Фузайл ибн Иёзнинг сўзларидан Принтер учун
08.09.2016 й.


Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ иккинчи ҳижрий асарда (107ҳ-187ҳ) яшаб ўтган тасаввуфнинг кўзга кўринган вакилларидан, руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бўлиб, “Обидул Ҳарамайн” (“Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий”нинг обиди) деган лақабга эга бўлганлар. Қуйида у кишининг ҳикматларидан баҳраманд бўласиз.

Ҳикматлар

1. Ким айбсиз дўст қидирса, дўстсиз қолади.
2. Амалнинг энг чиройлиси – ихлос билан, тўғри бажарилганидир. Ихлос билан дегани Аллоҳ учун деганидир. Тўғри бажарилган дегани суннатга мувофиқ бўлишидир. Яъни машруъ (Аллоҳнинг ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наздида рози бўлинган) йўлга мувофиқ бўлишидир.
3. Қалбни қотирадиган икки хислат бор: кўп ухлаш ва кўп ейиш.
4. Тавозуъ – Ҳаққа бўйин эгиб, Унга эгилишинг ва ҳақиқатни кимдан эшитсанг ҳам қабул қилишингдир.
5. Модомики киши соғлом экан, қўрқув умиддан афзалдир. Агар унга ўлим келса, у ҳолда умид афзалдир.
6. Гуноҳ сенинг наздингда кичрайгани қадар Аллоҳнинг наздида катталашади. Сенинг наздингда катталашгани қадар Аллоҳнинг наздида кичраяди.
7. Банда, то ундан душмани ҳам омонда бўлмагунча, тақводорлардан ҳисобланмайди.
8. Нияти йўқнинг амали йўқ. Аллоҳ учун қилмаган кишига ажр йўқ.
9. Муҳибликка Аллоҳ етарли. Улфатликка Қуръон етарли. Насиҳатгўйликка ўлим етарли.
10. Аллоҳдан қўрққанинг миқдорича халқ сендан қўрқади.
11. Ўзингга фойдаси бўлмаган нарса ҳақида гапирдинг, бас, у сени сенга фойдали бўлган нарсадан машғул қилди.
12. Инсонлар ўртасидаги алоқани такаллуф (машаққат, қийинчилик) кесади. Улардан бири биродарини зиёрат қилгани боради. Биродари унга бирор машаққат туғдиради. Ўша иш уни ундан узади.
13. Энг яхши ҳадя – ҳикматдан иборат бўлган ёқимли сўздир. Киши уни ёдлаб, биродарига олиб бориб айтади. 
14. Мўмин киши хурмо экади ва у дарахт тиканли мева беришидан қўрқади. Мунофиқ кимса тикан экади ва ундан хурмо беришини талаб қилади.
15. Инсонлар ростгўйлик ва ҳалолни исташдан кўра афзалроқ нарса билан безанишмайди.
16. Мўмин ҳавас қилади, ҳасад қилмайди. Ҳавас (ғибта) иймондандир. Ҳасад нифоқдандир.
17. Ҳомилул Қуръон бўлган кишининг бирор кишига ва бирор раҳбарга ҳожати тушмаслиги керак. Улардан қуйидаги кишиларга келсак, улар унга (ҳомилул Қуръонга) халқларнинг энг муҳтожи бўлишлари керак.
18. Қози бир кун қозилик ишлари билан машғул бўлиши, бир кун ўз нафси учун йиғлаш билан машғул бўлиши керак.
19. Муруввати комил шахс – ота-онасига яхшилик қилган, молини ислоҳ қилган, молидан инфоқ қилган, хулқи гўзал бўлган, биродарларини икром қилган, уйини лозим тутган кишидир.
20. Бир киши Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳдан: “Эй Абу Али, киши қачон Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг чўққисига етади?” деб сўради. Шунда Фузайл раҳимаҳуллоҳ: “Агар Унинг бергани ва манъ қилгани сенинг наздингда баробар бўлиб қолса, бас, Унга бўлган муҳаббатнинг чўққисига етган бўласан” деб жавоб бердилар.
21. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳга “Энг ажабланадиган нарса нима?” дейилди. Шунда у зот: “Аллоҳ азза ва жаллани таниб, кейин Унга исён қилган қалбдир” дедилар.
22. Уч кишини ғазаб пайтида маломат қилма: беморни, рўзадорни, мусофирни.
23. Албатта, кечаги кун масал (қисса, ҳикоя)дир. Бугунги кун амал (амал қиладиган кун)дир. Эртанги кун орзудир.
24. Тилингни сақла! Ишингга юзлан! Замонингни тани! Маконингни махфий тут! (“Маконингни махфий тут!”дан мурод зоҳир бўлиш, шуҳрат қозониш, машҳурлик муҳаббатини тарк эт деганидир).
25. Ҳидоят йўлини лозим тут! Унда юрувчиларнинг озлиги сенга зарар бермайди. Залолат йўлидан сақлан! Ҳалок бўлувчиларнинг кўплиги сени алдаб қўймасин.
26. Қалбингни ҳузн ва хавф (маҳзунлик ва қўрқув)га бўшатиб бер, улар қалбингда ўрнашсин. Шунда у иккиси сени маъсиятлардан узади ва дўзахдан узоқлаштиради.
27. Агар ғийбат зоҳир бўлса, Аллоҳ йўлида бўлган биродарлик (ўртадан) кўтарилади.
28. Ким беш нарсадан сақланса, дунё ва охират ёмонлигидан сақланибди. Улар: ужб, риё, кибр, бировларни масхара қилиш, менсимаслик, шаҳват.
29. Мен Аллоҳга исён қиламан ва унинг асарини эшагим ва ходимимнинг хулқидан биламан.
30. Қориларнинг офати – ужбдир.
31. Гуноҳлари кўпайган, илми заиф (оз), умри тугаган ва охирати учун озуқа тайёрламаган кишининг аҳволи ҳақида нима деб ўйлайсан?!
32. Қалбни қотирадиган икки хислат бор: кўп гапириш, кўп ейиш.
33. Вараъ (парҳезкорлик)нинг оғири, шиддатлиси тилда бўлади.
34. Одамларни деб бир амални тарк қилиш риёдир. Одамларни деб бир амални қилиш ширкдир. Аллоҳ сени бу иккисидан сақламоғи ихлосдир.
35. Мўмин ҳавас қилади, ҳасад қилмайди. Мунофиқ ҳасад қилади, ҳавас қилмайди. 
36. Ўзида бўлмаган нарса учун мақтов эшитишни яхши кўриш, ўзида бўлган нарса учун ёмонланишни ёқтирмаслик, унинг айбларини кўрган кишини ёмон кўриш, яқинларидан бирининг айби ҳақида эшитса, ҳурсанд бўлиш мунофиқнинг аломатларидандир.
37. Агар биродаринг сендан бирор нарса олса, сен унга миннатдорлик кўзи билан қарашинг маъруфдандир. Чунки, агар у сендан бирор нарса олмаганда, сен савобга эришмаган бўлардинг. У нимадир сўраш учун сени танлади. Бошқадан эмас, айнан сендан яхшиликни умид қилди.
38. Фазилат аҳли, модомики ўзларининг фазилатларини кўрмас эканлар, фазилат аҳли ҳисобланадилар.
39. Раҳбарликни яхши кўрадиган бандада қуйидаги нарсалар бўлади: одамларни айбу нуқсонларини зикр қилишни яхши кўради. Бу билан фақат ўзи етукликда улардан ажралиб туришини айтмоқчи бўлади. Унинг ҳузурида одамлар бирор кишини яхшилик билан эслашларини ёқтирмайди. Ким раҳбарликка ошиқ бўлса, унинг салоҳиятидан умид узилади.
40. Сенга бир калима ўргатаман, у сен учун дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир: Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ қалбингдан одамларни чиқариб ташлаганингни, қалбингда Ундан бошқага ўрин қолмаганини билса, Ундан нима сўрасанг, сўраганингни албатта беради.
41. Ким эсланишни, зикр қилинишни яхши кўрса, эсланмайди. Ким эсланишни, зикр қилинишни ёқтирмаса, эсланади. 
42. Ким Аллоҳдан қўрқса, унга ҳеч ким зарар беролмайди. Ким Аллоҳдан бошқадан қўрқса, унга ҳеч ким фойда беролмайди.
43. Дунёда зоҳид бўлмасдан туриб иймон ҳаловатига етишингиз қалбларингизга ҳаромдир.
44. Агар сен кечаси қоим бўлишга, кундузи рўза тутишга қодир бўлмасанг, билгингки, сен маҳрумсан. Хатоларинг сени кишанлаб қўйибди. 
45. Агар мен учун ижобат қилинадиган дуонинг имкони берилса, мен у дуони раҳбарнинг ҳаққида қилардим. Чунки, раҳбарнинг салоҳи юртнинг ва бандаларнинг салоҳидир.
46. Кимнинг хулқи ёмон бўлса, динига, насабига ва мурувватига доғ туширган бўлади.
47. Ким билганига амал қилса, билмаганидан беҳожат бўлади. Ким билганига амал қилса, Аллоҳ уни билмаган нарсасига муваффақ қилиб қўяди. 
48. Банданинг Аллоҳдан қўрқуви Аллоҳни билгани, танигани миқдорича бўлади. Унинг дунёдаги зоҳидлиги охиратга бўлган рағбати миқдорича бўлади.
49. Битта олим мағфират қилинишидан олдин етмишта жоҳил мағфират қилинади.
50. Беш нарса бадбахтлик аломатидандир: қалбдаги қаттиқлик, кўзнинг қуруқлиги, ҳаёнинг озлиги, дунёга рағбат, орзунинг узунлиги.
51. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Салафи солиҳлар: “Албатта, ҳар бир нарса устида закот бор. Ақлнинг закоти узун маҳзунликдир” дер эдилар”.
52. Аллоҳ таоло ёмонликни бир уй қилди. Унинг калитлари дунёга муҳаббатдир. Яхшиликни ҳам бир уй қилди. Унинг калитлари зуҳддир.
53. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ агар “Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз” (Муҳаммад (с.а.в.) сураси, 31) оятини ўқисалар, йиғлаб, ушбу оятни такрорлар ва “Агар Сен бизни имтиҳон қилсанг, шарманда қилиб, ҳақиқий башаримизни очиб ташлайсан” дер эканлар.
54. Дунёнинг ичига кириш осон, лекин ундан чиқиш қийиндир.
55. Агар Қуёш ботса, Роббим билан холи қолишимни ўйлаб, қоронғулик сабабли севиндим. Агар Қуёш чиқса, одамлар менинг олдимга киришларини ўйлаб, маҳзун бўлдим. 
56. Аллоҳга қасамки, итга ва тўнғизга ноҳақ озор беришинг ҳалол бўлмайди. Бас, мусулмонга қандай озор берасан?! 
57. Мўмин гапи оз, амали кўп бўлади. Мунофиқ гапи кўп, амали оз бўлади. Мўминнинг гапи ҳикмат, сукути тафаккур, назари ибрат, амали яхшиликдир.
58. Банданинг Аллоҳдан қўрқуви Уни танигани миқдорича бўлади.
59. Кўпинча кулаётган кишининг кафани қассор (газламани оқловчи (оҳорловчи)  киши)нинг ҳузуридан ташқарига чиққан бўлади.
60. Мен билан хулқи гўзал фожирнинг ҳамроҳ бўлиши мен учун хулқи ёмон обиднинг ҳамроҳ бўлишидан кўра маҳбуброқдир.

 
Манба: islom.uz 
Интернет материалларидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси 

 
« Олдинги   Кейинги »