Ўзаро шериклик муомаларлари Принтер учун
06.02.2016 й.

ШИРКАТ ВА МУЗОРАБА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Аллоҳга ҳамд, Расулига салоту саломлар бўлсин!
Сўнг:

Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг буюрган ибодатларини вақтида бажариб юришга маъмурдир. Бу ўриндаги ибодат калимасидан  кишилар зеҳнида асосан намоз, рўза, ҳаж каби зоҳирий амаллар шаклланиб қолган. Аслида ушбу тасаввур бир жиҳатдан тўғри бўлсада, аммо ибодат тушунчаси фақат шулардан иборат, деган қараш мутлақо нотўғридир. Чунки Аллоҳ ва банда орасидаги амаллар ибодат дея таърифланганидек, бандаларнинг ўзаро муомалалари ҳам ушбу ибодат туридан кам саналмайди. Билакс, айрим ўринларда кишининг инсонлар орасидаги муомалада хиёнат соҳиби бўлиши унинг намозхон экани билан оқланмайди. Балки ибодатларда собитлик талаб қилинганидек, муомалаларда ҳам одиллик шарт қилинади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Имом Аъзам розияллоҳу анҳунинг хос шогирдларидан бўлиб, у зотнинг асосий илмларини китоб ҳолига келтирган буюк мужтаҳид ҳисобланадилар. Шу кишига мухлислари: “Сиз турли фиқҳий мавзуларда китоблар тасниф қилдингиз. Тақво ҳақида ҳам бирор рисола ёзсангиз бўларди”, дейишганида Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ: “Савдо китобини ёздимку! Ким ўзаро муомалада, олди бердида бировнинг ҳақидан қўрқса ана ўша ҳақиқий тақводордир!” деб жавоб берганлар.
Ҳа, бунинг нақадар ҳақиқат эканини ҳаётимизда бир неча бор кузатдик. Олди бердида фойдани кўриб қолиб виждонининг юзига туфлаб юборадиган, ҳалол лафзини кир қилиб, бировнинг ҳақини ўзлаштириш учун ўз онасини фоҳиша дейишдан ҳам тонмайдиган инсонсифатларни кўрдик! Умар розияллоҳу анҳу бозорларда ўзининг машҳур даррасини кўтариб юрар, савдо қилаётган кишилардан савдо илмини сўрар, билмаганларни эса калтаклаб, бозордан қувиб соларди ва: “Бизнинг бозорларда бай илмини билмаганлар савдо қилмасин! Ким савдо илмини билмаса рибога тушиб қолади!” дерди.
Имом Заҳабий “Кабоир”да рибонинг турлари етмишдан ортиқлигини зикр қилар экан уларнинг энг гуноҳи енгили ўз онаси билан никоҳланганнинг гуноҳига тенг эканини  алоҳида эслатган!
Шундай экан мусулмон шахс Аллоҳга ибодат қилар экан, инсонлар билан бўладиган муомаласи ҳам айнан Аллоҳга бўлган ибодат турига киришини яхши англаши шарт! Намознинг илмини ўрганишга бўлган ғайрати каби, инсонлар билан савдо сотиқ масалаларини  ҳам ўзлаштиришга алоҳида эътибор бериши керак! Ушбу мавзуга дахлдор бўлган шериклик масаласини ёрутувчи мухтасар таърифларни сизлар билан баҳам кўрсак фойдадан ҳоли бўлмас. Уни Мисрлик олимлардан Рафиқ Юсуф ўзининг “Молиявий муомалалар фиқҳи” номли илмий ишида келтириб ўтган.  Бу илмий қарашлардан фойда олган азизларимиз устозларимиз ҳаққига дуо қилсалар хўб мамнун бўлардик! Ўша самимий дуоларидан биз ғарибларни ҳам бебаҳра қўймассизлар, деган умидда ходимингиз Аброр Мухтор Алий!


Ширкат
 
-    Мубоҳ шерикчилик,
-    Мулк шерикчилик,
-    Шартнома шерикчилик,
-    Мажбурий ширкат ва ихтиёрий ширкат:
-    Музокарали ва эркин шерикчилик:
-    Моллар, амаллар ва кўриниш шериклиги:
-    Амаллар, шахслар, ҳунарлар ёки ғоялар шерикчилиги:
-    Вужуҳ (амал), зимма (мол) ёки касодга учраш шерикчилиги:
 
Мубоҳ шерикчилик деб кишиларнинг сув, ўт-ўлан ва оловдаги умумий шерикчиликларига айтилади.
•    Барча инсонлар фойдаланишлиги мумкин бўлган сувга анҳор, дарё, денгиз, булоқлар ва қудуқлар каби ҳеч кимга мулк бўлмаган сувлар киради.
•    Ўт-ўландаги шерикликдан мурод ҳам ҳеч ким эгалик қилмайдиган умумий ерлардаги ўтин, ўт-ўлан кабилар кўзда тутилади.
•     Кишиларнинг оловдаги шерикчилигига оммавий ўрмонлардаги дарахтлар киради. Буларга қўшимча мубоҳ шерикчиликка ер ости бойликлари, йўллар, масжидлар каби оммавий мулклар ҳам дохилдир.
Мулк ёки ижтимоий шерикчилик деганда икки ёки ундан ортиқ кишининг эгалик сабабларидан бири билан айнан бир нарсага ёки қарзга  эгалик қилишига айтилади. Олди-сотди, ҳадя қилиш, васият ва мерос кабилар шулар жумласидандир. Ушбу шерикчилик молларнинг қанчаси кимга тегишли эканини ажратиш қийин бўлган муомаладан иборатдир.
Шартнома шерикчилик деб икки ёки ундан ортиқ кишининг сармояда ёки фойдада шерик бўлишига айтилади. Баъзи уламолар ўтин, ўт-ўлан ва ов каби оммавий мубоҳларни ҳосил қилишдаги шерикчиликка ижозат беришган ва бошқа уламолар эса буни ман қилишган.
Мажбурий ширкат ва ихтиёрий ширкат:
Мажбурий ширкат деб икки ёки ундан кўп шахснинг нарсада ёки қарзда ва ёҳуд манфаатда ўзи хоҳламаган суратда шерик бўлиб қолишига айтилади. Мисол учун меросда шундай бўлади. Ёки Зайднинг буғдойи Амрнинг буғдойига аралашиб кетганда ҳам мажбурий шериклик юзага чиқади.
Ихтиёрий шерикчилик икки ёки ундан кўп шахснинг нарсада ёки қарзда ва ёҳуд манфаатда ихтиёрий шерик бўлишига айтилади. Мисол учун молларни ўз ихтиёри билан аралаштириш ёки нарсани ўзаро шерикчилик асосида сотиш ва ёки маркабни шериклик суратида ижара қилиш кабилар ихтиёрий шерикчилик жумласига киради.

Музокарали ва эркин шерикчилик:

Музокарали шерикчиликда шериклар мол, уни тасарруф қилиш, фойда ва зиённи тенг кўтарадилар.
Эркин шерикчиликда эса бу нарсалар тенг бўлмайди.

Моллар, амаллар ва кўриниш шериклиги:

Моллар шерикчилигида икки ёки ундан ортиқ киши сармоя, фойда ва зиёнга шерик бўлишади. Баъзи мазҳабларда фойда мол миқдорига қараб тақсим қилинади. Бошқа мазҳаблар эса фойдани шерикларнинг амалдаги тафовутига қараб, келишилган асосда тақсим қилишни айтади. Шериклар фойдани ярим, учдан бир ёки тўртдан бир каби фоиз ҳисобида белгилашлари вожибдир. Шериклардан бирортаси фойдани муайян миқдорда белгилаб олиши жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда баъзан белгиланган муайян фойда умумий фойдани ташкил этиб ва қолган шерикларга улуш етмай қолиши мумкин. Натижада шериклар ўртасидаги асос бўлган адолатга ҳалал етади. Фойданинг икки мингидан бирини олишни шарт қилиш, икки кийимдан бирини олмоқни шарт қилиш, икки сафарнинг биридан тушган фойдани олишни шарт қилиш, икки маконнинг биридан ёки икки замоннинг биридан тушган фойдани олишни шарт қилиш кабилар жоиз бўлмайди.
Зарар мол миқдорига қараб тақсимланади. Бошқа турли нисбатлар билан зарарни тақсим қилиш тўғри бўлмайди. Ушбу тақсимотнинг умумий хулосаси қуйидаги қоидада ўз аксини топган:
“Фойда келишувга кўра, зиён сармояга кўра тақсим қилинади”.

Амаллар, шахслар, ҳунарлар ёки ғоялар шерикчилиги:

Бунда амалларнинг ғояси асосига кўра ширкат тузилади. Ҳар кимнинг имкониятига қараб келишув асосида шериклар ўртасида касб (ойлик, фойда) тақсим қилинади. Табиблар, муҳандислар ва тикувчи кабилар шерикчилиги бунга мисол бўла олади. Баъзи уламолар макон ва ҳунарнинг турли хил бўлиши билан бирга бу каби шерикчилик турларига ижозат берганлар.
 
Вужуҳ (амал), зимма (мол) ёки касодга учраш шерикчилиги:

Бунда икки ёки ундан ортиқ шахс сармоясиз ҳолда молни насияга олиб, нақд ҳамда насияга сотиш асосида шерик бўлади. Фойда муштарий молининг мулки асосида тақсим қилинади. (Яъни унинг зоминлиги асосида). Ёки келишув асосида ҳам тақсим қилиш мумкин.
Зотан фойда амал эвазига ёки мол ёҳуд зоминлик эвазига кўрилади.
Амал фойда кўришнинг асосий сабаблардан биридир. Шунинг учун ҳам амалда иштирок этган киши фойдага ҳақли бўлади.
Молнинг ўсиш қобилияти ҳам фойданинг омилларидан биридир. Шу сабабли молнинг иштироки фойда олишни ҳақли қилади.
Зоминликни зиммага олиш ҳам фойдага ҳақли бўлишнинг сабабларидан биридир. Чунки мулкка эгалик қилган киши унга зоминликни ҳам зиммасига олган бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Харож зоминлик биландир”, деганлар. Яъни бу талофатда тўлашни зиммасига олган киши, фойдани ҳам олишга ҳақли бўлади, деганидир. (Имом Аҳмад муснадлари 6/80, Абу Довуд сунанлари 3/284, Ибн Можа 2/754, Термизий 3/573, Насоий 7/254).

    Ушбу шериклик турида зиён ҳар бир шерикнинг муштарак молдаги ҳиссаси асосида бўлинади. Бошқа ҳар қандай нисбат билан фойдани тақсим қилиш жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зомин бўлмайдиган нарса учун фойда олишдан қайтарганлар. (Имом Аҳмад муснадлари 3/175, Абу Довуд сунанлари 3/283, Ибн Можа 2/738, Термизий 3/527, Насоий 7/295).

Музораба. (Пул ва амал шериклиги)
 
    Музораба, қороз ва муқороза битта маънода ишлатилади. Ироқ аҳли луғатида музораба дейилса, Ҳижозликлар луғатида эса қороз ёки муқораза дейилади. Истелоҳда булар салам ёки салафга ўхшаш турли хил бўлади.
    Музораба деб мол бир тарафдан, амал эса бошқа тарафдан бўлиб, фойдага шерикчилик қилишга айтилади. Фуқаҳолар музорабанинг жоизлигига Аббос ибн Абдулмутталиб розиаллоҳу анҳунинг музораба қилганларини далил қилиб келтиришади.
“У киши агар молларини музорабага берсалар шерикларига денгиздан юрмасликни, водийга тушмасликни ва ҳўл нарса сотиб олмасликни шарт қилиб қўяр эдилар. Агарда буларнинг бирортасини қилса зомин бўлишини (яъни зарар бўлса тўлашини) айтардилар”. (Имом Байҳақий “Сунан”лари 6/111).
    Саҳобалар ҳам етимлар молини музорабага бериб қўйишарди.
Кишилар орасида савдогарликка малакали инсонларнинг моллари бўлмаслиги мумкин, баъзи инсонларнинг моллари бўлиб, улар тижоратни эплай олмасликлари мумкин. Музорабанинг ҳикматларидан бири шу икки тарафнинг ҳожатини раво қилиш ва молнинг ўсишини таъминлашдан иборатдир.
    Музораба икки турли бўлади:
1-    Мутлақ ёки умумий музораба. Бунда амал, макон, замон ёки шахс таъйин қилинмайди;
2-    Муқайяд ёки хос музораба. Бунда юқоридаги нарсалар таъйин қилинади.
Фуқаҳолар музораба учун тикиладиган сармояни маълум ва нақд бўлишини шарт қилишган. Бунда қарз ёки савдо молини сармоя қилиш жоиз эмас. Чунки музораба ёки шерикчилик нақд маблағ билан бошланиб, шу билан ниҳоясига етади. Бунда ҳар икки тараф ўзининг фойда ёки зиёнини ва ҳиссасини аниқ билади.
Музорабада ҳам шерикчилик бобида баён қилганимиздек фойда маълум фоиз суратида бўлишлиги вожибдир. Икки тарафдан бири фойда учун маълум маблағни шарт қилиб қўйиши жоиз эмас. Чунки баъзида тарафлар фойда кўрмасликлари мумкин. Бунда ушбу таъйин қилинган маълум маблағ шерикчиликни бузади. Агар музораба фойдаси тахминий фойдадан ортса, ишчининг маълум маблағни таъйин қилиб олишлиги жоиз бўлади. Мисол учун фойда юздан ошса, юз оламан дейишлиги тўғри бўлади.
Агар фойданинг ҳаммаси ишчига дейилса, бу шартнома қарз ҳисобланади.
Агар фойданинг ҳаммаси мол эгасига дейилса, бу ибзоъ (яъни ҳайрия учун ишлаб бериш) шартномаси бўлади. Агар фойданинг бир қисми ишчига ва бир қисми мол эгасига таъйин қилинса, ушбу шартнома музораба деб номланади.
Ишчи шериклиги сабабли ёки тақсимот сабабли ва ёҳуд келишув сабабли фойдага эгалик қиладими, бунда ихтилоф бор. Аслида сармояга зарар етмаган тақдирдагина  фойда ҳақида сўз боради. Фойда сармоянинг виқояси, яъни қўриқчисидир. Фойда баъзан ишчининг ҳаракати билан ҳосил бўлади. (Замонавий иқтисод луғатида буни ийродий фойда, яъни кирим фойдаси дейилади). Баъзан эса фойда ишчининг ҳаракатисиз ҳосил бўлиши ҳам мумкин. (Буни сармоя фойдаси дейилади). Зиён ҳам ҳудди шундай. Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Чорванинг боласи, дарахтнинг меваси, ҳовлининг ижараси сармоя эгасиникидир. Чунки булар унинг молидан ҳосил бўлмоқда. Ишчига эса фақатгина фойдадан насиба берилади. Буни фойда эмас, балки фақатгина савдодан ўсиб чиққан нарса деб номланади”. (Ал-Муҳалло. Ибн Ҳазм 8/249).
Бу ердаги фойдадан мурод ийродий яъни кирим фойдасидир.
Сармояга ишчининг зомин бўлишини шарт қилиш жоиз эмас. Ишчи агар сармояни қабз қилса, яъни қўлга киритса  у омонатдор ҳисобланади. Агар уни тасарруф қилса вакил бўлади. Сармояга фойда қўшилса ушбу фойдадан шарт қилинган ҳисса миқдорида шерик бўлади.
Музораба қилувчи ва музорабага сармоя берувчи нафақасини аниқлаб қўйиш вожибдир. Музораба қилувчининг нафақаси шахсий нафақа бўлиб, бу нафақани унинг молидан қилинади. Музорабага сармоя берувчининг нафақаси тижорий нафақа бўлиб, бу нафақани ушбу молдан сарфланади. Агар музорабага сармоя тикувчининг молидан баъзи шахсий нафақалар, мисол учун сафар ва тиббий ҳаражатлар ишлатилса, буларни низо чиқмаслиги учун келишув асосида чегаралаб қўйиш вожиб бўлади.
Музораба қилувчи фақатгина сармоя эгасининг рухсати билан насия савдо қилиши жоиз. Агар унинг рухсати бўлмаса насияга сотишлиги тўғри бўлмайди. Баъзи фуқаҳолар агар насия сотиш тижорат одатларидан бири бўлса унга рухсат беришган. Шунингдек насияга сотиб олиш учун ҳам сармоя эгасининг рухсати лозим. Чунки насия савдода сармоя эгасининг зоминлиги ортади. Агар сармоя эгаси ишчига музораба молини қарз асосида ишлатишга рухсат берса, унинг қарз олган нарсаси иккиси ўртасида вужуҳ (амал) шерикчилиги ҳисобланади. Баъзи фуқаҳолар музораба қилувчига сармоя эгасининг рухсати асосида бошқа кишилар билан музораба қилиши ижозатини берганлар...
 
Аброр Мухтор Алий
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz