Имом Абу Мансур Мотуридий Принтер учун
16.02.2017 й.
Image

Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилганлар. У кишининг ҳаётларини ўрганган тарихчилар туғилган йилларини аниқлашга имкон топмаганлар.

Баъзи тарихчилар: «Имом Абу Мансур Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади», дейдилар. Шунинг учун ҳам баъзи муҳаққиқлар имом Абу Мансур Мотуридийни зикр қилганларида, у кишига ансорий нисбатини ҳам берадилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонининг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги ҳанафий уламоларига шогирд тушдилар.

Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари.

Тарихчилар имом Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари ичида қуйидаги олимларни алоҳида қайд этадилар.

1. Абу Наср Иёзий имом Абу Мансур Мотуридийнинг дастлабки устозларидан бўлган. Бу кишининг насаби ҳам ансорийларга бориб тақалади.

Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлади.

Абу Наср Иёзий имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози бўлиши билан бирга, у кишига ҳамдарс бўлиб, Абу Бакр Аҳмад Жузжонийнинг ҳалқаларида дарс олар эди.

Абу Наср Иёзий катта олим ҳам эди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, юртда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Абу Наср Иёзий турк юртларида бўлган урушлардан бирида шаҳид бўлган.

2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний имом Абу Мансур Мотуридийнинг устозларидан бири бўлиб, у киши усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда баланд чўққиларни забт этган улкан олим эди.

3. Муҳаммад ибн Муқотил Розий. Раъйнинг қозиси.

4. Нусайр ибн Яҳё.

Эътибор бериладиган бўлса, имом Абу Мансур Мотуридий устозларининг устози орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб борадилар.

Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Абу Наср Иёзий – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Нусайр ибн Яҳё – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Муҳаммад ибн Муқотил – Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий – имом Муҳаммад.

Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар, «Фиқҳул акбар», «Рисола» «Фиқҳул абсат», «Китобул олими вал мутаъаллим» ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.

Имом Абу Мансур Мотуридий бу ва бошқа барча дарслик китобларни қунт билан ўргандилар. Мазкур китоблардаги билимлар имом Абу Мансур Мотуридий томонларидан яна ҳам ривожлантирилди.

У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.

У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, аввал айтиб ўтганимиздек, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда Аҳли суннанинг шайхи бўлиш даражасига эришганлар. Бу ерда Аҳли сунна кўп ва ғолиб бўлгани учун, у киши имом Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаганлар, балки аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топганлар. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга ўз ҳаққини берганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридирлар. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча турдаги илмий масалаларда у кишига мурожаат қилинган. Улар у кишидан ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш-шарийъа»ни таълиф қилганларидан кейин шуҳратлари яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айландилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаблари Абулҳасан Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи асосан ақийдага оид бир қанча китоблар ёзганлар. «Китобур-родди алал Каъбий ал-Мўътазилий», «Китобу авҳомил Мўътазила», «Китобур-радди алал Мўътазила», «Китобур-радди алал Қаромита», «Китобур-радди алар-Рофиза», «Китобут-тавҳид», «Китобул жадал», «Маъохизуш-шарийъа», «Раддул усулил хамса ли Аби Муҳаммад Боҳилий», «Китобул маъқулоти», «Таъвийлоту аҳлис-сунна» китоблари шулар жумласидандир.

Афсуслар бўлсинким, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан фақат уч донасигина бизгача етиб келган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Таъвийлоту аҳлис-сунна» номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаганлар.

«Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби вал фунун» китобининг соҳиби Ҳожи Халифа «Таъвийлоту аҳлис-сунна» тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди».

«Китобут-тавҳид» чоп этилган ва ўрганилган.

«Таъвийлоту аҳлис-сунна» тафсирининг ярми мисрлик олимлар томонидан чоп этилган ва кўпчилик фақат шуни билади. Аммо ушбу сатрларнинг котиби, камина ходимингиз Либиядаги Исломга даъват куллияси кутубхонасида бу китобнинг бангладешлик олим томонидан чоп этилган тўлиқ нусхасини кўрган.

Кейинчалик бу китобни доктор Маждий Босалум таҳқиқ қилди ва 2005 йилда Ливанда «Дорул кутубил илмийя» нашрёти томонидан ўн жилдда ва 6230 бетда чоп қилинди.

«Китобул маъқулот»нинг қўлёзмаси Истанбулдаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда. Қўлёзманинг қаердалиги ва тартиб рақамлари ҳам маълум.

Имом Мотуридийнинг шогирдлари.

1. Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ҳ. 340, м. 951 йилда вафот этган).

2. Имом Абул Ҳасан Али ибн Саъийд Растағфаний.

3. Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий (ҳ. 390, м. 999 йилда вафот қилган).

4. Имом Абу Лайс Бухорий.

Кейинги асрларда эса Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом, Абу Муъийн Насафий ва бошқалар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Имом Мотуридийнинг аҳли илм ва Ислом оламидаги мартабаси.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг Ислом оламидаги ва аҳли илм ичидаги мартабалари жуда ҳам юқори бўлган. Мусулмонлар жумҳури томонидан у кишига олий унвонлар берилган.

1. «Аламул ҳуда» – ҳидоят байроғи.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоятда собитқадам бўлишларига хизмат қилиб, бу борада ҳидоят байроғини баланд кўтариш шарафига муяссар бўлганлари учун шу номни олганлар.

2. «Имомул ҳуда» – ҳидоят имоми.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоят йўлини тутишларида пешво бўлганлари учун ушбу унвонга сазовор бўлганлар.

3. «Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна» – Аҳли сунна ақийдасини тўғриловчи. Турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи унинг ҳимоясига турганлари учун ушбу унвонга муносиб кўрилганлар.

4. «Имомул мутакаллимийн» – Мутакаллимларнинг имоми. Ўша пайтда «илми калом» номи билан танилган ақоид илмида барча уламоларга пешво бўлганлари учун имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини мусулмонлар жумҳури шу ном билан атаган.

Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини жуда ҳам юқори баҳолаганлар ва у кишининг Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг икки имомидан бири эканликларини доимо таъкидлаб келганлар.

«Мифтоҳус-саъодати ва мисбоҳус-сиёда» китобининг муаллифи Тошкўпризода у киши ҳақида шундай дейди:

«Сўнгра билки, илми каломда Аҳли сунна вал жамоанинг раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси – Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий имомул ҳуда».

Зубайдий ўзининг «Итҳафус-содатил муттақийн» номли китобида:

«Аҳли сунна вал жамоа дейилганидан мурод ашъарийлар ва мотуридийлардир», деган.

 

«Китобут-тавҳид» асари 

 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бош асарларидан бири «Китобут-тавҳид»дир. Бу китобнинг номи унинг мазмунига далолат қилиб турибди. Имом Мотуридий ўзларининг бу асарларида мутакаллимлар услуби ила Аҳли сунна ва жамоанинг эътиқодини баён қилганлар.

1. Муаллиф ўз китобини ақийдада тақлид қилиш ботил эканини баён қилиш билан бошлайди. Сўнгра маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. У кишидан ўрганиб, кейин келган ҳаммалари бу борада сўз юритганлар.

2. Имом Мотуридий ўз китобларида жисмларнинг кейин пайдо бўлганига нақлий, ақлий ва ҳиссий далиллар келтирганлар. У киши худди шу далилларни Аллоҳ таолонинг борлигига ҳам далил қилиб келтирадилар.

3. Имом Мотуридий Аллоҳ таолонинг борлигига бошқа файласуф ва мутакаллимлардан айрича, фарқли бир далил келтирадилар. Бу далил дунёда ёмонлик борлигидир: агар оламнинг яратувчиси бўлмаса, унда ёмонлик бўлмас эди.

4. Имом Мотуридийнинг айтишларича, Аллоҳ таоло азалдан Ўзини Ўзи сифатлаган сифатларга эга бўлган. Бунда зотий ва феълий сифатларнинг фарқи йўқ. Аллоҳ таолонинг исмлари фақат шариат манбаларида келганидек бўлиши лозим. У Зотни бошқа исмлар билан номлаб бўлмайди.

5. Имом Мотуридий Аллоҳ таолони кўриш кайфиятсиз бўлишини таъкидлайдилар. Мазкур кўриш мўминлар учун охиратда бўлиши ва бу дунёда бўлмаслигига Қуръони Каримдан оятларни далил қилиб келтирадилар.

6. Роҳманнинг Аршга истивоси ҳақида имом Мотуридий қуйидагиларни ёзадилар:

«Биз бу ҳақда ақлда собит бўлган қуйидаги нарсани айтамиз: Аллоҳ таоло макон йўқ пайтда ҳам бор эди. Маконларнинг йўқ бўлиб кетиши жоиз, аммо У Зот қандай бўлса, ўшандай тураверади. Ҳозир қандай бўлса, ўшандай эди. У Зот ўзгаришдан, заволдан, ботилликдан устундир. Биз бу ҳақда Танзилда, яъни Қуръонда келган нарсани айтамиз. Сўнгра унинг таъвилида қатъий нарсани айтмаймиз. Чунки бошқа нарсанинг эҳтимоли бор. Биз Аллоҳ ирода қилган нарсага иймон келтирамиз. Танзил (Қуръон) ила собит бўлган ҳар бир нарса ҳам шунга ўхшаш».

7. Инсон аслида ихтиёри ўзида бўлган иш бажарувчидир. Бизнинг ҳар биримиз ўзи қиладиган нарсасида ихтиёрли эканини ва у қилувчи ва касб эгаси эканини билади. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга амал ва ихтиёр ҳаққини берган. У Зот: «Истаганингизни қилинг!» (Фуссилат сураси, 40-оят), «Яхшилик қилинг!» (Ҳаж сураси, 77-оят), «Қилган нарсаларининг жазоси ўлароқ» (Воқиъа сураси, 24-оят), «Ким зарра мисқолича амал қилса» (Залзала сураси, 7-оят), деган.

Инсоннинг амаллари унинг касбидан бўлса ҳам, албатта, Аллоҳнинг халқи – яратишидандир. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизни ҳам, қиладиган амалларингизни ҳам халқ қилган» (Соффат сураси, 96-оят), деган.

8. Имом Мотуридий «Китобут-тавҳид»да қазо ва қадар масаласига ҳам бошқа масалалар қатори, батафсил тўхталган. У кишининг таъкидлашича, ёмонлик ва маъсиятларни тақдир ва халқ қилиш Аллоҳ таолодан. Аммо уларни амалда қилиш бандадан. Банда уларни ўз қудрати, ихтиёри ва қасди ила қилади. Маъсиятларни халқ қилишни одоб юзасидан Аллоҳ таолога изофа қилинмайди.

9. Мўмин киши зино ва одам ўлдириш каби гуноҳи кабира қилгани учун Исломдан чиқмайди. Иймон ва куфрнинг орасида – икки манзила орасида манзила йўқ. Бу икки исмнинг ўртасида бошқа исм ҳам йўқ. Аллоҳ таоло башарни икки қисмга – мўмин ва кофирга тақсимлаган. Аллоҳ таоло: «Ким хоҳласа, иймон келтирсин. Ким хоҳласа, куфр келтирсин» (Каҳф сураси, 29-оят), «У сизни яратган Зотдир. Бас, сиздан кофир бор ва сиздан мўмин бор» (Тағобун сураси, 2-оят), деган.

10. Имом Мотуридий «Китобут-тавҳид»да бир неча фаслларни мажусийлар, зиндиқлар, даҳрийлар, суфустоийлар ва бошқаларнинг эътиқодлари ботил эканини баён қилишга бағишлаган.

Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси барча юртларда ҳар доим маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

Ушбу икки буюк алломани Ислом уммати ўзининг ақийда илми бўйича имомлари деб тан олган. Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳаби мазкур икки имомнинг мазҳаблари эканига ҳамма иттифоқ қилган.

Кейинчалик имом Ғаззолий, Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий ва бошқа уламолар ақоид илмида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Шундай қилиб, худди фиқҳ илмида бўлгани каби ақийда илмида ҳам уламоларимиз керакли қоида ва низомларни жорий қилиб, Қуръони Карим ва Суннатда келган ақийда бобидаги ҳукмларни оддий халққа тушунтириб бериш йўлларини ва услубларини, қонун ва қоидаларни ишлаб чиқдилар ва уларни ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатдилар.

Ана шундай қилиб, ақийда бўйича ҳам мусулмон умматининг бирлиги таъминланди. Мусулмонларнинг асосий оммаси Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ақийдасида бирлашдилар. Мазкур мазҳабнинг ақийдаси уларнинг бу борадаги метин қўрғонига айланди ва уларни турли ақийдавий адашувлардан, хуружлардан ва ҳужумлардан ҳимоялаб турадиган бўлди ва бўлмоқда.

Кундалик ҳаётда мўмин-мусулмонларнинг фиқҳ илмига доимий равишда эҳтиёжлари тушиб тургани учун, фиқҳий мазҳаблар тезроқ шаклланганлиги мулоҳаза қилинади. Ақийдавий мазҳаблар эса Ислом оламида ақийда бобида ихтилофлар авж олганидан кейин, мусулмонлар оммасини мазкур ихтилофлардан қутқариб, бирлаштириш учун пайдо бўлгандир.

 

 Ақийда далиллари

 

Ақоид китобларида келадиган барча масалалар «ғайбиёт» деб номланган нарсалардир. Ғайбиёт деганда биздан ғойибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келтириш фақатгина ишончли «мутавотир» хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундай нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

Мутавотир хабарларнинг бошида Қуръони Карим туради. Бу илоҳий Китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда, мутавотир шаклда бизгача етиб келган. Қуръони Каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам Исломдан чиқади.

Кейинги ўринда мутавотир ҳадислар туради. Уларда собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам Исломдан чиқади.

Баъзи кишилар: «Ақийдада келган хабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оҳод деб аталадиганлари ҳам бор, оҳод хабарлар ила эътиқод масалалари собит бўлмайди, деганларга қандай жавоб берамиз?» дейишлари ҳам мумкин. Муҳаққиқ уламолар таъкидлайдиларки, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади.

Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони Каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шахс кофир бўлади.

Оҳод ҳадислар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса кофир бўлиб, Исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.

Аввалги ўтган уламоларнинг барчаси: «Оҳод хабарлар ақийдага ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларнинг кўпи илми яқийнни ифода этади», деганлар. Ўша уламоларнинг сафида Ибн Салоҳ ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимо ҳам бор.

Кўпчилик пайтларда оҳод хабарлардан бир нечасида бир масала зикр қилинади ва улар жамланиб, маънавий мутавотир деган даражани олади.

Ҳар бир илмнинг ўз истилоҳлари бўлгани каби ақийда илмининг ҳам ўз истилоҳлари бор. Унда мутавотир хабар билан собит бўлган нарсани илми яқийн билан собит бўлди, дейилади. Мутавотир хабар билан собит бўлмаган нарсани «зонн» билан собит бўлди, дейилади.

Бу ердаги «зонн» биздаги гумон маъносини англатмайди. Балки илми яқийн даражасида бўлмаган илм маъносини англатади.

Шу ўринда ақоид илмининг бобокалонлари «Оҳод ҳадисларни ақийдада ҳужжат қилиб бўлмайди», деганларни қаттиқ қоралаганларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи экани ҳаммага маълум. Шунинг учун Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир. Чунки бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ақоид илми уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин, иккинчи ўринда турадиган далил – ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилароқ, уларни қандай шартлар ила қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.

Ўртага биринчи қўйилган масала – зонн (гумон) ила ақийда собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бирор иш қилиш мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Ундай бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин. Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида зонн – зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий, илми яқийннинг даражасига етмаган саҳиҳ илмни англатишини билганимиздан сўнг, ажабланишга мутлақо ўрин қолмайди. Хуллас, «Зонн (гумон) ила ақийда собит бўладими, йўқми?» деган саволга ҳамма бараварига: «Зонн – гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас», деб жавоб берган. Кейин оҳод ҳадис (албатта, саҳиҳ бўлиш шарти ила) зонни ифода этадими ёки илмними, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод ақоид уламолари истилоҳида, заррача шубҳаси йўқ илми яқийнни ифода этишини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.

Ақийда ҳужжатлари бўйича хулосалар:

1. Қуръони Каримнинг собит бўлиши қатъий эканига эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

2. Қуръони Карим қатъий далолат қилган аҳкомлар ва хабарларга эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир ҳадислар қатъий собит бўлганига эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

4. Мутавотир ҳадислар қатъий далолат қилган нарсаларга эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

5. Ислом уммати ўзининг биринчи асрларида инкорсиз қабул қилиб олган оҳод ҳадисларнинг ҳукми мутавотир ҳадислар кабидир.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қат-ъий нисбат билан собит бўлиб, далолати ҳам қатъий бўлган ақийдани инкор қилувчи кимса Исломдан чиқади.

7. Ким қатъият ила собит бўлиб, далолати зонний бўлган, оҳод ҳадисларга ўхшаш, зонн билан собит бўлиб, далолати қатъий бўлган, зонн ила собит бўлиб, далолати ҳам зонний бўлган ақийдани инкор қилса, кофир бўлмайди. Агар зонн ғолиб бўлмаса ва инкор қилувчининг очиқ-ойдин ҳужжати бўлмаса, у фосиқ ва осий бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Мазҳаблар бирлик рамзи китобидан)

  
 
« Олдинги   Кейинги »