Нафсни поклаш-1 Принтер учун
06.10.2016 й.


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳга ҳамд бўлсин, У Зотга ҳамд айтамиз, У Зотдан ёрдам сўраймиз, У Зотдан мағфират сўраймиз, нафсимиз ва амалларимиз ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса ҳеч ким уни адаштира олмас, кимни адаштирса ҳеч ким уни ҳидоят қила олмас. Гувоҳлик берамизки, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, У Яккадир, Унинг шериги йуқ ва Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва элчисидир.
Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири нафсни поклашдир. Бу масалада Аллоҳ таоло айтади:
 “У Зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларни ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди”, (Жума сураси, 2 оят).
Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонган ҳар бир банда нафсни поклашга катта эътибор бермоғи лозим. Аллоҳ таоло банданинг нажот топишида нафсни поклашга боғлиқлигини таъкидлагандир. Ушбу таъкид Қуръонда кетма-кет ва ўн бир қасамдан сўнг келган бўлиб, бундай кетма-кетликда келувчи қасамлар бутун Қуръонда факатгина шу ўринда мавжуддир.
(Ушбу ҳақиқат нафсни поклаш масаласини қанчалар муҳим эканлигини янада очиб беради):
Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам. Унинг ортидан келадиган Ой билан қасам. Ва у (қуёш)ни равшан кўрсатган наҳор билан қасам. Ва у (қуёш)ни қоплаган тун билан қасам. Ва осмон билан ва унинг бино қилиниши билан қасам. Ва ер билан ва унинг тўлалишимбилан қасам. Ва нафс билан ва унинг бекам-кўст қилиниб яратилиши билан қасам. Бас, у (нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади. Ва батаҳқиқ, ким у (нафс)ни кирласа, ноумид бўлади”  (Шамс сураси, 1 10 оятлар).
Нафсни поклаш (тазкиятун нафс) – уни разолатлардан соф қилмоқ демакдир. Уламоларимиз ушбу жабҳада тасниф қилган турли хил китоблардан фойдаланиш бир қанча сабабларга кўра қийин бўлиб қолгандир. Ўша асарларнинг кўпи катта жилдлардан иборат бўлиб, ҳар бир мусулмон ҳам ўқий олиши қийин. Шунингдек, уларнинг баъзиларида заиф хабарлар ва тўқилган ҳадислар ҳам кўплаб учрайди. Шу туфайли, Аллоҳга хамд бўлсинки, биз, ривоятлари ишончли ва саҳиҳ бўлган бир китоб таълиф этишни ният қилдик.
Мол дунё ва фарзандлар наф бера олмайдиган, фақатгина Аллоҳга саломат қалб билан келган нажот топадиган кунда”, (Шуаро сураси, 88 89 оятлар) ушбу рисолани нақл қилишга ёрдамлашган, нашр қилган ва ўқиган биродарларга манфаат беришини Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб қоламиз. Мақтов ва миннат Аллоҳ таолоникидир ва қайтиш Унгадир.

Холислик ва суннатни ушлаш


Ушбу икки нарса амалнинг қабул бўлишининг шартидир.
Аллоҳ таоло ҳар қандай амалда токи икки шарт мужассам бўлмас экан уни қабул қилмайди. Аввалгиси холис ният бўлиб, бу инсон қалбида бўлувчи ботиний шартдир. Иккинчиси ўша амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ушлаш бўлиб, бу кўриниб турувчи, зоҳирий шартдир. Ушбу маънога Аллоҳ таолонинг нозил қилган Китоби ва юборган Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари далолат қилади.
Аллоҳ таоло айтган:
“У Зот ўлимни ва ҳаётни сизлардан қай бирингиз гўзалроқ амал қилиши борасида синаш учун яратди
” (Мулк сураси, 2 оят).
Фузал ибн Иёз айтган: “Оятдаги “гўзалроқ амал”дан мурод холисроғидир. Амал холис бўлсаю, тўғри (суннатга мувофиқ) бўлмаса, қабул бўлмайди. Тўғри (суннатга мувофиқ) бўлсаю, холис бўлмаса ҳам қабул бўлмайди.
Аллоҳ таоло айтган:
 “Бас, ким Роббисига йўлиқишни умид қилгувчи бўлса, солиҳ амал қилсин ва Роббисининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин” (Каҳф сураси, 110 оят).
Оятдаги солиҳ амалдан мурод – суннатга мувофиқ бўлганидир, ибодатда шерик қилмасликдан мурод – ихлосдир.
Аллоҳ таоло айтган:
Эҳсон қилгувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кимсадан ҳам дини гўзалроқ ким бор!?” (Нисо сураси, 125 оят).
(Эҳсон – Аллоҳга сен Уни кўриб турганингдек ёки У сени кўриб турганидек ибодат қилишинг).
Оятда юзини Аллоҳга таслим қилишдан мурод – ихлосдир, эҳсондан мурод – суннатга мувофиқ бўлишдир.

 Манба: islom.uz
Афзал Аброр таржимаси.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz