Садақанинг фазли (6-тавсия) Принтер учун
26.10.2016 й.

Image 

Садақанинг фазли  (6-тавсия)

 

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй Каъб ибн Ужра! Ҳаром мол билан ўсган гўшт ҳам, қон ҳам жаннатга кирмайди. У дўзахга лойиқ. Эй Каъб ибн Ужра, одамлар (манзилларидан) эрталаб чиқиб кетадилар, кимдир жонини (дўзахдан) озод қилиш ҳаракатида бўлиб, уни озод қилади. Кимдир уни кишанлаб қўяди. Эй Каъб ибн Ужра, намоз (Аллоҳга) қурбатдир. Рўза (маъсиятлардан) қалқондир. Садақа гуноҳларни худди силлиқ тошни устида сирпанган муздек (осонлик билан) ўчиради».

Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

 

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй Каъб ибн Ужра, ҳаром мол билан ўсган гўшт ҳам, қон ҳам жаннатга кирмайди. У дўзахга лойиқ», деган сўзлари ҳаром йўл билан топилган мол билан озуқаланган одам жаннатга кирмайди, у жаҳаннамга лойиқдир, деганидир.

 

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдим...  Сўнгра у зот – яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам – «Сени яхшилик эшикларига йўллаб қўяйми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. У зот: «Рўза қалқондир. Худди сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

 

Табароний «Муъжамул кабир»да ва Байҳақийлар Уқба ибн Омирдан ривоят қилишган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа қабрнинг иссиғини ўчиради. Мўмин Қиёмат куни садақасининг соясида сояланади», деганлар». 

 

Маймуна бинт Саъд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга садақа ҳақида фатво беринг», дедим. У зот: «У (садақа) Аллоҳ азза ва жалланинг важҳини истаб, савоб умидида қилган одам учун жўзахдан парда бўлади», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Ҳаром йўл билан топилган молни еган одам жаннатга кирмайди, у жаҳаннамга лойиқ бўлади;

2. Кимдир жонини дўзахдан озод қилиш пайидан бўлади, кимдир гуноҳ-маъсиятларга ботиб, жонини  кишанлаб қўяди;

3. Намоз Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишдир;

4. Қалқон жангчини қилич ва найза тиғларидан асрагандек, рўза ҳам рўзадорни маъсият, шаҳват ва ҳаром-харишдан асрайди;

5. Сув оловни ўчирганидек, садақа ҳам гуноҳларни ўчиради;

6. Киши ҳаётлик чоғида садақа бериб юрса, ўша садақа қабрнинг иссиғини сўндириб туради;

7. Аллоҳ розилиги учун, савоб умидида қилинган садақа дўзахдан парда бўлади.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz