Биз яшаётган дунё Принтер учун
03.02.2016 й.

Ҳаёт чексиз ва бепоён уммон. Таъбир жоиз бўлса, инсон тақдирига шу ажиб уммоннинг бир соҳилидан наригисига ўтиш битилган. Қизиғи шундаки, бу уммондан эсон-омон ва соғу саломат ҳолда ўтиб олиш осон эмас. Бунинг учун маълум даражада иқтидор, малака, илм ва моддий озуқа бўлиши зарур. Йўлга тушган киши қаршисида довул кўтарилиб, ҳар тарафда тўлқинлар ғужғон ўйнаб, эмин-эркин сузиб ўтишга халақит беради, қолаверса, уммонга ғарқ бўлиш хавфи ҳам йўқ эмас. Шу боис, ҳаёт сирли ва жумбоқ деб қаралади. Ривоятга кўра, Жаброил алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан:«Эй узоқ умр кўрган набий, дунё ҳақида нима дейсан?»  деб сўради. Нуҳ алайҳиссалом: «У икки эшикли уйга ўхшайди, биридан кириб, бошқасидан чиқдим», – деб жавоб берибди. Бир эшик – туғилиш бўлса, иккинчи эшик – ўлим. Шу икки эшик оралиғида кечган вақт ҳар бир киши яшайдиган умрдир. Аммо шу имконни, берилган умрни қандай яшаб ўтишни ҳар кимнинг ўзи ҳал этади. Энг муҳими, бу оламдан ўтгандан кейин бахтли ёки бахтсиз бўлиш ҳам ана шу икки эшик орасида яшаб ўтилган ҳаётга боғлиқ. Шунинг учун бу дунёга келган ҳар бир одам дунёга нимага келдим, нима учун яшайман ва бу дунёдан ўтганимдан кейин мени нималар кутиб турибди, дея ўзига-ўзи савол беради. Бироқ бу каби саволларга инсон фақат ўз ақлига суяниб жавоб топиши амри маҳол. Агар буни ўзи ҳал эта олганида, бу дунёда ҳамма бахтли инсонга айланиш сирини билиб олган бўларди.

  

 

 

Зеро, бу дунёга келган ҳар бир инсон ўз олдига бир мақсад қўйиши табиийдир. Шу мақсадини амалга ошириш ниятида меҳнат қилади, оила қуради, ёру дўст орттиради, режа тузади; орзу-режаси амалга ошса, қувонади, амалга ошмаса, хафа бўлади. Луқмони Ҳаким ўғлига: «Эй ўғлим, дунёингни охиратинг учун сот, фойда кўрасан. Охиратингни дунёинг учун сотма, ҳар икковидан тўлиқ айриласан», деб насиҳат қилган экан. Луқмони Ҳакимдек донишманд зот нега бундай хулосага келганини ўйлаб, бу тўғрида фикр-мушоҳада юритиш натижасида шу нарса маълум бўладики, инсон ўз олдига ният ва мақсад қўйиб, унга интилиб, уни рўёбга ошириш мақсадида яшаши муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсад ва режаси амалга ошишига қараб у бахтли ёки бахтсиз инсонга айланади. Аммо бахт ва бахтсизликни ҳам ҳар ким ҳар хил тушунади. Ҳамманинг ҳам ўз олдига Луқмони Ҳакимдек мақсад қўйиши жуда қийин. Бу ҳаётда кимдир тўкин-сочин ва роҳат-фароғатда яшашни ўзига катта бахт деб билиб, шунга интилиб умр ўтказади. Яна кимдир шон-шуҳрат қозониб, одамларни ўзига ром этишни истайди. Яна кимдир қандайдир ҳою ҳаваслар қулига айланиб, шуни деб қимматли умрини бой беради. Аммо бахт ҳақида бу каби саёз ўйлаш тўғри эмас. Биз назарда тутган бахтнинг маъноси бу каби орзу ҳаваслардан анча кенгдир.

      Ўзининг кимлигини англамоқчи бўлган ҳар бир одам, бу дунёнинг яралиши, инсон тақдири ва келажакда уни нималар кутиб тургани хусусида ўйламасдан иложи йўқ. Шулар ҳақида ўйлаб кўрмас экан, уни ҳақиқий инсоний мақомга кўтарилган деб бўлмайди. Ана шу тушунчадан келиб чиқадиган бўлсак, «бахт» деган сўзнинг қамрови янада кенгайиб боради. Инсон, биринчи навбатда, бу дунё ва борлиқни ким яратган, унинг бир соҳиби борми-йўқми ёки айрим зукко ва доно файласуфлар айтганидек, ўз-ўзича яралиб қолганми, деган саволга жавоб излаб кўрмоғи керак. Ана шу имоний хулоса тўғри ҳал этилса, бахт деган тушунча баъзилар ўйлагандан кўра  кенгроқ маъно касб этади, уни излашнинг гашти ва завқи ҳам бўлакча тус олади. 

   Дунё яралибдики, донишманд ва аллома зотлар ҳаёт ҳақида бош қотириб, унга тўғри ечим қидирганлар, турли фалсафий хулоса ва қарашлар билан инсониятга бахт йўлини кўрсатмоқчи  бўлганлар. Бироқ, аниқ ва якуний хулосани айта олмаганлар, тахмин ва гумондан нарига ўтмаганлар. Шунинг учун айтиш мумкинки, имон тушунчаси инсон ҳаётида муҳим ўрин тутганини, бузуқ ақида ва нотўғри таълимотларга тўғри хулоса ва ечим топишдан чалғитиб келганини кўрамиз. Шу боисдан нотўғри таълимот ва ақидалар йўлини тутган одамзотга рушду ҳидоят йўлини кўрсатиш учун Парвардигори олам томонидан илоҳий китоблар нозил этилган, шу китобларни инсониятга етказиш учун пайғамбарлар юборилган. Буни пайғамбарлар тарихидан хабардор кишилар жуда яхши билади. Биз бу тўғрида узундан-узоқ ҳикоя қилиш ниятида эмасмиз. Инсон қаршисида бахт ва бахтсизлик масаласини ҳал этиш муаммоси турар экан, қандай йўл тутилса, бахтли, қандай йўл тутилса, бахтсиз инсонга айланади, деган саволга жавоб излаб кўриш керак. Бу масалани ҳал этишда бирон киши унга ақл ўргата олмайди, ақл ўргатган тақдирда ҳам, охирги сўзни ўзи айтишига тўғри келади. Чунки ҳал қилувчи ҳукм, яъни ҳар бир инсоннинг қандай ҳаёт кечиришига ҳеч ким дахл қила олмайди. Бир жиҳатдан қаралса, бу дунёнинг ҳисоб-китоби ана шу ечимга боғлиқ.

Мазкур китобимизни «Боқий дунё саодати»  дея номлашимизга ҳам ана шу каби фикр-мулоҳазалар туртки бўлди десак, ҳақиқатни яширмаган бўламиз. Чунки дунёга келиб, ақлини танигач, инсон олам ва борлиқ, бу дунёда қандай яшаш ва ўлимидан кейин уни нималар кутади, каби саволларга жавоб излаб яшайди: кимдир бунга тўғри ечим топса, кимдир ақл-идрокини занг босиб, тўғри ечим топа олмайди. Шундан келиб чиқиб  бу хусусда азиз ўқувчиларга мўътабар манбалар, улуғ зотларнинг фикр-мулоҳазалари ва маълум даражада ўз билимларимизга таянган ҳолда  қўлимиздан келганича ёрдам беришни ният қилдик. Зеро, тўғри йўлни топган одам адашмайди, ҳаётда қоқилмайди ва охир-оқибат ўзи орзу қиладиган бахт манзилига эсон-омон етиб олади.

  Дунё аслида уч қисмдан иборат: биз таваллуд топган дунё, биз яшаётган дунё ва ҳали бизни олдинда кутиб турган дунё. Бу дунёга келиб ўз умрини яшаётган инсонлар олдинги икки босқичдан яхши хабардор. Аммо олдинда кутиб турган охират олами ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас. Фақат охират олами борлиги, ундаги воқелик ҳақида бирон манбада ўқиган ёки кимдандир эшитган. Шунинг учун кимдир охират борлиги ва унинг олдинда кутиб турганини инкор этса, яна кимдир айрим хабар ва аломатлар орқали унинг рост ва чинлигига имон келтиради, шунга ўз умри давомида ҳозирлик кўради. Ким бўлишидан қатъи назар, бу дунёга келган инсон мана шу уч дунё ҳаётидаги ҳолатлар ва уларнинг тадбири ва ишларини тўлиқ англаб олмас экан, ўз ҳаётини яхшилик ва эзгулик устига қура олмайди. Шундай экан, бизнинг мақсадимиз ўқувчиларга ортиқча панд-насиҳат қилишдан тийилиб, уларни бу хусусда фикр-мушоҳадага чорлашдир. Чунки бу дунёга келганларнинг ҳаммаси ҳам бир хил ҳаёт кечираётгани йўқ. Қолаверса, биров узоқ, яна биров қисқа умр кўради.  Ривоят қилишларича, Муовия розияллоҳу анҳунинг  ҳузурига икки юз ёшли қарияни олиб келишади. Муовия ундан дунё ҳақида сўраганида, қария: «Бир йиллари бало, бир йиллари роҳат. Туну кун гўдаклар дунёга келиб, қазоси етганлар ўтаверади. Агар гўдаклар туғилмай қўйса, одамзод бутунлай йўқолиб кетарди. Агар ҳеч ким вафот этмай қўйса, дунё одамзодга торлик қиларди», деб жавоб берди. Муовия қарияга: «Тила тилагингни», деди. Қария: «Ўтган умримни қайтариб бер ёки келган ажалимни даф қил», деди. Муовия: «Бундай қилолмайман», деди. Қария: «Ундай бўлса, менга бошқа нарса керакмас», деди. Ажабо, қария икки юз йил ҳаёт кечириб, шундай хулосага келибди ва бу дунёнинг ҳеч нарса эмаслигини жуда оддий ва содда қилиб тушунтирмоқда. Қариянинг сўзига қўшиладиган бўлсак, у ҳолда бу дунёни деб куйиб-пишишдан мақсад нима ва одамзот бу дунёда яшаб нимага эришади? Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилиб деди: «Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб (беҳуда) яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат ҳақиқат (жиддият) билан яратганмиз. Лекин уларнинг аксарияти (бунинг ҳикматини) билмайдилар» («Духон» сураси, 38-39-оятлар).

«У сизлар учун Ерни «поёндоз», осмонни «бино» қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтларни) ундирди. Бас, била туриб, Аллоҳга (ибодатда) бошқаларни (сохта маъбудаларни) тенглаштирмангиз» («Бақара» сураси, 22-оят).

Кўриниб турибдики, ояти карималарда биз яшаб турган бу дунё ҳам ўз-ўзича яралиб қолмагани, уни Яратган Зот бизга бу борлиқ ва оламнинг беҳуда ва шунчаки яратилмагани, бироқ ақлини ишлатмаганлар бунга жиддий аҳамият бермаслиги ҳақида хабар бермоқда. Халқимиз бу дунёни оддий ва содда қилиб «ўткинчи» ва «фоний» деб атайди. Демак, фоний ва ўткинчи экан, нега одамзот шу дунёни деб жонини қийнайди, ғам-ташвиш чекади ва азоб-уқубатларга рози бўлади? Нега улар бир-бири билан талашиб-тортишади, адоват ва низоларга боради? Чунки бу дунё нималигини англаб етмаганидан талашиб-тортишадилар, агар англаб етсалар, бундай қилмасдилар. Бизнинг мақсадимиз ҳам муҳтарам ўқувчиларимизга ана шу ҳақиқатни қўлимиздан келганича англатиш ва билдиришдир. Инсон қайсар, ўжар ва ўзбилармон хилқат, унга ато этилган нафс осонликча тўғри йўлга юрмайди ва ҳақиқатни кўриб турган ҳолда ҳам ундан бўйин товлайди. 

 

“Боқий дунё  саодати”
Дониёр Файз

 
« Олдинги   Кейинги »