Абдулқуддус амакининг сабоқлари (6-қисм) Принтер учун
20.11.2016 й.

Абдулқуддус амакининг сабоқлари (6-қисм)

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ

    Ассалому алайкум, менинг шириндан-шакар болажонларим! Иккинчи машғулотимизда сизларга «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» деган калимани ўргатиб, унинг иккинчи қисмини кейинги дарсларда тушунтириб бераман, дегандим. Эсингиздами? «Ла илаҳа иллаллоҳу» дегани «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ» деган маънони англатишини билиб олгансиз, тўғрими? «Муҳаммадур расулуллоҳ» дегани эса «Муҳаммад – Аллоҳнинг расули, элчиси» маъносидадир. Бешинчи дарсда айтганимдек, Муҳаммад алайҳиссалом – Аллоҳнинг охирги пайғамбари. У кишидан кейин ҳеч ким пайғамбар бўлмайди. Бу киши ер юзидаги ҳамма халқларга пайғамбар ҳисобланадилар. У кишининг насиҳат ва айтганларини одамлар қиёмат бўлгунча бажаришлари шарт. Юқоридаги калимани айтиш мусулмончиликнинг энг биринчи, энг зарур шарти деган эдик, тўғрими? Демак, Пайғамбаримизнинг ҳамма айтган гапларини, ўргатган ишларини қилиш, қайтарган ёмон ишларидан қочиш мусулмонларнинг энг зарур вазифалари ҳам бўлади.

Пайғамбаримиз инсонларнинг энг олийси, энг ҳурматлиси, энг одоблиси, энг суюклиси бўлганлари учун у кишини жуда ҳурмат қилишимиз, номлари олдига «Ҳазрат» сўзларини қўшиб, номларидан кейин эса «алайҳиссалом», «соллаллоҳу алайҳи васаллам» деган шарафлар билан ҳамиша тўлдириб айтишимиз керак. Номларини тоқ айтиш у кишига нисбатан жуда ҳурматсизлик бўлади. Бу гапим доимо эсингизда турсин, хўпми, ширинтойларим!

Энди сизларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларидан озгина гапириб берай! Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом милодий 571 йили Маккада туғилганлар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналариники Омина эди. Ота-оналари Маккадаги обрўли оилалардан бўлганлар. Туғилмасларидан икки ой аввал оталаридан, олти ёшларида оналаридан етим қолдилар. Саккиз ёшгача боболари Абдулмутталиб, кейин эса амакилари Абу Толиб тарбия қилишди.

Муҳаммад алайҳиссалом ёшликдан жуда ҳалол, тўғрисўз, покиза инсон бўлганлар. Бирор марта ёлғон сўзламаганлар. Бировни сўкиб-урмаганлар, қаттиқ гапирмаганлар. Бошқаларни алдамаганлар. Ҳатто ёш болаларга ҳам биринчи бўлиб салом берганлар. Бировнинг бир сўм пулига ё молига хиёнат қилмаганлар. Ана шундай яхши фазилатли инсон бўлганлари учун у зотга қирқ ёшга етганларида Аллоҳ томонидан пайғамбарлик берилди. Жаброил фаришта Аллоҳ томонидан етказиб келган ваҳий (амр-фармонлар)ни Жаноби Пайғамбаримиз барча одамларга етказиб, уларни тўғри йўлга, Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга чақира бошладилар. Ана шу тўғри йўлга чорлаш, Аллоҳни танитиш «дин» дейилади. Бизнинг динимиз эса «Ислом дини» деб аталади. Ислом динидаги кишилар мусулмон дейилади.

Аммо ёмон, гуноҳ ишларга ўрганиб қолган, ҳасад ва очкўзликка ботиб кетган, Ислом динининг тарқалишига қарши бўлган Маккадаги Ислом душманлари Ҳазрат Пайғамбаримизнинг айтганларига кўнишмади. Аксинча, ўн уч йил мобайнида у кишига очиқдан-очиқ душманлик қилишди. Мусулмонлар бошига ҳеч ким кўрмаган азоб-уқубатларни солишди. Ҳатто у зотни ўлдиришга ҳам уриниб кўришди.

Ниҳоят Аллоҳнинг амри билан мусулмонлар, яъни Ислом динига кирганлар Макка шаҳридан Мадина шаҳрига кўчишди. Бу кўчиш арабчада «Ҳижрат» дейилади. Мусулмонларнинг ҳижрий йил дегани ана шу воқеадан олинган. Жаноби Пайғамбаримиз Мадинада ҳам ўн йил тинмай ишладилар. Аллоҳнинг буйруқларини ёйиб, Унга хизмат қилдилар, одамларни ҳақорат, зулм, нодонлик, ҳақсизлик, ахлоқсизликлардан қайтардилар. Дунёга илм, адолат, саодат нурларини тарқатдилар. 63 ёшларида бетобланиб, Мадина шаҳрида вафот этдилар. Ҳозир қабрлари ўша ерда, ўзлари қурдирган масжид ичига жойлашган.

Бизнинг Ҳазрати Пайғамбаримиз ана шундай ажойиб инсон бўлганлар. Шунинг учун биз доимо у кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз. Айтган ҳамма буйруқларини бажаришга ҳаракат қиламиз. «Бу ишни қилманг» деган бўлсалар, асло яқин йўламаймиз. Ана шу ҳаракатларимиз Пайғамбаримиз суннатларига риоя этганимиз бўлади. Келинг, қўлларимизни очиб бир дуо қилайлик: «Ҳаммамизга Муҳаммад алайҳиссалом   суннатларига, яъни кўрсатмаларига риоя этиш насиб этсин, Аллоҳ таоло ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!

 

OLTINCHI SABOQ

PAYG’AMBARIMIZ MUHAMMAD ALAYHISSALOM

Assalomu alaykum, mening shirindan-shakar bolajonlarim! Ikkinchi mashg’ulotimizda sizlarga «La ilaha illallohu Muhammadur rasululloh» degan kalimani o’rgatib, uning ikkinchi qismini keyingi darslarda tushuntirib beraman, degandim. Esingizdami? «La ilaha illallohu» degani «Allohdan boshqa iloh yo’q» degan ma’noni anglatishini bilib olgansiz, to’g’rimi? «Muhammadur rasululloh» degani esa «Muhammad – Allohning rasuli, elchisi» ma’nosidadir. Beshinchi darsda aytganimdek, Muhammad alayhissalom – Allohning oxirgi payg’ambari. U kishidan keyin hech kim payg’ambar bo’lmaydi. Bu kishi yer yuzidagi hamma xalqlarga payg’ambar hisoblanadilar. U kishining nasihat va aytganlarini odamlar qiyomat bo’lguncha bajarishlari shart. Yuqoridagi kalimani aytish musulmonchilikning eng birinchi, eng zarur sharti degan edik, to’g’rimi? Demak, Payg’ambarimizning hamma aytgan gaplarini, o’rgatgan ishlarini qilish, qaytargan yomon ishlaridan qochish musulmonlarning eng zarur vazifalari ham bo’ladi.

Payg’ambarimiz insonlarning eng oliysi, eng hurmatlisi, eng odoblisi, eng suyuklisi bo’lganlari uchun u kishini juda hurmat qilishimiz, nomlari oldiga «Hazrati» so’zlarini qo’shib, nomlaridan keyin esa «alayhissalom», «sollallohu alayhi vasallam» degan sharaflar bilan hamisha but qilib aytishimiz kerak. Nomlarini toq aytish u kishiga nisbatan juda hurmatsizlik bo’ladi. Bu gapim doimo esingizda tursin, xo’pmi, shirintoylarim!

Endi sizlarga Muhammad alayhissalomning hayotlaridan ozgina gapirib beray! Sevimli payg’ambarimiz milodiy 571 yili Makkada tug’ilganlar. Otalarining ismi Abdulloh, onalariniki Omina edi. Ota-onalari Makkadagi obro’li oilalardan bo’lganlar. Tug’ilmaslaridan ikki oy avval otalaridan, oiti yoshlarida onalaridan etim qoldilar. Sakkiz yoshgacha bobolari Abdulmuttalib, keyin esa amakilari Abu Tolib tarbiya qilishdi.

Muhammad alayhissalom yoshlikdan juda halol, to’g’ri so’z, pokiza inson bo’lganlar. Biror marta yolg’on so’zlamaganlar. Birovni so’kib-urmaganlar, qattiq gapirmaganlar. Boshqalarni aldamaganlar. Hatto yosh bolalarga ham birinchi bo’lib salom berganlar. Birovning bir so’m puliga yo moliga xiyonat qilmaganlar. Ana shunday yaxshi fazilatli inson bo’lganlari uchun u zotga qirq yoshga yetganlarida Alloh tomonidan payg’ambarlik berildi. Jabroil farishta Alloh tomonidan yetkazib kelgan vahiy (amr-farmonlar)ni Janobi Payg’ambarimiz barcha odamlarga yetkazib, ularni to’g’ri yo’lga, Allohning buyruqlarini bajarishga chaqira boshladilar. Ana shu to’g’ri yo’lga chorlash, Allohni tanitish «din» deyiladi. Bizning dinimiz esa «Islom dini» deb ataladi. Islom dinidagi kishilar musulmon deyiladi.

Ammo yomon, gunoh ishlarga o’rganib qolgan, hasad va ochko’zlikka botib ketgan, Islom dinining tarqalishiga qarshi bo’lgan Makkadagi Islom dushmanlari Hazrat Payg’ambarimizning aytganlariga ko’nishmadi. Aksincha, o’n uch yil mobaynida u kishiga ochiqdan-ochiq dushmanlik qilishdi. Musulmonlar boshiga hech kim ko’rmagan azob-uqubatlarni solishdi. Hatto u zotni o’ldirishga ham urinib ko’rishdi.

Nihoyat Allohning amri bilan musulmonlar, ya’ni Islom diniga kirganlar Makka shahridan Madina shahriga ko’chishdi. Bu ko’chish arabchada «Hijrat» deyiladi. Musulmonlarning hijriy yil degani ana shu voqeadan olingan. Janobi Payg’ambarimiz Madinada ham o’n yil tinmay ishladilar. Allohning buyruqlarini yoyib, Unga xizmat qildilar, odamlarni haqorat,zulm, nodonlik, haqsizlik, axloqsizliklardan qaytardilar. Dunyoga ilm, adolat, saodat nurlarini tarqatdilar. 63 yoshlarida betoblanib Madina shahrida vafot etdilar. Hozir qabrlari o’sha yerda, o’zlari qurdirgan masjid ichiga joylashgan.

Bizning Hazrati Payg’ambarimiz ana shunday ajoyib inson bo’lganlar. Shuning uchun biz doimo u kishiga hurmat-ehtirom ko’rsatamiz. Aytgan hamma buyruqlarini bajarishga harakat qilamiz. «Bu ishni qilmang» degan bo’lsalar, aslo yaqin yo’lamaymiz. Ana shu harakatlarimiz Payg’ambarimiz sunnatlariga rioya etganimiz bo’ladi. Keling, qo’llarimizni ochib bir duo qilaylik: «Hammamizga Muhammad alayhissalom   sunnatlariga, ya’ni ko’rsatmalariga rioya etish nasib etsin, Alloh taolo o’zining to’g’ri yo’lidan adashtirmasin!»

 
« Олдинги   Кейинги »