Оилада келишмовчилик чиқса Принтер учун
13.02.2017 й.
Image
 

Албатта, ҳар бир оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчага ана шундай бахтни ато этсин!

Аммо, жон бор жойда жанжал бор, деганларидек, кишилар истамасалар ҳам, оила аъзолари – эр-хотин орасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва уриш-жанжаллар чиқиб туриши бор. Ушбу ҳолатни тўғри ҳал қилиш ҳам оиланинг ва унинг аъзоларининг саодатига хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.

Бу масалада икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим. Икковлари бир-бирларининг одатларини, нимадан хафа ва нимадан хурсанд бўлишларини, руҳий кечинмаларида ва кайфиятларида бўладиган ўзгаришларни яхши тушуниб етишлари зарур. Сўнгра бир-бирларини хафа қиладиган нарсалардан йироқ бўлиб, хурсанд қиладиган нарсаларга яқин бўлишга ҳаракат қилишлари керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларида ана шу ҳолат ҳукм сурган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Албатта, сен мендан қачон рози бўлсанг ҳам биламан. Мендан қачон аччиқланган бўлсанг ҳам биламан», дедилар.

«Уни қаердан биласиз?» дедим.

«Қачон мендан рози бўлсанг, «Муҳаммаднинг Робби ила қасамки, ундай эмас!» дейсан. Қачон аччиқланган бўлсанг, «Иброҳимнинг Робби ила қасамки, ундай эмас!» дейсан», дедилар.

«Тўғри! Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман», – дедим».

Муслим ривоят қилган.

Мана шу ҳадиси шарифда икки тарафнинг бир-бирларига нозик қарашлари ва илтифотлари очиқ баён этилмоқда. Оддий ҳолатдаги сўзлашув билан бошқа ҳолатдаги сўзлашувда ўрни алмашиб қоладиган биргина сўзнинг фарқига бориш ҳам мулоҳаза қилинмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз рози­яллоҳу анҳонинг гапларидаги бир оғиз сўзнинг ўзгариши­дан у кишининг руҳиятидаги ўзгаришни англаганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар ўзларидаги ана ўша ўзгаришни жуда нозиклик билан юзага чиқарганлар. Бақир-чақир, йиғлаш, қовоқ солиш, зарда қилиш, гапирмай қўйиш, заҳарханда қилиш кабиларнинг бирортасининг ҳиди ҳам йўқ. Оддий ҳолатдагидан бошқа пайт фақат бир сўзнинг ўрнига бошқасини ишлатиш бор.

Икки тараф бир бўлганда эса, ҳар бирлари ўз кечинмаларини бир-бирларига очиқ айтганлар. Бир тарафнинг аччиғи чиққан, аммо бу жанжалга айланмаган, ҳар икки тараф керакли чорани кўрган ва иш яхшилик билан охирига етган.

Биз ҳам оилаларимизда худди шундай бўлишига ҳаракат қилишимиз керак. Эр-хотинлар бир-бирларини яхши тушуниш­лари, бир-бирларига нисбатан кечиримли бўлишлари ва турли нохушликларнинг олдини биргаликда олишлари лозим.

Мусулмон мутахассислар эр-хотин орасидаги хилофни ҳал қилиш учун ўз тавсияларини қуйидагича тақдим қиладилар:

Эр-хотин орасидаги хилофни ҳал қилиш услубида гап кўп. Айнан ўша услуб орадаги хилофни йўққа чиқариши ҳам мумкин ёки авж олдириб юбориши ҳам мукин. Шунинг учун бу масалада эр-хотин воқеъликдан келиб чиққан ҳолларида ёндашишлари ва уни ҳал қилиш учун муносиб услубни ишга солишлари керак.

Аччиқ сўз, қўполлик ва дўқ-пўписа дард устига чипқон бўлиши, ярани газак олдириши ҳамда ярашиб олгандан кейин ҳам қалб жароҳати шаклида туриши борлигини ҳар ким яхши англаши лозим.

Шунингдек, жим туриш, бир-бирини индамасдан «енгиш» ҳам вақтинчалик ечим бўлиб, мазкур нохушликларнинг жамланиб бориши, бир пайти келганда портлаб, ҳаммаси бирданига юзага чиқиши ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда масхара, инкор, бош тортиш ва «меники тўғри»да маҳкам туриб олиб, бир томон иккинчисини енгиши услуби ҳам тўғри эмас. Бунда хилоф янада чуқурлашиши мумкин.

Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда насаб, мол, жамол ва унвонларни ишга солиш ҳам яхшиликка олиб бормаслигини унутмаслик зарур.

Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидаги­ларга эътибор бериш тавсия қилинади:

1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки фақатгина тушунмовчиликдан иборатми, шуни аниқлаб олиш керак. Чунки кўпинча орадаги оддий тушун­мовчилик муаммо туғдирган бўлади. Агар ўша англаб етилса ва икки тараф бир-бирини тушунса, иш осон кўчади.

2. Дастлаб ҳар ким ўзига назар солсин, ўзини ўзи тергасин, камчиликларини ўйласин, Аллоҳ кўриб, билиб турганини ёдга олсин. Шунда ҳар ким ўзига келади ва шеригининг ўзига нисбатан йўл қўйган хатосини арзимас санайди.

3. Ҳар ким, банданинг бошига бало беҳудага тушмаслигини, оиладаги жанжал ҳам бало эканини, ўзи содир этган гуноҳ сабабидан шу ҳолга тушиб турган бўлиши мумкинлигини ўйласин. Улуғ тобеъийн Муҳаммад ибн Сийрийн: «Хотиним ва уловимнинг хулқидан ўзим маъсият содир этганимни биламан», – деганлар.

4. Икки тараф ҳам хилоф авж олиб, ўзларидан бошқаларга ҳам етиб бормаслиги тўғрисида чора кўришлари зарур. Акс ҳолда, орага ота-она ва қариндошлар ҳам қўшилиб, иш жиддийлашиши, ажрашиб кетишгача бориши мумкин.

5. Низо нима ҳақида эканини аниқлаш ва ўша нарсани бартараф этишдаги олдинги тажрибаларни ишга солиш катта фойда беради.

6. Эр-хотиннинг ҳар бири муаммо ҳақидаги ўз тушунчасини очиқ айтиши, гапим тўғри, бошқаси нотўғри, деган фикрдан йироқ бўлиши ва иккинчи тарафни ҳам эътибор билан тинглаши ишни осонлаштиради.

7. Суҳбатнинг аввалида икковлари ораларидаги яхшиликларни эслашлари мақсадга мувофиқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ораларингиздаги фазлни унутманг» – деган. Албатта, эр-хотиннинг ўз ораларидаги фазлни эслашлари шайтонни қувади ва ўрталарини ислоҳ қилишга ёрдам беради.

8. Ҳар ким ўз ҳаққинигина ўйлаши, мазкур ҳақни катталаштириб юбориши ҳам орани ислоҳ қилишга ёрдам бермайди.

9. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда кимнинг хатоси аниқланса, ўшанинг ўз хатосини тан олиши катта жасоратдир.

Шунинг учун икки тараф ҳам ушбу жасоратни кўрса­тишга тайёр туриши даркор. Мазкур жасорат содир бўлганда эса, иккинчи тараф биринчи тарафнинг хатосини эътибор этганига ташаккур билдириши ва раҳмат айтиши лозим. Зотан, хатони эътироф этиш ботилда бардавом бўлишдан миллион марта афзалдир. Хатони эътироф этиш тўғри йўлдир.

10. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда икки тараф ҳам бир-бирининг асл табиатида бор нарсаларга сабр қилиши керак. Мисол учун, эр аёлларнинг асли табиатида бор бўлган рашк сифатини доимо ҳисобга олиши ва ундай нарса содир бўлганда сабр қилиши зарур.

Абу Довуд ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари бир идишга таом солиб, ўз ходимларидан юбордилар. Бас, у (аёл) идишни қўли билан уриб, синдирди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва: «Онангиз рашк қилди, енглар», – дедилар.

Улар то у (аёл)нинг идиши келгунча едилар. У зот: «Енглар», деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи улар (таом емоқдан) фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар».

Ушбу ривоятда исмлари айтилмаётган, Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бўлган завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиздир. Бўлиб ўтган ҳодисани ровийлар мақтовга сазовор эмас, деб тушуниб, у кишининг исмларини очиқ айтмай, учинчи шахс сийғасида, у аёл, деб гап юритишган.

Бошқа бир ривоятда эса, бу ҳодисани Оиша онамизнинг ўз­лари айтиб берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал­лам у кишининг уйларида бир тўп кишилар билан ўтир­ган­ларида София онамиз таом пишириб, ходимлари орқали юбора­дилар. Идиш ҳам, таом ҳам Оиша онамизникидан яхши бўлади.

Шунда Оиша онамизни титроқ босиб, София онамизнинг идишларини уриб, синдирадилар. Идиш иккига бўлиниб, таом тўкилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам идиш­нинг бўлакларини йиғиштириб, ушлаб туриб, таомни унга тўплайдилар ва ўтирган кишиларга: «Онангизнинг рашки келди, сизлар (ҳеч хижолат бўлмай) таомни енглар», – дейдилар.

Бошқа ривоятда айтилишича, Оиша онамиз:

«Ё Аллоҳнинг Расули, қилган ишимнинг каффороти нима?» – дейдилар. У зот:

«Идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом», – дейдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо София онамизнинг синган идишларига ўхшаш идиш олиб келишга кетадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларга таомни едириб, таом олиб келган хизматчини кетказмай туради­лар. Таом еб бўлинганидан кейин бутун идишни хизматчига бе­ра­дилар.

11. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда Аллоҳ таолонинг қисматига тан бериш ҳам катта ёрдам беради. Аёл киши эридан яхшилик кўрса, шукр қилсин. Агар бошқа нарсани кўрса, «Ҳамма эркаклар ҳам шундай», десин. Эр ҳам «Бу кўргулик ҳамманинг бошида ҳам бор, ёлғиз менга бўлаётгани йўқ», десин.

12. Хилофни бартараф қилишни аччиғи чиқиб турганда ҳал қилишга киршмаслик керак. Вақт ўтиб, ғазаб босилиб, ақлу хуши жойига тушганда масалани хотиржамлик билан кўрса, яхши бўлади.

13. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда ҳар икки тараф ҳам бир поғана паст тушишга тайёр туришлари керак бўлади. Чунки ҳар ким айтганида туриб олса, муаммони ҳал қилиш чигаллашади.

14. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда икки тараф ҳам шошилмаслиги зарур.

Шошилиш шайтондандир. Ўзлари учун умр савдоси ҳисобланган муҳим масала ҳал бўлаётганини эсда тутиб, хотиржамлик билан иш олиб бориш муҳимдир.

15. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда эр ҳам, хотин ҳам бахт-саодат молу дунёда, ҳовли жойда ёки бошқа моддий бойликларда эмаслигини бир зум ҳам эсдан чиқармасинлар. Балки, бахт-саодат фаровон турмушда, аҳил-иноқликда ва меҳр-муҳаббатда эканини билсинлар.

16. Бир-бирларининг хатоларини, қоқилиш ва туртинишларини авф этишга доимо тайёр туриш ҳам эр-хотин орасидаги хилофнинг олдини олади.

 

Бош кўтариш содир бўлганда

 

Эр-хотин орасидаги ўзаро муомалаларда содир бўладиган тушунмовчиликлар ва майда жанжаллар «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» сифатида ўтиб кетавериши мумкин. Аммо, иш жиддийлашиб, икки тарафдан бирининг бош кўтариши, яъни оилада ўзига юклатилган вазифаларни бажармаслик ҳолати юз берса, оиланинг бирлигига ҳақиқий таҳдид солинган бўлади. Энди жиддий чоралар кўриш зарур бўлиб қолади.

Ушбу ҳолат, ҳақиқатда ҳам, жиддий бўлганлиги учун уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда муолажа қилган.

1. Аёл томонидан бош кўтариш содир бўлгандаги ҳолатнинг муолажаси.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир» (34-оят).

Беш қўл баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак?

Уларга ҳолатларига қараб, муомала қилинади.

Биринчи босқичда, итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.

Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо, бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора – ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.

«Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».

Аммо, уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида: «Мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш», – деганлар.

Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу:

«Ё Расулаллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом:

«Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар.

Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.

Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо, кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.

«Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг».

Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўрсин. Чунки:

«Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир».

Ушбу ояти карима охирги пайтларда кўпгина тортишувларга сабаб бўлди. Бу тортишувлар мусулмонлар билан мусулмонлар ўртасида ҳам, мусулмонлар билан бошқалар ўртасида ҳам бўлди.

Баъзи чаласовод кишилар ғарбда яшаб туриб, аёлларни уриб туриш керак, деб, ушбу оятни далил қилиб келтирдилар. Ҳаттоки, уришни қандай амалга ошириш йўлларини баён қилганлари ҳам бўлди.

Бу гапдан хабардор бўлган ғарбдаги инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаоллари Исломга ва Қуръони Каримга қарши норозилик билдира бошладилар ҳамда ўз жамиятларига аёлларга «душман» бўлган «зулм»га қарши чора-тадбирлар кўриш чақириқлари билан чиқдилар.

Уларда Исломда аёл кишини аёл бўлганлиги учун вақти-вақти билан калтаклаб туриш керак, деганга ўхшаш тушунча пайдо бўлган эди. Аммо ояти каримадаги ҳақиқий маъно ва унга воқеъликда қандай амал қилиниши суриштирилмас эди.

Аввало, бу оятдаги «уриш» фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, мундуб ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Бу «уриш» дўқ-пўписа маъносида, холос. Амалда эса, деярли йўқ.

Иккинчидан, бу ерда эр-хотин орасидаги мазкур ноқулай ҳолатни бартараф қилиш учун уришдан бошқа чора кўриш мумкин эмас, деган гап йўқ. Айтайлик, эр ўзига қарши бош кўтарган, беодоблик қилган аёлига насиҳат қилди, жойини бошқа қилиб олиб, ҳижрон ҳам қилди. Бас, шундан кейин хотинини уришни истамаса, гуноҳкор бўладими? Албатта, гуноҳкор бўлмайди. Агар у аёлни калтаклашдан бошқа ярашиш чорасини кўрса, гуноҳкор бўладими? Мисол учун, аёлининг бошини силаб, яхши гаплар айтиб, ярашиб олса, Қуръони Каримга қарши чиққан бўладими?

Аввал таъкидланганидек, уламоларимиз бу оятдаги уришни «Мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш», деб таъвил қилганлар. Кўпчилик эса: «Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ», деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларини урмаслик таъкид билан тайинланган.

Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин (ўша) куннинг охирида яқинлик қил(гиси келиб қол)иши ҳам бор», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш»дан мурод, қаттиқ уриш эмаслигига улкан далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демас эдилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз хотинини калтакламаслиги кераклигини уқтирмоқдалар. Хотинга ўзига яраша муомала қилиш лозим. Уни уриб-калтаклашдан олдин, кейинги бўладиган алоқа ва муомалаларни ҳам бир ўйлаб қўйиш керак. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинни калтаклашдан олдин уни қўйнида олиб ётишини ҳам, кўзи-кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз «Хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар.

Мазкур чораларни қўллаш билан оилавий муаммолар батамом ҳал бўлиб қолмайди. Баъзида булар ҳам наф бермаслиги мумкин. Ундай ҳолатда нима қилиш кераклигини кейинги оят баён қилади:

«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг. Агар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр-хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ Алийм ва Хобийрдир» («Нисо» сураси, 35-оят).

Бу ояти каримада келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан чиққан пайтда кўриладиган чора ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳолатда оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Энди, бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга уринилади.

«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг».

Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қиладилар. Розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади. Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эр-хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада:

«Агар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр-хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур» деб, ҳакамларга ислоҳчи­лик нисбати берилмокда. Худди шу тушунчадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Ҳакамларга фақат яраштириш, ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса: «Ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйишга ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, мол-мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», дейдилар.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон Зиннурайн розияллоҳу анҳунинг ўз халифалик вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилганлиги тафсир китобларимизда нақл қилинади:

Ақийл ибн Аби Толиб деган киши Фотима бинти Утба ибн Робийъага уйланган эди. Аёл:

«Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», – деган эди. Эри кўчадан келса:

«Утба ибн Робийъа ва Шайба ибн Робийъалар қаерда?» – деб сўрарди. Бир куни эри:

«Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўлишади», – деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа – ҳазрати Усмон ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб, ҳакам этиб тайинладилар ва уларга:

«Агар яраштиришни истасангиз, яраштиринг, ажратишни истасангиз, ажратинглар», – дедилар.

Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса, ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола.

«Бир эр ва хотин Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига келишди. Икковларининг ҳар бири билан бирга бир тўпдан одам бор эди. Бас, Али уларга эрнинг аҳлидан бир ҳакам, хотиннинг аҳлидан бир ҳакам чиқаришга амр қилди. Кейин ҳакамларга:

«Икковингиз вазифангиз нима эканини биласизми? Агар жамлашни раво кўрсангиз, қилинг. Агар ажратишни раво кўрсангиз, қилинг», – деди. Аёл:

«Зараримга бўлса ҳам, фойдамга бўлса ҳам Аллоҳнинг ҳукмига розиман», – деди. Эр эса:

«Ажратиш бўлса, рози эмасман», – деди. Шунда Али рози­яллоҳу анҳу:

«Ёлғон айтибсан! Аллоҳга қасамки, ҳатто у (аёл) иқрор бўлган нарсага иқрор бўлмасанг, бўлмайди!» – деди!»

Имом Шофеъий ривоят қилган.

Демак, ҳакамлар иш бошлашидан олдин эр-хотин ўз рози­ликларини тўлиқ изҳор этишлари керак. Ҳакамлар эр-хотин орасини ажратиш ҳаққига ҳам эгалар.

Лекин ҳакамлар кўпинча эр-хотинни яраштириб қўйишга ҳа­ракат қиладилар. Албатта, бу иш таъсирли чиқади. Чунки ҳакам­лар қариндошлардан бўладилар. Улардан ҳар бири ўз қарин­дошининг оиласи бузилишини истамайди. Фақат ночор ҳолат­лардагина ажратишга қарор қилишлари мумкин.

Ҳозирги воқеълигимизда маҳалла қўмиталарининг ҳакамлик қилишлари одат бўлган. Бу ҳам яхши иш. Улар ҳам оилаларнинг бузилишидан кўра ярашиб кетишининг ташвишини қиладилар. Шунингдек, маҳкамалар ҳам. Буларнинг ҳаммаси эр-хотинни яраштириб қўйиш чораларини кўрганлари яхши.

2. Эр томонидан бош кўтариш содир бўлгандаги ҳолат­нинг муолажаси. 

«Агар аёл киши ўз эридан зуғум ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида уларга гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафсларга қизғаниш ўрнаштирилгандир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» («Нисо» сураси, 128-оят).

Аввал ўрганилган оятларда агар оилада аёл киши томонидан эрига нафрат – бош кўтариш ҳолати юзага келганда нима қилиш кераклиги муолажа қилинган эди. Бу оятда эса, унинг акси муолажа қилинмоқда. Оилавий ҳаётда, турли сабабларга кўра, эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала ҳам қилмай, ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади.

«Агар аёл киши ўз эридан зуғум ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида уларга гуноҳ йўқ».

У ўз эрининг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга ҳаракат қилади.

Мисол учун, ҳатто ўз қонуний ҳаққи бўлмиш маҳрининг ҳаммасидан ёки бир қисмидан воз кечиб юбориши мумкин. Нафақа бермасанг ҳам майли ёки озроқ нафақа берсанг ҳам, талоқ қилмасанг бўлди, дейиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатга қараб, турли таклиф ва муросалар билан сулҳ тузиб, ажралмай қолишда гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида:

«Сулҳ яхшидир», дейилмоқда.

Исломда турли усулларни қўллаб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Ушбу чоралар ҳам мазкур рағбатдан келиб чиққан. Оятнинг давомида:

«Нафсларга қизғаниш ўрнаштирилгандир», дейилмоқда.

Яъни, инсон нафсида қизғаниш табиати бор. Мол-мулкни қизғанади, чиройли нарсаларни қизғанади, мансаб ёки яхши ҳолатларни қизғанади. Ана шу табиий ҳолни эътиборга олганда, шояд, хотин томондан таклиф қилинган мол-мулк ва баъзи қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга рози бўлса. Лекин инсоний алоқалар фақат мол-мулк ёки баъзи манфаатлар асосидагина қурилмайди, балки яхшилик, савоб ишлар қилиш ва бошқа ҳолатлар ҳам кўп. Исломда шунга кўпроқ тарғиб қилинади:

«Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир».

Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.

«Муҳаммад ибн Масламанинг қизи Рофеъ ибн Хадийжнинг хотини эди. Бас, унга бир иши – кибрими ёки бошқа нарсами ёқмай қолиб, уни талоқ қилишни ирода қилди. Шунда аёл: «Мени талоқ қилма, ўзинг билан олиб қол. Менга ўзинг хоҳлаганингча тақсим қил», – деди. Шунда Аллоҳ «Агар бир аёл…» оятини туширди».

Шофеъий «Муснад»да ривоят қилган.

Демак, ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига ҳаётий ҳодиса сабаб бўлган. Ислом ҳукмларининг хаёлий эмас, ҳаётий экани ҳам шундан. Бинобарин, ушбу биз ўрганаётган масала ҳам ҳаётий масаладир.

Ушбу тарзда оилани сақлаб қолиш ва унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун барча чора ва тадбирлар кўрилади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Бахтиёр оила китобидан) 
 
« Олдинги   Кейинги »