Нафс ва ҳою ҳавас Принтер учун
15.03.2016 й.
Инсон зотига ақл билан бирга нафс ҳам ато этилган. Токи жон танани тарк этмагунча инсон вужудида ақл ва нафс ўртасида кураш боради. Ақл инсон мақомини фаришталар мақомига кўтаришни истаса, нафс уни ҳайвонлар мақомига туширишга ҳаракат қилади. Шу иккиси ўртасидаги баҳс-тортишув туфайли инсон бу дунё синовидан ўтади. Нафс томонида шайтон турса, ақл томонида Аллоҳ туради. Баъзан ақл нафснинг дастёрига айланиб, у нимани буюрса, шуни сўзсиз бажаради. Баъзан ақл нафсдан устун келиб, унинг орзу-истаги ва хоҳишини бажаришдан бош тортади. Ақл нафс устидан ғолиб келганида инсон яхшилик йўлини тутади. Агар нафс ақлни ўзига тобеъ қилиб олса, инсон ёмонлик йўлини тутиб, разолат ва қабоҳат ботқоғига ботади. Ана шу вақтда Аллоҳнинг ўзи унга ёрдам бермаса, яъни тўғри йўлга йўлламаса, у ҳеч қачон ўзини бундан қутқара олмайди. Нафс яхши-ёмон, фойда-зарарни фарқламайди, хоҳиш-истаги амалга ошса, бас. Ақл эса, унинг акси бўлиб, ҳар бир нарсанинг фойда-зарарини ажратишга хизмат қилади. Шу боис, Қуръони каримда ақл эгаларининг мартабаси юксак экани кўплаб оятларда қайд этиб ўтилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафс номи билан қасам ичиши бежиз эмас. Аллоҳ таолонинг ичган қасами оддий қасам эмас:
   «Қасамёд этаман Қуёш ва унинг зиёси билан, унинг (Қуёшнинг) ортидан келган Ой билан, уни (Ерни Қуёш) ёритган пайтидаги кундузи билан, уни (Қуёшни) қоплаган тун билан, осмонлар ва (Аллоҳ) бино қилган (бошқа) нарсалар билан, Ер ва (У) ёйиб қўйган (бошқа) нарсалар билан, нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар (инсонлар) билан. Дарвоқе, унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур». («Шамс» сураси, 1–10 оятлар).   
Демак, нафс олдида икки йўл мавжуд: бири фисқ-фужур йўли ва яна бири тақво йўли. Инсон нафси шундан бирини танлашга маҳкум этилган, унга юрадиган бошқа йўл йўқ. Қайси бирини танлаш-танламаслик ўз соҳибининг ихтиёри ва истак-хоҳишига ҳавола. Лекин бири Аллоҳ таолони рози қилса, иккинчи бири Шайтонни рози қилади. Ҳа, инсон ўз нафсини танимаса, ҳатто уни ўзига «илоҳ» қилиб олишдан ҳам тоймайди. Бу ҳолда унга дунё лаззати ва ҳою ҳаваслари зийнатлаб кўрсатилганидан, ақлнинг кўзи кўр бўлиб, Аллоҳни танимаслик даражасига етиб боради. «Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир». («Юсуф» сураси, 53-оят).
«Йўқ! Сизларни (ўз) нафсингиз (бундай мудҳиш) ишга ундаган». («Юсуф» сураси, 18-оят). Бу сўзлар Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари укаси Юсуфни эски қудуққа ташлаб келганларида уларга қарата айтилган.       
 «Нафсим ана шундай қилишни менга чиройли кўрсатди». («Тоҳо» сураси, 96-оят). Бани Исроилни зебу зийнатлардан бузоқ ясаб, унга сажда қилишга даъват қилган Сомирий нафси шунга буюрганига иқрор бўлганида шундай деб баҳона келтирган.
«Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди». («Моида» сураси, 30-оят).
 «Бу (мусибат) қаёқдан келди?» – дейсизми?! «У – ўзингиздан», – деб айтинг!» («Оли Имрон» сураси, 165-оят). Уҳуд жангидаги мусулмонларнинг мағлубияти ҳам бевосита нафс билан боғлиқ ва бу хато туфайли катта зиён кўрдилар.
  «Нафслари уларга орттирган нарса шунчалик ёмон бўлдики, уларга (нисбатан)  Аллоҳнинг ғазабини келтирди». («Моида» сураси, 80-оят).
Ояти карималарда зикр этилган нафс жуда катта кучдир, лекин ақл уни ўзига бўйсундириши ва итоат эттириши мумкин. Тавҳид ва ақида таълимотига кўра, Аллоҳ яккаю ягона, ундан бошқа илоҳ йўқ ва унинг шериги ҳам йўқ, деб эътиқод қиламиз. Инсон ўз нафсини танимас экан,  уни ҳатто илоҳ даражасига кўтариб, унга сиғиниб яшашдан ор қилмайди. Мўътабар китобларда нафсни бут-санамга тенглаштирилган. Ўз нафсини «илоҳ» қилиб олганлар бут-санамга топинадиган мушрикларга ўхшайди. Ким уни бут-санамга айлантириб олган бўлса, бир умр Раббини танимай ўтади ва бадбахтлик ботқоғига ғарқ бўлади. Бироқ буни ўзи англамайди ва нафси нимани буюрса, шуни бажо келтириб умрини бой беради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «(Эй Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми?» («Жосия» сураси, 23-оят) деганида айнан нафсни бут-санам даражасига кўтарганлар назарда тутилган.  Инсон бутун умри давомида ўз орзу-ҳаваслари қулига айланиб яшайди. Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни бежиз яратмади,  инсон нафс хоҳиши ва орзу-ҳавасларини енгиб, қалбини ва нафсини покласагина, жаннатга киради. Агар қабоҳат ва разолат йўлидан тавба қилиб, Аллоҳни танимас экан, жаннатнинг яқинига ҳам бормайди. Жаннатга олиб борадиган амалларни қилиш бахт, унга тескари амалларни қилиш бадбахтликдир.  Аллоҳ таоло инсон нафсига бу дунё ҳаётини зийнатлаб, безаб қўйибди. Шайтон дунёни чиройли кўрсатиб, инсон ақлини олади ва у шунга алданади. Абу Ҳурайра  розияллоху анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дўзах (нафс хоҳлайдиган) шаҳватлар билан ўраб қўйилгандир. Жаннат (нафс хоҳламайдиган) кароҳиятли нарсалар билан ўраб қўйилгандир», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қайси банда Аллоҳни унутиб қўйса ва ҳавойи нафсини тиймаса, бу дунё имтиҳонидан ўта олмайди. Қайси бири бу дунё ҳаётига алданмай, нафси ва қалбини поклаш тадбирини аъло даражада уддалай олса, Аллоҳ унга жаннатни неъмат қилиб бериши аниқ. Аллоҳ таоло бу дунёда инсонга қайси нарсалар зийнатлаб қўйилганини Қуръони каримда  шундай хабар беради: «Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бундан-да) чиройли жой (жаннат) бордир». («Оли Имрон» сураси, 14-оят).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бу оят тафсирида: «Инсонга дунёни яхши кўрсатувчи Аллоҳ эмас, балки шайтондир», деган. Инсон фикри-зикрини дунё матолари эгаллаб олиб, шуларни деб одамзот бир-бирини алдайди, бир-бирини қатл этади, бир-бири билан низолашиб, талашиб-тортишади. Аллоҳ таоло улар талашиб-тортишадиган нарсалар ўткинчилигини билдириб, уларга алданиб қолишдан огоҳлантирмоқда. Агар инсон нафсига дунёдан бир эшик очилса, шу эшикдан кириб олгандан кейин қайтиб чиқиши амримаҳол. Шу боис, дунё осилиб турган мешга ўхшатилган. Банда шу мешга игна тешигича йўл топса, гўдак онасини эмгандек, у ҳам дунёга қаттиқ ёпишиб олар экан. Агар эътибор берилса, ояти каримада айтиб ўтилган дунё матолари ҳамма замонларда қадрли ҳисобланиб, унга катта машаққат билан эришилишига гувоҳ бўламиз. Инсон нафси ҳам шулар қаршисида тоқат қила олмай, унга сирли тарзда боғланиб қолар экан. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Одам боласи қариса ҳам, ундаги икки истак қаримайди: орзу-ҳавас ва молни яхши кўриш», дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом яна бир ҳадисда: «Сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш машғул қилиб қўйди. Одам фарзанди: «Молим, молим», дейди. Сенга молингдан фақат еб чиқарганинг, кийиб тўзғитганинг ёки садақа қилиб, (ажр-савоб) топганингдан бошқа нима қолади?» – дедилар (Термизий ривояти). Бу ҳадиси шарифларда мол-дунё топиб, нимага эришиш ҳақида баён этилган. Банда мол-дунёга ҳирс қўйса, ҳаловатини йўқотади, бутун фикри-зикрини шу ҳақдаги ўй эгаллаб олади. Лекин бир куни ўйлаб кўрса, пайғамбаримиз айтганларидан бошқа нарсани топмаган бўлиб чиқади.  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Дунё мол туфайли азиз ва охират солиҳ амаллар туфайли азиздир», деди. Яҳё ибн Муоз: «Бойлик кўпайиши билан ғам-ташвишлар ҳам кўпайиб боради. Дунёни йўқотиш оғир, лекин жаннатни йўқотиш ундан ҳам оғир. Охират маҳри дунёни тарк эта олишдадир», деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Шомга келиб, шомликлар олдида: «Эй шомликлар, насиҳатгўй биродарингиз сўзини эшитинг», деди ва олдига келганларга шундай деб насиҳат қилди: «Сизларга нима бўлди, ўзингиз яшамайдиган уйларни қуриб олаяпсизлар, ўзингиз емайдиган нарсаларни йиғишга берилгансизлар. Сизлардан олдингилар ҳам баланд қасрларни қуриб, узун орзуларга берилган ва кўп мол-дунё тўплашган. Уларнинг орзулари алдовга, йиғиб-тўплаганлари заволга ва масканлари қабрга айланди». Бир донишманддан: «Қарияга нима бўлганки, у ёш йигитдан ҳам дунёга ҳарисроқдир», деб сўралди. Донишманд: «Чунки қария дунё таъмини тотган, ёш йигит ҳали ундан тотиб улгурмаган», деб жавоб берди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мол-дунёси кўп одам бой эмас, балки нафси тўқ одам бойдир» – дедилар» (Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» («Каҳф» сураси, 28-оят). Демак, инсон бошқа бир инсонга эргашмоқчи, ундан ўрнак олмоқчи бўлса, унга яхшилаб қарасин, у аҳли зикрданми ёки ғофилларданми? Унга ҳавойи нафси ҳокимми ёки илоҳий ваҳийми? Агар ҳавойи нафс ҳоким бўлса, демак у ғафлат аҳлидан деб қаралади. Оятда айтилаётганидек, унинг иши исрофгарчиликдан ўзга нарса эмас. Бинобарин, у ҳалокатга етакловчидир. «Аммо ким Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисоб бериш)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур». («Нозиот» сураси, 40-41оятлар).
         Нафс дунёни яхши кўрган вақтда ундан роҳат, лаззат ва завқ излайди. Бир марта шу таъмни тотса, ундан ўзини тийишга асло рози бўлмайди. Бунга ҳаётимизда мисоллар етарли. Ота-онанинг орзу-ҳавасини кўриб, фарзандлар ҳам уларга тақлидан мол-дунёга ҳирс қўяди. Бу дунёда яшашнинг асосий мазмунини мол-дунёда кўрадиган бўлиб вояга етади. Мол-дунё топиш гўёки бахтга айланиб, ҳаётга келиб-кетиш билан боғлиқ бахтни унутиб қўяди. Донишмандлар айтдилар: «Мол-дунё, енгил ҳаёт қалблардан илм йўлларини тўсади, кўпинча дабдабали ҳаётда қалб илмга юзланмайди. Бой учун ўйин-кулги эшиклари мунтазирдир. Агар эшиклардан бирини очса, нуру-маърифат эшиклари тўсилади. Ҳаёт лаззатлари ва неъматлари қалб нурини сўндиради, кўзларни кўр қилади, ақл идрокни йўқотади». Шубҳасизки, фарзандларимизнинг дабдабабозлигига: «Мен фарзандимни ҳеч нарсага зор қилиб қўймайман, ҳамма xоҳиш-истакларини ҳозир қиламан!» дейдиган ота-оналар сабаб эмасми? Бундайлар фарзандларига яxшилик қиламан, деб ёмонлик қилиб қўйгани ҳақида ўйлармикан? Албатта фарзандларга меҳрибонлик қилиш керак. Лекин ҳамма талаб-истакларини амалга ошириш имкони бормикан? Бундан кўра, уларга соф имоний тарбия бериш фойдали эмасми? Ёшлигидан Аллоҳга боғланишни ўргатилса, нафси-ҳавога қул бўлиб улғаймайди. Нафси истаган нарсани қилишга одатланса, ўғирлик, зино, ҳатто xиёнатдан ҳам тоймайди. Инсон орзу-ҳавасларининг интиҳоси ва ҳад-чегараси йўқ. Улар ортидан қувган  одам қатиқ адашади, азиз умрини бой бергандан кейин афсус-надомат қилади ва бу афсус-надомати ўзига зиён бўлиб қайтади. Бир донишманд ҳою ҳавасларни шундай таърифлаб берди: «Ҳою ҳавас фитна ўчоғидир, дунё машаққат уйидир. Ҳою ҳаваслардан воз кечсанг, саломат бўласан. Дунёдан юз ўгирсанг, роҳат топасан. Ҳавойи нафсинг сени гўзал ва ёқимли ўйин-кулгулар туфайли алдаб қўймасин. Дунё ўзининг ўткинчи матолари билан сени йўлдан урмасин. Кайф-сафонинг муддати жуда оз. Дунё берган нарсасини қайтариб олади. Гуноҳ ва ҳаром ишларинг ўзинг билан бирга қолади». Ибн Саммок деган зот нафснинг табиатини ўрганиб шундай деган: «Ҳавойи нафсингни покловчи бўл, ақлингга ёрдам берувчи бўл. Оқибати ёмон бўлган нарсага қара. Нафсингни у нарсадан четлашга ўргат. Албатта, нафс хоҳлаган нарса унинг касаллигидир ва нафс хоҳлаган нарсани тарк этиш унинг муолажасидир. Касалдан қўрққанингдек, давога сабр қил». Инсон улғайган сари ундаги орзу-ҳаваслар ҳам кўпайиб боради. Ёш боланинг орзу-ҳаваси билан қариянинг орзу-ҳаваси орасида ер билан осмонча фарқ бор, десам, муболаға бўлмаса керак. Рабби таоло нафсни яратиб, унга керакли лаззат ва роҳатларни ҳам яратди. Ким нафснинг истак-хоҳишидан ўзини тийса, нажот топади, агар тийила олмаса, ҳалокатга учрайди. Бу тақдир йўлини ҳам Аллоҳ таоло чизиб берган. Кимки Аллоҳнинг истак-хоҳишини ўз истак-хоҳишидан устун ва афзал кўрса, бу ҳаёт синовидан қийналмай ўтади. Аксинча, ҳавойи нафс унинг имони, шахват раҳбари, жахолат сарбони ва ғафлат карвонига айланган банда насиҳатга қулоқ тутмай, шайтоннинг этагини тутади. Ҳавойи нафс дунёга муҳаббат пайдо қилиб, уни кўру карга айлантиради. Солиҳлардан бири деди: «Одамлар қизиқ, танаси ўлган кишига йиғлайдилар-у, қалби ўлган кишига йиғламайди, холбуки қалбнинг ўлиши ёмонроқдир». Бундай қалб эгаси билан бирга бўлиш касаллик, у билан дўстлашиш заҳар, унинг давраси эса ҳалокатдир. Тирик қалб эгаси эса унинг бутунлай акси бўлиб, Аллоҳни таниб, унинг амр-буйруқларига амал қилади, ақлини ишлатиб, ҳидоят йўлини топади, яхши-ёмонни, фойда-зарарни ажратади. Нафақат ўзига, балки бировга ёмонлик етишини истамайди. Унинг қалбида имон лиммо-лим, тавҳид арқонидан маҳкам тутиб, шайтон йўлини тарк этганидан мамнун. Ҳавойи нафси истагини танаси эҳтиёжига қараб белгилайди, ундан ортиғига қизиқмайди. Нафс истагини устун қўйиб, мол-дунё ортидан югурмайди, ҳасад, манманлик ва фасод ишларни тарк этади. Булар қалбни ҳалокатга олиб боргувчи эканини билиб, дунёга меҳр қўймайди. Қалби касал киши илм, маърифат, ҳикмат, Аллоҳ таолони яхши кўришдан ўз шахватини деб яшашни устун қўяди. Кўпинча қалб касалга чалинади, оғирлашади, баъзида унинг ўлиб бўлганини эгаси сезмайди. Дунёга қаттиқ берилган кишини қалбининг касал ёки соғломлиги асло қизиқтирмайди. Айрим ҳолларда қалби касаллигини сезса ҳам, лекин уни даволаш ҳақида ўйламайди ва машаққат тортишдан кўра, роҳат-фароғатда юришни афзал кўради. Қалб шифоси ҳавойи нафсга қарши чиқиш билан амалга ошгани учун унга қизиқмайди. Баъзи уламолар айтади: «Қалблар уч турлидир: биринчиси, имон ва барча эзгу ишлардан холи қалб. Бу зулмат билан қопланиб, шайтон васваса қилишидан хотиржам бўлиб қолган қалбдир. Чунки шайтон унинг қалбини маскан тутиб, хоҳлаган ҳукмини  юргизади ва хоҳлаган ерига жойлашади. Иккинчиси, имон нури билан нурланган қалб, эгаси унда имон чироғини ёққан-у, лекин ундан шаҳватлар зулмати ва ҳавойи нафс шамоллари кетмаган. Шайтон унга хужумлар қилиб туради. Бу жангда баъзан қалб ғолиб бўлса, баъзан шайтон ғолиб. Учинчиси, имон билан лиммо-лим қалб. Унда шаҳват ва зулматлар йўқ, имон доим нур сочиб туради ва шайтон васвасаси яқинлашса, бу нурнинг алангасида ёниб кетади. У бамисоли юлдузлар билан ҳимояланган осмонга ўхшайди. Шайтон осмонга яқинлашса, тошбўрон қилиб, куйдириб юборилади». Бир донишманддан: «Одамларнинг шижоатлиси ва курашда ғолиб бўлишга ҳақлиси ким?» – деб сўралди. У: «Раббига итоат этиш учун ҳавойи нафси билан курашган ва кураш вақтида қалбига келган шаҳвоний ўй-фикрлардан сақлана олган киши»,– деб жавоб берди. Ҳасан Басрий: «Жиҳоднинг афзали ҳавойи нафс жиҳодидир», деди. Бир ўйлаб кўрайлик, қайси биримиз юқорида айтилганлардек нафсимизни тергаб, истак-хоҳишимизга қарши бориш ҳақида фикр-мушоҳада юритишга вақт ажратамиз. Булар оддий кишилар сўзи эмас, балки улуғ ва тақводор инсонлар айтаётган пурҳикмат сўзлардир. Кимки Аллоҳ таолонинг: «Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрқан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса» («Нозиот» сураси, 40-оят), деган сўзини теран англаб олса, ҳавойи нафсдан тийилиш нақадар катта ютуқ эканини билиб олади. Али розияллоҳу анҳу айтади: «Кимки фикрласа, англайди, нафс енгил нарсага шошилади ва қадамини тезлаштиради. Натижада ўз бурчини адо этиш, диққат қилиб қарашга вақт қолмайди ва уни тузатишнинг иложи бўлмайди. Бир ишни қилгандан кейин диққат билан қараш керак, ўтиб кетгандан кейин уриниш фойда бермайди».
Бу ояти карималардан ҳам англаб олиш мумкинки, нафс инсон бошига тушадиган кулфат ва балоларнинг илк сабачисидир. Нафсни ўз ҳолига қўйилса, у нималарни истамайди, дейсиз. У хоҳлаган лаззат ва роҳатларнинг интиҳоси йўқ. У ўз соҳибини измига юритган вақтда, соҳиби унга қаршилик қила олмайди, нафс унинг ақлини олиб, ўзини ҳоритиб-чарчатади. Инсон ўз нафсини бутунлай маҳв этиб, ўзига буйсундириб олишга қурби етмайди. Бу хусусда кўплаб рисола ва қўлланмалар битилиб, нафсни ислоҳ этиш йўллари ва чоралари ҳақида турли тавсия ва маълумотлар берилган. Бироқ нафс шу қадар тутқич бермас қушки, уни овлайман, деган кишининг ўзи овланганини сезмай қолиши мумкин. Шунинг учун донишмандлардан бири: «Ҳавойи нафс тошбағир подшо ва золим ҳукмдордир», деган. Ўз соҳибига бўйсунмасликда нафсга ёрдам берадиган қўлловчи ва ёрдамчилари кўп. Шулардан бири шайтон ва кибр-ҳаводир: «Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилингиз!» - деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди». («Бақара» сураси, 34-оят).
«Ер (юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўяжакмиз». («Аъроф» сураси, 146-оят).
  Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида мисқоли зарра кибри бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Киши ўз либосининг гўзал, пойабзалининг эса чиройли бўлишини истайди», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло гўзалдир ва гўзал нарсани яхши кўради, кибр эса хақни тан олмаслик ва одамларни камситишдир», дедилар (Имом Муслим ривояти). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Ким ўз нафсини бошқаришдан ожиз бўлса, ҳақиқий ожиз ўшадир».
      Ислом оламида яшаган алломаларнинг асарларида нафс ва уни ислоҳ қилиш масаласига жиддий эътибор берилган. Ҳавойи нафс ва уни қўллаб-қувватлаб турадиган иллатлар бирма-бир кўрсатиб берилган ва уларни муолажа қилиш йўллари ҳақида тавсиялар берилган. Бугунги кунда бунга жиддий эътибор берадиганлар жуда камайиб бормоқда. Ҳавойи нафс ўз ишини қилиб, дабдаба ва ҳашаматга бурканган ҳаётни одамлар кўзига чиройли қилиб кўрсатмоқда. Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларини синчиклаб ўргансак, ҳавойи нафсдан нечоғлик тийилганларидан ҳайратга тушамиз. Нега у зот дунё матолари оёқлари тагига тўкилганида ҳам унга парво қилмадилар? Бунинг сабаби нима? Нега у зот ўз нафсларини дунё лаззати ва роҳатидан тийдилар, қоринлари очганда унга тош боғлаб олдилар? Ё у зот дунё матоларидан фойдаланишга арзимас эдиларми? Биз мўмин-мусулмонликни даъво қиламиз-у, лекин дунё келганда мўмин-мусулмонлигимиз нега эсимиздан чиқиб қоляпти? Бу оламда хурсандчилик ва хафалик, роҳат-фароғат ва азоб-уқубат бирга юради. Ҳеч қачон фақат биттаси ёлғиз ўзи қолмайди. Ҳатто пайғамбарлар ҳам ҳавойи нафс имтиҳонига дуч келганлар, қийинчилик ва азобларни бошдан кечирганлар. Лекин улар роҳат ва яхшилик келганда ҳовлиқиб, Аллоҳни эсдан чиқариб қўймаганлар, бирор уқубат ёки кулфат келганда ҳам Аллоҳга итоат этиб, Унинг амр-буйруқларини бажаришда бардавом бўлганлар.  Улар ақл-фаросат билан иш тутиб, нафс жиловини қўлга олганлар. Нафс ҳар қанча ўз йўлига оғдиришга уринмасин, улар сабр-тоқат билан унинг истак-хоҳишидан ўзларини тортиб турганлар. Бугун ақл нафснинг ҳаммоли ва қулига айланиб, нафс уни ўз измига солмоқда. Нафс ўз эгасини забун ва хор этиб, Аллоҳни таниш, ундан уялиш ва тақво қилишдан узоқлаштирмоқда. Энг ачинарлиси, охират ва ўлимни эслаш ва бир куни бу дунёда қилган амалларига ҳисоб бериш ҳиссини қалблардан суриб чиқармоқда. Улуғлар сабр-қаноат қилиб яшашга аҳд қилган ҳис-туйғулар бизга бегона бўлиб бормоқда. Муҳаммад ибн Восеъ деган зот қуруқ нонни сувга ботириб еб шундай дер экан: «Ким шунга қаноат қилса, бирон кишига муҳтож бўлмайди». Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладиларки: «Ҳар куни фаришталар: «Эй, одам боласи, сенга кифоя этадиган оз нарса сени туғёнга соладиган кўп нарсадан яхшироқдир»,– дейдилар». Бу зотлар дунё неъматлари ўткинчи  эканини яхши ҳис этганлар, нафс жиловидан тортиб, унинг хоҳиш-истагига қарши бора олганлар. Ҳозирги замонимизда нафс хоҳиши, ҳою ҳавас ва гуноҳу маъсиятларга тўла ҳаётимизни уларникига солиштириб бўладими? Ҳозир мол-дунёси кўпайиб, бойиб бораётган киши хаёлини қандай фикрлар банд этади, деб ўйлайсиз? Шу мол-дунёсини ўз нафсидан орттира олармикан? Ривоятга кўра, Муҳаммад ибн Каъб Қурайзийнинг мол-дунёси кўпайди. Шунда унга: «Уни ўзингдан кейин фарзандингга олиб қўйсанг-чи», дейилди. У: «Йўқ, лекин мен уни Раббим ҳузуридаги нафсим учун олиб қўяманки, Раббим фарзандимга йиғиб қўяди», деб жавоб берди. Ҳа, у зотлар Аллоҳ ҳузурига борганда ҳисоб-китоб ва бу дунёда қилган ишлари учун жавобгарликка жиддий қараганлар. Ҳатто ўз фарзанди келажаги учун мол-дунё йиғишни ўйламаганлар, Рабби таолога қаттиқ ишонч-эътиқодда бўлганлар. Бизнинг замонимизда нафсни ислоҳ этиш ва ўзини-ўзи тергаш ҳисси камайиб бормоқда. Аксар кишилар ҳақиқий бахт нимаю, ўткинчи бахт нималигини фарқламай қўйдилар. Баъзан ҳаёт оғир, қийин бўлиб кетди, деб нолиганларни эшитиб қоламиз. Ҳаёт қийин бўлиб кетдими ёки биз ўзимиз уни қийин қилиб олдикми? Бу савол ақл-фаросат эгаларининг ўзига ҳавола. Ҳаёт қачон енгил ва осон бўлган. Инсон нафс қулига айланиб яшар экан, ҳаёт ҳеч қачон енгил бўлмайди. Инсон елкасидан нафс юки босиб турар экан, у ҳеч қачон эмин-эркин нафас ола олмайди. Дунё имтиҳон ва синов эканини яхши биламиз. Шунинг учун ҳар бир фурсат ва соат ғанимат. Шуни эсда тутган ҳолда солиҳ амал қилувчилар ҳеч қачон адашмайди, ҳаммамизга шундай амал қилиш бахти насиб этсин.  

Дониёр Файз
 
« Олдинги   Кейинги »