Аллоҳдан авф ва офият сўранг (9-тавсия) Принтер учун
03.11.2016 й.
Image 
 
Аллоҳдан авф ва офият сўранг (9-тавсия)

 

Абу Фазл Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ таолодан сўрайдиган бирор нарса ўргатинг», дедим. «Аллоҳдан офият сўранглар», дедилар. Бир неча кун ўтиб келдим-да «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ таолодан сўрайдиган бирор нарса ўргатинг», дедим. «Эй Аббос, эй Расулуллоҳнинг амакиси, Аллоҳдан дунёю охират офиятини сўранг», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан, саҳиҳ деган).

 

Қуйида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ва у зот саҳобаи киромларга ўргатган баъзи дуоларни келтирамиз.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мажлисдан турсалар асҳобларининг ҳаққига ушбу дуони қилмай турмас эдилар: «Аллоҳумма, иқсим лана мин хошятика маа тубаллиғунаа биҳи жаннатака, ва минал яқийни маа туҳаввину биҳи ълайнаа масоибад-дуня. Аллоҳумма, маттиънаа биасмааъинаа ва абсоринаа ва қувватинаа маа аҳяйтанаа, важъалҳул вариса минна, важъал саъронаа ъала ман золаманаа вансурнаа ъалаа ман ъадаанаа, ва лаа тажъалид-дуня акбаро ҳамминаа, валаа маблаға илминаа, ва лаа тусоллит ъалайнаа ман лаа ярҳамунаа» (Термизий ривояи қилган ва ҳасан ҳадис деган).

Дуонинг маъноси: Аллоҳим, бизга жаннатингга эриштирадиган хавфни ато эт. Дунё мусибатларини биздан енгиллаштирадиган комил ишонч ато эт. Аллоҳим, бизни тирик қолдирган муддатингча қулоқларимиз, кўзларимиз, қувватимиз ила баҳралантир. Уларни бизга ворис қил. Ўчимизни бизга зулм қилганларгагина қилгин. Бизга душманлик қилганлар устидан нусрат бер. Дунёни ташвишимизга, билимимизнинг мунтаҳосига айлантириб қўймагин. Бизга раҳм қилмайдиганларни устимиздан ҳукмрон қилиб қўйма!

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қийинчилик ва ғам-ғусса пайтидаги дуосини Аллоҳ таоло қабул қилиши хурсанд қилса, фароғат пайти дуони кўпайтирсин», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан ҳадис деган).

 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, инний асалукал ҳуда ват-туқо, ал-ъфаафа валғинаа», дер эдилар» (Муслим ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва беҳожатлик сўрайман.

 

Ториқ ибн Айшам Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Исломни қабул қилган кишига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўргатар эдилар. Кейин ушбу калималар билан дуо қилишга буюрар эдилар: «Аллоҳумма, иғфир лий, варҳамний, ваҳдиний, ва ъафиний, варзуқний» (Муслим ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: Аллоҳим, мени мағфират қил, раҳм айла, ҳидоят қил, офият бер, ризқ ато қил.

 

Имом Муслимнинг Ториқдан қилган бошқа ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб «Роббимга дуо қилмоқчи бўлсам нима дейман?», деганида у зотнинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳумма, иғфир лий, варҳамний, ваҳдиний, ва ъафиний, варзуқний», дегин. Ушбу (калима)лар дунё ва охиратинг (иши)ни сенгга жамлаб беради».

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дер эдилар: «Аллоҳумма аслиҳ лий динияллазий ҳува ъисмату амри ва аслиҳ лий дунйаяллатий фийҳаа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фийҳаа маъадий, важъалил ҳаята зиядаталлий мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталлий мин кулли шаррин» (Муслим ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: Аллоҳим, (дунё ва охират) ишимни муҳофаза қилувчи динимни ислоҳ қил. Тирикчилигим асоси бўлган дунёимни ислоҳ қил. Қайтажак бўлган охиратимни ислоҳ қил. Ҳаётимни ҳар бир яхшилик учун зиёда қилиб бер. Ўлимимни ҳар бир ёмонликдан роҳат қил.

 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп дуо қилдилар. Биз унинг бирортасини ёдлаб қололмадик. Сўнгра: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кўп дуо қилдингиз. Биз унинг бирортасини ҳам ёдлаб қололмадик», дедик. Шунда у зот: «Сизларни ўшанинг ҳаммасини жамлайдиган нарсага йўллаб қўяйми? «Аллоҳумма, асалука мин хойри маа саалака минҳу Набийюка Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам, ва наъуузу бика мин шарри мастаъаазака минҳу Набийюка Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам, ва антал мустаъану ва ъалайкал балағу, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ», денглар», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан ҳадис деган).

Дуонинг маъноси: Аллоҳим, Биз Сендан Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган хайрли нарсаларни сўраймиз. Сендан Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ёмон нарсалардан паноҳ сўраймиз. Сен ёрдам сўралувчи Зотсан. Етишиш Сенгадир. Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқ.

 
 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
 
« Олдинги   Кейинги »