Анбиёлар қиссаси ва унинг аҳамияти Принтер учун
11.06.2007 й.

Пайғамбарлар ҳақидаги қиссаларнинг тафсилига киришдан аввал, умуман, Қуръони Каримдаги қиссалар нима, ундан қандай мақсадлар кўзланганини қисқача тушуниб олишимиз керак.Қуръони Каримда қиссалар турли жойларда ва турли муносабатлар билан келади. Ўрнига ва мавъзуига қараб, қисса ҳам ўзгариб туради. Баъзиларга такрор бўлиб туюлган қиссалар, аслида, ҳар жойда алоҳида ўзгача маъно билдиради ва турли мақсадларда ишлатилади.

Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима бўлганини билиш келажак авлод учун ибрат бобида ниҳоятда муҳимдир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарлар қиссаларига алоҳида эътибор беради.
Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи зот–Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билгувчи зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади.
Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса, ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.
Қуръони Карим қиссалари фақат ўтмишни эслаш ва тасалли учун эмас, балки улардан ибрат олиб, ҳаётда фойдаланиш учундир.
Қуръони Карим ҳидоят китоби, унда келтириладиган қиссалар ҳам кишиларни ҳидоят қилиш ишига ҳисса қўшади. Бу ишда эса, шахсларнинг исми, воқеа бўлиб ўтган жойнинг номи, ер майдони каби чегара ва рақамларга боғлиқ маълумотлар унча аҳамиятсиз. Охирги пайтда ўтказилган илмий текширишлар, хусусан, Қуръони Каримни бошқа самовий китоблар билан солиштириб кўришлар ҳам ушбу фикрни тасдиқлаб чиқди. Шунинг учун замонавий тафсирчиларимиз, мазкур қўшимча маълумотларга берилиб кетмасдан, асосий эътиборни Қуръони Карим зикр этган ҳодисаларнинг моҳиятига қаратишни маслаҳат берадилар.
Ўтган умматларнинг қиссалари Қуръони Каримнинг турли сураларида келади. Аммо ҳар бир сурада ўзига хос услуб ва иборалар билан баён этилади.
Қуръони Каримдаги қиссалардан асосий мақсад ибрат олиш эканини баён қилиб Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир».
Ҳа, ўтган умматларнинг қиссаларида ақл ишлатган ҳар бир киши учун ибрат бор.
Ҳа, бу Қуръон ва унинг қиссалари тўқима-уйдирма эмас, балки олдинги илоҳий китобларда келган нарсаларнинг тасдиғидир. Одатда ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Бирпасда ўртада хилоф чиқиб, сири фош бўлиб қолади.
Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар тўқилган ва уйдирма бўлганида бундай бўла олмас эди.
Яна, Қуръон ва унинг қиссалари ҳидоятдан иборатдир, ёлғон ва уйдирма ҳеч қачон ҳидоят бўлган эмас, бўла олмайди ҳам.
Қуръон иймон келтирганларга раҳматдир. Ёлғон ва уйдирма ҳеч кимга раҳмат бўлган эмас, бўлмайди ҳам.
Уламоларимиз Қуръони Каримдаги қиссалардан кўзланган мақсадларни очиқ-ойдин баён қилганлар. Улар, жумладан, қуйидагилардан иборат:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари ва Қуръони Карим илоҳий китоб эканлигини исбот қилиш.
Ўқимаган, ёзмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтмишдаги қиссаларни ўзича бундай аниқлик билан келтира олишлари мумкин эмас. Фақат Аллоҳ ваҳий орқали айтиб бериши мумкин, холос.
2. Ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақида ҳикоя қилиш ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг умматлари қалбига собитлик солиш ва уларга тасалли бериш.
3. Кишиларни иймон-Ислом йўлига тарғиб қилиш, қизиқтириш.
4. Охир-оқибатда Аллоҳ Пайғамбарларга ва мўминларга нусрат бериб, кофир ва золимларни ҳалок қилишини баён этиш.
5. Турли уммат ва халқларнинг муваффақияти ёки ҳалокати сабабларини ўргатиш.
6. Пайғамбарлар кишиларни яхшиликка даъват қилиб келганларини баён қилиш.
7. Иймон-Ислом йўли бахт-саодат йўли эканини, куфр ва зулм йўли ҳалокат йўли эканини англатиш.

Демак, Қуръони Каримни ўқиган, ўрганган ёки уни бировга ўргатишга уринган одам қиссалардаги мазкур маъноларга алоҳида эътибор бермоғи лозим. Ундан бошқа маъноларни топишга уриниш эса, асл мақсаддан узоқлашишдир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz