Зинога яқинлашманг-5 Принтер учун
23.09.2016 й.


ИСЛОМДА ҲАРОМ ҚИЛИНГАН ЖИНСИЙ АЛОҚАЛАР

Ушбу бўлимда биз Исломда қандай турдаги жинсий алоқалар ҳаром қилинганлиги ила бирма-бир танишиб чиқамиз, улар:
Никоҳсиз ҳолда бўлувчи алоқалар.
Икки эркак орасида бўлувчи жинсий алоқалар.
Икки аёл орасида бўлувчи жинсий алоқалар.
Истимно (ўзини ўзи шаҳватини қондириш).
Ўзаро никоҳи ҳаром бўлганларга никоҳланиш.
Вақтинчалик никоҳ.
Эр-хотин орасидаги ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари:
Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа.
Рамазон рўзасида оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва Ҳаж вақтида яқинлик қилиш.
Орқага яқинлик қилиш.

НИКОҲСИЗ ҲОЛДА БЎЛУВЧИ АЛОҚАЛАР

Никоҳсиз ҳолда амалга оширилган жинсий алоқа зино дейилади. Исломда бу кўринишдаги жинсий алоқа мутлақо ҳаромдир.     
Аллоҳ айтади: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32 оят).
Аллоҳ яна бундай марҳамат қилади: “Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун 5 – 7 оятлар).
Аллоҳ яна бундай марҳамат қилади: “Сен: “Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз” деб айт” (Анъом сураси, 151 оят).     Ҳадисларда ҳам зино гуноҳи кабиралардан эканлиги, унга яқинлашиш ҳаром эканлиги такрор-такрор баён қилинган. Шундай ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Киши зино қилганда унинг иймони ундан чиқиб боши узра туради. Зинодан бош тортгач иймон унга қайтиб киради” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Бошқа ҳадисда: “Ким менга икки оёғи орасидагига ва икки жағи орасидаги (нарсани сақлашга)га кафиллик берса, унга жаннатнинг кафиллигини бераман” деб айтганлар (Бухорий ривояти). Яъни фаржини ҳаром ишлардан сақлашга ва оғзини ҳаром гапириш, ҳаром ейишдан сақлашга кафиллик берса, унга жаннат кафиллиги берилар экан.
Бутун уммат олимлари зинонинг, никоҳсиз жинсий алоқа қилишнинг ҳар қандай кўринишлари мутлақо ҳаром эканлигига ижмоъ қилишган.


ИККИ ЭРКАК ОРАСИДА БЎЛУВЧИ ЖИНСИЙ АЛОҚАЛАР


Исломда эркак эркакка шаҳват назари билан қараши, ўпиши ва бундан ҳам жирканч бўлган жинсий алоқада бўлишини мутлақо ҳаром қилинган. Бундай ишни қилганларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам катта ёмонликлар ваъда қилинган. Бундай ишларга рухсат берувчи, бир жинс вакилларини ўзаро никоҳланишларига имконият яратиб берувчилар ҳам уларга гуноҳда шерикдирлар.
Аллоҳ айтади: “Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: “Сиздан олдин оламларда ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?! Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!” деганини эсла”.
Лут алайҳиссалом қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари – баччабозликларини қоралашга бошлайдилар. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар. Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут алайҳиссалом бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини: “Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!” деб таърифламоқдалар.
“Қавмнинг жавоби: “Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан”, дейишларидан бошқа нарса бўлмади”.
Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан чиқариб юборилар эканлар. Уларнинг “айблари” битта – жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.
“Бас, унга ва аҳлига нажот бердик. Магар хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлди”.
Пайғамбарга фақат унинг оила аъзоларигина иймон келтирдилар. Аммо уларнинг орасидан ҳам энг яқин кишиси – хотини иймон келтирмади. Оқибатда у жинояткор қавмга қўшилиб ҳалок бўлди.
“Ва Биз уларнинг устидан “ёмғир” ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол!”.
Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдирди ва барчалари ҳалок бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида умматни бундай жирканч ишдан қаттиқ қайтарганлар. Бир ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим хусусида қўрққан нарсаларимнинг энг қўрқинчлироғи Лут қавмининг амалидир” деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).
Али разийяллоҳу анҳу айтган эканлар: “Кимки хоҳиш билан ўзига яқинлик қилишларига имкон берса, Аллоҳ унга аёллар шаҳватини ташлайди ва уни қабрида қиёмат кунигача тошбўрон қилиб ҳайдалган шайтонга ўхшатиб қўяди” (Имом Заҳабийнинг “Кабоир” китобларидан).  
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч маротаба такрор-такрор қилган ҳолда бундай деганлар: “Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Биз ҳам айтамиз: бундайларни Аллоҳ лаънатласин, лаънатласин, лаънатласин!!!


ИККИ АЁЛ ОРАСИДА БЎЛУВЧИ ЖИНСИЙ АЛОҚАЛАР

Исломда аёл аёлга шаҳват назари билан қараши, ўпиши ва бундан ҳам жирканчлиси бўлган жинсий алоқа қилишини мутлақо ҳаром қилинган. Бу турдаги жирканч ишни қилганларга ўзаро жинсий алоқа қилган икки эркакка нима ваъда қилинган бўлса, ўша азоб-уқубатлар ваъда қилинган. Бундайларни ҳам Аллоҳ лаънатлагандир ва биз ҳам уларга лаънат айтамиз!
Бундай аёллар қуйидаги ҳадисда таърифлаб берилган аёллар туркумига кирадилар десак адашмаган бўламиз: “Кийим кийган – яланғоч, ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар дўзах аҳлидандирлар. Бошлари туянинг ўркачлари каби оғувчидир. Жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар. Ваҳоланки унинг ҳиди жуда узоқ масофадан билиниб туради” (Муслим ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Эркак эркакнинг авратига қарамасин, аёл аёлнинг авратига қарамасин. Эркак эркак билан бир кийимнинг ичида бўлмасин, аёл аёл билан бир кийимнинг ичида бўлмасин” (Муслим ривояти).
Ҳадисдан маълумки, бирор аёл бошқа аёлнинг авратига қараши, уни ёки ўзининг шаҳватини уйғотувчи ишларни қилиши ҳаромдир.
Бир ҳадисда: “Аёл билан аёл жинсий алоқа қилиши - зинодир” дейилган (Тобароний ривояти).


ИСТИМНО (ЎЗИНИНГ ШАҲВАТИНИ ЎЗИ ҚОНДИРИШ)


Исломда ўз жинсий шаҳватини ўзи қондириш ҳаром амаллардан ҳисобланади. Бу амал қандай кўринишда бўлмасин, қай тарзда бажарилмасин, уни бажарган эркак бўладими ёки аёл бўладими, уни қилган банда гуноҳкор бўлади.
Аллоҳ айтади: “Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун сураси, 5 – 7-оятлар).
Уламоларнинг кўпчилик қисми ушбу оятни ўзини ўзи шаҳватини қондириш ҳаром эканлигига далил қилиб келтирганлар.
Ибн Аздий раҳимаҳуллоҳ заиф ҳадислар қаторида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисида “Аллоҳ қиёмат куни етти тоифа инсонларга қарамайди ҳам, гапирмайди ҳам” дейилган ва улар орасида “ўзининг қўлига никоҳланувчи” ҳам санаб ўтилган.
“Ўзининг қўлига никоҳланувчи”дан мурод ўз қўли ила шаҳватини қондирувчидир.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир” деганлар (Бухорий ривояти).
Бу мавзу бўйича барча далилларни ўрганиб чиққач Ислом олимлари қуйидаги ҳукмларни айтганлар:
1. Истимно қилиш ўз қўли биланми ёки бошқа номаҳрамнинг қўли биланми фарқи йўқ ҳолда ҳаромдир.
2. Ўз шаҳватини қондиришнинг (албатта ҳалол кўринишлари мустасно) ҳар қандай кўриниши ҳаромдир. Бунда истимно қилувчи эркак бўладими ёки аёл бўладими фарқи йўқ.
3. Истимно лаззат олиш учун бўлганда ҳаромлигини уламолар айта туриб узр сабабидан истимно қилиш жоиз ёки жоиз эмаслигида иккига бўлинганлар:
Аввалгилари: “Истимно қилиш ҳар қандай ҳолатда ҳам жоиз эмас. Зинога қўл уриш хавфи бор бўлса, ҳадисда келганидек рўза тутиши керак ва сабр қилиши керак. Зеро ҳаром ишни қилмаслик учун сабр қилиш - вожибдир” деганлар.
Иккинчилари: “Агар зино қилиб қўйишдан ўзини тута олмаслигига ишончи комил бўлса, ҳаддан ошмаган ҳолда, шаҳватга берилмасдан, зинодан қочиш учун истимно қилиш жоиз. Бунда у Аллоҳдан кечиришини сўрайди ва фаҳшга йўлиқтирмаслигини У Зотдан ўтиниб тилайди” деганлар.

 

 Манба: islom.uz
Афзал Аброр таржимаси.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz