Соғлом муҳитнинг таъсири Принтер учун
18.10.2016 й.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.

Абу Саъид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан олдингилар ичида 99 та жонни ўлдирган бир кимса бор эди. У ер юзи аҳлининг энг билимдон кишисини суриштирди. Уни бир роҳибга далолат қилинди. У роҳибнинг олдига келди ва ўзининг 99 та жонни ўлдирганини, тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Роҳиб: “Имкон йўқ” деб жавоб берди. Бояги кимса роҳибни ҳам ўлдирди ва саноқни 100 тага етказди. Кейин яна ер юзининг энг илмли кишисини суриштирди. Уни бир олимга далолат қилинди. У бориб, ўзининг 100 та жонни ўлдирганини, энди тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Олим: “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки, у ёмон жой экан” деб жавоб берди. Бояги кимса айтилган томонга жўнади. Ярим йўлга етганда, ўлим фариштаси унга етиб олди (вафот этди). У одам хусусида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу одам тавба қилган ҳолда қалби билан Аллоҳ таоло сари кетаётган эди” дейишди. Азоб фаришталари: “Бу одам ҳеч яхшилик қилмаган” дейишди. Шунда уларнинг ёнига бир фаришта одам суратида келди. Фаришталар уни бу ишга ҳакам қилдилар. У: “Сизлар унинг яшаган жойи билан бормоқчи бўлган жойини ўлчаб кўринглар. Бу одам қайси тарафга яқинроқ бўлса, ўша тарафга ҳукм қилинади” деди. Фаришталар ўлчаб кўрсалар, у одам бормоқчи бўлган тарафига яқин экан. Дарҳол унинг руҳини раҳмат фаришталари кўтариб олдилар”. Муттафақун алайҳ.

Бир ривоятда: “У одам бир солиҳ қишлоққа бир қарич яқинроқ экан. Шунинг учун ўша қишлоқ аҳлидан деб эътибор қилинди” дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: “Аллоҳ таоло бу ерга “Бу одамдан узоқлаш” деб, бунисига эса “Бу одамга яқинлаш” деб ваҳий қилди ва уларнинг орасини ўлчанглар” деб буюрди. Фаришталар ўлчашса, у одам бунисига яқинроқ экан. Бас, уни мағфират қилинди” дейилган.

Бу ҳадисда айтилишича, юзта одамни ўлдирган киши бир олимдан тавба қилишга имкони бор-йўқлигини, нажотга эришиш йўлини сўраганда, олим унга “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки, у ёмон жой экан” деб жавоб берган экан. Олим у одамни яхши, солиҳ муҳитга боришга ундади.

Дарҳақиқат, соғлом, яхши муҳит охиратда нажотга эришиш сабабларидан биридир. Шунинг учун инсон соғлом муҳитни ахатириши, ёмон муҳитдан узоқлашиши лозим бўлади. Шунингдек, инсон солиҳларни дўст тутиб, уларга яқинлашиб, ёмон улфатлардан узоқлашиши ҳам лозим бўлади.

Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Мустадрак” китобида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши дўстининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан дўстлашаётганига назар солсин!” деганлар.

Яъни киши дўстининг сийратида бўлади. Шунинг учун дўстнинг яхшисини, солиҳини танлаш керак. Арабларда “Соҳиб, дўст ўзига тортувчидир” деган мақол бор.

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фақат мўмин киши билан дўстлаш. Таомингни фақат тақводор одам есин” деганлар.

Яъни дўстлашишингга лойиқ одам мўмин киши, таомингни ейишга лойиқ одам тақводор кишидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф сураси, 67-оят).

Демак, бу дунёда бир-бирини гуноҳларга чорлаган улфатлар қиёмат куни бир-бирига душман бўлар экан. Бири ғийбат қилаётганда иккинчиси уни ўша ишдан қайтармаган, балки унга қўшилиб, биргаликда ғийбат қилган ва ҳоказо. Улар бир-бирларига маъсият ишларида ёрдам берганлар. Қиёмат куни улар бир-бириларидан қочадилар.

Тақводорлар эса, бир-бирларини тоатга, яхшиликка ундайдилар. Улар бир-бирлари билан яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар. Шунинг учун уларнинг дўстликлари охиратда ҳам давом этади.

Инсон доимо солиҳларга яқинлашишга, ёмонлардан узоқлашишга ҳаракат қилмоғи лоғим. Одамлар орасида шундай кишилар борки, уларга назар солиш биланоқ ҳол ўзгаради. Қалб ўзгаради. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича хабар берганлар: “Албатта, Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар кўринсалар, уларга назар солинса, Аллоҳ зикр қилинади”.

Яъни уларни кўрганингда Аллоҳни зикр қиласан.

Шундай инсонлардан бири Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳдир. У кишининг мажусий қўшниси бор эди. У одам Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ яшайдиган уйнинг тепасида турарди. У ҳожатхонасининг тешигини Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг уйларига тўғрилаб қўйган эди. Ўша тешикдан у кишининг уйларига нажосат оқиб тушарди. Саҳл раҳимаҳуллоҳ эса, ўша нажосатларни бир идишга тўплаб, ўша мажусийга индамасдан, узоқроқ жойга ташлаб келар эдилар. (Қайси биримиз бундай қила оламиз?! Қўшнимиз бизга нисбатан шу каби ишни содир этса, сабр қила оламизми?! Ваҳоланки, бизнинг қўшниларимиз мусулмонлар. У кишининг мазкур ишни қилган қўшнилари эса, мажусий эди.)

Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ бир неча йил давомида бу озорларга сабр қилдилар. Ўлимлари яқинлашганда, фарзандларига “Мажусий қўшнимизни чақириб келинглар!” дедилар. Ўғиллари уни чақириб келишди. У келганда, унга “Сен бир неча йиллардан бери шундай-шундай қиласан. Мен сенга бу нарса ҳақида хабар бермасдим. Лекин мен ажалим яқинлашганини сезяпман. Мендан кейин ўғилларим сенинг бу ишингга мен сабр қилганимдек сабр қилолмайдилар деб қўрқаман. Агар шу қўрқув бўлмаганда, сенга бу ишинг ҳақида хабар бермаган бўлардим” дедилар.

Шунда мажусий “Мен сизнинг динингизда бўлмасам ҳам сиз шуларнинг ҳаммасига сабр қилиб келяпсизми? Қўлингизни беринг” деди.

Саҳл раҳимаҳуллоҳ қўлларини унга узатдилар. У Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг қўлларидан тутиб, “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ” деди.

Кейин Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ вафот этдилар. Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг охирги амаллари қўлларида бир инсоннинг исломга кириши бўлди.

Хўш, у одам нега ислом динига кирди? Албатта, Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг гўзал хулқлари сабабидан, у кишига яқин бўлгани сабабидан мусулмон бўлди.

Шунинг учун биз ҳам атрофимиздаги муҳитга қарашимиз, кимлар билан бирга юрганимизга назар солишимиз лозим. Агар биз турган муҳит яхши, соғлом бўлмаса, у ердан тезлик билан узоқлашиб, яхши муҳитга бориб ўрнашишимиз, агар бирга юрган улфатларимиз солиҳ бўлмасалар, улардан ҳам зудик билан узоқлашиб, солиҳларга яқинлашишимиз лоимдир.

Тобеинлар замонида Абу Жаҳм деган киши бўлган. У Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга қўшни эди. Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ Мадинадаги тобеинларнинг олимларидан бўлганлар.

Бир куни Абу Жаҳм уйини сотмоқчи бўлди ва уни юз минг дирҳамга сотди. Кейин уйини сотиб олганларга “Саъид ибн Мусайябнинг қўшни бўлгани учун яна қанча тўлайсизлар?” деди. Улар ҳайрон бўлиб “Ҳеч замонда қўшничилик ҳам сотиб олинадими?!” дейишди. Буни эшитган Абу Жаҳм уларга “Ҳовлимни қайтариб бериб, пулларингизни олинглар! Аллоҳга қасамки, уйда ўтириб қолсам, аҳволимни сўрайдиган, мени кўрса, ҳурсанд бўладиган, уйда йўқ бўлсам, уйимни муҳофаза қиладиган, агар ҳозир бўлсам, менга яқин бўладиган, агар бирор нарса сўрасам, ҳожатимни раво қиладиган, агар ҳеч нарса сўрамасам, ўзи менга яхшилик қиладиган, агар менга бир мусибат етса, оғиримни енгил қиладиган кишининг қўшничилигини ҳаргиз тарк қилмайман” деди.

Бу гап Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга етди. У кишига “Сиз ҳақингизда қўшнингиз шундай-шундай гапларни гапирди” дейилди. Шунда Саъид ибн Мусайб раҳимаҳуллоҳ қўшниларига юз минг дирҳам юбордилар ва унга “Ҳовлингни ўзингда қолдир!” дедилар.

Хўш, Абу Жаҳм ўз ҳовлисини сотишдан нима учун бош тортди? Харидорнинг юз минг дирҳамини нега қайтариб берди? Албатта, солиҳ қўшнини йўқотмаслик учун шундай қилди. Чунки, у соғлом, яхши муҳитда, уни Аллоҳнинг тоатига ундайдиган, қизиқтирадиган киши билан қўшни бўлиб яшарди.

Шунинг учун инсон доимо ўзига ўзи “Мен қаердаман? Қандай муҳитда яшаяпман? Ёнимда бирга юрганлар ким? Улар қандай одамлар?” каби саволларни бериши керак.

Масжидда ўтирган одамнинг ўзини тутиши, гап-сўзлари ташқаридагидек бўлмайди. Масжиднинг ҳурматини сақлаб, одобига амал қилади. Шунинг учун масжидда эътикоф ўтириш суннатдир.

Аллоҳ таолодан барчамизни ибодатга ундайдиган, тоатга ёрдам берадиган соғлом муҳитда яшашга муяссар қилишини сўраймиз. Албатта, У ҳамма нарсага қодир Зотдир. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.  

 

Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси   

      

 
« Олдинги   Кейинги »