Зинога яқинлашманг-1 Принтер учун
02.09.2016 й.
ЗИНОНИНГ ҲАРОМ ЭКАНИ:
Зино луғатда “фужур”, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. Таърифларнинг барчасини кўриб чиқилганда зинонинг умумий таърифи қуйидагича эканлиги мулоҳаза қилинади: “Ораларида никоҳ бўлмаган ва никоҳ бор деб гумон қилмаган ҳолда, эркак ва аёлнинг бир–бирларига жинсий қўшилишлари зинодир”. 
Зино ҳаромдир. У Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш каби энг катта гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. 
        Аллоҳ таоло айтган: ”Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар ва зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир” (Фурқон сураси, 68-70-оятлар). 
       Аллоҳнинг барча шариатларида зино ҳаром иш бўлиб, унга қарши турилган, унга қарши курашилган. Самовий шариатларнинг энг охиргиси шариатимизда ҳам зинодан қайтаришда, ундан огоҳ этишда қаттиқ турилган. Зеро, зино сабабли насаблар тартибсиз аралашиб кетади, наслга зарар етади, оилалар бузилади, алоқалар узилади, касалликлар тарқалади, шаҳватларга берилиб тубанликка кетилади, гўзал ахлоқлар завол топади.
Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган:
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят). 
Оятда “зино қилманглар” дейилмаган, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин, мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Маълумки Ислом бирор нарсани ҳаром қилса, унга етказувчи йўлни ҳам тўсади ва уни тақозо этувчи барча воситаларни ҳаром деб эълон қилади. Демак зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо ҳаромдир! Зинонинг ҳаромлигини Аллоҳ зинодан узоқда бўлувчиларни мадҳ қилганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Аллоҳ айтади: ”Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмасдирлар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун 1 – 7).
Аллоҳ  ушбу оятларда мўминларнинг энг асосий сифатларини зикр қилганда мўмин ва мўминаларлар ўз фаржларини ҳаром ишлардан сақлашларини айтган. Оятга биноан ким иффатини сақламаса мўминлигининг катта қисмини йўқотган ва улуғ бойликдан ажраган бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам зинонинг ҳаромлиги таъкидланиб, ҳалок этувчи гуноҳи кабиралардан деб саналган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф (қуёш тутилганда ўқилувчи) намоз вақтида минбарда туриб: “Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, Унинг эркак ёки аёл бандаси зино қилганида Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ! Аллоҳга қасамки мен билганларимни билганингизда эди, кам кулиб кўп йиғлаган бўлар эдингиз!” дедилар, сўнгра қўлларини кўтариб:”Аллоҳим (омонатни) етказдимми?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўлишича Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч зот йўқ экан. Албатта рашк Исломда мақталган хислатлардан. Бандалари зино қилганларида ҳам Аллоҳ уларни рашк қилар экан. Агар бандалар Аллоҳ ҳақида, охиратдаги ҳисоб–китоб ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билган нарсаларини билганларида эди, зинодан четланиш у ёқда турсин, балки кам кулиб кўп йиғлайдиган, Аллоҳни ҳеч вақт ёдидан чиқармайдиган бандалардан бўлар эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Банда зино қилганда ундан иймон чиқиб бошининг устида соябон каби бўлиб туради. Четлангач иймон унга қайтади” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Иймон ва унинг сабабидан бўлувчи ҳаё билан зино ҳеч қачон бирга бўлмайди. Зино қилган одам мусулмонликдан чиқмаса ҳам иймонсизларнинг амалини бажарган бўлади. Аммо кимки зино қилиш ҳалол деб тасдиқласа, шубҳасиз куфрга кетган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Қайси бир халқда фаҳш тарқалса, ҳатто уни эълон қилсалар, уларда ота–боболарида бўлмаган ўлат (инфекцион касаллик) ва юқумли касалликлар  тарқалади” (Ибн Можжа ва Ҳоким ривоятлари).
Исломда қайси бир амал инсонга ва инсоният жамиятига моддий ёки маънавий зарар келтирадиган бўлса, албатта у ҳаром қилинган. Зино ҳам одамларга моддий ва маънавий зарарлар келтиради ва улар орасида турли ҳил олдин кузатилмаган касалликларни келтириб чиқаради. Албатта бунга ҳамма гувоҳдир. Зинонинг ҳаром деб эълон қилиниши ва унга қарши курашишнинг ҳикматларидан бири ҳам шудир. Яна бир узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёл зинокорлар қиёматгача қабрларида азобланаётганларини икки фаришта ҳамроҳлигида кўрганларини айтганлар:
“...Биз яна юрдик ва оғзи тор, туби кенг бўлган тандирга ўхшаш нарсанинг олдига келдик, унинг ичидан овозлар, бақир–чақир эшитилар эди. Биз унга қарадик. Унинг ичида яланғоч эркак ва аёллар бўлиб уларнинг тагидан аланга келиб уларни юқорига отарди. Мен: ”Эй Жаброил булар кимлар?” деб сўрадим. У: ”Булар зинокор эркак ва аёллар” деди” (Имом Бухорий ривояти).
Албатта ҳаром нарсаларнигина уқубати шу кўринишда бўлади, зино эса энг катта ҳаром амаллардандир.
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарсалар йўлдан урувчи шаҳватлар, қорин шаҳватлари, фарж шаҳватлари ва залолатга кетказувчи фитналар” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисда ҳам мўмин одам четланиши шарт бўлган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Зинога етакловчи фарж шаҳвати Аллоҳ розилигини топаман деган инсон учун тақводор бўлиши йўлида катта тўсиқдир. Бу тўсиқни ошиб ўтиш фарж шаҳваларини Ислом рухсат берган кўринишда қондирган ҳолдагина мумкин бўлади.
Ислом уламолари ва Ислом уммати зинонинг ҳаромлигини тасдиқлайдилар. Зинонинг ўзи, унга таъаллуқли ишлар барча кўринишларида буткул ҳаром эканига ижмоъ қилинган. 

ЗИНОГА ОЛИБ БОРУВЧИ ЙЎЛЛАРНИНГ БАРЧАСИ ҲАРОМ


Айтиб ўтилганидек Ислом бирор нарсани ҳаром деб эълон қилса, унга боғлиқ бўлган, унга олиб борувчи нарсаларнинг барча кўринишларини ҳам ҳаром деб эълон қилади. Масалан маст қилувчи ичимликни ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром, уни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш, умуман маст қилувчи ичимликка алоқадор барча ишлар ва кўринишлар ҳаром. Ёки масалан рибонинг ҳам барча кўринишлари, унга олиб борувчи йўлларнинг ҳаммаси ҳаромдир. 
Биз бу ўринда зинога олиб борувчи йўлларнинг барчаси ҳаром эканлигини баён қилишга, уларни имкон борича санаб ўтишга ҳаракат қиламиз, улар:
Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик.
Номаҳрамлардан кўзни тиймаслик.
Номаҳрамлар билан холи қолиш. 
Фаҳш нарсаларни - телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали кўриш, фаҳшга доир адабиётларни ўқиш.
Ўзини чиройли қилиб кўрсатиш.
Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва
фаҳш мавжуд жойларга бориш.
Имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юриш.
Эр аёлини, аёл эрини рашк қилмаслиги.
Ушбу санаб ўтилган нарсалар ҳақида бирма–бир сўз юритишдан олдин жинсий яқинликнинг даражалари ҳақида баҳс қилсак. 

ЖИНСИЙ МУНОСАБАТНИНГ ТЎРТ ДАРАЖАСИ

Ислом олимларидан бўлган доктор Аҳмад Сакр ўзининг “Исломда никоҳ ва оилавий ҳаёт” китобида ҳалол ёки ҳаром бўлишидан қатъий назар жинсий муносабатнинг тўрт даражасини санаб ўтганлар. Ушбу даражалар зино ва унга олиб борувчи йўлларнинг барча кўринишларини ўз ичига олгани  учун уларни билиш муҳимдир.

ЖИНСИЙ МУНОСАБАТНИНГ ТЎРТИНЧИ ДАРАЖАСИ

Ушбу турдаги жинсий муносабатларда инсон жинсий алоқага доир нарсаларни кўради, эшитади ёки ҳис қилади. Биологик аъзолар эса бу нарсаларга ўзига хос жавоб беради. Бош миянинг остида жойлашган гипофиз жинсий гармонлар ажратиб чиқаради ва гармонлар бутун танага тарқаган ҳолда кўриш, эшитиш, ҳис қилиш натижасида юзага келган импульсларга ўзига хос таъсир ўтказади. Ушбу даражадаги жинсий муносабатлар ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Аммо бир нарса аниқки, ушбу даражадаги жинсий алоқага киришган киши кейинги, яъни учинчи даражадаги жинсий алоқага ўтиб кетиши мумкин.

ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИКНИНГ УЧИНЧИ ДАРАЖАСИ

Ушбу турдаги жинсий алоқаларда ўзаро тегиниш, қучоқлаш ва ўпишдан нарига ўтилмайди. Турли хил рақсларни ҳам шу даражага киритилса тўғри бўлади. Ушбу даражадаги жинсий алоқалар ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Инсон учинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришса, иккинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришишдан ўзини тутиб туриши жуда мушкул бўлади. 

ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИКНИНГ ИККИНЧИ ДАРАЖАСИ

Ушбу турдаги жинсий алоқалар жинсий қўшилишдан бошқа барча ҳаракатларни ўз ичига олади. Ушбу даражадаги жинсий алоқалар ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Инсон иккинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришса, биринчи даражадаги жинсий алоқаларга киришишдан ўзини тутиб туриши деярли мумкин бўлмай қолади.
 
ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИКНИНГ БИРИНЧИ ДАРАЖАСИ

Ушбу турдаги жинсий алоқа бу жинсий қўшилишдир. Бунда инсон жинсий алоқага бутунлай киришган ҳисобланади. Ушбу даражадаги жинсий алоқа ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади.
Исломда ушбу тўрт даражанинг энг енгилига, яъни тўртинчи даражага ҳам ҳаром йўл ила киришиш ҳаром қилинган. Мусулмон эркак ёки аёл фаҳш бўлган суратлар, фильмларни кўриши, турли фаҳш воқеъаларни эшитиши ва ўқиши, фаҳш мусиқа ва қўшиқларни тинглаши мутлақо ҳаромдир. Шунингдек учинчи даражага кирувчи муносабатларга ҳам ҳаром йўл ила киришиш ҳаром қилинган. Мусулмон эркак ва аёл фаҳш бор йиғинлардан, рақслардан узоқда бўлиши, фаҳшга берилган инсонларни ўзидан четлатиши шартдир. Инсон бу даражаларга қанчалик кириб борар экан ўзини тўхтатиб олиши шунчалик қийин бўлади.
Аллоҳ таоло бежизга: ”Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” деб айтмаган (Исро 32).
Оятда Аллоҳ зино қилмасликка эмас, зинога яқинлашмасликка буюрган. Зинога яқинлашиш ҳаром, унга яқинлашгач ундан қутилишга Аллоҳнинг ёрдами ва катта иродали куч керак бўлади.

Манба: islom.uz
Афзал Аброр таржимаси.

 
« Олдинги   Кейинги »