Яратган зотни таниш Принтер учун
15.03.2016 й.
Бу дунё ва борлиқни йўқдан мавжуд қилган Зотни таниш, унинг улуғлиги ва буюклигини эътироф этиш икки дунё саодати эшигини очишга муяссар этадиган калитдир. Буни «тавҳид илми» деб аталади. Тавҳид бирликни тан олиб, кўпликни инкор этади. Аллоҳ таолони яккаю ягона деб билиш ва унга ширк келтирмаслик тавҳиднинг асоси ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» («Зориёт» сураси, 56-оят) деган оятини Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «фақат Мени танишлари учунгина яратдим», деган маънода тафсир қилган.  Бу олам қандай яралди ва қандай қилиб бир тартиб асосида тараққиётда давом этмоқда, деган саволга жавоб излаб кўрилса, ўз-ўзидан, Аллоҳнинг яратувчилик қудратини англаб етиш қийин эмас. Аллоҳ таолони танимаслик, бу дунёда жоҳилона ҳаёт кечириб, бу оламни тарк этиш катта ютқизишдир. Чунки бу олам ва борлиқнинг тартиб ҳамда изчил қонун-қоида асосида ҳаракатланиб туриши у ўз-ўзича яралиб қолганини бутунлай инкор этади. Бу олам ва борлиқдаги  мавжудотлар аниқ режа ва йўналиш асосида бунёдга келганини илм-фан ҳам тасдиқлаб турибди. Агар шундай бўлмаганида, ҳамма нарса аллақачон пароканда бўлиб, олам ўз измидан чиқиб кетарди. Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ва яккаю ягоналигини қалб ва тил билан тасдиқлаб, аъзолар орқали изҳор этиш имон асосини ташкил этади.  Аллоҳнинг ваҳдонияти ва бирлигини исбот этадиган ҳужжат-далиллар Қуръони каримда кўплаб мавжуд. Шундай ояти карималарда Аллоҳ таоло инсонга хитоб қилиб, Ўзини танишга, имон келтиришга даъват этади ва бошқа «илоҳ» ларни Ўзига шерик қилмасликдан огоҳлантиради ҳамда охиратда бунинг азоби қаттиқ бўлишини билдиради. Аллоҳ таолони тан олган ва Унга имон келтирган банда Уни ҳар қандай ширк ва айб-нуқсонлардан пок деб билади. Бироқ бу имон йўлида энг катта душман – Шайтони лаъин инсонни Аллоҳ таолодан буришга тинмай ҳаракат қилади ва У зотнинг розилигини қозонишда тўғоноқ бўлади. Шунинг учун, Аллоҳ таоло шайтонни катта душман деб, ундан огоҳ бўлиш ва айтганига юрмасликка даъват этади. Шайтони лаъин тавҳид ва ҳидоят йўлини танлашда инсон қалбида турли васваса ва шубҳа-гумонларни туғдиради. Икки дунё саодатини қозонишни ўзига мақсад қилиб қўйган банда Аллоҳ таолони ўзига дўст тутиб, шайтонни душман деб билиши керак. Аллоҳ таоло инсонга хитоб қилиб, бу хусусда ақл юритиши лозимлиги ҳақида шундай марҳамат қилади:
 «Ёки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолганмилар?! Ёки улар ўзлари яратувчимилар?!» («Тур» сураси, 35 - оят).
«(Эй Муҳаммад!) Осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар ва (баржа) жониворлар ҳамда кўп инсонларнинг Аллоҳнинг ўзигагина сажда қилишини кўрмадингизми?» («Ҳаж» сураси, 18-оят).
 «Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд  билан Унга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини  англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли зотдир».  («Исро» сураси, 44-оят).
«Айтинг: «Сизларга осмон ва Ердан ризқ бераётган ким ёки қулоқ ва кўзларингизга эгалик қилаётган ким?! Ўликдан тирикни чиқарадиган ва тирикдан ўликни чиқарадиган ва ишнинг тадбирини кўрадиган кимдир?! Улар албатта: «Аллоҳ», – дейдилар. Шунда айтинг: «Бас, (шундай экан) қўрқмайсизми?!» («Юнус» сураси, 31-оят).
    Бу оятлардан маълум бўладики, бу олам ва борлиқни йўқдан бор қилган Зот барча махлуқот ва мавжудотни, ҳатто ақлсиз ва митти жонзотларни ҳам яратганлигини инсон яхши билиб олиши керак. Шундан кейин бу дунёга нима учун келганини аниқлаб олиб, бу дунё ва у дунёда бахтли бўлиш тадоригини кўради. Аллоҳ таолога ҳамд айтади, сажда қилади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, одамзот бу дунёда икки хил – имоний ёки жоҳилий қарашга биноан ҳаёт кечиради. Бирига кўра бутун борлиқ ва мавжудотни Аллоҳ таоло яратган деб тушунилса, иккинчисига кўра  борлиқ ва мавжудот ўз-ўзича яралиб қолган, деб тушунилади. Шу иккиси ўртасидаги баҳс-мунозара ва кураш тўхтамайди. Бунга мисол тариқасида мана бу ривоятни келтирсак, янада тушунарли бўлади: мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг йигитлик пайтларида Аллоҳга ишонмайдиган бир динсиз одам Куфа шаҳрига келиб қолди. У бунгача кўп шаҳарларни кезиб: «Аллоҳ йўқдир, ҳамма нарса табиат тарафидан яратилган», деб олимлар билан баҳс-мунозара юритиб, ўзини ҳақ деб биларди. У Куфа шаҳри олимларини ҳам шундай баҳс-мунозарага чақирди. Мусулмонлар унга: «Агар хоҳласанг, бизнинг бир кичик олимимиз билан бу тўғрида гаплашиб кўр. Агар баҳсда уни енга олсанг, у ҳолда катта олимларимизга учрайсан»,  дедилар. У рози бўлибди. Мунозара жойи ва вақти белгиланибди. Куфаликлар бир жойга тўпланибди. Лекин мунозарага таклиф этилган ёш олим ҳадеганда келавермабди. Вақт ўтган сайин динсиз одам ўзининг ҳақлигига ишониб, ғурури ортаверибди. Ҳатто мендан қўрқиб келмади, дея кула бошлабди. Бир маҳал ёш Нўмон ибн Собит кириб келганида динсиз киши: «Нимага шунча кеч қолиб келяпсан. Мендан қўрқдингми?» – деб сўрабди. Нўъмон ибн Собит эса: «Йўқ, қўрқмадим. Уйим дарёнинг у тарафида. Кўприкдан ўтишим керак эди. Қарасам, кўприк бузилибди. Ноилож дарахтларга қайиқ бўлиб, мени сувдан ўтказиб қўйишларини буюрган эдим, дарахтлар дарҳол қайиққа айланиб, мени бу томонга ўтказиб қўйди. Шу сабаб бироз кечикдим, узр сўрайман», – деди. Абу Ҳанифанинг бу гапидан динсиз одам қаҳқаҳа отиб кулиб: «Эй, беақл бола, ҳеч замон дарахт ўз-ўзидан қайиққа айланиб қоладими?» – дейиши билан Абу Ҳанифа жиддий оҳангда: «Аслида беақл сиз эмасми? Ҳатто, бир қайиқнинг ўз-ўзидан пайдо бўлганини қабул этолмаяпсиз. Бу чексиз ва поёни йўқ коинотда сузиб юрган оламларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлишини қандай изоҳлаш мумкин?». Бу гапдан нима дейишини билмай мулзам бўлган динсиз: «Мени боплаб қўлга туширдинг, бола. Хўп, шу борлиқни яратган Аллоҳни кўрсат, мен ишонай», – деди. Абу Ҳанифа қўлига бир пиёлада сут олиб: «Сариёғ билан пишлоқ нимадан олинади?» – деб сўраган экан, у ўйлаб ўтирмай: «Албатта сутдан олинади»,– деб жавоб берди.  Абу Ҳанифа: «У ҳолда сутдаги сариёғ билан пишлоқни менга кўрсатинг», деди. Динсиз одам ҳайрон бўлиб: «Албатта, бу сут ичида сариёғ билан пишлоқ бор, бироқ уларни кўришнинг иложи йўқ», – деди. Бу динсизни заиф жойидан тутган Абу Ҳанифа: «Шу сут ичида оддий сариёғ билан пишлоқ борлигини билганимиз ҳолда, уларни кўрсата олмас эканмиз, Улуғ Аллоҳ таолони «мана Аллоҳ» деб кўрсатиш мумкин эканми? Сутнинг ҳар заррасида ёғ қандай пайдо бўлса, Аллоҳ ҳам бу оламда шундай бор, бироқ У бизларга кўринмайди», – деди. Бу ақлли жавобдан ҳам қониқмаган динсиз одам: «Яхши, энди охирги саволимга жавоб бер, устунлигингни тан олай. Аллоҳ бор экан, у ҳозир нима иш қиляпти?» – деб сўради. Абу Ҳанифа бироз ўйланиб турди-да, бунга ҳам қойилмақом тарзда жавоб бериб: «Курсидан пастга тушинг, кейин жавоб бераман», – дебди унга. У курсидан пастга тушибди. Абу Ҳанифа унга ўзи ўтириб олгач, шундай деб уни бутунлай мот қилибди: «Ҳозир Аллоҳ таоло сизни курсидан туширди, менга ўхшаган кичкина бандасини унга ўтқазди». Шунда ёш Абу Ҳанифанинг рақибида мажол қолмади. У бор ҳақиқатни тушуниб, йиғилганлар олдида калимаи шаҳодатни айтиб, имонга мушарраф бўлибди. Бундай баҳс-мунозаралар Абу Ҳанифа давригагина хос эмас, балки Одам Ато замонидан бери барча пайғамбарлар Аллоҳ таолони танимай ва тан олмай қўйган қавмларга юборилганини ва улар орқали инсониятни ҳидоят йўлига бошлаш тадбири кўрилганини Аллоҳнинг улуғ китобидан билиб оламиз. «Мажолисус-Синония» китобида келтирилган ибратли бир ҳикояда Мусо алайҳиссалом Парвардигорга Тур тоғида муножот қилиб турганларида, аҳли аёлларига ун ва бошқа керакли нарсалар олиб беришни унутганлари хаёлларидан ўтибди. Шунда барча ғайбларни билувчи Аллоҳ ўз пайғамбарининг хаёлидан ўтган нарса учун унга танбеҳ беришни истади. Аллоҳ таоло: «Эй Мусо, асоинг билан мана шу тошни ур» – дея амр қилди. Мусо шундай қилган эди, тош ичидан ундан кўра кичикроқ тош чиқди. Кейин яна «ур», деган амр бўлди. У киши урганларида тош ёрилиб, ичидан яшил рангдаги емиш тишлаб олган қурт чиқди. Қурт дона-дона қилиб: «Мени кўрадиган, таомлантирадиган ва унутмайдиган Зот покдир», дея гапира бошлади. «Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (ҳожатларини) Ундан сўрар. Ҳар куни У (тинимсиз) фаолиятдадир» («Ар-Раҳмон» сураси, 29-оят). Демак, бутун коинот ва оламлардаги бирон жонзот ёки махлуқ ҳам У Зотнинг назорати ва нигоҳидан четда қолиши мумкин эмас. Шундай экан, инсон зотига ер юзини тўшак қилиб, унда ризқ-рўз манбаларини мўл-кўл ва зиёдаси билан яратиб қўйган Зотни танимаслигимиз ақлга сиғадими? Агар танисак ҳам, У зотнинг буйруқларидан тинмай бўйин товлашимизга асос ва ҳаққимиз борми? Юқорида Мусо алайҳиссалом ҳаёти билан боғлиқ ривоятда Аллоҳ таолони Раззоқлиги, яъни қаерда бўлишидан қатъи назар махлуқ ва бандаларига албатта ризқини етказиб бериши чиройли тарзда англатилган. Шу боис, бу борлиқ ва оламдаги махлуқ ва жонзотлар Аллоҳ таолони улуғлаб, тасбеҳ айтиш билан машғулдир: «Агар денгиз мавж уриб тўлқинланса, бўронлар авжга чиқса, кемадаги кишилар «Эй Аллоҳ!» дерлар. Агар саҳродаги киши адашиб қолса, карвон йўлини йўқотиб қўйса, туядагилар йўлда саросимага тушса, «Эй Аллоҳ!» дерлар. Агар бахтсизлик рўй бериб, фалокат содир бўлса, мусибатга дучор бўлган бечоралар «Эй Аллоҳ!» дерлар. Агар талабгорлар қаршисида эшиклар беркилса, тиланчилар юзларига парда тўсилиб, унут бўлиб кетсалар, «Эй Аллоҳ!» дерлар. Агар ҳийлалар иш бермай қолса, йўллар тор бўлиб қолса, орзулар тугаб қолса, арқонлар узилиб кетса, «Эй Аллоҳ!» дерлар. Агар ер кенг бўлишига қарамасдан торайиб кетса, нафсинг кўтариб юрган нарсалар зичлашса, сен ҳам «Эй Аллоҳ!» дегин. У Зот учун саҳар чоғида кафтлар чўзилур, ҳожатда эса қўллар, бало-офатда кўзлар, ҳодисаларда эса сўзлар билан тиллар ҳаракатга келиб, Унинг исмини такрорлаб ёрдам сўраб, нидо қилур ҳамда Унинг зикри билан қалблар хотиржам бўлиб, руҳлар сокинлашиб, шуурлар тинчланур. Ва яна эс-ҳуш жойига келиб, кучли ишонч қарор топур. «Аллоҳ бандаларига меҳрибондир».
(«Шўро» сураси, 19-оят).
Аллоҳ таолони таниган ва билган банда ўз-ўзидан фикри-зикрини бир жойга жамлаб, бу дунёга нега келганлиги сирини англаб етади ва ўзининг хатти-ҳаракати ва амалларини тафтиш қилиб, яхши амалларини кўпайтириб, ёмон амалларидан воз кечиш чорасини кўради. Шунинг учун айтиш мумкинки, Аллоҳ таолони таниш энг улуғ бахтдир. Инсон бу дунёда ният қилган бир нарсага қанча йиллар давомида етишса ва орзуси рўёбга чиқса, қай даражада хурсанд бўлишини ва ўзини бахтли ҳис этишини бир тасаввур қилиб кўринг. Аллоҳ таолони таниш ва ўзини Унинг бандаси деб ҳис этишни бунга асло солиштириб, қиёслаб бўлмайди. Дунёда қанчадан-қанча одамлар ана шу бахтдан маҳрум бўлиб, ўтиб кетмоқдалар. Уларни кибр-ҳаволари ёки мол-дунёлари туфайли шайтони лаъин йўлдан оздирган, алдаб қўйган ёки бу лаззат завқини тотишни насиб этмаган. Инсон ўз умри давомида қачон бўлса ҳам Аллоҳни таниши унинг ҳаётида энг гўзал ва бахтли воқеа дейишга арзийди. Шундай бахт ҳар бир инсонга насиб этсин.

Дониёр Файз
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz