Ислом васатийлик динидир Принтер учун
18.08.2016 й.

            Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло халоиқларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратди. Уларни тўғри йўлга бошласинлар учун уларга пайғамбарлар юборди ҳамда бандалар учун уларнинг манфаатлари ва нажотлари бор бўлган шариатларни жорий қилиб қўйди.

Кейин Аллоҳ таоло Ўзи жорий қилиб келган барча шариатларга ислом шариати билан хотима ясади. Шунинг учун ҳам бу шариат энг мукаммал тартибдаги ва энг аъло даражадаги бир шариат бўлиб келди. Мана шу шариатни Аллоҳ башарият учун шариат деб рози бўлди, барча замон ва маконларда улар учун яроқли қилиб қўйди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”.[1]

Бу шариат ўзидан олдин ўтган шариатларни тасдиқловчи, одамлар тарафидан уларга ўзгартиришлар киритилишидан олдин улар  ҳам Аллоҳнинг ҳузуридан юборилган шариатлар эканлигига шоҳидлик бергувчи ҳамда уларнинг устиларидан ҳукм чиқаргувчи бир шариатдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Ва Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил қилдик”.[2]

Мана шу шариат билан Аллоҳ башариятнинг устидаги кўплаб тангликлар ва оғирликларни уларнинг устиларидан кўтарди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар”.[3]

Бинобарин, ана шу шариатнинг хусусияти бандаларга енгиллик яратиб бериш билан уларни тангликдан чиқариш бўлган. Аллоҳ таоло: “Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади”,[4]  ва “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди”,[5] дея марҳамат қилган.

Шунинг учун ҳам ана шу тўғри дин ва бағрикенг шариатни тутган мусулмон уммати одамлар учун чиқарилган энг яхши умматдир. Аллоҳ таоло шундай деган: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”.[6]

Уларнинг ана шу яхши уммат бўлганликлари боис Аллоҳ таоло уларни ўрта уммат деб сифатлади ва барча одамлар устидан шоҳидлик бергувчи қилиб қўйди. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик”.[7]

Васатийликнинг маъноси:

Васат– икки тарафнинг ўртасидир. Бир нарсанинг васати унинг энг яхшисидир. Шунинг учун ҳам васат сўзи адолат, фазилат ва яхшиликка нисбатан ишлатилмоқда.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятнинг тафсирида қуйидагиларни ёзади:

“Яъни, шубҳасиз, сизларни ана шундоқ ўрта уммат қилиб, адолатли ва энг яхши уммат қилиб, сизларнинг адолатли эканингизга барча умматлар тарафидан шоҳидлик берилган бир уммат қилиб қўйдик. Токи, сизлар Қиёмат куни одамлар устидан шоҳид бўлингизлар”.

Исломнинг васатийлигида икки маъно бордир:

–адолат ва яхшилик. Адолат деганда инсофли бўлиш ва зулм қилмаслик тушунилади.

–ишларда ҳаддан ошиш билан қўполликнинг орасида, меъёрдан ошириб юборишлик билан нуқсонга йўл қўйишликнинг ўртасида  мўътадил ва ўртамиёна бўлиш.

Шунинг учун ҳам мусулмон киши ўзи ўқиётган намозининг ҳар бир ракаатида Фотиҳа сурасини ўқиётиб: “Бизни тўғри йўлга бошлагин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас”, дея ана шу васатийликка ҳидоят қилишини Аллоҳдан сўраб туради.

Исломдаги васатийлик бор томонлар:

Шариатдаги васатийлик:

Жумладан: фарз қилинган амалларда енгиллик яратиб берилгани. Пайғамбар (с.а.в) шундай деганлар:

“Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”.[8]  

Ақидадаги васатийлик: ислом ҳеч бир динга ишонмайдиган даҳрийлик билан хурофот ва қарама-қаршиликларга тўлиб кетган динларнинг ўртасидаги йўлдан юради.

Ислом билим ва маърифат учун фақатгина ақлга ишонадиган кишилар билан ақлни умуман беқиймат қилиб юборадиган кишиларнинг ўртасидаги йўлдан юради. Зеро, у ақлга ва соғлом табиат асосига барпо бўлган, тўғри нақлга эътимод қиладиган бир диндир.

Ислом ақидаси Аллоҳ таолога имон келтиришга, фақат Унинг Ўзига ибодат қилишга, ибодатнинг барча турларини фақат Унга томон буришга даъват қилади. Аллоҳ  таоло шундай дейди:

“Сен: “Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик”, дегин”.[9]

Аллоҳдан мадад сўрашга, Унга таваккал қилишга, Уни яхши кўришга, Ундан қўрқишга ҳамда Унинг ҳузуридаги неъматларга рағбат қилишга даъват қилади. Унинг Пайғамбари (с.а.в)га эргашишга, Аллоҳга фақатгина Унинг Пайғамбари жорий қилган қонунлар билан ибодат қилишга даъват қилади. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт”.[10]

Ибодатлардаги васатийлик:

Ислом дини баданларга азоб берадиган, ибодат қилиш учун ташқи муҳитдан алоқани узадиган динларнинг мўътадилликдан чиқиб кетишлари билан руҳни унутиб, инсонни шаҳватларга асир бўлиб, охиратни унутадиган қилиб қўядиган моддийликнинг ўртасидаги йўлдан юради. Таркидунёчиликдан ва динга янгилик олиб киришдан қайтаради. Вазифаларни бажаришда нуқсонга йўл қўйишдан ва мункар ишларга қўл уришдан огоҳлантиради.

Ислом дини мусулмонни фарз амалларни бажарадиган қилиб тарбиялайди, қўшимча ибодатларда ҳам бардавом бўлишга, барча вазиятларда сўз ва амал орқали Аллоҳ таоло билан боғланиб туришга тарғиб қилади.

Бундан ташқари исломдаги ибодатлар ҳам уларни имконият доирасида ва тоқатга қараб адо этишга асосланган. Шунинг учун ҳам бандаларга уларнинг куч-қудратлари етмайдиган ишларни юклаб қўймайди. Пайғамбар (с.а.в): “Бас, агар мен сизларни бирор нарсадан қайтарсам, ундан узоқлашингиз. Агар мен сизларга бирор ишни амр қилсам, уни қодир бўлгунингизча бажарингиз”.[11] Яна: “Оёқда тик туриб намоз ўқигин. Агар (тик туриб намоз ўқишга) қодир бўлмасанг, ўтириб ўқигин. Агар (тик туриб намоз ўқишга) қодир бўлмасанг, ёнбошлаб олиб ўқигин”,[12] деганлар.

Исломга даъват қилишдаги васатийлик:

Ислом дини бандаларни бандаларга ибодат қилишни қўйиб, бандаларнинг Парвардигорига ибодат қилишга, дунё танглигидан дунё ва охират кенглигига, динларнинг жафосидан исломнинг адолатига чиқариб қўйиш учун юборилган диндир. Агар одамлар исломдаги васатийлик ва мўътадилликни яхши билганларида эди унга рағбат қилган ва уни бошқа динлардан устун қўйган бўлар эдилар. Васатийлик кўплаб инсонларни ислом динига олиб кирган бир ишдир.

Аллоҳ таоло шундай деган:

“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик”.[13]

Пайғамбар (с.а.в) исломга даъват қилиш учун ўз элчиларини юборар эканлар уларга  даъват масаласида ўртамиёна услубни тутишни буюрар эдилар. Муоз ибн Жабал (р.а) ва Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а)ларни Яманга юбораётиб, у икковларига шундай деганлар: “Осон қилиб кўрсатинг, қийин қилиб эмас. Қизиқтиринг ва бездириб қўйманг”.[14]

Шунингдек, мусулмонларнинг зиммаларига ҳикмат билан, тоқатга яраша яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтариш вазифасини юклаб қўйди. Пайғамбар (с.а.в) дедилар: “Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса имоннинг энг заифидир”.[15]

Муомалалардаги васатийлик:

Ислом дини инсонни инсонлигича тақдирлайди. Шунинг учун ҳам унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўртасини баробар қилиб қўйибди. Бошқаларнинг фойдаси учун  иккинчи тарафга мойил бўлиб кетмайди. Зеро бу дин ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини бериш, шахсларнинг манфаати билан жамиятнинг манфаати ўртасидаги мувозанатни сақлаш асосига барпо бўлган. Бошқаларнинг фойдаси учун иккинчи тарафга зулм қилмайди.

Иқтисодий муомалалардаги васатийлик:

Исломда  муомалалар ҳалолликка асосланган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”.[16]

Савдо-сотиқ ва бошқа муомала турлари орқали ўзаро муомала юритишга рухсат берди, зулм бор бўлган ёки одамлар орасида гина-адоватларни қўзғатиши мумкин бўлган ишлари бор барча нарсани, мисол учун судхўрлик, тарозидан уриб қолиш ва фирибгарлик йўли билан муомала қилишларни ҳаром қилиб қўйди.

Амал билан ибодатнинг ўртасида мувозанатни сақлаш вожиблиги ҳақида Аллоҳ таоло мўминларни сифатлар экан шундай дейди: “Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас”.[17]

Дунё ҳаётидаги васатийлик: Ислом дини Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган матолар ва ризқлардан баҳраманд бўлишни мубоҳ қилиб қўйди. Аллоҳ таоло шундай деган: Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”.[18]

Пайғамбар (с.а.в) дунё матосидан узлатда бўлишни истаган кишиларга хитоб қилиб: “Аммо мен рўза тутаман, оғзи очиқ ҳам юраман. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир”,[19] деганлар. Яна: “Менга сизларнинг дунёларингиздан аёллар ва хушбўйлик суюкли қилиб қўйилди. Кўзимнинг қувончи эса намозда қилинди”.[20] Шундай қилиб, Пайғамбар (с.а.в) дунё матосидан узлатда бўлишни истаган кишиларнинг динга қўшмоқчи бўлган зиёдаликларини васатийлик ва мўътадилликка асосланган суннатларини эслатиб қўйиш билан қарши олдилар.

Ижтимоий алоқалардаги васатийлик:

Инсон табиатан ижтимоий қилиб яратилгани боис ўзидан бошқаларга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам у одамларга хушмуомалалик билан муомала қилишга, уларни ростакамига дўст тутишга  буюрилган. Чунки улар унинг зотини мукаммаллаштирадилар, инсонийлигини тамомига етказадилар. У ҳам айни вақтда уларга нисбатан худди шу ишларни қилади.

Шундай экан мусулмон кишидан ўзининг ижтимоий алоқаларида мўътадил ва ўртамиёна бўлиши талаб қилинади. Зеро у одамлардан четланиб, улардан узлатда бўладиган ёлғиз киши бўлмайди, ёки уларга  аралашиб юришни кўпайтириш билан ўз вақтини зое қиладиган, натижада ўзининг эҳтиёжларини адо этиш ёки диний ва бошқа мажбуриятларини бажариш учун вақт топа олмайдиган киши бўлмайди.

Васатийликнинг яна бир кўриниши: одамларни дўст ёки душман тутишда мўътадил бўлиш. Чунки, вазиятлар ва шарт-шароитлар тез-тез ўзгариб, аксланиб туради. Али ибн Абу Толиб (р.а): “Яхши кўрган одамингни енгилроқ яхши кўргин. Бирор кун у сенинг ёмон кўрган одамингга айланиб қолиши бордир. Ёмон кўрган одамингни енгилроқ ёмон кўргин. Бирор кун у сенинг яхши кўрган одамингга айланиб қолиши бордир”, деган.[21]

Динимиз оилага, қариндошларга, қўшниларга, жамиятга, ҳайвонларга ва набототларга яхшилик қилишга, покизаликка, иффатлиликка ва ростгўйликка  буюради. Шунингдек, мусулмон бўлмаган шахслар билан муомала қилишда ҳам шариат доирасидан чиқмасликка буюради.

Шариат олиб келган тўғри йўл айнан мана шудирки, у инсонларни ҳаддан ошишлик ва нуқсонга йўл қўйишликнинг ўртаси бўлмиш васатийликни тутишга ундайди. Шунинг учун ҳам ундан четга чиққан киши шариат соҳиби –Аллоҳ назарда тутган йўлдан четга чиққан бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”.[22]

Васатийликни таниб олишдаги манба:

Ҳақиқий васатийлик дегани исломнинг ақида, ибодат, одоб-ахлоқ ва муомалалар борасидаги барча таълимотларини маҳкам тутиш демакдир. Бу нарса ўз ўрнида Китоб ва суннатдан олинган пухта ва тўғри илмга асосланган бўлади. Бу хусусда мурожаат қилинадиган манба – бу, умматнинг уламоларидирлар. Зеро бу диннинг ишончли ҳимоячилари ва илмни ўзларидан кейингиларга етказиб бергувчилари ана шу шахслардир. Ана шу кишилар ҳидоятнинг пешволари, зулматни ёритгувчи чироқлардирларки, илм улар орқали кенг тарқалади, жаҳолат улар сабабли завол топади. Чунки улар Пайғамбар (с.а.в) айтганлари каби: “Албатта, уламолар анбиёларнинг ворислари”дирлар.[23]

Аллоҳ таоло: “Агар билмасангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз”,[24] дея ўзимизга қоронғу бўлган масалалар ва бошимизга тушган бахтсизликлар ҳақида уларга мурожаат қилишимизга буюради.

Ҳақиқатда, аҳли зикрлардан бошқаларга мурожаат қилишликда залолатга кетиш ва тўғри йўлдан тойилиш бордир. Ибн Ражаб шундай деган: “Модомики илм ер юзида боқий қолар экан одамлар ҳидоятда бўладилар. Илмнинг боқийлиги унинг эгаларининг боқий қолиши биландир. Агар унинг эгалари ва уни ижро этадиган кишилар кетадиган бўлсалар, одамлар залолатга кетиб қоладилар”.

Батаҳқиқ, Пайғамбар (с.а.в) ана шу васатийликни тутишимиз учун бизларга йўл кўрсатиб берганлари учун ҳам залолатдан ҳамда охиратда Аллоҳнинг азобидан нажот топгувчи фирқанинг йўли ҳақида: “Мен ва саҳобаларим бўлган йўлдир”,[25] деганлар.

Шунингдек яхши аср авлодлари бўлган йўлни тутишга ҳам тарғиб қилиб, шундай деганлар: “Мендан сўнг сизлардан ким ҳаёт бўлса, кўпгина ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлдан боргувчи ҳамда тўғри йўлга солгувчи  халифаларнинг суннатини лозим тутингиз. Уни маҳкам тутинг ва озиқ тишларингиз билан уни тишлаб олингиз”.[26]

Мана шу ҳадисда Пайғамбар (с.а.в) ўзларининг суннатларини маҳкам тутишга амр қилганлари сингари халифаларининг суннатларини ҳам маҳкам тутишга амр қилмоқдалар ва мана шундан ташқарида бўлган нарса янги пайдо қилинган бидъат ва залолат эканининг хабарини бермоқдалар.

Саҳобалар (р.а) одамларнинг ораларидан энг тўғри йўлда бўлган кишилар эканида, Аллоҳ таолонинг динини бошқа одамлардан кўра яхшироқ билгувчи эканларида шак-шубҳа йўқдир. Шунинг учун ҳам У олий Зот уларга эргашиш ва изларидан боришга буюрмоқда. Аллоҳ таоло шундай деган: “Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир”.[27]

Васатийлик ҳақидаги нотўғри тушунчалар:

Васатийлик дегани  динда чуқур кетмаслик керак деган хужжатни рўкач қилиш билан исломдаги собит аҳкомларни тарк қилиш ё тоатларни бажаришда бепарволик қилиш ёки маъсият ва ҳаром ишларга қўл уриб юришлик дегани эмасдир. Зеро Оиша (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда у киши: “Пайғамбар (с.а.в) икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалар,  модомики гуноҳ бўлмаса, шу икки ишнинг енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса,  ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар”,[28] деганлар.

Шунингдек, васатийлик диннинг айрим тарафларига амал қилиш ёки ҳаром қилинган айрим ишларни менсимасдан қилиш  дегани ҳам эмасдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?!”.[29]

Демак, исломдаги васатийлик ва уни енгил қилиб кўрсатиш шариат олиб келган нарсалар билан бўлади. Одамлар ҳавои нафслари, ўз раъйлари билан ёки хатолари ва жоҳилликлари билан ихтиро қилган нарсалар билан эмас.

Биргина   ҳаддан ошишлик билан нуқсонга йўл қўйишликнинг ўртасида, ғулувга кетишлик билан бепарво қарашликнинг ўртасида туриб қолишнинг  ўзи вастийлик эмасдир.

Аллоҳ таолодан ўзимизга фойдаси тегадиган илмларни ўргатишини, ўргатган илмлари биз учун фойдали бўлишини, гўзал амал қилишни ва Пайғамбар (с.а.в)нинг изларидан боришни насиб этишини сўраб қоламиз. Оламлар Роббига ҳамду санолар бўлсин!

 

Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси

Алоуддин Ҳофий

 



[1] Моида сураси, 3–ояти.

[2] Моида сураси, 48–ояти.

[3] Аъроф сураси, 157–ояти.

[4] Ҳаж сураси, 78–ояти.

[5] Бақара сураси, 185–ояти.

[6] Оли Имрон сураси, 110–ояти.

[7] Бақара сураси, 143–ояти.

[8] Имом Бухорий ривояти.

[9] Оли Имрон сураси, 64–ояти.

[10] Оли Имрон сураси, 31–ояти.

[11] Муттафақун алайҳ.

[12] Имом Бухорий ривояти.

[13] Анбиё сураси, 107–ояти.

[14] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[15] Имом Муслим ривояти.

[16] Бақара сураси, 167–ояти.

[17] Нур сураси, 38–ояти.

[18] Аъроф сураси, 31–ояти.

[19] Муттафақун алайҳи.

[20] Имом Аҳмад ва Насоийлар ривояти.

[21] Имом Термизий ривояти.

[22] Қасас сураси, 77–ояти.

[23] Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмадлар ривояти.

[24] Наҳл сураси, 43–ояти.

[25] Имом Термизий ривояти.

[26] Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

[27] Тавба сураси, 100–ояти.

[28] Муттафақун алайҳи.

[29] Бақара сураси, 85–ояти.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz