Икки ийд намози ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан) Принтер учун
14.07.2015 й.

Ислом келиб бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий равишда ҳалол-пок байрамларда ўйнаб - кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёли, таниш - билишларга кенгчилик яратганлар савоб оладиган бўлдилар. Улардан бири Рамазони шариф рўзасини тамомлаш муносабати билан бўладиган Фитр байрами.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз Сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй», деган (Кавсар: 1-2).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, албатта, у зотга қиёматда жаннатдаги «Кавсар» анҳорини беражагини хабар қилмоқда.
«Кавсар» луғатда кўп яхшиликлар, маъносини ҳам англатади. Бу Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон, суннат, буюк шафоат, мақоми маҳмуд, каби кўплаб яхшиликлар берилганига ишорат ҳамдир.
Кейин эса, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни намоз ўқишга амр қилмоқда, бу оятдаги намоз ийд намозидир. Чунки, унинг орқасидан қурбонлик сўйишга ҳам амр келмоқда.
Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабида ийд намозларини вожиб, дейилган.
Бу намозни ҳанбалий мазҳаби, фарзи кифоя, моликий ва шофеъий мазҳабларида суннат дейилади.
Ийди Фитр рамазон рўзасини тамом бўлгани муносабати ила хурсандчилик ва шукрни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир. Ийди Қурбон эса, ҳаж ибодатларини тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир.

ИЙД НАМОЗИГА ЧИҚИШ ВА УНИНГ ВАҚТИ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ийдга пиёда чиқмоғинг ва чиқишингдан олдин бирор нарса емоғинг суннатдандир». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ийдга пиёда чиқиш суннат қилингани ҳар босган қадамга савоб олиб, кўпроқ ажрга эга бўлиш учундир. Ийдга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш, ийди фитрдадир. Ийди қурбонда эса, намозга чиқишдан олдин таом емаслик суннатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар». Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки, икки йўл ва улардаги нарсалар шоҳид бўлиб қолади. Иккинчидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган жойларга файзу футуҳ, хайр-барака кирган. ўша ерларнинг аҳолисини хурсанд қилиш учун ҳам шундоқ қилганлар. Бунинг устига душманларни ғафлатда қолдириш режаси ҳам бор. Мусулмонлар ийдга чиқишда ушбу суннатларга амал қилишлари керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. ал-Азҳо куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.
Шарҳ: Уйида хурмоси бор одам рамазон ийдига чиқишидан олдин тоқ адад хурмо еб олиши суннат экан. Хурмо бўлмаса, бошқа нарса ейди. Нима қилганда ҳам ийди рамазон намозига олдин бир таом еб олиб борилади.
Қурбон ийдида эса ҳеч нарса емасдан намозга чиқилади. ўша куни биринчи таом учун ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг гўштидан еса яхши бўлади.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-Азҳо куни Бақийъга чиқдилар. Бас, икки ракъат (ийд) намоз ўқидилар. Сўнгра бизга юз ўгириб: «Албатта, бугунги кунимиздаги, аввалги ибодатимиз намоз ўқимоқдир. Сўнгра қайтиб қурбонлик сўямиз», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бақийъ Мадинаи Мунавваранинг қабристони.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ийд намозини намозгоҳда ўқиш кераклиги. Бақийъ- масжид эмас, намозгоҳдир.
2. Қурбон ийди намози икки ракъат эканлиги.
3. Намоздан сўнг имом одамларга ийд куни қилинадиган ишларнинг ҳукмини баён қилиб бериши.
4. Ийд куни аввал қилинадиган амал – ибодат - ийд намозини ўқиш эканлиги.
5. Қурбонликни намоздан кейин сўйиш кераклиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтишларича: «Ийд куни ёмғир ёғиб қолиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ийд намозини масжидда ўқиб берган эканлар». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳаво ноқулай бўлса ийд намозини масжидда ўқиса ҳам жоизлиги ушбу ривоятда очиқ-ойдин кўриниб турибди. Исломда қийинчиликни енгил қилишга уриниш умумий қоидадир. Аслида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар четидаги намозгоҳда ийд намози ўқиганлар. Унда ийдга хос катта жамоат, ўзига хос бир маросим бўлади. Ийдлиги ҳаммага зоҳир бўлади. Кейинги ҳадисларда келганидек, хотин-халаж, бола-чақалар ҳам иштирок этадилар. Намозгоҳлар шунинг учун керак бўлган.

Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бўйи етган қизларни, ҳайз кўрганларни ва ҳижобли аёлларни Фитр ва ал-Азҳо кунлари (намозгоҳга) чиқармоғимизни амр қилдилар. Ҳайз кўрганлар намоздан четда турар, хайр-баракага ва мусулмонларнинг дуоларига ҳозир бўлар эдилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, баъзиларимизнинг жилбоби бўлмайди?» дедим. У зот: «Дугонаси жилбобидан кийдириб туради», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Умму Атийянинг исми Насиба бинти ал-Ҳорис бўлган. У киши муслима аёллар ичида уддабурон ва ташкилотчилардан бўлган. Ривоятларидан мулоҳаза қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бемалол керакли саволларни сўраб ҳам турган. Ийд куни ёш қизлар, сатрли, ҳатто ҳайз кўриб турган аёлларни ҳам намозгоҳга олиб чиқишнинг ҳикмати ҳадиснинг ўзида айтилмоқда. ўша улуғ кундаги яхшиликлар, мусулмонларнинг дуоларига шерик бўлишдир.
Демак, ийд кунлари қанча кўп одам тўпланса, шунча яхши бўлар экан. Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси шариат аҳкомларига қаттиқ риоя қилган ҳолда бўлади.
Умму Атийя розияллоҳу анҳонинг жилбоби йўқ аёллар нима қилади? деб сўрашлари ўша вақтда муслима аёллар ичида камбағалликлари туфайли кўчага кийиб чиқишга кийими йўқлари анчагина бўлганини кўрсатади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг иршодлари эса мўмина аёллар бир-бирларига ёрдамда бўлишлари лозимлигини кўрсатади. Жилбоби йўқ дугонасига жилбобини бериб туриш, ортиқча жилбоби бор муслималарнинг вазифаси эканини билдиради.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз бу вақтда фориғ бўлган бўлар эдик», деди. Бу тасбиҳ вақтида эди». Бухорий ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида: «Абдуллоҳ ибн Буср – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси – одамлар билан ийд куни чиқди ва имомнинг кеч қолганини инкор қилиб: «Бу соатда биз (намоздан) фориғ бўлган бўлар эдик», деди. ўшанда тасбиҳ вақти эди», дейилган.
Шарҳ: Уламолар ушбу ривоятдаги «тасбиҳ вақти»дан мурод чошгоҳ намози вақти, деганлар. Шунга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида чошгоҳдан олдин ийд намозини ўқиб бўлинган бўлади.
Уламоларимиз, ийди Фитр намозини қуёш икки найза бўйи кўтарилгандан сўнг ўқилади, ийди Қурбон намозини эса, қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан кейин ўқиш бошланади, деганлар.
Чунки, ийди Қурбонда ҳамма қурбонлик сўйиш учун шошилиб турган бўлади.

ИЙД НАМОЗИ ВА ХУТБА

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан икки ийдни бир-икки марта эмас, бир неча марта азонсиз ва иқоматсиз ўқидим». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида ийд намозларига бирор марта ҳам азон ёки иқомат айтилгани маълум эмас. Шунинг учун ҳам, ҳозиргача азон ва иқомат айтилмай ийд намози ўқиб келинмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар икки ийд намозини хутбадан олдин ўқир эдилар».
Шарҳ: Улардан кейингилар ҳам ҳозиргача икки ийд намозини хутбадан олдин ўқиб келмоқдалар. Чунки, ийд хутбаси - суннат. Кўпчиликнинг ичида шошилиб турган кишилар бўлиши бор. Шунинг учун, намозни ўқиб бўлиб хутба қилинса, иши борлар хутбани эшитмай кетаверсалар бўлади. Жума хутбаси эса вожиб, ҳамма эшитиши керак бўлганидан намоздан олдин қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни чиқиб икки ракъат (ийд) намоз ўқидилар. Улардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар». Икки ҳадисни бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ийд намозларидан олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч қандай намоз ўқилмаслиги ҳаммага маълум ва машҳур.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан собит бўлганки, ал-Азҳо намози икки ракъатдир, Фитр намози икки ракъатдир, мусофирнинг намози икки ракъатдир, жума намози икки ракъатдир, тамомдир, қаср эмасдир». Насаий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф олдин ҳам ўтган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр ва ал-Азҳода биринчи(ракъат)да етти такбир, иккинчида беш такбир айтар эдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Термизий лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдни биринчи(ракъат)да қироатдан олдин етти такбир, кейинги (ракъат)да қироатдан олдин беш такбир айтар эдилар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятни шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари олганлар. Лекин татбиқда хилофлари бор.
Шофеъийлар, такбири эҳромдан кейин етти марта такбир айтилади, дейдилар. Яъни, уларнинг айтишича, ҳаммаси бўлиб саккиз марта айтилади.
Моликий ва Ҳанбалийлар эса етти марта айтилади, биттаси эҳром, қолганлари ийдники, дейишади.
Мазкур ноаниқлик туфайли ҳанафий мазҳаби бу ривоятни олмай, бошқа бир ривоятни олганлар.
Улар амал қилган ривоятни имом Тоҳовий, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бўлиб, қуйидагилар айтилади: «Бир такбир айтиб, намозни очади. Сўнг уч такбир айтади. Сўнгра қироат қилади. Кейин бир такбир айтиб рукуъга кетади. Сажда қилади. Қайтиб туради. Қироат қилади. Сўнг уч марта такбир айтади. Сўнгра яна бир такбир айтиб рукуъга кетади».
Умуман, шу жойда ҳанафий мазҳаби бўйича ийд намози қандоқ ўқилиши тўла васф қилинса фойдадан холи бўлмаса керак.
Аввал намоз бошланишини, сафларни ростлаш кераклигини эълон қилинади. Кейин ийд намозини ўқиш ният қилинади. Сўнгра, эҳром такбири айтилиб, қулоқ қоқилади. Қўл боғлаб, киндик остига қўйилади. Имом ҳам, қавм ҳам «Субҳанакаллоҳумма»ни ўқийдилар. Кейин имом билан қавм уч марта такбир айтадилар. Ҳар такбирда қўл қулоқнинг юмшоқ жойигача кўтарилиб, сўнг ёнга туширилади. Бу такбирларни зиёда такбирлар деб айтилади. Ҳар такбирдан кейин уч марта тасбиҳ айтгунча муддат турилади. Кейин икки қўл боғланиб киндик остига қўйилади. Сўнгра имом ичида «аъузубиллоҳ» ва «бисмиллоҳ»ни айтиб, «Фотиҳа» сурасини ва зам сурани овоз чиқариб ўқийди. Зам сура «Аъло» сураси бўлиши мандубдир. Кейин рукуъ ва сужуд қилиниб, иккинчи ракъатга турилади.
Иккинчи ракъатда ҳам имом овоз чиқариб, «Фотиҳа» сураси билан зам сура ўқийди. Зам сура «Ғошия» сураси бўлмоғи мандубдир. Қироатдан кейин имом ва қавмлар уч марта зиёда такбирларни аввалгидек қилиб, қўлларини кўтариб, орасида уч марта тасбиҳ айтилгунча муддат туриб, айтадилар. Кейин яна бир такбир айтиб, рукуъга кетилади ва намоз охиригача ўқилади. Салом берилади.

Умар ибн Хаттоб Абу Воқид ал-Лайсийдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-Азҳо ва Фитрда нимани қироат қилишларини сўради. Бас, у: «У зот иккисида ҳам «Қоф вал-Қуръон-ил-Мажийд» ҳамда «Иқтарабатис Саату ванншаққол қамару»ни қироат қилар эдилар», деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган
Шарҳ: Ушбу ривоятни шофеъий мазҳаби қабул қилган. Уларда ийд намозининг биринчи ракъатида «Қоф» сурасини, иккинчи ракъатида «Қамар» сурасини зам қилмоқ суннатдир.
Моликий мазҳабида эса, «Аъло» ва «Ваш-шамси» суралари зам қилинади.
Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабларида «Аъло» ва «Ғошия» суралари зам қилинади.
Чунки, Имом Аҳмад ва Ибн Можалар Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда «Саббиҳисма Роббикал Аъло» ва «Ҳал атака ҳадисул ғошия»ни қироат қилар эдилар», дейилган.
Чунки, «Аълаа» сурасида садақа қилишга ва намоз ўқишга тарғиб бор. «Ғошия» сурасида эса охиратни эслатиш бор.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ийдда ҳозир бўлдим. Бас, хутбадан олдин азонсиз ва иқоматсиз намозни бошладилар. Сўнгра Билолга суяниб (хутба қилгани) турдилар. Бас, Аллоҳга тақво қилишга амр қилдилар. У зотга тоат қилишга тарғиб қилдилар. Одамларга ваъз қилиб эслатдилар. Сўнгра юриб аёлларга яқинлашдилар. Бас уларга ваъз қилиб, эслатмалар бердилар.
«Садақа қилинглар. Албатта, сизларнинг аксарингиз жаҳаннамнинг ўтинидирсиз», дедилар. Шунда аёлларнинг яхшиларидан юзлари қизил бир аёл туриб:
«Нима учун, эй, Аллоҳнинг Расули?» деди.
«Чунки, сизлар шикоятни кўп қиласизлар. Эрга куфрони неъмат қиласизлар», дедилар.
Кейин аёллар тақинчоқларидан садақа қила бошладилар. Билолнинг этагига балдоқлари ва узукларидан ташлай бошладилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Жума бобида У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбалари матни келган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ийд намози хутбадан олдин бўлиши.
2. Ийд намозига азон ҳам, иқомат ҳам айтилмаслиги.
3. Ҳазрати Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг улуғ мақом эгаси эканлари.
4. Ийд хутбаси намоздан кейин бўлиши.
5. Ийд хутбасида одамларни тақвога, тоат-ибодатга чақириш, уларга ваъз-насиҳат ва эслатмалар қилиш зарурлиги.
6. Олим кишилар аёлларнинг ўзига алоҳида ваъз-насиҳат қилиб туриши лозимлиги.
7. Мўмина-муслима аёллар алоҳида садақа қилиб туришлари кераклиги.
8. Ноўрин шикоят ва эрга итоатсизлик қилган аёллар дўзахга тушишлари мумкинлиги.
9. Мўмина-муслима аёллар беҳуда шикоят ва эрга куфрони неъмат қилишдан жуда эҳтиёт бўлмоқлари кераклиги.
10. Саҳобия аёлларнинг итоаткор ва сахий бўлганлари.
11. Балдоқ, узук каби тақинчоқлар ҳам садақага ўтиши.

РАМАЗОННИНГ ЎТТИЗНЧИ КУНИ ҲИЛОЛ СОБИТ БЎЛСА ОҒИЗНИ ОЧАДИЛАР ВА ЭРТАСИГА ИЙД НАМОЗИГА ЧИҚАДИЛАР

Абу Умайр ибн Анас розияллоҳу анҳудан у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш амакиларидан биридан ривоят қилинади: «Бир гуруҳ отлиқ кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, кеча ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бас, у зот одамларга оғизларини очишни ва эрталаб намозгоҳга боришни амр қилдилар». Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ровий Абу Умайр ибн Анас билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Анас ибн Молик ал-Ансорий, Абу Умайр кунясила танилади. Анас ибн Моликнинг тўнғич ўғиллари.
Ҳадисларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан, хусусан, ансорийлардан ривоят қилади. Булар азон ва ой кўринишига тааллуқли ҳадислар эди.
Имом Аҳмаднинг ривоятларида, отлиқлар куннинг охирида келдилар, дейилган.
Бошқа бир ривоятда эса, заволдан кейин келдилар, дейилган. Шунинг учун заволдан кейин гувоҳлик берилса, ийд намози эртаси кунга қолдирилади, дейилган. Ушбу ҳадисга ҳамма мазҳаблар бир хил амал қилишади.

ИЙД УЧУН ЯСАНИШ ЛОЗИМ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар бозорда сотилаётган қалин ипакдан бўлган чопонни олиб Расулуллоҳга келтирди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, мана буни сотиб олинг ва у билан ийд ва вакиллар гуруҳи учун ясаниб юринг», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бу фақат насибаси йўқларнинг либосидир», дедилар.
Умар бундан кейин Аллоҳ хоҳлаганича юриб турди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дебож - нафис ипак - дан бўлган чопон юбордилар. Умар уни олиб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди ва:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Сиз, албатта, бу насибаси йўқларнинг либоси, деган эдингиз. Менга бу чопонни юборибсиз?» деди. Расулуллоҳ унга: «Уни сотасан ва ҳожатингга ишлатасан», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисни, ийд учун ясаниш лозимлиги ҳақидаги фаслда келтиришдан мақсад, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ийд ва вакиллари гуруҳи учун ясаниш ҳақидаги фикрини инкор қилмаганларидир. У зот чопоннинг ипакдан экани учун киймасликларини айтдилар. Аммо, ийд учун алоҳида яхши кийим кийиб ясаниб бўлмайди, демадилар. Бундан, чопон ипакдан бўлмаганида уни кияр эдилар, деган фикр чиқади. Ийд учун ясаниш ҳамма китобларда таъкидланади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон бошлиқларга яқин кишилар уларнинг ташқи кўринишлари, кийимлари яхши бўлиши учун чора-тадбир кўриб туришлари кераклиги.
2. Ийд ва меҳмонлар учун ясаниб олиш яхши иш экани.
З. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги мавқелари.
4. Мусулмон эркаклар кийиши ҳаром қилинган, ўзи ҳалол бўлган ипак чопон каби нарсаларни совға қилиш ва уларни сотиб фойдаланиш мумкинлиги.

Абу Рамса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни икки яшил тўн кийиб олиб хутба қилаётганларини кўрдим». Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жума ва икки ийд кунлари кийиб олиб хутба қиладиган тўнлари Ямандан келтирилган чиройли тўнлардан эди. Шунга биноан ийдга энг яхши кийимларни кийиш мандубдир. Бу ишда Аллоҳ берган неъматга шукр қилиш бордир.

ИЙДДА МУБОҲ КЎНГИЛХУШИ ЖОИЗДИР

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр кирганида, олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни Ансорларни айтган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўлаяптими?!» деди. ўша куни, ийд куни эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганда унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кийимларига бурканиб ухлаб ётар эдилар. Абу Бакр иккови(қиз)ни сўкиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:
«Тек қўй, уларни, эй, Абу Бакр, бу кунлар ийд кунлари, дедилар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинган икки қизчанинг бирининг исми Ҳумома экани бошқа ривоятларда айтиб ўтилди. Яна баъзи ривоятларда қизчаларнинг бири Ҳассон ибн Собитнинг қизи эди, дейилган.
Буос Мадина яқинидаги бир жойнинг номи бўлиб у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида уруш чиқиб бир юз йигирма йил давом этган. Бу урушда Авс қабиласи ғолиб келган бўлса ҳам, адоват узоқ давом этган. Фақат Ислом келганидан кейингина адоват кўтарилган. Арабларнинг одати бўйича ўша Буос урушида икки тараф фахр учун, мақтаниб байтлар айтган. Мазкур байтлар халқ орасида тарқалган. Ушбу ривоятда зикрлари келган икки қизча ҳам ўша байтлардан ёд билишар экан.
Оиша онамизнинг, «у икковлари қўшиқчи эмасдилар», дейишларидан, қизчалар қўшиқ айтишни касб қилиб олмаганлари, ўзларича ҳавас билан айтганлари келиб чиқади.
Иккинчи ривоятда, «Мино кунлари», дейилишидан ҳодиса қурбон ийди кунлари бўлиб ўтган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Отанинг қизи билан куёви олдига кириши мумкин эканлиги. Агар уларни норози бўлмасликларини билса.
2. Балоғатга етмаган қизчаларнинг уруш, шижоат, фазилатларга чорловчи ва шунга ўхшаш байтларни қўшиқ қилиб айтишларига қулоқ солиш мумкинлиги. Баъзи бир кишиларнинг ушбу ҳадисни далил қилиб, барча аёлларнинг, барча ҳолатдаги, барча қўшиқларини эшитса бўлаверади, дейишлари мутлақо нотўғридир.
Кишининг ҳаяжонга солиб, хаёлини олиб қочадиган ҳаром васфларга оид қўшиқларини айтиш ҳам, тинглаш ҳам ҳаром эканлиги ҳамма уламоларимиз, хусусан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи алоҳида ва қайта-қайта таъкидлаганлар. Ҳаромдан холи бўлган қўшиқларни тинглаш ийд ва тўйларда жоиз дейилган.
3. Ота куёвнинг ҳузурида қизига одоб бериши жоизлиги.
4. Шогирд устози уйида доимо тақво, яхшилик ҳукм суриши учун ҳаракат қилиши.
5. Ийд кунлари мубоҳ ўйин-кулги бўлса жоизлиги.
6. Аёл кишига нисбатан меҳрибонлик билан жоиз нарсаларда кенгчилик яратиб бериш яхшилиги.
7. Дуфф (доирага ўхшаш чолғу асбоби) чалиш жоизлиги.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ёки у зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим.
У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишини юзларига тегиб турарди. У зот бўлсалар:
«Эй, Бани Арфидалар, давом этаверинглар», дердилар».
Бу ҳол, то мен малол олгунимча давом этди. Кейин:
«Бўлдингми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Кетавер», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ҳабашийлар келиб, ийд куни, масжидда сакраб рақс туша бошладилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Бу ҳол ўзим назар солишдан қайтгунимча давом этди», дейилган.
Иккисини икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бани Арфида ҳабашийларнинг номи. Уларнинг катта боболарининг номи Африда бўлган. Ушбу ҳадиснинг икки ривоятини қўшиб мулоҳаза қиладиган бўлсак, ийд куни масжидда ҳабашийлар қўлларида найза ва қалқонлар билан ҳарбий рақс ижро этганлар. Бу, албатта, жисмоний тайёргарлик ва унга тарғиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ижозат берганлар, ўзлари томошага таклиф қилганлар.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар ҳам олдинги ҳадисдан олинган фойдаларга ўхшаб кетади. Фақат бу ерда ўйин қилувчилар эркаклар, холос.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар икки кунда ўйнашар эдилар.
«Бу иккови кун, қандоқ кун?» деб сўрадилар.
«Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дедилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши, ал-Азҳо куни ва Фитр кунини берди», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Мадина аҳлининг Исломдан аввал икки байрами бор эди. У байрамларнинг биринчиси шамсий сананинг аввалги куни ҳисобланар эди. Бу кун баҳорда кеча билан кундуз тенглашган, иссиқ ҳам, совуқ ҳам ўртача бўлгани учун қадимги ҳакимлар байрам куни, деб ихтиёр қилишган эди.
Иккинчи байрам эса кузда, мезонда, кеча билан кундуз тенг бўлиб, ҳаво мўътадил бўлганда байрам қилинар эди.
Ислом келиб бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий равишда ҳалол-пок байрамларда ўйнаб - кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёли, таниш - билишларга кенгчилик яратганлар савоб оладиган бўлдилар.
Улардан бири Рамазони шариф рўзасини тамомлаш муносабати билан бўладиган Фитр байрами.
Иккинчиси эса, Байтуллоҳга ҳажни тамомлаш муносабати ила бўладиган қурбон байрами.
Мусулмонлар учун ушбу икки байрам еб-ичмоқ, ўйнаб-кулмоқ кунларидир. Ҳар миллат ўз байрамига эга бўлгани каби мусулмон уммати ҳам ўз байрамига шу тариқа эга бўлган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz