Намозни муҳофаза қилиш (14-тавсия) Принтер учун
16.11.2016 й.

Image 

Намозни муҳофаза қилиш (14-тавсия)


Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ҳақида  гапириб, шундай дедилар: «Ким уни муҳофаза қилса, қиёмат куни унга нур, бурҳон ва нажот бўлади. Ким уни муҳофаза қилмаса, қиёмат куни унга нур ҳам, бурҳон ҳам, нажот ҳам бўлмайди, у қиёмат куни Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Халафлар билан бўлади» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Изоҳ: Убай ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг кўп озор берган мушрикларлардан эди. У зот уни Уҳуд жангида қатл қилганлар.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Исро кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эллик маҳал намоз фарз қилинди. Кейин камайтирилиб, беш вақт қилинди. Кейин «Эй Муҳаммад, Менинг даргоҳимда сўз ўзгармайди. Сенга ушбу бештада элликта(нинг ажри) бор», деб нидо қилинди» (Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган).

Изоҳ: «Исро» сўзининг луғавий маъноси «кечаси сафар қилиш»дир.  Шариатда эса Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси Буроққа миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилганлари тушунилади. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламоларининг таҳқиқ қилишича, бу ҳодиса ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган. Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, меърожга олиб чиқилганлар. У ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган ва кунига эллик маҳал намоз фарз қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётганларида Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар ва у киши: «Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар. У зот: «Эллик маҳал намозни», деганлар. Мусо алайҳиссалом: «Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар. Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ таоло бир оз камайтирган. У зот Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундай қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта бориб-қайтганларидан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва: «Эй Муҳаммад! Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Сенга ушбу бештада элликта(нинг ажри) бор», деб марҳамат қилган. Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимдан уяламан» деб, қайтмаганлар.

 

Абу Қатодадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш маҳал намозни фарз қилдим. Мен Ўзимга Ўзим: «Ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта жаннатга киритаман», деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир», деди» (Абу Довуд ривоят қилган).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар. «Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», де­йишди. У зот: «Худди шунга ўхшаб, Аллоҳ беш маҳал намоз ила хатоларни ювади», дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

 

Амр ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмоннинг ҳузурида эдим. У таҳорат суви опкелтириб, шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келса-ю, унинг таҳоратини, хушуъсини ва рукуъини яхшилаб адо этса, у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлади, модомики катта гуноҳ қилмаган бўлса. Бу ҳамма вақт учундир», деганларини эшитганман» (Муслим ривоят қилган).

 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», деганларини эшитдим» (Муслим ривоят қилган).

 

Абу Бакр ибн Абу Мусо отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки салқин(даги намозни – бомдод ва хуфтон)ни ўқиса, жаннатга киради», деганлар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Ким беш маҳал намозни қолдирмай ўқиса, намоз қиёмат куни намозхоннинг йўлини ёритиб турувчи нур, иймони борлигига бурҳон ва азоб-уқубатдан нажот бўлади.

2. Намозни муҳофаза қилмаган одамга намоз қиёмат куни нур ҳам, бурҳон ҳам, нажот ҳам бўлмайди. Бундай одам Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади (Аллоҳ асрасин).

3. Намоз Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган.

2. Намоз Исро кечасида фарз қилинган.

3. Дастлаб эллик маҳал намоз ўқиш фарз қилиниб, ке­йин беш маҳалга туширилган.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги сўз ўзгартирилмайди.

5. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила Ислом умматига беш маҳал намоз учун эллик маҳал намознинг ажрини беради.

6. Ислом осонлик динидир. Аввал эллик маҳал намоз фарз қилиниб, кейин беш маҳалга қисқартирилиши бу осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.

7. Намозни ўз вақтида ўқиб, муҳофаза қилган одамнинг мукофоти жаннатдир.

8. Дарёда беш маҳал ювинган одамнинг кирлари қолмаганидек, беш маҳал намоз ҳам намозхоннинг гуноҳларини ювиб ташлайди.

9. Таҳоратини, хушуъ ва рукуъни яхшилаб адо этган намозхоннинг намози унинг ўтган гуноҳларига каффорот бўлади, модомики катта гуноҳ қилмаган бўлса.

10. Хуфтон намозини жамоат билан ўқиган одам туннинг биринчи ярмини, бомдод намозини жамоат билан ўқиган одам эса туннинг иккинчи ярмини намоз ўқиб, ибодат билан бедор ўтказган одамнинг савобига эга бўлади.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz