Саҳобалар пайғамбаримизни қандай севишарди?! Принтер учун
26.12.2016 й.

 Image

Саҳобалар пайғамбаримизни қандай севишарди?!

Оламларга раҳмат қилиб юборилган, анбиёю мурсалинлар хотами, башариятнинг энг улуғ вакили саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва у зотнинг муҳаббатини бошқа барча инсонлар муҳаббатидан устун қўйиш динимиз талабидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Бирортангиз, токи Мен унга отаси, боласи ва жамики инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимгача (комил) мўмин бўлолмайди» (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик, У зот Умар розияллоҳу анҳунинг қўлидан тутиб турардилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбуброқсиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ундай бўлмайди (эй Умар!) токи, Мен сенга ўзингдан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мана энди шундай бўлди. Энди сиз менга ўз нафсимдан ҳам суюклироқ бўлдингиз», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана энди (билдинг ва тўғри айтдинг) эй Умар», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва севиш вожиб эканлигига далиллар жуда ҳам кўп. Улардан бири қуйидаги ҳадисдир. Анас розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Уч хил хислат борки, улар кимда (мужассам) бўлса, у киши иймон лаззатини топади: «Аллоҳ ва Унинг Расули унга улардан бошқа барча нарсалардан севимлироқ бўлса», «Ва бирор кишини яхши кўрадиган бўлса, фақат Аллоҳ учун яхши кўрса» ҳамда «Куфрга қайтишни оловда ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса» (Имом Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш у зот билан жаннатларда бирга бўлишга сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида сўраб: «Қиёмат соати қачон?» деди. Набий алайҳиссалом унга: «Қиёмат учун нима тайёрлагансан ўзи?» дедилар. У «Ҳеч нарса!» деди – «Лекин, мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман». Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!» дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз ҳеч нарсадан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур «Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!» деган сўзларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган сабоқлардан бири шуки, инсон солиҳ зотларни ихлос билан яхши кўрадиган бўлса, гарчи улар каби амал қилолмаган бўлса ҳам қиёматда улар билан бирга бўлади. Зеро, агар улардек амалда пешқадам бўлганда уларнинг бири бўлиб қолар ва муҳаббатнинг унга фойдаси тегмасди.

Муҳаббат қалбларни бирлаштиради. Қалблар яқин бўлса, амаллар ўртасидаги тафовут қиёмат куни ўртадан кўтарилади. Шунинг учун ҳам бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам, бир инсон бир қавмни яхши кўради­ю, лекин (амалда) уларга етиша олмаган. Шу киши ҳақида нима дейсиз?» деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: «Киши севганлари билан бирга бўлур», деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши (Пайғамбаримизга): «Ё Расулуллоҳ, бир киши бир қавмни яхши кўради­ю лекин уларнинг амалидек амал қилолмайди?» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен, эй Абу Зарр, албатта яхши кўрганларинг билан бирга бўласан», дедилар. Шунда Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Сен яхши кўрганларинг билан бўласан», дедилар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Дорамий ривоятлари).

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, қайси бир мусулмон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан яхши кўрса, албатта, жаннатда у зот билан ҳамроҳ бўлиш бахтига муяссар бўлади.

Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ яхши кўрганлар. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, у зотни ўзларидан ҳам кучлироқ яхши кўрганлар. У зотнинг муҳаббатини бошқа барча инсонлар муҳаббатидан устун қўйганлар. Тарих китоблари саҳобаи киромнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ақл бовар қилмас муҳаббатларига далолат қилувчи фидокорона ишлари билан тўлиб­тошган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоғи

 Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади: “Мадинага ҳижрат қилаётган пайтимиз эди. Жуда ҳам ташна эдим. Сув қўшилган сут келтириб, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эканман, «Ичинг ё Расулуллоҳ!»  дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ичдилар ва менинг чанқоғим босилди”.

Изоҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида араблар янги соғилган сутга сув қўшиб ичишни яхши кўрардилар. Чунки сув уни совутар ва мазасининг ҳам ширинроқ бўлишига сабаб бўларди. Янги соғилган сутни иссиқ ҳолда ичишни хушламасдилар.

Ушбу воқеада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қай даражада яхши кўргани, У зотга нисбатан нечоғли фидокорлиги намоён бўлади. Киши қай бир инсонни чин дилдан яхши кўрса, унинг эҳтёжини ўз эҳтиёжидан устун қўяди. Унга фойда етказишга, ундан зарарни даф қилишга ҳарис бўлади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу отасининг Исломга келиши

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу  қария отаси Абу Қуҳофани Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Исломни қабул қилганлигини эълон қилиш учун олиб келганларида Абу Қуҳофа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўлларини узатар экан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлаб юборадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ҳайрон бўлиб: «Нега йиғлаяпсиз?» деб сўраганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «(Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, қанийди ҳозир, отамнинг қўли ўрнида амакингиз (Абу Толиб)нинг қўли бўлиб, у киши Исломга келган бўлса ва шу иш билан Аллоҳ сизнинг кўзларингизни қувнатса, мана шу мен учун маҳбуброқ эди», дедилар («Ал-исоба»: 4/116; «Ал-канз»: 7/111).

Савбон розияллоҳу анҳунинг ҳадиги

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунбўйи ходимлари Савбоннинг кўзига кўринмадилар. Охири, у киши келганларида Савбон: «Ё Расулуллоҳ, мени ёлғизлатиб, соғинтириб қўйдингиз», деди ва йиғлаб юборди. «Шунга йиғлайсанми?!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. «Йўқ, эй Расулуллоҳ», деди Савбон розияллоҳу анҳу. «Лекин, мен жаннатдаги Сизнинг маконингиз ҳақида ўйладим, сўнг ўзимнинг маконим ҳақида ўйладим. Ва (сиз билан битта маконда бўлолмайман, дея, сиздан айро тушиб) ваҳшат ва ёлғизликка дучор бўлишим ҳақида ўйладим», деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар пайғамбарлар, сиддиқлар, шуҳадолар ва солиҳ кишилардан иборат – Аллоҳ инъомига сазовор бўлган зотлар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир» (Нисо сураси, 69-оят).

Тўнканинг соғинчдан йиғлаши

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз масжидларида жума кунлари ҳали У кишига минбар тикланишидан олдин бир дарахт танасининг ёнида туриб, мавъиза қилардилар. Шунда саҳобалар хутба давомида у кишини кўриб туришлари осон бўларди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур дарахт танасини ушлаб туриб, ваъз қилардилар. У кишига минбар қуриб берилгач, уни тарк этиб, минбарга чиқиб маъруза қиладиган бўлдилар. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрагани учун бояги тўнканинг инграётганини эшитдик, дея ҳикоя қиладилар саҳобаи киромлар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб келиб, тўнканинг олдига келдилар ва уни силар эканлар: «Шу ерга кўмилиб, сўнгра жаннатда мен билан бирга бўлишга розимасмисан?!» дедилар. Шундан сўнг тўнка тинчланди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришда ҳеч бўлмаса бир қуриган дарахт танасичалик бўлайлик, зинҳор бу соҳада тўнка биздан устун бўлиб қолмасин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 
« Олдинги   Кейинги »