Бир оят тафсири-3 Принтер учун
26.10.2016 й.

 

 

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

مَثَلُ الْفَرِيقَيْنِ كَالْأَعْمَى وَالْأَصَمِّ وَالْبَصِيرِ وَالسَّمِيعِ هَلْ يَسْتَوِيَانِ مَثَلًا أَفَلَا تَذَكَّرُونَ

Яъни “Иккала гуруҳ (кофир ва мўмин)ларнинг мисоли худди кўр билан кар ва кўрувчи билан эшитувчилар кабидир. Иккиси мисолда баробар бўладими?! Эслаб кўрмайсизларми?!” (Ҳуд сураси, 24-оят).

Оятдаги “Иккала гурух” деб таржима қилинган сўз арабчада “Фарийқайн” дейилади. “Фарийқайн”нинг бирлиги эса, “Фарийқ” бўлади. “Фарийқ” – бир мақсад, бир ғоя йўлидаги жамоадир. Мисол учун “Футбол жамоаси” деймиз. Ҳар бир жамоанинг ўз мақсади, тўпланишига сабаб бўладиган ғояси бўлади.

Аллоҳ таоло فَرِيقٌ فِي الْجَنَّةِ وَفَرِيقٌ فِي السَّعِيرِ “(У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир” деган. (Шўро, 7). Бу оятда ҳам “Фарийқ” калимаси бор.

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда инсондаги сезги аъзоларининг иккита каттасини мисол қилиб келтирмоқда. Бу икки сезги аъзо – эшитиш (қулоқ) ва кўриш (кўз). Булар инсондаги энг катта сезги аъзолари бўлиб, инсон шулар орқали ё эшитиб, ё кўриб, маълумотлар олади. Шундан кейин инсонда қулоқ билан эшитган, кўз билан кўрган нарсаларидан истинбот олиш қобилияти шаклланади. Шу ўринда истинбот деган сўзга изоҳ бериб ўтсак.

“Истинбот” луғатда “ернинг қаъридан сув чиқариш” деган маънони англатади. “Тўғри, соғлом фикрни истинбот қилди” деганда ўзининг тадқиқотлари, изланишлари натижасида, ўз фикрини ишга солиб, худди қудуқдан сув чиқаргандек, фойдали маълумотларни тақдим этиш тушунилади.

Кўз ва қулоқни сезги аъзоларининг энг катталари дедик. Инсон оладиган маълумотларининг аксарини шулар воситасида олади. Демак, бу аъзолар катта неъматлар бўлиб, инсон доим шукр қилиши керак. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган:

“Аллоҳ сизларни оналарингиз қоринларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди” (Наҳл, 78).

Демак, Аллоҳ таоло қулоқ, кўз, қалбни шукр қилишимиз ва илм ўрганишимиз учун бизга ато қилди. Зеро, илм эшитиб, кўриб, қалбни ишга солиб ўрганилади.

Маълумки, маданий юксалиш, илмда тараққий этиш эшитган ва кўрган кишилар сабабидан бўлади. Чунки, ўша кишилар эшитган, кўрган нарсаларидан инсониятга фойда бўладиган фикрларни истинбот қиладилар. Бунга бир мисол келтирамиз.

Бир киши устида қопқоғи бор бир идишни кўрди. Идишнинг ичида сув қайнаётган эди. Идиш устидаги қопқоқ гоҳида идишдан тепага кўтарилиб-кўтарилиб турарди. Бу ҳолни кўрган одам “буғ қуввати” деган нарсани кашф қилади. У “Албатта, буғ идишдаги суюқликнинг сатҳидан, майдонидан кўра каттароқ сатҳга, майдонга эҳтиёжи тушади. Шунинг учун қопқоқ идишдан тепага кўтарилади ва у ердан буғ ташқарига чиқади” деган фикрни истинбот қилди. Бу кашфиёт ҳаётдаги кўплаб нарсаларнинг ривожланишига сабаб бўлди. Агар ҳар бир инсон бирор нарса эшитганда ёки кўрганда тўхтаб, у ҳақида ўйлаб, ундан бирор нарса истинбот қилмаганда, бу каби илмий, маданий юксалишлар, тараққиётлар бўлмасди.

Биз ўрганаётган оятда Аллоҳ таоло “Иккала гуруҳ (кофир ва мўмин)ларнинг мисоли худди кўр билан кар ва кўрувчи билан эшитувчилар кабидир. Иккиси мисолда баробар бўладими?! Эслаб кўрмайсизларми?!” деяпти.

Ҳар бир кўр, ҳар бир кар кўрувчи ёки эшитувчи одам ўзидан яхшироқлигига, кўр кўрувчининг, кар эшитувчининг даражасига етолмаслигига асло шубҳа қилмайди. Аллоҳ таоло бир бирига зид бўлган нарсаларни бу тарзда келтирдики, токи ушбу оятни эшитган ёки ўқиган киши кўрувчи билан кўрмайдиганнинг, эшитувчи билан эшитмайдиганнинг фарқини, уларнинг асло тенг бўла олмаслигини  билсин.

Дарҳақиқат, улар тенг бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Эслаб кўрмайсизларми?!” деяпти. Яъни сизларда шу аъзолар борлиги ҳақида ўйлаб кўрмайсизларми?! Булардан ибрат олмайсизларми?!

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай деб марҳамат қилган:

“Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур” (46-оят).

Яъни баъзи инсонда кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бўлади, лекин ўша сезги аъзоларини ўз ўрнида ишлатмайди. Ўзига нотаниш бўлган нарсаларни билиш учун уларни ишга солмайди.

Бизларни мусулмонлардан қилган ва бизларга кўз, қулоқ, қалб ва бошқа кўплаб неъматларни берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг “Тафсир” китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси   

 

 
« Олдинги   Кейинги »