Энг кучли даъват – мўминнинг муносиб ва гўзал хулқидир Принтер учун
03.10.2016 й.


 

 

Энг кучли даъват – мўминнинг
муносиб ва гўзал хулқидир

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давр талаби,
иммунитет танқислиги ҳамда илм олишнинг зарурлиги ҳақида

 

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2014 йилда Россияга сафар қилиб, у ерда Х Халқаро ислом анжуманида иштирок этган эдилар. Сафар давомида Москвада чиқадиган «Минарет Ислама» («Ислом минораси») журнали мухбири шайх ҳазратлари билан суҳбат қилиб, уни журналнинг 2015 йилги илк сонида чоп этган. Қуйида ушбу суҳбатнинг эркин таржимаси билан танишасиз.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий Олим эдилар, устозларнинг устози эдилар. У киши – соҳиби замон, собиқ шўро ҳудудидаги мусулмонлар ҳамжамиятининг виждони эдилар. У киши собиқ шўро давлати ҳудудида дунё тан олган ягона олим эдилар ва ягона бўлиб қолмоқдалар. У кишининг сўзига президентлар, қироллар, вазирлар ҳамда дунёдаги миллионлаб оддий инсонлар қулоқ тутишарди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Содиқ жаноблари Бутунжаҳон мусулмон уламолари бирлашмаси котибияти, Бутунжаҳон Ислом иттифоқи таъсис йиғини,  Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси президиуми, Бутунжаҳон исломий халқлар бошқарувининг бош котибияти,   Бутунжаҳон Ислом даъвати уюшмаси ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси эдилар. Саудия Арабистони, Урдун, Покистон каби давлатлардаги бир қатор университетларининг фахрий аъзоси эдилар. Шўро даврида эълон қилинган қайта қуриш даврида шайх Муҳаммад Сидиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини бошқардилар ва шўро парламентига халқ ноиби бўлдилар. Шоҳидларнинг айтишича, шўро давлатида мусулмонларга нисбатан ҳукм сурган даҳрий сиёсатнинг сустлашиши ва охир-оқибат бутунлай бекор қилиниши у кишининг хизматлари натижасидир. Шайх ҳазратлари ХХ аср охири – ХХI аср бошида Ислом оламида юз берган аксар инқирозли ҳолатларни ичкаридан кузатиш ва ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекистонда муфтийлик лавозимидан кейин узоқ муддат турли давлатларда яшаб, ижод қилдилар.

Аллоҳ талонинг иродаси ила у киши ўзлариниг сўнгги интервьюларини бизнинг ойномага бердилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ваъз-иршодлари, ҳодисаларга берган баҳолари бугунги кунда умматнинг келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир инсон учун фундаментал аҳамиятга эгадир.

 

 

– Муҳтарам шайх ҳазратлари, давримизнинг қайси муаммоларини уммат учун энг муҳим деб биласиз? Шундан келиб чиққан ҳолда, мусулмонлар бу таҳдидларга қандай чора ва усуллар билан нафақат қарши туришлари, балки уларнинг олдини олишлари мумкин?

– Ҳозир энг муҳими – экстремизм ва терроризмга қарши курашиш. Бутун дунёда ножоиз ишларни, урушларни, қотилликларни кўряпмиз. Покистон, Афғонистон, Ливан, Сурия, Ироқ, Миср, Сомали ва ҳоказо – ҳамма жойда мусулмонлар бир-бирини ўлдирмоқда. Шаҳарлар вайрон, одамлар азобда, мол-мулкка, табиатга зиён етказилмоқда. Ислом олами қийин аҳволда қолган. Бошқа тарафдан, номусулмонлар ҳам Ислом оламига қараб туриб, тўғри савол бераяпти: мусулмонлар ўзаро келиша оладиларми ўзи? Ички муаммоларини тинч йўл билан ҳал қила оладиларми? Ноисломий усулларни қўллаётганларнинг танобини тортиб қўя оладиларми?

Экстремизм, терроризм ва радикализмга барҳам бериш учун янада кўпроқ куч, диққат ва маблағ сарфлашимизга тўғри келмоқда. Умматнинг тараққиёти ва равнақига тинчликсиз эришиб бўлмайди.

Ислом дини инсоннинг ўз Робби олдидаги, Пайғамбар алайҳиссалом олдидаги, Қуръони карим олдидаги, халқи олдидаги масъулиятини кўрсатиб бериш учун келган. Мусулмон кишининг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлиб, биз бу масъулиятни чуқур англаб етмоғимиз, чинакам мусулмон бўлиш учун, дунё ва охиратда раҳматга сазовор бўлиш учун уни шараф билан адо этмоқгимиз керак. Ҳар бир мусулмон бу дунёда қандай яшаш, Роббига қандай ибодат қилиш, мусулмон биродарига ва ғайримуслимларга қандай муносабатда бўлишни билиш учун ва бошқа кўплаб саволларга жавоб топиш учун ўз динини чуқур билиши шарт.

– Ёш мусулмон йигит-қизлар кўпинча ҳақ йўлни тополмай сарсон, Ижтимоий тармоқларда «бошқача фикрдагилар», уруш ва қотилликни, яъни «жиҳод»ни қўллаб-қувватламаётганлар шаънига ўқилаётган лаънатларни ўқиб даҳшатга тушасиз... Бироқ бу ёш авлод шўро давлатидан кейинги даврда, динга эркинлик берилган, динни ўрганиш ва ўргатиш мумкин бўлган даврда улғайишган-ку! Балки исломий таълим соҳасида жиддий камчиликларимиз бордир? Балки умуман исломий маориф тизимига танқидий назар ташлаш керакдир?

– Ростини айтадиган бўлсак, собиқ шўро давлати таркибида бўлган мусулмон юртларида шу кунгача тўлақонли ва самарали исломий таълим тизими яратилгани йўқ. Совет давлатидан кейинги даврда  одамлар ҳеч қандай билим олмаган, динининг асосларини билмаган ҳолда Исломга киришар эди. Кўпчилик мадрасада бир йил ҳам ўқиб кўрмаган кишиларни «катта уламолар» деб билишарди. Дуч келган китобчаларни ўқиб олиб, ўзларини ҳам билимдон санаб қолишарди. Илмсизлик, жоҳиллик, ҳар хил адашган оқимларни Ислом деб ўйлаш – энг оғриқли муаммоларимиздан биридир. Шунинг учун ҳам ғайратли, қизиққон ёшлар алдоқчиларнинг тўрига тушиб қолишади. Биз террорчи ва экстремистларнинг таҳдидига жиддий, пухта таълим олиш ва таълим бериш билан жавоб беришимиз лозим. Энди маорифсиз, сифатли исломий таълим тизимисиз яшаб бўлмайди.

– Дунёда чегаралар йўқолиб бормоқда. Биринчи навбатда виртуал дунёда чегаралар йўқолди. Узоқ масофалар кун сайин яқинлашмоқда. Техник тараққиёт қулайликларидан қандай қилиб фойдали ва оқилона баҳраманд бўлиш ва айни пайтда ўзликни, умматнинг бирлигини йўқотмаслик мумкин? Бу тўғрида Сизнинг фикрларингиз қандай?

Технологияларнинг ривожланиши бизни четлаб ўтади, мусулмонлар бу нарсадан қандайдир айри яшайди, деб ўйлашнинг ўзи бемаъниликдир. Ҳа, дунё кенгайиб, каттакон бир қишлоққа ўхшаб қолди. Мусулмонлар эса бу янгиликларни танқидий баҳолашга тайёр эмас эди. Бизда янги васвасаларга қарши иммунитет, янги шароит ва имкониятларни ҳушёрлик билан баҳолашга қобилият йўқ экан. Тасаввур қилинг, икки киши юзма-юз ўтиришибди, сиз билан мен каби гаплашишяпти. Айтилган сўзлар, билдирилган фикрлар бир-биримизга қандай таъсир қилаётганини кўриб турибмиз, уларга жавоб беришимиз мумкин. Виртуал мулоқотда-чи? Кўпчилик «Экран ортидан кўринмаётган бўлсам, микрофонни ўчириб қўйсам ёки маълум муддат керакли ниқобни кийиб олсам, бундай мулоқот учун жавобгар эмасман» деб ўйлайди. Йўқ! Сўз ўйини қилаётганлар, бировларни адаштираётганлар, ёлғон образларга кириб олаётганлар гуноҳкорлардир! Исломни юзаки биладиган, масъулиятсиз ҳатти-ҳаракат қиладиган, хунук сўзлар айтадиган (қаерда бўлишидан қатъи назар), ўз-ўзига танқидий қарамайдиган бунақанги «диндор»лар умматни кучайтирмайди. Шунинг учун – яна бир бор таъкидлайман – маърифат тарқатиш керак, ўқиш, илм олиш керак, ҳар бир мусулмоннинг қалбида самимият, холислик бўлиши керак. Виртуал бўладими, юзма-юз бўладими, мулоқот пайтида икки шахс мулоқот қилади. Ҳақиқий мусулмон эса ҳар бир гапига, ҳар бир сўзига Аллоҳ таоло баҳо бериб турганини билади.

– Келинг, мусулмонларнинг ҳатто номусулмонлар ҳам доим юксак баҳо бериб келаётган сифатларига мурожаат қилайлик. Масалан, мусулмонлар ота-онани, катта ёшдагиларни, уламоларни доимо ҳурмат қилиб келишган. Мусулмон оилалар тинч-тотувлиги, аҳиллиги, болажонлиги билан машҳурдир. Балки умматнинг эътиборини айнан шу нарсаларга йўналтириш, шу жиҳатларни мустаҳкам ушлаш керакдир?

Мен бу сифатларни ҳам эндиликда шартли устунлик деган бўлардим. Нега дейсизми? Чунки бугунги авлодлар аждодлари ўрганиб, амал қилиб келган мазҳаблардан четланиб кетишди. Катталарни ҳурмат қилмайдиганлар, одатда, динда ҳам бемазҳаблардир. Бир бемазҳаб тўрт йил давомида бошқасига дарс берса, бунинг касофати аввало оилага уради. Мазҳабни билмайдиган, унга амал қилмайдиган кимса оилада ўз отасини ҳам осонгина кофирга, иймонсизга чиқариб қўйиши мумкин... Таъкидлаш лозимки, бизнинг оилавий қадриятларимиз – исломий дунёқараш ва одоб-ахлоқнинг узвий қисмидир. Бизнинг бурчимиз – уларнинг йўқ бўлиб кетишига, уларнинг ўрнини исломий меъёрларга, мусулмонларнинг ахлоқига футур етказадиган “янги” одатлар эгаллаб олишига йўл қўймасликдир.

Китобларингиз, илмий фаолиятингиз билан танишган одам Сизни бу ишлардан қўл силтайди ёки тинчгина ҳаёт тарзини танлайди, дея олмайди. Ватанингизда ва халқаро миқёсда, собиқ шўро мусулмонлари билан мулоқотда жуда катта тажриба тўплагансиз. Нима деб ўйлайсиз, мусулмонларнинг мамлакатлараро миқёсида, турли муаммолар бўйича фаолият юритаётган кенгаш ва комиссиялар миқёсида янада самаралироқ ҳамкорлик қилиш вақти келмадимикан? Янада ғайрат билан, қатъият билан, изчил ҳаракат қилиш вақти келмадими?

Бугунги кунда дунё мулоқот ўрната олиш салоҳиятига муҳтождир. Ислом дунёсидаги мулоқот энг юксак даражада бўлмоғи керак. Айтмоқчиманки, эндиликда фақат анжуман ва форумлар шаклидаги мунозаралар билан челкланиб қолиш керак эмас, балки фаолият доирасини янада кенгайтириш керак. Исломий мулоқот – ҳар қандай миқёсдаги, илмий муассасалар, исломий хайрия ташкилотлари, бир мамлакат ёки турли мамлакатлар мусулмонлари миқёсидаги самимий ва фаол муносабатлардир. Таҳликали, урушларга тўлган даврдаги тинч мулоқот ва ҳамкорлик ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Номусулмонлар билан ҳам ижобий ва мазмунли мулоқот олиб бориш асносида исломий маданият ва анъаналарни кенг ёйиш имкониятига эга бўламиз. Жанубий-Шарқий Осиёдаги кўпгина халқлар Исломни қай тарзда қабул қилганини бир эсланг. Маҳаллий аҳоли тарозидан урмайдиган, ҳисоб-китобда алдамайдиган, харидорнинг бой-камбағаллигига қарамай, бир хилда хуш муомала қиладиган хорижий савдогарларни кўриб, ҳайрон қолган. Мусулмон савдогарлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашар, рақобатни ҳам ҳалол қилишарди. «Бундай ажойиб хулқни қаердан олгансиз?» – деб сўрашганда «Булар ўзимизнинг хулқимиз эмас, – бу динимизнинг фазилати» дейишарди мусулмонлар.

Ҳақиқий мусулмон ҳар қандай ҳолатда ҳам муносиб мулоқот олиб боради. Аслида, энг таъсирли даъват ҳам ана шудир.

Кўпгина давлатларда бугунги кунда ҳам динсиз одамлар Ислом динини «маҳаллий халққа хос бўлмаган» экзотика ва ҳатто хавф-хатар манбаи, деб ҳисоблашади. Бироқ, атиги 15-20 йил аввал илк бор азон айтила бошлаган турли минтақаларда мусулмонларнинг сони тез кўпаймоқда,  масжид-мадрасалар қурилмоқда. Бугунги кунда дин ҳақидаги чуқур билимларни тарқатиш учун қандай қўшимча манбаларни ишга солиш ва қўллаш керак деб ҳисоблайсиз?

Билимларни тарқатиш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солиш керак, келажакда юзага келадиган имкониятлардан эса ҳадиксирамаслик лозим. Қаранг, Интернет туфайли илм олувчилар сони мисли кўрилмаган даражада ортди, уламоларнинг маърузаларини кўриш ва тинглаш имкониятлари пайдо бўлди. Бугунги кун одами турфа хил ахборот манбаларига эга бўлди. Биз бу воситаларни эзгу мақсадларда ишлатишимиз, уларни муносиб мазмун ила тўлдиришимиз, таълим беришимиз, мисоллар келтиришимиз, Ислом асосларини тушунтиришимиз мумкин. Интернет макони аҳолиси энг кўп бўлган мусулмон давлатга айланиб қолди. Инсоннинг қаерда яшаши муҳим эмас, Таиланддами, Россиядами ёки Жанубий Америкадами – фарқи йўқ. Энди у ўз фикр-мулоҳазаларини, ҳаётий тажрибаларини бутун дунё билан баҳам кўриши мумкин. Шундай экан, келинглар, инсонни ички дунёсини бойитадиган нарсаларни улашайлик, дин инсоннинг турмуш тарзини қандай безатишини, муносиб ҳаёт тарзига айлантиришини сўзлаб берайлик. Аммо мен сизга яна бир нарсани айтаман: ҳар бир мусулмоннинг ҳаёт тарзи, феъл-атвори ва гап-сўзлари – Исломни намойиш қилувчи энг самарали қўлланма, ёрқин намунадир, тирик кўргазмадир! Энг кучли даъват – мўминнинг муносиб ва гўзал хулқидир.

Китоб ёзаётганингизда, бирор саволни муҳокама қилаётганингизда ўзини қийнаб турган савол билан келган киши сиймосини хаёлингизда ушлаб туришингиз муҳимми?

Ўта хос ҳолатлар, ўзига хос воқеа-ҳодисалар бор. Албатта, гоҳида шундай бўладики, бир инсон билан гаплашасан, кейин унинг муаммоси ҳақида роса ўйланасан, тафаккур қиласан, Аллоҳ таолодан унга енгиллик сўраб дуо қиласан. Аммо аввал бир киши, кейин иккинчи, учинчи ва ҳоказо мусулмонлар бир хил муаммони кўтариб келаверса, унда бунинг замирида ётган сабабни ўйлаб кўриш, бу ҳолатларни умумлаштириш керак деб биламан. Ана шунда кўпинча масаланинг моҳияти аён бўлиб, сўнгра мана шу мавзуда ёки мана бу масала ҳақида бир китоб ёзиш керак экан, деган хулосага келинади. Мен бу жавоблардан имкон қадар кўпроқ инсонлар манфаат олишини, билимлари кўпайишини ва улар ҳам тафаккур қилишларини истайман.

Кўплаб асарларингиз ижтимоий-диний ва ҳатто сиёсий жараёнларга жиддий таъсир кўрсатганини биламан. Таъбир жоиз бўлса, қандай қилиб «башарнинг қалбини калом ила ёритиш» мумкинлиги тўғрисида кенгроқ тўхталсангиз.

Совет иттифоқи даврида коммунистик тузум динни батамом ман қилиб қўйган эди. 70-80 йил давомида ҳамма нарса йўқ қилинди, айниқса, биз – мусулмонларнинг китоблари, масжидлари, мадрасалари ёқилди. Бизга Исломни ўрганиш мутлақо тақиқланарди. Совет иттифоқи қулаган пайтда шундай улкан давлат ҳудудида бор-йўғи иккита – Бухорода 40 талаба, Тошкентда 50 талаба ўқийдиган исломий таълим муассасаси бор эди.

Мустабид тузум йўқ бўлгач, одамларда динни ўрганишга кучли иштиёқ пайдо бўлди, бироқ бунинг учун муносиб муаллимлар, мударрислар йўқ эди. Чет эллардан етиб келган ўқитувчилар эса ўзлари билан ўз муаммоларини ҳам олиб келишди. Шу тариқа бизда ҳам «жиҳодчилик» ва бошқа муаммолар куртак ота бошлади. Ўзбекистон пойтахти Тошкентда портлашлар бўлди, ҳукуматга қарши чиқишлар юз берди. Бу пайтда мен Ватанда эмас эдим. Уламолар билан маслаҳатлашиб, нимадир қилиш керак, деган қарорга келдик. Ватанимга қайтиб келганимдан сўнг қилган биринчи ишим – мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида китоб ёздим. Бу китобда мазкур ихтилофлар ҳамда уларнинг сабаб ва ечимлари кўрсатиб берилган эди. Китобни ўқиган одамлар менга: «Шайх ҳазратлари, сиз бу китобни 10 йил олдин ёзганингизда, бу кўнгилсизликлар юз бермас эди», дея бошлашди.

Одамларга ҳақиқий динни, ҳанафий фиқҳини ўргата бошладик. Алҳамдулиллаҳ, бу уринишимиз муваффақиятли бўлди. Бир куни уйимга давлат идораларининг масъул кишиси ташриф буюриб, «Бир илтимосим бор. «Ҳизбут-таҳрир» ҳақида китоб ёзиб беринг. Бу партияга жуда кўп ёшлар аъзо бўлишган, мен эса бир неча йилдан бери уларни қамашга мажбур бўляпман. Асосан 17, 18, 19 ёшли болалар. Мен буни истамайман, улар эркинликда яшаши керак. Улар ҳақиқий, мухлис мусулмонлар бўлиши керак. Менга жавобингизни айтмагунингизча уйингиздан кетмайман», деди.

«Дин – насиҳатдир» китоби шу тариқа ёзилди. Биз ҳеч кимни куфрда айбламадик, ҳеч кимни ҳақорат қилмадик. Ҳаммамиз мусулмонмиз, биродармиз деган фикрни тушунтиришга ҳаракат қилдик. Кўплар тушунишди, аммо ҳамма эмас. Шунинг учун кейинги китоблар ёзилди, маърузалар қилинди. Бу китобларни қамоқхоналардаги одамлар ҳам ўқишар эди. Уларнинг кўпчилиги хатоларини тушуниб, кечирим сўраб, ҳукуматга мурожат қилишди ва озодликка чиқишди.

 

Людмила Мишина суҳбатлашди

«Минарет Ислама», №1, 2015. 36-41-бетлар

 

 

 
« Олдинги   Кейинги »