Қадр-қимматинг қачон тушади? Принтер учун
21.11.2016 й.

 

Хўш, қадр-қимматинг қачон тушади? Қачонки, сени тарбия қилишда машаққат чеккан зотларга овозингни баланд кўтарсанг, ўшанда тушади. Фарзанд, ўзини минг машаққат билан тарбия қилган, ювиб-тараган, ўқитган, меҳр берган ота-онасини доим ҳурмат қилиши, уларнинг хизматларида шай туриши, асло уларга овозини баланд кўтармаслиги, қўпол гапирмаслиги керак. Эътиборингизга бир ибратли ҳикояни ҳавола этамиз.

Ёши тўқсондан ошган бир онахон бор эди. Онахоннинг ўғли ҳикояни шундай давом эттиради:

“Кунлардан бир куни бизникига қариндошларимиздан бири келди. Онам менинг ҳузуримда (уйимда) эдилар. Уйга кириши биланоқ онамни кўриб: “Машааллоҳ! Онангиз ҳузурингиздаларми?” деди. Яъни сизнинг уйингиздаларми”, деди. Мен унга: “Йўқ, аксинча, мен у кишининг ҳузурларидаман” дедим. Шунда онажоним: “Йўқ, ўғлим. Кичкиналигингизда сиз бизнинг ҳузуримизда эдингиз. Биз кексайдик. Шунинг учун энди биз сизнинг ҳузурингиздамиз. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг “Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар...” деганини ўқимаганмисиз?!” дедилар. Мен онамга: “Гўёки мен бу оятни биринчи марта эшитаётгандекман, онажон” дедим”.

Ҳа, азизлар, ота-она кексайгани сайин улардаги ҳар бир нарса заифлашиб боради. Тана аъзолари, суяклари мўртлашади, заифлашади, кўнгиллари ҳам нозиклашиб боради. Аммо оталик, оналик муҳаббатлари, туйғулари, меҳрлари асло заифлашмайди. Сиз эса дўстим, борган сари қувватга тўлиб борасиз. Шундай экан, ўзингизнинг совуқ муомалангиз билан улардаги бу туйғуни сўндириб қўйманг! Бундан жуда ҳам эҳтиёт бўлинг!

Аллоҳ таоло барча ота-оналарнинг ўтганларини раҳматига олсин! Борларининг умрларига, ризқларига барака берсин! Ҳар биримизга ота-онамизнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиб, икки дунёнинг бахту саодатига эришишимизни насиб айласин!

 

 

Интернет материалларидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz