Ҳаёт мезони Принтер учун
15.03.2016 й.
Ақл неъмати

Бу олам ва борлиқда ҳар бир нарса мезон ва ўлчов билан яратилган. Мабодо ана шу мезон ва ўлчовга путур етказилса, олам ва борлиқ мувозанати бузилиб кетади. Ҳеч бир иш ўз-ўзича амалга ошмайди. Ҳатто дарахтдан узилиб тушган барг ҳам илоҳий тақдир ҳукмига бўйсунади. Одам Ато ер юзига тушгандан бери қанчадан-қанча халқ ва қавмлар яшаб ўтди. Улар Аллоҳнинг юборган набий ва пайғамбарларига итоат этган бўлса, бу дунёда яхши ҳаётга эришиб, охиратда ҳам бахт-саодатга ноил бўлдилар. Агар фисқ-фасод ва бузуқ амалларни қилган бўлсалар, икки дунёда ҳам бадбахт бўлишди. Буни пайғамбарлар тарихидан хабардор кишилар яхши биладилар. Бу дунё аслида одамзот учун яратилган. Ундан инсоф ва адолат билан фойдаланиш, ва айни  пайтда ноҳақлик қилмаслик ва ҳаддидан ошмаслик буюрилган. Шунинг баробарида ҳақни таниш ва Ҳақ таоло буюрган амалларни бажо этиш ва У зотнинг розилигига эришиш амр этилган. Бунинг учун инсонга ақл неъмати ато этилган. Ундаги ақл бошқа жонзотларда йўқ, шу туфайли у азизу мукаррамдир. Агар инсон ақлини ишлатиб иш тутса, Аллоҳ тарафидан кўп неъматлар билан сийланади. Уларни бирма-бир санамоқчи бўлсак, охирига етиб бўлмайди. Шунинг учун, бу неъматлар ҳақида унутиб, уларнинг шукрини бажо келтирмаган бандаларига Аллоҳ таоло маломат ёғдиради. Бу неъматларнинг ким томонидан берилганини тан олмай, куфру исён йўлини тутганларни огоҳлантиради. Шундай неъматлардан баъзи бирлари ҳақида айтиб ўтайлик. Қачонки унга муҳтож бўлганда, уни таниймиз, қадрлаймиз, унгача унинг неъмат экани эсимизга келмайди. Истасак-истамасак ҳам, кечаю кундуз ўпкамизга кириб чиқадиган ҳавони олайлик. Бу неъмат ҳаммага етарли, уни деб биров биров  билан талашиб-тортишишига ҳожат йўқ. Ҳатто буни неъмат деб ўйламай ҳам қўйганмиз. Қачонки нафасимиз сиқиб, ҳаво етишмай қолса, бу неъматнинг қадрига етамиз. Сув неъмати ҳам шундай. Қачонки бу иккисига муҳтож бўлганда, улар ноёб ва қадрли нарсага айланади.
Бир нарсанинг мавжуд бўлиб, ҳаммага етарли бўлиши унинг неъмат эканини унутишга олиб келади. Шундай неъматлардан бири бўлган ақлни олайлик. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ақл-фаросат берган. Бировга кўпроқ, бировга камроқ дегандек. Ҳар куни ундан нафсимиз ва истак-хоҳишимиз учун фойдалансак ҳам, бу неъматнинг шукрини бажо қилмаймиз. Лекин ақлдан озган жиннини кўрганда беихтиёр Аллоҳ таоло ақл-фаросатдан қисмаганига шукр қиламиз. Агар ақлимиз бўлмаганда, кўп ишларни бажара олмас эдик. Аллоҳ таоло ер юзида яшаган катта ва улуғ қавмларга кўп неъматларни берган, аммо улар бу неъматларнинг қадрига етмасдан куфр ва исён йўлини тутиб, маломатга қолганлар. Ер юзида тўсатдан ҳалокатга учрашларига ана шу нарса сабаб бўлган. Қуръони каримдаги: «Эй, ақл эгалари, эслатма-ибрат олмайсизларми, тафаккур қилмайсизларми», деган хитоб ва даъватлар бежиз эмас.  Бироқ инсон табиатан қайсар ва ўжар. Илоҳий хитоб нима учун айтилаётгани ҳақида ақлини ишлатиб, фикрлаб кўрмайди, ўйлаб кўрган тақдирда ҳам, чуқур мулоҳаза юритмайди. Қуръони каримда ақл эгаларини фикр-мушоҳадага ундайдиган илоҳий кўрсатмалар кўп. Агар инсон ақлини тўғри ишлатиб, холис фикрлай олганида ҳаётини тўғри асосга қуриб, ер юзида турли фасод ишларни қилмасди. Бунга тарихда ўтган улуғ пайғамбарларнинг қавмлари ҳаёти мисол бўлади. Улар ҳидоят йўлидан бурилиб, нафс ва шайтон измига юргандан кейин ер юзида фисқ-фасод ва бузуқ ишларни қилишди, ҳақ йўлдан тойишди, Аллоҳ юборган пайғамбарлар сўзига итоат этишмади, натижада хорлик ва ҳалокатга йўлиқдилар. Аллоҳ таоло ўз бандалари табиати ва фитратини яхши билганидан уларни икки дунё саодатига олиб борадиган йўлга йўллайди. Афсуски, инсон ундан юз ўгиради, илоҳий хитобга жиддий қарамайди ва ўзига буюрилган яхшиликни қилиб, ёмонликни тарк этмайди. Ким ақлини ишлатиб, Аллоҳнинг амрига итоат этса, нажот топади, ким ақлини ишлатишни истамаса, катта зиён кўради. Инсонга яратиб қўйилган улкан имконият ва қулайликлар ақлини ишлатганларга аниқ-равшан белги-аломат экани айтиб қўйилган: «Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли (ўлик) ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишда, шамолларни (турли томонга) йўналтиришда ва осмон билан Ер орасидаги бўйин сундирилган булутларда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллохнинг вужуди ва қудратига далиллар) бордир». («Бақара» сураси, 164-оят).
Бу оятда келтирилган ҳақиқат ва белги-аломатларга кўзимиз ўрганиб бўлганидан уларга мўъжиза сифатида қарамайдиган бўлиб қолганмиз. Бир ўйлаб кўринг, кечанинг изидан келаётган кундуз, денгиз ва уммон бағрида ҳеч қандай тиргаксиз сузиб юрган кемалар ва осмонда чўл ва саҳролар устида ёмғир ёғдираётган булутлар мўъжиза эмасми? Йўқ, биз буни катта нарса деб қарамаймиз. Бундан кўра энг охирги русумдаги машина сотиб олган танишимиз ёки данғиллама тўй берган қўшнимизга ҳайрат билан қараймиз ва фойдаси бўлмаса ҳам, шу ҳақда гапириб юрамиз. Бу ёруғ дунёга келиб, Аллоҳнинг чексиз куч-қудратига далолат қиладиган ажойиботларни кўрсак-да, уларга озгина бўлса ҳам эътибор бермаймиз. Қандай ва нима учун яратилганини билиш учун ақлни ишлатиб, тафаккур юритмаймиз. Шунинг учун, Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада айнан шулар тўғрисида ўйлаб кўриш кераклигини таъкидламоқда. Шундан ҳам ақл, зеҳн, қобилият, фикр-мушоҳада ва тафаккур  инсонга берилган улуғ неъмат экани аён бўлади. Демак, ақл инсон учун катта имконият. Агар инсон бахтли бўлишни истаса, ақл неъматидан тўғри фойдаланиши керак. Бу дунёга келганлар қаршисида уч нарса ғов бўлиб турар экан: дунё, нафс ва шайтон. Бу каби ғов ва тўсиқларни енгиб ўтиш учун кишига ақлдан бошқа нарса ёрдам бера олмайди.
        Инсон бир умр ақлдан фойдаланса ҳам, унинг улуғ неъмат экани ва ўзидан бошқа жонзотларга раво кўрилмагани ҳақида ўйлаб кўрмайди. Ақлнинг моҳияти ва унинг қаерда жойлашгани ҳақида турлича фикрлар билдирилса ҳам, бу хусусда аниқ тўхтамга келинмаган. Бир олим ақл мияда бўлади деса, бошқа бири қалбда деган фикрни айтади. Табиблар ҳам ақлнинг мияда бўлишини ёқлаб, бунга қачон инсон миясига талафот етса, ақлдан озиш юз беришини ҳужжат қилиб келтирганлар. Тиббиёт ва анатомия илмидан ҳозиргача маълум бўлган нарса шуки, бевосита фикрлаш манбаи инсон миясидадир. Негаки, барча сезги аъзолари миядан келаётган буйруқ ва ундовларга биноан ишлайди. Имом Нававий «Бўстонул орифин» китобида: «Яхшиликлар ичида энг яхшиси ақл ва мусибатлар ичида энг ёмони жаҳлдир», деди. Чунки ақл туфайли инсон яхши-ёмонни, фойда-зарарни ажратади ва оқу қорани танийди. Бир нақлда: «Ақл жавҳардир, ғазаб уни кеткизади, дин жавҳардир, ҳасад уни  кеткизади, ҳаё жавҳардир, тамаъ уни кеткизади, солиҳ амал жавҳардир, ғийбат уни кеткизади», дейилган. Инсон учун дунёда энг яхши нарса нималиги сўралганида, Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: «Ақл», – деб жавоб берган экан. «Ақл бўлмаса-чи?» – дейилганида: «Яхши одоб», деди. Яна: «У ҳам бўлмаса-чи?» – дейилганида, «Узоқ сукут», деди. Яна: «У ҳам бўлмаса-чи?», – дейилганида: «Маслаҳат берадиган яхши дўст», деди. Яна: «У ҳам бўлмаса-чи?» – дейилганида: «Бундан кўра, ўлгани яхши!» – деди. Инсоният ичида кўп ақл ато этилган зотлар пайғамбарлар, ундан кейин ҳаким ва донишманд зотлар, ундан кейин олим кишилардир. Шунинг учун пайғамбарлар билган ва ақли етган нарсага бошқаларнинг ақл-фаросати ноқислик қилади. Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Мен тўқсон битта китоб ўқиб, ҳаммасида кўрдимки, дунёнинг аввалидан охиригача бутун махлуқотдаги ақл тўпланса-ю, Пайғамбаримиз ақлининг ёнига қўйилса, ҳамманинг ақли у зотнинг ақли қаршисида худди саҳро қумтепалари олдидаги бир зарра қумга ўхшаб қолади». Улуғ муфассир имом Қуртубий яна шундай дейди: «Одам болалари азиз бўлиши ақл туфайли бўлиб, у таклиф (ибодат ва муомала) асосидир. Инсон ақли туфайли Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, ато этган неъматларидан баҳраманд бўлади ва пайғамбарларини тасдиқлайди, нафси ва шайтонга қулликни тарк этади. Аммо ақлнинг ўзи туфайли мақсад-муддао ҳосил бўлганида пайғамбарлар юборилиб, китоблар туширилмасди. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Агар кўз соғлом бўлса, уни очган заҳоти қуёшни кўради, ҳар бир нарсанинг тафсилотларини идрок этишга қодир бўлади».
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: «Ақлли киши учун Аллоҳ таолони танимаслигига узр йўқ», – дейди. Шундай экан, бунинг учун ҳар қандай узр инобатга олинмайди. Чунки шариат аҳкомларини тушуниш ва ҳаётга татбиқ этиш фақат ақл туфайли амалга оширилади ва ақлни ишлатиши керак бўлади. Ақл «иқол»-«нўхта» сўзидан  олинган бўлиб, шу нўхта туяни юришдан қайтариб турганидек, ақл ҳам инсонни ҳалок бўлиш ва зиён кўришдан сақлаб  туради.
Фан-техника юксак тараққий этган бизнинг замонимизда ақлга ҳаддан ташқари ортиқча баҳо берилмоқда. Чунки ақлга суяниб, инсон мўъжизавий ихтиролар ва кашфиётлар қилмоқда, ҳайратли ишларга қўл урмоқда. Худди, ақл ихтиро этадиган кашфиётларнинг чеки-чегараси йўқдек. Айримлар «ақл ҳамма нарсага қодир» деган тушунчага қаттиқ ёпишиш оқибатида Аллоҳ ва Унинг куч-қудратига шубҳа келтирмоқдалар. Бу эса инсон қарашини бузиб, хунук оқибатларга олиб келади. Манбаларда ақлни «туғма» ва «муктасаб» деб икки турга ажратишган. Инсон ақл даражаси туфайли бир-биридан фарқланади. Аммо одамлар ақлни қадрига етиб ишлатиш ўрнига жоҳилона иш тутадилар ва ўзларига кўп зарарларни сотиб оладилар. Омир ибн Қайс: «Қачон сени ақлинг нолойиқ нарсадан қутқара олса, сен ақллисан», деган. Агар инсон ҳақ ва ботилни ажрата олмаса, бу дунёда яшашидан маънони топа олмай ўтади. Бу икки ҳақиқатнинг моҳиятига етиб борилмаса, илоҳий тадбирлар тушуниб етилмайди. Демак, инсон ҳар бир қилаётган амалини тушуниб бажариши керак. Ибодат қилувчи киши қилаётган ибодатини ақл-фаросат билан бажармаса, ундан фойда қилиш ўрнига зарар кўриши мумкин. Шунинг учун ибодат қилишда ҳам бандадаги ақл-фаросат катта ўрин тутади. Шунинг учун динда мутаассиблик қораланади. Чунки у бажараётган ибодатини аниқ билиб қилмайди, балки кўр-кўрона бажариб, савобидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Дониёр Файз
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz