Рўзанинг фазли (10-тавсия) Принтер учун
04.11.2016 й.

 Image

Рўзанинг фазли (10-тавсия)

 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени бирор амалга буюринг», дедим. У зот: «Рўзани лозим тут, чунки унга тенг келадигани йўқ», дедилар. Мен яна «Эй Аллоҳнинг Расули, бирор амалга буюринг», дедим. «Рўзани лозим тут, чунки унга тенг келадигани йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бирор амалга буюринг», дедим. «Рўзани лозим тут, чунки унинг мисли йўқ», дедилар» (Насоий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган).

Насоий келтирган яна бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени Аллоҳ манфаат берадиган бир амалга буюринг», дедим. У зот: «Рўзани лозим тут, чунки унинг мисли йўқ», дедилар».

Ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида келтирган ҳадисда жумладан шундай дейилган: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени бир амалга йўллаб қўйинки, у туфайли жаннатга кирай», дедим. У зот: «Рўзани лозим тут, чунки унинг мисли йўқ», дедилар». Абу Умоманикига меҳмон келсагина, унинг уйидан кундузи тутун чиқар эди».

 

Изоҳ: «...чунки унга тенг келадигани йўқ», «...чунки унинг мисли йўқ», яъни шаҳватни кесишда, ёмонликка буюрувчи нафсни ва шайтонни даф қилишда рўзага тенг келадиган амал йўқ.

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ ўша куннинг сабабидан унинг юзини дўзахдан етмиш кузлик узоқ қилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

 

Изоҳ: «Етмиш куз» етмиш йил деганидир. Бу ўзбек тилидаги «Етмиш баҳорни қарши олди», деган жумлага ўхшайди.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Шаҳватни кесишда, ёмонликка буюрувчи нафсни ва шайтонни даф қилишда рўзага тенг келадиган амал йўқ.

2. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу васалламнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар.

3. Банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ ўша куннинг сабабидан унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади.

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »