Намозда алангламаслик ҳақида (21-тавсия) Принтер учун
18.12.2016 й.

Image 

Намозда алангламаслик ҳақида (21-тавсия)

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болам, намозда у ёқ-бу ёққа аланглашдан сақлангин, чунки намозда аланглаш ҳалокатдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 

Изоҳ: «Намозда аланглаш ҳалокатдир», чунки унда шайтонга итоат қилиш бор. Бу эса банданинг ҳалокатига сабаб бўлади.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳақида сўрадим. «У – шайтон банданинг намозидан уриб қолишидир», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир одам – намозидан – турганда унга унинг (савобини) ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади».

Абу Довуд ривоят қилган.

 

Изоҳ: Намоздаги аланглаш икки хил бўлади: қалб билан аланглаш, тана билан аланглаш. Қалбнинг аланглаши намоздаги хушуъ-хузуъни кетказади, юқоридаги ҳадисда келганидек, намознинг ажрини камайтиради. Тана билан аланглаш ҳам икки хил бўлади. Биринчиси: намозхон бутун танаси билан қибладан бурилса, намози бузилади. Иккинчиси: бўйнини буриб, у ёқ-бу ёққа қараса, шайтоннинг унинг намозидан уриб қолишига сабаб бўлади. 

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Банда намозга турса – менимча, шундай деганлар – у Раҳмон таборака ва таолонинг ҳузурида туради. Агар у алангласа, Аллоҳ таборака ва таоло: «Кимга қараяпсан? Мендан ҳам яхшироқ зотгами? Эй одам боласи! Менга юзлан, Мен сен юзланадиган зотларнинг энг яхшисиман», дейди».

Баззор ривоят қилган.

 

Изоҳ: Бу ҳадисдаги аланглаш қалбнинг Аллоҳдан бошқа билан банд бўлишидир.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Намозда у ёқ-бу ёққа аланглашдан сақланиш керак.

2. Намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳалокатдир, чунки унда шайтонга итоат қилиш бор.

3. Банда намозда у ёқ-бу ёққа алангласа, шайтон унинг намозидан уриб қолади.

5. Банда намозда у ёқ-бу ёққа алангласа, унга бериладиган савобининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, ҳатто ярми ёзилар экан.

4. Банда намозда экан, Аллоҳнинг ҳузурида туради. Шунинг учун бор вужуди билан Аллоҳга юзланиши керак.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz