МАВОРОУННАҲРДА ҲАДИС ВА МУҲАДДИСЛАР Принтер учун
23.11.2007 й.

...Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган меҳнатига яраша қадр топар эди. Шунинг учун ҳам аслида қобилиятли бўлган Мавороуннаҳр диёри аҳолиси Исломда ўзининг муроди-мақсади ва ҳаловатини топди. Ислом туфайли ҳаётнинг барча соҳаларида улкан муваффақиятга эришди. Ислом сояси остида бу диёр гуллаб-яшнади. Халқ эса ўша вақтдаги дунёнинг пешқадамларидан бирига айланди. Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк шахслар айни Ислом давлатида, исломий ҳаёт соясида вояга етганлар. Бутун оламга фан, маданият, ҳазорат (сивилизатсия) марказлари сифатида танилган шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган...

Энди ушбу сатрлар ёзилаётган тилда сўзлашувчи халқлар юрти–Мавороуннаҳрдаги ҳадис илми тарихи, муҳаддислар ҳақида қисқача сўз юритиб ўтайлик. Бу борада аввал ҳам мақолалар ёзилган, маълумотлар тўпланиб кичик бир китобчага тартиб ҳам берилганди. Аллоҳнинг иродаси билан ҳижрат чоғида йўқолганича топилмади.Аллоҳ таоло юртимизни Ислом нури билан мунаввар қилганда, баъзи саҳобаи киромларга ҳозирги Туркманистон ҳудудлари, хусусан Нисо ва Марв шаҳарларида истиқомат қилишларини насиб этди. Албатта, саҳоба розияллоҳу анҳумлар бор жойда ҳадис дарслари уюштирилади. Одамлар теварак атрофдан ҳам кела бошладилар. Натижада яхшигина ҳадис мактаби ташкил топди. Кейинчалик, бу мактаб Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий каби етук алломалар, буюк муҳаддисларни тарбиялаб етиштирди. Нисодан эса энг мўътабр олти ҳадис китоби (“Сиҳоҳи ситта”)нинг бирини тузган Имом Насаий етишиб чиқдилар.
Ислом юртимизнинг бошқа бурчакларида ҳам тарқалиб, ерли аҳоли Исломни яхши ўзлаштириб олди. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган меҳнатига яраша қадр топар эди. Шунинг учун ҳам аслида қобилиятли бўлган Мавороуннаҳр диёри аҳолиси Исломда ўзининг муроди-мақсади ва ҳаловатини топди. Ислом туфайли ҳаётнинг барча соҳаларида улкан муваффақиятга эришди. Ислом сояси остида бу диёр гуллаб-яшнади. Халқ эса ўша вақтдаги дунёнинг пешқадамларидан бирига айланди. Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк шахслар айни Ислом давлатида, исломий ҳаёт соясида вояга етганлар. Бутун оламга фан, маданият, ҳазорат (сивилизатсия) марказлари сифатида танилган шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган.
Дунё тарихидаги оддий ҳақиқатларнинг бири шулки, илму-фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тарақиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин, тузим, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Талаби илмни ҳар бир эркак ва аёл учун бешикдан лаҳадгача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенгалаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди. Энг муҳими, Исломда булар қуруқ гап бўлиб қолмади. Ташвиқот учун кўтарилган шиор бўлмади. Одамларни алдаш учун эълон қилинган дастур ҳам бўлмади, аксинча ҳақиқий амалий иш бўлди. Бу соҳада ҳам исломий бағри кенглик кўрсатилди. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар ким меҳнатига яраша қадрланди. Шунинг учун ҳам аслида ўтроқ, қобилиятли бўлган юртимиз аҳолиси ичидан буюк алломалар чиқди. Илмнинг турли соҳаларида дунёга донғи кетган алломаларимиз айни Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтда яшаб-ижод қилганлар.
Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга бўлмай бир бутун нарса деб қараганидек, илмга ҳам бир бутун ҳақиқат деб қараган. Диний илмлар ёки дунёвий илмлар, деган айирмачилик бўлмаган. Илм даргоҳларида турли дарслар ўқитилган. Уламолар ҳар бир илмдан имконият борича хабардор бўлишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг маълум бир соҳада машҳур ва пешқадам бўлишларига турли илмларнинг бирида қилган кашфиёти ёки ёзган китобининг нодирлиги сабаб бўлган халос. Агар машҳур алломаларнинг таржимаи ҳоллари билан яхшироқ танишиб чиқилса бу ҳақиқат аниқ намоён бўлади. Биргина мисолни олайлик: Абу Али ибн Сино асли файласуф бўлган, Илми Калом билан машғул бўлган. Қуръоннинг баъзи жузларига тафсир ёзган. У киши қолдирган асарлар рўйхатига бир назар солган одам буни дарҳол сезади. Лекин, фалсафий баҳслардан дам олиш вақтларида тиб билан ҳам шуғулланган. Шундан кўриниб турибдики, назарий илмлар амалий-тажрибий илмларга қараганда етакчилик қилган. Исломда назарий илмлар бошида Аллоҳнинг каломига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига тегишли илмлар туради. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш бошқа илмларнинг ривож топишига ҳам туртки бўлади. Бу ҳақиқатни юртимиз тарихида ҳам кўриш мумкин. Ўша тараққиёт даврида Қуръон ва Суннат илмлари кучли ривожланган, уларга амал қилишга эътибор катта бўлган. Шунинг учун кескин тараққиётга эришилган. Айни ўша пайтда исломий илмлар бўйича буюк имомлар етишиб чиққанлар ва ўзларининг беқиёс асарларини битганлар. Биз баҳс юритаётган ҳадис илми ҳам шу жумлага киради.
Марв ва Насодан кейин ҳадис илми бошқа ўлкаларга ҳам тарқалади. Турли жойлардан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар. Уларни номма-ном санаб чиқиш мушкул, фақат энг машҳурларидан баъзиларини зикр қилиш билан кифояланамиз. Юқорида Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий ва Имом Насаийларни айтиб ўтдик. Улар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий Самарқандийларни ҳам бутун Ислом олами ҳадис илмининг пешволари деб тан олган. Умуман ҳадис илми бўйича ҳеч бир мусулмон юрти бизнинг юртимиз олдига туша олмайди. Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийларнинг китоблари. Шулардан учтаси–Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаийлар юртимиз фарзандларидир. Олтинчи ўрнига учта китоб даъвогарлик қилади. Улардан бирининг эгаси бўлмиш Имом Доримий Самарқандий ҳам юртимиздан чиққан. Яна Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари Қуръондан кейинги энг ишончли китоб деб тан олинган.
Албатта, бундоқ натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлавермайди. Ўша вақтдаги илмий муҳит, турли ҳадис мактаблари орасидаги ўзаро мусобақа, устоз ва толиби илмларнинг кўплиги тараққиётга ўз ҳиссасини қўшган. Шунчалик буюк имомларнинг етишиб чиқиши, ўз-ўзидан, яъни пойдеворсиз, асоссиз, керакли омилларсиз бўлмайди. Шунчалик мўътабар китобларнинг пайдо бўлиши тасодифан эмас.
Кейин танозул замони келди. Исломдан, Ислом руҳидан узоқлашиш, бу руҳдаги илмий ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида элу юрт инқирозга учради. Бутун Ислом олами қатори, бизнинг юртимизнинг ишлари ҳам орқага сурила бошлади. Исломий илмларни ўрганиш издан чиқди. Қуръону ҳадис ўрнига Мантиқ, Илми Каломга ўхшаш нарсалар кириб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиб, уларга амал қилишнинг ўрнига подшоҳнинг аркида бир киши “радди бало” деб “Саҳиҳ Бухорий”ни очиб ўтирадиган бўлди. Бу ишларнинг Ислом динидек илоҳий низомга, охирги илоҳий китоб Қуръонга, охирги Пайғамбар–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мансуб кишилардан чиқиши улкан жиноят эди. Бундай жиноят эса жазосиз қолмайди. Жазо ҳам кўп куттирмади. Мазкур жиноят оқибатида аввал юрт хароб бўлди, ундан қутбарака кўтарилди. Орада хилоф, низо ҳукм сурадиган бўлди. Охир-оқибат элу юрт аввал ғайри динларнинг, кейин худосизларнинг асорати остида қолди. Худосизлар Исломга оид ҳамма нарсани маҳв этдилар. Имом Бухорий юрти, ҳадис у ёқда турсин, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларини ҳам танимайдиган юртга айланди. Юртимизга дунёнинг турли бурчакларидан одамлар келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эдилар. Худосизлар даврида эса дунёнинг турли бурчакларидан келганлар худосизликка, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ҳар бир нарсани сўкишга ўргатилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари у ёғда турсин, ҳадис битилган ҳарфларни биладиганлар ҳам мусулмонликда айбланиб, қириб ташланди, таъқиб этилди.
Кейинчалик иккинчи жаҳон уруши бўлиб худосизлар бошига мусибат тушгандан сўнг алдов мақсадида давлат назорати остида маълум шахсларга дин билан шуғулланишга, саноқли одамларга таълим олишга ижозат берилди. Ана шунда “Мишкот ул-Масобийҳ” китобининг бир нави ўқитилди. Лекин халқ оммаси саводсиз она тилида ҳеч қандай китоб йўқ эди. Фақат Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратларининг ҳижратда юриб “Риёз ус-Солиҳийн”дан таржима қилган ва чоп эттирган нусхалари бор эди халос, у ҳам кўпчиликка етиб бормаганди. Татаристондан худосизлар давлат тўнтаришдан олдин турли йўллар билан махфий чоп қилинган араб тилида “Мишкот”ларни ўқиган баъзи кишилар ҳам бор. Шунингдек татар тилида босилган “Минг бир ҳадис” ва “Жавомиъ ул-калим” ҳам саноқли кишиларга насиб этган. Сиёсат ўзгаргач баъзи ҳадислар таржимаси матбуотда эълон қилинди. Яхши ният билан “Саҳиҳ Бухорий” таржимасига қўл урилди. Аммо, тўс-тўполонлар бу иш таржимонларнинг шахсий ишига айланиб қолишга олиб келди. Илмдан хабари бор кишилар ҳам қўлларидан келганича ҳадисларнинг маъносини айтиб беришга ҳаракт қилдилар. Аммо, бу ишларнинг ҳаммаси режасиз, илмий равишда эмас эди. Шунинг учун ҳам кишилар, хусусан бироз диний саводи борлар орасида турли саволлар пайдо бўла бошлади, тушунмовчиликлар келиб чиқди. Пайдо бўлган саволларга илмий жавоб берадиган кишиларни топиш қийин, тушунмовчиликларни бартараф қилиш ундан ҳам мушкул эди. Бунинг устига баъзи кишилар ҳадисларни ўзларича талқин қила бошладилар. Мисол учун умрларида нима гуноҳ бўлса қилиб юрганлардан ҳажга бориб келиб, мана ҳажга бориб гуноҳларимиз ювилди, яна бир босак кейингилари ҳам ювилади, деб тап тортмай аввалгидан ҳам кўпроқ гуноҳ ишларни қилаверганлари ҳам бўлди. Жума намози икки жума орасидаги гуноҳларни ювади, деган ҳадисни нотўғри талқин қилган баъзи кишилар, ҳафтада бир марта Жумага келиб қўйиб, бошқа вақт тап тортмай гуноҳ ишларини қилишаверади. Яна баъзилар “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айтган жаннатга киради”, деган эканлар, намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан, деб хулоса чиқарилди. Ҳатто баъзилар ўз мақолаларида таржима қилинган ҳадислардан нотўғри далиллар келтира бошладилар.
Ушбу мулоҳазалар халқимизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳадислари ҳақида керакли маълумотларни илмий ва тартибли равишда тақдим қилиш зарурлигини тақозо қилар эди. Қуръони Карим тафсири билан машғул чоғимда биров шу ишни қилармикан, деб кутдим. Лекин, ҳеч ким бу унга қўл урмади.
Бу орада “Тафсири Ҳилол”ни тугаллаб, Қуръондан кейин иккинчи масдар ҳисобланган ҳадисга доир бир китоб ёзиш истаги туғилди. Бу тўғрида кўп мулоҳазаларга бордик, асримизнинг етук уламолари, ёру дўстларнинг турли фикр-истакларини ўрганиб чиқдим. Баъзилар “Мишкот”га шарҳ ёзишни маслаҳат беришди, мисрлик уламолар кенг кўламли, иложи бўлса мавсуъий (энсиклопедик) иш қилишни таклиф этишди. Турли масалалар бўйича энг мўътабар ҳадислардан “Қирқ ҳадис” китоби тасниф қилиш фикри ҳам туғилди. Ўйлай, ўйлай ҳозирги куннинг долзарб муаммоларинини баён этувчи ҳадисларни тўплаб, уларни шарҳ қилиш маъқул кўрилди. Қоҳирадаги бир воқеа туртки бўлдию, бу ишни қай йўсинда бошлаш узил-кесил ойдинлашди.
1417 ҳижрий сана бошларида (милодий 1996 йил майида) Мисрда бўлиб, Ислом давлатлари уюшмаси Бош котиби қарорига биноан ташкил этилган Бутун дунёда муштарак исломий амал стратегиясини татбиқ этиш воситаларини ишлаб чиқиш илмий гуруҳимиз Ислом оламида олиб борилаётган назарий ва амалий ишларни мувофиқлаштириш зарурлигини, бу соҳада ҳар бир давлат ўз ҳолича фаолият юргизиб, куч ва имкониятлар парчаланиб кетаётганини таҳлил этиб, истиқлол режаларини белгилади.
Йиғилишимиз тугагач, Мисрдаги китоб дўконларидан бирида Қоҳирадаги “Азҳари шариф”нинг етук шайхларидан Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи тузган китобларини кўриб қолдим. Бу– ўша мен орзу қилиб юрган китоб эди, унда юқорида тилга олинган беш саҳиҳ ҳадис китобларидаги энг сара ҳадислар такрорсиз, бобларга ажратилиб танлаб олинганди.
Китоб билан батафсилроқ танишган сарим унга ихлосим орта борди. Муаллиф мазкур китобига умрнинг етти йилини сарфлабди, унга юқоридаги беш китобдан ташқари бошқа асарлардан ҳам ҳадисларни қўшибди, ўша вақтнинг машҳур уламолари ёзган таҳсинга тўла тақризлар ҳам китоб аввалида келтирилибди.
Каминада ҳам Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур “Ат-тож ул-жомеъ лил-усул фий аҳадийсир-Росул” китобларини асос қилиб олган ҳолда “Ҳадис ва Ҳаёт” номи билан тўлароқ бир ҳадис китоби тузиш истаги туғилди.
Қўлингиздаги китобда Шайх ҳазратларининг китобларида келтирилган ҳадислар қўшимча маълумотлар билан изоҳланади. Масалан, у киши ҳадисларни қайси имомнинг китобидан олганларини қисқача айтиб ўтиб кетганлар. Биз эса ўша имомларнинг тўлиқ таржимаи ҳоллари, илмий фаолиятлари, китоблари ҳақида муфассалроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик. Ҳар бир боб, мавзуънинг Исломдаги ўрни, аҳамияти, ҳикмати ҳақида имконият даражасида сўз юритилади. Шунингдек, ҳадиси шарифни ривоят қилган саҳобийнинг таржимаи ҳоллари ҳам келтириб ўтилди. Сўнгра ҳадиси шариф матни таржима қилиниб, ундаги шарҳга муҳтож ибора ва тушунчалар шарҳланди, ҳадисдан келиб чиқадиган шаръий ҳукмлар, олинадиган фойдалар ҳам келтирилди. Борди-келди ва турли алоқалар ривожланиши натижасида бошқа фиқҳий мазҳаб вакиллари билан танишув ва мулоқотлар чоғида туғилажак саволлар жавобсиз қолмаслиги учун ўрни келганида турли мазҳабларда ҳадислардан қандай фойдаланилгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтамиз. Кейин ҳадиси шарифни бугунги кунимизга боғлаш, ундан қандай самара, фойда олиш мумкинлиги ва бошқа мулоҳазалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритамиз. Шайх Носифнинг китоблари матни араб ҳарфлари ила берилиб, кейин эса, сўзма-сўз тарижимаси қора ҳарфлар ила берилди.
Бу ўта масъулиятли ишда аввалу охир, азалийу-абадий суянчиғимиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам ва тавфиқ, ихлос ва саодат тилаймиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи фикримизни чуқур, зеҳнимизни ўткир, хотирамизни кучли, хотиримизни жам, ўзимизни тинч-омон, соғ-саломат қилмоғини илтижо ила сўраймиз. Қўлларимизни тазарруъ ила кўтариб, кўзларимизда ёш билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча ишларимизда, хусусан ушбу камтарона ёзувларимизда Ўзи мададкор бўлишини ёлбориб сўраймиз. Ушбу китоб тезроқ халқимизга етиб бориб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннати мутаҳҳараларини кенг ва чуқур ўрганилиши, унга оғишмай амал қилинишида зарур қўлланма бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин! Омин!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz