Аллоҳнинг адолати Принтер учун
21.10.2016 й.

 Ҳамма қаердандир, кимдандир адолат излайди: раъият подшоҳидан, ходим раҳбаридан, хотин эридан, ожиз кучлидан, мазлум золимдан, фақир давлатманддан адолат истайди. Аммо ҳеч ким излаганини топа олмайди, чунки адолатнинг “уйи”ни билмайди. Адолатнинг турар жойи Парвардигор ҳузуридадир. Ўлгандан кейин қайта тирилишнинг борлиги энг буюк адолатдир!

Адолатсизликни эса зулм келтириб чиқаради. Зулмнинг турлари жуда кўп. Масалан, эр хотинининг ҳимоячиси бўлмагани учун унга зулм қилади. Бошлиқ мансабини суиистеъмол қилиб, қўл остидаги ишчиларга нисбатан зулмга ўтади. Агар сени кучинг одамларга зулм қилишга ундаса, Аллоҳнинг сенинг устингдаги қудратини эсингга ол. Инсоннинг илми кучайгани сари Аллоҳдан қўрқиши ҳам кучайиб боради. Бордию, банда кучга тўлиб, “хоҳлаган нарсамни қилавераман”, деб адолатсиз куч ишлатишга ўтса, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади. Аллоҳнинг ғазаби эса ўта шиддатлидир.

 Адолат аслида нима дегани? Бу сўз арабча “адл”дан олинган, “адл” луғатда «тўғрилик, мустақимлик, ҳаққонийлик, одиллик» маъноларини ифода этади. Уламолар истилоҳида эса инсон нафсидаги гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан уни қайтарадиган малака, ҳақ эгасига ҳаққини беришга интилиш «адолат» деб аталган. Бунинг акси зулм, ғадр, инсофсизликдир. Аллоҳ таоло бизни адолатли бўлишга чақирган. Шунинг учун инсон ҳар бир ҳаракатини мезон ва адолат доирасида қилишга интилиши лозим. Ҳар ишда одил бўлиш, золим бўлмаслик, ҳақсизлик қилмаслик жуда аҳамиятли, гўзал ахлоқдандир.

Мусулмон киши хотинига, фарзандига, қўшнисига, халқига, ўзига ва бутун инсониятга ишда ҳам, бошқа ҳар қандай муносабатларда ҳам адолатли бўлиши керак. Чунки Аллоҳ таоло адолатга – исломий мутлақ адолатга буюрган. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахсга, жамоатга ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади, ҳавойи нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. «Бир соатли адолатли ҳукм қирқ йиллик ибодатга тенгдир» мазмунида ҳадиси шариф бор. Бу, душманга нисбатан ҳам адолатли бўлиш керак, деганидир.

Мусулмонлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолатли бўлишга буюрилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа жаннат аҳлидир: адолатга муваффақ бўлган подшоҳ; қариндошлари ва мусулмон биродарларига раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; болалари кўп ва ўзи муҳтож бўлса-да тиланчилик қилмайдиган киши», дедилар.

Адолатсизлик энг ёмон хулқлардандир. Дунёнинг бутун тизими ва мартабаси адолат билан қўлга киритилади. Ислом ҳукдорларининг аксари, хусусан халифалардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Умар ибн Абдулазиз, Марвон ибн Абдулмалик, Ҳорун ар-Рашид ва бошқалар ўта адолатпарварликлари билан машҳур бўлишган.  

Биз Аллоҳни ақл билан эмас, қалб билан ҳис этамиз. Сувга ташналик сувнинг мавжудлигини исботлагани каби адолат учун интилишимиз – ана шу адолатнинг мавжудлигига бизнинг далилимиздир. Ер юзида адолат йўқ бўлса ҳам, у тантана қилиши керак. Бу эса фақатгина охиратда, адолатли Қози-Ҳакам ҳузуридагина амалга ошади.

Аллоҳ ҳамиша фақат адолатга даъват этади ва адолат  жорий бўлиши билангина мамнун бўлади. Унда Аллоҳ нега ер юзида адолат ўрнатмайди, золимни, қотилни, ўғрини дарров жазоламайди, дейсизми? Шунинг учунки, Аллоҳ бизларнинг озод, эркин бўлишимизни истайди. Агар бизларда тўғри ва нотўғри ишлардан, итоат ва гуноҳкорликдан бирини танлаш ихтиёри бўлмаганида, эркимизнинг заррача маъноси қолмас эди. Аллоҳ таоло ҳаммани солиҳ ва итоаткор қилиб қўйишга қодир Зот, лекин бунинг учун У бизнинг ихтиёр-эркимизни тортиб олиши керак бўлади. Аллоҳ таолонинг қоидасида ёзилганидай, эрк нақадар аччиқ бўлмасин бахтли қулликдан афзалроқдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизни адашадиган, касал бўладиган, изланадиган қилиб қўйди. Бу донолик эса турли ёвузлик, зулмга, баъзан эса адолатсизликка ҳам йўл қўяди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Агар Аллоҳ одамларни улар қилган бор гуноҳлари билан жазоласа эди, ерда бирон жонзотни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача қолдиради» (Фотир сураси, 45-оят).

Ануширвон бундай дейди: «Бир воқеа менинг адолат борасида ибратланишимга сабабчи бўлди. Йигитлик вақтимда бир куни овга чиқдим. Қоним қайноқ бўлгани учун отимни ҳар томонга чоптирардим. Пиёда келаётган бир киши тош отиб, бир итнинг оёғини синдирди. У одам бир неча қадам босар-босмай менинг отим тепиб, унинг икки оёғини синдирди. Кейин отим бир харсанг тошга қоқилиб, икки оёғини синдириб олди. Мен кетма-кет бўлаётган бу воқеаларни кўргач, ўзимга ўзим: «Кўрдингми, улар нима қилишди ва нимани кўришди? Ким ярамас бир ишни қилса, ўзи истамаган ишни албатта кўради», дедим ва бу воқеадан ибрат олдим».

Ривоятларда келишича, пайғамбарлардан Мусо алайҳиссалом Парвардигорга: «Менга бир адолатингни кўрсат» деб ёлборавергач, У: «Мана шу тоғ этагига бориб ўтир, адолатимни кўрасан», дебди. Ҳазрати Мусо айтилган ерга бориб, тўрт томонга тикилиб ўтирди. Узоқда бир отлиқ киши пайдо кўринди. Суворий отини чоптириб келиб, тоғдан тушаётган бир чашмадан отини суғорди. Ўзи ҳам ташналигини қондирди, кийимларини ва ҳамёнларини ерга қўйиб, юз-қўлини ювди. Бироз ҳордиқ чиқаргач, кийиниб, отига миниб йўлга тушди. Аммо ҳамёнини унутиб қолдирди. Кўп ўтмай булоқ ёнида бир бола пайдо бўлди. У ҳам сувдан ичди, юз-қўлини ювди. Кетаётганида ҳамённи кўриб қолиб, уни чўнтагига солиб, ўйноқлаганича булоқдан узоқлашди. Шу пайт бир кўр киши ҳассасини дўқиллатиб келиб қолди. У ҳам пайпаслай-пайпаслай булоқни топиб, сувидан ташналигини қондириб, йўлига кетди. У ҳали кўздан йўқолмай, ҳамёнини унутиб қолдирган суворий пайдо бўлди. У келасолиб, булоқ атрофидан ҳамёнини қидирди. Топа олмагач, уёқ-буёққа аланглаб нарироқда кетаётган кўрни кўриб қолди. Уни қувиб бориб, ёқасидан олди: “Қани, топиб олган ҳамённи буёққа чўз-чи!” “Нималар деяпсиз, қанақа ҳамён? Мен ҳеч қандай пул-мул кўрганим йўқ”. “Боя шу ерда ҳамёнимни унутиб қолдирибман. Бу ерда сендан бошқа ҳеч ким йўқ, демак, уни сен олгансан…”, бўш келмади отлиқ. Суворий аламидан қайсарлик билан тониб турган кўрни ўлдирди. Бу ҳолни кўриб турган Мусо алайҳиссалом Парвардигорга муножот қилди: «Эй Роббий, мен гувоҳ бўлган воқеа адолатдан эмас, чунки ҳамённи бола олган эди, Сен эса бегуноҳ кўрни ўлимга ҳукм қилдинг!». Шунда У зот бундай деди: «Кўрганларингнинг бари адолатимдандир! Отлиққа ҳамёнини унуттирдим, бола келиб уни топиб олди. Чунки ҳамён боланинг ҳаққи эди: отлиқ бир вақтлар боланинг отасидан бир ҳамён олтин қарз олиб, вақтида бермаган эди. Сўнг боланинг отаси ўлди, отлиқ бола бўлган ишлардан бехабар, деб қарз олганидан тонди ва олтинларни болага қайтармади. Мана, адолатимга кўра бола ҳақини олди. Кўр эса бир вақтлар отлиқнинг отасини ўлдирган эди, суворий отасининг қотилини ўлдириб, қасос олди ва бу ишда ҳам адолатим адо этилди».

Ривоят қилишларича, бир киши ҳажга борди. У жуда эътиборли киши бўлгани учун ўнлаб хизматкорлар унга ҳамроҳ эди. Тавоф асносида хизматкорлар бу зодагон кимсани улуғлаб, одамларни унга яқинлаштирмас эди. Ўша зодагон ҳаж амалларини тугатгач, ўз шаҳрига қайтиб келди. Ушбу қиссани ривоят қилувчининг айтишича, “Бироз муддат ўтгач, ўша бадавлат бўлган кимсага ўхшаган бир кишини Бағдоддаги бир кўприк олдида кўриб қолдим. Лекин бу кишининг аҳволи жуда ночор эди. У одамлардан ёрдам сўраб, тиланиб турарди. Унинг олдига бориб, тикилиброқ қарасам, у: "Нима учун менга бу даражада қаттиқ тикилиб қараяпсан?" деди. Мен: "Мен олдин билган бир кишига ўхшар экансан", десам, у: "Ўша киши менман", деди. Мен: "Ким сени бу аҳволга солиб қўйди?" десам, у: "Мен одамлар тавозуъ қиладиган Каъбада такаббурлик қилибман. Каъба атрофида тавоф қилишда кибру‑ҳавога йўл қўймаслик керак экан. Ушбу маконда гарчи подшоҳ бўлсанг ҳам қул бўлиб туришинг керак экан. Мен одамлар тавозуъ қиладиган ўринда такаббурлик қилган эдим, Аллоҳ мени одамлар юқори мақомда бўладиган юртимда хор инсонга айлантириб қўйди", деди.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига жо бўлган барча сифатлари  маъноси шу дунёдаёқ рўёбини топади. Аммо Адл исми жузъий ҳолда амалга ошади. Яъни, Аллоҳ таоло баъзи ёвуз кимсаларни қолганларнинг ёвузликдан ва зулмдан тўхташи учун азоблайди. Баъзи яхши кимсаларни эса қолганларни шижоатлантириш учун мукофотлайди. Лекин мукофотнинг нақди Қиёмат куни бўлади. Аллоҳ бу ҳақда: "Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз" (Оли Имрон сураси, 185‑оят) деган.

Аллоҳнинг “ал-Муқсит” сифати Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилса, “ҳукмида адолатли” деган маънони беради. Муқсит – мазлум учун золимдан ҳаққини олиб берувчи, деганидир. Бир банда бошқа бир бандага зулм қилсаю, Аллоҳ мазлумга золимдан ҳаққини олиб берса, золим зулмидан қайтиб, Аллоҳга тавба қилса, демак Аллоҳ золимга икром кўрсатибди. Аллоҳ таоло: "Агар ҳукм қилсанг, ораларида адолат билан ҳукм қил. Аллоҳ адолат қилувчиларни севади", деб айтган (Моида сураси, 42‑оят).

Инсон бошқа бир кишини телбаларча севиб қолиши, аксинча бошқа кишини телбаларча ёмон кўриб қолиши мумкин. Лекин инсоф унга адолат билан яхши кўриб, адолат билан ёмон кўришни тақозо қилади. Баъзи одамлар бирор кишини яхши кўриб қолишса, унинг барча айбларини беркитишади. Бордию, бирор кимсани ёмон кўриб қолишса, барча фазилатини яширишади. Бу ҳолат ҳам адолатсизлик ва зулм турларидан биридир.

Аҳли донишдан бири айтади: “Бир дўстим: "Менинг икки ўғлим бор, бири фосиқ ва иккинчиси солиҳ. Мен солиҳ ўғлимга фосиққа қараганда кўпроқ насиба ажратаман", деди. Мен ҳеч иккиланмай: "Бундай қилма! Агар иккинчисига зулм қилсанг уни гуноҳда бардавом бўлиб, оқпадар бўлишига сабабчи бўласан. Сен бу иккиси орасида адолатли бўл, шунда берган нарсангга ҳам барака ато қилади", дедим”.

 Аллоҳнинг адлига далолат қилувчи яна бир ривоятни эшитинг: Бир киши хотини билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотини бориб қараса, тиланчи экан. Хотин тиланчига ўша овқатдан беришни хоҳлаган эди, эри жеркиб, хотинига қаттиқ тегди: "Тиланчини эшик олдидан ҳайдаб юбор". Хотин уни ҳайдаб юборди. Кейинчалик эр‑хотиннинг орасига совуқлик тушиб, эр хотинини талоқ қилди. Сўнгра бошқа киши совчи қўйиб, ўша хотинга уйланди. Кунларнинг бирида хотин иккинчи эри билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотин эшикни очиш учун борса, тиланчи экан. Хотин тиланчини кўргач, қийин аҳволга тушиб қолди. Эри: "Эшикни тақиллатган ким экан?" деса, хотин: "Аввалги эрим!" деди. Шунда иккинчи эри: "Аввалги келган тиланчи мен эдим!" деди.

Ислом мустабидларнинг адолатсизлигини таг-томири билан тугатиш учун пайдо бўлди, у золим ҳукмдорлар учун инқилобга айланди, қулдорларга қарши қилич билан уруш очди. Қуръони карим исломий адолатнинг кенг кўламли қонунларига бўйсунишга даъват этади, сени хўрласалар ўч олишга рухсат беради, лекин марҳаматли бўлиш, кечиришни ҳам тақдирлайди. Шунинг учун Қуръони карим мусулмонларга қарата: «… сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара сураси, 143-оят), деган. Ҳақиқатан Ислом ҳар бир киши учун энг адолатли ўртача ҳукмни танлагандир.

Мустаҳкам илоҳий тартиблар ва қаттиқ қонунлар амалда бўлган ушбу оламда бир инсоннинг гоҳо қозини сотиб олиб ёки миршабларни усталик билан чалғитиб жазодан қутулиб қолганини ёки золим ҳукмдорларнинг қилишига яраша жазо олмай қолишини кўриб, тасаввуримизда адолатсизлик бўлаётганга ўхшайди. Аммо ақл-идрок, соғлом мантиқ уларнинг қилмишларига яраша жазо олишларига, улардан албатта интиқом олиниб, адолат қарор топишига ишонади ва шубҳа билдирмайди. Адолат тўла тантана қиладиган яна бир бошқа дунёнинг, охиратнинг бўлмаслиги мумкин эмас! Ақл-идроқ ва виждон шундай дейди ва шуни таъкидлайди. Ҳақиқат, адолат бу фоний дунёда бўлмаса ҳам ҳамма нарса адолат тарозусига солинадиган соатларнинг етиб келиши муқаррар. Мана шу аломатларнинг барчаси исботлаб, тасдиқлаб турибдики,  адолат қасоси охиратда албатта рўёбга чиқажак! 

Аҳмад МУҲАММАД

islom.uz


 

 
« Олдинги   Кейинги »