Зинога яқинлашманг-3 Принтер учун
09.09.2016 й.
 
НОМАҲРАМЛАР БИЛАН ХОЛИ ҚОЛИШ

Зинога олиб борувчи йўлларнинг энг хатарлиси номаҳрам бўлган аёл ва эркакнинг икковлари холи қолишидир. Бу нарса ҲАРОМдир. “Холи қолиш” деганда ўзлари кўринмайдиган, овозлари эшитилмайдиган жойда ёлғиз ўзлари бирга қолишлари тушунилади.
 Аксар фаҳш ишлар номаҳрамларнинг ўзаро холи қолишлари сабабидан юзага келади. Шайтон ҳам бундай пайтда бор кучини холи қолганларни фаҳш иш қилишга ундашга сарфлайди. Бу нарсани уларга зийнатлаб кўрсатади ва улар ҳиссиётларини жиловлай олмайдилар. 
Агар инсон бундай ҳолатда ўз ҳиссиётларини жиловлаб олишига бутунлай, мутлақо ишонса ҳам унга номаҳрам билан холи қолиш ҳаром бўлади. 
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Бирортангиз маҳрами олдида бўлмаган аёл ила холи қолмасин!”
Имом Аҳмад Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эркак ва аёл холи қолсалар учинчилари шайтон бўлади” деб айтганлар. 
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳеч бирингиз никоҳида бўлмаган ёки бирорта маҳрами бўлмаган аёл ила бир уйда (бошқа хонада бўлса ҳам) тунаб қолмасин”. 
Шунингдек номаҳрамлар бир-бирларига тегишлари ва қўл бериб кўришишлари ҳам ҳаром. Бу ҳукмга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллар билан қўл бериб кўришмасликларини таъкидлаб айтганлари ва қуйидаги икки ҳадис далолат қилади: 
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Номаҳрамлар билан холи қолишдан эҳтиёт бўлгин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки бирор эркак номаҳрам аёл билан холи қолса, улар орасига шайтон киради. Бир эркак ўз елкасини номаҳрам аёлнинг елкасига текказганидан кўра лой ёки балчиққа қорилиб ётган чўчқани қучоқлагани яхшироқ” дедилар” (Табароний ривояти).
Ушбу ҳадисдан жамоат жойларида, транспортларда ва навбат кутиш жойларида номаҳрамлар бир-бирларига тегиб туришлари жоиз эмаслиги ва бундай ҳолатларни олдини олиш вожиб эканлиги ҳам аён бўлади. 
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз ўзига номаҳрам бўлган аёлни ушлагандан кўра бошига темирдан бўлган катта игна суқилгани яхшироқдир” дедилар” (Тобароний ривояти).
Энди номаҳрамлар билан холи қолишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
- Эркак ёки аёл ўз маҳрами билан холи қолса ўзини тутиб тура олмаслиги мумкинлигини билса, холи қолиш ҳаром бўлади.
- Эркак ва аёл холи қолганларида олдиларида оқ-қорани ажратмайдиган ёш бола бўлса ҳам улар холи қолган ҳисобланадилар.
- Никоҳдан ўтмаган бўлажак келин ва куёв холи қолишлари ҳаром. Жуда бўлмаса, олдларида оқ-қорани ажратадиган бола бўлиши шарт.
- Бир аёл, икки ва ундан кўп номаҳрам эркак билан қолса ҳаром, фақат улар ёмонликка қўл урмайдиган даражада бўлган солиҳ инсонлар бўлса, зарурат бўлганда жоиз. 
- Бир эркак кўп номаҳрам аёллар билан холи қолиши - агар улар ёмон аёллар бўлмаса - жоиз. Бўлмаса ҳаром.
- Даволаш ишларида холи қолиш мутлақо жоиз эмас, маҳрам ёки ҳамшира бўлиши шарт. Аёл киши аёл шифокор бўла туриб эркак шифокорга учрамайди ва эркак киши эркак шифокор бўла туриб аёл шифокорга учрамайди. Аммо касали жиддий бўлиб шифокор ўта тажрибали бўлганда ва ўз жинсидан тажрибали шифокор топилмаганда зарурат юзасидан жоиз.
- Талоқ қилган аёлини ражъий талоқ қилган бўлса, холи қолиш жоиз. Боин талоқ қилган бўлса, холи қолиш жоиз эмас.
Юқорида айтиб ўтганимиздек номаҳрамлар бир-бирларига тегишлари, шаҳватларини қўзғатувчи ҳолатларга йўл қўймасликлари шарт.
- Жамоат транспортлари, одамлар зич  тўпланадиган жойларда икки жинс вакиллари бир-бирларига тегиб туришлари мутлақо жоиз эмас. Улар бир-бирларидан узоқда туришлари ва шаҳватларини қўзғатувчи ҳолатларга йўл қўймасликлари вожиб.
- Кучли зарурат бўлмаса таксига танҳо ўтирмаслик керак ёки бирор киши билан ўтириш керак. Кўпгина уламолар “Ҳайдовчиси номаҳрам бўлган таксига ўтириш – фасод кўпайиб кетгани сабабли –ҳаромдир” деганлар. Аёл киши таксида бир ўзи шаҳардан ташқари жойларга бориши - ҳаром.
- Номаҳрамлар бир-бирлари билан қўл бериб кўришишлари ҳаром.
- Холи қолмасликни таъминлаш, холи қолишни олдини олиш - вожиб. Зеро, ҳаром ишга йўл очиш ҳам ҳаром ишдир. 
- Ота–оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари – вожибдир.



ФАҲШ НАРСАЛАРНИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ, ИНТЕРНЕТ ВА БОШҚА ВОСИТАЛАР ОРҚАЛИ КЎРИШ, ЭШИТИШ, СУҲБАТЛАШИШ.
ФАҲШГА ОИД ТУРЛИ ЁЗУВ ВА АДАБИЁТЛАРНИ ЎҚИШ

Зинога олиб борувчи йўллардан энг кўп тарқалгани ва ҳамманинг қўли етадигани телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали фаҳш нарса кўриш, фаҳшга доир турли ёзувлар ва адабиётларни ўқишдир. Бу нарсанинг ҳам ҲАРОМ эканида шак-шубҳа йўқдир. Зеро, олдин айтиб ўтганимиздек Исломда ҳаром нарсага олиб борувчи йўллар ҳам ҳаромдир. Шунингдек шахс ва жамиятни маънавий ва моддий жиҳатдан бузилишига сабаб бўлувчи ҳар қандай нарса ҳам ҳаромдир. Бу мавзуга номаҳрамлардан кўзини тиймаслик ҳақида баҳс қилганимизда тўхталиб ўтдик. Аммо ҳозирги кунимизда ушбу муаммо жуда долзарб бўлиб тургани учун алоҳида ўрганиб чиқсак катта фойда бўлади. 
 Турли воситалар орқали фаҳш нарсаларни кўрган, эшитган, ўқиган, суҳбатлашган инсоннинг нияти қандай бўлмасин барибир у Исломда таъқиқланган ҳаром ишни қилган бўлади.  
Ушбу мавзуга боғлиқ ҳукмлар:
- Телевидение орқали турли фаҳш кўрсатув ва филмларни кўриш - ҳаром.
- Ҳаётда номаҳрамларга қараш ҳаром бўлган ҳолатлар телевизор, интернет, журнал, суратлар ва турли хил маҳсулотларнинг қадоғида ва реклама баннерларида бўлганда ҳам - ҳаром.
- Интернет орқали фаҳшга чорловчи турли веб саҳифаларга кириш -ҳаром.
- Компьютер ва телефонда интернет орқали ижтимоий тармоқларда номаҳрамлар билан шаръий заруратсиз суҳбатлашиш, “дўстлашиш” ва шу каби ишлар - ҳаром. 
- Ота–оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари - вожибдир.

Номаҳрамлар билан суҳбатлашишга оид ҳукмлар:

- Турли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо–сотиқ муомалалари, ижара, қарз олди-бердида, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш ва касалга хизмат қилинганда (жинсдош одам бўлмаса), чўкиш, ёниш ва шу каби қутқарув ишларида, заруратан, номаҳрамлар билан гаплашиш – жоиз. Бу ҳолатларда керакли гаплардан нарига ўтилмайди. 
- Аёл киши номаҳрамлар билан гаплашганда (телефонда ва биров эшик қоққанда ҳам) овозини майин қилиб, нозланиб гапиририши жоиз эмас. 
 


НОМАҲРАМЛАР ОЛДИДА ЎЗИНИ КЎЗ-КЎЗ ҚИЛИШ


  Зинога олиб борувчи йўллардан яна бири бу ўзини номаҳрамларга кўз-кўз қилишдир. Бошқача қилиб айтганда кўчада Ислом чегараларида бўлмаган кийимларни кийиш, безаниш ва хўжакўрсин ишларни қилиш. Бу амал ҳам ҲАРОМдир. 
       Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидагича марҳамат қилган: “Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31 оят). 
Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Кийим - номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Фитна вақтида аёл киши юзини ҳам ёпиши лозим эканлигини жумҳур Ҳанафий олимлари таъкидлаганлар. 
Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган. 
Аллоҳ таоло бу масалада ушбу оятни ҳам нозил қилган: “Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Аҳзоб 59). 
Бу оятда ҳам мўминалар ўз авратларини тўсиб юришга, номаҳрам эркакларга зийнатларини кўрсатмасликка буюрилмоқдалар. Агар аёллар иффатли бўлсалар ва Аллоҳ уларга буюрганидек кийиниб юрсалар, бегона эркаклар уларни кўрганда қандай аёл эканликларини биладилар ва ортиқча ҳаракат қилмайдилар. Зеро баъзида эркак аёлга тегачоқлиқ қилиши ва гап отишида аёлнинг ҳам ўрни бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ҳадис ривоят қилинган: “…Кийим кийган-яланғоч, ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар дўзах аҳлидандирлар. Бошлари туянинг ўркачлари каби бир тарафга оғувчидир. Жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар. Ва ҳоланки, унинг ҳиди жуда узоқ масофадан билиниб туради” (Муслим ривояти). 
Ҳадисда хабари келган “кийим кийган-яланғоч” аёллар ҳақида уламолар бир-бирини тўлдириб келувчи тўрт хил фикрларни айтганлар:
1. Аллоҳнинг берган неъмати ила кийиниб, шукр қилмайдиган, яъни шукр қилиш жиҳатидан яланғоч аёллар.
2. Кийим кийган аммо яхшилик қилиш, ўз охиратига эътибор бериш, тоатларни бажариш жиҳатидан яланғоч.
3. Ўз жамолини кўз–кўз қилиш учун баданининг баъзи қисмларини очиб юради. Ҳадисдаги “кийим кийган–яланғоч” дегани шу.
4. Юпқа ёки ёпишган кийим кийганидан бадани кўриниб, қомати билиниб туради.
Аллома Мустафо Адавий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай деганлар: “Менинг наздимда 3чи ва 4чи бандлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган маъноларига кўпроқ тўғри келса керак”.
Ҳадисда хабари келган “ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар” ҳақида уламолар “номаҳрам эркакларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилувчи ва ўзлари ҳам номаҳрам эркакларга оғиб кетувчи аёллар” деб айтганлар. 
“Кийим кийган-яланғоч” ва “ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи” бўлганларга баъзи эркаклар ҳам киради. Эркаклар орасида ҳам юпқа ёки ёпишган кийим кийганидан бадани кўриниб, қомати билиниб турадиган, номаҳрам аёлларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилувчи ва ўзи ҳам номаҳрам аёлларга оғиб кетувчи эркаклар бор. Бундай эркаклар ҳам “жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар”. Зеро, бу каби амаллар - эркак бўлсин, аёл бўлсин - ҳар қандай мусулмонга ҳаромдир.
Энди номаҳрамлар олдида ўзини чиройли қилиб кўрсатишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
- Аёл киши фақат эригагина ўзини гўзал қилиб кўрсатиши лозим. Агар аёл киши ўзини эрига чиройли қилиб кўрсатса, бу иши савоблидир.
- Эркак киши номаҳрамларга ўзини кўз-кўз қилиши ҳаромдир. Эркак киши ўз аёлига ўзини чиройли қилиб кўрсатиши савобли амалдир.
- Ота–оналар ўз фарзандларини бундай ишдан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари - вожибдир.
- Эркак аёлга ўхшашга ҳаракат қилиши, жинсини ўзгартириши, аёллар кийимини кийиши - ҳаромдир.
- Аёл эркакка ўхшашга ҳаракат қилиши, жинсини ўзгартириши, эркаклар кийимини кийиши - ҳаромдир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz