда босиб ўтгандай бўлмайсизми? Ана энди «иймон» деб аталмиш тушунчанинг асосини ташкил этувчи хайрли амаллар билан, савоб-харомнинг фарқига бормай юрган холда ўлимни қаршилашнинг фарқини ўзингиз фикр қилиб олаверинг.
Кутилмаган меҳмон — ўлимнинг фазилатларидан бири — у шоҳу гадога бир хилда муносабатда бўлади. Унда, бу борада айирмачилик иллати йўқ. Жон бергувчи банда меҳмонини қаршилагач, унинг учун энди фоний дунёда фожеа йўқдир. Фожеа ортда қолган тириклар учундир. Айни шу фожеада айримачилик мавжуддир. Туриш-турмуши оддийроқ бўлган хонадон учун фожеа шамнинг ёнгани кабидир. Улар яқинларидан жисман жудо бўлганлари учун куйинадилар. Қалбни тирнаган жудолик азоби узоқ давом этмайди.
Бадавлат одам жон бераётганида тўплаган бойлигидан ажраётгани учун қайғурадими ё йўқми — билмаймиз. «Улар жондан эмас дунёларидан жудо бўлаётганлари учун аламдалар», дея олмаймиз. Бундай демоқ учун бой қавмида бир ўлиб кўрмоқ керакмикин... Аммо... бойнинг ортда қолмиш зурриёди, яқинлари учун улуғ бир ташвишлар, азоблар мавжудлиги аниқдир. Тириклар учун меросдан улуш олиш ташвиши — вақти-соати етган банданинг жон таслим қилиши азобидан улуғроқдир.
Мансабдорнинг тақдири ҳам шунга ўхшаш. Бу ҳолда ҳам ўлаётган мансабдор «оғзим энди ошга етганида, бошим тошга етди-я!» — деб нола чекади, деган фикрдан йироқмиз. Аммо ортда қолаётганларнинг шундай демоқлари эҳтимоли бор. Чунки мансабдорнинг ўлимидан сўнг кўп нарсалар чаппасига айланиб кетиши мумкин. Шу мансаб туфайли илиниб турган қудачиликнинг заиф иплари узилар балки. Шу мансаб туфайли обрў шоҳсупасидаги ака ёки укалар, фарзандлар ёки жиянларнинг керилиб юришлари барҳам топар. Шу мансаб туфайли бу оилага ўзини дўст тутганлар қабр совумай туриб, мағлуб аскарлар сингари тумтарақай бўларлар...
Ўлим тўшагида ётган банданинг атрофида ташвиш билан кўз ёши тўкаётганлар шундай фожиаларнинг сояларида зир титрайдилар. Ҳали жон чиқмай туриб, бу ташвишли дунёда жон сақлаб юришнинг осон йўлларини излайдилар. Афсус... ўлаётган банданинг тақдири уларга ибрат эмас.

* * *

Бир қадрдонимизникига фотиҳага бориб эдик. Дуодан сўнг марҳумнинг фазилатларини эслаб ўтирганимизда соқоли оқарган, эгнига қимматбаҳо чакмон кийган киши келдилар. Ташқи кўринишларидан умрлари илм олмоқлик билан ўтаётган уламога ўхшардилар. Шу боис ёнимиздаги қори «ўзлари ўқисинлар», деган маънода у кишига имладилар. «Аъузу...» бошланиши биланоқ бизларнинг ҳайратимиз ҳам бошланди. Биз уламо деб ўйлаган киши калималарни шу қадар ямлаб, ғажиб ўқир эдиларки, айтаётганларини ўзлари англамасалар бошқаларнинг тушунмоқлари мумкин эмасди. Асли талаффузлари шунақароқдир, десак, тиловатдан сўнг бинойи гаплашиб ўтирдилар. Маълум бўлдики, бу киши умрларини илм билан, ибодат билан эмас, бошқа юмушлар билан ўтказиб, шу ёшга етганларида ибодатга жазм қилибдилар. (Шунисига ҳам шукур!) Қуръон оятларини ёд олмоқликни тиллари қотиб бўлганидан сўнг бошлабдилар. Ўз фикрларича, исломий ҳисобланган уст-бошни маромига етказибдилар. Таъбир жоизким, уст-ялтироқ, ич-қалтироқ. Агар уст-бошни яхшилашга қаратилган интилиш Қуръон оятларини ёд олмоққа қаратилгандами эди...

* * *

Сўнгги сўз... ва сўнгги нафас... Шу ҳолатни ҳеч ўйлаймизми? Билмаймиз... билолмаймиз... Ҳозиргина тилимиздан учган сўз сўнггиси бўлиши эҳтимол... Эндиги чиқарган нафасимиз охиргисидир балки? Киши бу оламни тарк этгач, яқинлари унинг сўнгги ҳаракатларини, сўнгги гапларини эслашади ва ундан ҳикмат излашади. Ажойиб болалар ёзувчиси, кўп йиллик қадрдон акамиз Сафар Барноевнинг касал бўлиб ётганларини эслолмайман. Шу киши 63 ёшларида кеннойимизга «Малика, ўлиш шунақа осонми?» дебдилару, жон таслим қилибдилар. Бу ҳол каминани кўп ўйга солди. Улуғларнинг сўнгги сўзларини эсладим: англиялик шоир лорд Байрон ўлими олдидан қоғоз ва қалам сўраган экан. Аммо қалам тутишга ҳоли бўлмай: «Тамом, энди жуда кеч», деб кўз юмган экан. Суқрот ҳаким «Ўлим руҳнинг танадан ажралиши ва танадан айри ҳолда яшаши, мавжуд бўлишидир, шундай экан, мен ўлимдан қўрқмайман», — деб яшаган. Сўнгги сўзи эса... «Аскулепиосга бир хўрознинг баҳосича қарзимиз бор эди, эсингдан чиқмасин, Критон», — деб васият қилган экан. Салмон Форсийнинг сўнгги сўзлари насиҳат тарзида бўлган экан: «Нимаики қилсанг, Аллоҳ розилиги учун қил ва буни сира унутма!» Сўфий Ҳалложни «анал ҳақ!» ақидаси учун қийнаб ўлдирганлар. Олдин панжалари, қўллари кесилган, кўзлари ўйилган. Навбат тилни кесишга келганида деган эканларки: «Аллоҳим, сенинг розилигинг учун менга ушбу уқубатларни раво кўрганлардан раҳматингни аяма. Сенинг муҳаббатингга эришиш йўлида мени қўлларимдан, оёқларимдан жудо қилган бу қулларингни авф эт. Кечир, Аллоҳим, уларни кечир! Муҳаббатинг ҳурмати кечир...»

* * *

«Бахтиёрлик ичра сен бахтсизликка учрашдан қўрққил», демишлар. Биз эса қўрқмаймиз. Бахтни бир умрлик инъом сифатида қабул қиламиз. Ўйлаймизки, бахт — меҳмондир. Меҳмон бир соат ўтирадими ё ўн кунми — оқибат изига қайтади. Бахтиёрликни иззат билан кутиб олиб, сўнг кузатмоққа шай турмоқ керак. Уйимизга келувчи меҳмонларнинг шакл-шамойиллари турлича бўлганидек, «бахт» деб аталмиш меҳмон ўрнига келувчи янги меҳмон унингдек бўлмайди. Бахт ўрнига келгувчи меҳмоннинг номи — «бахтсизликдир». Ўа, айнан шундай. Бахтсизлик ҳам меҳмондир. Унинг ҳам иззатини жойига қўйиб кутиб олмоқ ва кузатиш тадоригини кўрмоқ лозимдир. Бахтсизликнинг ўрнига келажак меҳмон, шубҳасиз — БАХТИЁРЛИКдир.

* * *

Улуғ устозларимиз ривоят қиладиларким, бир мамлакатда подшоҳ роппа-роса ўн йилдан кейин тахтдан тушириларкан. Сўнг қайиққа ўтқазиб уни кимсасиз оролга ташлаб келишаркан. Навбатдаги подшоҳ тахтга ўтиргач, у маъюсланиб вазирига дебдики:
-Наҳот менинг ҳам қисмати шу бўлса? Наҳот мен ҳам кимсасиз оролнинг чўлу биёбонида жазирама азобларида яшашга ҳукм этилсам?
Шунда вазир шундай маслаҳат берибди:
-Муҳтарам шоҳим, сиз кимсасиз оролда яшашни истамасангиз, шоҳлик даврини беҳуда айш-ишратлар билан совурмай, умрингизни ва мол-давлатингизни ўша оролни обод қилишга сарф этинг.
Подшоҳ мулоҳаза қилиб кўрсаки, вазир ҳақ экан...
Мазкур ривоятни шарҳлашга уриниб кўрамиз: подшоҳ - шахснинг ўзи. Яъни ҳар бир одам ўзи учун ўзи шоҳдир. Ақли ва иймони унинг вазиридир. Ақл ва иймон ҳудди эгизак сингари ҳамиша биргадир. Ақл йўқ жойда иймонни изламанг, иймон йўқ ерда ақлни қидирманг. Демак, ақлимиз ва иймонимиз бизга доно маслаҳатчидир. Кема - тобут. Одамнинг қисмати шу - бир кунмас бир кун ўз тахтидан тушади, ўша кема- тобутга солиб олиб борадилар. Кимсасиз орол - йўғлик дунёси, биз борадиган жой. Бошқача айтганда, охират ороли. Агар биз бу дунёйимизни ҳою ҳавасларга совурсак, ўша орол чиндан ҳам кимсасиз бўлади, чиндан ҳам чўлу биёбондан иборат бўлади. Агар Ҳақ йўлидан юриб, яхши амаллар билан банд бўлсак, ўша кимсасиз оролни обод қилган бўламиз. Борар жойимиз саҳро - дўзох азоблари эмас, жаннат боғлари бўлади, инша Аллоҳ! «Охиратинг обод бўлсин!» деб дуо қилишганда шу назарда тутилса керак. Барчаларимизнинг охиратларимиз обод бўлғай. Охират оролини фирдавс боғлари билан обод қилмоқлик эса ёлғиз ўзимизга боғлиқ экан. Ҳазрат Али, Аллоҳ ул зотдан рози бўлсин, айтганларидай, жаннатга иштиёқи бўлган одам яхшилик қилишга шошилади. Жаҳаннамдан қўрққан одам нафсини ёмон ҳатти-ҳаракатлардан қайтаради. Ўлимни ҳақ деб билган одам дунё завқларини тубан кўради.

* * *

Азизлар, алҳамдулиллаҳким, сизлар билан иймонлашиш умидида бошлаган суҳбатимиз шу тарзда хайрли якунига етди. Агар гапларимиз чўзилиб, сиз, муҳтарам зотларни уринтириб қўйган бўлсак, маъзур тутгайсиз. Агар ақлимиз етмаган масалаларда маҳмаданалик қилган бўлсак, айбситмайсиз. Агар нотўғри фикрлар баёнидан тийила олмаган бўлсак, тавбалар қиламиз ва сизлардан ҳам узр сўраймиз.
Мазкур суҳбатимизда, аввал айтганимдек, ўтмишнинг улуғ алломалари, донишмандлари фикрларидан фойдаландик. Ул зотларни Аллоҳ мағфират қилсин. Бизларни ва қиёматга қадар туғилажак зурриёдларимизни ўша улуғларга берилган улуғ неъматлар - илм ва дониш неъматларидан баҳраманд қилмоғини сўраб Яратганга илтижолар қиламиз.
Бугунги кунимизда ҳам дин илмини мукаммал билувчи беназир олимларимиз бор. Улар билан бизларни замондош қилгани учун, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиш бахтини бергани учун Аллоҳга шукрлар қиламиз ва бу мўътабар устозлар умрига, илмига барака бермоғини сўраб қоламиз.
Иймонлашиш умидида мазкур китобни қўлга олган барча азиз биродарларимизга Аллоҳдан икки дунё саодатини тилаб қоламиз.
Ассалому алайкум, ва роҳматулиллаҳи ва баракатуҳ!

 
« Олдинги