Ҳанафий мазҳабида имом орқасида қироат қилиш ҳақида Принтер учун
22.05.2016 й.

Одамлар орасида, жамоат намозларида баъзи бировларнинг имомнинг орқасида туриб сураи фотиҳа ўқиётганини кўрамиз. Имомга иқтидо қилган одам қироат қиладими? Намозда сураи фотиҳани ўқиш барча учун фарзми?

Бу хилдаги саволларга жавоб бериш учун Имоми Аъзам мазҳабининг энг машҳур асари ҳисобланмиш «Ҳидоя»га мурожаат қилсак:
لا يقرأ المؤتم سواء كان الصلوة جهرية او سرية خلف الامام خلافا للشافعى فى الفاتحة له ان القراءة ركن من الأركان فمشتركان فيه ولنا قوله عليه السلام: (أخرجه ابن ماجه) "من كان له امام فقراءة الامام له قراءة" وعليه اجماع الصحابة رضى الله عنهم وهو ركن مشترك بينهما لكن حظ المقتدى الانصات والاستماع قال عليه السلام: (رواه مسلم) "واذا قرأ فأنصتوا" ويكره المراد كراهة التحريم عندهما اى أبى حنيفة وأبى يوسف رحمهما الله لما فيه من الوعيد ويستمع وينصت وان قرأ الامام آية الترغيب والترهيب لان الاستماع والانصات فرض بالنصّ والفراءة وسوال الجنة والتعوّذ من النار كلّ ذلك مخلّ به
«Мўътам – имомга иқтидо қилувчи имом орқасида (хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда) қироат қилмайди. Имом Шофиъий (р.а.) бунда яъни фотиҳа ўқиш борасида хилоф қилдилар. Чунки, ул зот наздида қироат (намоздаги) рукнлардан бир рукндир, бас, қироатда (имом ва муқтадий) шерик бўладилар. Биз учун далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг (Ибн Можа тахриж қилган) сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир». Мана шунга саҳобаи киромлар ризвонуллоҳи алайҳим ажмаъийн ижмоъ қилишган. (Тўғри,) Қироат имом билан муқтадий орасида муштаракдир, лекин муқтадийнинг насибаси жим туриш ва эшитишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар (уни Имом Муслим ривоят қилган): «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!» Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.а.)лар наздида (имомга иқтидо қилган кимсанинг) қироат қилиши макруҳ бўлади (бундан мурод макруҳи таҳримийдир). Чунки бу борада ваид бор. Демак, гарчи имом тарғиб ва тарҳиб оятларини ўқиса ҳам, эшитиб, жим туради. Чунки эшитиш ва жим туриш насс билан фарз бўлгандир. Қироат қилиш, жаннатни сўраш, дўзахдан паноҳ тилашга ўхшаш барча амаллар тинглашга халал бергувчидир» (Бурҳониддин Марғилоний: «Ҳидоя», 1-жилд, Китоб ус-солат, Боб сифат ас-солат. -Ҳиндистон: Юсуфий матбааси, 1314 ҳ. йил. 108-109 бетлар).
Кўриб турганингиздек, «Ҳидоя» соҳиблари Бурҳониддин ал-Марғилоний (р.а.) ҳазратлари имомга эргашган кимса жаҳрий ва сиррий намозларнинг ҳаммасида қироат қилмасдан, жим туришини саҳобалар ижмоъси деб зикр қилдилар. Ул зот бу ерда саҳобаи киромларнинг аксарини эътибор қилдилар, албатта. Зеро, 80 дан ортиқроқ саҳобадан иқтидо қилувчининг қироатини манъ қилганлари ривоят қилинган. Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эканлар:
من قرأ خلف الامام فقد أخطأ السنّة
«Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Улуғ саҳобийлардан бири, уларнинг энг фақиҳларидан ҳисобланадиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу эса янада қаттиқроқ ҳукм қиладилар:
من قرأ خلف الامام ألقى على فيه ترابا
«Кимки имом орқасида қироат қилса, оғзига тупроқ ташлансин!»
Жаннат башорати берилган икки буюк саҳобий Саъд ибн Ваққос ва Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳумо:
من قرأ خلف الامام فلا صلوة له
«Кимки имом орқасида қироат қилса, бас, унинг намози йўқ», деб имом орқасида қироат қилиш оқибатидан огоҳлантирган эдилар.
Асҳоби киромлардан нақл қилинган ушбу қавллар “Ҳидояи шариф”нинг қарийб барча шарҳ ва ҳошияларида келтирилган.
Шу ерда Мавлоно Абдулҳай Лакнавий (р.а.) ва ал-Ҳаддод (р.а.) ҳазратлари гарчи “Сураи фотиҳа”ни ўқиш ҳақида насс (саҳиҳ ҳадисдан далил) бўлса ҳам у қироати ҳаром қилинган нассга қарши бўла олмайди, деганлар. Икки далил муораза қилган пайтда, усули фиқҳ қоидасига биноан муҳаррамга амал қилинади, яъни ҳаромдан қочиб имом орқасида қироат қилинмайди. Зеро, Аллоҳ наҳий қилган зарра миқдори ҳаромдан қочиш инсу жинлар ибодатидан яхшироқдир. Ҳаром ва макруҳдан қочиш вожиб амални бажаришдан афзалдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг ўзи:
واذا قرأ القرآن فاستمعوا له وانصتوا لعلكم ترحمون
«Қачон Қуръон қироат қилинса, бас, уни эшитинг ва жим туринг. Шояд, сизлар раҳм қилинсангизлар!», деган. 
«Ҳидоя» соҳиби айтган ваид Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларида бор. Уни «Ҳидоя»нинг барча шориҳлари келтирганлар:
من قرأ خلف الامام ففى فيه جمرة
«Кимки имом орқасида қироат қилса, бас, оғзида чўғ тўлсин!»
Мовароуннаҳр халқлари орасида маълуму машҳур асарлардан яна бири «Шарҳи Виқоя»да имом орқасида қироат қилмаслик ҳақидаги учта ҳадис келтирилган (Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа: «Шарҳи Виқоя», Лакнау: «Асаҳҳ ул-матобеъ», 1304 ҳ., 174-бет).
Улардан биринчисини Ибн Можа, Абу Довуд, ал-Баззор, ан-Насоий, ат-Таҳовий, Имом Аҳмад, Ибн Хузаймалар ривоят қилишган. Имом Муслим ушбу ҳадиснинг саҳиҳлигига ишорат қилганлар:
اذا كبر الامام فكبّروا واذا قرأ فانصتوا
«Қачон имом такбир айтса, бас, такбир айтинг ва қачон қироат қилса, бас, жим туринг!»
Ушбу ҳадиси шариф имом қироат қилганда, муқтадий жим туришига далил бўла олади. Шунинг учун ҳам Имом Молик (р.а.) фақат жаҳрий намозларда муқтадий сукут қилади, махфий намозларда эса ўзи ҳам ичидан қироат қилади, дейди. Лекин «Шарҳи Виқоя»да келтирилган қуйидаги ҳадиси шариф махфий намозларда ҳам иқтидо қилувчи сукут сақлаши лозимлигига очиқ-ойдин далолат қилади:
من كان له امام فقراءة الامام قراءة له
«Кимнингки имоми бўлса, имомнинг қироати унинг учун (ҳукмий) қироатдир».
Ушбу ҳадисни Ибн Ҳиббон Анас ибн Молик (р.а.)дан, Имом Дорақутний Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра (р.а.)дан, Ибн Адий «Комил» асарида Абу Саид ал-Худрий (р.а.)дан, Имом Дорақутний яна Ибн Умар (р.а.)дан, Ибн Можа, Имом Муҳаммад ва Байҳақийлар Жобир (р.а.)дан ривоят қилганлар. Муҳаққиқ аллома Абдулҳай Лакнавий ушбу ривоятлар ичида ҳасан ва саҳиҳлари борлигини айтади. Ушбу ҳадисни қувватлайдиган саҳобаи киромларнинг сўзлари ҳам бор. Имом Муҳаммад ва Таҳовий ҳазратлари Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг сўзларини келтирадилар:
أنصت للقراءة وسيكفيك ذاك الامام
«Қироат учун жим тур. Сенга мана бу имом кифоя қилади».
Яна бир улуғ саҳобий, асҳоб ичида ўзининг фақиҳлиги билан танилган зот Ибн Умар разийаллоҳу анҳу мана бундай деган эканлар:
من صلى خلف الامام كفته قراءته
«Имом орқасида намоз ўқиган кимсага унинг қироати кифоя қилади».
«Шарҳи Виқоя»да келтирилган учинчи ҳадиси шариф ушбудир:
ما لى أنازع فى القرآن
«Қуръон борасида мен тортишмайман!».
Ушбу ҳадисни Жаноби Расули акрам (с.а.в.) орқаларида қироат қилиб турган саҳобийга қарата айтганлар. Мазкур ҳадисни Имом Молик «ал-Муватто» асарида Абу Ҳурайра (р.а.)дан, шунингдек, муҳаддислардан Имом Абу Довуд, Термизий, ан-Насоий, ат-Таҳовий, аш-Шофиъий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъийнлар ривоят қилган бўлиб, ҳадиси шариф имом қироат қилаётган пайтда унга аралашиб, шивирлаб, уни (баъзан) чалғитиб қироат қилиб туришга бўлган наҳий экан.
Демак, биз келтирган ривоятларга асосланиб, мазҳабимиз уламолари имом орқасида қироат қилишни мутлақо (ошкоро ўқиладиган намозларда ҳам, махфий ўқиладиган намозларда ҳам) манъ қилишган, уни макруҳи таҳримий деб ҳукм этишган. Лекин ўша ривоятларни нақл қилган Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳуга ўхшаган баъзи саҳобалар сиррий намозларда муқтадий ҳам “Сураи фотиҳа”ни ўқишлигига фатво берганлар. Унинг фатвосини Имом Молик, Муслим, Термизий, ан-Насоий, Ибн Можа, Абу Довуд сингари муҳаддислар ўз асарларида келтириб ўтганлар. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг ушбу тавсиясига биноан, юқорида айтганимиздек, Имом Молик (р.а.) фақат сиррий намозларда иқтидо қилувчи ҳам “Сураи фотиҳа”ни ўқиб туради, жаҳрий намозларда жим туради, деганлар. Имом Шофиъий (р.а.) ҳазратларининг мазҳабларида эса:
لا صلوة لمن لم يقرأ بها
«Фотиҳа сурасини ўқимаган кимсанинг намози йўқ» ҳадиси шарифининг зоҳирий мазмунига биноан (бу ҳадисни Термизий, Насоий, Абу Довуд ва Табаронийлар ривоят қилганлар) барча ҳолатларда иқтидо қилувчи қироат қилади, деб ҳукм қилинади. Аммо жаҳрий намозларда имом қироати орасида сукут қилганда, иқтидо қилувчи оятларни бўлиб-бўлиб, қироат қилиб олади, дейилади у мазҳабда. Баъзан эса, “Сураи фотиҳа”дан сўнг имом иқтидо қилувчилар қироат қилиб олишлари учун бир оз сукут сақлаб туради ҳам дейилади. Ушбу амални Шофиъий мазҳабидагилар мустаҳаб санашади.
Имом иқтидо қилганлар қироат қилиб олсин, деб жим турса, сукут сақласа, имомлиги қаерда қолади?! Имом ўз қавмларига тобеъ бўлиб қолган бўлмайдими?! Кейин, имомнинг “Сураи фотиҳа”дан сўнг сукут сақлаб туриши салафи солиҳийнлардан нақл қилинган эмас, унга ҳадислардан далил ҳам топилмайди.
Бизнинг мазҳабимизда фиқҳий масъалаларни олиш қоидалари қаторида ушбу жумлалардаги маънолар ҳам фаҳмланади:
То тавонанд бандагони Худо,
Жамъ созанд ба-мазҳаби уламо.
Равиши тарскори халқ ин аст,
Мадеҳ аз дасти худки, кор ин аст (Сўфи Аллоҳёр: «Маслак ул-муттақийн», Тошкент: «Ғуломий», 1327 ҳ., 36-бет.). 
Мазмуни: Аллоҳ таолонинг хос бандалари агар қодир бўлсалар, мужтаҳид уламоларнинг мазҳабларини жамъ қиладилар. Инсониятнинг тақводорлари амали, равиши бу! Бундай ишни сен ҳам қўлиннгдан берма!
Шунга биноан Имом Муҳаммад (р.а.) сиррий намозларда муқтадий ҳам “Сураи фотиҳа”ни қироат қилишини истеҳсон санаган эканлар. Бу масъала Имом Аъзам (р.а.)дан ҳам бир марта ривоят қилинган экан. Ушбу қавлни машойихларимиз мухтор қавл деб олишган. Ҳатто аҳли илм ва закий намозхонларнинг имом қироати орасидаги сукутлар асносида “Сураи фотиҳа”ни бўлиб-бўлиб ўқиб олишлари яхшироқ эканлиги ҳам фиқҳий асарларимизда кўрсатилган (Абдулҳай Лакнавий: «Умдат ур-риоя», «Шарҳи Виқоя» ҳошиясида: Лакнау: «Асаҳҳ ул-матобеъ», 1304 ҳ., 173-бет.). Ушбу масъала “Эъло ус-сунан”да ҳам ифодаланган. Лекин иқтидо қилувчининг ўқиши имомнинг ўқишига аралашиб кетмаслиги, унга асло халақит қилмаслиги, имомга эргашганнинг қироати ҳам тажвид қоидалари асосида бўлиши, қироат маъноси бузиладиган даражада бўлмаслиги шарт қилинади. Демак, бу имом орқасида қироат қилиш мазҳабимизда хос одамларга тавсия этилади холос. Бошқалар мазҳабимизнинг зоҳир масъаласига биноан, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин. Ҳатто қироати бўлмаган намозхон оятларни тажвид қоидаларига номувофиқ ўқиб, ўз намозини бузиб қўйиши мумкин.
Валлоҳу аълам бис-савоб.


Ҳамидуллоҳ Беруний

 
« Олдинги   Кейинги »