Катта уламолар мавлид ҳақида Принтер учун
30.11.2016 й.
Image 
Катта уламолар мавлид ҳақида

 

Мавлид ҳақида уламоларнинг гапларига мисол ахтариш давомида биринчи бўлиб Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайсамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фий шарҳил минҳож» китобидаги матн эътиборимни тортди. Уни ўқиб чиққандан сўнг, мақсадни баён қилиш учун етарли деб билиб, бошқаларини ахтаришдан воз кечдим. Мазкур матнни сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдим. Чунки мазкур матндан кўп нарсаларни англаб олиш имкони бор экан. Жумладан, Мавлид ҳақида баҳс юритган уламоларнинг вакиллари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Мазкур матн бошидан-охиригача машҳур аллома, ҳофиз Жалолуддийн Суютий раҳматуллоҳи алайҳига оид бўлиб, биз номини айтиб ўтган китоб эгаси Ибн Ҳажар Ҳайсамий у кишидан тўлиқ келтирган.

Матнни эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин, унда номи зикр қилинган ва Мавлидни қўллаб-қувватлаган уламолардан фақат биттаси ким эканлиги ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш масалани англаб етишга ёрдам берар, деб умид қиламиз.

«Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий муҳаққиқ ва машҳур олим бўлган. Ўта машҳур ва фойдали китоблар муаллифи. Ҳижрий 849-сананинг Ражаб ойида таваллуд топган. Саккиз ёшлигида Қуръонни хатм қилган. Кўплаб матнларни ёд олган. Ёзган китобларининг сони беш юзтадан ошган. Китобларининг шуҳрати ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ.

У киши ўз замонасининг ҳадисга оид барча илмларида ҳам пешқадам бўлган. Икки юз минг ҳадисни ёддан билган ва яна бошқаларини топсам, ёдлар эдим, деган. Қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, ҳаммага маълум ва машҳур «Жалолайн» тафсирининг икки муаллифидан бири ҳам худди шу имом Жалолиддин Суютий бўладилар.

Энди Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайсамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фий шарҳил минҳож» китобидаги матнни шарҳлашга ўтайлик. Шарҳдан ажраб туриши учун матннинг остига чизиқ қўйдик.

«Ҳофиз Суютийдан Робиъул аввал ойида мавлудин-набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида сўралди.

У киши қуйидаги жавобни берди:

«Менинг жавобим шуки, аслида, одамларнинг жамланиб, муяссар бўлганича Қуръон тиловат қилишлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари аввалида рўй берган хабарларни, у зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилишлари, агар охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир.

Уни қилган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг Мавлидлари муносабати ила хурсанчилик изҳор қилгани учун савоб берилади».

Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг Мавлид ҳақидаги бу фатволаридан бир неча хулосалар чиқариб оламиз:

1. Мавлид бидъати ҳасанадир.

Мавлидда қуйидаги ишларни қилишга рухсат берилади:

* Қуръон тиловати;

Иложи бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги оятларни ўқиб, ҳар қавм ўз тилида тафсир қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

* Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари аввалида бўлган хабарларни ривоят қилиш;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш даврларидаги жамиятнинг жаҳолат ҳолатини, у зотнинг хайр ва барака бўлиб туғилганларини ифодаловчи саҳиҳ ривоятларни ўқиб, таржима ва шарҳ қилиб берилса, халқ оммаси керакли маълумотни олган бўлади.

Энг асосийси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилганлари, у зотнинг рисолатни етказиш йўлида чеккан заҳматлари, уммат учун жон фидо қилиб қайғуришлари ҳақида маълумот берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

* У зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилиш;

Бунда асоссиз, муболағали ва тўқима хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Баъзи китобларда ана шундай нарсалар аралашиб қолганини унутмаслик керак. Ҳадис ва ишончли сийрат китобларида келган хабарларнинг ўзи етарли.

* Охирида егулик нарса улашиш;

Бунда ҳам ҳаддан ошмаслик, исроф ва ношаръий нарсаларга йўл қўймаслик лозим.

* Бошқа нарсаларни зиёда қилмай тарқалиб кетиш;

Яъни юқорида зикр этилган нарсалардан ортиқча иш қилмаслик керак. Бизнинг одамларимиз «Бундан бошқа яна нима бўлиши мумкин?» дейишлари турган гап. Бошқа ерларда, хусусан, арабларда турли бидъат ва хурофот ишлар бўлган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютий бу шартни алоҳида таъкидламоқдалар.

* Мавлид қилган одамга савоб берилиши.

Мавлид қилган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг Мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади.

Кейин яна қуйидагиларни зикр қилган:

«Буни биринчи бўлиб қилган шахс Ирбилнинг Каттаси (подшоҳи) Малик Музаффар бўлган. Унинг ҳузуридаги Мавлидга уламо ва сўфийларнинг аъёнлари ҳозир бўлар эди. Сўнгра Ҳофиз Абул Хаттоб ибн Диҳя унга (Малик Музаффарга) Мавлидин-набий ҳақида бир китоб таснийф қилди ва «Танвийр фий Мавлиди башийрин-назийр» деб номлади.

Имом Жалолуддийн Суютийнинг маълумотлари бўйича, биринчи бўлиб Мавлид маросимини ташкил қилган одам Ирбилнинг подшоҳи Малик Музаффар бўлган.

Бу гапни бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Шайх Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадияту тасаввуфил исламий» номли китобида қуйидагиларни айтади:

«Мавлидин-набийни биринчи бўлиб нишонлаган шахс Малик Музаффар (Тоғрил) Ироқдаги Ирбилнинг подшоҳи бўлган. У имом Абу Шома ва бошқа уламоларнинг розилиги билан бу ишни қилган».

Дастлабки Мавлид маросимлари катта уламолар ва сўфийлар ҳузурида бўлгани алоҳида эътиборга сазовор ҳолдир.

Яна Мавлид ҳақида китоблар ёзилгани ҳам бежиз эмас.

Сўнгра моликийларнинг кейингиларидан Фокиҳоний номи билан машҳур бўлган шайх Тожиддин Умар ибн Али Лахмий Сакандарий (ҳижрий 734-санада вафот этган) Мавлидин-набий ёмон бидъат эканини даъво қилиб чиқди ва бу ҳақда «Ал-Маврид фил калами ала амалил Мавлид» деган китоб ёзди.

Ўша вақтда, оз бўлса-да, Мавлидга қарши чиққанлар ва ҳатто бу масалада китоб ёзганлар бўлган экан.

Ҳофиз Абул Хаттоб (ҳижрий 633-санада вафот этган) аввал ўша китобнинг матнини тўлиқ келтириб, кейин бирма-бир чиройли танқид қилди ва балоғатли раддиялар берди. Аллоҳ бундай Ҳофизнинг хайрини берсин!

Аммо Мавлидга қарши бўлганларга ўз ўрнида ва қойиллатиб илмий жавоб ҳамда раддиялар берган уламолар ҳар даврда бўлган экан.

Асрнинг ҳофизи бўлмиш шайхулислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан Мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди:

«Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, унинг ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин шу билан бирга, бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди».

Аввало бутун бошли бир асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхулислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажар кимлигини билиб олайлик.

У киши ҳофиз, шайхулислом Абул Фазл Шаҳобиддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдир. Бу зот ҳижрий ҳисоб бўйича 773 – 852, милодий ҳисоб бўйича 1372 – 1449 йилларда яшаб ўтган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ҳадис, тарих, фиқҳ, адабиёт, усулуд-дийн ва усулул фиқҳ бўйича ёзган китоблари юз элликдан зиёддир. Жумладан, бутун дунёга машҳур «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» китоби ҳам Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансубдир. У кишининг «Исоба фий тамйизис-саҳоба» китоби ҳам ўз бобида тенги йўқ асарлардан ҳисобланади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг Мавлид ҳақидаги гаплари ҳам бу борада асос бўладиган гаплардандир. Улардан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Биринчи уч асрда Мавлид бўлмагани.

2. Ўша вақтдаги Мавлидларда яхши ва ёмон нарсалар аралаш бўлгани.

3. Мавлиднинг яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлинса, бидъати ҳасана бўлиши.

4. Мавлиддан кўзланган яхши мақсадлардан бошқа нарсани аралаштириб бўлмаслиги. Агар ёмонликларидан четлана олмаса, ёмон бидъат пайдо қилган бўлади.

Имом Жалолиддин Суютий гапларининг давомида яна қуйидагиларни айтади:

«Сўнгра менга бу ишни собит асосдан чиқариб олиш зоҳир бўлди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийлар Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:

«Бу нима?» дедилар.

«Бу солиҳ кундир. Бу – Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизлардан кўра Мусога ҳаққлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Мана шундан муайян кунда берган неъмати ва балони рад қилгани учун Аллоҳга шукр қилиш ҳамда буни ҳар йили ўша кунда қайтариб туриш жоизлиги истифода қилинади. Аллоҳга келтириладиган шукр сажда, рўза, садақа ва тиловат каби турли ибодатлар билан адо этилади. Ўша кунда Набиййимизнинг дунёга раҳмат бўлиб келишларидан ҳам улуғ неъмат борми?! Шунинг учун Ашуро куни Мусонинг қиссасига тўғри келгани каби, тайинли бир кунни ихтиёр қилиш лозим бўлади. Ким буни мулоҳаза қилмаса, ойнинг қайси кунида бўлса ҳам Мавлид қилаверади. Баъзи бирлар бундан ҳам кенг олиб, йил бўйи қиладилар. Булар Мавлиднинг аслига тегишли гаплардир.

Энди ўша кунда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, улар шукр маъносини англатадиган, аввал айтиб ўтганимиз тиловат, садақа, таом улашиш, Набийни мадҳ этувчи ва қалбларни ҳаракатга келтирувчи зоҳидлик шеърларини ўқиш, яхшилик ва охират учун керак ишларни қилишдан иборат бўлиши лозим.

Аммо самоъ ва лаҳв нарсалар ҳақида айтиш лозимки, хурсандчиликка сабаб бўладиган мубоҳ нарсалар (масалан диний мавзудаги шеърлар) бўлса, ҳечқиси йўқ. Лекин ҳаром ва макруҳ нарсалардан ва яхшиликка хилоф бўлганларидан тийилиш керак».

Имом Жалолиддин Суютий Мавлиднинг савобли иш эканига, уни қилиш жоиз эканлигига ҳадиси шарифдан далил келтирмоқдалар. Яҳудийлар нишонлаб келган Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз ҳам келаси йили рўза тутамиз», деб қабул қилишлари Мавлидга ўхшаш нарсаларни жорий қилиш жоизлигига асос қилиниши мумкинлигини айтмоқдалар.

Шу билан бирга, имом Жалолиддин Суютий Мавлиднинг асли, уни қачон қилиш мумкинлиги ва унда қилинадиган ва қилинмайдиган амаллар бўйича ҳам умумий қоида бўладиган ибораларни келтирмоқдалар. Бу ибораларни Мавлид қилиш тарафдорлари яхшилаб ўрганишлари ва уларга амал қилишлари лозим.

Сўнгра зикр қилиндики, Ҳофиз Ибн Носириддин ўзининг «Вирдис-содий фий Мавлидил ҳодий» номли китобида қуйидагиларни айтади:

«Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабдан дўзахнинг азоби енгиллатилади. Чунки у шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан масрур бўлиб, Сувайбани озод қилган. Шеър:

«Икки қўли қурисин» деб ёмонланган кофирга,

Жаҳаннамда абадий қолдирилган кофирга.

Аҳмад туғилганига масрур бўлган кофирга,

Ҳар душанба азоб енгил бўлса, бир кофирга.

Умр бўйи Аҳмаддан масрур бўлган мўминга

Не мукофоту шараф, не мақомлар бўларкин?..»

Юқорида келтирилган маънони Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ҳам топамиз:

«Урва айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси бўлган. Абу Лаҳаб уни озод қилган. Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан кейин баъзи аҳли уни тушида жуда ёмон ҳолда кўрган. Ундан: «Сенга нима бўлди?» деб сўраган. Абу Лаҳаб унга: «Сиздан кейин Сувайбани озод қилганим учун мана шунча суғорилганимдан бошқа яхшилик кўрмадим», деган.

Имом Бадриддин Айний ушбу ривоятнинг шарҳида: «Суҳайлий зикр қилишича, Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган», деб ҳадис матнини келтиради:

«Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, уни тушимда жуда ҳам ёмон ҳолда кўрдим. У менга: «Сиздан кейин ҳеч бир роҳат кўрмадим. Фақатгина, ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатилмоқда», деди. Бунинг сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилдилар ва Сувайба Абу Лаҳабга у зотнинг Мавлидларини суюнчилаган ва Абу Лаҳаб шунинг учун уни озод қилганлигидандир».

Бошқа уламолар ҳам Мавлид қилиш жоизлигига турли далилларни келтирганлар. Аммо биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз. Хулоса шуки, умматнинг улкан уламолари Мавлиднинг жоизлигини таъкидлаганлар ҳамда керакли ҳужжат ва далилларни тақдим қилган эканлар.

Нима учун хилоф қиламиз?

Мавлидга рухсат берган улуғ уламоларнинг юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатларини билиб-билмай, Мавлидга қаршиларнинг гаплари баъзи ношаръий ишларни рўкач қилишдан бошқа нарса эмаслигига қарамай, бир тоифа ватандошларимиз Мавлидга ашаддий равишда қарши чиқишни ўзларининг асосий масъулиятлари деб биладилар. Улар: «Мавлид бидъатдир, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳнинг даврларида йўқ эди, кейин пайдо бўлган янги нарсадир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», деганлар. Ким Мавлид қилса, у бўлади-бу бўлади», деб такрорлашдан чарчамайдилар.

Ўз-ўзидан «Бундан нима фойда бор?» деган савол пайдо бўлади. Хилофчи тоифа бунга нима деб жавоб беради, билмаймиз. Аммо ўзимиз бу маънода ўйлаб кўрайлик.

Мавлид масаласида хилофчи тоифанинг барча гапларини қабул қилдик, деб фараз этайлик. Бидъатнинг яхшиси йўқ, ҳаммаси залолат, дейлик. Мусулмон умматининг барчаси қадимдан ҳозиргача иттифоқ қилиб келган буюк ҳақиқатни инкор қилиб, шариатга Қуръон ва Суннатдан бошқа манба йўқ, ҳам дейлик. Мавлид шу асосда ҳеч нарсага арзимайдиган нарса, ҳам дейлик.

Аммо, умматнинг эътиборли уламолари ихтилоф қилган масалада талашиб-тортишиш мумкин эмас, деган қоидага нима деймиз?!

Иттифоқ қилган нарсамизда ҳамкорлик қиламиз. Ихтилоф қилган нарсамизда бир-биримизнинг узримизни қабул қиламиз, деган улуғ қоида нима бўлади?!

Ахир Аллоҳга даъват қилиш, амру маъруф ва наҳйи мункарнинг бош одобларидан бири мункарлигига уммат ижмоъ қилган нарсага қарши биргаликда курашиб, мусулмонлар ихтилоф қилган ижтиҳодий масалаларга шўнғимаслик эмасмиди?!

Ёки ҳаётимизда Мавлиддан бошқа эътибор берадиган нарса қолмадими?!

Ҳеч бўлмаганда, очиғини тан олайлик. Бу масалада мусулмонлар жумҳури билан бир гуруҳ орасида ихтилоф бор, дейлик. Бу каби масалаларда бир-бирини маломат қилиб бўлмайди, дейлик.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳи алайҳининг

(“Ихтилофлар, Сабаблар, Ечимлар” китобидан).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz