ТАҚИНЧОҚ, ЕТИМНИНГ МОЛИ ВА АСАЛНИНГ ЗАКОТИ ҲАҚИДА Принтер учун
01.05.2008 й.
ТАҚИНЧОҚ, ЕТИМНИНГ МОЛИ ВА АСАЛНИНГ ЗАКОТИ ҲАҚИДА
***

...Аввало Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик, камбағалларнинг кўнглини чўкдиришга хизмат қилиши учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни уйида сақламагани маъқул...

ТАҚИНЧОҚ, ЕТИМНИНГ МОЛИ ВА АСАЛНИНГ ЗАКОТИ ҲАҚИДА

Амр ибн Шуайб, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди, у билан бирга қизи ҳам бор эди. Қизининг қўлида иккита йўғон-йўғон тилло билагузук бор эди.
У зот унга:
«Мана бунинг Закотини берасизларми?» дедилар.
«Йўқ», деди аёл.
«Аллоҳ қиёмат куни ўша икковининг ўрнига оловдан бўлган икки билагузук тақиб қўйиши сени хурсанд қиладими?» дедилар.
Шунда у (қиз) икковини ечиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ташлади ва:
«Иккови Аллоҳ учун ва Унинг Расули учун», деди. «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Ва Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икковининг қўлида тиллодан бўлган билагузук кўриб қолдилар ва:
«Унинг Закотини адо қиласизларми?» дедилар.
«Йўқ», дейишди икковлари.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига: «Аллоҳ икковингизга оловдан бўлган икки билагузук тақишини яхши кўрасизларми?» дедилар.
«Йўқ», дейишди икковлари.
«Ундоқ бўлса, Закотини адо қилинглар», дедилар у зот».
Шарҳ: Мазкур ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қизи билан келган саҳобия аёлнинг исмлари Асмо бинти Язийд ибн ас-Сакан розияллоҳу анҳо экан.
Ушбу ривоятдан аёл кишиларнинг тилло тақинчоқларидан ҳам Закот фарз бўлиши келиб чиқади. Бу масаланинг фиқҳий томони. Буни келгусида бошқа ҳадис ва далилларга қўшиб кенгроқ ўрганамиз, иншааллоҳ.
Лекин масаланинг яна бир муҳим томонига ҳам эътибор беришимиз керак. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ сифатида икки она-қиз саҳобияларга уларнинг диний бурчларини баён этдилар. Хўш, мазкур икки саҳобия розияллоҳу анҳолар ўзларини қандоқ тутдилар? Ҳақиқий муслима-мўмина аёллар қандоқ тутиши керак бўлса, шундоқ тутдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг билагузукларнинг Закотини бериш-бермасликлари ҳақидаги сўровларига қисқа ва аниқ қилиб «йўқ», деб жавоб бердилар. «Нима десангиз шуни қиламиз, берсак бераверамиз. Нима, Закот бериш керакмиди? Бундан буён Закот берамиз», каби гапларни айтмадилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмни баён қилганларидан кейин, қиз дарҳол икки йўғон тилла билакузукни чиқариб Сарвари оламнинг олдиларига қўйди ва бу иккови «Аллоҳ учун ва Унинг Расули учун», деди.
Жасоратни қаранг! Аёл киши учун тақинчоқларнинг, айниқса, катта тилло тақинчоқларнинг ўзига яраша қадр-қиймати бор. Улар бундоқ нарсаларни жуда яхши кўрадилар. Бу айб ҳам эмас. Аллоҳ таоло аёлларни шундоқ қилиб яратган. Лекин Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат мўмина-муслима аёл учун ҳар нарсадан ҳам қиммат.
Мазкура саҳобия эса бундан ҳам устун нарса қилдилар. У киши, буларнинг Закоти қанча бўлади? - десалар ҳам бўлар эди. Закотини чиқариб берсалар ҳам бўлар эди. Лекин икки билагузукни бутунлай чиқариб Аллоҳ ва Унинг Расули алайҳиссаломга атадилар. Бу ўша саҳобиянинг тақвоси, фидокорлиги, сахийлиги, савоб умидида эканлиги, бу дунёнинг тақинчоқларидан кўра у дунёнинг тақинчоқларини устун кўришларини кўрсатади.
Исломда доимо шундоқ мўмина-муслималар топилган, улар мусулмон миллатининг фахри бўлиб келганлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен оёғимга тилло халхал тақар эдим.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, у жамғармами?» дедим. У зот: «Закоти адо қилинишга етган нарсанинг Закоти берилса, жамғарма бўлмайди», дедилар». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилишган ва «саҳиҳ», дейишган.
Шарҳ: Бу ривоятдан тақинчоқларнинг нисобга етганидан Закот берилиши кераклиги келиб чиқади.

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу қизлари ва чўриларига тилло тақинчоқ тақдирар ва ундан Закот чиқармас эди». Молик ва Шофеъий ривоят қилишган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу энг олим ва энг тақводор саҳобалардан ҳисобланадилар. У киши билмасдан бирор ишни қилмаганлар. Шунингдек, тақвога заррача футур етказадиган тасарруфотлардан ўзларини олиб қочганлар. Агар тилло ва кумуш тақинчоқлардан Закот чиқариш лозим бўлганда у киши, албатта, чиқарар эдилар.

Амр ибн Динор розияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир кишининг Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Тақинчоқда Закот борми?» деб сўраганини эшитдим.
«Йўқ», деди у.
«Минг динорга етса ҳам-а?!» деди ҳалиги одам.
«Ундан кўп бўлса ҳам», деди у.
Шофеъий ва Байҳақий ривоят қилишган.
Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ ҳам катта олим ва тақводор саҳобалардан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмаган бўлсалар ўзларича бир гап айтмайдилар.
Кўриниб турибдики, тилло ва кумуш тақинчоқлардан Закот берилиши ёки берилмаслиги ҳақидаги далил-ҳужжатлар бир хил эмас. Бу эса, ўз навбатида уламоларимизни бошқа далил ва ҳужжатларни ҳам тўплаб, бу масала бўйича чуқур илмий баҳслар олиб боришга ундаган ва шундоқ бўлган ҳам.
Уламоларимиз тилло-кумуш буюмлар, идишлар ва тақинчоқлардан Закот бериш масаласини чуқур ўрганиб чиқиб, қуйидаги қарорларга келганлар;
1. Тилло ва кумушдан қилинган турли буюмлар, идишлар учун Закот бериш фарздир.
Аввало Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик, камбағалларнинг кўнглини чўкдиришга хизмат қилиши учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни уйида сақламагани маъқул. Аммо, ким ушбу қоидага риоя қилмай уларни ўзига мулк қилиб олган бўлса, ўша нарсалар ўзи ёки бошқа мулк билан қўшилганда нисобга етса Закот бериш фарз бўлади.
Уламоларимиздан баъзилари бундай идиш ва буюмларнинг нисобга етганини аниқлаш учун уларнинг оғирлиги эътиборга олинади, агар 85 граммга етса нисобга етган бўлади, деганлар.
Баъзилари эса, қийматини олиш керак, чунки у нарсалар санъат асари сифатида, баҳоси яна ҳам ортган бўлади, дейди.
2. Эркак кишиларнинг тилло ва кумуш тақинчоқларидан ҳам Закот олинади.
Эркак кишига шариатимизда битта кумуш узук тақишга рухсат берилган. Қолган ҳар қандай кумуш ва тилло тақинчоқ ҳаром. Лекин шундоқ бўлса ҳам ўша нарсалардан тақинчоғи бўлса-ю, уни тақса-ю, тақмаса ҳам ўзига мулк бўлиб тургани учун Закот беради. Уни бошқа мулкларга қўшиб нисоб ҳисобига киритади.
Бу нарсаларнинг ҳаммаси ўсиш керак бўлган молни ўлик мол қилиб қўйиш ҳисобланади ва Исломда қораланади.
Зарурат учун, кишининг соғлиғи учун қилинган тилло ва кумуш нарсалар: тиш, бурун ва шунга ўхшашлардан Закот берилмайди.
3. Маржон, лаъли, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан Закот берилмайди. Чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланади. Фақат аёлларнинг зебу-зийнати шаклида ишлатилади.
4. Тилло ва кумуш тақинчоқлар тақиш учун эмас, пулни банд қилиш учун, жамғарма қилиш учун, сотиб-фойда кўриш учун олиб қўйилган бўлса, улардан Закот бериш вожиб бўлади. Агар шундай қилинмаса, одамлар Закот беришдан қочиб пулига тилло ва кумуш тақинчоқлар олиб қўйишга ўтадилар. Сўнг бундай тақинчоқлар аёлларнинг ҳожати учун эмас, пулни ушлаб ва унинг фойдасини олиш учун қилинган бўлади.
5. Аёл кишининг тилло ва кумуш тақинчоқлари ҳаддан ташқари кўп бўлса Закоти берилади.
Ҳадди эса ҳар юртнинг, шахснинг шароитига қараб белгиланади. Олмос, маржон, лаъли ва бошқа тақинчоқлар ҳам шундоқ қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Исроф ва манманлик қилмасдан еб-ичинглар ва кийинглар», деганлар.

АЁЛ КИШИНИНГ ТИЛЛО ВА КУМУШ ТАҚИНЧОҚЛАРИ ЗАКОТИ

Ушбу масалада уламолар ҳам, фиқҳий мазҳаблар ҳам икки тоифага бўлинишган. Биз мазҳабларни оламиз;
1. Ҳанафий мазҳаби аёлларнинг тақинчоқларидан Закот чиқарилади, деган.
2. Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари аёлларнинг одатдаги тилло ва кумуш тақинчоқларидан Закот чиқариш фарз эмас, деганлар.
Уларнинг иккаласи ҳам биз ўрганган ривоятлар ёнига яна бир қанча ривоятлар қўшадилар.
Лекин, ҳар икки тарафнинг ривоятлари ўзига маъқул бўлаверади.
Ҳанафийлар, биз ҳадисга суянмоқдамиз, сизлар саҳобаларнинг асарларига суянмоқдасизлар, дейишади.
Жумҳур эса, сиз келтираётган ҳадислар аввало унча кучли эмас, қолаверса аёлларга тилло-кумуш тақинчоқлар ҳалол қилинишидан олдин айтилган ҳадислар, биз эса ўша дақиқ нарсаларни яхши билган саҳобийларнинг амалини далил қилиб келтирамиз, дейдилар.
Сўнгра ақлий-мантиқий далилларга навбат келади.
Ҳанафийлар, тақинчоқлар нақд пул учун кўзланган маъданлар - кумуш ва тиллодан ясалади, бу маъданлардан доимо Закот чиқариб келинган ва келинмоқда, улардан тақинчоқ бўлганда ҳам Закот чиқарилиши керак, дейдилар.
Жумҳур эса, тақинчоқлар ясалгандан кейин улар пуллик қобилиятини йўқотади, бу нарсалар аёлларнинг шахсий ҳожатларини чиқарадиган нарсага айланган, Закот эса ўсувчи ва ўсишга қобилиятли молдан, инсоннинг ҳожатидан ташқари молдан олинади, шунинг учун аёлларнинг тилло ва кумуш тақинчоқларидан Закот олинмайди, дейдилар.
Эслатиб ўтишимиз керакки, бу тортишув нисоб миқдоридан ортиқ, яъни, саксон беш граммдан ортиқ бўлган тақинчоқлар ҳақида кетмоқда.
Демак, Ҳанафий мазҳабига амал қилган аёллар ўзларининг тилло тақинчоқларини 85 граммдан ортиқ бўлса, кумуш тақинчоқлари 595 гараммдан ортиқ бўлса, Закот берадилар. Закот берганда улар қийматининг икки ярим фоизини чиқарадилар.
Ушбу нарсалардан Закот чиқариш ҳақида кишилар ўртасида гап-сўз, савол сўроқ жуда ҳам кўп. Саволлар бир оғиз сўз билан ёки бир ёқлама жавоб беришни кўзлаб берилади. Кўриниб турибдики, масала оддий масала эмас, тафсилотлар лозим бўлган масала. Шунинг учун уни яхшилаб ўрганиб олиб, ҳаётга татбиқ қилишимиз керак. Аёлларимиз ҳам ўзларига тегишли бўлгани учун бу масалани яхши тушуниб олишлари, қизларимизга ҳам тушунтириб қўйишимиз лозим. Шариатга мувофиқ ишда хайру барака, савоб ва ниҳоят кўнгил тўқлиги бор.

ЕТИМ МОЛИНИНГ ЗАКОТИ

Амр ибн Шуайб, отаси ва бобоси розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб:
«Огоҳ бўлинглар! Ким етимга валий бўлса ва у(етим)нинг моли бўлса, у ила тижорат қилсин, уни то садақа еб битиргунча тарк этиб қўймасин», дедилар».
Термизий, Шофеъий ва Дора Қутний ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «етимнинг молини садақа еб битиргунча тарк қилиб қўймасин», деганларидан етимнинг моли нисобга етса ундан валийси Закот чиқариб туриши лозимлиги тушунилади.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фиқҳий хулоса.
Аммо, ҳадисдан олинадиган касб, тижорат ва тадбиркорлик хулосасини ҳам унутмаслигимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етим болаларга валий бўлган мусулмонларга тадбиркор бўлиш, ўзиники бўлмай, бошқа бировнинг, яъни, ўзи тасарруф қилишга қодир бўлмаган кишининг пули бўлса ҳам, у пулни беҳуда сақлаб турмай, ишлатиб-кўпайтириш пайидан бўлиш маслаҳатини бермоқдалар. Бировнинг пулиники, ишлаб чиқаришга қўйиш керак бўлгандан кейин ўзининг пулини қўйиш, албатта, лозим бўлади.
Афсуски, ҳозир бу ҳадисга ғайри муслимлар амал қилиб, кўплаб фойдалар кўрмоқдалар. Мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай катта зарар кўришмоқда.

ал-Қосим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша менга ва икки етим укамга валийлик қилар эди. У киши бизнинг молларимиздан Закот чиқарар эди». Шофеъий ривоят қилган.
Шарҳ: Оиша онамиздек улуғ зот етимларнинг молидан Закот чиқарган эканлар бу ишни билиб қилган бўладилар. Зеро у кишига ўхшаш кишилар бундай ишларда ўзларича тасарруф қилмайдилар. Уларнинг амаллари, одатда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ёки кўрганларига асосланган бўлади.
Ҳанафий мазҳаби уламолари, ёш бола ибодатга таклиф қилинмайди. Закот ибодат, ёш бола намоз ўқигани мажбур қилинмаганидек, Закот беришга ҳам мажбур қилинмайди, деб унинг молидан Закот чиқариш фарз эмас, деганлар.
Албатта, ҳанафийлар ҳам, бу масалада уларга муқобил фикрда бўлган жумҳур уламолари ҳам кўплаб ҳужжат-далиллар келтирадилар. Салаф уламоларимизнинг ҳужжат-далилсиз айтган гап-сўзлари йўқ. Шунинг учун ҳар ким ўз мазҳабига амал қилса, ўзгани ҳурмат қилса айни муддао бўлади.

АСАЛНИНГ ЗАКОТИ

Амр ибн Шуайб, отаси ва бобоси розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади:
«Бани Мутъондан бири бўлган Ҳилол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз асалларининг ушрини олиб келди. У Ул зотдан «Салаба» деб номланадиган водийни қўриқхона қилиб беришни сўраган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўровига жавоб берган эдилар. Қачонки, Умар ибн Хаттоб бошлиқ бўлганда унинг омили Суфён ибн Ваҳб ундан ўшанинг ҳақида сўраб (мактуб) ёзди. Умар унга:
«Агар сенга асаларисининг ушридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга адо қиладиган нарсани адо қилса, сен унга Салабани қўриқхона қилиб бер. Бўлмаса, у ёмғирдан кейинги пашшага ўхшаган нарса, уни ким хоҳласа еяверади», деб ёзди».
Абу Довуд, Насаий, Табаронийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Мутъон номли араб қабилаларидан бирининг аъзоси Ҳилол исмли киши келиб, уларнинг юртидаги Салаба номли асалариси кўп водийни ўзига қўриқхона қилиб беришни, ундан бошқа ҳеч ким яқинлашмайдиган қилиб қўйишни сўраган эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг талабига жавоб бериб Салабани унга қўриқхона қилиб берган ва чиққан асалнинг ушрини Закот сифатида бериб туришни тайинлаган эдилар. Ҳилол ваъдага вафо қилиб, ушрни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб бериб турди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳақдорларга бериб турдилар.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб халифа бўлганларида Ҳилол ва унинг қавми:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Закотни адо қилар эдик|, энди адо қилмаймиз», деб туриб олдилар.
Шунда ўша томоннинг омили бўлган Суфён ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу бўлаётган воқеани баён қилиб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга мактуб ёздилар. Ҳазрати Умарнинг жавоблари аниқ ва қатъий эди. Агар Ҳилол ва унинг қавми асалдан ушрни бериб турсалар, Салаба водийсини уларга қўриқхона қилиб бериш давом этади. Агар ушр беришдан бош тортсалар, ҳукумат ўз ҳимоясини олади, водийга ким хоҳласа бориб асални олаверади. Ҳилол ва унинг қавми бу огоҳлантиришдан кейин ўзларича келиб ушр беришда давом этишга рози бўлган эканлар.
Бу ривоятдан асалдан Закот берилиши, унинг миқдори ушр - маҳсулотининг ўндан бири экани билинади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Асалдан ҳар ўн мешчадан бир мешча», деди».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида: «Ҳар ўн мешчадан бир мешча», дейилган.
Шарҳ: Демак, асалдан ушр (ўндан бир) берилар экан. Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятларни ҳужжат ва дадил қилиб, асалдан ушр берилади, дейдилар ва яна бошқа далиллар ҳам келтирадилар:
1. Сулаймон ибн Мусодан ривоят қилинади: «Абу Мусо ал-Ашъарий айтадики, мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, асаларим бор?» дедим.
«Ушрни адо қил», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга тоғни қўриқхона қилиб беринг», дедим.
Менга асаларининг тоғини қўриқхона қилиб бердилар».
Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.
2. Байҳақий қилган ривоятда Саъд ибн Зубобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қавмига бошлиқ қилиб қўйганлар. У ўз қавмига:
«Асалнинг ушрини адо қилинглар», деди. У ушрни олиб келди. Умар уни қабул қилиб олиб, сотди ва пулини мусулмонларнинг садақаларига қўшди», дейилган.
Яна бошқа бир нечта ривоятлар келтирилади.
Асал ўсимлик ва дарахтларнинг гулидан бўлади. Уни ейилади ва сақланади. У мулк бўлади, сотса даромад келтиради. Бинобарин, зироат ва мевалардан Закот фарз бўлганидек, асалдан ҳам фарз бўлиши керак.
Моликий ва Шофеъий мазҳаблари, асалда Закот йўқ, дейдилар.
Уларнинг фикрича, асалдан Закот олиниши ҳақида собит хабар йўқ. Асал ҳайвондан чиқадиган суюқлик бўлиб, худди сутга ўхшайди. Сутдан Закот олинмаганидек асалдан ҳам Закот олинмайди.
Уламолар Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳабларининг далили кучли, асалдан ушр олинади, дейдилар.
Албатта, асални олгунча кетган сарф харажатларни чиқариб ташлаб қолган соф даромаддан ушр чиқарилади. Асалнинг нисоби эса бошқа зироат бойликлари нисоби каби, беш васақ (653 килограмм)бўлади.
Шу билан Қуръон ва ҳадисда зикр қилинган ҳайвонот ва зироат бойликларидан Закот чиқариш масаласи тамом бўлади. Ҳайвонот бойликлари Закоти фаслининг охирида,
«Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган ҳайвонлар пайдо бўлса, зикри борларига қиёс қилинади, агар шартлари тўғри келса, улардан ҳам Закот чиқарилади», деган эдик. Зотан, Ислом шариатининг барча замон ва маконларга мослиги ҳам шунда. Қуръон ва Суннат бош масалаларни кўрсатиб, йўлловчи қоидаларни асослаб беради. Мусулмон уламолар улар асосида ижмоъ ва қиёс билан янги пайдо бўлган масалаларни бирин-кетин ечиб бораверадилар.
Асалдан ушр бериш фарзлигини ўрганганимиздан кейин асал ҳайвондан чиқарадиган маҳсулот, асаларидан бошқа ҳайвонлардан чиқадиган маҳсулотлардан ҳам Закот олинадими? деган савол пайдо бўлади. Келинг, ушбу саволни келаси баҳсимизга сарлавҳа қилиб олайлик.

 
« Олдинги   Кейинги »