Байрамлар ва турли тантаналар одоби Принтер учун
28.12.2016 й.

 Image

Байрамлар ва турли тантаналар одоби

Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, маш­ҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш, бу байрамларда одамларнинг хурсандчилик қилишлари одат тусига кирган. Кўпчилик бундай кунларда керагича еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик уюштириш, турли фисқу фужур ишларни хоҳлаганча қилишга қулай имконият топишган. Турли халқларда, турли замонларда байрамлар турлича бўлиб, ўзгариб турган. Байрамларни белгилаш ва уларни нишонлаш ҳар бир халқ, миллат ва диннинг ўз таълимоти, дунёқараши ва мафкурасига қараб турлича кечган.

Исломда байрамларга ўзига хос аҳамият берилган. Байрамларни белгилаш ва уларни ўтказиш айнан Ислом таълимотлари асосида жорий қилинган. Байрамларни нишонлаш ва уларда қилинадиган амаллар ҳам умумий Ислом таълимотлари асосида йўлга қўйилган.

Шоду хуррамлик ва хурсандчилик кунлари бўлмиш байрамлар бир неча турли бўлиб, улардан баъзилари шаръий матнларда, асосан ҳадиси шарифларда байрам дея эълон қилинган ва уларда маълум диний амаллар бажариш ҳам жорий қилинган.

Мусулмонларнинг асл диний байрамларидан бири Қурбон байрами (ҳайити) бўлиб, у зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга шундан кейинги «ташриқ кунлари» номини олган уч кун ҳам қўшилади.

Мусулмонларнинг иккинчи байрами шаввол ойининг биринчи куни нишонланадиган Фитр байрами (ҳайити) бўлиб, бу байрам Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати ила ўтказилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди.

«Бу икки кун қандай кун?» деб сўрадилар.

«Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Исломдан олдин Мадина аҳлининг икки байрами бор эди. Бу байрамларнинг биринчиси шамсий сананинг биринчи куни ҳисобланар эди. Баҳорда кеча билан кундуз тенглашгани, иссиқ ҳам, совуқ ҳам ўртача бўлгани учун қадимги ҳакимлар бу кунни байрам деб ихтиёр қилишган эди. Иккинчи байрам эса кузда, яъни мезонда – кеча билан кундуз тенг бўлиб, ҳаво мўътадил бўлганда нишонланар эди.

Ислом келиб, бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий байрамларда ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёлига, таниш-билишларига кенгчилик яратганлар савоб оладиган бўлишди. Улардан бири, аввал айтилганидек, Рамазони шариф рўзасини тамомлаш муносабати билан нишонланадиган Фитр байрами, иккинчиси эса Байтуллоҳда ҳаж ибодатини тамомлаш муносабати билан ўтказиладиган Қурбон байрамидир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ижтимоий Одоблар китобидан)

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz