Нисо сураси, 105-115 Принтер учун
01.06.2016 й.
105. Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!
Бу ва бундан кейинги оятларнинг нозил бўлишига Мадинаи Мунавварада бўлиб ўтган машҳур воқеа сабаб бўлган. Бу воқеа қиссасини ҳадис уламолари турли кишилардан ривоят қилганлар. Қиссанинг хулосаси шулки, Қатода ибн Нўъмон ва унинг амакиси Рифоъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баъзи бир ғазотда қатнашадилар. Қайтиб келганларидан сўнг Рифоъанинг совути ўғирлангани маълум бўлади. Совутнинг эгаси ўғриликда Бани Убайрақ номли оиладан шубҳа қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Тўъма ибн Убайрақ совутни ўғирлади», деб хабар беради. Тўъма ибн Убайрақ ансорийлардан–аҳли Мадинадан эди.
Воқеанинг бундай тус олаётганини кўрган ўғри совутни олиб бориб, беайб Зайд ибн ас-Самин исмли яҳудийнинг уйига ташлаб қўяди. Шу билан бирга, ўз қариндошларига, совутни кимникига олиб бориб ташлаганини хабар қилади.
Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳузурларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг қариндошимиз беайб. Совутни фалончи ўғирлаган. Биз буни аниқлаб билдик. Бизнинг қариндошимизни одамлар олдида оқланг. Унинг ёнини олинг. Аллоҳ уни сиз билан ҳимоя қилмаса, ҳалок бўлади», дейишди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам совут яҳудийнинг уйидан топилганини билганларидан сўнг, одамларнинг олдида Ибн Убайрақни оқладилар. Унинг қариндошлари бундан аввал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Қатода ибн Нўъмон билан амакиси Рифоъа бизнинг оиламизга қасддан туҳмат қилишди. Биз аҳли Ислом ва аҳли солиҳмиз, бизни ўғриликда айблашмоқда. Ҳолбуки, уларнинг далил ва ҳужжатлари йўқ», дейишган эди. Олдиларига келган Қатодага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исломда ва аҳли солиҳликда бўлган оилани ҳеч қандай ҳужжат ва далилсиз ўғриликда айблайсанми» дедилар. Қатода бу ҳақда Расулуллоҳга гапирмасам бўлар экан, деб афсусланиб қайтиб кетди. Унинг олдига амакиси Рифоъа келиб: «Ҳа жиян, нима қилдинг», деб сўради. Қатода бўлган воқеани, Расулуллоҳнинг сўзларини айтиб берди. Рифоъа: «Аллоҳ ёрдам берсин», деди. Кўп ўтмасдан Аллоҳ таоло:
«Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик», деб бошланувчи оятларни нозил қилди. Ушбу оятлар тушгандан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам совутни келтириб, Рифоъага бердилар. У катта ёшдаги одам эди. Жияни Қатода унинг мусулмонлиги заиф, деган фикрда эди. Қатода совутни олиб келганда, Рифоъа унга: «Эй жияним, буни Аллоҳнинг йўлига атадим», деди. Шундагина Қатода амакисининг ҳақиқий мусулмон эканини англаб етган экан. Уламоларимиз, ушбу оят Куръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига яна бир ёрқин далилдир, бу оят улкан мўъжизадир, дейдилар. Бу ҳақиқатдир. Келинг, бир ўйлашиб кўрайлик.
Макка мушрикларининг азоб-уқубатларидан  қочиб, ҳижрат қилиб келган муҳожир  мусулмонлар, Мадинанинг ерли мусулмонлари ансорийлар билан бирга янги жамият  қуришга   эндигина киришган давр. Аммо Макка мушриклари тинч турмай мусулмонларни ер юзидан бутунлай йўқ қилиб юборишга енг шимариб ишга киришдилар. Уруш кетидан уруш қила бошладилар. Мадинада яшаб турган яҳудийлар бу ишда уларга ҳар томонлама ёрдам беришар эди. Балки уларни мусулмонларга қарши қўзғовчилар ҳам яҳудийлар эди. Бу ҳам етмагандек, улар мунофиқликдек жирканч ишни ҳам қўзидилар, унга асос солдилар ва Ислом жамиятини ичидан емиришга ҳаракат бошладилар. Қолаверса, яҳудийлар очиқдан-очиқ  душманлик ҳаракатига ўтдилар. Уларнинг душманлик ҳаракатлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларига суиқасд қилишгача бориб етди. Қисқа қилиб айтганда, мусулмонлар тўрт атрофдан ўт ичида қолган эдилар. Юқорида ўрганган оятларимиздаги жиҳодга, маҳкам ва ҳушёр туришга ва яна бошқа ишларга тарғиботлар ҳам худди шу қалтис ҳолатдан келиб чиқиб жорий қилингандир. Шундай нозик бир шароитда яҳудийлардан бирининг уйидан мусулмоннинг ўғирланган совути топилди. Бу ҳол яҳудийлардан ўч олишнинг энг қулай пайти эди. Иккинчидан, яҳудийларга бу ишда ансорийлар рақиб эдилар. Яъни, айб яҳудийга қўйилмаса, мадиналик обрўли бир мусулмон оилага тушар эди. Учинчидан, айб ансорийларга тушса, яҳудийлар уларга: «Сизлар Маккадан келган муҳожир мусулмонларни қабул қилиб, уй-жой бердингиз, ёрдам қилдингиз энди эса улар сизларни ўғрига чиқаришмоқчи», деб иғво қилишлари турган гап эди. Ҳар қандай тузум бундай ҳолда айбни яҳудийга қўяди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам зоҳирий далилларга қараб,  ўғрини оқлаган ҳам эдилар. Аммо Ислом, Аллоҳнинг дини. Қуръон,  Аллоҳнинг китоби. Шунинг учун ҳам унинг ҳукми мутлоқ адолат бўлади. Унинг ҳукмида ҳатто  кофир-яҳудийга ҳам ноҳақлик бўлмайди. Айбдор, ким бўлишидан қатъи назар, мўмин-мусулмон, диндор ва аҳли солиҳ бўлса ҳам, жазосини олади. Фақат Аллоҳ таологина кўпчилик олдида ҳукм чиқариб қўйган Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб:
«Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида  Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!» дейиши мумкин.
Демак, ўғирланган совут ҳақидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқарган ҳукмни Аллоҳ, адолатли эмас, деб баҳоламоқда. Ўз оилаларининг обрўсини сақлаб қолиш ниятида айбни яҳудий шахсга ағдарган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб ёлғон гапирган Бани Убайрақни «хоинлар» деб атамоқда .
Келгуси оятларда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини итоб қилишни давом этдиради:  

106. Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Яъни: «Эй Пайғамбар! Аллоҳга истиғфор айт! Тўъма ибн Убайрақ ва унинг қариндошларининг ёнини олиб, Қатодани итоб қилганинг учун истиғфор айт. Аллоҳ, албатта, мағфират қилур, чунки у раҳмли зотдир».
 
107. Ўз жонларига хиёнат қиладиганларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас.
Аллоҳ таоло Тўъма ибн Убайрақ ва унинг қариндошларини «ўз жонларига хиёнат қилганлар», деб васф қилмоқда. Аслида, улар яҳудий шахсга хиёнат қилган, ўғрилик айбини унга ағдарган эдилар. Лекин бу ишнинг ёмонлиги уларга қайтиши эътиборидан, улар ўзларига хиёнат қилган ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни ҳимоя-мудофаа қилишлари, ноўрин, деб топилмоқда. Мазкур номаъқул ишни қилганлар гуноҳкор ва хиёнатчи, деб аталмоқда. Ўғрилик қилиш–гуноҳкорлик, айбни ноҳақдан бировга ағдариш эса, хиёнатдир.

108. Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилувчи зотдир.
Яъни, мазкур кишилар қилаётган ишларини ўзларича:
«Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар».
Улар қариндошларидан бирининг ўғрилигини, одамлар билиб қолмасин, деб яширишга уринадилар. Ўғирланган нарсани беайб яҳудийнинг уйига олиб бориб қўйиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бировнинг устидан шикоят қиладилар. Бу ишларни, айбни одамлардан яшириш учун қиладилар. Аммо ҳақиқатни Аллоҳдан яшира олмасликлари ҳеч хаёлларига келмайди. У ҳар бир нарсани кўриб-билиб туришини унутганлар:
«Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир».
Бирга турган қодир зотдан бирор нарсани яшириб бўладими?! Аллоҳ дунёдаги каттаю кичик ҳар бир нарсани билиб турувчи зотдир. Ушбу ҳақиқат оятнинг охирида ҳам таъкидланади:
«Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилувчи зотдир».
Шундай экан, ундан бирор нарсани яширишга уриниб нима қиладилар!

109. Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким оладир ёки ким уларга вакил бўладир!
Аллоҳнинг хиёнатчиларнинг ёнини олганларга қаратилган итоби яна давом этмоқда.
«Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз».
Бу дунёда тарафкашлик руҳи ғолиб келиб, у гуноҳ ва хиёнат қилганларнинг ёнини олмоқдасизлар. Улар бу дунёда қутулиб кетишлари мумкин, аммо у дунёда нима бўлади?
«Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким оладир ёки ким уларга вакил бўладир!»
Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Ҳеч ким бировнинг ёнини ололмайди. Ҳамма ўзи билан овора бўлади. Ана ўша пайтда уларнинг ёнини ким олади?
Бўлиб ўтган ҳодисага кераклигича муносабат билдирилгандан сўнг, бундай ҳолларда амал қилиш лозим бўлган умумий қоида зикр этилади:

110. Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топадир.
Ушбу оятда Аллоҳ субҳонаҳу таоло қилган бандаларга марҳамат қилган фазлу карами ва бағри кенглигидан хабар бермоқда. Бу ояти карима ҳақида ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Аллоҳ ўз бандаларига карами, авфи, ҳилми, раҳматининг кенглиги ва мағфиратининг беқиёслиги ҳақида хабар бермоқда. Ким кичикми-каттами гуноҳ қилса-ю, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади. Гарчи гуноҳлари осмонлару ердан, тоғлардан катта бўлса ҳам».
Ибн Жарир Абдуллоҳдан қуйидагиларни ривоят қилади: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Бани Исроилдан бир киши гуноҳ қилса, эрталаб ўша гуноҳнинг нима билан ювилиши эшигига ёзилиб қолар эди. Кийимига сийдик тегса, ўша жойни қайчи билан қийиб ташлар эди», дедилар. Бир киши: «Аллоҳ таоло Бани Исроилга хўп яхшиликни ато қилган экан-да», деди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Сизга берган нарсаси уларга берганидан яхшидир. Сувни сиз учун покизаловчи қилиб қўйибди. Аллоҳ таоло: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади», деб қўйибди», дедилар.
Демак, Аллоҳ таоло томонидан берилган бу улкан фазлга муносиб бўлиш лозим. Мусулмон шахс, билиб-билмай бирор ёмонлик содир этиб қўйса, дарҳол, истиғфорга, тавбага шошилиши лозим.

111. Ким гуноҳ қилса, уни фақатгина  ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Бировнинг гуноҳи учун бошқа биров жавобгар бўлмайди. Ҳар ким ўз қилмиши учун жавобгар бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Ўша билишга биноан гуноҳкорни жазолаши У зотнинг ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилишлигидандир.

112. Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибдир.
Яъни, ким Тўъма ибн Убайраққа ўхшаб гуноҳ қилса-ю, айбни бошқа одамга ағдарса, ўзи қилган бўҳтонни ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибди.
Ниҳоят, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини ноқулай ҳолатдан чиқариб, фазлу карам кўрсатганини эслатади:

113. Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмаслар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди  ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар.
«Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар».
Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Улар ҳар қанча уринсалар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зарар етказа олмайдилар.
«Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмаслар».
Аллоҳ доимо Ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ҳам ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати:
«Аллоҳ сенга китобни  ва ҳикматни  туширди  ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва  сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди».
Тўъма ибн Убайрақ ҳодисаси, унинг қавмининг сирли маслаҳатлари ҳақидаги ва унга тегишли гапларни муолажа қилиб бўлгандан сўнг, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда, умумий қилиб, махфий суҳбатларни билиб туришини, уларнинг қайсиниси фойдалигию қайсиниси бефойда эканини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилишнинг оқибати нима билан тугашини баён қилади:

114. Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берурмиз.
Ушбу ояти каримада биз «махфий суҳбат» деб таржима қилганимиз сўз, арабчада «нажво» бўлиб келган. Унда бир тоифа одам мусулмонлар жамоасидан четда, раҳбарларига билдирмасдан, яширин ҳолда бирор ножўя маслаҳатни қиладилар. Худди шу ҳолат Тўъма ибн Убайрақ ҳодисасида ҳам бўлган эди. Ўғрилик содир бўлгандан сўнг Тўъманинг қариндошлари йиғилиб махфий суҳбат қуришган ва совутни яҳудий Зайд ибн ас-Саминнинг уйига олиб бориб қўйишган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: «Совутни биз эмас, фалончи ўғирлаган эди, аммо Қатода бизга туҳмат қиляпти», деб шикоят этишган эди. Бу оятда ҳукм умумийлаштирилиб, баъзи бир истисно қилинган ҳолатлардан бошқа ҳолларда махфий суҳбатлардан яхшилик чиқмаслиги баён қилинмоқда.
«Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор».
Аслида, ёмонлик бўлмаса, махфийликка ҳожат ҳам йўқ. Яхшилик иш доимо очиқчасига қилинади. Баъзи бир ҳолатларда садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр этиш соҳасида махфий суҳбатлар бўлса, унда яхшилик бўлади. Шу каби ишларни Аллоҳнинг розилиги учун қилганлар улуғ ажрларга  эришадилар.
«Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берурмиз».
Ислом жамияти очиқ жамиятдир. Унинг аъзолари бир-бирлари билан биродардирлар. Уларнинг бир-биридан яширадиган сирлари йўқ. Очиқчасига гапираверадилар. Агар махфий суҳбатларга изн берилса, бошқа жамиятларга ўхшаб ҳаммаёқни висир-висир, пичир-пичир босиб кетади. Одамлар орасида ишончсизлик, бир-биридан гап яшириш, бир-биридан шубҳаланиш ва бир-бирига қарши махфий режалар тузиш кўпайиб кетади. Лекин махфийликка лойиқ ишлар, албатта, махфий қилинади. Мисол учун, жамиятнинг умумий тинчлиги–бехатарлигини таъминлаш йўлида фақат раҳбарлар, махсус масъуллар билиши лозим бўлган ишлар махфий қолади. Шунингдек, бир хайри-эҳсон қилувчи одам бошқа бири билан шу хайрли иш ҳақида, риёкорликдан қочиш мақсадида, махфий суҳбат қилса, майли. Шунингдек, риёкорликдан қочиш мақсадида, бирор яхшилик ишни қилиш учун ҳам махфий суҳбатда келишилса, бўлади. Кўпинча, уришиб қолганларни яраштиришда ҳам шу услуб қўл келади. Тарафлар ўз айбларининг ошкора бўлишини истамасликлари мумкин, бу ишда ҳатто  ёлғон гапиришга ҳам изн берилган.
Ибн Мурдавайҳи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласининг ҳамма гапи унинг зараригадир, фойдасига эмас. Магар Аллоҳнинг зикри бўлса, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бўлса, фойдасигадир», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса, «Одамларнинг орасини ислоҳ қилувчи ёлғончи эмас, яхшиликни етказади ёки яхшиликни айтади», дейилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга намоз ва садақадан ҳам афзал даража ҳақида хабар берайми?» деганларида, одамлар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. У зот: «Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш», дедилар.

115. Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга  юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!
Бу ояти каримада Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошларидан Башир ибн Убайраққа ишора қилинмоқда. У Бани Убайрақни фош қилувчи оятлар нозил бўлганидан сўнг муртад бўлиб (диндан чиқиб), мушрикларга қўшилиб кетган эди. Гарчи ишора маълум бир шахсга бўлса ҳам, ҳукм умумийдир. Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилса, у кишининг йўлидан бошқа йўлга юрса, кофир, мушрик ва муртад бўлади. Ким мўминларнинг йўлидан бошқа йўлни танласа, ўша йўлидан юраверсин, Аллоҳ уни кетган томонига юргазиб қўяверади. Аммо охири олиб бориб жаҳаннамга киритади. Жаҳаннам қандай жойлигини эса, ҳамма билади.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz