Нубувват дарахтининг меваси Принтер учун
13.02.2017 й.

Image 

 

Саодат асрига саёҳат

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳазрати Алидан (розияллоҳу анҳу) сўрадилар:

– Ё Али, мени яхши кўрасанми?

– Ҳа, яхши кўраман, ё Расулуллоҳ!

– Аллоҳни-чи?

– Албатта!

– Аёлингни-чи?

– Яхши кўраман!

– Болаларингни-чи?

– Уларниям!

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулимсираб Ҳазрати Алига (розияллоҳу анҳу) қарадилар-да, бундай дедилар:

– Эй Али, биргина қалбинг бўлса, шунча севгини битта қалбга қандай қилиб сиғдира оласан?

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саволларига сукут қилдилар...

Унинг ўйчан ҳолда кириб келганини кўрган Фотима онамиз (розияллоҳу анҳо) сўрадилар:

– Нимадан хафасиз? Агар дунё учун бўлса, сиқилишингизга арзимайди. Борди-ю, Аллоҳ учун бўлса, айтинг, биргаликда ҳал қиламиз. Сизга ёрдам бераман.

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) бўлиб ўтганларни аёлларига айтиб бердилар.

Ҳазрати Фотима онамиз (розияллоҳу анҳо) тинглаб туриб, табассум қилдилар ва:

– Киши пайғамбарини қалби билан, Аллоҳни ақли билан, жуфти ҳалолини нафси билан, болаларини эса шафқати билан яхши кўради, – дедилар.

Эшитганларидан суюниб кетган Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) дарҳол Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, Фотима онамизнинг (розияллоҳу анҳо) жавобларини етказдилар. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима онамизнинг (розияллоҳу анҳо) зукколикларидан мамнун бўлдилар ва:

        Эй Али, бу нубувват дарахтининг мевасидир, – дедилар.

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »