Муҳаддислар Принтер учун
08.01.2007 й.

Биз Имом Бухорий энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун кўпроқ шу зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам ҳудди шундай йўл тутишган. Аслида бу ишнинг бошида фитналар вақтигача яшаб қолган саҳобаи киромлар туришган. Улар ўзларининг барча имконларини ишга солиб, Пайғамбаримиз Суннатларини поклигича сақлаб қолишга эришганлар. Бу ишга бел боғлаган тобеъийнларга ўзларининг барча билим ва тажрибалари ила ёрдам берганлар. Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламлиги, ихлослилиги, поклиги, аниқлиги ва бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё учун ҳам фойдали эканлиги кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.

 

Мазкур улкан ва муборак илмий ҳаракатнинг бош самараларидан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг расмий равишда ёзилиб, ҳужжат сифатида тўпланиши бўлди. Бу ишнинг бошловчиси халифа Умар ибн Абдулазиз бўлганини олдин ҳам зикр қилган эди. У киши турли жойларга одам юбориб: «Мен уламоларнинг орамиздан кетишлари ва илм дарсларининг камайишидан қўрқмоқдаман, қараб, суриштириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзинглар», деди. Яна аввал айтганимиздек, биринчи китобни буюк тобеъийн Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (124 ҳижрий санада вафот этган) ёздилар. Имом аз-Зуҳрийнинг китоблари содда бўлиб, саҳобалардан эшитган ҳадисларининг тўпламидан иборат бўлган. Шундан сўнг ҳадис китоблари ёзиш кенг миқёсдаги илмий ҳаракатга айланган.
Маккадаги ҳадисларни Ибн Журайж ва Ибн Исҳоқ, Мадинадагиларни Саъид ибн Абу Уруба, ар-Робийъ ибн Субайҳ ва Имом Моликлар, Басрадагиларни Ҳаммод ибн Салама, Куфадагиларини Суфён ас-Саврий, Шомдагиларни Абу Амр ал-Авзоъий, Хуросондагиларини Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий, Ямандагиларини Муъммар, Райдагиларини Жобир ибн Абдул Ҳамид ва бошқалар тўплашган.
Учинчи ҳижрий аср ҳадис илмининг олтин асри бўлган. Айнан ушбу асрда бу илм ўз равнақига эришиб, энг машҳур китоблар ёзилган.
Аввал бошда уламолар «Муснад» номли китоблар ёзишди. Бу турдаги китобларда саҳобаи киромларнинг номлари олиниб, битталари нечта ҳадис ривоят қилган бўлсалар, шулар бирин-кетин келтирилади. Кейинги иккинчи саҳобийга ўтилиб у киши ривоят қилган ҳадислар келтирилади. «Муснад» тариқасида биринчи бўлиб китоб тасниф қилганлар ичида, Абдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий, Мусаддад ал-Басрий, Асад ибн Мусо ва Наъийм ибн Ҳаммод ал-Хузоъийлар зикри келади. Кейин эса Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби муҳаддислар ўз «Муснад» китобларини туздилар. «Муснад» китоблари ичида энг машҳур ва кенг тарқалгани Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг муснадларидир.
Сўнгра Имом Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъ ус-Саҳиҳ» китобларини ёздилар. Бу китоб фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлагани учун шу ном билан аталгандир. Шунинг учун ҳам, бу китоб Қуръондан кейинги энг тўғри китоб, Имом Бухорий эса мўминларнинг ҳадисдаги амири ҳисобланади. Бу китоб катта эътиборга эга китоб сифатида ҳанузгача қадрланиб келмоқда. Аввалги вақтларнинг ўзидаёқ унга саксондан ортиқ шарҳ ёзилгандир.
Имом Бухорийдан кейин у кишининг услубида шогирдлари Имом Муслим «Саҳиҳ» китоби туздилар. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари иккинчи ўринда туради.
Худди шу асрда «Сунан» номи билан шуҳрат топган ҳадис китоблари ҳам таълиф этилди. Бу услубдаги китобларда ҳадислар фиқҳ боблари асосида келтирилади. Мисол учун «Таҳорат китоби»га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. «Китобус солат»да эса намозга тегишли ҳадислар келтирилади ва ҳаказо.
Мазкур услубдаги китобларнинг энг машҳурлари, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ва Имом Ибн Можаларнинг «Сунан» китобларидир. Ушбу тўрт китоб Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Жомиъ ус-Саҳиҳ»ларига қўшилиб «Сиҳоҳи ситта» – яъни «Олти саҳиҳ китоб» номини олган. Ҳадис китоблари ичида энг кучли ва энг мўътабарлари ушбу олти китоб ҳисобланади. Булар орасидаги даражатартиб ҳақида, иншааллоҳ, келгусида сўз юритилади.
Тўртинчи ҳижрий аср уламолари ҳам ўзларидан олдин ўтган муҳаддислардан кенг фойдаландилар. Аммо, улар учун янгилик ахтаришга ўрин қолмаган эди. Қолса ҳам жуда оз эди. Шунинг учун тўртинчи ҳижрий аср уламолари кўпроқ аввалги муҳаддисларнинг асарларини тартибга солишга, жамлашга кўпроқ эътибор бердилар. Баъзи бир ҳадисларни топиб, аниқладилар. Бу асрда шуҳрат топган муҳаддислар ичида Имом ат-Табароний, Имом Дорақутний, Имом Ибн Ҳиббон ал-Бустий, Имом Ибн Хузайма, Имом ат-Тоҳавийлар алоҳида зикр қилинадилар.
Булардан кейин келган муҳаддислар ҳам асосан аввалги муҳаддислар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулланганлар.
Мазкур илмий ҳаракатнинг самараларидан бири «Мусталаҳ ул-ҳадис» илмининг пайдо бўлиши эди. Бу илм-ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқловчи илмдир. Тўғри бўлса қай даражада тўғри, нотўғри бўлса қай даражада нотўғри эканини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олган илмдир. Бу илм-дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашдаги энг ишончли услуб ва йўлларни ишлаб чиқаришдир. Бу улкан ҳақиқатни барча, ҳатто Ислом душманлари ҳам тан олгандир. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмлар ривожига ҳам сабаб бўлди. Тафсирчилар, тарихчилар, фақиҳлар, луғат ва адабиёт олимлари ҳам бу услубдан кенг фойдаланишга ўтдилар. Ўз соҳаларида қилинган ривоятларни тўғрилигини аниқлашда муҳаддисларнинг услубидан фойдаландилар.
«Мусталаҳ ул-ҳадис» илмида китоб ёзган уламолар ичида Абу Маҳмуд ар-Ромаҳрузий биринчилардан ҳисобланади. Сўнгра ал-Ҳоким Абу Абдуллоҳ ан-Нийсобурий «Маърифату улумулҳадис» китобини ёзди. Ал-Хатийб Абу Бакр ал-Боғдодий «ал-Кифоя», Қози Ийёз «ал-Илмоъ», Ибн Салоҳ ад-Димашқий «Муқаддимату Ибн Салоҳ», Ибн Касир ад-Димашқий «Ихтисору улум ул-ҳадис», Ибн Ҳажар «Нухбатул фикар» номли китобларни ёздилар. Кейинчалик бу соҳада китоблар жуда кўпайиб кетди.
Мазкур илмий ҳаракатнинг учинчи катта самараси, «Илмул журҳ ва таъдийл»нинг пайдо қилувчи шахсларни ўрганиб, уларнинг қай бири ишонч юзасидан мажруҳ, қайси бирини адолатли эканини аниқлашга боғлиқ бу илм ҳам ўзида кўплаб нарсаларни мужассам қилган алоҳида бир илмга айланди. У инсоний илмларга асос бўлганини ҳам айтиб ўтдик. Ушбу илмга қўл урган уламолар ўн минглаб одамларни атрофлича ўрганиб чиқиб, китоблар ёзиб кетганлар.
Аслида бировнинг айбини айтиш Исломда ғийбат, гуноҳ ҳисобланади. Аммо, ҳадис диннинг асоси эканлигидан, унинг соф қолиши лозим бўлганидан, ўзининг даражасини бу ишга аралашганларнинг айбини баён қилиш зарур бўлган. Имом Бухорийга, «Одамлар сизнинг Тарих (одамлар тарихи) китобингиз учун аччиқлари чиқмоқда, унда бошқаларнинг ғийбати бор деб ҳисоблашмоқда», дейишган экан. Ана шунда Имом Бухорий, «Биз буни ривоят қилдик, ўзимиздан айтганимиз йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Бу одам, ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон одами»-деганлар»-деб жавоб берган эканлар.
Аввал бошда ровийлар шахси ҳақида, уларнинг ишончли ёки ишончсиз эканликлари тўғрисида оғзаки маълумотлар нақл қилиб юрилди. Бу ишда кичик саҳобийлар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Убода ибн Сомит ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлар машҳур бўлганлар. Тобеъийнлардан эса, Саъид ибн Мусаййиб, Шаъбий, Ибн Сийрийн, Шўъба ва бошқалар кўзга кўринганлар.
Бу бобда энг аввал китоб ёзганлар ичида эса Яхъё ибн Маъийн, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Али ибн ал-Маданийлар машҳур бўлганлар. Кейинроқ Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Заръа, Имом Абу Довудлар ўз китобларини ёзганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »