Аллоҳга тавба қилишнинг фазли (11-тавсия) Принтер учун
07.11.2016 й.

 Image

Аллоҳга тавба қилишнинг фазли (11-тавсия)

 

Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилиб, Ундан мағфират сўранглар. Мен бир кунда юз марта тавба қиламан», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳ таолога етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деганларини эшитдим» (Бухорий ривоят қилган).

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандасининг тавбасидан бирортангиз биёбонда йўқотиб қўйган туясини топиб олгандагидан кўра кўпроқ хурсанд бўлади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Лафз имом Бухорийники).

Имом Муслимнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида бирингизнинг ичимлиги ва таоми ортилган улови кимсасиз биёбонда қочиб кетса, ундан умидини узиб, бир дарахтнинг тагига бориб, соясида ётганида, уловидан умиди батамом узилиб бўлганда, ана шу ҳолатдалигида қараса, (улов) олдига келиб қолган бўлса, жиловидан тутиб, хурсанд бўлиб кетганидан «Аллоҳим, Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборганидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. У (ўша одам) қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан хато қилган эди».

 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилиши учун кечаси қўлини ёзади, кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

 

Изоҳ: «То қуёш мағрибдан чиққунича», яъни қуёш ботган томонидан чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан бўлиб, у кунда тавба эшиклари ёпилади.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Банда доим Аллоҳга тавба қилиб, ундан гуноҳларини мағфират қилишини сўраш керак.

2. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию охирги гуноҳларини кечирган бўлишига қарамай, У Зотнинг шукрли бандаларидан бўлиш ва бу борада умматларига ўрнак бўлиш учун бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтганлар.

3. Аллоҳ бандасининг тавбасидан биёбонда йўқотиб қўйган туясини топиб олган кишидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлар экан.

4. Инсон адашиб кетиб шариатга зид нарсани гапириб юборса, гарчи бу куфр сўз бўлса ҳам, Аллоҳ уни жазога тортмайди.

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz