Кофирлик ҳақида фатво бериш Принтер учун
19.12.2016 й.

 Image

Кофирлик ҳақида фатво бериш

    Динда ғулувга кетиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни «кофир» деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бу масала кейин чиққан масалалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилганини ҳеч ким билмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарар эдилар.

عَنْ أَنَسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْلِ الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ، وَلَا نُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَلٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса иймоннинг аслидир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса иймоннинг аслидир», демоқдалар.

Бу масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг ададини, аҳамиятини айтиб, кейин бирин-кетин улар васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса муҳимнинг муҳимидир.

1. «Лаа илааҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик».

Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!

2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».

Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».

Яъни калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!

Аммо кейинчалик бўлиб ўтган ҳодисаларга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун бу масалага алоҳида эътибор бериб, уни иймоннинг аслидан, деб атаётганларини тўлиқроқ тушуниб оламиз. Кейинроқ айни шу, Пайғамбаримиз «қилмаймиз», деб айтган нарсани қиладиганлар чиқди. Баъзи фирқалар мўмин кишини қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқаришга киришдилар. Мусулмон одамни қилган ёмон амали сабабидан «Исломдан чиққан», деб даъво қилишларни авж олдирдилар.

Бу ишга биринчи бўлиб журъат этганлар «хавориж» фирқаси бўлди. Улар «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади», «Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади», дедилар.

Бора-бора «хавориж»ларнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғин-барот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақийда бобида кераксиз ихтилофлар авж олди.

Натижада ақийда пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.

Кейинги пайтларда ҳам ҳар даврнинг ўз «хавориж»лари чиқиб турибди. Бизнинг асримизда ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га мансуб кишилар ичида калимаи тавҳид аҳлини, аҳли қиблани кофирга чиқарувчилар оз эмас.

Замонамиз «хавориж»лари ҳам қадимги мазҳабдошларидан ўрнак олиб, уларга суяниб иш кўрадилар. Буларнинг ҳам ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонлардан бошқалар билан асло ишлари йўқ.

Замонамиз «хавориж»лари ҳам иложи борича кўпроқ мусулмонни кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган куч йўқлигини таъкидлайдилар.

Минг афсуслар бўлсинким, тарихдаги бу нохуш ҳолат биз яшаб турган замонда ҳам такрорланди. Ғулувга кетган тоифалар аста-секин мусулмонларни кофирга чиқариш ишини такрорладилар. Улар аввал ҳокимиятдагиларни, кейин ўзларига очиқ қарши чиққанларни кофирга чиқардилар.

Бора-бора уларнинг доираларида «Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир», дейдиган гаплар тарқалди. Кейинроқ бу нисбат яна юқорилаб борди.

Тирикларни кофирга чиқариб бўлганларидан кейин ўлганларга осилишни бошладилар. Ўтган уламоларимизнинг китобларини титкилаб, ўзларига ёқмайдиган гапларни топиб, уларни ҳам кофирга чиқаришни бошладилар. Охири бориб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг икки имомлари Ашъарий ва Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳимо ҳам буларнинг дастидан четда қолмадилар.

Ва ниҳоят, мазкур «фатвочилар»нинг шогирдлари устозларининг кофирлиги ҳақида фатво чиқаришга етишди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Васатия – Ҳаёт йўли китобидан)

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz