Молик ибн Динорнинг тавбаси! Принтер учун
19.12.2016 й.

 Image

Молик ибн Динор ҳикоя қилади:

Ҳаётимнинг аввалини ичкиликка берилиб, Аллоҳга осийлик ила бошладим. Одамларга зулм қилардим, уларни ҳаққини ердим, судхўрлик қилардим, одамларга зарар етказар эдим. Мен қилмаган бирор ёмон иш қолмаган эди. Бир куни оила қуриб, фарзандли бўлишни хоҳлаб қолдим. Уйландим, қизли ҳам бўлдим ва исмини Фотима деб қўйдим. Уни жуда яхши кўрардим. Фотима катта бўлгани сари қалбимда ёмонликлар камайиб, иймон кўпайиб борарди. Гоҳида Фотима бир қадаҳ маст қилувчи ичимлик ушлаб турганимни кўрса, яқинимга келиб, қадаҳни суриб қўярди, ваҳоланки шунда у икки ёшга ҳам тўлмаган эди. Буни унга Аллоҳ қилдирар эди. Фотима улғайгани сари қалбимда иймон ҳам зиёдалаша борди. Аллоҳга яқинлашиб, қадам ташлаганим сайин гуноҳлардан битта‑битта узоқлашиб бордим. Фотима уч ёшга киргач вафот қилди. Ҳолим ёмонлашди. Мўминларга мусибатда қувват берадиган сабр менда йўқ эди. Олдинги ёмон ҳолимга қайтдим. Шайтон менга ҳийла қиларди. Ҳатто бир куни у менга: "Олдинги ичганимиздек ичамиз", деди. Ўша куни кун ботгунича роса ичдим. Кейин ухлаб қолиб туш кўрдим. Тушимда қиёмат куни экан. Қуёш нури йўқ, қоронғу, денгизлардаги сув оловга айланган, ер қимирлаяпти. Одамлар тўп‑тўп бўлиб тўпланишяпти. Мен ҳам одамлар орасидаман. Фалончи ўғли фалончи Жаббор Зотни ҳузурига кел, деб нидо қилинаётганини эшитаман. У ерда фалончини ҳам кўрдим. Унинг юзи қаттиқ қўрққанидан қорайиб кетган эди. Менинг исмим ҳам айтилди. Жаббор Зотни олдига кел дейилди. Мен атрофимдаги одамлар орасига беркиндим. Маҳшаргоҳда ҳеч ким йўқ эди. Кейин жуда катта илон оғзини очиб, мен томонга судралиб келаётганини кўрдим. Қўрққанимдан қочдим ва жуда нимжон заиф одамни учратдим. Унга: "Ҳой! Мени илондан қутқар", дедим. У: "Эй одам! Мен кучсизман, сени қутқаришга қодир эмасман. Мана бу томонга бор, шояд нажот топсанг", деди. Менга кўрсатган томонга борсам, юзимга олов урилди. Илондан қочиб оловга тушаманми, дедим ва шошиб заиф одамни олдига қайтдим. Илон ҳам ортимдан келарди. Аллоҳ ҳаққи мени бу илондан қутқар, дедим. У ҳолимга ачиниб йиғлади. У: "Кўриб турганингдек заифман. Бирор нарса қилишга қодир эмасман. Мана бу  тоғ томонга бор, шояд нажот топсанг", деди. Тоққа чиқдим, илон ҳам ортимдан судралиб келарди. Тоғ устида кичик болаларни кўрдим. Барча болалар: "эй Фотима! Отангни олдига бор", деб қичқирганларини эшитдим. У қизим эканлигини билиб, шу ерда у мени қутқариши учун турган эди. Мен уни уч ёшида вафот этганидан хурсанд бўлдим. У ўнг қўли билан мени ушлади ва чап қўли билан илонни даф қилди. Мен қаттиқ қўрққанимдан худди мурдадек турардим. Кейин Фотима бу дунёда ўтирганидек бағримга ўтирди. Ва: "Эй отажон! Иймон келтирганлар учун  қалблар юмшаш (қўрқиш) пайти келмадими", деди. (Ҳадид сураси, 16-оят)

– Эй қизим менга бу илон ҳақида айтиб бер, дедим.

– Бу илон сизнинг ёмон амалларингиз. Сиз уларни катта қилиб юборгансизки, ҳатто сизни еб қўйишига озгина қолди. Эй отажон! Дунёдаги амаллар қиёмат куни катталашиб, кўпайиб кетишини билмайсизми? деди қизим.

– Кучсиз одам ким эди? деб сўрадим.

– У сизни яхши амалларингиз. Сиз уни заиф ва кучсиз қилгансиз. У сиз учун бирор нарса қилолмай ҳатто йиғлади. Агар мен туғилмаганимда ва кичиклигимда вафот этмаганимда бу ерда сизга ҳеч нарса ёрдам беролмас эди, деди қизим.

Мен уйқумдан қичқириб уйғониб кетдим. 

Аллоҳнинг зикрига қалблар юмшаш вақти келмадими. Ҳозир эй Роббим ҳозир деб, ғусл қилдим. Тавба қилиб, Аллоҳга қайтишни хоҳлаб, бомдод намозига масжидга чиқдим. Масжидга кирганимда имом ҳам шу оятни ўқир эди. Аллоҳнинг зикрига қалблар юмшаш вақти келмадими?

Бу воқеъа тобеинлардан бўлган Молик ибн Динорда содир бўлган эди. Аллоҳим! Мен жаннатда яшовчи кишиманми ёки дўзахда яшовчи кишиманми  буни ёлғиз Ўзинг биласан, деб туни билан йиғлаб чиқиши уни танитган эди. Аллоҳим бизларни жаннатда яшовчилардан қилгин, дўзахда яшовчилардан қилмагин, деб тавба қилиб, ҳар куни масжид олдида ўтириб: "Эй осий банда! Аллоҳга қайт", дейиши уни машҳур қилди:

Эй осий банда Мавлоингга қайт

Эй ғофил банда Мавлоингга қайт

Эй қочқоқ банда Мавлоингга қайт

Туну кун нидо қилар Мавлоинг

Бир қарич яқин бўлсанг

Бир қулоч яқинман

Бир қулоч яқин бўлсанг

Бир аршин яқинман.

Юриб келса ким менга

Мен унга югураман.

Аллоҳ таолодан бизга ҳам тавбани ризқ қилиб беришини сўраймиз.

 

Ҳумайро

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz