Васият қилмай балки ўзингиз амалга оширинг! Принтер учун
20.12.2016 й.

 Image

Ҳикоя қилинишича, бундан бир неча юз йиллар олдин чироқ ўрнида оловдан фойдаланиладиган  даврда бир бадавлат киши яшар эди. Уни барча хос хизматларини бажарадиган бир қули ҳам бор эди. Муаззин бомдод намозига  азон айтганида хизматкор ҳожасини уйғотар, ҳожаси таҳорат қилиши учун обдастани тайёрлар эди. Фонус ёқиб, ҳожасини олдида юриб, масжид томон бўлган йўлни ёритиб борар эди. Бу воқеа  кўчалари тупроқли, тор ва тошларга тўла бўладиган электр давридан олдинги вақтлар эди. Ҳамма томон қуёш ботгандан кейинги кун тонг отгунга қадар зим‑зиё қоронғулик бўлар эди. Бадавлат киши қулини унга хизмат қилиб, фонус ёқиб, ёритгани учун: "Эй Саид эшитгин! Ўн йиллик холис хизматинг учун меросхўрларимга қолдирадиган васиятномада мен вафот этгач сени озод қилишларини сўрадим", деди. Хизматкор қул бу гапга ҳеч қандай муносабат билдирмай жим турди. Кейинги кун бомдод вақтида одатига кўра уйқудан уйғонди, фонусни ёқиб, бадавлат кишини ортидан юрди. Бундан ажабланган бадавлат киши: "Сенга нима бўлди эй Саид! Нега фонус билан олдинда юриб, масжид томондаги йўлни ёритмаяпсан?" деди. Хизматкор: "Эй ҳожам! Сиз нурингизни ортингиздан қилдингизку?! Мен учун озодликни ўлимингиздан кейин қилдингиз ва буни тириклигингизда қилмадингиз. Нега Аллоҳга тоат-ибодатда бўладиган узоқ умрни тилашим ўрнига, озодликка эришишим учун сиз учун ўлим тилашга мажбур қилмоқдасиз. Гарчи озодликка эришсам ҳам сизга вафо билан хизматингизда давом этишимни билмайсизми?!" деди.

Бадавлат кишига унинг гапи дарс бўлди ва: "Эй Саид! Шу ондан сен озодсан", деди. Хизматкор: "Шу ондан мен сизни яхшилигиз йўлида хизматчиман", деди.

Бу ҳикоядан биз оладиган фойда шуки, хайрли ва савобли ишларни ўлимимиздан кейин амалга оширишларини васият қилиш ўрнига тириклигимизда ўзимиз амалга оширишимиз кераклигидир. Нурни орқамизда эмас, олдимизда қилайлик.

Бу ерда яна ўлимидан кейин масжид ва етимхона ёки мадраса қуришни васият қолдириш ниятида юрадиганлар учун ҳам ибрат бор. Уларга айтамизки, меросхўрларингиз васиятингизни сиз хоҳлагандек қила олишларига кафолат бера оласизми? Хайрли ишингиз ҳаётлик пайтингизда амалга оширсангиз бўлмайдими? Хайрли ишни ўзингиз амалга ошириб йўлингизни ёритмайсизми? Чироғингизни ўзингиз билан олволинг, ортингизда қолдирманг. Нуримиз олдимизда бўлишига ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таоло сизу‑бизга Ўзи Қуръонда айтганидек: "...Уларни олдиларида ва ўнг тарафларида  нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда...” (Ҳадид сураис, 12-оят), каби бўлишни бизларга ҳам насиб қилсин.

Чироғингизни ўз қўлингизга олинг, бошқалар қўлида қолдирманг, акс ҳолда зиё ва нурдан маҳрум бўласиз. Ютуқ ва муваффақиятга ўзингиз эришинг, уни бошқалар қўлига тобе қилиб қўйманг. Кимки бахт чироғини ўз қўлида ёқмаса бошқалар қўлидаги хавф зулматида сарсон бўлади. Тириклигингизда ўзингиз учун ўзингиз ҳаракат қилмаган нарсангизга бошқалар ҳаракат қилармиди?!

 

Ҳумайро

 

 

 
« Олдинги   Кейинги »