Имом Аҳмад зиёфати Принтер учун
06.09.2016 й.
Имом Шофеъийнинг имом Аҳмаднинг уйидаги меҳмондорчилиги:
Бир куни имом Шофеъий имом Аҳмаднинг уйига меҳмондорчиликка бордилар. Имом Аҳмаднинг бир солиҳ қизи бўлиб, у тунда намоз ўқир ва кундузи рўза тутар ҳамда солиҳ ва яхши кимсаларнинг ҳаёт тарзлари ҳақидаги қиссаларни яхши кўрар эди. Отаси мақтайвергани учун қизалоқ имом Шофеъийни кўришни хоҳлар эди. Имом Шофеъий меҳмонга келганида қизалоқ кўп хурсанд бўлди. Чунки у имомнинг амалини кўриш ва сўзларини эшитиш иштиёқида эди. Кечки овқатни еб бўлгач имом Аҳмад намозхоналарига кириб зикрга машғул бўлдилар. Имом Шофеъий чалқанча ётардилар, қизалоқ эса у кишини тонггача кузатиб чиқди. Тонг отгач қиз отасига:
"Эй отажон! Сиз менга мақтаб гапирган имомингиз шуми?" деган эди, отаси: "Ҳа, эй қизим", деди.
Қиз: "Сиз имом Шофеъийни мақтаганингизни кўп эшитганман, аммо бу кечаси у киши на намоз ўқиди, на зикр ва на вирд айтишга машғул бўлди. Мен у кишида учта ҳайратланарли нарсани кўрдим", деди.
Отаси: "Эй қизим ўша учта нарса нима экан!" деди.
Қиз: "Биз у кишига овқат тақдим қилганимизда эшитганимга хилоф ўлароқ кўп овқат еди. Хонага кирганида тунги намозни ўқишга ўрнидан турмади. Биз билан бомдод намозини ўқишга турганида таҳоратсиз ўқиди", деди. Кун ёришиб, гаплашишга ўтиришганида имом Аҳмад меҳмонлари имом Шофеъийга қизларидаги мулоҳазани зикр қилдилар. Шунда имом Шофеъий: "Эй Абу Муҳаммад (Аҳмад)! Менинг кўп таом ейишимга сабаб, чунки мен биламанки, сизнинг овқатингиз ҳалол. Сиз эса сахий кишисиз. Сахийларнинг овқати даво ва бахилларнинг овқати дард бўлади. Мен сизни овқатингизни тўйиш учун эмас, балки даво топиш учун едим. Энди тунги намозга турмаганимнинг сабаби, чунки ён бошимни ухлашга қўйганимда олдимда Қуръон ва суннат гавдаланди. Аллоҳ менга бу иккисидан етмиш иккита фиқҳий масалани кўз олдимга келтирди. Мен ушбу масалаларни мусулмонлар манфаати учун тартибга келтирдим. Ана шу ҳақдаги фикрим тунги намозни ўқишдан тўсиб қўйди. Бомдодни таҳоратсиз ўқиганим ҳақидаги фикрга келсак, Аллоҳга қасамки, таҳоратимни янгилайдиган даражада кўзим юмилмади. Тун бўйи уйғоқ бўлдим. Мен сизлар билан бомдод намозини хуфтон намозидаги таҳоратим билан ўқидим", деб айтиб, улар билан хайрлашиб жўнаб кетдилар. Шунда имом Аҳмад қизларига: "Имом Шофеъий тунда ёнбошлаб олиб қилган амаллари мен тик туриб қилган амалимдан афзалроқ", деб айтдилар.
"Зодул мураббий" номли китобидан олинди.
 
Манба: islom.uz
Таржимон: Анвар Аҳмад 
 
« Олдинги   Кейинги »