Гўзал хулқ ҳақида (15-тавсия) Принтер учун
26.11.2016 й.

 Image

Гўзал хулқ ҳақида (15-тавсия)

 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комили хулқи яхшисидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг менга энг маҳбубингиз, қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизларнинг менга энг ёқмайдиганингиз, қиёмат куни мендан энг узоқ ўтирадиганингиз сергап (бировга гап бермайдиган), тили узун ва мутафайқиҳингиздир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?» дейишди. «Мутакаббирлар», дедилар».

Термизий ривоят қилганлар.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди.

2. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради.

3. Мўминларнинг иймони комили хулқи яхшисидир.

4. Одамларнинг яхшиси аҳлу аёлига яхшилик қиладиганидир.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ичида у зотга энг маҳбуб ва қиёмат куни энг яқин ўтирадиган инсон ҳусни хулқли инсондир.

6. Умматлари ичида у зотга энг ёқмайдигани ва қиёмат куни у зотдан энг узоқ ўтирадиган кимса бировга гап бермайдиган, тили узун ва мутакаббир кимсадир.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

 
« Олдинги   Кейинги »