Ўлимни кўп эслаш Принтер учун
13.11.2016 й.
Ўлимни кўп эслаш

 

Ўлимни эслаш баъзиларнинг наздида тафоул (некбинлик, оптимистлик)нинг зидди. Оқиллар наздида эса, вақтдан унумли фойдаланишга, фойдасиз ёки зарарли нарсалар билан машғул бўлмасликка сабаб бўладиган эҳтиёткорлик, қатъият эшикларидандир. Ўлимни эслаш кишини бошқаларга душманлик қилишдан тўхтатиб қолади. Ўлимни эслашга тарғиб қилишдан мақсад кишиларни безовта қилиш, уларнинг ҳаётини захарлаш эмас. Балки бундан мақсад инсонларни бир кун шубҳасиз дуч келадиган сафарга тайёргарлик кўришга тарғиб қилишдир. Инсоннинг ҳаётини захарламаслик, уни безовта қилмаслик даъвоси билан ғофил инсонни ўз ғафлатида қолдириш ақлдан эмас. Токи у инсон ўлим келганда ёқимсиз ҳолга тушиб қолмасин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг ичида энг буюк некбин, энг қалби очиқ, мажлиси ўта ёқимли эдилар. Шу билан бирга у зот алайҳиссалом “Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни эслашни кўпайтиринглар!” дер эдилар. Имом Аҳмад ривояти.

Ҳадисдаги “кесувчи” деб таржима қилинган сўз арабча матнда “ҳаазим” هاذم бўлиб келган. Бу сўз, луғатшунослар айтганидек, зудлик билан кесишни англатади. Дарҳақиқат, ўлимдан кўра лаззатларни тез кесадиган нарса йўқ.

Ўлимни эслаш улкан ибодатлардан бири бўлиб, уммат тарғиб этилган набавий суннатдир. Масжидлардаги мавъизаларга, турли муносабатлар билан бўладиган мажлисларга эътибор берилса, ўлимни эслашга тарғиб озлигини кўрамиз. Мавъизаларда бу мавзуда кенг ва таъсирли насиҳатлар, суҳбатлар олиб борилиши лозим. Воъизлар, хатиблар кўпинча одамларнинг кўнглини чўктирмаслик мақсадида ўлимни эслаш ҳақида кам гапирадилар. Лекин кўпчилик билиб қўйсинки, инсонларнинг энг комили, энг насиҳатгўйи, уларга нима муносиблигини энг яхши билувчироғи бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўлимни кўп эслашларини тарғиб қилардилар, шунга буюрардилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум юксак тақво соҳиблари эдилар. Улар Аллоҳдан жуда қаттиқ қўрқар эдилар. Дунёга рағбатлари йўқ эди. Охиратга бўлган тайёргарликлари, рағбатлари юқори даражада эди. Уларнинг шундай бўлганларини билган одамда: “Улар кучли иймон ва тақво соҳиблари бўлган бўлсалар, уларга ўлимни кўп эслашни амр қилишга эҳтиёж бормиди?” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Лекин ўлимни кўп эслашга тарғиб набавий муолажадир. Худди касалликка дори яхши таъсир қилиб, ўша касаллик тузалганидек, у ҳам нафснинг яширин касалликларига, яхши таъсир қилиб, ундаги касалликлар тузалишига сабаб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни ўлимни кўп эслашга буюрар, ўзлари уларга ўлимнинг даҳшатларини, ўлим олдидан бўладиган нарсаларни зикр қилардилар.

Бир куни бир яҳудийнинг жанозаси ўтиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг учун ўрниларидан турдилар. Шунда саҳобалар “У яҳудийнинг жанозаси” дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳам жон (одам) эмасми?” дедилар. Муттафақун алайҳ.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Ўлимдан қўрқиб туришда Аллоҳнинг амрини улуғлаш ва Унинг буйруғини бажараётганларни, яъни фаришталарни ҳурмат қилиш бордир”.

Агар ўлимни кўп эсламай қўйсак, қалбларимиз ўлади. Натижада намоздан кейин ўликларимизни жанозасини ўқиймизу, аммо ўша намозни ўқишга эътиборсиз бўлиб қоламиз. Қабристонларга борамиз, аммо у ердан ибрат олмай, ғафлатда қайтамиз. Баъзилар ўша жойларда ҳам гаплашиб, одамларни ғийбат қилиб, сигарет чекиб ўтиришади. Ўлимни кўп эслаш Аллоҳ битиб қўйган ажални камайтирмайди. Инсонни дунё учун қиладиган ишларидан ҳам узиб қўймайди. Балки у инсонни ўлимдан кейинги қабр ҳаётига, қиёмат ҳисоб-китобига тайёрланишга ундайди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки, у ўлимни эслатади” деганлар. Имом Муслим ривояти.

Ё Аллоҳ, Ўзинг қалбларимизни ғафлатдан уйғотгин ва бизларни Тўғри Йўлга бошлагин!

 

Фарҳан ибн Самийҳнинг “Ўлимнинг зикрини кўпайтириш” номли мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 
Кейинги »

madrasa.uz