Қиёмул лайл Принтер учун
19.12.2016 й.

 

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

“Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам (Мадинага) келдилар. Мен одамлар орасида у зотни кўриш учун келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари ёлғончи, каззобнинг юзи эмаслигини билдим. У зотнинг биринчи гапирган гаплари: “Эй инсонлар! Саломни орангизда кенг ёйинглар, таом улашинглар, қариндошлар билан алоқани боғланглар ва тунда, одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат ҳолда кирасизлар” дейиш бўлди”.

Пайғамбар ссоллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббнинг бандага энг яқин бўладиган ҳолати кечанинг охирги қисмидадир. Агар ўша соатда Аллоҳни зикр қилувчилардан бўла олсанг, шундай бўл!” деганлар.

Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг шарафи кечаси ўқиган намози ва азизлиги инсонларнинг қўлларидаги нарсадан беҳожат бўлишидир” деганлар.

Кечаси намоз ўқиш осон бўлиши учун нималарга эътибор беришимиз керак? Қуйида шулар ҳақида баён қиламиз.

1.    Кечасидаги намозга қалбингда ҳақиқий, чин рағбат бўлсин. Бу рағбат кечаси қоим бўлишнинг аҳамиятига бўлган кучли ишончдан келиб чиқсин. Кечаси қоим бўлиш иймонингнинг нури зиёда бўлишига катта боислигини бил. Сен бу иймон билан шаҳватлар ва шубҳаларга қарши тура оласан. Бу рағбатнинг ўрни қалб, уни ҳаракатга келтирувчи эса Аллоҳнинг муҳаббатидир.

2.    Уйқуга эртароқ ёт. Аллоҳдан сени тунги намозга уйғотишини сўраб дуо қил. Зеро, сени ўша намозга уйғотувчи, уни ўқишингга ёрдам берувчи фақат Ўзидир.

3.    Уйқуга ётишдан олдин бугунги кунинг Аллоҳнинг сенга берган неъмати эканини эсла, қалбингга Аллоҳга бўлган қўрқувни пайдо қиладиган бирор сабабни келтир. Чунки, қўрқув сени уйқудан уйғонишга ундайди, муҳаббат эса сени Унга муножот қилишга ундайди.

4.    Уйғониш учун сабабларни тайёрла, аммо уларга суяниб қолма. Ҳар қандай ҳолда ҳам тўшагингдан туришга ҳаракат қил.

5.    Уйқудан олдин айтиладиган суннатда келган зикрларни унутма!

6.    Тўшагингдан тур ва таҳорат ол. Бу таҳоратинг ўзинг одатланган доимгидек бетаҳоратликни кетказиш ва намозга яроқли бўлиш учун қилинадиган таҳоратнинг ўзигина бўлмасин. Балки таҳорат қилаётганингда қалбингни поклашни ва Аллоҳга юзланишни ҳам қасд қил.

7.    Аллоҳ таолонинг ҳузурида тур! Унинг азаматини, улуғлигини қалбингда ҳозирла ва қалбинг билан Унга юзлан!

8.    Намозда қироат қилиш учун ўзинг таъсирланадиган, қалбингни жунбушга келтирадиган оятларни ихтиёр қил. Ўқиётганингда ўзинг эшитадиган овозда, тажвид билан, маъноларини тафаккур қилиб ўқи.

9.    Қиёмни, рукуъни, суждани узоқроқ қил. Саждангда Аллоҳга муножот қил. Ундан сўрайдиган охират ва дунёга оид ҳожатларингни кўз ёши ва ихлос билан сўра.

10.Кучинг етганича намоз ўқи. Икки ракат ёки тўрт ракат ёки олти ракат ёки саккиз ракат.

11.Кечаси ўқиётган намозингни ҳеч кимга айтма! Чунки, кечаси ўқиладиган намоз ихлос билан қилинадиган ибодатлардандир. Сен унинг савобини бошқаларга гапириш билан йўққа чиқарма!

12.Агар кечаси тура олмасанг, уйқуга ётишдан олдин нафл намоз ўқиб ёт.

Аллоҳ таоло барчамизни кечаси ихлос билан ибодат қилиб, Ўзига яқинлашадиган бандаларидан қилсин!

 

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг қиёмул лайл ҳақидаги мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси    

 

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz